loader

040. Ғофир сураси

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қуръони Каримдаги суралар тартибида пайдар-пай жойлашиб, «Ҳо, Мим» ҳарфлари билан бошланадиган етти суранинг аввалгиси бўлган ушбу сурайи карима Маккада нозил қилинган. У саксон беш оятдан иборат.
Суранинг илк оятларида ушбу Қуръони Азимни нозил қилган Зот Оллоҳ таолонинг улуғ Сифатларидан бир нечаси санаб ўтилади. Улардан бири «Ғофир - Мағфират қилгувчи» Сифати бўлиб, сура мана шу улуғ Сифат билан номлангандир.
Бу сурада ҳам сўз бошқа Макка сураларида бўлгани каби Исломий ақида атрофида бориб, Ҳақ билан ботил, иймон билан туғён ўртасидаги Одам Ато давридан буён давом этиб келаётган кураш Илоҳий қалам билан чизиб берилади.
Ушбу сурайи каримада фаришталар туну кун дуо-ю тасбеҳларида Яратгандан мўминларнинг гуноҳларини мағфират қилишини сўраб илтижо қилишлари ҳақида хабар берилади. Шунингдек, бу сурада ҳам Мусо пайғамбар билан Фиръавн ўртасида бўлиб ўтган можаролар баён қилиниб, бошқа сураларда зикр қилинмаган бир лавҳа анча батафсил тасвирланадики, у ҳам бўлса Фиръавн хонадонидан бўлган ва ўзининг Оллоҳ таолога иймон келтирганини сир тутиб юрган бир мўмин кишининг қиссасидир. Шунинг учун ушбу сурани «Мўмин» сураси деб ҳам атайдилар.
Суювтий ўзининг “Дуррул-мансур” тафсирида суралар тартиби баёнида Ибн Аббос ва Жобир ибн Зайд розияллоҳу анхумдан ривоят қилишича, “Ҳо, Мим” ҳарфлари билан бошлангувчи етти суранинг барчаси Зумар сурасидан кейин пайдар-пай ҳолда нозил қилинган, яъни, худди Мусҳафи шарифдаги тартибда - аввал Мўмин, сўнгра Сажда, Шўро, сўнгра Зухруф, сўнгра Духон, сўнгра Жосия, сўнгра Аҳқоф суралари нозил қилинган бўлиб, то ушбу сураларнинг ҳаммаси нозил қилиниб битмагунича орада бошқа сура нозил бўлмаган. Ушбу сураларни “Ол-и Ҳо, Мим”, яъни, “Ҳо Мимлар оиласи” деб ҳам аталади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ол-и Ҳо, Мим Қуръоннинг безагидир”, дейди. “Тафсири Мунийр”да ри-воят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир нарсанинг самараси-меваси бўлади. Албатта “Ҳо, Мим” эгаси бўлган суралар Қуръоннинг самарасидир. Улар жуда гўзал, серҳосил ва ёнма-ёндирлар. Бас, ким жаннат боғларида кезишни яхши кўрса, Ҳо, Мимларни ўқисин”, деб буюрганлар.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Ҳо, Мим.
“Ҳо, Мим” аксари уламо наздида ҳуруфи муқаттаот - маънодан узилган ҳарфлар жумласидан бўлиб, мазкур ҳарфлар қандай маънога далолат қилиши Ёлғиз Оллоҳ таолога маълумдир. Бу ҳақца юқоридаги мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланган суралар тафсирида ала-қадриҳол тафсир қилиб ўтилди.

2-3. (Ушбу Қуръон) Кудратли ва Билгувчи, гуноҳни Мағфират қилгувчи, тавба-тазарруъни Қабул қилгувчи, азоби қаттиқ, шу билан бирга инъом-эҳсон Эгаси бўлмиш Оллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. Ёлғиз Унинг Ўзига қайтилур.
Ушбу оятлар Қуръони Азимнинг энг Буюк Илоҳий Мўъжиза, Ҳақ Кало-муллоҳ эканини баён қилади. Ушбу Китоб Пайғамбар алайҳис-саломнинг сўзлари эмас, балки Оллоҳ таоло томонидан у зотга нозил қилинган Калом эканини исботлайдиган оятлар Қуръонда такрор-такрор келади.
Ҳадиси Қудсийда ҳам Ҳақ таоло: “Менинг бандам (яъни, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам) ростгўйдир, у Мен томондан етказган ҳар бир сўз ҳақдир”, деб Қуръон тўласича Унинг томонидан нозил қилинган ваҳий эканини таъкидлайди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятларда зикр қилинган Оллоҳ таолонинг Сифатларини қуйидагича тафсир қилади: “Мазкур Китобни нозил қилган Зот - барча оламларнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таоло “ла илаҳа иллаллоҳ” деган мўмин учун барча гуноҳларни мағфират қилгувчи, “ла илаҳа иллаллоҳ” деган мўминдан тавба-тазарруъсини қабул қилгувчи, “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтмаган кофир учун бениҳоя азоби қаттиқ, “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтган мўмин учун доимий инъом-эҳсон Эгаси «ла илаҳа иллаллоҳ» айтмаган кофирдан эса, бутунлай Беҳожат Зотдир”. (“Тафсири Бағавий”дан).
“Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. Ёлғиз Унинг Ўзига қайтилур”.
Яъни, осмонлар ва Ер ҳамда уларда мавжуд бўлган барча жонли-жонсиз нарса ва кимсаларнинг Эгаси Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидир.
Зотан, уларнинг ҳаммасини ва ҳар бирини УнингЎзи комил Қудрат ва тенгсиз Билим билан яратган - йўқдан бор қилган, бас, уларнинг ҳаммасини УнингЎзи гўзал Ҳикмат билан тасарруф қилади - бошқариб туради. Ҳеч бир иш, воқеа-ҳодиса Унинг Изнисиз, Унинг хоҳишисиз рўй бермайди, ҳеч ким Ундан яширина олмайди ва ҳеч ким Ундан қочиб кутула олмайди. Чунки Қиёмат Кунида “Ёлғиз Оллоҳга қайтиш бордир”.

4. Оллоҳнинг оятлари ҳақида фақат кофир бўлган кимсалар талашиб-тортишурлар. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сизни уларнинг шаҳарларда кезишлари алдаб қўймасин!
Ушбу ояти каримада Пайғамбар алайҳис-салом ва барча мўминларга хитоб қилиниб, Оллоҳнинг оятларига иймон келтирмаган кимсаларнинг Ҳақ таоло азобига дучор бўлмай соғ-саломат шаҳарма-шаҳар кезиб юришлари ва савдо-сотиқлари ҳам ривож топаётганини кўриб, алданиб қолмаслик лозимлиги уқтирилмоқда ҳамда ундай кимсалар гарчи бу фоний дунёда айшу ишрат билан ўтсаларда, Охиратда мангу азобга гирифтор бўлишлари шубҳасиз, эканлигига ишора қилинмоқда.
Ушбу ояти каримада гарчи Ҳазрати Муҳамад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, бу хитоб мазмунан барча мўминлар учун умумийдир. Ҳақ таоло мўминларни кофирларнинг тўкин-сочин ҳаётларига, тиллари ва қўллари узун эканига алданиб қолмасликка чақиради.
Ривоят қилинишича, айрим мусулмонлар мушрикларнинг кенгчи-ликда, бой-бадавлат яшаётганларини кўришиб: “Оллоҳнинг душманларини яхши ҳаёт кечираётганларини кўрамиз, бизлар бўлсак, доим қийинчилик, очарчилик, қаттиқчилиқца кун кўрамиз”, деганларида ушбу оятлар нозил бўлган экан. Ҳақ таоло уларга кофирларнинг молу давлатлари, айшу ишратлари мутлақо ҳавас қилишга арзимайдиган озгина мато -вақтинча фойдаланиш эканини айтиб огоҳлантиради ва уларни энг ёмон оқибат жаҳаннам кутиб тургани ҳақида хабар беради.
Яна бошқа кўп оятлар ҳам ушбу оятларнинг энг гўзал тафсиридир: “(Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азобни тоттирурмиз”. (Юнус сураси, 70-оят). “Биз уларни (бу дунёда) озгина (муддат) фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобни (тотишга) мажбур қилурмиз!” (Луқмон сураси, 24-оят). “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз кофирларга озгина вақт-муҳлат беринг (яъни, Сиз бир оз шошмай туринг, майли улар бугун Дину иймонга қарши қўлларидан келганини қилсинлар, эртага Қиёмат қойим бўлганида албатта қилмишларига яраша жазоларини олурлар)!” (Ториқ сураси, 17-оят).
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келсам, у зот устига ҳеч нарса солинмаган бўйра-да ўтирган эканлар. Ёнбошларида бўйранинг изини кўриб, йиғлаб юбор-дим. У зот: “Нега йиғлайсан, эй Умар”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, Кисро ва Қайсар (форс ва румнинг кофир подшоҳлари) шойи, ипак кўрпачалар устида, Сиз Оллоҳнинг Расули эса бўйра устида ухлайсизми?”, деган эдим айтдилар: “Сен улар учун бу дунё, биз учун Охират бўлишига рози эмас-мисан? У қавмларга барча яхши кўрган нарсалари мана шу ҳаёти дунёла-рида бериб қўйилди”.
Ояти карима мазмунидан мўминлар учун Қуръон оятлари тўғрисида бир-бирлари билан талашиб-тортишиш оғир гуноҳ эканлиги маълум бўлади. Бу хусусда ҳадиси шарифда ҳам айтилган: Амр ибн Шуайб раҳимахуллоҳ бобосидан ривоят қилди. У айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир қавмнинг Қуръон оятлари ҳақида бир-бирлари билан талашаётганларини эшитиб қолиб: “Сизлардан илгари ўтган яхудий ва насронийлар мана шу иш сабабли ҳалок бўлганлар. Улар Оллоҳ азза ва жалланиннг Китобидаги оятларнинг айрималарини айримларига уруштириб, бир-бирига қарши кўяр эдилар. Ҳолбуки, Оллоҳнинг Китобидаги оятлар бир-бирини тасдиқлаган ҳолда нозил қилингандир. Бас, сизлар Китобнинг бир қисмини рост, бир қисмини ёлғон деманглар! Ундан билганларингни сўзланглар, билмаганларингизни уни Билгувчи Зотга ҳавола қилинглар!” деб буюрдилар”. (Имом Аҳмад, ибн Можжа ва бошқалар риқоят қилганлар. “Тафсири Бағавий”дан).

5-6. Улардан (яъни, Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми ва у (қавмдан) кейинги (Од, Самуд қабилалари каби турли) ҳизблар фирқалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилганлар. (Ўша умматлардан) ҳар бир уммат ўзларининг пайғамбарларини тутишга-ўлдиришга қасд қилган ва ботил (ҳужжатлар) билан талашиб-тортишиб, унинг ёрдамида Ҳақни енгмоқчи бўлган эдилар. Шунда Мен уларни (ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг азобим қандай бўлди?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизнинг қавмингиз орасидаги) кофир бўлган кимсаларнинг устига ҳам Парвардигорингизнинг Сўзи - азоби мана шундай ҳақ бўлгандир, албатта улар дўзах эгаларидир.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериб, гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар Макка мушриклари Сизнинг ҳақ Пайғамбарлигингизга ишонмасдан ёлғончи қилаётган бўлсалар, Сиз асло маҳзун бўлманг, балки уларнинг озор азийятларига сабр қилаверинг. Чунки пайғамбарлар ичида ўз қавмидан азийят чеккан ёлғиз Сиз эмасдирсиз ва қавмлар ичида ҳам ўзларига юборилган пай-ғамбарларга озор-азийятлар етказиб уларни ёлғончи қилган қавм фақат Макка мушриклари эмасдир. Балки улардан илгари ҳам Нуҳ қавми Нуҳ алайҳис-саломни, Од қавми Ҳуд алайҳис-саломни, Самуд қабиласи Солиҳ алайҳис-саломни Иброҳимнинг қавми Иброҳим алайҳис-саломни, Лут қавми Лут алайҳис-саломни, Мадян аҳли Шуайб алайҳис-саломни” ёлғончи қилгандирлар. Мусо алайҳис-салом ҳам ёлғончи қилинди. Қибт-ликлар то денгизга ғарқ қилиниб ҳалок бўлиб кетгунларича ҳам Мусо алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканлигига иймон келтирмадилар. Бас, Сиз охир-оқибатда мазкур кофир қавмларнинг аҳволи нима бўлганини билурмисиз? Аввал-бошда гарчи у динсиз қавмлар Мен юборган элчи-пайгамбарларга куфр келтираётган бўлсалар-да, тинмасдан зулм-зўравонликлар қилаётган бўлсалар-да, Мен уларга Ўзим аниқ белгилаб қўйган муддатгача муҳлат бердим, сўнгра эса, ўша ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган ҳар бир қавм-қабилани ҳалок қилиб юбордим - айримларини тўфонга ғарқ қилдим, бошқаларини қаттиқ бўронга дучор қил-дим, баъзиларини даҳшатли қичқириқ билан ҳалок қилдим, бошқаларини Ерга юттириб юбордим, яна бир қабиланинг устидан тош ёғдирдим, яна бошқасини эса, бошларига оловни “соябон” қилиб қўйдим! Бас, Мен юборган пайғамбарларни инкор қилганларга қарши Менинг инкорим қандоқ бўлди?! Ношукурлик қилганлари, куфр келтирганлари учун қўлларидаги неъматларини кулфатга, ҳаётларини ҳалокатга, обод юртларини хароботга айлантириб қўймадимми?! Бас, Сиз ҳам, эй Муҳаммад алайҳис-салом, то Сизга душманлик қилаётган кофир кимсаларнинг ҳалокат вақтлари келгунича сабр қилинг!
Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам учун таскин-тасаллий бўлиб нозил қилинган ушбу оятлар айни пайтда кофир-золимлар учун қаттиқ Илоҳий Огоҳлантириш ҳамдир. Мазкур Огоҳлантириш мана бу ояти каримада янада қаттиқроқ таъкидланади: “Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим (бўлган) шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши - азоби аламли ва қаттиқдир”. (Худ сураси, 102-оят).
Ҳақ таоло ушбу оятида юқорида ўтган оятларда зикр қилинган воқеа-ҳодисалар, золим-кофир қавмларнинг қирилиб кетганлари, улар яшаган қишлоқ-шаҳарларнинг айримлари култепаларга, харобаларга айлантирилгани ва айримлари бутунлай йўқ қилиб юборилгани - буларнинг ҳаммаси одамзотнинг узун тарихи давомида Яратганнинг Ҳақ Йўлига юрмасдан зулм-куфр йўлини тутганлари сабабли Унинг Қаҳрига учраган бахтсиз кимсаларнинг фожиали қиссалари эканини эслатиб, бундан кейин ҳам қай бир қишлоқ-шаҳар аҳли мазкур қавмлар каби Ҳақ Йўлдан юз ўгириб, золимлик-динсизликда оёқ тираб туриб оладиган бўлсалар, уларнинг бошларига ҳам худди ўша аввал ўтган золим қавмларнинг куни тушиб ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканини айтиб огоҳлантиради.

7. Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар) Парвардигорлари - Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан (У Зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У Зотга иймон келтирурлар ҳамда иймон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-марҳамат ва илмда барча нарсадан кенгдирсан. (Яъни, Сенинг Марҳаматинг ва Илминг барча нарсадан кенгдир). Бас, (ширк ва исёнларидан) тавба қилиб, Сенинг Йўлингга - Динингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан асрагин.
Албатта биз - ожиз инсонлар Қодир Оллоҳнинг Арши Аълосини ҳам, У Зотнинг Ўз Аршига қай суратда ўрнашишини ҳам тасаввур қилишга ожизмиз. Зотан, ғайб оламида рўй берадиган воқеа-ҳодисаларнинг сурат-кайфиятини тасаввур қилиш биз бандалардан талаб ҳам қилинмайди. Балки аксинча, бизнинг бурчимиз Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифда ожиз ақлимиз бовар қилмайдиган ғайб олами ҳақида айтилган хабарлар-ни ўқиган пайтимизда уларнинг ҳақ хабарлар эканига иймон келтириб, тафсилот ва кайфиятини ОллоҳтаолонингЎзига ҳавола қилишдир. Солиҳ салафлар мана шундай йўл тутганлар.
Қуръони каримдаги энг улуғ оят - оятал-курсийда инсонга ўта чекланган илм берилгани алоҳида таъкидланади: “Ва улар У Зотнинг илмидан фақат Унинг Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар”. Дарҳақиқат, ҳар бир нарсани Билгувчи Оллоҳ таолонинг чексиз ва тубсиз Илми олдида Ер-у кўкдаги инсон ва фаришталарнинг билганлари ҳеч нарса билмаган билан баробардир. “Улар айтдилар: «Эй Пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта Сен Ўзинг Илму Ҳикмат Соҳибисан». (Бақара сураси, 32-оят). “Оллоҳ пайғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга уммат-ларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?», деб сўрайдиган Кунда, улар: «Биз билмаймиз. Фақат Сенинг Ўзинггина ғайб илмларининг Билгувчисисан», дейдилар. (Моида сураси, 109- оят).
Оллоҳ таолонинг Илми билан бандаларнинг билганлари ўртасидаги нисбат тўғрисида ҳазрати Ҳизир алайҳис-саломдан ибратли бир ривоят бор. У зот Мусо алайҳис-саломга денгизда кетаётганларида кема четига келиб қўниб, сувга тумшуқ солган чумчуқни кўрсатиб: “Мана шу парранда ҳозир олган бир томчи сув бу тубсиз уммондан ҳеч нарса камайтира олмайдиган даражада оз ва арзимас бўлганидек, аввалу охир барча инсо-ниятнинг билими Оллоҳ таолонинг Илми олдида тубсиз денгиздан бир томчи каби жуда ҳам оздир”, деган экан.
Саккизинчи жумла: “Унинг Курсиси осмонлар ва Ердан кенгдир”. Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Курсиси! Ё Оллоҳ! Ушбу муборак жумлани ўқиган инсон дафъатан ундан аввалги жумланинг маъносини тушуниб қолади - дарҳақиқат, инсонга нақадар оз илм берилган-а! Ҳақ таолонинг Арши Аълодаги Курсиси - ҳажми осмонлар ва Ердан кенг бўлган Курси инсоннинг - илми ниҳоят даражада чекланган инсоннинг ожиз тасаввурига сиғадими? Хусусан, мана бу ҳадиси шарифни ўқиганимиздан кейин: Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Оллоҳ таолонинг Курсиси ҳақида сўраганида шундай жавоб қилдилар: “Эй Абу Зарр, етти қат осмон, етти қават Ер, шуларнинг ҳаммаси ёзилиб, текисланиб, бир-бирига уланган ҳолида Курси рўбарўсига кўйилсалар - худди бепоён даштга ташланган бир эшикнинг ҳалқаси эгаллаган жойни эгаллайдилар. Энди Аршнинг Курсига нисбатан буюклиги худди даштнинг ҳалқага нисбатан буюклиги кабидир”. Тасаввур қила оламизми? Албатта ожизлигимизни, илмимиз жуда озлигини нечанчи марта эътироф этишдан ўзга чорамиз йўқ. Тенгги ва ўхшаши йўқ Зот Курсисининг ҳам тенгги ва ўхшаши йўқдир.
Ўрганаётганимиз ояти каримада ана ўша Оллоҳтаолонинг буюкликда тенгги йўқ Арши Аълосини кўтариб тургувчи ва унинг атрофида Яратганнинг Амрига мунтазир бўлиб тургувчи жисму жонларида ҳам, куч-қувватда ҳам тенгсиз бўлган улуғ фаришталар ва уларнинг қиладиган амаллари ҳақида хабар берилади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган эди: «Ва фаришталар (осмоннинг) чор-атрофида (Оллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Парвардигорингизнинг Аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур». (Ал-Ҳааққа сураси, 17-оят).
Мазкур буюк фаришталардан бири таърифида Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга Аршни кўтариб тургувчи фаришталардан бир фаришта ҳақида сўзлаш изни берилди: Унинг бўйни қулоқ юмшоғидан елкасига қадар етти юз йиллик масофа эди”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири Қуртубий”дан)
Ояти карима далолат қилишича, Ҳақ таолонинг Арши Аълосини кўтариб туришдек ва унинг атрофида тиним билмасдан тавоф қилишдек шарафли вазифани адо этгувчи буюк малоикаларнинг қиладиган ишлари доимо Парвардигорга ҳамду сано билан тасбеҳ айтиш, яъни, У Зотни ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зот эканлигини айтиш, Унга сидқи дилдан иймон келтириш ҳамда мўминлар ҳаққига дуо қилиб, куфру исёндан тавба қилган Ҳақ таолонинг Ҳақ Динига иймон келтирган мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларидан ўтишини сўраб дуо қилишдир. Улар доимо Яратганга илтижо қилиб айтадилар: “Парвардигоро, Сенинг Меҳру Раҳматинг ва Азалий-Абадий Илминг барча нарсани қамраб олгандир. Борки мавжудот Сенинг Раҳматинг билан мавжуддир, Сенинг кўз ўнгингдадир. Бас, Ўзинг бандаларинг орасидаги гуноҳларидан тавба қилган ва Сенинг Дининг - Дини Исломга амал қилган мўминларни мағфират қилгин, уларни дўзах ўтининг азобидан асрагин -
8. Парвардигоро, уларни ҳам, уларнинг ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари орасидаги солиҳ-мўмин бўлган кишиларни ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган мангу туриладиган жаннатларга до-хил қилгин. Албатта Сенинг Ўзинггина Кудрат ва Ҳикмат Соҳибидирсан.
Саид ибн Жубайр роҳимаҳуллоҳ айтади: “Киши жаннатга киритилганида: “Ё Роббим, ота-боболарим, онам қаердалар? Фарзанд, набираларим ва аёлим қаерда?” деб сўрайди. Шунда унга: “Улар сен қилган амалларни қилмадилар”, дейилганида, у: “Мен ўзим учун ҳам, улар учун ҳам амал қилган эдим», дейди. Бас, Ҳақ таоло томонидан: “Уларни ҳам жаннатга иритинглар”, дейилади”. Ушбу сўзларни айтгач Саид мазкур оятларни ўқиди. (“Тафсири Бағавий”ва “Тафсири Қуртубий”дан).
Ват-тур сурасидаги мана бу ояти карима мазмуни ҳам ушбу оятга ҳамоҳангдир: «Ўзлари иймон келтирган ва зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (жаннатда ўша) зурриётларини қўшдик ва уларга қилган амалларидан бирон нарсани ҳам камитмадик. Ҳар бир киши ўзи касб қилган иши билан гаровга олингувчидир -ушлангувчидир». (Ват-тур сураси, 21-оят).
Ушбу оятни шундай тушунмоқ лозим. Агар аждодлар ҳаёти дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан ўтиб, Оллоҳ таоло наздида юксак даражотларга эришсалар ва уларнинг фарзандлари ҳам уларга иймон билан эргашсалар-у, аммо ота-боболари муяссар бўлган баланд мақомларга кўтарила олмасалар-да, Оллоҳ таоло уларни ҳам ота-боболарига қўшиб, барчаларига Ўзи ваъда қилган жаннатдан жой ато этади, аммо фарзандлари сабабли аждодларнинг ажр-мукофотларини заррача камитмайди. Чунки ҳар бир жон ўзи қилган ишига жавобгардир.
Энди қуйидаги оятларда яна ўша аҳли жаннатга ато этиладиган бахт-саодат ва ноз-неъматлар зикр қилинади.
Мазкур зотлар учун тайёрлаб қўйилган оқибат диёри - улар кирадиган жаннатлардирки, у диёрга кириш насиб этган кишилар ўша мислсиз гўзал масканда мангу қолурлар ва вақтлари бекам, шод-ҳуррамликлари беғам бўлиши учун уларнинг энг суюкли бўлган инсонлари - ота-оналари, жуфти ҳалоллари ва зурриёт-авлодларидан ҳаёти дунёда солиҳ амаллар қилиб ўтган кишилар ҳам улар билан бирга бўлурлар.
Эътибор қилинса, ояти каримада кишининг Охират диёрида аҳли жаннат бўлиш бахти насиб этган зотлар қаторига бориб қўшилиши, улар билан бирга жаннат боғларида мангу роҳат-фароғатда яшаши учун фақат ўша зотларга қариндош-уруғ ёки авлод-зурриёт бўлишининг ўзи кифоя қилмаслиги, балки ўзи ҳам, гарчи фазл-мартабада уларнинг даражасига ета олмаса-да, солиҳ инсон бўлиши, тақво ва амалда уларнинг изларидан боришга ҳаракат қилиши шарт экани таъкидланмоқда.
Бас, маълум бўладики, кишилар агар диндош бўлмасалар, Охират диёрида уларнинг бир-бирларига қариндош эканликлари мутлақо асқотмайди. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада Ҳақ таоло огоҳлантиргандир: “Бас, қачон сур чалинганида (яъни, Қиёмат қойим бўлганида) ана у Кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас”. (Мўминун сураси, 101-оят).
“Тафсири Қуртубий”да Абу Насл Қушайрийдан ривоят қилинишича, оятда зикр қилинган “жаннати адн - абадий туриладиган жаннатлар” жаннат боғларининг энгўртаси ва чўққиси, Оллоҳтаолонинг арши аълоси остида жойлашган Фирдавс жаннатидир.
“Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳдан сўраганларингизда Фирдавс жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг ўртаси ва чўқисидир. Раҳмонниг Арши унинг устидадир. Жаннат дарёлари ўша жойдан отилиб чиқур”, деб буюрдилар.

9. Ўзинг уларни ёмонликлардан асрагин. Кимни ўша Кундаги (Қиёматдаги) ёмонликлардан асрасанг, бас, ҳақиқатан, унга раҳм-шафқат қилибсан. Мана шу буюк саодатдир».
Яъни, малоикалар Оллоҳ таолога илтижо қилиб мўмин бандалар ҳақида қилган дуолари орасида мазкур дуо ҳам бордир: “Ўзинг уларни ёмонликлардан асрагин”. Ушбу жумлани уламолар икки хил тафсир қилганлар. Бирнчи тафсир: “Парвардигоро, Сен мўмин бандаларингни дунёдаги ҳаётларида ёмонлик-гуноҳ амаллар қилишдан асрагин, шунда улар Охират диёрида Сенинг Раҳматингга эришиб мангу жаннатларга киришдек буюк саодатга сазовор бўладилар”. Иккинчи тафсир: “Парвардигоро, Сен уларни Қиёмат Кунидаги ёмонликлардан - қилиб ўтган гуноҳларига яраша бериладиган жазодан асрагин. Шундагина Сенинг Раҳматингга эришиб, жаннатларга киритилур. Мана шу буюк саодатдир”.
Албатта Ҳақ таоло Ўзининг бегуноҳ бандалари бўлмиш малоикаларининг мўминлар ҳақида қилган дуо-илтижоларини қабул қилиб, ҳаёти дунёдан иймон билан ўтган бандаларини Ўзининг Раҳмат - жаннатига дохил қилур.

10. Албатта, кофир бўлган кймсаларга (Қиёмат Кунида дўзахга ташланиб, шундай азобга дучор қилган нафсларини лаънатлаб турган вақтларида): нидо қилинурки «Сизлар (ҳаёти дунёда) иймонга чорланиб (иймон келтириш ўрнига) кофир бўлган чоғларингиздаги Оллоҳнинг ғазаби - ёмон кўриши сизларнинг (бу Кундаги) ўз нафсларингизни ёмон кўришингиздан каттароқдир»!
Яъни, Қиёмат Кунида кофирлар жаҳаннам ўтида азобланаётган чоғларида ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари учун ўзларини ҳам, уларни Тўғри Йўлдан адаштириб жаҳаннамга киришларига сабаб бўлган доҳийларини ҳам бениҳоя ёмон кўриб бир-бирларини қарғаб лаънатлар эканлар, дўзахиларни азоблаш учун вакил қилинган малоикалар томонидан нидо қилинурки, “Эй жаҳаннам аҳли, сизларнинг Бугун - дўзах азобига гирифтор бўлганингизда ўзларингизга ва бир-бирларингизга бўлган нафратларингиздан кўра ҳаёти дунёда пайғамбарлар орқали иймонга даъват қилинганларингизда уни қабул қилишдан бош тортиб, куфр йўлини танлаган вақтларингизда сизларга нисбатан Оллоҳ таолонинг ғазаб ва нафрати албатта каттароқ эди”.

11-12. Шунда улар дедилар: «Парвардигоро, Сен бизларни икки бор ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг (яъни, аввал она қорнида ўлик-жонсиз ҳолда яратиб, сўнгра Ўзинг бизларга жон-ҳаёт ато этдинг. Кейин, ажалимиз етганда Ўзинг жонимизни олиб-ўлдириб, Қиёмат Кунида яна тирилтирдинг). Бас, бизлар (ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча) гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди (бу дўзах азобидан) чиқишнинг бирон йўли борми?» (Йўқ, сизлар мана шу азобда мангу қолурсизлар). Бунга сабаб, қачон (сизларни) Ёлғиз Оллоҳгагина (ибодат қилишга) даъват қилинганида, кофир бўлиб-бўйинсунмай, агар У Зотга ширк келтирилса, (яъни, сизларни кимдир турли бут-санамларга сиғинишга чорлаганда) иймон келтиришларингиздир. Бас, барча ҳукм Юксак ва Улуғ Оллоҳникидир.
Шундай қилиб, кофирларнинг кўзлари фақат дўзах ўтида куя бошлаганларида очилар экан, фақат ўшанда - ҳеч қандай афсус-надомат фойда бермайдиган Қиёмат Кунида ҳаётларини куфру исён билан беҳуда совуриб юборганларини эътироф этар эканлар ва бизларни яна қайтадан ҳаёти дунёга қайтаришнинг бирон йўли борми? деб илтижо қилар эканлар. Ҳолбуки, уларни ҳаёти дунёда эканликларида Оллоҳ таолонинг Элчи ва пайғамбарлари такрор-такрор Оллоҳ ва Охират Кунига кофир бўлишдан қайтариб, қайта-қайта огоҳлантирган эдилар: «(Эй инсонлар,) қандай қилиб Оллоҳга кофир бўласизлар-а?! Ҳолбуки сизлар ўлик эдингизлар, У сизларга ҳаёт - жон ато этди. Сўнгра ўлим берадиган ҳам, сўнгра яна қайта ҳаёт берадиган - қайта тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзидир. Сўнгра Унинг Ўзига қайтарилурсизлар». (Бақара сураси, 28-оят).
Дарҳақиқат, Оллоҳ таолонинг Борлигини инкор қилиш, Қиёмат Куни қайта тирилиш ҳақ эканига ишонмаслик ақлли кишининг иши эмас. Чунки инсон ибрат кўзи билан қай тарафга боқса, каттами-кичикми, жонлими-жонсизми қандай нарсага қараса, албатта Буюк Яратгувчи бор эканига далолат қиладиган оят-аломатларни кўради, борлиқдаги бирон нарса ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаслигига ақли етади. Инсоннинг ақли етмай-диган жиҳатларда эса бизга Каломуллоҳ ёрдамга келади, Тўғри Йўлни кўрсатади, қалб кўзларимизни очади. Масалан, келажакда - Қиёмат Кунида қайта тирилиш ва ҳаёти дунёда яшаб ўтган умримиз учун ҳисоб-китоб бериш, қилган амалимизга жазо - мукофот олишимиз ҳақ эканига ҳар биримизнинг ўтмишимиздан ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган бир ибратли мисол келтиради: Инсон она қорнида ҳомила ҳолида аввал бир неча ой ўлик-жонсиз жасад - парча гўшт бўлгани аён ҳақиқатдир. Демак, ҳар бир одам боласи аввал-бошда ўлик ҳолда яратилган, сўнгра Қудратли Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кунида унга ҳаёт ато этган - ўликни тирилтирган экан. Бас, тирилиш ҳодисаси ҳар биримизнинг бошимиздан бир марта ўтгани маълум бўлди. Яна бир ўринда Жаноби Ҳақ ўлимни ҳаётдан илгари зикр қи-лади: “(Эй инсонлар, Оллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ - яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир”. (Мулк. сураси, 2-оят). Демак, ўлимдан кейин келадиган ҳаёт ҳақ экан. Демак, бизга она қорнида ўлик ҳолимизда жон ато этган - тирилтирган Зот она замин қаърида ўлик ҳолимизда яна қайта жон ато этишга - тирилтиришга албатта қодирдир. Аксинча бўли-ши асло мумкин эмас. Чунки борлиқни, энг катта сайёрадан энг кичик заррагача бўлган ҳар бир махлуқотни тенгсиз Адолат ва теран Ҳикмат билан яратган Зот Ўзи синов учун берган бу ҳаёти дунёда, санаб саноғига етиб бўлмайдиган неъматлар ичида яшаб ўтган инсонлар - аксар ҳоллар-да яхши баҳосини, ёмон жазосини олмай - ўлиб, Ер остига кириб кетар эканлар, уларнинг барчасини қайта тирилтириб, Ўз ҳузурига тўплаб -адолат ва ҳеч тониб бўлмайдиган ҳужжатлар асосида - пок иймон ва солиҳ амаллар билан ўтганларга ажр-мукофотини, динсизлик, жиноятлар билан умрларини зое қилганларга жазо - азобини бермаслиги асло мумкин эмас.
Кофир ҳолда ўлган кимсаларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволлари ҳақида яна бошқа оятларда ҳам хабарлар берилган: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларни дўзах устида турғазиб қўйилган пайтларида: «Қани энди бизлар (дунёга) қайтарилсак ва Парвардигоримизнинг оятларини ёлғон демай, мўминлардан бўлсак», деганларини кўрсангиз эди». (Анъом сураси, 27-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло кофирларнинг Қиёмат Кунида дўзахни ўз кўзлари билан кўрган вақтларидаги аҳволларини зикр қилади. Улар Қиёмат даҳшатларига гувоҳ бўлишиб, азоб фаришталари уларни дўзахга кўндаланг қилишиб, сўнгра дўзахга киришгач ва унинг шиддатини яқин-дан кўришгач, қандай надомат қилганларини мана шу дўзах азобидан қай йўл билан бўлса ҳам қутулишни орзу қилишиб: “Қани энди бизлар (ҳаёти дунёга) яна қайтарилсаг-у, ҳаётимизни бошқатдан бошлаб, (Парвардигоримизнинг оятларини ёлғон демай), мўминлардан бўлсак”, яъни, Оллоҳга, Охират борлигига, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига иймон келтирсак, гуноҳларимизга тавба қилсак, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолони рози қиладиган солиҳ амаллар қилсак”, деганларини бир кўрсангиз эди, таърифига тил ожиз бўлган бу даҳшатли манзарадан ҳайрон-у лол қолган бўлар эдингиз.
Бу ҳолатнинг рўй бериши жуда аниқ бўлгани учун ояти каримада “деганлари” сўзи ўтган замон феъли билан келди.
Аммо Қиёмат қойим бўлганидан кейин энди қилмишга жазо олиш муддати етиб келган бўлади, у жойдан ҳеч ким қайтиб кела олмайди. Бас, ақлли инсон қўлида турган энг бебаҳо сармоясини - умрининг ҳар соатини ғанимат билиб ўша Кун даҳшатларини бир зум бўлсин, кўз ўнгидан қочирмай иймон билан солиҳ амаллар қилишга, гуноҳлари учун тавба қилиб олишга сарфлайди ва Парвардигори ҳузурига ёруғ юз билан бориш тадорикини кўради.
«Йўқ, (улар иймонга келмайдилар. Фақат ҳозир - Қиёмат Кунида) уларга илгари яшириб юрган нарсалари ошкор бўлиб қолди, холос. Агар (дунёга) қайтарилсалар, шубҳасиз, улар яна ўзлари манъ қилинган ишларга қайтадилар. Албатта улар ёлғончидирлар». (Анъом сураси, 28-оят).
Ўтмиш ва келажакни, ҳозир ва ғойибни, зоҳир ва ботинни Билгувчи Зот, дўзах даҳшатларини кўриб дод-вой қилаётган, агар ҳаёти дунёга қайтарилганимизда иймон келтириб, яхши амаллар қилган бўлар эдик, деб қасамлар ичаётган кофирларнинг бу сўзлари ёлғон эканини, балки уларнинг илгари яшириб юрган сирлари ошкор бўлиб, куфр ва гуноҳлари юзага чиқиб, ўзларича йўқ деб юрганлари - дўзах кўзларига кўриниб, унинг борлиги ва бутун даҳшатлари аниқ маълум бўлиб қолгани учунгина агар қайтарилганимизда ундоқ қилар эдик, бундоқ қилар эдик, деб лоф ураётганларини айтади.
Агар фаразан улар ўзларининг орзуларича ҳаёти дунёга қайтарилганлари тақдирда ҳам яна ўша аввалги қабиҳ қилмишларига қайтишлари, табиатлари ўта нопок бўлгани сабабли улар дўзахни ўз кўзлари билан кўрганларидан кейин ҳам ўнгланмасликлари ҳақида хабар беради ва энг катта Ҳақиқатларни - Оллоҳнинг Борлиги ва Танҳолигини, Охират борлигини, Қиёмат борлигини, жаннат ва дўзах борлигини ёлғон деган кофир-ларнинг ўзлари шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларини, бас, улар фақат дўзахда мангу азобланишга лойиқ махлуқлар эканликларини айтади.
“Албатта улар ёлғончидирлар”, деб мўмин бандаларини огоҳлантиради ва ёлғонга ўрганган тил дўзах азобини ўз кўзи билан кўриб турган ҳолида ҳам ёлғон сўзлайверишини айтиб мўмин инсон ростгўй бўлишига, балки ростгўй инсонгина мўмин бўлишига ишора қилади.
Ушбу оятлардан ёлғончиларнинг жойи дўзах экани ҳақида ўқир эканмиз, Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ёлғончи менинг умматим эмас”, деган сўзларининг ва: “Мўмин ёлғончи бўлмайди”, деган ҳукмларининг мазмунини янада яхшироқ англаймиз.

13. У Зот сизларга Ўз оятларини (яъни, Ўзининг Борлиги ва Бирли-гига далолат қиладиган аломатларни) кўргизур ҳамда сизларга осмондан ризқу рўз ёғдирур. (Лекин бу оят-аломатлардан) фақат (Оллоҳга) инобат-илтижо қиладиган кишигина эслатма-ибрат олур.
Ояти каримада Ҳақ таоло жамийки инсонларга хитоб қилиб, уларга доимо Ўзининг Борлигига, Бирлигига, тенгсиз Қудратига ва бениҳоя Би-лим Соҳиби эканлигига аниқ-равшан далолат қиладиган оят-аломатларини кўрсатиб туришини айтади. Дарҳақиқат, осмонлар, Ер ва у иккисининг ўртасидаги нарсалар - қуёш, ой, юлдузлар, шамоллар ва булутлар, денгиз-дарё ва булоқлар, тоғ-тошлар ва дов-дарахтларнинг барчаси ақлли инсон учун буларнинг ҳаммасини Яратган Парвардигори бўлмиш Оллоҳ таоло борлигини кўрсатиб туради ва У Зот тенгсиз Қудрат, Билим ва Ҳикмат Соҳиби эканига далолат қилиб туради. Мазкур оят-аломатларни ибрат кўзи билан кўриб, уларни яратган Ҳақ субҳонаҳу ва таолога иймон келтирган инсонлар Ҳақ Динда барқарор бўладилар. Шунингдек, Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ Ерда ҳаёт бардавом бўлиши учун, жамийки мавжудот-нинг, жумладан иноснларнинг ризқлари бут бўлсин деб осмондан аҳён-аҳёнда ёмғир ёғдириб, экин-тикин ва боғ-роғларни сув билан сероб қилиб туради. Лекин Оллоҳ таолонинг бутун коинотда аниқ-равшан кўрсатиб турган мазкур оят-аломатларини ва доимо самодан бандалари учун ризқ ёғдириб турганини ҳамма ҳам кўравермайди. Буни фақат бахтли бандалар - Ҳақ таолога дуо-илтижо билан ибодат қиладиган мўминларгина кўрадилар ва ибрат оладилар.

14. Бас, (эй мўминлар), гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Оллоҳга - У Зот учун Динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз!
Юқорида Ҳақ таолонинг Борлиги ва Бирлигига далолат қиладиган оятлари мавжуд эканлиги ҳамда У Зот бандаларига доимо осмондан ризқу рўз ёғдириб туриши зикр қилингач, ушбу ояти каримада мўминларга хитоб қилиниб, гарчи кофир кимсалар ёмон кўрсалар-да, (албатта мушриклар Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилишни ёмон кўрадилар), Оллоҳ таолога чин ихлос билан, У Зотга бирон нарсани ширк келтирмасдан ибодат қилишлари буюрилади. Бу иш икки нарса билан амалга ошади. Биринчиси, ибодатни Оллоҳ таоло буюрганидек, ўз вақтида, ўз ўрнида тўғри адо қилиш. Иккинчиси эса, холис Оллоҳ учун ибодат қилиш, яъни, киши ибодат қиларкан, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Юзини кўзлаши, Унинг Ўзига дуо-илтижо қилиши, риёкорлик қилмаслиги керак. Чунки Ҳақ таоло мана шу икки сифатга эга бўлмаган, яъни, Шариатга мувофиқ бўлмаган ва холис Оллоҳучун бўлмаган ибодатни ҳаргиз қабул қилмайди.

15. (Унинг мартабаси) барча даражаларнинг энг баландидир, У, Арш Соҳибидир. У бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишига Ўз Амридан ваҳий нозил қилиб турур, токи у (пайғамбар инсонларни) мулоқот Кунидан огоҳлантирсин.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг тенгсиз буюк Сифатларидан уч Сифатни Баён қилади: бириничиси, Оллоҳтаоло бениҳоя юксак даража - манзилат Соҳибидирки, Ундан ўзга ҳеч ким ва ҳеч нарса бундай юксак мартаба эгаси эмасдир. Иккинчиси, Оллоҳ Арши аълонинг Танҳо Соҳибидирки, унинг кенглигини Яратганнинг Ўзидан ўзга ҳеч ким била олмас. Яъни, Ердаги тахт эгаларидан биронтаси подшоҳларнинг Подшоҳи бўлмиш Оллоҳ субҳонаху ва таолога тенг бўла олмас. Учинчиси, Оллоҳ таоло Ўзи бандаларидан элчилик учун танлаган пайғамбарларга токи улар инсонларни Қиёмат Кунида маҳшаргоҳда Оллоҳ таоло билан бўладиган мулоқот ҳақида, у Кунда кофирларнинг устига тушадиган жаҳаннам азоби ҳақида огоҳлантиришлари учун ваҳий нозил қилиб тургувчи Зотдир.
Ояти каримада ваҳий руҳ деб номланди. Чунки худди баданлар жон билан тирик бўлганлари каби инсонлар ваҳий билан - Оллоҳ таоло Ўз Элчилари орқали юборган Дин билан куфр деган ўлимдан тириладилар. Оллоҳ таолонинг Динидан юз ўгирган кофирлар эса, гарчи ўзларини тирик ҳисобласалар-да, ҳақиқий ўликлардир.

16. Улар (қабрларидан чиқиб) кўринган Кунда Оллоҳга улар(нинг қилиб ўтган амаллари)дан бирон нарса махфий бўлиб қолмас. Бу Кунда подшоҳлик кимникидир? Танҳо Ғолиб Зот - Оллоҳникидир!
Уламолар ушбу ояти каримани турлича тафсир қилганлар. Наҳҳос раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу тафсирларнинг энг саҳиҳи Абу Воил Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу тафсирдир. Ибн Масъуд айтди: “Қиёмат Кунида одамлар бамисоли кумушдек оппоқ бўлган Ер устида тўпланадилар. Ҳеч ким яширина олмайдиган даражада теп-текис бўлган, тўпланган сон-саноқсиз халойиқ ичидаги ҳар бир инсон аниқ-равшан кўриниб турган бу маҳшаргоҳда Оллоҳ азза жаллага исён-итоатсизлик қилинмаган эди. Ва малоикалардан бўлган бир жарчига буюрилгач, у тўпланган халойиқдан: “Бу Кунда подшоҳлик кимникидир?” деб сўрайди - жар солади. Шунда барча бандалар - мўминлари ҳам, кофирлари ҳам бир овоздан: “Танҳо Ғолиб Зот - Оллоҳникидир”, деб жавоб берадилар. Мўминлар бу жавобларини шодлик ва роҳат билан айтадилар, ко-фирлар эса, ночор - ноилож, ўлганларининг кунидан ҳақиқатни тан олиб айтадилар. (“Тафсири Куртубий”дан).

17. Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш-амали билан жазоланур. Бу Кунда (ҳеч кимга) зулм қилинмас. Албатта Оллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.
Демак, Оллоҳ таоло инсонларни яхши баҳосини, ёмон жазосини олиши учун - адолат қарор топиши учун Охиратда қайта тирилтирар экан.
“Осмонлардаги ва Ердаги бор нарсалар Ёлғиз Оллоҳникидир. У Зотнинг Ўзи ёмонлик-гуноҳ қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай!” (Ван-нажм сураси, 31-оят).
Бас, маълум бўладики, ҳаёти дунёда қилинган бирон иш Охиратда мукофот ёки жазосиз қолмас. У Кундаги ҳисоб-китоб ҳақида бошқа оятларда ҳам такрор-такрор хабар берилади:
“Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшанида келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз.” (Анбиё сураси, 47-оят). “Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган) амаллари(нинг жазо ёки мукофотлари) кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолича-лик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!” (Залзала сураси, 6-8-оятлар).
Марҳаматли Парвардигоримиз Қиёмат Кунида яхши кишиларни, яъни, ҳаётларини иймон ва солиҳ амаллар билан ўтказган мўмин бандаларини мукофотлашда фақат уларнинг қилган яхши амалларига яраша эмас, балки Ўз томонидан яна неча баробар зиёда мукофотлар ҳам ато этишга ваъда беради: “Албатта Оллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Оллоҳдан ажр-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро, (Оллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз Фазлу-Карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У Магфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)”. (Фотир сураси, 29-30-оятлар).
Аммо кофирларга эса, куфр-исёнларига яраша энг адолатли жазо берилади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Мана бу қайноқ сув ва йирингдир! Бас, улар ўшани тотиб кўрсинлар! Бошқа (азоб-уқубатлар) ҳам ўша тур, ўша шаклда бўлур!” (Сод сураси, 57-58-оятлар). “Жиноятчи-осий кимсалар ёлғон дейдиган жаҳаннам мана шудир! Улар ўша (жаҳаннам) билан ўта қайноқ сув ўртасида айланаверур-лар!” (Раҳмон сураси, 43-44-оятлар).
Яъни, ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтган кимсалар Охиратда дўзах ўтида куяр эканлар, дўзах ходимлари бўлмиш фаришталардан бирон қултум сув беришни сўрарлар. Шунда уларга қайноқ сув берилиб, яна дўзахга отилурлар ва бу ҳол абадул-абад давом этур.
“Албатта Оллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир”.
Яъни, У Зотни ҳисоб-китоб чоғида биров бошқа бировдан чалғита олмас ва барча бандаларни жуда тез, ҳадиси шарифда айтилганидек, дунё кунларидан ярим кун ўтгунича ҳисоб-китобларини олиб, Ўз Илоҳий Адолати билан яхшининг баҳосини, ёмоннинг жазосини берур. Чунки У Зотга ҳеч нарса махфий эмасдир ва жамийки махлуқотнинг ҳисоб-китоби Унинг Қудрати олдида худди бир кишининг ҳисоб-китоби каби осондир. Бу ҳақда мана бу ояти каримада айтилгандир: “(Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (Қиёмат Кунида) қайта тирил-тириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Оллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир”. (Луқмон сураси, 28-оят).

18. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларни яқин Кун (яъни, Қиёмат) ҳақида огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари ҳалқумларига тиқилган ҳолларида ғам-ҳасратга тўлиб турурлар. Золим-кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни, шафоати қабул қилинадиган) шафоат қилгувчи бўлмас!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, кофир, осий кимсаларни тинмасдан-тўхтамасдан яқинлашиб келаётган Қиёмат Куни ҳақида огоҳлантиринг, токи улар ширк ва куфрдан ажралиб, иймон келтирсинлар! У шундай даҳшатли Кундирки, кофирлар қўрққанларидан юраклари қинидан чиқиб, томоқларига тиқилиб қолади, аммо оғизларидан чиқиб кетмайди ва қайтиб жойига ҳам тушмайди, бас, уларнинг диллари бўм-бўш бўлиб қолади. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам хабар берилган: «(У Кунда) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўркувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайди-лар). Уларнинг диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур. (Иброҳим сураси, 43-оят).
“Золим-кофир кимслар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни, шафоати қабул қилинадиган) шафоат қилгувчи бўлмас!»
Яъни, мушрик-кофир кимсалар Қиёмат Кунида мўминларни пайғамбарлар, малоикалар ва Оллоҳ йўлида чин дўст бўлган қадрдонлари қўллаб, Оллоҳ таолодан уларнинг гуноҳларини мағфират қилишини сўраб дўзахга ташланишдан қутқараётганларини кўришгач: «Бугун бизлар учун на бирон қўллаб-кувватловчи - Оллоҳдан гуноҳларимизни сўраб олгувчи бор ва на бизнинг ғамимизни ейдиган чинакам дўст бор, деб ҳасрат-надомат қиладилар.
Мушриклар ҳаёти дунёда ўзлари сиғинадиган бут-санамлари уларни Оллоҳ таоло хузурида қўллаб-қувватлашларига ишонар эдилар, уларга дунё-ю Охиратда ҳар қандай азоб-укубатдан қутқариш ҳақида ваъда берган инсонлар ичидан чиққан шайтон “дўст”ларнинг ваъдаларидан умидвор эдилар. Лекин у Кунда, дўстман деган ҳар қандай кас ҳам ҳақиқий жонкуяр дўст эмаслиги аён бўлади. Чунки “У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Оллоҳ Йўлида дўстлашган) тақводор зотларги-на (мангу дўстдирлар)”. (Зухруф сураси, 67-оят).

19. (Оллоҳ) кўзларнинг хиёнатини ҳам (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни ҳам), диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур.
Яъни, ҳамма нарсани Билгувчи Оллоҳ таолога ошкора қилинган амаллар қандай маълум бўлса, яширинча қилинган амаллар ҳам аниқ маълумдир. Ҳатто қараш ножоиз бўлган нарсага хиёнаткорона бир кўз ташлаш ҳам У Зотдан яширин қолмас, уни аниқ билур ва жазосини берур. Чунки, У нафақат кўринадиган, балки, ҳеч ким кўра олмайдиган қалбдан ўтган сирларни ҳам жуда яхши билур.
Жаноби Ҳақ одамларнинг кийимларига ўралиб ёки тунда кўрпаларига бурканиб олиб ўйлайдиган ўйларигача барча сирлари Ўзига аён эканини, демак, уларни ошкора қилган гуноҳлари учун қандай жазоласа, пинҳона қилган ёмонликлари учун ҳам албатта жазолашини айтади.
Ояти карима мазмунидан қалбни тузатиш, пок диллик энг муҳим нарса экани маълум бўлади. Чунки қалб баданнинг подшоҳи бўлиб, бадандаги барча аъзолар унинг фуқароларидир. Бас, агар қалб покиза - иймонли бўлса, бадан солиҳ амаллар қилади, акс ҳолда эса, барча иш аксинча бўлади. Мунофиқлик, яъни, зоҳирнинг ботинга, сўзнинг ишга мувофиқ бўлмаслиги ҳам қалб касаллиги бўлиб, унинг касофатидан бадан дўзах ўтига гирифтор бўлади.

20. Оллоҳ ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилур. Улар (Оллоҳни) қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутлари эса бирон нарсани ҳукм қила олмаслар. Албатта Оллоҳнинг Ўзигина Эшитгувчи ва Кўриб тургувчи Зотдир.
Шунинг учун ҳам, яъни, Ҳокими мутлақ бўлмиш Оллоҳ таоло ошкора ва яширин айтилган барча сўзларни Эшитгувчи, ошкора ва яширин қилинган барча амалларни Кўргувчи Зот бўлгани учун ҳам У қандай ҳукм қилса, аниқ Билим ва тўла адолат билан ҳақ ҳукм қилади. Аммо мушрик-кофир кимсалар Оллоҳ таолони қўйиб дуо-илтижо қиладиган турли-туман бут-санамлардан биронтаси бирон нарса ҳақида бирон ҳукм қила олмайдилар. Чунки улар ҳеч нарсани билиши мумкин бўлмаган жонсиз тош, ёғоч ва яна бошқа нарсалар бўлиб, ҳеч бир ақлли инсон улардан ҳукм сўрамайди. Фақат жаҳолат ботқоғига ботиб қолган нодон кимсаларгина у тошларга сиғинадилар, улардан ҳожатларини сўраб дуо-илтижо қиладилар.

21. Ахир улар Ер юзида сайру саёҳат қилишиб, ўзларидан аввал ўтган (иймонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ҳолбуки, улар (Макка мушрикларидан) кўра куч-қувват ва Ердаги осори атиқалари жиҳатидан зўрроқ эдилар. Бас, Оллоҳ уларни гуноҳлари сабабли ушлади - ҳалок қилди ва улар учун Оллоҳдан (яъни, Унинг азобидан) бирон сақловчи бўлмади.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло одамларни ва хусусан, Макка мушрикларини Ернинг ҳар тарафларига саёҳат қилиб, ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилган, уларнинг устидан масхара қилиб кулган қавмлар қандай ҳалок қилинганларини улардан қолган вайроналардан кўриб, кўзлари очилиб, ибрат олиб келишга чақиради.
Дарҳақиқат, Ернинг ҳар тарафларида кўрган одамларга асрлар қаърида қолиб кетган олис ўтмишдан ҳикоя қилгувчи осори атиқалар жуда кўпдир. Уларнинг орасида ўз замонида мисли бўлмаган муҳташам қаср-у саройлар осмондан ёғилган харсанг тошлар остида вайроналарга айланиб қолганини ҳам, тўфон балосига дучор бўлиб сув остида қолган бутун-бутун шаҳарларни ҳам, ўнлаб қулоч қалинликдаги қум, тош ёки тупроқ билан кўмиб қўйилган қалъаларни ҳам кўриш мумкин. Ибрат олгувчи инсон учун бундай мудҳиш манзаралар Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмларнинг оқибати қандай даҳшатли эканига очиқ далолат қилиб туради. Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончи деб масхара қилган мушрикларга ҳам Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлмасликлари учун ўтган кофир қавмларнинг топган оқибатларидан ибрат олиш буюрилди. Аммо уларнинг кўплари ибрат олмадилар ва натижада ҳалокатга юз тутдилар ва ўзлари бошқалар учун “ибрат”га айландилар.
“Танвийрул-азҳон мин тафсири Руҳул-баён” тафсирида ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Масжидул-Ҳаромда Билол, Суҳайб ва Аммор каби бечора - мискин саҳобалари билан ўтирган эдилар, мушрикларнинг катталаридан бўлган Абу Жаҳл бир тўда қурайшликлар билан ўтиб қолди ва: “Муҳаммад мана шуларни жаннат подшоҳлари деб ҳисоблайди”, деб фақир мусулмонларни мас-хара қилиб кулди ва ҳеч қанча вақт ўтмай Бадрда бу истеҳзосининг жазосини олди - ҳалок қилинди. Бу воқеа ҳам ақл эгалари учун ибрат ўрнидир.

22. Бунга сабаб - уларга пайғамбарлари аниқ ҳужжатлар келтирганларида, кофир бўлдилар. Бас, Оллоҳ уларни ушлади - ҳалок қилди. Зеро, У бениҳоя Кучли ва азоби қаттиқ Зотдир.
Яъни, ана ўша аввалги асрларда ўтган ва Оллоҳ таолонинг ғазабига учраб ҳалок қилиб юборилган қавмларнинг ҳалокатларига сабаб, Оллоҳ таоло томонидан юборилган элчи-пайғамбарлар уларни Ёлғиз Оллоҳга иймон келтиришлари ва фақатУнингЎзига ибодат қилишлари учун жуда кўп аниқ ҳужжат-далиллар келтирган, аммо улар ўзларига юборилган пайғамбарлар келтирган очиқ-равшан ҳужжатларга кофир бўлган эдилар. Бас, уларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзидаёқ қилмишларига яраша жазо берилиб, ҳалок қилиб юборилган эдилар. Албатта Оллоҳ таоло бениҳоя Кучли ва азоби қаттиқ Зотдирки, ҳеч ким унга бас кела олмайди. У осий-кофир кимсларни мана шундай қаттиқ азоблайди. Бас, эй кофир-мушрик кимсалар, бошларингизга аввалгиларнинг куни тушиб қолмасдан кўзла-рингиз очилсин! Чунки бахтли одам ўзгаларнинг қилмишларидан ибрат олиб ўзини ўнглаган кишидир.

23-24. Аниқки, Биз Мусони, Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан Фиръавн, Ҳомон ва Қорунга элчи қилиб юборганимизда, улар «(Мусо) бир ёлғончи сеҳргарда», дедилар.
Ушбу оятлардан бошлаб Оллоҳ таолонинг улуғ элчиларидан бири бўлмиш Мусо пайғамбар билан Фиръавн ўртасида бўлиб ўтган можаролар баён қилиниб, бошқа сураларда зикр қилинмаган бир лавҳа анча батафсил тасвирланадики, у ҳам бўлса Фиръавн хонадонидан бўлган ва ўзининг Оллоҳ таолога иймон келтирганини сир тутиб юрган бир мўмин кишининг қиссасидир.
Ояти каримада Фиръавн билан бирга унинг ҳамтовоқларидан бўлган Ҳомон ва Қорун ҳам зикр қилинишига сабаб, Мусо алайҳис-саломга қарши адоват қилганларнинг бошида мана шу подшоҳ Фиръавн, унинг вазири Ҳомон ва сон-саноқсиз мол-дунё ва хазиналар эгаси бўлган Қорун турар эди. “Танвийрул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, Қорун ўзи Фиръавн ва Ҳомон қавми бўлган қибтийлардан эмас, балки Мусо алайҳис-салом қавми бани Исроилдан эди.
У Мусонинг амакиваччаси бўлиб, аввал-бошда иймон келтирган ва ҳатто Таврот китобини ёд олган эди. Кейин, сон-саноқсиз бойликка эга бўлиб, қавмида энг бадавлат кишига айлангач, бойлиги уни айнитиб, куфр ва исёнда Фиръавн ва Ҳомонга қўшилди, бас, ҳалокатда ҳам уларга шерик бўлди. Ана ўша золим-кофирлар уларга Оллоҳтаолонинг оят-мўъжизаларини келтирган Мусо алайҳис-саломга иймон келтириш ўрнига уни “бир ёлғончи сеҳргар”, дедилар ва Оллоҳ таолонинг очиқ ҳужжати бўлган Таврот Китобига кофир бўлдилар.
Мусо ва Фиръавн ўртасида рўй берган воқеалар Қуръони Каримда кўп ўринларда - Бақара, Аъроф, Шуаро, Тоҳа, Қасас ва Ғофир сураларида ҳам баён қилингандир.
Ояти каримада зикр қилинган “оят-мўъжизалар ва очиқ ҳужжат”дан мурод, Оллоҳтаоло Мусо алайҳис-саломга нозил қилган Таврот ва яна унинг ҳақ пайғамбар эканлигига очиқ ҳужжат бўлган тўққиз мўъжиза бўлиб, улардан бири, Мусонинг асоси - у ерга ташлаши билан одамлар кўз ўнгида ҳақиқий аждарҳога айланиб қоладиган, тошни урса, ундан чашма отилиб чиқадиган мўъжиза асо, иккинчиси, Мусонинг қўли - чўнтагидан чиқарганида оппоқ нур сочиб оламни ёритиб юборадиган, қўлтиғига қисиб олганида яна ўз ҳолига қайтадиган мўъжиза қўлдир. Бу икки Илоҳий мўъжиза ҳақида бошқа сураларда шундай дейилади: “Асойингни (ерга) ташлагин!» Бас, қачонки (Мусо асосини ерга ташлагач), уни илондек қимирлаганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро, сен (хавфу-хатардан) омонда бўлгувчи кишилардандирсан. Қўлингни чўнтагингга солгин, бирон зиёндардсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни (яъни, қўлингни) қўрқувдан (яъни, агар бу мўъжизалардан қўрқиб кетсанг қўлтиғингга) қисиб олгин (у яна ўз ҳолига қайтур). Бас, шу иккиси (яъни, асойингни илонга айланиши ва қўлингни оппоқ бўлиб нур сочиши) Парвардигоринг томонидан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар».” (Қасас сураси, 31-32-оятлар).
“Кулингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бў-либ чиқур. (Бу мўъжизалар сен) Фиръавн ва унинг қавмига (олиб бора-диган) тўққиз оят-мўъжиза ичида (бордир). Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.” (Намл сураси, 12-оят).
Қолган етти мўъжиза - Фиръавн одамларининг бошига тушган қаҳатчилик, дон-дун ва мева-чеваларнинг йўқ бўлиб кетиши, тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қон балолари бўлиб, бу ҳақда Аъроф сурасида хабар берилгандир: “Дарҳақиқат, Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олишлари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик.” (Аъроф сураси, 130-оят).
Яъни, Ҳақ таоло Фиръавн ва унинг одамларини дарёга чўктириб ҳалок қилиб юборишидан илгари ибрат олишлари, кўзлари очилиб, куфрдан, зулмдан қайтишлари учун уларнинг бошларига бир неча йил давомида пайдар-пай қаҳатчилик, очарчилик балоларини туширди, ер ва боғлари ҳосил бермай қўйди. Дала-даштларида гиёҳ ўсмай, чорва ҳай-вонлари қирилди, ерларида дон-дун битмай, боғлари мева тугмай, одамлар ниҳоят даражада қийналдилар, аммо улардан ҳеч бирининг хаёлига: “Нега йил сайин бошимизга устма-уст балолар тушаяпти, қандай қилмишимиз учун биз Яратганнинг қаҳрига қолдик? Бу машаққат-мусибатларнинг сабабчиси ўзимиз эмасмизми? Балки Холиқни қўйиб махлуққа сиғиниб юрганимиз сабабли мана шундай балоларга йўлиқаётгандирмиз? Балки Фиръавнга қуллик қилишни тарк этиб, Мусога эргашсак ва Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилсак, Унинг Ўзи бошимиздан бу балоларни аритар?”, деган ўй келмади. Чунки берган неъматлари учун Яратганга шукр қилиш, бошга бало-мусибат тушганида эса, “бу балолар ўзимнинг қилмишим сабабли бўляпти”, деб тавба-тазарруъ қилиш, ўзини ўнглаб, Тўғри Йўлга тушиш саодатли кишиларнинг насибасидир. Бахтсиз кимсалар эса, худди неъматларга шукр қилмаганларидек, бошларига тушган бало-мусибатлардан ҳам ибрат-насиҳат олмайдилар, ўз-ларининг қилмишлари сабабли шундай балоларга гирифтор бўлганларини ҳам билмайдилар.
“Бас, Биз уларнинг устларига тўфон (сел), чигиртка, бит, бақа ва қон (балоларини Бизнинг Қудратимизга далолат қиладиган) очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибр-ҳаво қилдилар ва жиноятчи - осий қавм бўлдилар.” (Аъроф сураси, 133-оят).
Дарҳақиқат, Фиръавн қавми ўзларининг залолатларида оёқ тираб туриб олишгач, Оллоҳ таоло уларга мисли кўрилмаган даҳшатли балоларни юборди: Уларнинг барча экинзор - боғларини сел босиб ҳалок бўлди. Чигирткалар уларнинг экин ва мева ҳосилларидан тортиб уй-жой, кийим-бошларигача еб битиришди, уларнинг егулик ва жониворларини битлар босиб кетди; бақалар эса уларнинг таом ва қудуқларидан тортиб, ётоқ хоналаригача тўлдириб юборишди; уларнинг ариқ ва булоқларидан сув ўрнига қон оқди, бир ютум тоза сув топа олмай қолдилар. Аммо шунча бало-мусибатларни кўриб ҳам кўзлари очилмай, яна ўз куфрларида давом этдилар.

25. Энди қачонки (Мусо) уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ (пайғамбарлик) билан келганида, улар: «У билан бирга мўмин бўлганларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирингиз!», дедилар. (Лекин) кофирларнинг макр-ҳийлалари албатта залолатдадир (яъни, зое бўлгувчидир).
Фиръавн бани Исроил қавмидан бўлган ўғил болаларни қатли ом қилгани ҳақида бошқа сураларда (жумладан «Тоҳо» сурасидаги 37-40 - оятлар ва уларнинг тафсирида) батафсил айтилган эди. Энди ушбу оятда Фиръавн Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган кишиларни яна қатли ом қилишга буюргани, лекин унинг бу макру ҳийласи ҳам бефойда кетгани ҳақида хабар берилди.
Аввалги қатли ом Мусо алайҳис-салом дунёга келишидан илгари бўлган эди. Бир куни Фиръавн туш кўрса, бир олов Қуддус тарафдан келиб, Мисрни ўраб олган эмиш. У Мисрдаги ҳар бир қибтийни куйдириб юборибди-ю, аммо бани Исроилдан ҳеч кимга тегмабди. Кўрган тушидан даҳшатга тушган Фиръавн коҳин-фолбинларидан унинг таъбирини сўраганида, улар айтадилар: “Кўрган тушингнинг таъбири шундан иборат: бани Исроил қавмида бир бола дунёга келадики, сенинг ўлиминг ҳам, мулку давлатингнинг заволи ҳам ўша боланинг кўлида бўлади”. Бу таъбирни эшитган Фиръавн бани Исроилда туғиладиган ҳар бир ўғил болани ўлдиришга ҳукм чиқаради ва қўл остидаги барча қабилаларни тўплаб, уларга “Қўлларингизга тушган бани Исроилга мансуб ҳар бир ўғил болани ўлдирасизлар, фақат қизларинигина тирик қолдирасизлар”, деб буюради ва ҳар бир қабилага ўзининг бир вакилини тайинлайди. Бани Исроилдан чиқадиган бир бола, яъни, Мусо алайҳис-салом қўлида ҳалок бўлишидан талвасага тушган золим Фиръавннинг зулми шу даражага етадики, айтилишича, Мусони қидириб бани Исроилдан ўн икки минг бола ўлдирилган.
Муфассир уламолардан Ваҳб ибн Мунаббаҳ бундай дейди: “Менга етиб келишича, Мусо алайҳис-саломни қидириб золим Фиръавн томонидан тўқсон минг бола сўйилган”.
Шунда Мисрнинг туб аҳолиси бўлган қибтийларнинг оқсоқоллари Фиръавн олдига кириб: “Бани Исроилнинг гўдакларини сўяверсак, бу ғамни кўтара олмасдан катталари ҳам ўлиб кетмоқдалар. Бу ҳолда биз ўз қулларимиздан ажраб, барча оғир юмушлар ўзимизнинг бўйнимизга тушиб қоладику”, дейишгач, Фиръавн бундан буёғига йил оралаб сўйишга буюради. Шундан кейин Ҳорун - Мусонинг оғаси бола сўйилмайдиган йилда, Мусо эса болалар сўйиладиган йилда дунёга келади.
Ўрганаётганимиз ояти каримада зикр қилинган иккинчи қатли ом эса, Мусо алайҳис-салом вояга етиб пайғамбар қилиб юборилганидан кейин содир бўлади. Қачонки золим Фиръавн Мусо алайҳис-салом келтирган мўъжизаларни кўриб унинг ҳақ пайғамбар эканига кўзи етгач, ўзининг ҳалокати мана шу пайғамбар кўлида эканини тушуниб, қўрққанидан Мусони ҳам, унинг барча эркак қавмини ҳам қатли ом қилишга буюрди. Лекин Оллоҳ таоло унинг бу уринишини ҳам ояти каримада хабар берилганидек зое қилди - рўёбга чиқармади.

26. Фиръавн деди: «Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. (Қани) у Парвардигорига дуо-илтижо қилсинчи, (унга нажот берармикан). Албатта, мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишидан ёки Ер юзида бузғунчилик авж олдиришидан қўрқмоқдаман».
Муфассирларнинг айтишларича, золим Фиръавн айтган мазкур сўзларнинг мазмуни, у ичичидан Мусо алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканини ҳис қилар ва агар Мусо одамларга ўз мўъжизаларини кўрсатадиган бўлса, улар Фиръавнга қуллик қилишни тарк этиб, Мусога эргашиб кетишларидан жуда қўрқар эди. Шунинг учун фақат ўлдириш билангина Мусодан қутулиш мумкин деган хаёлда эди. Аммо иккинчи томондан агар у Мусо алайҳис-саломни ўлдирадиган бўлса ва Мусо Яратганга дуо қилса, Оллоҳ таолонинг қаҳри ғазабига дучор бўлишдан кўрқар эди. Шунинг учун ҳам гарчи одам ўлдириш у золим подшоҳ учун ҳар куни қиладиган оддий иш саналса-да, Мусо пайғамбарни ўлдиришга бир ўзи журъат қила олмай худди қўрқоқ одам бировларнинг ортига яшириниб олиб рақибига дўқ-пўписа қилгандек қавмига “мени қўйворинглар, Мусони ўлдириб юборай”, дейди ва кейин беихтиёр ўзи кўрқаётган нарсани тилига чиқариб: “Қани у Парвардигорига дуо қилсин-чи”, деб юборди ва ҳамма замонлардаги золим подшоҳлар каби “агар Мусо ўлдирилмайдиган бўлса, сизларни менга сиғинишдан айнитиб, Оллоҳга ибодат қилишга чорлаб динларингизни ўзгартириб юборади ва тинч ҳаётларингизни бузиб, турли бузғунчиликларни авж олдиради”, деб қўрқитди. Лекин Оллоҳ-нинг элчиси у золим-кофир подшоҳнинг бу дағдағаларини эшитганида ҳатто бир сесканиб ҳам кўймади -

27. Мусо айтди: «Албатта мен, Парвардигорим ва Парвардигорингиз (бўлмиш Оллоҳ)дан ҳисоб-китоб Кунига иймон келтирмайдиган барча мутакаббир (кимсаларнинг ёмонлиги)дан паноҳ сўрадим.
Яъни, Мусо алайҳис-салом гўё шундай деди: “агар бу золим подшоҳ ўзининг салтанат ва давлатига суяниб дағдаға қилаётган бўлса, билсин-ки, менинг ҳам суянган Нажоткорим бор. Мен ўзимнинг ҳам, сизлар-нинг ҳам, эй қавмим, Эгамиз, тарбия қилиб Ўз паноҳида сақлагувчи Парвардигоримиз Оллоҳ таолога доимо дуо-илтижо қилиб, бизларни ҳар қандай иймонсиз золимларнинг ёмонлигидан Ўз паноҳида сақла-шини сўрадим. Бас, мен Охиратда ҳисоб-китоб қилиниши аниқ эканига ишонмайдиган махлуқларнинг зўравонлигидан эмас, фақат Холиқнинг ғазабидан қўрқаман”.
Мусо алайҳис-салом “Менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиз бўлмиш Оллоҳдан паноҳ сўрадим”, деган сўзлари билан қавмига барча бир бўлиб, жамоат билан Яратганга дуо-илтижо қилиш лозимлигини уқтиради. Дини Исломда жамоат билан намоз ўқиш суннатлигининг ҳикматларидан бири ҳам мана шудир.

28. (Шунда) Фиръавн хонадонидан бўлган, ўзининг иймонини яшириб юрадиган бир мўмин киши деди: «Сизлар бир кишини, «Менинг Парвардигорим Ёлғиз Оллохдир», дегани учун ўлдирурмисиз?! Ҳолбуки, у сизларга Парвардигорингиз томонидан аниқ хужжатлар келтирди. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўз бўйнига. (Аммо) агар ростгўй бўлса, (у ҳолда) сизларга у (кофирлар учун) ваъда қилаётган (азоблардан) айримлари етиб қолади-ку! Албатта Оллоҳ ҳаддан ошгувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас.
Ушбу ояти каримадан Фиръавн замонида ўтган бир мўмин киши ҳақидаги ибратли қисса бошланади. Муқотил ва Суддий раҳимаҳумаллоҳ айтадилар: “У киши қибтийлардан бўлиб, Фиръавнни амакисининг ўғли эди. Оллоҳ таоло у мўмин бандаси ҳақида бошқа бир ояти каримада ҳам ҳикоя қилган эди: «Ва шаҳарнинг нариги четидан бир киши шошганча келиб: «Эй Мусо, (Фиръавн) одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, сен (дарҳол бу шаҳардан) чиқиб кетгин. Албатта мен сенга холис насиҳат қилгувчи кишиларданман», деди». (Касас сураси, 20-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Қачонки Фиръавн ўзининг жаллодларини Мусо алайҳис-саломни тутиб ўлдириш учун юборгани-да, улар Мусони излаб шаҳарнинг катта кўчасидан кетдилар. Лекин қибтийлар орасида ҳам иймонли, диёнатли кишилар йўқ эмас эди. Ана шундай мўминлардан бири Фиръавн ва унинг гумашталари олган машъум қарордан хабардор бўлиб қолади ва ўша онда чопганича шаҳардаги торкўчаларга йўл солиб, Фиръавн жаллодларидан илгарироқ Мусо алайҳис-саломни излаб топади ҳамда уни золим подшоҳ фармонидан огоҳлантириб, дарҳол шаҳарни тарк этиши лозимлигини, акс ҳолда ҳалок бўлиши аниқ эканлигини айтади, ўзининг Мусо алаҳис-саломга ишончли ва холис насиҳат қилаётганини таъкидлайди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Жалолиддин Суютий ҳам ўз тафсири “Дуррул-Мансур”да Суддий роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган сўзни кувватлаб: “Менинг наздимда ҳам ояти каримада мазкур бўлган “мўмин киши” Фиръавн хонадонидан бўлиб, унинг амакиваччаси эди. Шунинг учун ҳам Фиръавн у мўминнинг сўзига қулоқ солган ва у Мусони ўлдирмасликни маслаҳат берганида Фиръавн Мусо алайҳис-саломни қатл этишдан тийилган эди. Агар айрим уламолар айтганидек у киши Фиръавн ўзининг душмани деб билган бани Исроил қавмидан бўлганида, золим подшоҳ ҳеч қачон унинг сўзини ол-маган ва дарҳол Мусони қатл қилган бўлур эди”, дейди.
Мазкур ҳодиса, яъни, ўзи бошқа бир қавмдан бўлган, аммо Мусо алайҳис-саломга пинҳона иймон келтирган бир кишининг золим подшоҳ олдида Мусони ҳимоя қилиб сўзлаши ва Қасас сурасининг 20-оятида зикр қилинганидек Мусони шаҳарнинг бир четидан излаб топиб Фиръавн одамлари унга қарши суиқасд уюштирмоқчи эканликлари ҳақида огоҳлантириши, албатта бежиз бўлмай, юқоридаги оятда хабар берилганидек, Оллоҳ таолонинг пайғамбари Парвардигори оламдан ҳар қандай мутакаббир золимнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб қилган дуосининг нақд ижобати эди.
Ўшанда у мўмин инсон Фиръавн ва унинг аъёнларига гўё шундай деди: “Сизлар бегуноҳ бир инсонни фақат “Менинг Парвардигорим Ёлғиз Оллоҳдир”, дегани учунгина қатл қиласизларми?!»
Ҳолбуки у сизларга ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигини исботловчи қанчадан-қанча мўъжизалар келтирди-ку! Агар Мусо сизлар ўйлаганингиздек мана шу айтган сўзларида ёлғончи бўлса, ёлғоннинг жабрини ўзи тортар, аммо агар унинг айтаётган сўзлари рост бўлса-чи?! У ҳолда Мусо кофирларга ваъда қилаётган Оллоҳнинг азобидан ҳеч бўлмаганда биронтаси сизларнинг бошингизга тушиши ва ҳалокатга учраб бутунлай қирилиб кетишларингиз аниқку! Билингларки, Оллоҳ таоло ҳеч қачон зулм-зўравонликда ҳаддидан ошган қонхўрни, ўзини “мен худоман” деган ёлғончини Тўғри Йўлга ҳидоят қилмайди!”
Ўзининг иймонини кофир қавмдан яшириб юрган мазкур мўмин кишининг айтган бу сўзларини орадан ўнлаб аср-авлод ўтганидан кейин ўзининг иймонини кофир қавмдан яширмасдан очиқ-ошкор эълон қилган яна бошқа бир мўмин ҳам айтди ва ҳақ Пайғамбарни ҳимоя қилишда то Қиёмат дунёга келадиган барча мўминларга намуна ва ибрат бўлиб қолди. У улуғ мўмин инсон Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анху эди.
Имом Бухорий ўз “Саҳиҳи”да Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. Урва айтди: “Мен Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳумодан: “Менга мушриклар Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга етказган энг қаттиқ азийят ҳақида хабар бергин”, деганингда, у айтди: “Бир куни Расуллулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Каъба айвонида намоз ўқиётган эдилар, кутилмаганда Уқба ибн Абу Муайт келди-да, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг елкаларига осилиб, тўнларини бўйинларига ўраб у зотни қаттиқ бўға бошлади. Шунда ҳеч ким уларга яқинлашишга журъат қила олмай турганида Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб, Уқбанинг елкасидан ушлаб Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан нари қилди, сўнгра: “Сизлар бир кишини “Менинг Парвардигорим Ёлғиз Оллоҳдир”, дегани учун ўлдирурмисизлар?!” деди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Ушбу ва қуйидаги оятларда яна ўша кофир қавм ичидаги мўмин кишининг ўз қавмини огоҳлантириб айтган сўзлари зикр қилинади.
У киши гўё шундай деди: “Эй қавмим, сизлар модомики, Оллоҳ таолонинг ҳақ пайғамбари бўлган Мусо алайҳис-саломни ёлғончи қилиб, унга озор-азийятлар етказар, ҳаттоки, уни қатл қилмоқчи бўлар экансизлар, ҳақиқатан мен сизларнинг устингизга ҳам ўтган умматлардан чиққан турли ҳизблар, яъни, Оллоҳ таоло юборган элчиларга иймон келтирмаган тўдалар бошига тушган ҳалокат ва турли азоб-уқубатлар тушиб қолишидан қўрқмоқдаман. Мисоли, Нуҳ алайҳис-саломга иймон келтирмаган қавм қандай азобга гирифтор бўлди - ҳаммалари сувга ғарқ бўлиб қирилиб кетди, Од қабиласини бўлса, даҳшатли бўрон таг-томири билан йўқ қилиб юборди, Самуд қабиласини тўсатдан келган мудҳиш қичқириқ билан биронталари қолмай қирилиб кетдилар. Ҳолбуки, Оллоҳ таоло бандаларига бирон-бир зулм қилишни хоҳлагувчи эмасдир, бас, у ҳизбларни ҳам то уларга ўз Элчи-пайғамбарларини юбо-риб, улар ўша пайғамбарларни ёлғончи қилмагунларича ҳалок қилмаган, чунки, У ҳеч бир қавмни бегуноҳ жазоламас, аммо золим-кофирларни жазосиз ҳам қўймас. Агар сизлар ҳам, эй қавмим, Мусо алайҳис-саломни ёлғончи қилиш билан ана ўша кофир ҳизбларнинг йўлини тутар экансизлар, мен қўрқаманки, албатта сизларнинг бошингизга ҳам ўшаларнинг куни тушар!”

32-33. Эй қавмим, ҳақиқатан, мен сизлар ҳақингизда (кишилар бир-бирларига) нидо қилиб қоладиган Кундан (яъни, Қиёмат Кунида дўзах азобига дучор бўлиб, дод-вой қилиб қолишларингиздан) қўрқурман. У Кунда сизлар (жаҳаннам даҳшатларидан) юз ўгириб қочурсизлар, (аммо) сизлар учун Оллоҳ(нинг азоби)дан сақлагувчи - тўсгувчи бирон кимса бўлмас. Кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.
Яъни, эй қавмим, агар сизлар мана шу куфру исёнингизда оёқ тираб тураверар экансизлар, Мусо алайҳис-саломни Оллоҳ таолонинг элчиси деб иймон келтирмас экансизлар, мен қўрқаманки, сизлар нафақат бу дунёда Унинг ғазабига дучор бўлиб ҳалокатга юз тутасизлар, балки Охират диёрида, ҳаммалирингиз дод-вой қилиб, бир-бирларингизни чақириб, мўминлардан бир қултум бўлса ҳам сувларидан беришларини сўраб ялиниб-ёлвориб қоладиган Қиёмат Кунида ҳам ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳнинг мангу азобига ҳукм қилинурсизлар. У Кунда дўзахга ташланганларингизда унинг азобидан қутулиш учун қаёққа қараб қочсангизлар ҳам яна ўша дўзахга қочасизлар ва ўзларингиз учун Оллоҳнинг азобидан сақлагувчи, уни сизлардан тўсгувчи бирон ёрдамчини топа олмассизлар!
Кофирларнинг дўзаҳдаги аҳволи ҳақида мана бу ояти каримада ҳам хабар берилган: «Дўзах эгалари жаннат эгаларига: «Бизларга ҳам сувдан ё Оллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан тўкинглар», деб нидо қилганларида, улар: «Оллоҳ (бу неъматларини) кофирларга ҳаром қилгандир», дедилар». (Аъроф сураси, 50-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинишича, қачонки аъроф эгалари Оллоҳ таоло томонидан жаннатга ҳукм қилингач, дўзах эгалари бўлган кофирлар ўзларига ҳам бирон енгиллик берилармикан деган илинжда: “Ё Роббий, аҳли жаннат орасида бизга қавм-қариндош бўлган кишилар бор, бизга изн берсанг, уларни кўриб, гаплашсак”, деб илтижо қиладилар. Изн берилгач, жаннатдаги неъмат ичида роҳатда яшаётган қариндошларини кўриб танийдилар, аммо аҳли жаннатуларни юзлари куйиб қора бўлгани учун танимайдилар. Шунда дўзах эгалари жаннат эгаларининг номларини атаб чақириб, ўзларини танитиб: “Бизларга ҳам сувдан ёки Оллоҳ сизларга ризқ қилиб берган бошқа неъматлардан тўкинглар - хайр-садақа қилинглар”, деб ялиниб ёлворишганида улар: “Оллоҳтаоло жаннат оби-таомини кофирларга ҳаром қилган”, деб жавоб берадилар.
Лекин мўмин инсонниг айтган бу сўзлари, қилган огоҳлантиришлари Фиръавн ва унинг одамларига мутлақо кор қилмади. Чунки “кимни Оллоҳ Йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас”. Ундай адашган кимсалар ўзларининг зулм ва туғёнларида сарсон бўлиб юраверадилар, ўзлари тўқиб-топиб олган йўлларини бирдан-бир тўғри йўл деб даъво қилаверадилар. Агар у йўллари нотўғри экани аён бўлиб қолса ҳам, асло Тўғри Йўлга эмас, балки аввалги нотўғри йўлларидан ҳам нотўғрироқ, ноинсонийроқ йўлларга эргашиб кетаверадилар, аммо ҳеч қачон Тўғри Йўлга ҳидоят топа олмайдилар.
Муфассир уламолар айтишларича, Оллоҳ таоло адаштирди деган сўз асло Оллоҳ уларни адашишга мажбур қилди, дегани эмасдир, балки уларнинг қалбларига куфр ўрнашиб, ўз ихтиёрлари билан зулм ва туғён йўлини танлашгач, Оллоҳ таоло уларни Тўғри Йўлни кўрмайдиган, у Йўлга даъват қилинса юрмайдиган қилиб қўйди, деганидир. Ундай адашганлар тўғрисида бир сурада шундай дейилади: “Қачон (ундай кимсага) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, у: «(Бу) аввалгилардан (қолган) афсоналар», дер. Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!” (Мутаффифун сураси, 13-14-оятлар).
Яъни, уларнинг дилларини ўзларининг доимий касб-корлари бўлган гуноҳ ва жиноят занглари босиб қолгани сабабли улар Илоҳий Ҳақиқатни афсонадан ажрата олмаслар.

34. Дарвоқеъ, илгари Юсуф сизларга (ўзининг пайғамбар эканлигини исботлайдиган) аниқ ҳужжатлар келтирганида ҳам, у сизларга келтирган нарсалардан шубҳа қилиб туриб олган эдинглар. То қачон у ҳалок бўлганида эса ундан: «Энди (яъни, Юсуф алайҳис-саломдан) сўнг Оллоҳ ҳаргиз пайғамбар юбормас», дединглар. Ҳаддан ошувчи, шак келтирувчи бўлган кимсаларни Оллоҳ мана шундай йўлдан оздириб қўяр».
Яъни, эй Миср аҳли, дарвоқеъ, пайғамбарларни ёлғончи қилиш сизларга ота-боболарингиздан мерос бўлиб қолган. Сизларнинг аждодларингиз бўлган Миср аҳлига Мусо алайҳис-саломдан илгари ҳам Оллоҳ таоло Ўз элчиси бўлган Юсуф алайҳис-саломни пайғамбар қилиб юборган ва у сизларга ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига далолат қиладиган аниқ ҳужжатлар келтирган эди. Ўшанда ҳам сизларнинг аждодларин-гиз унинг пайғамбар эканлигига шубҳа қилиб, иймон келтирмаган эдилар.
Мана энди Юсуф алайҳис-салом вафотидан кейин қанча аср-авлодлар ўтиб кетганидан сўнг Ҳақ таоло Мусо алайҳис-саломни элчи қилиб юборганида сизлар ҳам ўша ота-боболарингиз айтган сўзларини такрорлаб худди улар Юсуф алайҳис-саломга иймон келтиргандек Юсуфдан кейин Оллоҳ таоло ҳаргиз пайғамбар юбормайди», демоқдасизлар!
Бас, сизлар учун пайғамбарларни ёлғончи қилиш, Оллоҳнинг элчиларига қарши туриб, улар келтирган Оллоҳнинг динига кофир бўлиш ота мерос иллатлардандир. “Ҳаддан ошгувчи, шак келтиргувчи бўлган кимсларни Оллоҳ мана шундай йўлдан оздириб қўяр. У Зот адаштирган кимсани эса ҳеч ким Тўғри Йўлга ҳидоят қила олмас”. Ушбу ояти карима билан Фиръавн қавмидаги ёлғиз мўмин кишининг у золим подшоҳ қаршисида Ҳақ Динни ва Мусо пайғамбарни ҳимоя қилиб айтган сўзлари битади.

35. Оллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиган кимсалар Оллоҳ наздида ҳам, иймон келтирган зотлар наздида ҳам энг катта мазаммат-нафратга дучор бўлурлар. Оллоҳ ҳар бир мутакаббир, зўравоннинг қалбини ана шундай муҳрлаб қўюр.
Яъни, юқоридаги оятларда зикр қилинган, ўзларининг бандалик ҳадларидан ошгувчи динсиз-иймонсиз кимсалар каби қўлларида бирон бир ҳужжат-далил бўлмаган ҳолда фақат ота-боболарига кўр-кўрона тақлид қилиб Оллоҳ таолонинг оятлари ҳақида талашиб-тортишадиган, Ҳақни ботил билан енгмоқчи бўлган кимсалар Ҳақ Динга қаршилик кўрсатганлари учун албатта Оллоҳ таоло томонидан ҳам, Унинг мўмин бандалари томонидан ҳам катта адоват ва нафратга дучор бўладилар. Оллоҳ таоло томонидан бўладиган нафрат, уларнинг мангу азобга гирифтор қилинишларидир, бандалар томонидан бўладиган нафрат эса, мўминлар улардан бутунлай узилишлари ва улар билан мутлақо муомалани тўхтатишларидир.
“Оллоҳ ҳар бир мутакаббир, зўравоннинг қалбини ана шундай муҳрлаб қўюр”.
Ҳақ таоло томонидан бўлган бу Илоҳий-огоҳлантириш Оллоҳ таоло юборган элчиларнинг Саййиди Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилаётган Макка мушрикларига қаратилган бўлиб, уларнинг бошига ҳам ўтмишдаги кофир қавмларнинг куни тушиб қолмасидан ҳақ пайғамбарга иймон келтириб Ислом Динини қабул қилсалар ўзлари учун яхши бўлишини яна бир бор эслатишдир.
Шунингдек, ушбу ояти карима, Жаноби Ҳақ томонидан Ўзининг суюкли бандаси ва сўнгги Элчисига берилган таскин-тасаллий бўлиб, мушрикларнинг Қуръони Азимни - энг буюк Илоҳий Мўъжиза оятларини тинглаб туриб ҳам иймон келтирмаётганларини кўриб ниҳоят даражада ғамга ботиб, озурда дил бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга кофирларнинг Ҳақ Сўзга қулоқ солмасликлари, Ҳақ Йўлга юрмасликлари ҳеч янгилик эмаслигини, аввал ўтган пайғамбарларнинг қавмлари ҳам худди Макка мушриклари каби ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилганларини, улар кўрсатган мўъжизалардан ибрат олмаганларини эслатишдир.
Демак, кимнинг қалбини Оллоҳ таоло муҳрлаб қўйса, унга ҳеч қандай огоҳлантириш таъсир қилмас, ҳатто Илоҳий Мўъжизаларга гувоҳ бўлиб туриб ҳам кўнгил кўзи очилмас, Ҳақ Йўлга юрмас экан.

36-37. Фиръавн (мўмин кишидан юқорида зикр қилинган сўзларни эшитган одамлар Ҳақ Йўлига юриб кетишларидан қўрқиб, уларни чалғитиш учун ўз вазирига қараб) деди: «Эй Ҳомон, мен учун бир (баланд) қаср қургин, шоядки, мен (у қасрнинг устига чиқиб) йўлларга - осмонларнинг йўлларига етиб, Мусонинг илоҳини кўрсам, дарҳақиқат, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман». Фиръавнга ўзининг ёмон амали мана шундай чиройли кўринди ва у (Тўғри) Йўлдан тўсилди. Фиръавннинг барча макру ҳийласи албатта зиёндир - ҳалокатдир.
Ушбу оятлар мазмунида Қасас сурасида ҳам бир ояти карима келган эди: «Фиръавн деди: «Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман. Бас, сен, эй Ҳомон, лойни пишириб, (пишиқ ғишт куйиб) мен учун бир (баланд) қаср бино қил, шоядки мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг худосини кўрсам. Албатта мен уни ёлғончи кимсалардан деб ўйламоқдаман». (Касас сураси, 38-оят).
Золим Фиръавн мазкур сўзларини ўз одамлари олдида Мусо алайҳис-саломни ёлғончи қилиш учун, унинг Танҳо Маъбуди Барҳақ Ёлғиз Оллоҳ таолодир, деган сўзини инкор этиш мақсадида айтади.
Фиръавннинг вазири Ҳомонга ғиштларни пишириб, ўз замонида мисли кўрилмаган даражада баланд - осмонўпар қаср бино қилишни буюришидан кўзлаган мақсади бир томондан ўзининг нақадар буюк қудрат соҳиби эканлигини кўз-кўзлаш бўлса, иккинчи томондан “мана шундай баланд қаср устига, осмони фалакка чиқиб ҳам Мусо айтган Илоҳни кўрмадим”, деб, Оллоҳ таолонинг элчисини ёлғончи қилиш эди. Лекин у ғофил махлуқ қилмоқчи бўлган иши, қурмоқчи бўлган осмонўпар қасри ўзининг одамлари бошига мисли кўрилмаган кулфат-бало бўлишидан тамоман бехабар эди. Муфассирлар ривоят қилишларича, вазир Ҳомон Фиръавн буйруғи билан мамлакатнинг ҳар тарафидан мардикор ва ёрдамчилардан ташқари эллик минг уста бинокорларни тўплаб қаср қурилишини бошлайди. Ҳунарманд усталардан талаб қилинган нарса ўта тез фурсатда ва бор ҳунарларини ишга солиб дунёдаги энг баланд ва энг муҳташам қасрни бино қилишлари эди. Золим подшоҳ малай-мардикорлари туну кун ишлаб хожалари буюрган ишни адоғига етказадилар, саноқли кунларда ўхшаши йўқ осмон ўпар қаср қад ростлайди. Аммо бино курилиб битган куни Фиръавн ва унинг малайлри йўқ деб гумон қилган Танҳо Маъбуди Барҳақ Парвардигори оламнинг Иродаси билан ўша янги бино қилинган муҳташам қаср бир лаҳзада таг-туги билан ерга қулайди ва бино қурилишида иштирок этган кимсалардан биронтаси омон қолмасдан барчалари ўзлари курган бинолари остида қолиб ҳалок бўладилар. Лекин мана шундай улкан кулфатни ўз кўзлари билан кўрганларидан кейин ҳам золим подшоҳ ва унинг малайларини кўзлари очилмади.

38-39. Иймон келтирган киши деди: «Эй қавмим, сизлар менга эргашинглар, мен сизларни Тўғри Йўлга етаклайман. Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир (арзимас) матоъдир. Албатта Охиратгина (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир.
Фиръавн одамлари орасидаги ёлғиз мўмин бўлган киши томонидан айтган бу сўз Ҳақ таолонинг ҳаёти дунёга берган баҳосидир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло биз бандаларига ҳаёти дунё ва Охират ҳаёти ўртасидаги фарқни жуда аниқ қилиб белгилаб беради.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Йўқ, сизлар ҳаёти дунёни устун қўюрсизлар! Ҳолбуки, Охират яхшироқ ва боқийроқдир.” (Аъло сураси, 16-17-оятлар). “Сизларга берилган нарсалар фақат (ўткинчи) ҳаёти дунёнинг мато ва зийнатларидир. Оллоҳ ҳузуридаги (ажр-мукофот) эса яхшироқ ва боқийроқдир. Ахир ақл юргизмайсиз-ларми?!” (Қасас сураси, 60-оят).
«Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир, холос. Охи-рат диёригина (мангу) ҳаёт (диёри)дир. Агар улар (мана шу ҳақиқатни) билганларида эди!» (Анкабут сураси, 64-оят).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳга қасам, бу дунё Охиратга нисбатан ҳеч нарса эмасдир, магар мисоли бировингиз бармоғини денгизга солиб қайтиб олганида ўша бармоқда қоладиган намлик кабидир”. (Аҳмад, Муслим ва ибн Можжа ривояти).
Саҳл ибн Саъд розияллоху анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар дунё Оллоҳ таоло наздида бир пашшанинг қанотига тенг бўлганида, кофирга ундан бир култум сув ҳам бермаган бўлур эди”. (Термизий ривояти).
“Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир, холос”.
Маълумки, ўйин-кулги жиддий ва зарур ишдан қўядиган машғулотдир. Ким ўйин-кулгига берилса, зиммасидаги вазифаларини адо қилишдан оқсайди ёки умуман адо қила олмайди. Худди шунга ўхшаш, ҳаёти дунёга берилиб, фақат дунёвий истаклар кетидан қувган кимса ҳам Охират учун қилиши фарз бўлган амаллардан оқсайди ёки умуман Охират борлигини, у жойда ҳисоб-китоб, мукофот-жазо борлигини унутиб юборади.
Ибн Аббос розияллоху анхумо айтади: “Ояти кариманинг бу жумласи кофир-динсизлар ҳаёти тўғрисидадир. Чунки кофир кимса бутун ҳаётини ёлғон ва ботил амаллар билан ўтказади.
Аммо мўминнинг ҳаётини солиҳ амаллар безайди, бас, у ҳаёт фақат ўйин-кулгидан иборат бўлиб қолмайди”.
Биз ҳаёти дунё иборасини дунё ҳаёти деб тушунамиз ва бу бир жиҳатдан тўғридир. Лекин дунё лафзини биз тушунгандан бошқа маъноси ҳам борки, у тубан, паст деган маънодир. Каломуллоҳдек ҳар бир калимаси теран Ҳикмат бўлган Китобда, яшаётган бу ҳаётимизни “Тубан ҳаёт” деб аталиши бежиз эмасдир, албатта. Агар ибрат кўзи билан қаралса, бу атаманинг нақадар тўғри ва адолатли эканлигини тасдиқловчи жуда кўп далилларга дуч келамиз. Ахир иймонли, солиҳ амалли, покиза мўмин билан иймонсиз кофир, Оллоҳни ҳам, одамларни ҳам алдашни ўзига мақсад ва касб қилиб олган мунофиқ ёнма-ён яшаса, энг ачинарлиси, кўпинча мана шу кейингиларнинг қўли баланд келса, яхши баҳосини, ёмон жазосини олмаса, яна ҳам афсусланарли томони, кўпчилик одамлар мана шу адо-латсизликни оддий ҳол деб қабул қилиб кун кўраётган бўлсалар, бу ҳаётни тубан ҳаёт демай яна нима деб аташ мумкин? Яна бошқа томондан назар ташлайдиган бўлсак, бутун инсониятнинг ота-онаси бўлмиш Одам ва Ҳавво қилиб қўйган хатолари сабабли Оллоҳ таолонинг Амри билан осмонлар устидаги жаннатдан пастга, Ерга, бошқача айтганда, энг юксак, роҳатли ҳаётдан тубанга, меҳнат-машаққатли ҳаётга туширилмадилар-ми? Ёки мангу Охират олдида бу ўткинчи дунё ўта арзимас, тубан эканлигини қайси ақли хуши жойида бўлган одам инкор қилади? Қолаверса, балки энг муҳими, ҳар бир сўзи Ҳақ бўлган, ҳеч қачон ваъдасига хилоф қилмайдиган Ҳақ таоло дунёга муккасидан кетмай Охират ғами билан яшаган, модданинг қули бўлмасдан руҳоний поклик йўлини танлаган, яъни, Оллоҳ ва Охиратга иймон-ишонч билан, ўша иймони тақозо қилган солиҳ амаллар билан ўтган инсонларни ота ватанларига - кўкдаги жаннатларга киритишни ваъда қилган бўлса, ўшандай роҳатли ва мангу сао-датли ҳаётни қўйиб, мана бу ўткинчи дунёни танлайдиганлар кимлар ва улар бу қилмишлари учун Яратган томонидан қандай жазога мустаҳиқ бўладилар?
“Охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёри)дир. Агар улар (мана шу ҳақиқатни) билганларида эди”.
Чунки дунё роҳатлари, лаззатлари худди кундуз ва кеча тинмай алма-шиб турганидек, доимо меҳнат-машаққатларга, алам-азобларга алмашиб туради, Охират саодати эса ҳеч қачон йўқ бўлмайди, ўзгармайди - у мангу саодатдир. Бас, ақлли киши улардан қай бирини танлашни билиши керак-ку?! Лекин, таассуфки, динсиз кимсалар дунё ҳаёти ўткинчи, Охират ҳаёти эса мангу эканлигини билмайдилар ва: “(Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир (Айримларимиз) ўлсак, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз”. (Мўминун сураси, 37-оят) деб ўтиб кетаверадилар!

40. Аниқки, ким бирон ёмонлик қилса, унга (Охиратда ўша ёмонлиги) баробарида жазо берилур. Ва эркакми, аёлми ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга дохил бўлурлар (ва) у жойда уларга беҳисоб ризқ берилур.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мазкур мўмин банда тилидан ёмон-ликнинг жазоси албатта ёмонлик бўлишини айтиб, ёмонларни огоҳлантиради. Оятда зикр қилинган “ёмонлик”дан мурод, Оллоҳ таолога кофир бўлиш, Унга ширк келтириш ва Унинг Амрига бўйинсунмасдан итоатсизлик қилиш ҳамда Дини Ислом қайтарган ишни қилишдир. Айтиб ўтилганидек, чиройли амал қилгувчи мўминларга Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳамати билан неча баробар зиёда мукофотлар ато этилса, энди ёмонлик қилгувчи кимсаларга эса, Оллоҳ таолонинг Адолати билан фақат қилган ёмонликлари баробарида, бирга бир жазо берилади.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло айтди: “Чиройли бир амалга ўн баробар мукофот ато этурман ёки бериладиган ажрни ундан ҳам зиёда қилурман. Бир ёмон амалга эса фақат бир жазо берурман ёки кечириб юборурман. Бас, бирлари (яъни, ёмонлик, гуноҳлари) ўнларидан (яъни, чиройли амалларидан) ғолиб бўлган кимсага ҳалокат бўлгай!”
Ояти каримани ўқиб-англаган киши Муқаддас Динимиз ҳақида ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган ўта муҳим маълумотларга эга бўлади: Биринчидан, Ҳақ таоло Шариат аҳкомларига амал қилишни эркаг-у аёл барча бандаларига буюрди ва амал қилган барча эркаг-у аёлга баробар ажр беришни ваъда қилди. Иккинчидан, фақат мўмин ҳолда қилинган амал мақбул бўлиши, демак, динсиз-иймонсиз кимсалар қандай яхши ишларни қилмасинлар, ҳаммаси беҳуда, ҳабата кетиши баён этилди.
Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам аниқ айтилган: “(Зотан), Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз”. (Фурқон сураси, 23-оят).
Исломий ақидага кўра Ёлғиз Оллоҳга иймон келтирмасдан туриб қилинган ёки Ягона Оллоҳни кўзламасдан хўжакўрсинга қилинган ҳар қандай яхши амал ҳам худди ҳавода учиб юрган чанг-тўзон каби фойдасиздир. Шу боисдан бут-санамлар йўлида қилинган ёки яхши ном чиқариш учун риёкорлик билан қилинган «савоб иш»ларнинг эгалари учун Қиёмат Кунида бирон ажру мукофот бўлмас.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобининг мусаннифи шайх Мустафо Мансурий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ояти карима иймон билан солиҳ амал бошқа-бошқа нарсалар эканига далолат қилади. Чунки Оллоҳ таоло солиҳ амалнинг ажр-мукофотга сабаб бўлиши учун иймонни шарт қилиб қўйди. Маълумки, бир нарсага ўша нарсанинг ўзи шарт қилинмайди, балки нарса ва унинг шарти бошқа-бошқа нарсалар бўлади”.
Учинчидан, ояти карима матнидан аниқ маълум бўладики, эркакми, аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса (Шариати Исломийя буюрган ҳар бир амал солиҳ амалдир), Оллоҳ таоло унга бу дунёда покиза ҳаёт, Охиратда эса, энг яхши амалларга бериладиган ажр-мукофотлар ато этади.
41-42. Эй қавмим, нега мен сизларни нажотга - жаннатга чорласам, сизлар мени дўзахга чақирмоқдасизлар? Сизлар мени Оллоҳга кофир бўлишга ва мен учун (илоҳ эканлиги ҳақида) ҳеч қандай маълумот бўлмаган нарсаларни У Зотга шерик қилишга чақирмоқдасизлар. Мен эса сизларни Қудратли, бениҳоя Мағфиратли Зотга чорламоқдаман.
Яъни, эй қавмим, сизлар мени жуда қаттиқ таажубга солмоқдасизлар-ку! Мен сизларга нима демоқдаман-у, сизлар менга нима деяпсизлар?! Ахир мен сизларни Оллоҳтаолога иймон келтириб, Унга ҳеч кимни шерик қилмай Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш билан ва У сизларга юборган элчига итоат қилиш билан дўзахдан нажот топиб жаннатга киришга даъват қилмоқдаманку?! Сизлар бўлсангиз, мени ширк келтиришга ва дўзах аҳлининг амалини қилишга чақирмоқдасизлар-а! Сизлар мени Танҳо Илоҳ бўлмиш Оллоҳ таолога куфр келтиришга ва Унга шерик эканлиги ҳақида менинг ҳеч қандай маълумотим бўлмаган нарсаларни Унинг шериклари дейишга ва ўша сохта илоҳларга сиғинишга чақир-моқдасизлар! Мен бўлсам, сизларни ҳақиқий Илоҳий Сифатларнинг барчасига - Иззат, Қудрат, Ғолиблик, Билим, Ирода - Ўзи истаган ишни қилишлик, кечиришга ҳам, азоблашга ҳам Қодирлик ва яна бошқа Илоҳий Сифатларининг барча-барчасига эга бўлган Оллоҳ таолога иймон келтиришга чақирмоқдаман. Бас, эй қавмим, сизлар яна ўша Ҳақ Оллоҳга иймон келтиринглар, У сизларни қилган гуноҳларингизни кечиради ва сизларни азиз-у мукаррам қилади. Зеро У кофир бўлган кимсалардан интиқом олишда Иззат-Қудрат Соҳибидир ва тавба қилиб иймон келтирган бандаларининг барча гуноҳларини Кечиргувчи - Ғаффордир.

43. Шак-шубҳа йўқки, албатта сизлар мени (ибодат қилишга) чақираётган бутларингиз (жонсиз нарсалар бўлгани сабабли) на дунёда ва на Охиратда (бирон кимсани ўзларига ибодат қилиш учун) даъват қилмас. Ва албатта (барчаларимизнинг) Оллоҳга қайтишимиз бордир. Дарҳақиқат, ҳаддан ошувчи кимсалар - улар дўзах эгаларидирлар.
Яъни, эй қавмим, сизлар мени сиғинишга чақираётган бут-санамларингиз бу дунёда ҳам ҳеч кимни ўзларига ибодат қилишга чақирмайдилар ҳам, обидлари қилган дуо-илтижоларни эшитмайдилар ҳам, чунки улар эшитмайдиган, кўрмайдиган жонсиз нарсалар бўлганлари учун ҳеч қачон илоҳликни даъво қилмайдилар, Охиратда бўлса, обидларидан тонадилар ва ҳаммамиз Ёлғиз Оллоҳ таолонинг ҳузурига қайтамиз, сўнгра У барчани ўзи мустаҳиқ бўлган жазо билан жазолаб, мўмин бандаларини Ўз Раҳматига - жаннатига дохил қилади, бандалик ҳаддидан ошган мушрик-кофир кимсалрни эса, жаҳаннамга ҳукм қилади. Чунки фақат улар дўзах эгаларидирлар.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: «(Эй мушриклар), сизлар У Зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсаларда сизларга жавоб қила олмаслар ва Қиёмат Кунида (уларни Оллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, дунё-ю Охират ҳақида ҳеч ким) Сизга Хабардор Зот (яъни, Оллоҳ) каби хабар бера олмас». (Фотир сураси, 13-14-оятлар). «Оллоҳни қўйиб, Қиёмат Кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан гофилдирлар! (Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Оллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар». (Ахқоф сураси, 5-6-оятлар).

44. Ҳали (бошларингизга азоб тушганида албатта ҳозир) мен сизларга айтаётган сўзларни эслайсизлар. Мен ўз ишимни Оллоҳга топширурман. Зеро, Оллоҳ бандаларини Кўриб тургувчидир».
Яъни, Фиръавн ва унинг одамлари мазкур мўмин инсон айтган шунча панд-насиҳатларни қабул қилмасдан, аксинча, унга ёмон сўзлар билан таҳдидлар қилиша бошлагач, у золим қавмни сўнгги бор огоҳлантириб шундай деди: “Ҳали сизлар бошларингизга Оллоҳнинг азоби тушган кунда мен айтган сўзларни албатта эслайсизлар. Мен эса сизларнинг бундай қўрқитув-ҳуркитувларингиздан мутлақо қўрқмайман. Чунки мен Ёлғиз Оллоҳ таолога таваккул қилурман - суянурман ва барча ишларимни Унга топширурман. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Оллоҳ таоло бандаларини Кўриб тургувчи, уларнинг барча аҳволидан Хабардор Зотдир. Албатта, У Ўзига илтижо қилган бандаларига нажот берур”. Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мана шу сўзларни айтгач, у мўмин киши золим-кофирлар ичидан чиқиб, яширинча тоғ томонга йўл солди ва уни ўлдирмоқчи бўлиб ортидан чиққан кофир қавм уни топа олмади”. (“Тафсири Мунийр”дан).

45-46. Бас, Оллоҳ у (иймон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макр-ҳийлаларидан сақлади, Фиръавн хонадонини эса ёмон азоб ўраб олди. (Мазкур азоб бир) оловдирки, улар эрта-ю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига); «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур).
Яъни, Оллоҳ таоло у мўмин бандасини бу дунёда ҳам Ўз ҳифзу ҳимоясига олди - уни Фиръавн одамларининг ёмон макрларидан, суйиқасдларидан халос қилиб, худди Мусо алайҳис-саломни қутқарганидек, уни ҳам Фиръавн чангалидан қутқарди. Шунингдек, Ҳақ таоло унга Охират диёри-да ҳам нажот бериб, жаннат неъматини ато этди. Фиръавн ва унинг қавмини эса, бу дунёда ҳам энг ёмон азобга гирифтор қилиб, барчаларини денгизга ғарқ қилиб юборди, Охиратда ҳам улар энг ашаддий азоб билан азобланурлар. Охират диёридаги у кофир қавм ўлишлари билан барзах оламида дучор қилинадиган энг қаттиқ азоб - қабр азоби бўлиб, улар ҳар куни эрта-ю кеч дўзах ўтига кўндаланг қилинурлар ва улардан ҳар бирига “мана шу дўзах сенинг мангу азобланадиган жойингдир” дейилур. Қиёмат Куни келганида эса, уларнинг жисму жонлари дўзахда жамланиб, дўзах посбонлари бўлган фаришталарга Оллоҳтаоло томонидан: “Фиръавн хонадонини дўзахга киритинглар, ўша жойда улар учун энг ашаддий азоб ва ҳеч қачон тугамайдиган энг қаттиқ қийноқлар бўлур”, деб амр қилинур.
Ушбу оят барча уламолар томонидан қабр азоби ҳақ эканига очиқ далил деб тафсир қилинган. Чунки унда ҳали Қиёмат қойим бўлмасдан туриб Фиръавн ва унга эргашган кофирлар эрта-ю кеч олов азобига гирифтор қилинишлари очиқ-ойдин баён қилинди. Яна неча ўнлаб муборак ҳадислар ҳам ушбу ояти карима мазмунини - қабрда азоб бўлишини тасдиқлайди. Демак, бу ҳар бир мусулмон учун қабр азобига иймон келтириш вожиб эканлигига очиқ ҳужжатдир.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албаттта, сизлардан ҳар бирингиз ўлганида унга эрта-ю кеч, ҳар куни борадиган жойи кўрсатиб турилади. Агар у жаннат аҳлидан бўлса, бас, унга жаннат аҳлидан эканлиги, агар у дўзах аҳлидан бўлса, бас, унга дўзах аҳлидан эканлиги айтилиб, “мана шу сенинг жойингдир, токи Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида сени қайта тирилтириб ўша жойгача киритгунича жойинг мана шу қабрингдир”, дейилур”. (Имом Бухори, Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар. “Тафсири Қуртубий”дан).

47-48. Ўшанда улар дўзахда ўзаро тортишиб, бечора (эргашувчи) лар мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларига): «Бизлар сизларга эргашган эдик, энди сизлар биздан дўзах (азоби)дан бирон бўлагини дафъ қила олурмисизлар», дер эканлар, мутакаббир кимсалар айтдилар: «Аниқки, бизларнинг барчамиз (дўзахдадирмиз). Дарҳақиқат, Оллоҳ бандалари ўртасида Ўз ҳукмини чиқарди».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, қавмингизга айтингки, ўшанда -Қиёмат Кунида дўзах аҳли ўзларининг дўзахдаги жойларига киритилиб, энг қаттиқ азоблар билан азобланар эканлар, бир-бирлари билан талашиб тортиша бошлайдилар. Ушбу ояти каримани мана бу оятлар ҳам тафсир қилиб беради: «(Қиёмат Кунида) барча (халойиқ қабрларидан чиқарилиб) Оллоҳ(га ҳисоб-китоб бериш) учун кўриндилар, бас, ожиз-нотавон (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларига): «Бизлар (ҳаёти дунёдалик пайтимизда) сизларга эргашган эдик, энди (бу Кун) сизлар Оллоҳнинг азобидан бирон нарсани бизлардан дафъ қила олурмисизлар?!» деган эдилар, улар айтдилар: «Агар Оллоҳ бизни (Ҳақ Йўлга) ҳидоят қилганида биз ҳам сизларни ҳидоятга чақирган бўлур эдик. (Энди эса) дод-вой қиламизми ёки сабр-тоқат қиламизми, биз учун баробардир - энди бизларга нажот йўқдир». (Иброҳим сураси, 21-оят).
Ояти карима Оллоҳ таолонинг Амри билан Қиёмат Кунида жамийки халойиқ У Зотга ҳисоб-китоб бериш ва мўминлар баҳосини, кофирлар жазосини олиш учун қайта тирилганларидан кейин бўладиган воқеалар ҳақида хабар беради.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий ушбу оят тафсирида айтади: “Менга етиб келган хабарга кўра Қиёмат Кунида дўзахга ҳукм қилинган кофирлар у жойдаги азобга тоқат қила олмасдан дўзах қўриқчилари бўлмиш фаришталарга ялиниб-ёлворадилар. Ялиниб-ёлворишларидан ҳеч қандай нафъ чиқмаслигини билишгач, “Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) “Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан кутулайлик”, деб) нидо қилганларида, у: “Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар”, деди”. (Зухруф сураси, 77-оят).
Қачонки кофирлар дўзах азобидан ўлиб ҳам қутулиб бўлмаслигини, яъни, Охират диёрида ўлим йўқлигини билишгач, бир-бирларига қараб: “Бошимизда мана шу кўргуликлар бор экан, келинглар энди сабр қилайлик, шояд сабрнинг бизга фойдаси тегса. Ахир ҳаёти дунёда Оллоҳ таолога тоат-ибодат машаққатларига сабр қилиб ўтган мўминларга ўша сабрларининг фойдаси тегдику - жаннат роҳатларига эришдиларку”, дейишиб, сабр қилишга қарор қилдилар. Аммо узоқ муддат сабр қилсалар ҳам (Муқотилдан ривоят қилинишича, улар дўзах азобига беш юз йил сабр қиладилар), бу сабрларинингуларга ҳеч фойдаси тегмайди. Шундан кейин кофирлар яна шунча муддатни дод-вой билан ўтказдилар ва охир-оқибат ҳақиқатни тан олиб: “Энди бизлар дод-вой қиламизми ёки сабр қиламизми, биз учун баробардир -энди бизларга нажот йўқдир”, дейдилар. (“Маолимут-танзийл” таф-сиридан).

49-50. (Шунда) дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингизга дуо қилингиз, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида; Улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!» «Ҳа, (келган эдилар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилган эдик)», деди улар. (Шунда фаришталар) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни, бефойдадир)».
Дўзах аҳлининг у жойда гирифтор бўладиган азоб-уқубатлари ҳақида Термизий ва бошқа муҳаддис уламолар Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Дўзах аҳли устига шундай очарчилик ташланадики, унинг азоби улар тортаётган бошқа барча азобларга баробар бўлади. Дўзахилар бундай даҳшатли очликдан қутқаришларини сўраб ялиниб-ёлворганларида, уларга “ёрдам” бўлсин деб семиртирмайдиган ва очликдан халос қилмайдиган “Зарийъ” берилади. «Улар учун бирон таом бўлмас, (уларнинг емишлари) фақат (еган кимсани) семиртирмайдиган ва очликдан халос қилмайдиган зарийъдан (заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик) бўлур!» (Ғоишя сураси, 6-7-оятлар). Бас, улар ўша “таом”ни ейдилар-у аммо у ҳеч ҳам қоринларини тўйдирмайди. Сўнг улар яна ёрдам сўраганларида, уларга томоқларга тиқилиб қолгувчи “таом” берилади. «Зеро, Бизнинг даргоҳимизда (кофирлар учун тайёрлаб қўйилган) кишанлар ва (уларни куйдириб азоб бергувчи) олов-дўзах бордир! Ва (томоққа) тиқилгувчи (йиринг ва қон каби) «таом» ҳамда аламли азоб бордир!» (Муззамил сураси, 12-13-оятлар). Бас, у “таом”ни ейишгач, томоқларига тиқилиб қолади ва улар ҳаёти дунёдалик пайтларида тиқилиб қолганларида томоқларидаги таомни сув билан ўтказиб юборганларини эслашиб, сув сўрашади. Шунда уларга қайноқ сув (қўл билан ушлаб бўлмайдиган даражада қайноқ бўлгани учун) чангаклар-да кўтариб берилади. Бас, у қайноқ сув юзларига яқинлашганда уларни куйдириб, қоринларига тушганда ундаги ичак-човоқлар-у, ундаги бошқа нарсаларни ҳам узиб парчалаб юборади. Ана ўшандан кейин «дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингизга дуо қилингиз, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида; Улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!» «Ҳа, (келган эдилар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилган эдик)», деди улар. (Шунда фаришталар) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофир-ларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни, бефойдадир)».

51-52. Албатта Биз Ўз элчи-пайғамбарларимизга ва (уларга) иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз. У Кунда золим-кофир кимсаларга узру баҳоналари фойда бермас ва улар учун лаънат бўлур, улар учун энг ёмон жой - дўзах бўлур.
Ҳақ таолонинг Ўз элчиларига ва мўмин бандаларига ҳаёти дунёда сўзсиз ёрдам бериши, албатта уларни душманлари бўлмиш кофир-мушриклар устидан ғолиб қилиши, душманларини эса ё мағлуб қилиши, ёки ҳалок қилиб юбориши билан бўлади. Шунингдек, мўминлар учун душманларидан интиқом олиши билан бўлади. Суддий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қайси бир кофир қавм бирон пайғамбарни ёки Ҳақ Йўлга даъват қилгувчи мўмин қавмни қатл қиладиган бўлса, албатта Оллоҳ азза ва жалла у кофирлардан интиқом олгувчиларни юборади ва улар ўша қотил қавмни ҳалок қилиб юбориш билан қатл қилинган мўминларнинг ўчини оладилар ва мана шу Оллоҳ таолонинг мўмин бандаларига берган ёрдами бўлади. Энди Ҳақ таолонинг мўминларга Қиёмат Кунида берадиган ёрдами эса, барча гувоҳлар олдида - малоикалар, пайғамбарлар ва маҳшаргоҳга тўпланган жамийки халойиқ гувоҳ бўлиб турган ҳолларида мўминларни Ўз Раҳматига олиб жаннатларга киритиши, кофирларни эса, ҳеч қандай узру бахоналарини қабул қилмай Ўз лаънатига гирифтор қилиб, энг ёмон жой - дўзахга киритишидир. Ояти карима мазмунидан аён бўладики, Оллоҳ таолога ва Унинг элчи-пайғамбарларига иймон келтирган мўминлар ҳаётлик чоғларида ҳам, вафот қилганларида ҳам, Қиёмат Кунида ҳам Унинг мадад-ёрдамига сазовордирлар, Унинг ҳифзу ҳимоясидадирлар. Бу мавзуда муборак ҳадислар ҳам ворид бўлган: Абуд-Дардо розияллоҳу анҳу ва яна бошқа муҳаддислардан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким мусулмон биродарининг орномусини ҳимоя қилса, Оллоҳ азза ва жаллага у бандасини дўзах ўтидан ҳимоя қилиш ҳақ бўлади”, дедилар, сўнгра «Албатта Биз Ўз элчи-пайғамбарларимизга ва (уларга) иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз» оятини тиловат қилдилар. (Термизий ривояти). У зоти шариф соллоллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай деганлар: “Кимда-ким бир мўминни уни ғийбат қилаётган мунофиқдан ҳимоя қилса, Оллоҳ азза ва жалла Қиёмат Кунида уни дўзах ўтидан ҳимоя қиладиган бир фариштани юборур. Кимда-ким бирон мусулмонни уни айблайдиган сўз билан зикр қилса, Оллоҳ азза ва жалла ўша кимсани токи у айтган сўзини исботлаб, ўзини оқламагунича жаҳаннам устидаги кўприкда тўхтатиб қўяди”. (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар. “Тафсири Куртубий”дан).

53-54. Аниқки, Биз Мусога ҳидоят ато этдик ва бани Исроилни ақл эгалари учун ҳидоят ва эслатма-ибрат бўлган Китоб - Тавротга ворис қилдик.
Ояти карима аввалида - “лақод” калимасидаги “лом” ҳарфини уламолар “ломи қасам” деб тафсир қиладилар. Бу ҳолда оят мазмуни шундай бўлади: Қасамки, Биз Мусога Таврот, ва пайғамбарлик ато этдик. Таврот Мусо қавми учун Тўғри Йўлга ҳидоят қилгувчи диний аҳкомлар ва шариат қонунларини ўз ичига олди. Шунингдек, Мусонинг ҳақ пайғамбарлиги чўнтагидан чиқарганида бутун оламни ёритиб юборадиган қўл ва ерга ташласа бир лаҳзада аждарҳога айланадиган асо каби ўнлаб мўъжизалар билан қувватлантирилди. Сўнгра Мусо алайҳис-саломнинг вафотидан кейин Биз токи ақл эгалари учун ҳидоят ва эслатма-ибрат бўлсин деб Тавротни бани Исроил қавмига мерос қилиб қолдирдик.
Мана шу ояти карима мазмунидаги оят Моида сурасида ҳам келади: «Албатта Биз Тавротни Ҳидоят ва Нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. (Оллоҳга) бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, Илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Оллоҳнинг Китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни, Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар ва улар бу Китоб устида гувоҳдирлар». (Моида сураси, 44-оятдан).
Ояти карима Тавротнинг таърифи билан бошланиб, Ҳақ таоло у Китобни Ўзи нозил қилганини, унда яҳудлар учун Ҳидоят, яъни, тўғри ҳукмлар ва ибодатлар баёни бор эканини ҳамда унда Нур бор эканини, яъни, Оллоҳтаолонинг Танҳо Маъбуд эканини, пайғамбарларнинг вазифаларини, Охират аҳволини ва кутилаётган сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларини нур каби ёритиб берувчи оятлар бор эканини айтади.
“(Оллоҳга) бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, Раббоний - Илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Оллоҳнинг Китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни, Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар ва улар бу Китоб устида гувоҳдирлар”.
Ушбу жумлада Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-салом оламдан ўтганидан сўнг то Ийсо алайҳис-салом дунёга келган замонгача бўлган муддат мобайнида юборилган барча пайғамбарлар (уларнинг адади бир ривоятда минг, яна бошқа ривоятга қараганда тўрт мингдан ошиқдир) ҳамда шу орада ўтган яҳудийларнинг Раббоний олимлари ва донишмандлари бани Исроил қавмига Таврот ҳукмларини етказиб, фақат ўша Китоб билан ҳукм юргизганларини айтади. Улар ўзларининг зиммаларидаги омонатга хиёнат қилмай, яҳудийлар Тавротга тўғри ва тўла амал қилишларига гувоҳ бўлиб, уларнинг билмаганларини ўргатиб турганлари ҳақида хабар беради.
Ушбу жумладан яна икки ўта муҳим маълумотга эга бўламиз. Биринчиси, Оллоҳ таоло пайғамбарларни ва то Ийсо алайҳис-салом туғилган замонгача ўтган, Тавротга тўғри ва тўла амал қилган яхудийларни “Оллоҳга бўйинсунувчилар”, яъни, мусулмонлар деб атайди. Чунки барча пайғамбарлар инсонларни Танҳо Оллоҳга бўйинсунишга даъват қилган-лар, бинобарин, уларга итоат этган кишилар ҳам мусулмонлар бўлганлар. Иккинчиси, бу жумладан Таврот ҳукмларига амал қилиш ҳамма одамларга эмас, фақат яҳудларга буюрилгани, бу Китоб фақат бани Исроил қавми учун нозил қилингани маълум бўлади.

55. Бас, Сиз ҳам, (эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушриклар томонидан етаётган озор-азийятларга) сабр қилинг - зеро, Оллоҳнинг (Ўз пайғамбарлари ва мўмин бандаларига ёрдам бериш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир - ва гуноҳингизга мағфират сўранг ҳамда туну кун Парвардигорингизга ҳамду сано билан (У Зотга) тасбеҳ айтинг!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ҳам олис мозийда ўтган Мусо алайҳис-салом ва унинг қавми каби кофир-мушриклар томонидан етаётган ҳар турли озор-азийятларга сабр қилинг ва Ҳақ Динга собитқадам бўлинг, ана ўшанда албатта Ҳақ таоло худди Мусо ва унинг қавмини золим-кофир Фиръавн ва унинг одамларидан халос қилиб, у кофирларни ҳалок қилиб юборгани каби Сизга ва умматингизга ҳам кофир-мушриклар устидан ғалаба ато этади. Чунки Оллоҳтаолонинг Сўзи - Ваъдаси ҳақдир, У Зот ҳеч қачон ваъдасига хилоф иш қилмас. Мазкур ваъда мана бу оятларда зикр қилинган эди: «Аниқки, Бизнинг элчи-пайгамбар қилиб юборган бандаларимиз ҳақида: «Шак-шубҳасиз, улар қўллаб-қувватланг увчилардир ва шак-шубҳасиз, Бизнинг қўшинимиз (яъни, пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлгувчидирлар», деган Сўзимиз ўтган - собит бўлгандир». (Вас-соффот сураси, 171-173-оятлар).
Ушбу оятларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотга иймон келтирган мўминлар албатта мушрик-кофирлар устидан ғолиб бўлишларига ҳамда дунё ва Охиратда нажот топишларига очиқ ишорат бор. Оятда зикр қилинган “Сўзимиз”дан мурод, Мужодала сурасидаги мана бу ояти каримадир: «Оллоҳ (Лавҳул-Маҳфузга): «Шак-шубҳасиз, Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман», деб ёзиб қўйгандир. Албатта Оллоҳ Кучли, Қудратлидир». (Мужодала сураси, 21-оят). Яна бошқа бир ояти каримада ҳам Ҳақ таоло: “Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлди”, деб, Оллоҳ таолога чин ихлос билан иймон келтириш ва Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш дунё ва Охиратда ғалаба қозонишнинг энг ишончли кафолати эканлигини айтади. Бу ҳақда мана бу оятларда ҳам аниқ хабар берилган: «Эй мўминлар, агар сизлар Оллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни, Унинг Йўлида жиҳод қилсангизлар), У Зот ҳам сизларга ёрдам берур ва (жанг майдонида) қадамларингизни собит-барқарор қилур.» (Муҳаммад сураси, 7-оят). «Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз». (Ғофир сураси, 51-оят). Демак, Холиққа суянган ва Унинг элчиларига итоат этган инсонлар албатта махлуқларга ишонган ва уларнинг кўрсатмаларига амал қиладиган кимсалар устидан ҳар икки дунёда ғолиб бўлишлари аниқдир.
“Ва гуноҳингизга мағфират сўранг ҳамда туну кун Парвардигорингизга ҳамду сано билан У Зотга тасбеҳ айтинг!”
Ояти карима давомидаги ушбу жумладан жой олган “гуноҳингизга мағфират сўранг”, ибоарсини муфассир уламолар турлича тафсир қилганлар: маълумки, Оллоҳ таолонинг элчи-пайғамбарлари гуноҳлардан маъсум, яъни, бегуноҳ инсонлардир. Шунинг учун дейилдики, мазкур жумлада бир сўз ҳазф қилинган (жумла зимнига олинган) бўлиб, асли у “умматингизнинг гуноҳига мағфират сўранг”, деган маънодадир. Яна бошқа уламолар эса: “ушбу Илоҳий Амр Оллоҳ таоло томонидан Ўз Элчисига унинг ҳам Оллоҳнинг қули эканини таъкидлаш бўлиб, Сиз ҳам даражангиз янада баланд бўлиши учун ва бу иш умматларингизга бир суннат бўлиб қолиши учун гарчи Сизнинг аввал-у охир қилган саҳв-хатоларингиз кечириб юборилган бўлса-да, Яратгандан гуноҳингизга мағфират сўрашни ўзингизга одат қилинг” мазмунидадир”, деб тафсир қиладилар. (“Тафсири Куртубий”, “Тафсири Бағавий” ва “Танвийрул-азҳон” тафсирларидан). Жумла давомида Ҳақ таоло Ўз Элчисига ва у зотнинг барча умматларига эрта-ю кеч, кун-у тун беш вақт намозда бардавом бўлиб Яратганга ҳамд айтиш билан У Зотнинг ҳар қандай айб-нуқсондан Пок Парвардигор эка-нини эътироф этиб боришларини буюради. Ушбу Амри Илоҳий бошқа оятларда ҳам такрор-такрор таъкидаланади: «Бас, (эй Муҳаммад алай-ҳис-салом), Сиз улар айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У Зотни) покланг - намоз ўқинг! Тунги соатларда ҳамда кундузнинг (аввалги ва охирги) тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг - намоз ўқинг, шояд шунда (Парвардигорингиз Охират диёрида берадиган ажр-мукофотлардан) рози бўлурсиз». (Тоҳа сураси, 130-оят). «Бас, сизлар, (эй мўминлар), тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам, оқшомда ҳам, пешин пайтига киришларингизда ҳам Оллоҳга тасбеҳ айтингиз (яъни, У Зотга ҳамду сано айтингиз! Зеро), осмонлар ва Ердаги бор ҳамду сано Уникидир (яъни, коинотдаги барча мавжудот Унга ҳамду сано айтур)». (Рум сураси, 17-18-оятлар).

56. Албатта Оллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиган кимсалар, аниқки, уларнинг дилларида ҳеч нарса йўқ, фақат бир кибр бордирки, улар ўшанга (яъни, ўзлари орзу қилган катталикка) ҳеч қачон етувчи эмасдирлар. Бас, Сиз Оллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта Унинг Ўзи Эшитгувчи, Кўриб тургувчидир.
Юқорида, сурайи кариманинг 35-оятида ҳам Оллоҳ таолонинг оятларига иймон келтирмай, қўлларида бирон-бир ҳужжат-далил бўлмаган ҳолларида мўминлар билан талашиб-тортишадиган кимсалар ҳақида айтилган ва улар Оллоҳ таолонинг ҳам, мўминларнинг ҳам нафрат-лаънатига дучор бўлишлари аниқ эканлиги таъкидланиб, Оллоҳ таоло бундай мутакаббир, зўравон кимсаларнинг қалбларини муҳрлаб қўйиши зикр қилинган эди. Энди ушбу ояти каримада яна бир марта ўша мавзуга қай-тилиб, мазкур кофир-мушрик кимсларни Оллоҳ таолонинг оятларини қабул қилишдан тўсадиган нарса фақатгина уларнинг қалбларини эгаллаб олган кибр деган иллат эканлиги айтилади. Фақат кибрлари уларни Ҳақ Динни қабул қилишдан, Оллоҳ таолонинг оятларига иймон келтиришдан ва Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат этишдан тўсиб туради, улар катталик, пайғамбарлик бизники бўлиши керак деб тамаъ қиладилар, ҳақ Пайғамбарга бўйсунишни ўзлари учун ор деб биладилар, лекин, ҳеч қачон ўзлари хом хаёл қилган ўша катталикка ета олмайдилар, балки, модомики Ҳақ Йўлни қабул қилмас эканлар, абадул-абдад Оллоҳ таолонинг ва мўминларнинг нафрат-лаънатига учраб, хор ва забун ҳолда қолаверадилар. Уларнинг қиладиган ишлари фақат ҳеч қандай далил-ҳужжатлари бўлмаган ҳолларида Оллоҳ таолонинг оятларини рад этиб, мўмин-мусулмонлар билан талашиб-тортишиш бўлади, холос. Бас, ҳар бир мўмин учун ундай мутакаббир мушрик-кофирларнинг адаштиришларидан сақланиш йўли - Оллоҳ таолога илтижо қилиб, уларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрашидир, Ҳақ Динда устувор бўлиб, Ҳақ таолодан уни адашганлардан йироқ қилишини сўраб дуо қилишидир. Чунки Оллоҳ бандаларининг сўзларини Эшитгувчи, қилаётган ишларини Кўриб тургувчидир.

57. Шак-шубҳасиз, осмонлар ва Ерни яратиш инсонларни яратишдан каттароқ (иш)дир. Лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар.
Ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятдир: «Ёки улар (яъни, кофир кимсалар) осмонлар ва Ерни яратган Оллоҳ инсонлар каби (кичик ва заиф мавжудот)ларни қайтадан яратишга албатта Қодир Зот эканлигини кўрмадиларми - билмадиларми?! Унинг Ўзи улар учун шак-шубҳасиз бўлган ажални белгилаб қўйгандир. Бас, у золим кимсалар фақат куфргагина рози бўлдилар». (Ал-Исро сураси, 99-оят).
Ояти кариманинг аввалги жумласида Охират борлигига иймон келтирмаган кимсалар ҳақида сўз боради.
Яъни, ўша Охиратда қайта тирилиш ҳақ эканлигини инкор қилаётган ва “суякларимизгача чириб кетганидан кейин қандай қилиб қайта тириламиз?” деяётган кофир кимсалар кўз ўнгларидаги осмонлар ва Ерни -шундай буюк махлуқотларни йўқдан бор қилган Оллоҳ уларга нисбатан минг-минг баробар кичик ва заиф бўлган инсон кабиларни чириган жасадларига қайтадан жон киритишга албатта Қодир эканлигига ақллари етмадими?!
Кофирларга: «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», дейилса: «Оллоҳ», дейдилар-у, аммо «Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча инсонни қайта тирилтиради», дейилса, ишонмайдилар. Мазкур ояти карима ана ўшаларга берилган танбеҳдир.
“(Эй мушриклар), сизларни яратиш қийинроқми ёки осмонними?! (Яъни, бутун Ер куррасининг атрофини ўзга сайёралардан бирон зиён етмаслиги учун том - осмон билан қоплаб кўйишга Қодир бўлган Зот учун сизларни яратиш ёки қайта тирилтириш ҳеч гап эмас-ку! Оллоҳ) уни бино қилди”. (Ван-нозиот сураси, 27-оят).
“Унинг Ўзи улар учун шак-шубҳасиз бўлган ажални белгилаб қўйгандир”.
Яъни, ҳар бир инсонни Ўзи хоҳлаган соатда дунёга келтирган Оллоҳ таоло уларни дунёдан кетказиш учун ва жасадларига яна қайтадан жон киритиш - тирилтириш учун ҳам ҳеч шак-шубҳасиз келадиган аниқ ажал-муддатни белгилаб қўйдики, ҳар бир инсон ана ўша белгилаб қўйилган ажали битган соатда - ундан бир сония аввал ҳам кейин ҳам эмас - ўлади ва қайта тирилиш учун белгилаб қўйилган ажал етиб келган соатда барча инсонлар қайта тириладилар. Бу аён Ҳақиқатдир.
Аммо куфр келтириш билан ўз жонларига жабр-зулм қилган кимсалар ушбу Ҳақиқатдан тамомила юз ўгирдилар ва куфрдан бошқа барча нарсадан бош тортдилар. Оқибат-натижада жаҳаннамнинг мангу азобига гирифтор бўлдилар.

58. Кўр (гумроҳ) билан кўргувчи (Ҳақ Йўлга ҳидоят топган киши), иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар билан ёмонлик қилгувчи кимса баробар бўлмас. Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мушрикларга ҳеч қачон динсиз кофир билан диндор мўмин баробар бўлмаслигини, динсизлик кўрлик эканини, мўмин инсон эса Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийга эргашиб, иймон нима-ю куфр нима эканини билиб, қандай амалларни қилиш кераклигини, қандай ишлардан тийилиш кераклигини, яъни, нима савоб-у нима гуноҳ эканини англаб, Ҳақ таоло кўрсатган Тўғри Йўлни - Жаннат Йўлини кўриб боргувчи инсон эканини айтишни ва уларни тафаккур қилишга, улар ёпишиб олган мушриклик нима-ю, Расулуллоҳ даъват қилаётган Ислом нима экани ҳақида ўйлаб кўришга чақиришни буюради.
“Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?”
Яъни, куфр билан иймон баробар бўлурми? Албатта баробар бўлмас. Чунки куфр йўли қоронғи йўлдир. Бу йўлга кирган одам қаёққа кетаётганини ҳам, қаерда кетаётганини ҳам билмай, инсонийлиқдан ажраб, охир-оқибат дўзах чоҳига қулаши муқаррардир. Иймон йўли эса, ёруғ - мунаввар йўл бўлиб, унинг белгилари аниқ. Бу Йўлнинг Раҳнамоси - мўминларнинг Буюк Дўсти бўлмиш ОллоҳтаолонингЎзидир. У мўмин бандаларига бу Йўлда қандай амаллар қилиш кераклигини, қаерда тўхтаб, қаерда юриш кераклигини кўрсатиб туради. Мана шу Илоҳий кўрсатмаларга амал қилган мўмин банда адашмай - қоқилмай, охир-оқибатда йўлнинг поёнига - жаннатларга етади.
Ояти карима ниҳоясида мушрик-кофир кимсаларга хитоб қилиниб, улар каби тақдири азалда пешоналарига бахтсизлик - куфр ёзиб қўйилган кимсалар бундай ибратли мисоллардан камдан-кам эслатма-ибрат олишлари айтилади.

59. Соат - Қиёмат шак-шубҳасиз келгувчидир. У ҳақда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Лекин кўп одамлар (ўша Соат албатта кели-шига) иймон келтирмаслар.
Ояти каримада Қиёмат Куни “Соат” деб номланишига сабаб, айрим муфассирлар айтишларича, унинг тўсатдан келиши, дунёнинг сўнгги соати бўлгани ва аввал-у охир барча халойиқдан ким жаннати, ким дўзахи бўлиши Ҳақ таоло тарафидан бир соат ичида ҳал қилинишидир. Бас, ана ўша Қиёмат Соати албатта келгувчидир. Демак, ҳар бир инсон у Кунга иймон келтириши ва У Кунда бўладиган ҳисоб-китобга тайёргарлик кўриб, яъни, ҳаётининг ҳар бир кунини яхши амаллар билан тўлдириб яшаши лозим. Лекин инсониятнинг аксари қисми албатта қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинишларига ишонмайдилар, балки, ўша Куннинг мавжудлигини ҳам ёлғон дейдилар ва ҳаётларини куфру исён билан ўтказадилар.

60. (Эй инсонлар), Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қиладиган кимсалар яқинда бўйинларини букиб жаҳаннамга кирурлар», деди.
Ушбу ояти каримда Ҳақ таоло бандаларига “Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен албатта дуоларингизни мустажоб қилурман”, деб буюрди. Бас, ҳар бир банда Меҳрибон Парвардигори бўлмиш Оллоҳ таолога дуо қилиши вожиб бўлиб, дуо қилгувчи Яратганнинг Лутфу Марҳаматига ўта муҳтож банда эканлигини жуда гўзал ва аниқ суратда кўрсатиб турадиган солиҳ амалдир, балки, улуғ бир ибодатдир. Бу хусусда ҳадиси шарифда ҳам айтилган. Имом Бухорий ва яна тўрт саҳиҳ ҳадислар тўпламларининг мусаннифлари Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можжа ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта дуо ибодатдир”, дедилар, сўнгра ушбу ояти каримани тиловат қилдилар. Демак, ояти каримадаги: «Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қиладиган кимсалар» ибораси «Менга дуо қилишдан кибр-ҳаво қилдиган кимсалар» деган маънода бўлиб, Яратганга дуо қилишдан бош тортадиган кимсалар албатта бўйинла-рини букиб жаҳаннамга киришлари ҳақида хабар берилади.
Яна Аҳмад ва Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким Оллоҳ азза ва жаллага дуо қилмаса, Оллоҳ ундан ғазабланади”, дедилар.
Ояти карима лафзидан Оллоҳ азза ва жалла Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига бениҳоя Меҳрибон экани очиқ кўринади - У Зот ҳеч қандай алоҳида шарт қўймасдан “Менга дуо қилинглар, дуоларингизни албатта ижобат қиламан», яъни, «сўранглар, сўраган-ларингизни бераман”, деб ваъда қилади. Қатода Каъбул-Аҳбордан ҳикоя қилади: Ушбу умматга илгари фақат пайғамбарларга берилган уч нарса ато этилди: илгари Оллоҳтаоло бир пайғамбар юборса, унга: “Сен умматинг устида гувоҳсан”, дер эди, ушбу умматга эса Ҳақ таоло “Сизлар одамлар устида гувоҳсизлар”, (Бақара сураси, 143-оят) деди. Илгари фақат пайғамбарга “динда сенга ҳеч қандай ҳараж-танглик йўқ”, дейилар эди, ушбу умматга ҳам “Оллоҳ бу Динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади”, дейилди. Илгари пайғамбарга: “Менга дуо қилгин, Мен ижобат қиламан”, дейилар эди, ушбу умматга ҳам “Менга дуо қилинглар, Мен сизларга қилган дуоларингизни ижобат қилурман”, дейил-ди. (“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Мунийр”дан).

61. Оллоҳ сизлар ором олишингиз учун кечани (қоронғу) ва (касбу кор, сайру саёҳат қилишингиз учун) кундузни очиқ-ёруғ қилиб қўйган Зотдир. Албатта Оллоҳ одамларга Фазлу Марҳамат Соҳибидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар.
Яъни, Оллоҳ таолонинг тенгсиз Қудрат Соҳиби эканига далолат қиладиган белгилардан яна бири шуки, У замонни иккига бўлиб, кеча ва кундуз қилиб қўйди. Кечани одамлар ором олиб чарчоқлари ёзилиши учун, кундузнинг югур-югурларидан тин олиб, кун бўйи қилган ишларини фикрлари сочилмасдан хотиржам мулоҳаза қилиб тўғри хулосаларга келишлари учун ҳеч ким безовта қилмайдиган қоронғу қилиб - “чироқни ўчириб” қўйди.
Замоннинг яна бир бўлагини эса тирикчилик, саъй-ҳаракат, сафар-саёҳат ва бошқа эҳтиёжларни қондириш учун мослаб ёруғ қилиб қўйди.
Бу ҳақда бошқа сураларда ҳам хабар берилган: “Биз уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик. Биз Кечани (ўз қоронғуси билан барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. Кундузни эса тирикчилик (учун белгиланган вақт) қилдик.” (Набаъ сураси, 9-11-оятлар). “Биз кеча ва кундузни (Ўзимизнинг Қудрати Илоҳийямизни кўрсатиб турадиган) икки оят - аломат қилиб қўйдик. Сўнг (сизлар тунда ором олишларингиз учун) кечанинг аломати (бўлмиш ой)ни «ўчириб» қўйдик (яъни, ой юзини доғ билан қоплаб атрофга нур соча олмайдиган қилиб қўйдик), кундуз аломати (бўлмиш қуёш)ни эса, сизлар Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқу рўз) исташларингиз учун ёруғликнур сочувчи қилиб қўйдик. Токи сизлар йилларнинг саноғини ва ҳисоб-китобни билишларингиз учун (кеча ва кундузни пайдар-пай келадиган қилиб қўйдик). Ва Биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйдик. (Яъни, дунёдаги содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг воқеъ бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил баён қилиб қўйилган-дир).” (Ал-Исро сураси, 12-оят).
“Албатта Оллоҳ одамларга Фазлу Марҳамат Соҳибидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар”.
Дарҳақиқат, Ҳақ таолонинг инсонларга Фазлу Марҳамати беқиёс ва бениҳоядир. Меҳрибон Парвардигоримиз Ўз Марҳаматини ҳаёти дунёда нафақат мўмин бандаларидан, ҳатто мушрик-кофир кимсалардан ҳам дариғ тутмайди. Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиганлари учун уларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида дарҳол жазо бермасдан, тавба қилишларига, ўзларини тузатиб олишларига муҳлат бергани Ҳақ таолонинг Фазлу Марҳамат Соҳиби эканлигидандир. У Зот инсонларга Фазлу Марҳамат Соҳиби бўлгани учун ҳам уларга тавба-тазарруъ қилиб Тўғри Йўлга ту-шишлари учун муҳлат берди, яхши билан ёмонни, ҳақ билан ботилни ажратсинлар деб ақл неъматини ато қилди, Ўз ҳузуридан элчилар юбориб, Туғри Йўлни кўрсатди, Китоблар нозил қилиб, дунё ва Охират ишларидан уларнинг ақллари қосирлик қиладиган ҳукмларни очиқ-равшан баён қилди, нима ҳалол-у, нима ҳаром эканини билдирди, улар учун манфаатли бўлган барча нарсаларни ҳалол қилди, фақат зиёнли нарсаларни уларга ҳаром қилди, Оллоҳ таолога қандай тоат-ибодат қилишни таълим берди, уларни ризқу рўз билан таъминлашни Ўз зиммасига олди ва яна бошқа сон-саноқсиз неъматлар ато қилди.
Ҳатто кеча ва кундузни ҳам одамлар ором-роҳатли ва баракотли ҳаёт кечиришлари учун хизматкор қилиб кўйди.
“Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар”.
Яъни, Оллоҳ таоло кўрсатган Тўгри Йўлга юрмайдидар, Оллоҳ ҳалол қилган айрим нарсаларни ҳаром қилиб олиб ўзларини қийнайдилар, куч-кувват ва имкониятларини Ҳақ таоло буюрган солиҳ амалларга сарф қилмайдилар.

62. Мана шу Оллоҳ Парвардигорларингиздир, У барча нарсанинг Яратгувчисидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, сизлар, (эй мушриклар, ана ўша Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишдан юз ўгириб) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
Ояти каримада турли-туман мухлуқларга сиғинадиган мушрикларга хитоб қилиниб: “Мана шундай буюк сифатларнинг Танҳо Эгаси бўлган Зот сизларнинг Эгангиз. Яратган Парвардигорингиздир, Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир, ҳамма нарсанинг Холиқи - Яратгувчиси Ёлғиз Унинг Ўзидир, бас, сизлар ширк келтиришдан тўхтаб, тавба қилиб, Ёлгиз Оллоҳ таолога ибодат қилинглар”, дейилмоқда. Чунки фақат мана шу тўрт хислат Эгаси, яъни, юқоридаги оятларда зикр қилинган буюк сифатларга Эга бўлган, барча иш Ўзининг Қўлида бўлган, ҳеч қандай шери-ги бўлмаган ва ўтмиш-у келажақцаги барча нарсанинг Ёлғиз Холиқи -Яратгувчиси бўлган Оллоҳ таолонинг Ўзигина Маъбуди Барҳақдир. Бас, Ер-у осмонлардаги барча махлуқот, жумладан инсонларнинг ҳаммаси Ўша Ягона Парвардигорга ибодат қилишлари, Унинг азобидан қўрқишлари, Ундан мадад-ёрдам сўрашлари, Унга бирон нарсани ширк келтирмасликлари, ато этган саноқсиз неъматлари учун Унга ҳамду сано айтиб шукр қилишлари ва барча ишларини Унинг Ўзига ишониб топширишлари, яъни, яхши амалларга киришар эканлар, тавфиқ-муваффақиятни Унинг Ўзидан сўрашлари, адо қилган солиҳ амаллари учун ҳам муко-фотни Унинг Ўзидан кутишлари фарздир. Чунки “У ҳамма нарсанинг устидаги Вакилдир”. Ҳамма нарсани идора қиладиган ҳам, қабул қиладиган ҳам, муваффақият ато этадиган ҳам, ажр-мукофот берадиган ҳам Унинг Ўзидир.
“Бас, сизлар, (эй мушриклар, ана ўша Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш-дан юз ўгириб) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!”

63. Оллоҳнинг оят-мўъжизаларини инкор қилгувчи бўлган кимсаларгина мана шундай бурилиб кетурлар.
Яъни, фақат Оллоҳ таолонинг оятларини инкор этгувчи, Унинг Танҳо Илоҳ эканини тан олмайдиган мушрик-кофир кимсаларгина, эй мушрик-лар, худди сизларга ўхшаб бирон-бир далил-ҳужжатсиз, фақат жоҳил -ўта кетган нодонликлари сабабли ҳавойи нафсларига эргашиб Тўғри Йўлдан - Ҳақ Диндан юз ўгириб ширк ва куфр томонга бурилиб кетадилар! Беназир Куч-Қудрат ва бандаларига тенгсиз Фазл-Марҳамат Соҳиби бўлмиш Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога бандалик қилишни ташлаб, турли махлуқотларга ва ўзлари кўллари билан ясаб олган, ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинадилар!

64. Оллоҳ сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни бино - том қилиб қўйган ва сизларга сурат-шакл бериб, суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирган Зотдир. Ана ўша Оллоҳ Парвардигорингиздир. Бас, барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ Баракотли - Буюкдир.
Оллоҳтаолонинг биз ибодат-қуллик қилишимизга лойиқ ва мустаҳиқ бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ экани фақат У бизни йўқдан бор қилгани яратгани учунгина эмас, балки ато этган яна бошқа санаб саноғига етиб бўлмайдиган неъматларига шукрона келтириш учун ҳам барча махлуқот, хусусан инсоният Яратганга ибодат қилиши фарздир. Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолиши ҳеч қандай ақлга сиғмайдиган, шу билан баробар Оллоҳдан ўзга ҳеч ким «мен яратганман», деб даъво қилиши мумкин бўлмаган бир неча буюк неъматини эслатади. Улардан бири оёғимиз остидаги қароргоҳимиз, бизга ҳаётлик пайтимизда устидан, ўлганимиздан кейин бағридан жой берадиган она замин - Ер бўлса, яна бири устимиздаги том - гумбаз янглиғ ташқаридан - бошқа сайёралар томонидан келадиган ҳар қандай зиён-офатлардан бизни ҳимоя қилиб турадиган Осмон, яна бир буюк неъмати Илоҳия - Оллоҳ таоло инсон зотига гўзал сурат, мавзун қад-қомат, ҳар бир аъзоси бир-бирига ўта мутаносиб бўлган бадан ва ҳаёт давомида адо қилиниши керак бўлган ҳар турли касбу корга уқув ва малака ато этиб, уни бошқа жонзотлардан ажратди, борлиқдаги барча мавжудотни унга бўйсундириб кўйди.
Шунингдек, У Меҳрибон Зот инсонларга Ўзи Ерда яратган энг покиза, ҳалол ва лаззатли неъматларини ризқ қилиб берди. Демак, жамийки махлуқотнинг ва хусусан иносниятнинг Эгаси - Парвардигори ана ўша Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодир. Бас, барча оламларнинг, жумладан, бутун инсониятнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ таборака ва таоло ҳақиқатан Баракотли - Буюкдир.

65. У Мангу Ҳаёт Зотдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Унинг Ўзи бордир. Бас, (эй мўминлар), сизлар (Оллоҳга) У Зот учун Динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз! Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори Оллоҳ учундир.
Яъни, барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ таборака ва таоло ҳеч қачон ўлмайдиган абадий Барҳаёт Зотдир ва Ундан ўзга бирон-бир илоҳ йўқдир - У Танҳо Илоҳдир. Бас, сизлар, эй инсонлар, агар ибодатларингиз қабул бўлишини хоҳласангиз, барча тоат-ибодатларингизни чин ихлос билан - Унга бирон нарсани ширк келтирмасдан Ёлғиз Унинг учун адо қилинглар. Ҳамду саноларнинг ҳаммаси оламлар Эгаси бўлмиш Оллоҳучундир.
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос розиялло-ҳу анҳумо: “Кимки, “ла илаҳа иллаллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳ бордир”, деса, албатта ортидан “Алҳамду лиллаҳи роббил-оламийн - ҳамду саноларнинг ҳаммаси оламлар Эгаси бўлмиш Оллоҳ учундир”, десин”, деди ва ушбу оятни ўқиди. (“Тафсири Бағавийдан”).

66. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Шак-шубҳасиз, қачонки менга Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатлар келганида, сизлар Оллоҳни қўйиб, дуо-илтижо қилаётган бутларга ибодат қилишдан қайтарилдим ва фақат барча оламларнинг Парвардигорига бўйинсунишга буюрилдим».
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, ўзларининг ҳеч қачон мушрикларга ўхшаб Оллоҳга ширк келтирмасликларини, улар кўрсатган йўлларга юрмасликларини уларга очиқ айтишни буюради.
Мушриклар Пайғамбар алайҳис-саломга: “Агар сен биз сиғинадиган бут-санамларимизга сиғинсанг, биз ҳам сен сиғинадиган Оллоҳга сиғинамиз”, деб ўзларининг ниҳоят даражада нодон ва ақлсиз қавм эканликларини кўрсатишар, “Агар олдингдаги ялангоёқларни ҳайдаб юборсанг биз ҳам сенга эргашар эдик”, деб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни адаштирмоқчи бўлишар эди. Бас, ушбу ояти каримада Пайғамбар алайҳис-саломту вас-салом ҳам, ҳар бир мўмин-мусулмон ҳам ҳар қандай ғайридинга қандай жавоб бериши вожиб экани таълим берилди. Оллоҳни қўйиб, бошқа жонли-жонсиз махлуқларга ибодат қилиш адашиш экани, Илоҳий Ҳужжатдан юз ўгириб, ҳавойи сўзларга эргашиш эса Ҳидоятдан юз ўгириш экани аниқ-равшан қилиб айтилди.
Зотан, оқил инсон, Ҳақ таоло ҳидоят қилган киши Оллоҳ Бор ва Танҳо Зот эканига сон-саноқсиз ақлий ва нақлий ҳужжатларга эга бўлиб тургани ҳолда ҳеч қачон махлуқларни Холиққа тенг ва шерик деб билмайди, Оллоҳни қўйиб уларга ибодат қилмайди, шунингдек, Яратган томонидан Қуръони Азимда аниқ белгилаб берилган Ҳақ Йўлни қўйиб, махлуқлар ўз ҳавойи хоҳишлари билан, ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз тўқиб олган турли йўлларга, оқимларга эргашмайди. Балки, аксинча, фақат Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш, барча олмалар Парвардигори бўлмиш Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога бўйинсунади, яъни, чин мусулмон бўлади.

67. У сизларни(нг отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (унинг барча авлодларини) нутфадан, сўнгра лахта қондан яратган Зотдир. Сўнгра У сизларнинг (оналарингиз қорнидан) чақалоқ ҳолингизда (ёруғ дунёга) чиқарур, сўнгра (У Зот) сизларни вояга етишларингизга, сўнгра қариб-қартайишингизга (қўйиб берур). Сизларнинг орангизда (вояга етишдан ёки кексалик ёшидан) илгари вафот топадиган кишилар ҳам бўлур. (У Зот) сизларни белгиланган ажалга етишларингизга (қўйиб берур). Шоядки, ақл юргизсангизлар.
Ушбу ояти карима мазмуни бошқа бир сурада янада батафсилроқ баён қилинади: «Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда (қаранглар), Биз сизларга (Ўз Қудратимизни) баён қилиш - кўрсатиш учун сизларни (яъни, отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (унинг зурриётларини аввало) нутфаманийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра яралиб битган-яралиб битмаган (яъни, инсон суратида шаклланиб битган ёки битмаган) бир тишлам гўштдан яратдик. Биз (сизларни) Ўзимиз хоҳлаганимизча - муайян муддатгача (оналарингиз) бачадонида қолдириб, сўнгра чақалоқ ҳолингизда (ёруғ оламга) чиқарурмиз, сўнгра вояга етгунларингизгача (ҳам Ўзимиз тарбия қилурмиз). Сизлардан (гўдаклик, ёшлик йилларидаёқ) вафот топадиган кишилар ҳам бордир, яна сизларнинг орангизда (ёшликдаги гўзал-тотли ҳаётдан кексалик пайтидаги) энг тубан кун кўришга (яъни, ўзини бошқара олмайдиган ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг биронтасини билмай қоладиган (яъни, ўта кексайиб вафот қиладиган) кишилар ҳам бордир. (Қайта тирилиш ҳақ эканлигининг яна бир далили ушбудир) - сиз(лар) Ерни совуқўлик ҳолида кўрурсиз. Энди қачонки Биз унинг устидан сув-ёмғир ёғдирсак, у (тирилиб, секин-аста) ҳаракатга келар, кўпчир ва (ўзидан) турли-туман гўзал (наботот) жуфтларини ундириб чиқарур». (Ҳажсураси, 5-оят).
Ушбу ояти каримада юқоридаги икки оятда зикр қилинган, ўзлари ҳеч нарсани билмаган ҳолларида Оллоҳ таоло ва Унинг Дини ҳақида талашиб-тортишадиган, У Зот Қиёмат Кунида барча жонзотни қайта тирилтиришини инкор этадиган ёки шубҳаланадиган динсиз кимсаларга хитоб қилиниб, ўзларини қандай қилиб дунёга келиб қолганлари ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрсалар, уларни аввал-бошда ўлик тупроқдан, сўнгра бир томчи сувдан яратиб, сўнгра жонли инсонлар қилиб дунёга келтирган Тенгсиз Қудрат ва азалий Билим Соҳиби учун уларни яна қайта яратиш-тирилтириш жуда осон иш эканлигини англаб етишлари мумкин бўлиши айтилади.
Дарҳақиқат, нутфанинг тирик инсонга айланиб дунёга келишининг ўзи Улуғ Ҳунарманднинг - Оллоҳ таолонинг борлигига ва чексиз Қудратига аниқ-равшан далилдир. Чунки инсоннинг она бачадонида пайдо бўлиши Қодир Оллоҳнинг Амри билан Ерда униб-ўсган турли озиқ-овқатлар ўша инсоннинг ота-онаси вужудига сингиб, тарқаганидан сўнг ота-она танасининг ҳар бир аъзосида пайдо бўлган қувват бир томчи сувга айланганидан кейин содир бўлади. Бас, турли-туман, бошқа-бошқа жойларда ҳосил бўлган озиқ-овқатларни ўша ота-она вужудида жамлашга қодир бўлган, сўнгра ота-онанинг турли аъзоларидаги куч-қувват ва шакл-шамойилларни бир томчи сувга жамлаб, у сувдан тирик инсонни пайдо қилишга қодир бўлган Зот - Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўша инсон ўлиб, жасади чириб тупроққа айланиб, турли тарафларга сочилиб кетганидан кейин уларни қайтадан жамлашга ва яна тирик инсонга айлантиришга қодир эмасми?! Албатта Қодирдир!
Ояти каримада мана шу буюк Ҳақиқатни кўр-кўрона инкор этадиган ҳар бир жоҳил-нодон кимсага хитоб қилиниб, гўё шундай дейилади: “Сенинг Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча жонзотни қайта тирилтиришига ишонмаслигинг У Зотнинг Қудратини инкор қилганингдирки, бу очиқ куфрдир. Наҳотки сен ўзингнинг асли-наслинг бўлмиш Одам Отани ва унинг пуштикамарида барча одамларни, жумладан сени ҳам қора тупроқдан яратган, сўнгра ҳар бир инсонни бир томчи сув бўлмиш нутфадан оналари бачадонида пайдо қилган, сўнгра ўша ўлик тупроқ ва жонсиз сувдан яралган бир тишлам гўштга жон киритиб, сени мўътадил қоматли ва чиройли суратли инсонга айлантириб қўйган Оллоҳ таолони Ўзи хоҳлаган соатда тупроққа айланган жасадларга қайтадан жон киритишга Қодир Зот эканлигига иймон келтирмасанг?!”.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсоннинг яралиши ва унинг насли давомийлиги ҳар вақт мана шу тупроқ ва сувга боғланишини ўта ихчам, жуда гўзал ва ҳар бир ақл соҳиби тафаккур қилса яхши англайдиган аниқ тарзда баён қилиб беради. Дарҳақиқат, ибрат кўзи билан боқсак, асли-насли қора тупроқдан ва сўнгра бир томчи сувдан пайдо бўлган инсоннинг озиқ-овқати ҳам, жамийки жонзотларнинг емишлари ҳам мана шу тупроқдан униб чиққан набототдир. Барча ўсимлик, дон-дун ва мева-чеваларнинг ерда ҳосил бўлиши учун эса, сув зарурдир. Сўнгра истеъмол қилинган ғизо - таомнинг муайян бир қисми баданда қонга, у қоннинг бир қисми эса, яна бир инсоннинг асли бўлган нутфага айланади ва бу узлуксиз жараён то Қиёматга қадар давом этади.
Биз яшаётган замондан ўн тўрт аср муқаддам нозил бўлган ушбу оят ўзининг бениҳоя изчил илмий йўсини билан, яъни, она бачадонида - ҳеч ким кўрмайдиган жойда кечадиган жараёнларни жуда аниқ, босқичма-босқич баён қилиб бериши билан яна бир ҳақиқатга - бу сўзлар инсоннинг сўзлари эмас, балки ҳамма нарсани Билгувчи Зотнинг - Ҳақ таолонинг Сўзи эканлигига ҳам очиқ далолат қилиб туради.
“Тафсири Қуртубий”да ояти карима тафсирида имом Бухорий, Муслим ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу саҳиҳ ҳадис ривоят қилинади: Абдуллоҳ айтди: “Бизларга ростгўй ва ҳар бир сўзи тасдиқлангувчи Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албутта, сизларнинг ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун жамланади, сўнгра яна шунча муддат лахта қон ҳолида бўлади, сўнгра яна шунча муддат бир тишлам гўшт ҳолида бўлади, сўнгра бир фаришта юборилади ва унга ўша фаришта пуфлаб жон киритади ҳамда тўрт сўзни ёзишга буюрилади ва унинг ризқи, умри, амали ҳамда бахтсиз - дўзахи ёки бахтли - жаннати эканлиги ёзилади”, дедилар”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу ҳадисга асосланиб: “Қуръони Азимда: “Сизлардан (мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ою ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар” (Бақара сураси, 234-оят), деб белгиланишининг ҳикмати мана шудир”, дейди. Демак, эри вафот қилган аёл ёш ё кексали-гидан, ҳайз кўриш ё кўрмаслигидан қатъий назар тўрт ою ўн кун идда сақлайди. Уламолар бундай муддат белгиланишининг ҳикмати у аёлнинг ҳомиладор эмаслигини пухта аниқлаш, дейдилар. Чунки, тўрт ойлик ҳомилага жон кириб қимирлай бошлайди, кўшимча ўн кунда ҳомила ҳаракати такрор-такрор рўй бериб, аёлнинг ҳомиладорлиги аниқ бўлади. Ҳомиладор аёлнинг иддаси эса кўз ёриши билан битади: “Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас, (билингизки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир). Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари эса ҳомилаларини қўйишлари (яъни, кўз ёришларидир). Ким Оллоҳдан қўрқса, (Оллоҳ) унинг ишини осон қилур”. (Талок, сураси, 4-оят).
Юқорида ривоят қилинган ҳадис аввалидаги: “Албатта, сизларнинг ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун жамланади”, деган жумлани ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай шарҳлаб берган: “Қачонки нутфа бачадонга тушгач, Оллоҳ таоло ундан инсонни яратишни ирода қилса, ўша нутфа аёлнинг бутун баданига учиб, то ҳар бир тирноқ ва ҳар бир мўй остигача тарқалиб кетади, сўнгра қирқ кун ичида жамланиб, бачадонда лахта қонга айланади. Мана шу нутфанинг жамланишидир ва мана шу унинг лахта қонга айланиш вақтидир”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
“Сизларнинг орангизда (ёшликдаги гўзал-тотли ҳаётдан кексалик пайтидаги) энг тубан кун кўришга (яъни, ўзини бошқара олмайдиган ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг биронтасини билмай қоладиган (яъни, ўта кексайиб вафот қиладиган) кишилар ҳам бордир”. (Наҳл сураси, 70-оятдан).
Яъни, эй инсонлар, борлиқдаги барча махлуқотни яратгани каби сизларни ҳам Оллоҳтаоло яратгандир. Сўнгра айримларингизни гўдаклик чоғида, бошқаларингизни ёшлик пайтида, яна бошқаларингизни эса, қариб кексайган вақтида жонларини олиб вафот қилдирадиган ҳам Ёлғиз Унинг Ўзидир. Бас, ораларингизда соппа-соғ, куч-қувватга тўлган ҳолида вафот қилиб кетадиган кишилар бўлгани каби ёшликдаги гўзал-тотли ҳаётдан кейин кексалик пайтидаги худди ёш гўдакдек ўзини бошқара олмайдиган ночор аянчли ҳолатга қайтарилиб, яъни, ўта кексайиб афот қиладиган кишилар ҳам бўлур. Албатта, бу сирни - ким гўдаклик чоғидаёқ, ким ёшлик пайтида, ким кексайиб вафот қилишини Бир Оллоҳ таоло Билгувчидир, шунингдек, бандаларидан бировини ёш, кучга тўлган чоғларидаёқ вафот қилдиришга, бошқа бировини эса, ўлдирмасдан узун умр ато этишга Қодир бўлган Зот ҳам Ёлғиз Унинг Ўзидир. Лекин ояти каримада ҳамма пири бадавлатлик деб орзу қиладиган узун умр ҳамма учун ҳам кексалик гаштини сурадиган пири бадавлатлик бўлмай, балки “энг тубан кун кўриш” бўлиб қолиши ҳам мумкин эканлиги эслатилади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган: “Биз кимга (узун) умр берсак унинг хилқатини (жисму-жонини) тубан -ночор қилиб қўюрмиз. Ахир ақл юргизмайдиларми (яъни, бир кишининг сурат ва сийратида ёш-яланглиги билан қариқартанглиги ўртасида нақадар катта фарқ борлигини кўриб ибрат олмайдиларми)?!” (Ёсин сураси, 68-оят).
Шунинг учун ҳам Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳим, мен Сендан бахилликдан, ялқовликдан, энг тубан умрдан кексаликдан, дажжолнинг фитнасидан - унга алданиб қолишдан ҳамда ҳаёт ва мамот фитнасидан паноҳ беришингни сўраб илтижо қиламан”, деб дуо қилар эдилар. (Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).
Яна Пайғамбар алайҳис-саломнинг: “Ҳар бир дарднинг давоси бор, фақат қарилик дардигина бедаводир”, деган сўзлари ҳам бордир.

68. Ҳаёт берадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Ўша Зотдир. Бас, қачон У Зот бирон ишни ҳукм қилса, унга фақат «Бўл», дер, холос. Бас, у (иш) бўлур.
Яъни, осмонлар ва Ер ҳамда уларда мавжуд бўлган барча жонли-жонсиз нарса ва кимсаларнинг Эгаси Ёлғиз Оллоҳ таоло экани аниқдир. Осмонлардаги малоикалар, қуёш, ой, юлдузлар ҳам, Ердаги бор мавжудот-махлуқот ҳам, ҳамма-ҳаммаси Унинг салтанат-мамлакатидир. Уларнинг ҳаммаси ва ҳар бирини У Зотнинг Ўзи комил Қудрат ва гўзал Ҳикмат билан тасарруф қилади - бошқаради. Ҳеч ким ундан яширина олмайди ва ҳеч ким ундан қочиб қутула олмайди.
“Ҳаёт берадиган ҳам, Ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир”.
Дарҳақиқат, осмонлар ва Ердаги барча жонзот Оллоҳ таоло унга ҳаёт беришидан аввал ўлик бўлган, яна Оллоҳ таоло ирода қилган соатда ўлади. Фақат Оллоҳ таолонинг Ўзигина Азалий Тирик, Абадий Тургувчидир. Баски, бир томчи сувга - нутфага агар хоҳласа ҳаёт бериб, тирик инсонга айлантиргувчи ҳам, Ўзи хоҳлаган соатда уни қайтадан тирилтиргувчи ҳам Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи экан, демак, Унга иймон келтирмаслик, Унга куллик қилмаслик ёки Унга ширк келтириб мушрик бўлиш ақлли ақлли инсоннинг иши эмасдир.
«Бас, қачон У Зот бирон ишни ҳукм қилса, унга фақат «Бўл», дер, холос. Бас, у иш бўлур».
Яъни, Оллоҳ таолонинг нарсаларни яратиши модда ёки муддатга муҳтож эмас, балки Оллоҳ ирода қилган ҳар қандай иш - нарса - ҳодиса, жумладан, ўлган инсонларни қайта тирилтириш ҳам, У Зотнинг фақат биргина “Бўл” деган Амри билан ўша лаҳзада пайдо бўлади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Яратмоқчи бўлган ҳар бир нарсамиз учун) Бизнинг Фармонимиз фақат биргина (яъни, «Бўл», деган сўз) дир. (Бас, ўша нарса) кўз юмиб очгунча (йўқдан бор бўлур)”. (Қамар сураси, 50-оят).

69.    Оллоҳнинг оятлари ҳақида талашиб-тортишадиган кимсаларни кўрмадингизми? Қаёққа бурилиб кетмоқдалар-а?!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, ана у мушрикларнинг - Сизни ёлғончи дегувчиларнинг ҳолига боқинг. Ахир улар ўзлариниг пуч-ботил даъволари билан Оллоҳ таолонинг очиқ-равшан оят-мўъжизаларига, Унинг Ҳақ Парвардигор эканига, ҳамма нарса Унинг Қўлида эканига, тирилтириш ҳам, ўлдириш ҳам Ёлғиз Унинг Иродасига боғлиқ эканига аниқ далолат қилиб турган қанчадан-қанча далил-ҳужжатларга қарши талашиб-тортишмоқдалар-а?! У мушрик-кофир кимсалар Ҳақ Йўлдан юз ўгириб қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!

70.    Улар (Биз Муҳаммад алайҳис-саломга нозил қилган) Китоб Куръонни ва Биз (аввал ўтган) элчиларимизга юборган нарсаларни ёлғон деган кимсалардир. Бас, яқинда (Қиёмат Кунида бу куфру исёнларининг оқибатини албатта) билурлар.
Яъни, ана ўша Макка мушриклари ва барча мушрик-кофир кимсалар Қуръонни ёлғон деб унинг Каломуллоҳ эканига ишонмадилар ва Биз аввалги элчи-пайғамбарларимизга юборган тавҳид - Оллоҳ таоло Танҳо Маъбуди Барҳақ эканини, холис Оллоҳучун ибодат қилишни, ҳаёти дунё-даги инсон ҳаётини ростлаб-ўнглаб турадиган шариат қонунларини, ширк ва бутпарастлик иллатларидан бира-тўла халос бўлиш кераклигини ёлғон деб инкор этдилар, Қиёмат Кунида қайта тирилиш ҳақ эканлигига иймон келтирмадилар! Бас, яқинда ана ўша ўзлари ишонмаган Қиёмат Кунида бу куфру исёнларининг оқибати нима эканлигини албатта билиб олурлар.

71-72. Ана ўшанда, (яъни, дўзахга ташланганларида), улар бўйинларида кишанлар ва занжирлар бўлган ҳолда қайноқ сув томонга судралурлар, сўнгра оловда ёндирилурлар.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Қуръонни ёлғон деган кофир-мушрикларга Охират диёрида бериладиган ҳақли жазо, улар тортадиган кўз кўриб қулоқ эшитмаган азоб-уқубатлар ҳақида хабар берилади. Мазкур оятларнинг энгяхши тафсири мана бу оятлардир: «(Дўзах фаришталарига): «Уни (гуноҳкорни) ушлаб дўзахнинг ўртасига судраб олиб боринглар, сўнгра боши устидан қайноқ сувдан - азобдан қуйинглар!» (деб амр этилур). (Унга масхара қилиш учун: «Мана бу азобни) тотиб кўргин! Ахир сен «қудратли ва улуғсанку». Дарвоқеъ, бу (азоб) сизлар (ҳаёти дунёдалик пайтингизда) шак-шубҳа қилган нарсангиздир!», (дейилур). (Духон сураси, 47-50-оятлар). «Жиноятчи-осий кимсалар ёлғон дейдиган жаҳаннам мана шудир! Улар ўша (жаҳаннам) билан ўта қайноқ сув ўртасида айланаверурлар!» (Раҳмон сураси, 43-44-оятлар).
Яъни, ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтган кимсалар Охиратда дўзах ўтида куяр эканлар, дўзах ходимлари бўлмиш фаришталардан бирон қултум сув беришни сўрарлар. Шунда уларга қайноқ сув берилиб, яна дўзахга отилурлар ва бу ҳол абадул-абад давом этур.

73-74. Сўнгра уларга: «Сизлар Оллоҳни қўйиб ширк келтириб ўтган бутларингиз қани?», дейилганида, улар: «У (бут)лар бизлардан ғойиб бўлиб қолишди. Йўқ-йўқ, бизлар илгари (ҳаёти дунёда) ҳеч нарсага дуо-илтижо қилган эмас эканмиз», дедилар. Оллоҳ кофирларни мана шундай адаштириб қўюр.
Яъни, сўнгра, кофир-мушрик кимсалар дўзахга ўтин бўлиб ёқилиб, устларига ва ичларига қуйилган бениҳоя қайноқ сувдан баданлари бўлиниб, бурда-бурда бўлиб, ичаклари узилиб, парча-парча бўлиб кетганидан сўнг дўзах посбонлари бўлган фаришталар улардан: “Сизлар ҳаёти дунёда Оллоҳнинг шериклари деб ишонган, Қиёматда бизларни кўллаб шафоат қиладилар деб умид қилган бутларинигиз қаёқда қолди? Уларни чақиринглар, сизларни қўллаб-қувватлаб ёрдам беришсин”, деганларида, (аслида фаришталарнинг бу саволлари ҳам дўзахи кофирлар учун бериладиган азобнинг яна бир туридир), мушриклар: “улар бизни ташлаб ғойиб бўлишдику. Йўқ, Бугун Рўзи Қиёматда бизга аниқ-равшан бўлдики, бизлар ҳаёти дунёда ҳеч нарсага ибодат қилган эмас эканмиз, яъни, бизлар дуо-итижолар қилиб сиғинган бут-санамлар ҳеч нарса эмас экан. Биз кўрмайдиган, эшитмайдиган, бировга зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмай-диган бутларни “илоҳларимиз”, деб, улар Оллоҳнинг шериклари деб, шундай бузуқ-ботил ақида билан бутун умримизни совуриб ўта мудҳиш, энди ҳеч тузатиб бўлмайдиган хатога йўл қўйган эканмиз”, деб афсус-надоматлар фойда бермайдиган Кунда ўз жиноятларини эътироф этадилар, минг-минг пушаймонлар қиладилар, лекин бу дод-войларнинг энди уларга ҳеч қандай фойдаси тегмайди. Чунки улар жаннат йўлига юрмасдан адашиб дўзахга қулаган бадбахт кимсалардир. “Оллоҳ кофирларни мана шундай адаштириб қўюр”.
75-76. Сизлар Ерда (қилган айшу ишратларингиз ва гуноҳ-маъсиятларингиз билан) ноҳақ шоду хуррам бўлганларингиз ва кибру ҳаво қилганларингиз сабабидан (жаҳаннам азобига гирифтор бўлдингиз. Мана Бугун) ўзларингиз мангу қоладиган жаҳаннам дарвозаларидан кирингиз! Бас, мутакаббир кимсаларнинг борар жойлари нақадар ёмон!
Яъни, эй кофирлар, сизларнинг ана ўша - дунёда залолатга, Охиратда жаҳаннам азобига дучор бўлишларингизга сабаб, ҳаёти дунёда куфру исён қилиб, бундай катта гуноҳ-маъсиятларингиздан тавба қилиш ўрнига шод-хуррам бўлганларингиздир, Оллоҳ таолонинг юборган элчилари ва нозил қилган китоблари устидан масхара қилиб кулганларингиздир ҳамда мутакаббирлик билан куфр ва ширк йўлини танлаганларингиздир! Мана Бугун қилмишларингизга яраша энг олий ва адолатли жазо - жаҳаннам дарвозаларидан ҳеч қачон қайтиб чиқмайдиган бўлиб киринглар!
Ояти каримада “жаҳаннам дарвозалари” зикр қилингани албатта бежиз эмас, зотан, Қуръони Каримда бирон бежиз-беҳуда сўз йўқдир. Бас, маълум бўладики, У Кунда ҳар бир жиноятчи ўз жиноятига яраша энг адолатли жазо олиши учун дўзах ҳам турли табақаларга бўлингандир ва ҳар бир табақанинг алоҳида дарвозаси бордир.
“Мутакаббир кимсаларнинг борар жойлари нақадар ёмон!”
Ушбу жумлада Оллоҳ таоло Унга ибодат қилишдан бош тортганлар мутакаббир - каттазанг кимсалар экани ва кимда мана шу иллат бўлса, ўта ёмон жазога гирифтор бўлиши ҳақида огоҳлантиради. Бу ҳақда бошқа бир оятда айтилган: “Дарҳақиқат, Биз жиноятчи кимсаларни мана шундай (азобга дучор) қилурмиз. Чунки уларга: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳгина бордир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар”. (Вас-саффот сураси, 34-35-оятлар).
Шайх Алий Самарқандий ўзининг “Баҳрул-уювн” тафсирида айтади: “Кибр уч қисмга бўлинади. Улардан биринчиси, Оллоҳтаолога кибр қилиш бўлиб, у кибр навларининг энг хабис ва қабиҳидир. Бундай кибр қилиш фақат бошидан оёғигача жаҳолат бўлган ўта нодон кимсаларнинг ишидир. Иккинчиси, Оллоҳ таолонинг элчи-пайғамбарларига бўйинсунмасдан, “улар ҳам бизга ўхшаган одамларда, нега биз уларга итоат этишимиз керак экан”, деб кибр қилиш бўлиб, бу навъ кибр ҳам худди Оллоҳ таолога ибодат қилишдан кибр қилган каби мангу азобга мустаҳиқ қилади. Учинчи навъ кибр, Оллоҳ таолонинг бандаларига кибр қилиш бўлиб, бундай мутакаббир кимса ўзини катта, ўзгаларни эса ҳақир санайди, уларни ўзига тенг кўрмай, доим бировлардан айб ахтаради. Бундай кибр ҳам қабиҳлик, унинг соҳиби эса ақлсиз жоҳилдир”. (“Танвирул-азҳон” тафсиридан).
Жаҳаннам ва унинг дарвозалари ҳақида бошқа бир сурада янада аниқроқ зикр қилинган: «У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз жаҳаннамдир. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозага уларнинг бир тўдаси бўлингувчидир». (Ҳижр сураси, 43-44-оятлар).
Яъни, иблис ва унга эргашганларнинг барчалари шак-шубҳасиз борадиган жой жаҳаннамдир. Жаҳаннам сўзининг маъноси тубсиз жарлик дегани бўлиб, у Оллоҳ таолонинг Охиратдаги зиндонидир. (“Танвийрул-азҳон”дан).
Заҳҳок айтади: “Дўзах бири биридан қуйида жойлашган етти қават бўлиб, унинг биринчи қаватида, яъни, энг юқорисида дўзахга ҳукм қилинган аҳли тавҳид мўминлар бўлурлар”. Улар қилган гуноҳларига яраша азобланганларидан кейин ундан чиқарилурлар. Иккинчи қаватда насронийлар, учинчисида яҳудийлар, тўртинчисида собиийлар - фаришталарга сиғинувчи кимсалар, бешинчисида мажусийлар, олтинчисида барча мушриклар, еттинчи, энг куйи қаватида эса мунофиқлар азобланурлар. Оллоҳтаолонинг: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!” (Нисо сурси, 145-оят) деган Сўзининг маъноси шудир”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Муфассирлар айтадилар: “Дўзах - бири биридан қуйида жойлашган етти қаватдир. Биринчиси жаҳаннам, иккинчиси Лазо, учинчиси Ҳутама, тўртинчиси Саъийр, бешинчиси Сақар, олтинчиси Жаҳийм, еттинчиси Ҳовиядир. Ҳовия энг тубан деган маънони англатади. Мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида энг ашаддий азобга гирифтор бўлишларига сабаб, улар куфрда кофирлар билан баробар бўлганларидан ташқари, ўзларини мусулмон деб Исломни масхара қилганларидир. Шунингдек, улар ўзларининг динсиз кофир эканликларин яшириш билан мусулмонлар ичига кириб, уларнинг сирларини билиб, очиқ кофирлардан ҳам мусулмонларга кўпроқ зиён етказадилар. Демак, Охиратда оладиган жазолари ҳам жиноятларига яраша бўлади - у жойда ўзлари учун бирон ёрдамчи - мададкор топа олмай қоладилар!
Кофирларнинг қилган қилмишларига яраша дўзахда тортадиган азоблари ҳам бўлак-бўлак бўлиши ҳақида Самура ибн Жундаб розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам айтилгандир: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Улардан айримларини дўзах ўти оёғининг ошиғигача ушлайди, улардан айримларини белигача ушлайди ва улардан айримларини томоғигача ушлайди”. (Муслим ривояти).

77. Бас, Сиз, (эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушриклар томонидан етаётган озор-азийятларга) сабр қилинг - зеро, Оллоҳнинг (Ўз Пайғамбари ва мўмин бандаларига ёрдам бериш ва кофирларни азоблаш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир! Энди агар Биз ўша (кофирлар)га ваъда қилаётганимиз (азоб)дан айримларини Сизга кўрсатсак (яъни, Сиз ҳаётлик пайтингизда уларни айрим азоб-уқубатларга дучор қилсак) ҳам ёки Сизни (уларга азоб туширишимиздан илгари) вафот топдирсак ҳам, ҳар икки ҳолда улар Ёлғиз Ўзимизга қайтарилурлар.
Яъни, Бас, Сиз, эй Муҳаммад алайҳис-салом, қавмингиздан айримлари Сизни ёлғончи қилганларига сабр қилинг, чунки Оллоҳ таолонинг Сизга уларнинг устидан албатта ғолиб бўлишингиз ва Унинг Ўзи кофирлардан интиқом олиши ҳақида берган ваъдаси шак-шубҳасиз ҳақ Ваъдадир. Дарҳақиқат кофирларга Оллоҳ таолонинг азоби тушиши ҳақида берилган Илоҳий Ваъданинг ҳақлигини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ҳаётлик чоғларидаёқ ўз кўзлари билан кўрдилар, Бадр жангида энг ашаддий мушрикларнинг қатл қилинганлари ва аср олинганларида, сўнгра Макка фатҳ қилинганида, араб жазирасининг ҳар тарафлари мусулмонлар қўл остига ўтганида гувоҳ бўлдилар. Худди шунингдек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик вақтларида ўз жазосини олмаган ва у зоти шариф вафотларидан кейин дунёга келган барча кофир-мушриклар ҳам Қиёмат Кунида - Оллоҳ таоло хузурига қайтганларида ўзлари мустаҳиқ бўлган жазога - жаҳаннам азобига гирифтор бўлишлари аниқдир. Бу ҳақда бошқа бир сурада ҳам хабар берилган: «Бас, агар Биз (кофирларни мағлуб этишдан илгари) Сизни кетказсак (яъни, вафот қилдирсак ҳам) албатта Биз улардан (Охиратда) Интиқом олгувчидирмиз. Ёки албатта Биз уларга ваъда қилган нарсани (яъни, кофирликлари сабабли уларнинг бошларига тушажак азобни ҳаётлик чоғингиздаёқ) Сизга кўрсатурмиз. Зеро, Биз уларга (азоб беришга) Қодирдирмиз. Бас, Сиз ўзингизга ваҳий қилинган нарсани - Қуръонни маҳкам ушланг! Албатта Сиз Тўғри Йўлдадирсиз». (Зухруф сураси, 41-43-оятлар).

78. Аниқки, Биз Сиздан илгари ҳам (кўп) элчи-пайғамбарлар юборганмиз. Улардан Биз Сизга ҳикоя қилиб берган кишилар ҳам бор, яна улардан Биз Сизга ҳикоя қилмаган кишилар ҳам бордир. Бирон элчи-пайғамбар учун - Оллоҳнинг Изну Иродасидан ташқари оят-мўъжиза келтириш жоиз бўлган эмас (яъни, ҳар бир пайғамбар фақат Оллоҳунга амр қилган мўьжизаларнигина келтиргандир). Бас, қачон Оллоҳнинг (кофирларга азоб тушиши тўғрисидаги) амри келгач, (пайғамбарлар ва уларни ёлғончи қилган кофирлар ўртасида) ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинур ва ўшанда бузғунчи кимсалар зиёнкор бўлурлар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, илгари ўтган умматлар - аср ва авлодлар ҳақида хабар беради. Улар ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларга итоат қилишмаганида, бу хатоларидан тавба-тазарруъ қилишсин, кўзлари очилсин деб; Оллоҳ таолонинг Қудратини, Ўз элчисини ёлғончи қилганларга балолар юборишини билиб қўйишсин, деб уларнинг устига бало-мусибатлар, турли дард ва касалликлар, қаҳатчилик-қийинчиликлар юборганини айтади.
Ўтмишдан келтирилган бу мисол билан бир томондан, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга тасаллий берилиб, Макка мушриклари у зотга етказаётган озор-азиятлар, у зотни ёлғончи деб туҳмат қилишлар аввал ўтган элчилар ҳаётида ҳам бўлгани, уларни ҳам қавмлари ёлғончи қилишиб, турли озорлар етказишгани айтилган бўлса, иккинчи томондан, Пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирмаётган, у зотни ёлғончи қилаётган маккаликлар огоҳлантирилмоқда, яъни, агар улар ўзларининг ширкларидан, иймонсизликларидан тавба-тазарруъ қилмасалар, уларнинг бошларига ҳам худди аввалги динсиз қавмларнинг бошига келганидек бало-офатлар келиши хавфи бор экани айтилмоқда.
«Бас, қачон Оллоҳнинг (кофирларга азоб тушиши тўғрисидаги) амри келгач, (пайғамбарлар ва уларни ёлғончи қилган кофирлар ўртасида) ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинур ва ўшанда бузғунчи кимсалар зиёнкор бўлурлар».
Шунингдек, ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Расулига Қуръонда илгари ўтган элчи пайғамбарларнинг айримлари зикр қилинган бўлса, айримлари зикр қилинмаганини айтади. Масалан, Маккада нозил бўлган Анъом сурасида бир қанча пайғамбарлар номи зикр қилинган: “Биз унга (Иброҳимга фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик. Уларнинг барчаларини ҳидоят қилдик. Илгари Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Унинг (Нуҳнинг) зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳо-рунни ҳам (ҳидоят қилдик). Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам (ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ бандалардандир. Исмоил, ал-Ясаъ (Ювшаъ пайғамбар), Юнус ва Лутни ҳам (ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик.”, (Анъом сураси, 84-86-оят).
Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарлар адади йигирма бештадир. Улар: Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Шуъайб, Мусо, Ҳорун, Юнус, Довуд, Сулаймон, Илёс, Ясаъ, Закариё, Яҳё, Ийсо, Зул-кифл алайҳимус-салом ва уларнинг саййиди Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Пайғамбарлар қиссалари энг кўп зикр қилинган суралар Ҳуд ва Шуаро сураларидир.
“Яна улардан Биз сизга ҳикоя қилмагана кишилар ҳам бордир”.
Дарҳақиқат, Оллоҳ таолонинг Қуръонида номлари зикр қилинмаган элчилари ҳам жуда кўпдир. Ҳақ таоло айтади: “Албатта Биз Сизни Ҳақ (Дин) билан, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. (Сизнинг умматингиздан аввалги) ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи - пайғамбар ўтгандир”, (Фотир сураси, 24-оят). Бошқа бир оятда эса айтилди: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Оллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз. Шунда улар (ўша умматлар) орасида Оллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар”. (Наҳл сураси, 36-оят).
Аммо Яратганнинг Ўзига маълум ҳикматлар сабабли Қуръонда барча набий - пайғамбар ва расул - элчиларнинг номлари зикр қилинмади.
Энди Қуръони Азимда номлари зикр қилинган элчиларнинг қиссалари баён қилинишидан мақсад эса, улардан мусулмонлар намуна, ибрат ва эслатма олишларидир: “Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки у ўзидан аввалги нарсаларни (яъни, самовий Китобларни) тасдиқ этувчи, (унга) иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи Ҳидоят ва Раҳмат (бўлган бир Китоб-дир)”, (Юсуф сураси, 111-оят). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизни мустаҳкам қиладиган барча қиссаларни сўйлаб берурмиз ва бу қиссаларда Сизга ҳақиқат ҳамда барча мўминлар учун панд-насиҳат ва эслатмалар келди”. (Худ сураси, 120-оят).
Пайғамбарлар ва элчиларнинг ададлари хусусидаги машҳур ҳадис Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Абу Зарр айтди: “Мен: “Ё Расулуллоҳ, қанча пайғамбар бор?” деган эдим, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир юз йигирма тўрт минг”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, улардан элчилари қанча?” деган эдим, “Уч юз ўн уч киши. Катта бир жамоат”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, уларнинг аввалгиси ким?” деган эдим, “Одам”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, Одам элчи қилиб юборилган пайғамбарми?” деган эдим, айтдилар: “Ҳа, Оллоҳ уни Ўз Қўли билан яратди, сўнгра унга Ўз Руҳидан киритди, сўнгра уни очиқ-аён ростлаб тиклади”. Кейин яна шундай дедилар: “Эй Абу Зарр, тўрт пайғамбар - Одам, Шийш, Нуҳ ва Идрис сурёнийдирлар. Идрис қалам билан ёзган биринчи инсондир. Яна тўрттаси араблардир - Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва сенинг Пайғамбаринг, эй Абу Зарр. Бани Исроилдан бўлган аввалги пайғамбар Мусо, охиргиси эса Ийсодир. Пайғамбарларнинг аввалгиси Одам, уларнинг охиргиси эса сенинг Пайғамбарингдир”. Мана бу ҳадиси шарифдан ўта қимматли, бошқа бирон жойда топиб бўлмайдиган маълумотларга эга бўламиз.
Жумладан, пайғамбарлар ва элчиларнинг ададлари ҳақида ҳам хабар берилди. Бу Ҳаққирост хабардир. Яна ояти каримадаги “айрим элчиларни эса Сизга ҳикоя қилганимиз йўқ”, деган жумлага эътибор қилинса, уларнинг адади бундан ҳам кўп бўлса эҳтимолки, бу Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзига аёндир.
Энди набий - пайғамбар ва расул - элчи иборалари хусусида айрим уламолар бу икки ибора бир-бирига мазмундош десалар, бошқалари мазкур ҳадисга асосан улардан ҳар бирига алоҳида маъно айтадилар. Яъни, “Набий ўзига Оллоҳ таолодан келган ваҳийга амал қилиб ҳаёт кечирадиган, аммо бошқаларга у ваҳийни етказиш вазифаси бўлмаган кишидир, расул бўлса ўзига Оллоҳ таолодан келган ваҳийга ўзи ҳам амал қилиб, бошқаларга ҳам у ваҳийни етказиш вазифаси бўлган киши”, дейдилар. Бу шарҳга биноан ҳар бир расул айни пайтда набий ҳам бўлади.

79-80. Оллоҳ сизлар учун чорва ҳайвонларини (токи) сизлар ўша (ҳайвон)лардан (айримларини) минишларингиз учун (пайдо) қилди. Ўша (ҳайвон)лардан ейсизлар ҳам. Сизлар учун уларда (кўп) манфаатлар бордир. (У ҳайвонлар) сизлар уларнинг устида дилларингиздаги ҳожатларингизга етишларингиз учун ҳам (яратилгандирлар). Сизларни (қуруқликда) ўша (ҳайвонлар) устида ва (дарё-денгизларда эса) кемаларда (кўзлаган манзилларингизга) элтиб қўйилур.
Дарҳақиқат, анъом - туя, мол, қўй ва эчкилар, агар уларга ибрат наза-ри билан боқсак, тўласича фақат инсон манфаати учун яратилганига гувоҳ бўламиз. Уларнинг гўшт-ёғ ва сути инсонлар учун тўйимли таом, тери, юнг ва тивити совуқдан асрагувчи иссиқ либос, жунидан тайёрланган кигиз палос ва ўтов-бошпана бўлгани каби, агар уларни боқиб-кўпайтириладиган бўлса туганмас бойлик, қўшга қўшилса, миниладиган бўлса ёки юк ортилса чидамли ва беминнат дастёр, ҳатто уларнинг чиқиндила-ри ҳам ерни серҳосил қиладиган фойдали ўғитдир.
Бу жониворлар, холис инсон манфаати учун яратилган бу неъмати Илоҳийя хусусида бошқа оятларда ҳам айтилган: “Ахир ўша (мушриклар) Биз улар учун Ўз Қўлимиз билан қилган нарсаларни - чорва ҳайвон-ларини яратиб қўйганимизни - кўрмадиларми?! Мана улар ўша (ҳайвон)ларга эгадирлар. Биз ўша (ҳайвон)ларни уларга бўйсундириб қўйганмиз. Ана уларнинг минадиган нарсалари ҳам ўша (ҳайвон) лардандир, ейдиган (таом)лари ҳам ўшалардандир. Яна улар учун ўша (ҳайвон)ларда (турли) фойдалар ва ичимлик (сут-қаймоқ)лар бордир. Ахир шукр қилмасларми?!” (Ёсин сураси, 71-73-оятлар).
Шунингдек, ушбу оятларда Ҳақ таоло чорва молларидан хусусан туянинг инсонлар учун қиладиган ўта фойдали ва беминнат хизматларидан бирини эслатиб, бу ҳам Парвардигорнинг бандаларга бениҳоя Меҳрибон ва Марҳаматли Зот эканини кўрсатадиган яна бир очиқ ҳужжат эканини таъкидлайди.
Агар эътибор қилинса, дарё-денгизларда кема қандай хизматни бажарса, саҳро кемаси деб номланадиган туя ҳам қуруқликда ўша ишни қилиш учун яратилгандек.
Дарҳақиқат, саҳро аҳли учун туя ҳам алоқа воситаси, ҳам оғир юкларни ташувчи ва оғир вазифаларни бажарувчи хизматкор; унинг юнги кийим бўлса, сути тўйимли ва суюмли таом. У ўзи баҳайбат ва ниҳоят даражада бақувват бўлишига қарамасдан ёш гўдак етакласа ҳам бўйсуниб кетаверади. Унга миниш ёки вазмин юкларни ортиш ўта қулай: бир ишора билан олдингизга чўкиб, гўё бир харсанг тошдек қилт этмасдан туради, миниб олгач эса яна бир ишора билан у «харсанг тош» ўрнидан кўчиб, исталган тарафга равона бўлади. Булар туянинг ташқаридан кузатилган пайтда кўзга ташланадиган жиҳатларидир. Энди унинг вужудига ибрат назари билан қаралса, у ойлаб овқатсиз, сувсиз юра олишидан тортиб, унинг баданидаги ҳар бир аъзо нақадар саҳрога мослаб яратилганини кўриб Яратганнинг Қудратига лол қолмай илож йўқ.
Умуман, барча чорва ҳайвонлари ҳам Оллоҳ таолонинг бандаларига ато этган улкан неъматларидан эканини эслатадиган оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келиши албатта беҳикмат эмасдир: “Албатта сизлар учун чорва молларида ҳам ибрат бордир - Биз сизларни уларнинг қорнидаги сут билан суғорурмиз, яна сизлар учун уларда (юнгларидан кийимлар тўқиш, миниш каби) кўп фойдалар бордир, шунингдек улар(нинг гўшт-ёғлари)дан ейсизлар. Яна уларнинг устида ва (дарё-денгизларда эса) кемаларда юк ташийсизлар.” (Мўминун сураси, 21-22-оятлар).

81. (Оллоҳ) сизларга Ўз оят-аломатларини кўрсатмоқда. Бас, сизлар Оллоҳнинг қайси оятларини инкор қилурсизлар?!
Яъни, Оллоҳ таоло юқоридаги оятларда бандаларига Ўзининг Борлигига, Бирлигига, тенгсиз Қудратига ва бениҳоя Меҳрибон Парвардигор эканлигига аниқ-равшан далолат қиладиган оят-мўъжизаларни кўрсатмоқда. Бас, эй мушриклар, сизлар Оллоҳ таолонинг мазкур оят-мўъжизаларидан қай бирини инкор эта оласизлар?! Ахир уларнинг барчаси ақл ва инсоф эгаси бўлган ҳар бир инсон учун кундек равшанку! Демак, сизлар, модомики, ушбу очиқ-равшан оят-аломатларни тан олмасдан инкор этар экансизлар, яъни, Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ёлғиз Ўзига ибодат қилмас экансизлар, бу фақат сизларнинг Ҳақни тан олмайдиган ортиқ даражада қайсар ва мутакаббир эканликларингиздандир.
82. Ахир улар Ер юзида сайру саёҳат қилишиб, ўзларидан аввал ўтган (иймонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ҳолбуки, улар (Макка мушрикларидан) кўра кўпроқ ҳамда куч-қувват ва Ердаги осори атиқалари жиҳатидан зўрроқ эдилар. (Аммо) уларга топган (молу дунёлари ва куч-қувват)лари асқотгани йўқ.
Ушбу ояти карима мазмуни суранинг 21-ояти билан хамоҳангдир. Ўша ўринда алақадриҳол тафсир қилиб ўтилди, муроажат қилинсин.

83. (Чунки) уларга пайғамбарлари (Оллоҳга иймон келтириш ва У Зотга бўйинсуниш зарур эканлиги ҳақида) аниқ ҳужжатлар келтирган вақтларида улар ўзларининг олдиларидаги (фақат дунёвий бўлган) билимлари билан шодланиб-мақтандилар (ва пайғамбарлари огоҳлантирган азобни масхара қилиб кулдилар). Ва уларни ўзлари масхара қилгувчи бўлган нарса (азоб) ўраб олди.
Ушбу ояти карима Ҳақ таоло тарафидан Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган таскин ва тасаллийдир.
Макка мушрикларининг юқоридаги оятларда зикр қилинган турли-туман талаблари фақат Пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилиш учун бўлар эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз ватандош ҳамшаҳарларидан - у зотнинг фақат рост сўзлайдиган эканликларини жуда яхши биладиган кимсалардан бундай сўзларни эшитганларида жуда кўнгиллари оғрир эди. Бас, Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига қавмларининг бундай беодобликларидан тасаллий бериб ушбу оятларни нозил қилди ва илгари ўтган элчи-пайғамбарларни ҳам Ҳақ Йўлга даъват этганларида қавмлари ўзларининг тўласича афсона ва бидъат-хурофотдан ёки фақат дунёвий билимдан иборат бўлган “илмлари” билан мақтаниб Оллоҳнинг элчилари устидан худди шундай масхара қилганлари, сўнгра ўша масхарабоз қавмларнинг ҳаммаси мана шу дунёнингўзидаёқ бу қилмишлари - кофирликларининг жазосини олиб, ҳалок қилинганлари ҳақида хабар берди.
Демак, Оллоҳ таолонинг элчилари устидан кулиб, масхара қилиш қадимий иллатлардан экан. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Биз Сиздан илгари ўтган аввалги (турли-туман) тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар. Шунингдек, уни (яъни, пайғамбарлар устидан кулиш иллатини) барча жиноятчи - осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз.” (Ҳижр сураси, 10-12-оятлар).
Шунингдек, ушбу оятлар охир-оқибатда Пайғамбар алайҳис-салом ва умматлари ғолиб бўлиши ҳақидаги хушхабар ҳамдир. Бу мазмун бошқа оятларда янада очиқроқ баён қилинган: “Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, Ҳақ Динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг! Албатта Биз Ўзимиз Сизни масхара қилгувчиларга (яъни, уларни ҳалок этиш учун) кифоя қилурмиз.” (Ҳижр сураси, 94-95-оятлар).
Дарвоқеъ, орадан ҳеч қанча муддат ўтмасдан Бадр жанггида Оллоҳ таоло Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб устидан кулган етмиш кофирни, улар орасида Қурайш катталаридан бўлган беш масхарабозни ҳам бир кунда ҳалок қилди.
Ояти каримада зикр қилинган мушрик-кофир кимсаларнинг “илмлари” қандай илмлар экани ҳақида мана бу ояти каримада ҳам баён қилинган: «Улар Охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар». (Рум сураси, 7-оят).
Яъни, иймонсиз кимсалар бор ақл заковатларини ва куч-ғайратларини фақат мана шу ўткинчи ҳаёти дунёнинг зоҳирини - тирикчилик йўл-йўриқларини билишга қаратадилар, бутун умрларини қандай қилиб бой-бадавлат бўлиш, қандай касб ёки тижорат билан шуғулланиш, экинти-кинни қачон экиш-у, қачон ўриб-йиғиб олиш, қандай иморатлар солиш-у, қандай маишатлар қилишни ўрганишга сарфлайдилар, аммо олдиларида турган Охират ҳаётидан - динсиз кимсалар учун абадий азоб, иймонли инсонлар учун эса мангу роҳат-фароғатдан иборат ҳақиқий ҳаётдан бўлса, тамоман ғафлатдадирлар. Бошқача айтганда, ундай кимсалар дунёвий илмларни сув қилиб ичиб юборганлар-у, дин илмидан мутлақо бехабарлар. Таассуфки, дунёга муккадан кетиб Охиратни унутиш иллати айрим ўзларини мўмин-мусулмон санайдиган кимсалар ҳаётида ҳам кўзга ташланади. Ҳасани Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: Улардан айримларининг дунёвий илмлари шу даражага етганки, тангани ушлаб кўриб унинг вазни қанча эканини сизга бехато айтиб беради, аммо намозни бехато ўқишни билмайди”.

84-85. Энди қачонки улар Бизнинг азобимизни кўришгач, «Якка-ю Ягона Оллоҳга иймон келтирдик ва (илгари Оллоҳга) шерик қилиб олганимиз бутларга кофир бўлдик», дедилар. (Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги иймонлари уларга фойда бергувчи бўлмади - (Бу) Оллоҳнинг (барча) бандалари ҳақидаги ўтган Йўли -қонунидир (яъни, азоб тушган вақтида келтирилган иймоннинг фойдаси бўлмас) - Ва ўшанда кофирлар зиёнкор бўлдилар.
Яъни, кофирлар эътирофлари, тавба-тазарруълари бирон фойда бермайдиган соатда ўзларининг золим-жиноятчи кимсалар эканликларини эътироф этдилар, афсус-надоматлари ва пушаймонлари ўзларига душман бўлган бир вақтда ҳаётларини динсизлик билан ўтказганликлари учун пушаймон қилдилар. Аммо энди кеч бўлган эди. Энди ҳеч қандай дуо-илтижо қабул қилинмас эди. Чунки энди кофирларнинг устига қилмишла-рига яраша Оллоҳнинг азоби тушсин деган Илоҳий Фармон буюрилиб бўлган эди.
Ояти карима мазмунидан маълум бўладики, ҳаётини динсизлик би-лан совурган ҳар бир жиноятчи кимса ўлими олдидан ўз жонига жабр қилганини бўйнига олади, кофирлигидан тона олмайди. Бас, ўша кун бошга тушишидан илгари тавба-тазарруълар қабул қилинадиган вақтда динсизликни тарк этиб, қилган гуноҳларга тавбалар қилиб, иймон келтириб, дунё ва Охиратдаги бирдан-бир нажот Йўли бўлган Исломда барқарор бўлиш керак. Ушбу оятлар аввал-бошда гарчи Макка мушрикларини огоҳлантириш учун нозил қилинган бўлса-да, уларнинг Ҳукми умумий бўлиб, ҳамма замонларда яшайдиган инсонларга баробар тегишлидир.
Бутун умрини куфр ва зулм билан ўтказиб, қачонки ўлими кўзига кўриниб қолган вақтида Оллоҳ таолога иймон келтирган энг ашаддий кофирлардан бири золим подшоҳ Фиръавн эди. Ўшанда - Фиръавн денгизга ғарқ бўлар экан, у: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар бани Исроил иймон келтирган Ёлғиз Оллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман”, (Юнус сураси, 90-оят), деганида, Ҳақ таоло айта-ди: «Энди-я! Ахир сен илгари (яъни, шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!» (Юнуссураси, 91-оят).
Яъни, Фиръавн ҳалок бўлишига аниқ кўзи етганида ўзининг иймон келтирганини, мусулмон бўлганини айтгач, унга ғойибдан шундай овоз келди: “Энди иймон келтирдингми?! Ахир сен то шу вақтгача фақат итоатсизлик қилдингку, бузғунчилардан бўлдингку?! Энди, ҳаётдан умидинг бутунлай узилганда, денгизга ғарқ бўлиб кетишингга кўзинг етгани-да, ўлиминг кўзингга кўринганида иймон келтирдингми?! Сенинг ҳолингдаги кимсанинг иймони ҳаргиз қабул бўлмас!”
Аксари тафсир уламолори ояти каримада зикр қилинган сўзлар Фиръавнга Жаброил алайҳис-салом томонидан айтилган деб тафсир қилганлар.
Ушбу оятлар Дини Ислом таълимотидаги: “бутун ҳаётларини куфр ва даҳрийлик билан ўтказиб, ниҳоят жонлари чиқар пайтида Оллоҳга иймон келтирган кимсаларнинг иймонлари мақбул эмас”, деган ақийданинг асосидир.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг тавфиқ ва мадади билан Ғофир сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

Орқага Олдинга