Макка сураларидан бўлган ушбу сурайи карима етмиш беш оятдан иборат.
Сура Қуръони Каримнинг Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Китоб эканини таъкидлаш билан бошланиб, сўнгра Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ва барча мўминларни Ёлғиз Оллоҳ учун холисанлиллоҳ ибодат қилишга буюрилади.
Бу сурада Еру осмон ва уларнинг ўртасидаги барча мавжудотни йўқдан бор қилган Оллоҳ таоло ҳар бир нарсага ўзига хос сурат ва сийрат ато этгани ҳамда уларнинг ҳар бирига алоҳида вазифа юклаб қўйгани, демак, бу олам корхонасидаги ҳар бир нарса фақат Яратган буюрган ва имкон берган иш-амални қилиб ўтиши аниқ эканлиги уқтирилади. Сўнгра инсоният учун Оллоҳ таолодан ўзга бирон кимса ё нарсага сиғиниш - ибодат қилиш дуруст эмаслиги хусусида сўз бориб, бир Хожага бўйсуниб, фақат Унинггина буйруқ-фармонини бажаришга ва фақат Унигина рози қилишга ҳаракат қиладиган хизматкор билан бир неча хўжайин ўртасида қолиб, уларнинг қайсиларини кўнглини олишни бил-май, балки уларнинг бирорталарини тўла рози қилиш имконини топа олмай аросатда қолган хизматкор баробар эмаслиги ҳақида ибратли мисол келтирилади.
Сура ниҳоясида Маҳшар Кунидаги ҳисоб-китоб тасвирланиб, у Кунда ҳеч кимга зулм қилинмаслиги, билъакс иймон ва яхши амаллар қилиш билан яшаб ўтган мўминлар гуруҳ-гуруҳ бўлган ҳолда жаннатга, куфру исён билан ўтган кофирлар эса тўда-тўда қилиниб жаҳаннамга ҳайдалиши ҳақида хабар берилади. Суранинг «Зумар - Гуруҳлар» деб номланишининг боиси ҳам шудир.
Оиша розияллоху анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам токи Зумар ва Бани Исроил сураларини ўқимагунларича ухлагани ётмасдилар. («Саҳиҳи Термизий»дан).
Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан
1-2. (Ушбу Қуръон) Кудрат ва Ҳикмат Эгаси бўлмиш Оллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Биз Сизга бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик, бас, Сиз Оллоҳга - У Зот учун Динингизни холис қилган ҳолингизда ибодат қилинг!
Ушбу икки оят Қуръони Азимнинг энг Буюк Илоҳий Мўъжиза, Ҳақ Каломуллоҳ эканини баён қилади. Ушбу Китоб Пайғамбар алайҳис-саломнинг сўзлари эмас, балки Оллоҳ таоло томонидан у зотга нозил қилинган Калом эканини исботлайдиган оятлар Қуръонда такрор-такрор келади.
Ҳадиси Қудсийда ҳам Ҳақ таоло: “Менинг бандам (яъни, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам) ростгўйдир, у Мен томондан етказган ҳар бир сўз ҳақдир”, деб Қуръон тўласича Унинг томонидан нозил қилинган ваҳий эканини таъкидлайди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ояти каримада Қуръони Карим Оллоҳ таолодан бошқа биров томонидан тўқиб чиқарилган бўлиши мутлақо мумкин эмаслиги айтилади. Чунки у Калом фасоҳат - гўзаллиги ва балоғат - етуклиги билан, ўта катта маъноларни саноқли сўзларда ифодалаши билан, ўқиган тинглаган кишига берадиган, бошқа бирон жойдан топиб бўлмайдиган ҳаловати билан, ғайб оламидан етказган хабарлари билан, буюрган қонун-қоидалари ҳеч қачон эскирмаслиги билан ва ниҳоят, ҳар бир калимаси мўминнинг ҳам дунёсига, ҳам Охиратига фойдали эканлиги билан ўзининг Каломуллоҳ эканини, махлуқларнинг сўзларига мутлақо ўхшамаслигини ўзи исботлаб туради. Тарих китобларидан маълумки, ҳатто Макка мушрикларининг энг ашаддийси бўлган Абу Жаҳл ҳам Қуръон Каломуллоҳ эканини инкор қила олмайди.
Пайғамбар алайҳис-саломнинг Маккада кечган ҳаётларидан тўла хабардор бўлган бу кофир кимса: “Муҳаммад ҳеч қачон бирон инсонга ёлғон сўзламаганку, энди Оллоҳ шаънида ёлғон сўзлайдими?!” дейишга мажбур бўлади.
Дарвоқеъ, Қуръоннинг Ҳақ таоло томонидан очиқ араб тилида нозил қилиниши биринчи навбатда айни ўша, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни ёлғончи қилаётган мушрик араблар унинг оятларини осон англаб амал қилишлари учун эди. Ибн Аббос розияллоху анҳумо айтади: “Қуръон қурайшликлар тушунишлари учун уларнинг тилида нозил қилинди”. (“Тафсири Бағавий”дан).
“бас, Сиз Оллоҳга - У Зот учун Динингизни холис қилган ҳолингизда ибодат қилинг!”
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Ёлғиз, ҳеч қандай шериги бўлмаган Оллоҳ таолога чин ихлос билан - мутлақо беғараз, Танҳо Оллоҳ ризосини топиш учун холис ибодат қилинг ва қавмингизни ҳам ана шундай холис Оллоҳ учун ибодат қилишга чақиринг!
3. (Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, Ёлғиз Оллоҳ учун бўлган Дин
- ибодатгина холис Диндир. У Зотдан ўзга «дўстлар»ни («илоҳ» деб) ушлаб олган кимсалар: «Биз (ўша «илоҳ»ларимизга) фақатулар бизни Оллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, (Қиёмат Кунида) ихтилоф қилаётган нарсалари хусусида уларнинг ўртасида Оллоҳнинг Ўзи ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Оллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас.
“(Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, Ёлғиз Оллоҳ учун бўлган Дин
- ибодатгина холис Диндир”.
Яъни, Оллоҳ таолога қилинган ҳар қандай тоат-ибодат агар Ёлғиз Унинг Юзини кўзлаб, ширк ва риёдан мутлақо холи бўлган ҳолида қилинсагина холис Дин бўлади ва Оллоҳ таоло бу ибодатни қабул қилади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтди: “Ким бирон амал қилса-ю, унда Менга бировни шерик қилса, (яъни, қилган амалини Ёлғиз Мен учун эмас, балки яна бошқа бирон кимса ёки нарсани кўзлаган ҳолда қилса), бас, у амал ана ўшаникидир, Мен ундан безордирман. Чунки Мен шерик бўлиш айбидан беҳожатларнинг энг беҳожатидирман” (“Танвийрул-азҳон” тафсиридан).
Каҳф сурасининг сўнгги оятидаги: “Менга Илоҳингиз Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин!” жумлаларига тафсир бўлиб келган ҳадислар ўрганаётганимиз ушбу ояти кариманинг ҳам энг гўзал тафсиридир: Ибн Аббос розияллоҳу анхумо айтади: “Ушбу оят Жундуб ибн Зуҳайр Омирий ҳақида нозил бўлган. У: “Ё Расулуллоҳ, албатта мен Оллоҳ таоло учун амал қиламан ва Ёлғиз Унинг Юзини кўзлайман, фақат мана шу қилган амалимдан одамлар хабардор бўлсалар, бу мени хурсанд қилади”, деган эди, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳ таоло Покдир ва У фақат покиза амалларни қабул қилур, ширк келтирган (яъни, ҳам Оллоҳ таоло учун, ҳам одамлар учун қилинган) амалларни қабул қилмас”, дедилар ва ўша онда ушбу оят нозил бўлди”. (“Тафсири Куртубий” ва “Тафсири Мунийр” китобларидан).
Ибодатда риёкорлик қилиш Оллоҳ таолога ширк келтириш билан баробар эканлиги ҳақида ушбу ояти каримага тафсир бўлиб кўплаб ҳадислар ворид бўлганки, уларни билишимиз бизларни ўша мудҳиш иллатдан сақланишимизга сабаб бўлади иншооллоҳ.
Уббода ибн Нусай розияллоху анҳудан ривоят қилинди: “Мен Шаддод ибн Авснинг олдига борсам, у жойнамози устида йиғлаб ўтирарди. “Сени нима йиғлатди, эй Абу Абдур-Раҳмон”, деган эдим, у: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадис”, деди ва давом этди: “Бир куни у зотнинг юзларидаги хафаликни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам Сизга фидо бўлсин, мен юзингизда нени кўрмоқдаман?” деган эдим, у зот: “Мендан кейин умматим устига бир иш келиб қолмаса, деб қўрқмоқдаман”, дедилар. Мен: “У қандай иш, ё Расулуллоҳ?” деб сўраган эдим, “Ширк”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, Сиздан кейин умматингиз мушрик бўлиб кетадиларми?” дедим. Айтдилар: “Эй Шаддод, албатта улар қуёшга, ё ойга, ё тошга, ё бутларга сиғинмайдилар, лекин уларнинг риё учун амал қилишларидан қўрқаман”. “Риё ширкми?” деган эдим, “Ҳа”, дедилар”.
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анхудан ривоят қилинди. У айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким эшиттирса, Оллоҳ таоло уни эшиттириб қўяди, ким кўрсатса, Оллоҳ таоло уни кўрсатиб қўяди (яъни, ким одамлар эшитсин деб амал қилса, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида уни ҳаммага эшиттириб шарманда қилади, ким эл кўрсинга ибодат қилса, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида уни ҳаммага кўрсатиб шарманда қилади)”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
“Шарҳус-сунна”да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларнинг устингизда энг кўп қўрқадиган нарса кичик ширкдир”, дедилар. Саҳобалари: “Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?” деб сўраган эдилар, “Риё” дедилар.
«У Зотдан ўзга «дўстлар»ни («илоҳ» деб) ушлаб олган кимсалар: «Биз (ўша «илоҳ»ларимизга) фақат улар бизни Оллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, (Қиёмат Кунида) ихтилоф қилаётган нарсалари хусусида уларнинг ўртасида Оллоҳнинг Ўзи ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Оллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас».
Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: “Оллоҳни қўйиб турли бут-санамларга ccғинадиган мушрик кимсаларга: “Сизларни яратган Парвардигорингиз ким? Осмонлар ва Ерни ким яратган, ким самодан ёмғир ёғдиради?” делилса, улар: Оллоҳ”, дейдилар. Уларга: “Бас, шундай экан, сизларнинг бутларга ибодат қилишингизда қандай маъно бор?» дейилса, улар: “Бут-санамларимиз бизларни Оллоҳга яқин қиладилар ва Унинг ҳузурида бизларни шафоат қиладилар”, дейдилар. Албатта, мушрикларнинг бу сўзлари ўзлари учун ўта хатарли сўздир. Чунки Қиёмат Кунида уларнинг ўртасида ҳеч қандай шериги бўлмаган Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзи ҳакамлик қилади ва ҳар кимнинг қилган амалига яраша жазо бериб, чин ихлос билан Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб ўтган мўминларни жаннатга, мушрик-кофир кимсаларни эса дўзахга киритади. Аниқки, Оллоҳ таоло Унинг шаънига “Ол-лоҳнинг шериклари бор, болалари бор, бут-санамларримиз албатта биз-ларни Оллоҳга яқин қилади”, деб ёлғон тўқиган каззобларни, ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз Оллоҳтаолога ширк келтирган кофирларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилмайди. Чунки, улар Ҳақ Йўл нима эканлигини билмайдиган, Тўғри Йўлни кўрмайдиган кўнгил кўзлари кўр бўлган кимсалардир.
4. Агар Оллоҳ фарзанд тутишни истаса, сўзсиз Ўзи яратган нарсаларидан хоҳлаганини танлаб олган бўлур эди. У Зот (бундай айбдан) Покдир. У Танҳо ва Ғолиб Оллоҳдир.
Ушбу ояти каримани бизга мана бу оят тўла-тўкис тафсир қилиб беради: «Агар Биз кўнгилхушлик қилишни (яъни, хотин, фарзанд орттиришни) истасак, агар (шундай) қилгувчи бўлган чоғимизда ҳам Биз уни (яъни, хотин, фарзандни) Ўз даргоҳимиздан (яъни, малоикалардан ёки жаннат хурларидан) қилган бўлур эдик-ку!» (Анбиё сураси, 17-оят).
Ушбу ояти карима малоикаларни ва ўзлари қўллари билан ясаб олган бут-санамларни “Булар Оллоҳнинг қизлари”, деб даъво қиладиган мушрикларга ҳам, “Ийсо Оллоҳнинг ўғли, Марям Оллоҳнинг хотини”, деб даъво қиладиган насронийларга ҳам, “Узайр Оллоҳнинг ўғли”, деб даъво қиладиган яҳудийларга ҳам баробар жавоб бўладиган Илоҳий Раддиядир. Ҳақ таоло ундай жоҳил кимсаларга ўзлари тушуна оладиган жуда оддий ва айни пайтда ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган мантиқ билан гўё шундай жавоб қилади: “Сизлар Оллоҳнинг хотини ва ўғил-қизлари бор”, деб Менинг шаънимга тухмат қиласизлар ва бу билан Менинг Ёлғизлик сифатимни инкор этиб, Менга ширк келтирасизлар Аввало бу сўзларингиз мутлақо ботил ва ҳеч қандай асоссиз пуч даъводир. Қолаверса, агар фаразан сизлар айтганингиздек, Бизга вақтичоғлик қилиш учун жуфт ёки кўнгилхушлик учун фарзанд керак бўлса, у ҳолда уларни Ўз даргоҳимиздаги жаннат ҳурларидан ёки Ўзимиз нурдан яратган малоикалардан танлаб олган бўлмасмидик. Наҳотки Биз бунинг учун сизлар тош-ёғочлардан ясаб олган бут-санамларингизга муҳтож бўлсак?! Шунингдек, агар Марям, сизлар даъво қилганингиздек, Бизнинг жуфтимиз бўлса, у сизларнинг орангизда - Ерда нима қилиб юрибди?! Ахир эр қаерда бўлса, хотин ҳам ўша жойда бўлиши лозим эмасмиди?! Бас, сизларнинг бу каби сўзларингиз ақлсизликдан ўзга нарса эмасдир ва бундай сўзларга қулоқ солиб эргашиш ҳам ақлли кишиларнинг иши эмасдир”.
5. У осмонлар ва Ерни Ҳақ (Қонун) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устига ўрар, кундузни кечанинг устига ўрар. У қуёшни ҳам, ойни ҳам (Ўз Амрига) бўйсундириб қўйгандир. (Уларнинг) ҳар бири маълум муддатгача жорий бўлур. Огоҳ бўлингизким, У Кудратли ва бениҳоя Мағфиратли Зотдир.
Албатта Оллоҳтаоло осмону замин ва улар ўртасидаги бирон нарсани беҳуда яратган эмасдир. Балки У Зот коинотдаги ҳар бир мавжудотни ҳақ Қонун ва етук Ҳикмат билан яратиб, уларни Ўзининг Ердаги халифаси бўлмиш инсон манфаати учун бўйсундириб қўйди.
Шунингдек, У Зот борлиқдаги ҳар бир нарсага алоҳида сурат ва сийрат ато этиб, то Қиёмат амал қилиб ўтадиган ҳаёт қонунини белгилаб кўйди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабарлар келган: “Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. Биз уларни фақат Ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.” (Духон сураси, 38-39-оятлар). “Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах - ҳалокат бўлғай!” (Сод сураси, 27-оят).
Ояти карима яна бир бор Оллоҳ таолонинг Қудрати бениҳоя Улуғ эканлигини таъкидлайди. Дарҳақиқат, борлиқдаги барча нарсани Унинг Ўзи яратгандир ва Ўзи бошқариб тургувчидир. Ҳатто нур ва зулмат, яъни, кеча ва кундуз ҳам Ёлғиз Унинг Қўлидадир, хоҳлаганида кечани кундузга киритиб, кундузларни узун қилиб қўяди. Яна бошқача айтилса, бировларнинг бахтларини фузун, кундузларини узун қилиб бахтли ҳаёт ато этиш ҳам, бировлврнинг кундузларини қора тунга айлантириб ёруғлиқцан бенасиб қилиб қўйиш ҳам фақат Унинг Қудрат ва Ҳикмати билан бўлади. Албатта У коинотдаги ҳар бир нарсадан Хабардор, ҳар бир сўз ва овозни Эшитгувчи, ҳар бир ишни Кўргувчидир. Одамларнинг қилган ишлари, адолат ёки зулмларигина эмас, зарра мисоличалик майда нарса ҳам Унинг нигоҳидан махфий бўла олмас, қоронғу тунда, қоп-қора хонада, коп-қора тош устида қоп-қора қумурсқа қимирласа ҳам, албатта У Зот билар, эшитар ва кўрар.
Унинг Қудрати билан Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган куёш то «кун ва ой бирлашиб кетадиган» Қиёмат Куни келгунича бир нафас хам тинмасдан фазода айланаверади. Фақат Қудратли ва Доно Зот - Оллоҳ таолонингЎзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўйсундириб қўя олур.
Шунингдек, то Қиёмат қадар ой ҳам Яратганнинг белгилаб қўйган Илоҳий ўлчови билан ўз фазосида жорий бўлади. У бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар қуёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
Ҳақиқат шуки, Ёлғиз Оллоҳтаоло Ўз Қудрати ва бошқа улуғ Сифатлари билан барча нарсадан Юксак, Ўз Илми билан бутун мавжудотни иҳота қилиб олган тенгсиз Буюк Зотдир. У шу қадар Юксакки, барча махлуқот Унинг Қўл остида, Унга ҳеч ким тенг бўла олмайди, ўхшай олмайди, рақобатлаша олмайди. У шу қадар Буюкки, Буюклигини англашга фикрлар ожизлик қилади. Аммо ҳаётнинг ҳар жабҳасида, ҳар лаҳзасида иймонли инсонлар учун Унинг Юксаклиги, Буюклиги, Танҳолиги, бениҳоя Қудратли ва Кечирувчи Парвардигор эканлиги яққол кўриниб туради.
6. У сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (яъни, Ҳаввони пайдо) қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккизта жуфтни туширди (яъни, дунёга келтирди). У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур. Мана шу Оллоҳ Парвардигорларингиздир. Барча подшоҳлик Ёлгиз Уникидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас сизлар, (эй мушриклар, ана Ўша Зотга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
Ушбу ояти каримада сўз Оллоҳ таоло Танҳо Холиқ - Яратгувчи экани тўғрисида ва Ердаги одамзод тарихининг бошланиши ҳақида боради. Ҳақ таоло барча инсонлар бир ота-онанинг фарзандлари эканликлари ҳақида хабар бериб, Одамни жаннатда Ердан - тупроқдан яратганидан сўнг унинг вужудидан - сахдҳ ҳадисда келганидек - чап қовурғасидан жуфти ҳалоли Ҳаввони яратгач, маълум вақт ўтганидан кейин уларни Ерга ту-ширгани ва Ерда улар қай тарзда кўпайганлари тўғрисида сўйлайди.
Бу ҳақда Ҳақ таоло яна бошқа оятларда ҳам хабар берган: “Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага Номи солинадиган Оллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Оллоҳ устингизда Кузатувчи бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 1-оят). “Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишу-винглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Ол-лоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Оллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир.” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Ушбу оятда Ислом динининг инсоният оламига нисбатан бўлган кўз қараши баён этилгандир: биринчидан, барча инсонлар бир ота-онанинг фарзандларидир. Иккинчидан, инсонларнинг турли эл-уруғларга бўлинишлари бир-бирлари билан ер ёки мол-дунё талашиб уруш-жанжал билан умр ўтказишлари учун эмас, балки бир-бирлари билан танишиб, ҳамкорлик қилишлари ва биргаликда ўзлари халифа бўлган заминни обод қилишлари учундир. Ва ниҳоят учинчидан, одамларнинг Оллоҳ таоло ҳузурида обрў-эътиборли бўлишлари мол-дунё ёки олийнасаб билан эмас, балки Оллоҳдан қўрқиш ва У Зот нозил қилган амр-фармонларга итоат этиш билан бўлур.
Ушбу ояти каримадаги саккизта жуфт чорва ҳайвонидан мурод туя, мол, қўй ва эчкининг эркак ва урғочи жинсларидир. Чунки улардан ҳар бир жинс вакили ўз муқобилидаги жинс вакилига нисбатан жуфт ҳисобланади. Бинобарин мазкур тўрт тур ҳайвон эркак ва урғочи бўлиб саккизта жуфтдир.
Энди она қорнидаги уч қават зулмат - она қорни, бачадон ва бола-нинг йўлдошидир, боланинг аста-секин яратилиши эса унинг она қорнида аввал нутфа, сўнгра лахта қон, сўнгра бир тишлам гўштга айланиб аста-секин ривожланиб боришидир.
“Мана шу Оллоҳ Парвардигорингиздир. Барча подшоҳлик Ёлғиз Уникидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Танҳо Унинг Ўзи бордир. Бас, сизлар (эй мушриклар, ана ўша Зотга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
Яъни, эй мушриклар, ана Ўша Зот - сизлар ўзларингиз юқорида мазкур бўлган сифатларнинг Эгаси эканини эътироф этганингиз Оллоҳ таолнг Ўзигина Ҳақиқий Парвардигорингиздир. Чунки Ёлғиз Унинг Ўзи ҳарни йўқдан бор қилиб яратди, сизларга ризқ берди, УнингЎзи барча шларингизни тадбир қилур - узлуксиз бошқариб турур. Демак, ибодат илинишга мустаҳиқ бўлган Зот Танҳо Оллоҳтаолодир. Бас, ким мана шу лакиқатдан хатлаб ўтса, яъни, Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат кллиш ўрнига яна бошқа кимгадир ёки нимагадир куллик қилса, сиғинса, . ндай кимсанинг йўлдан озгани, адашгани аниқдир. Бас, сизлар, эй мушриқлар, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?! Нега Тўғри Йўлдан - Ҳақиқий ^оббингиз бўлмиш Оллоҳ таолога ибодат қилишдан юз ўгириб, ботил бут-ганамларга сиғинмоқдасизлар?!
Ояти каримада Оллоҳ таоло Ўзининг Ҳақ Парвардигор эканини таъкидлайди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам дуоларида Оллоҳ таолога ҳамд айтганларидан сўнг: “Антал-Ҳақ - Сен Ҳақдирсан”, дейдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти). Ҳақ деган сўзнинг луғавий маъноси рост, аниқ, собит, тан олинган деганидир. Бу маъноларнинг барчаси фақат Оллоҳ таолонинг Зоти ва Сифатларида мавжуддир. Агар биргина мисол келтирсак, Оллоҳ таолонинг Борлиги Ҳақдир. Чунки У ҳеч қачон йўқ бўлмаган ва ҳеч қачон йўқ бўлмайди. У Азалий ва Абадийдир. Қолган нарсаларнинг барчаси аввалда йўқ бўлган ва Оллоҳ яратганидан кейингина бор бўлган, аммо уларнинг борлиги ҳам абадий эмас - Оллоҳ хоҳлаган соатда яна йўққа айланади. Демак, Бор деган сифат ўзининг тўлиқ маъносида фақат Оллоҳ таолога нисбат берилганда Ҳақиқат айтилган бўлади, қолган барча нарсанинг борлиги унинг азалий эмаслиги, Яратганнинг Амри билан пайдо бўлгани ва эртага йўқ бўлиш эҳтимоли бўлгани эътибори билан ўта нисбийдир, шунчаликки, йўқ деса ҳам бўлгудек. Худди арабнинг буюк шоири Лабийд айтганидек:
“Билгилки Оллоҳдан ўзга барча нарса ботилдир”.
Оллоҳ таолонинг қолган барча Сифатлари ҳам худди Унинг Борлик Сифати каби Азалий ва Абадий Ҳақиқатдир. Шунингдек, Унинг буюрган Дини - Ислом бирдан-бир Ҳақ Диндир, ягона Тўғри Йўлдир. Ояти каримада таъкидланишича, ким мана шу Ҳақ Диндан бошқа йўлларга бир қадам босадиган бўлса ҳам, залолатга кетган-адашгани аниқдир. Ундай кимса Ҳақнинг чегарасидан чиққан заҳоти залолатнинг ичида турган бўлади. Чунки Ҳақ билан ботилнинг ўртасида учинчи бир мартаба йўқдир.
7. (Эй мушриклар), агар сизлар (Оллоҳ таолонинг мазкур оятларда зикр қилинган улуғ Сифатларини - бениҳоя Қудратли ва Кечиргувчи Зот эканини эшитиб-билиб туриб ҳам) кофир бўлсангизлар, бас, албатта Оллоҳ сизлардан Беҳожатдир. (Аммо) У бандаларининг кофир бўлишларига рози бўлмас. Агар шукр қилсангизлар (ва иймон келтирсангизлар) У Зот сизлар учун (шукр қилиб, иймон келтиришларингиздан) рози бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор) жон ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Сўнгра Ёлғиз Парвардигорларингизга қайтишларингиз бордир. Бас, У Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. Албатта У диллардаги сирларни Билгувчидир.
“(Эй мушриклар), агар сизлар кофир бўлсангизлар, бас, албатта Оллоҳ сизлардан Беҳожатдир. (Аммо) У бандаларининг кофир бўлишларига рози бўлмас”.
Бу ҳақда бошқа бир оятда янада аниқроқ айтилган: «Мусо яна деди: «Агар сизлар ўзингиз ва Ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (Оллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Оллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) Беҳожатдир, ҳамду сано Эгасидир». (Иброҳим сураси, 8-оят).
“Саҳиҳи Муслим”да Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қи-линган ҳадиси Қудсийда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳтаоло деди: “Эй бандаларим, агар фаразан сизларнинг аввал-у охирларингиз, инсу жинларингиз ораларингиздаги энгтақволи бир кишининг қалбида бўлсалар ҳам, яъни, ҳар бирингизнинг қалбингиз ана ўша кишининг қалбидек тақволи бўлганида ҳам, бу Менинг мулкимга бирон нарсани зиёда қилмайди. Эй бандаларим, агар фаразан сизларнинг аввал-у охирларингиз, инсу жинларингиз ораларингиздаги энг фожир - фисқу фужурга тўла бир кимсанинг қалбида бўлсалар ҳам, яъни, ҳар бирингизнинг қалбингиз ана ўша кимсанинг қалбидек фисқу фужурга тўла бўлганида ҳам, бу Менинг мулкимдан бирон нарсани камайтирмайди. Эй бандаларим, агар фаразан сизларнинг аввалу-охирларингиз, инсу жинларингиз бир баландликда туриб олиб Мендан ўз ҳожатларини сўрасалар-у, Мен ҳар бир инсонга сўраган нарсасини берганимда ҳам бу Менинг мулкимдан бирон нарсани камайтирмайди, магар денгизга суқиб олинган нина унинг сувидан қанча камайтира олса ўша миқдорда камайтириши мумкин”.
“Агар шукр қилсангизлар (ва иймон келтирсангизлар) У Зот сизлар учун (шукр қилиб иймон келтиришларингиздан) рози бўлур”.
Яъни, эй инсонлар, агар сизлар ато этган беҳисоб неъматлари учун Оллоҳ таолога шукроналар айтсангизлар, яъни, мўмин бўлсангизлар, У Зот сизларнинг шукрларингизга муҳтож бўлгани учун эмас, балки, фақат сизлар учун, сизлар иймон келтириш ва шукр қилиш билан икки дунё саодатига эришганларингиз сабабли рози бўлур. “Ҳеч бир кўтарувчи (яъни, гуноҳкор) жон ўзга жоннинг юкини яъни, гуноҳини) кўтармас”.
Оят давомида келган ушбу жумлада ҳар бир инсон қиладиган иш-амали учун у яхши амал бўладими ёки ёмон амалми - ўзи жавоб бериши, агар яхши амал қилган бўлса, ажр-мукофотга унинг ўзи сазовор бўлиши, ёмон амали учун ҳам унинг ўзи жазоланиши, ҳеч ким бошқа бировнинг гуноҳини ўз бўйнига ола билмаслиги уқтирилади.
«Сўнгра Ёлғиз Парвардигорингизга қайтишларингиз бордир. Бас, У Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. Албатта У диллардаги сирларни Билгувчидир».
Шак-шубҳасиз, барча жонзот, жумладан ҳар бир инсон ўлади - узун уйқуга кетади сўнг бу “уйқу”дан Қиёмат Кунида уйғонади ва уни яратган, умр, ризқ ва саноқсиз неъматлар ато этган, уни иймон ва солиҳ амалларга буюрган, куфрдан, ёмон ишлардан қайтарган Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб бериш учун туради. У Зот ҳар бир инсонни қилиб ўтган амалларини кўрсатиб, иймон ва солиҳ амаллар билан ҳаёт кечирган бандаларини Ўз Раҳматига - жаннатларига дохил қилади.
Куфр ва исён-итоатсизлик билан гуноҳ-жиноятлар қилган кимсалар-ни эса Ўзининг Ғазаби - дўзах азобига гирифтор қилади.
8. Қачон инсонни бирон зиён ушласа, у Парвардигорига тавба-тазарруъ қилган ҳолида дуо-илтижо қилур. Сўнгра қачон (Оллоҳ) Ўз томонидан унга бирон неъмат ато этса, (инсон) илгари (Оллоҳга) қилган дуо-илтижоларини унутиб қўяр ва (ўзгаларни ҳам Оллоҳнинг) Йўлидан оздириш учун У Зотга «тенг»ларни (ўйлаб) топур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз унга) айтинг: «Сен ўз куфринг билан (бу ўткинчи дунёда) озгина фойдаланавергин! Шак-шубҳасиз, сен дўзах эгаларидандирсан».
Ояти каримада динсиз-иймонсиз кимсалар агар бошларига андак ташвиш тушадиган бўлса, бирон дардга йўлиқсалар ё йўқчиликка дучор бўлсалар, ҳатто ишлари юришмай қоладиган бўлса ҳам, Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб қолишлари, ўтиришга ҳам кучи етмай қолганлари ётган жойида, тура олмай қолганлари ўтирган жойида, юра олмай қолганлари турган жойида У Зотга чин ихлос билан дуо-илтижо қилиб қолишлари, аммо агар дуолари мустажоб бўлиб, Оллоҳ таоло раҳм қилиб, бошларидаги балони аритганида эса, кечаги кунлари тамоман эсларидан чиқиб, гўё ҳеч қачон Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб дуолар қилмагандек яна аввал-ги динсизликларига қайтиб, ўз ҳадларини билмасдан катта гапириб, гуноҳ-маъсиятларга муккадан кетиб юраверишлари ҳақида хабар берилади. Ҳатто уларнинг орасидаги айрим кимсалар Оллоҳ таолога шукроналар айтиш, мушкилларини осон қилгани учун Меҳрибон Парвардигорга янада астойдил тоат-ибодат қилиш ўрнига жирканч нонкўрлик йўлини тутадилар - Яратганга шукр келтириш ўрнига ширк келтирадилар, У Зот ато этган неъматнинг раҳматини бошқаларга - ўзлари сиғинадиган, кўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бутларига айтадилар! Худди дарди оғирлашиб, азоб чекаётганида тинмай: “Оллоҳим, дардимга шифо бергин. Агар Ўзинг шифо бермасанг, ҳеч қандай дори-дармон кор қилмаяпти”, деб дуо-илтижо қилиб, сўнгра, Оллоҳ таоло шифо бериб, тузалиб кетганидан кейин: “Мени мана бу дори тузатди”, деб юрадиган аҳмоқ кимса каби!
Бир ояти каримада шундай дейилади: “Қачон Биз инсонга (неъмат - давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз ўгирар ва ўз томонига кетар (яъни, Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса эса у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир.” (Фуссилат сураси, 51 оят).
Уламолар: “Ушбу оятда нафақат кофир кимсалар, балки мусулмонлар орасидаги бошларига мусибат-ташвиш тушганида тоат-ибодат қилиб қоладиган, ишлари юришиб кетганида эса Оллоҳни “унутиб”, худди динсиз-лардек умрларини исроф қиладиган кимсалар учун ҳам огоҳлантиришдир”, дейдилар.
Ояти карима тафсирида келган мана бу ҳадиси шариф ҳам биз учун ўзига хос бир огоҳлантиришдир:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким бошига қаттиқчилик, мусибат тушган пайтида Оллоҳтаоло дуоларини мустажоб қилишини яхши кўрса, у кенгчилик кунларида ҳам дуо-илтижони кўп қилсин!”. (Термизий ривояти).
«Ва (ўзгаларни ҳам Оллоҳнинг) Йўлидан оздириш учун У Зотга «тенг»ларни (ўйлаб) топур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз унга) айтинг: «Сен ўз куфринг билан (бу ўткинчи дунёда) озгина фойдалана-вергин! Шак-шубҳасиз, сен дўзах эгаларидандирсан».
Ширкнинг турлари кўп. Улардан бири ва энг хунуги Оллоҳдан ўзгани ҳам Худо деб эътиқод қилиш ва унга сиғиниб - чўқинишдир. Ҳеч нарса ярата олмайдиган, обидларига бирон фойда ёки зиён етказиш қўлидан келмайдиган жонсиз бут-санамларга, турли-туман махлуқларга сиғиниш, чўқиниш, улардан ҳожатлар сўраш соғлом инсоний ақлга сиғмайдиган нодонлик экани аён бўлсада, таассуфки, дунё аҳолисининг ярмидан кўпи ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам мушриклардан иборатдир. Уларнинг мазҳаблари, йўналишлари, кўринишлари турлича бўлиши мумкин, Аммо ҳаммасининг моҳияти бир - Оллоҳнинг Танҳо Маъбуд эканини тан олмаслик, Оллоҳнинг “тенглари” бор, деб эътиқод қилишдир.
Ҳақ таоло ояти каримада бундай ботил эътиқод эгалари фақат ўзларигина адашмасдан, балки охир-оқибатда бошқа одамларни ҳам Оллоҳнинг Йўлидан оздиришларини айтиб, Ўзининг Элчисига буюради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз унга) айтинг: “Сен ўз куфринг билан (бу ўткинчи дунёда) озгина фойдаланавергин! Шак-шубҳасиз, сен дўзах эгаларидандирсан! ”
Албатта Оллоҳтаолонинг мушрик кимсага: “фойдаланавергин!” деб қилган амри таҳдид учун бўлиб, худди табибнинг буюрилган парҳезга амал қилмасдан олдига келган таомни еяверадиган беморга: “Истаган овқатингни еявергин, шунда тезроқ ўласан”, дегани каби бир огоҳлантиришдир. Яъни, ким дўзах азобига гирифтор бўлмасликни хоҳласа, “Оллоҳнинг “тенглари” бор”, деб Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқишни тўхтатиб, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилсин! деган маънодадир.
9. Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмда-тик турган ҳолда тоат-ибодат қилгувчи, Охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг Раҳмат-Марҳаматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган мушрик кимса баробар бўлурми)?!» Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» (Бу оятлардан) фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар.
Ояти каримада аввало юқоридаги оятларда зикр қилинган кофир-мушрик кимсалар ҳеч қачон тунларини Оллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш билан тик туриб, саждалар қилиб намозда ўтказадиган, қалбларида доимо Охират ғами, у диёрдаги ҳисоб-китобдан қўрқув ва шу билан бирга Яратганнинг Раҳмат-Марҳаматидан умидворлик бўлган мўминлар билан баробар бўлмасликлари таъкидланади. Ушбу оят мўминнинг қалбида доимо қўркув ва умид баробар бўлиши лозимлигини, бошқача айтганда, қўрқув ва умидворлик иймоннинг икки қаноти эканлигини уқтиради, шунингдек, тунлари одамлар ухлаб ётган вақтларида тоат-ибодат билан бедор бўлиш фазилатини алоҳида таъкидлаб, мўминларни тунларини фақат ғафлат уйқусида ўтказмасдан, маълум вақтларда намоз ва дуо-илтижолар билан бедор бўлишга даъват қилади.
“Айтинг: “биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!” (Бу оятлардан) фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар”.
Ушбу жумлалар мўмин билан кофир ўртасидаги фарқ ҳақида келтирилган яна бир ибратли масалдир. Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, худди юрар йўлини аниқ кўриб турадиган, демак, фақат манзилга олиб борадиган Тўғри Йўлни танлаб юрадиган киши билан ҳеч нарсани кўрмайдиган, демак, олдидан чиққан ҳар қандай жарликка қулаб ҳалок бўлиши ёки йўлидан чиққан экин-тикин ва гулзорларни ҳам босиб-янчиб пайҳон қилиб кетиши мумкин бўлган кўр кимса баробар бўлмагани каби Ҳақ таоло томонидан Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти Ҳақ эканини биладиган, у Китобга иймон келтириб, кўрсатмаларига амал қиладиган киши билан кўнгил кўзи кўр бўлгани сабабли Ҳақиқат нурини кўра олмайдиган, демак, унинг гўзаллигини идрок қила билмайдиган, шу сабабли жаҳолат зулматларида қолиб, зало-латнинг эгри-бугри ва хатарли йўлларида адашиб-улоқиб юрган кимса ҳеч қачон баробар бўлмаслигини айтади ва бундай мисолларни фақат тоза ақл эгаларигина англаб эслатма-ибрат олишларини эслатади. Яъни, Қуръон оятлари энг Улуғ Ҳақиқат эканини англаб, ушбу Азиз Китоб Каломуллоҳ эканига иймон келтириб, ундаги ҳар бир оятдан эслатма-ибрат олиб, Қуръон чизиб берган андозада ҳаёт кечирадиган кишиларгина ҳақиқий аҳли дониш - ақл эгалари эканликлари таъкидланади.
10. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: «Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда чиройли амал қилган зотлар учун (Охиратда) чиройли (оқибат-жаннат) бордир. Оллоҳнинг Ери кенгдир. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур.
Ушбу оятда сўз Маккадан, аввал Ҳабаш юртига, сўнгра Мадинайи Му-навварага ҳижрат қилган саҳобалар ҳақидадир. Парвардигордан қўрқиб, тақводорлик билан яхши амал қилган зотларнинг амаллари зое бўлмаслиги уқтирилиб, энди агар киши ўз ватанида золим ҳоким, ёки носоз тузум сабабли Оллоҳ таолога ибодат қилишдан маҳрум этилса, Оллоҳнинг Ери кенг эканлиги уқтирилади, ватан ҳижрони ва мусофирлик меҳнат-машаққатларига сабр-тоқат қилган кишилар учун беҳисоб ажр-мукофотлар бўлиши ҳақида хабар берилади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат Кунида тарозилар тикланиб, дастлаб хайр-садақот эгалари келтирилади ва ажр-мукофотлари тарозида тўла тортиб берилади, сўнгра намоз, ҳаж ибодатлари ҳам ана ўша тарзда тарозида тортилиб, ажрлари берилади. Кейин мусофирлик меҳнат-машаққатларига, бало-мусибатларга сабр қилган кишилар келтирилганида уларнинг амаллари тарозида тортилмайди, ҳисоб-китоб қилинмайди ва уларнинг устига беҳисоб ажр-мукофотлар ёғдирилади. “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур” оятнинг мазмуни шудир.” (“Тафсири Куртубий”дан).
Ушбу ояти каримада мазкур бўлган ҳижрат мавзуси Нисо сурасининг 97-оятидан бошлаб бир неча оятда алоҳида зикр қилинган ва алақадри ҳол тафсир қилиб ўтилган эди.
11-12. Айтинг: «Дарҳақиқат, мен Оллоҳга У Зот учун Динимни холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман. Ва мен мусулмонларнинг - бўйинсунгувчиларнинг аввали - пешқадами бўлишга буюрилганман.
“Танвийрул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, Қурайш кофир-лари пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга: “эй Муҳаммад, сени бу динга - “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтишга ва бизларни ҳам шунга чақиришга нима мажбур қилди? Ахир ота-боболарингни, қавмингдаги улуғларни динига қараб ўшаларга эргашсанг бўлмайдими? Улар Лот ва Уззога ибодат қиладиларку?!” дейишганида Оллоҳтаоло Ўз Элчисига ушбу оятларни нозил қилди ва мушрик-кофир кимсаларга жавобан гўё шундай дейишни буюрди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, айтинг: “Мен ушбу Динни ўзим ўйлаб топганим йўқ, балки менга Ҳақ таоло томонидан Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш ҳамда ибодатимга ширк ва риё каби нарсаларни мутлақо аралаштирмаслик буюрилди, шунингдек, Оллоҳ таолога бўйинсунувчи мусулмонларнинг энг пешқадами бўлиш амр қилинди”.
Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Ҳақ таоло томонидан мана шу сўзларни айтиш буюрилди. Мусулмонларнинг аввали - пеш-қадами бўлиш - Пайғамбаримиз алайҳис-салоту вас-саломга буюрилган бу Амри Илоҳий у зотнинг ҳар бир умматига - барча мусулмонларга ҳам қаратилгандир. Шунинг учун айрим уламолар ҳар гал намоз бошлаганда ушбу оятларни ўқиш вожиб дейдилар.
Зотан, мусулмонлик - ҳар бир иш-амалда Оллоҳ таолога бўйинсуниш ҳамда бу итоат ва ибодатда ҳар бир ишни Ёлғиз Оллоҳ таоло учун, Унинг ризолигини истаб қилишдир. Мусулмонни кофирдан, мушрикдан ажратиб турадиган бу сифат Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламда энг мукаммал суратда зоҳир эди.
Шунинг учун ҳам ояти каримада: “Мен мусулмонларнинг - бўйин-сунгувчиларнинг аввали - пешқадамиман”, деб айтишга буюрилдилар.
Ушбу жумладан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг барча буйруқларига бўйинсунушда итоатда ўз умматларига ибрат намуна бўлганлари, Шариатнинг ҳар бир ҳукмига биринчи бўлиб амал қилганлари аниқ маълум бўлгани каби у зотга буюрилган Дини Ислом фақат ўзларига хос бўлмасдан ҳар бир мусулмонга ҳам буюрилгани аён бўлади.
Шунингдек, бу жумладан Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алаҳи ва сал-лам мусулмонликда жамийки пайғамбарларнинг пешқадами - аввали эканликлари ҳам аён бўлади. У зоти бобаракот гарчи дунёга Ҳақ таоло тарафидан сўнгги Пайғамбар ўлароқ юборилган бўлсаларда яралишда барча пайғамбарлардан муқаддам эдилар. Бир ояти каримада Оллоҳ таоло у зотдан Нуҳ алайҳис-саломдан ҳам аввал аҳд-паймон олгани айтилади: “Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан) Сиздан, Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо бинни Марямдан аҳду паймонлар олгандик. Биз ростгўйлардан (яъни, барча пайғамбарлардан Қиёмат Кунида) ростгўйликлари (яъни, зиммаларидаги пайғамбарлик вазифаларини рост - тўла адо этганлари) ҳақида сўраш учун улардан пухта аҳду паймон олдик. (Оллоҳ) кофирлар учун аламли азоб тайёрлаб қўйгандир.” (Аҳзоб сураси, 7-8-оят).
Ибн Саъд розияллоху анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам: “Мен яралишда инсонларнинг аввалиман, (Элчи қилиб) юборилишда эса уларнинг охиргисиман”, деб марҳамат қилганлар.
Шунингдек, оят давомида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга Оллоҳ таоло у зотни иймон ва ибодатда мусулмонларнинг энг пешқадами бўлишга ва ҳаргиз мушриклардан бўлмасликка буюрганини айтишга маъмур бўлдилар.
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам тавҳидда - Оллоҳ таоло Танҳо Маъбуди Барҳақ деб эътиқод қилишда ҳам, ибодат-амалда ҳам уммати Исломийяга улгу-ибрат бўлиб қолдилар. Оллоҳ таоло қандай амалга буюрган бўлса, унга биринчи бўлиб ўз-лари амал қилиб, кейин умматларига ўргатдилар. Шунинг учун ҳам Ҳак таоло барча мўминларни у зотдан ибрат олишга чақирди: “(Эй мўминлар), албатта сизлар учун - Оллоҳ ва Охират Кунидан умидвор бўлган ҳамда Оллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун - Оллоҳнинг Элчи-сида (у зотнинг иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал намуна бордир.” (Аҳзоб сураси, 21-оят).
13. Айтинг: «Албатта мен агар Парвардигоримга осий бўлсам, улуғ Куннинг азобидан қўрқурман».
Яъни, ҳеч шак-шубҳа йўқки, агар мен Оллоҳ таолонинг Амрига итоатсизлик қилиб Унга чин ихлос билан ибодат қилмасам ва ширк аҳлига қарши даъват қилмасам, улар залолатда эканликларини фош қилмасам, бу исёним учун Улуғ Кун бўлмиш Қиёмат Кунида Парвардигорим томонидан бошимга тушадиган даҳшатли азоб-уқубатлардан қўрқаман. Шунинг учун ҳам, эй мушриклар, мен сизларнинг динларингизга кирмайман ва у ботил “дин” эканлигини айтиб одамларни огоҳлантиришда давом этаман.
14-15. Айтинг: «Мен Ёлғиз Оллоҳга У Зот учун Динимни холис қилган ҳолда ибодат қилурман. Бас, сизлар, (эй мушриклар), У Зотни қўйиб, ўзларингиз хоҳлаган бутларингизга ибодат қилаверинглар, (яқинда бу ширкларингизнинг оқибати қандай бўлишини жуда яхши билиб олурсизлар!» «Эй Муҳаммад, агар ота-боболарингнинг динидан чиқсанг, зиёнкор бўлурсан», дейдиган мушрикларга) айтинг: «Албатта зиёнкорлар Қиёмат Кунида ўзларига ва аҳли оилаларига зиён қилгувчи (яъни, ўзи ҳам мушрик бўлиб, аҳли-оиласини ҳам Тўғри Йўлдан оздиргани сабабли Қиёмат Кунида ўзи ва аҳли оиласи дўзах азобига гирифтор бўлгувчи) кимсалардир. Огоҳ бўлингизким, ана шу очиқ зиёнкорликдир».
Ушбу оятлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам мушрик-кофир кимсаларга айтишлари буюрилган ўта қаттиқ Илоҳий жавоблардир. Буюрилдики, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизни бут-санамларга сиғинишга чақираётган мушрикларга шундай деб айтинг: “Сизлар нима десангизлар ҳам мен фақат Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлган Оллоҳ таолога чин ихлос билан холисанлиллоҳ, Унга бирон кимса ёки нарсани шерик қилмаган ҳолда ибодат қилавераман. Сизлар ҳам Уни қўйиб хоҳлаган нарсаларингизга ибодат қилаверинглар!» Пайғамбар алайҳис-саломдан бу сўзларни эшитган мушриклар: “Эй Муҳаммад, сен ҳали ота-боболарингнинг динларини инкор қиляпсанми?! У ҳолда билиб қўйгинки, бу сўзларинг билан сен ўзингга жуда қаттиқ зиён етказмоқдасан!”дейишган эди, Ҳақ таоло Ўз Расулига у мушрик-жоҳил кимсаларга бундай жавоб беришни амр қилди: “Билингларки, зиён кўргувчи мен эмас, сизларнинг ўзингиздир. Чунки ҳақиқий зиён кўргувчи ҳаёти дунёда ўзи мушрик бўлганидек, аҳли оиласини ҳам ширк йўлига даъват қилгани сабабли Қиёмат Кунида ўзи ҳам аҳли аёли ҳам дўзах азобига ҳукм қилинадиган кимсалардир! Энг аниқ зиён, энг катта бахтсизлик ана шудир”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Кофирларнинг Қиёмат Кунида кўрадиган энг катта зиёнлари шундан иборатки, Оллоҳ таоло ҳар бир инсон учун бир манзил ва аҳли оилани яратиб қўйгандир. Бас, ким ҳаёти дунёда Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб ўтса, Қиёмат Кунида албатта жаннатдаги унинг учун тайёрлаб қўйилган манзил ва аҳли оилага эга бўлади. Аммо ҳаётини куфр, ширк ва исён билан ўтказган кимса эса, У Кунда дўзахга ҳукм қилиниб, мангу азоб-уқубатга гирифтор бўлганидан ташқари яна бошқа жуда катта, ҳеч ўрнинии тўлдириб бўлмайдиган зиёнга ҳам учрайди - жаннатдаги унинг учун тайёрлаб қўйилган жой ва аҳли оиласидан маҳрум бўлади ҳамда у манзил ичида бор нарсаси билан жаннатга ҳукм қилинган мўминларга мерос қилиб бўлиб берилади. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: «Ана ўшалар Фирдавс (жаннати)га меросхўр бўлгувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қолгувчидирлар». (Мўминун сураси, 10-11-оятлар).
Яъни, сура аввалидан бошлаб зикр қилинган улуғ Исломий сифат ва фазилатларнинг эгалари бўлган мўминлар албатта Фирдавс жаннатига меросхўр бўладилар ва у жойда мангу бахт-саодатда яшайдилар. Шу ўринда улар кимларга меросхўр бўладилар, деган савол туғилиши табиийдир. Бу саволимизга ушбу оятнинг тафсири бўлиб келган ҳадиси шариф жавоб беради: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расу-луллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлардан ҳар бирингиз учун (Охират диёрида) икки манзил - жой бордир. Бир манзил жаннатда, яна бир манзил дўзахдадир. Бас, ким ўлгач, дўзахга кирса, унинг жаннатдаги манзили жаннат аҳли бўлган кишиларга мерос бўлиб қолади. Оллоҳ таоло айтган: “Ана ўшалар Фирдавс (Жаннати)га меросхўр бўлгувчи ворислардир”, деган ваъда мана шудир”. (Ибн Можжа ривоят қилган).
16. Улар учун устларидан ҳам оловдан бўлган «соябонлар», остларидан ҳам (оловдан бўлган) «соябонлар» бўлур. Бу (азоб-уқубат) билан Оллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур. Эй бандаларим, Мендан қўрқингиз!
Ояти карима ҳақиқий зиён кўргувчилар кофирлар эканлигига яна бир бениҳоя жонли мисолдир. Ҳақ таоло ҳаёти дунёдан динсизлик ва гуноҳ-маъсиятлар билан ўтган кимсаларнинг Охират диёрида тушадиган жойлари албатта жаҳаннам эканлигини айтиб, улар у жойда ҳеч тиним билмасдан ёнаётган дўзах оташига тоқат қила олмасдан бирон-бир соябон борми деб устларига ва оёқ остларига илтижо билан қараганларида устларида ҳам, остларида ҳам худди устма-уст босиб келган паға-паға булутларга ўхшаган “соябонлар”ни кўришлари, фақат у соябонлар ҳам жаханнам оловидиан бўлишлиги ҳақида хабар бериб, бандаларини қўркитади - қаттиқ огоҳлантиради ва «эй бандаларим, Менинг ғазабимга дучор қиладиган ишлардан қўрқинглар», деб амр қилади. Қиёмат Кунида рўй бериши аниқ бўлган мазкур ўта даҳшатли манзара бошқа оятларда ҳам қайта-қайта зикр қилинган: “Аниқки, Биз золим - кофирлар учун алангалари (дўзахиларни) ҳар тарафдан ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидай олмай) сув сўрасалар, уларга худди доғланган ёғ каби юзларини куйдириб жизғанак қилиб қўядиган қайноқ сув ёғдирилур! Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!” (Каҳф сураси, 29-оят).
«Улар учун жаҳаннамдан “тўшак”, устларидан эса (оловдан бўлган) “чойшаблар” бўлгур. Биз золимларни мана шундай жазолагаймиз». (Аъроф сураси, 41-оят).
Яъни, кофирларнинг мангу “ором олиб” ётадиган “ётоқхоналари” дўзах бўлиб, жаҳаннам оловидан бўлган “тўшаклари” тагларини куйдиради, устларидаги “кўрпалари” ҳам ўша оловдан, ҳар тарафларини ўраб, аъзойи баданларидан бирон жойини қўймасдан қамраб, тинмасдан ловуллаб “иситиб” туради. Бас, уларнинг бутун вужудлари мангу олов ичидадир! Ҳақнинг ҳаққини адо қилмаган, Ҳаққа қуллик қилишдан орланган золим-ларнинг золимларига ўта муносиб жазо!
17-18. Шайтондан унга ибодат қилишдан йироқ бўлган ва Оллоҳга (Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга) қайтган зотлар учун (жаннат) хуш-хабари бўлсин! Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг бандаларимга - сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни, нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг! Ана ўшалар Оллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшалар ақл эгаларидир.
Ибн Абу Ҳотам Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, ушбу оятлар уч нафар инсон ҳақида - Зайд ибн Амр, Абу Зарр Ғифорий ва Салмони Форсий розияллоху анҳум ҳақида нозил қилинган. Улар жоҳи-лият замонидаёқ - ҳали Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон оятлари нозил бўлмасдан турибоқ “Ла илаҳа иллаллоҳ” - Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ бор”, дер эдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Воқидий “Асбобун-нузул” китобида Ато Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилишича эса, ушбу оятлар нозил қилинишига мана бу воқеа сабаб бўлган: “Абу Бакр Сиддиқ розияллоху анху Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирганида унинг олдига Усмон, Абдур-Раҳмон ибн Авф, Толҳа, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос ва Саид ибн Зубайрлар келиб, Абу Бакрдан Пайғамбар алайҳис-салом ҳақида сўраганларида, Абу Бакр уларга ўзининг “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб Оллоҳнинг Бор ва Бирлиги Пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳақ Пайғамбар эканлигига иймон келтирганини айтди. Шунда улар ҳам иймон келтирдилар. Бас, ана ўша тўғри Сўзни эшитиб, унга иймон келтирган зотлар ҳақида “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг бандаларимга - сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни, нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг. Ана ўшлар Оллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Ва ана ўшалар ақл эгаларидир” ояти нозил бўлди. (“Маолимут-танзийл” тафсиридан). Демак, ушбу хушхабар, сўзлар ичидаги энг гўзал ва энг рост Сўз бўлмиш “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Расулуллоҳ” калимасини сидқи дилдан айтган барча мўминларга берилган Илоҳий хушхабардир.
Муфассир уламолар ояти каримада зикр қилинган, Оллоҳ таолонинг валийлари бўлмиш мўминларга дунё ва Охиратда бериладиган “хушхабар”ни турлича тафсир қилганлар.
Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Оллоҳ таоло мўминларга ваъда қилган хушхабар ҳақида сўраганимда, у зот: “Ушбу оят нозил қилинганидан буён сендан бошқа ҳеч ким мендан мана шу хушхабар нима экани ҳақида сўрамаган эди. У - мусулмон инсон ўзи кўрадиган ёки у ҳақда кўриладиган (яъни, ўша мусулмон тўғрисида бошқа мусулмонлар кўрадиган) яхши тушлардир”, дедилар”. (Термизий ривоят).
Заҳрий, Ато ва Қатода: “У - мўмин вафот қилиши олдида малоикалар унга айтадиган хушхабардир”, дедилар.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий айтади: “Қачонки мўминнинг жони томоғига келиб тўхтаганида, унинг олдига ўлим фариштаси келади ва: “Ас-салому алайка - Сенга омонлик бўлсин, эй Оллоҳнинг валийси, Оллоҳ сенга салом айтади”, дейди ва мана бу: “Улар (ширк ва исёндан) пок бўлган ҳолларида, фаришталар уларнинг жонларини олар эканлар: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. (Энди) қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз», дерлар.” (Наҳл сураси, 32-оят), оятини ўқиган ҳолда унинг жонини олади”.
Қатода ва Заҳҳок: “У хушхабар - мўмин ўлими олдидан қаёққа боришини билмоқлигидир”, дедилар.
Ҳасани Басрий эса: “Ояти каримада зикр қилинган хушхабар Оллоҳ таоло мўмин бандаларига бошқа оятларда берган хушхабарларидир”, дейди ва мана бу оятларни келтиради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бор.
Качон ўша (жаннат)ларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, илгари татиб кўрган нарсамиз-ку», дейишади. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Ва улар учун (жаннатларда) покиза жуфтлар бордир. У зотлар (жаннатларда) абадий қолгувчилардир.” (Бақара сураси, 25-оят). “Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан Раҳмат ва Ризолик ҳамда жаннатлар хушхабарини берурки, у жаннатларда улар учун доимий неъматлар бордир. Улар ўша жойларда абадий қолурлар. Дарҳақиқат, улуг ажр Оллоҳнинг ҳузурида-дир.” (Тавба сураси, 21-22-оятлар).
19. Ахир бир кимсанинг устида азоб Сўзи (яъни, азобга дучор бўлиш ҳукми) ҳақ бўлса, (Сиз уни ҳидоят қилишга қодир бўлурмисиз)?! Ахир Сиз дўзахдаги кимсани қутқара олурмисиз?!
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ояти каримадаги “азоб Сўзи ҳақ бўлган кимса”дан мурод, тақдири азалда Оллоҳ таолога дўзах аҳлидан бўлиши аниқ маълум кимса”, деб тафсир қилади. Яна “азоб Сўзи” Ҳақ таолонинг “Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман!” (Ҳуд сураси,119-оят), деган Сўзидир, деган тафсир ҳам мавжуд. (“Тафсири Бағавий”дан). Ояти каримада Ҳақ таоло Мен дўзахга ҳукм қилган кимсаларни ҳеч ким, ҳатто Сиз ҳам, эй Муҳаммад алайҳис-салом, азобдан қутқара олмайсиз”, деб огоҳлантиради.
Ибн Аббос розияллоху анҳумо: “Ояти каримада сўз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Лаҳаб ва унинг ўғли каби Пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирмаган қариндош-уруғлари ҳақида боради”, дейди.
Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам барча қавмларини, хусусан ўзларига қон-қариндош бўлган кишиларни Тўғри Йўлга ҳидоят топишларига ўта ҳарис бўлганлари сабабли уларни тинмасдан даъват қилиб, Ҳақ Динни қабул қилмаётганларини кўрганларидан кейин эса жуда қаттиқ тушкунликка тушиб қолганларида ушбу оят нозил бўлди. (“Тафсири Куртубий”дан). Бу мазмундаги оят бошқа бир сурада ҳам келган: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эҳтимол Сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз?! (Асло бундай қила кўрманг)!» (Шуаро сураси, 3-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилиб, қавмлари Қуръони Каримни Ҳақ Каломуллоҳ деб иймон келтирмасалар сабр қилиш лозимлигини, уларнинг иймонсизликларидан ранжиб, сиқилиб ўзларини ўтдан-чўққа урмасликлари кераклигини таълим беради ва бу билан у зотнинг зиммаларига юкланган вазифа албатта ҳар бир одамни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш эмас, балки одамларга Ҳидоят Йўлини кўрсатиш эканлигини, уларни ҳидоят қилиш ёки залолатга кетказиш эса, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлидаги иш эканини уқтиради. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз у (мушрик)ларнинг ҳидоят топишларига ташна бўлсангиз, бас, (билингки), Оллоҳ Ўзи йўлдан оздирадиган кимсаларни ҳаргиз ҳидоят қилмас ва улар учун бирон ёрдамчи ҳам бўлмас”. (Наҳл сураси, 37-оят).
Дарҳақиҳат, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Макка аҳлини Ҳақ Йўлга даъват қилиб Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан нозил бўлган Қуръон оятларини ўқиб берар эканлар, уларнинг ҳар бири Дини Исломни қабул қилиб Ҳидоят Йўлига киришини жуда-жуда хоҳлар, аммо ҳаётда бунинг аксини кўриб, уларнинг ўз ширкларида оёқ тираб турганларидан, Тўғри Йўлга юришни ҳеч хоҳламаётганларидан беҳад ғам-ғуссага ботар эдилар. Шунда Ҳақ таоло Ўз Элчисига таскин-тасаллий бериб ушбу оятни нозил қилди ва Оллоҳ адаштириб қўйган кимсалар ҳеч қачон Тўғри Йўлга юрмасликлари, уларга ҳеч ким ёрдам ҳам бера олмаслиги ҳақида хабар берди.
20. Лекин Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун (жаннатда) устма-уст қурилган хоналар бўлиб, уларнинг остидан дарёлар оқиб турар. (Бу) Оллоҳнинг ваъдасидир! Оллоҳ ваъдасига хилоф қилмас.
Оллоҳ таолонинг Раҳматига эришиш бахтига муваффақ бўлган мўминларга жаннатларда тайёрлаб қўйилган хос хонаю қасрлар ҳақида Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Албатта жаннат аҳли ўзаро бирлари бирларидан юксак мақомларда бўлганлари сабабли ўзларидан юқоридаги хоналарнинг - қасрларнинг эгаларини худди сизлар уфқнинг шарқ ё ғарбидан ўтгувчи ёруғ юлдузларни кўрганларингиз каби кўрурлар”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у қасрлар пайғамбарларнинг манзилларику, улардан бошқалар бундай даражага ета олмайдиларку”, дейишган эди, айтдилар: “Йўқ, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, у қасрларнинг эгалари Оллоҳ таолога иймон келтирган ва Унинг элчи-пайғамбарларини тасдиқ этган кишилардир!” (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар).
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта, жаннатда шундай хоналар борки, уларнинг ичидан сирти, сиртидан ичи кўриниб туради”, дедилар.
Шунда бир аъробий (саҳройи араб) туриб: “Улар кимларники, ё Расулуллоҳ?” деган эди, айтдилар: “У хоналар пок-тўғри сўзни сўзлаган, муҳтожларни таомлантирган, рўза тутишда бардавом бўлган ва тунда, одамлар уйқудалик пайтларида бедор бўлиб, Оллоҳ учун намоз ўқиган кишиларникидир”. (Термизий, “Тафсири Қуртубий”дан).
21. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), кўрмадингизмики, Оллоҳ ос-мондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни Ердаги булоқлар-чашмалар қилиб оқизиб қўйди. Сўнгра у (сув)нинг ёрдамида ранго-ранг экин-тикин чиқарур, сўнгра у қуриб-қовжирар, бас, Сиз уни сарғайган ҳолда кўрурсиз, сўнгра (Оллоҳ) уни хас-хашакка айлантирур. Албатта бунда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бордир.
Юқоридгаи оятда Ҳақ таоло Охират аҳволини зикр қилиб, у жойдаги мўминлар учун ҳозирлаб қўйилган муҳташам қасрлар ҳақида хабар бергач ва Оллоҳ таолодан қўрқадиган тақволи инсонлар қалбида Охират диёрига иштиёқ - муҳаббат уйғотгач, энди ушбу ояти каримада ҳаёти дунё аҳволи хусусида сўзлаб, унинг бебақо ва бевафолигини, демак, яхши кўришга арзимайдиган бир ўткинчи мато эканлигини жуда ибратли, ақли ҳуши жойида бўлган инсон албатта эслатма-ибрат оладиган бир мисол билан баён қилиб беради. Дарҳақиқат, ҳаёти дунёнинг мисоли шудир: Қодир Оллоҳ осмондан ёмғир-қор ёғдиради ва самодан тушган сувни Ер остига жойлаб, уни худди бадандаги қон-томирлар каби Ернинг ҳар тарафларига тарқаладиган дарё-анҳорларга тоғу тошлардан ва Ер остидан булоқлардан чиқариб оқизиб қўяди. Кейин ана ўша оби ҳаёт ёрдамида бутун Ер юзини ранги-рўйи, бўйи басти ва мазаси ҳар турли бўлган экин-тикин ва боғ-роғларга тўлдиради. Аммо энди одамлар гулу гулзорларни, боғу бўстонларни кўриб шодланиб турганларида баногоҳ улар бирин-кетин қуриб-қовжирай бошлайди, яъни, Ҳақ таоло у экин-тикинларнинг ҳаммасини қуруқ чўп ва хас-хашакларга айлантириб қўяди. Ушбу манзарага ҳар йили, бутун умри давомида гувоҳ бўлиб келаётган инсон, агар у ақл эгаси бўлса, албатта тўғри хулоса чиқаради - биринчидан, у ўткинчи дунё билан, унинг бир нафаслик ҳою-ҳаваси билан мангу Охират ва у жойдаги ҳеч туганмас неъматларни кўз олдига келтирганида албатта Охиратдаги абадий саодатни танлайди. Иккинчидан, ояти каримада тасвирланган ҳодисани - Оллоҳ таоло ўлик Ерни тирилтириб, яшнаган боғ-роғларга айлантириб қўйганини ўқиб-билган мўмин албатта У Зот Қиёмат Кунида ўлиб тупроққа айланган инсонларни қайта тирилтиришга ҳам Қодир эканлигига иймон келтиради. Ҳаёти дунёнинг бебақо экани яна бошқа бир ояти каримада ҳам жуда гўзал ифодаланган: «Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас, уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Оллоҳ томо-нидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир». (Ҳадид сураси, 20-оят).
22. Ахир Оллоҳ кўнглини Ислом учун кенг қилиб қўйган ва Парвардигори томонидан Нур - Ҳидоят устида бўлган киши (қалби қо-тиб қолгани учун Тўғри Йўлга юрмасдан куфр зулматларида адашиб-улоқиб юрган кимса билан баробар бўлурми)?! Бас, диллари Оллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни, Оллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлғай! Улар очиқ залолатдадирлар!
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у деди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Ахир Оллоҳ кўнглини Ислом учун кенг қилиб қўйган ва Парвардигори томонидан Нур - Ҳидоят устида бўлган киши (қалби қотиб қолгани учун Тўғри Йўлга юрмасдан куфр зулматларида адашиб-улоқиб юрган кимса билан баробар бўлурми)?!» оятини тиловат қилдилар ва : «Қачон қалбга иймон нури кирса у кенгайиб-очилиб кетади», дедилар. Шунда сўралдики, бунинг аломати недир? У зот айтдилар: «Қалбга иймон жо бўлганининг аломати у қалбнинг мангулик диёрига мойил бўлиши, ғурур - алдов диёридан чет-ланиб ўлим тушишидан илгари ўлимга тайёрланиб қолишидир». Адашган кимсалар эса иймон-Ислом сўзини эшитганларида худди сийрак ҳаволи осмонга кўтарилиб кетаётгандек дунё уларга торлик қилиб, гўё нафас ололмай қоладилар». (“Тафсири Бағавий”дан).
«Бас, диллари Оллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни, Оллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлғай! Улар очиқ залолат-дадирлар!»
Молик ибн Дийнор роҳимаҳуллоҳ айтади: “Банда учун қалби қотиб қолишидан каттароқ уқубат йўқдир. Оллоҳ азза ва жалла бирон қавмга ғазаб қилса, албатта уларнинг қалбидан раҳм-шафқатни суғуриб олур!” (“Тафсири Ҳуртубий”дан).
Ушбу ояти карима мазмунини биз Анъом сурасида келган бошқа бир оятдан янада яхшироқ англаймиз: «Ахир аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра Биз уни (Ҳақ Йўлга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган Нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши - зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимса каби бўлурми?! (Мўминларга иймонлари қандай чиройли кўринса) кофирларга ҳам қилаётган амаллари ана шундай чиройли кўрсатиб қўйилди». (Анъом сураси, 122-оят).
Ҳақ таоло мўмин инсон - қалбидаги иймони, қўлидаги Қуръони бутун ҳаёти давомида одамлар орасида юрар йўлини ёритиб турган мўмин инсон ҳеч қачон кофирга ўхшамаслигини, қабр зулматларида қолиб кетиб ҳеч ундан чиқишга қодир бўлмайдиган ўликка ўхшаган кофир кимса каби бўлмаслигини - мўмин тирик, кофир ўлик эканини айтади. Бир кофирнинг иймон келтириб мусулмон бўлиши худди бир ўликка жон кириб қайта тирилишига ўхшаган буюк ҳодиса эканини таъкидлайди. Кофирлар-нинг баданлари тирик бўлса-да, қалблари ўлик бўлгани, кўнгил кўзлари кўр бўлгани учун улар Ҳақ Йўлни кўрмайдилар, Ҳақ Сўзни эшитмайдилар.
“(Мўминларга иймонлари қандай чиройли кўринса) кофирларга ҳам қилаётган амаллари ана шундай чиройли кўрсатиб қўйилди.”
Шунинг учун улар турли гуноҳларни, қабиҳ ишларни, ёмонликларни ҳеч жирканмасдан, уялмасдан қилаверадилар. Масалан, Макка мушриклари Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга душманлик қиладилар, Оллоҳдан ўзгага атаб қурбонликлар қиладилар, Оллоҳ таоло ҳаром қилмаган нарсаларни ҳаром дейдилар, У Зот ҳаром қилган нарсаларни ҳалол дейдилар ва мана шу қабоҳатлари ўзларига чиройли кўринади. Чунки улар иймон нуридан бенасиб, зулматларда қолиб кетганлар, бас, ҳеч қачон Тўғри Йўлни топа олмайдилар.
Имом Аҳмад ўзининг “Муснад” китобида ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта ОллоҳЎз халқини зулматда яратди, сўнгра уларнинг устига Ўз Нуридан сочди. Бас, кимга у Нурдан теккан бўлса, ўша инсон ҳидоят топади, кимга тегмаган бўлса, у кимса залолат зулматидадир”, деганлари айтилади. (Ибн Касир тафсиридан).
23. Оллоҳ энг гўзал Сўзни - (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китобни нозил қилдики, (ундаги Оллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари - баданлари титраб кетар, сўнгра терилари - баданлари ҳам, диллари ҳам Оллоҳнинг зикрига юмшар - мойил бўлур. Мана шу Оллоҳнинг Ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Ва кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.
“Тафсири Мунийр”да Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон нозил қилиниб, у зот бир муддат саҳобаларига Қуръон оятларини ўқиб берганларидан кейин айрим саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, Сиз бизларга бошқа сўзларни ҳам сўзлаб берсангиз эди”, дейишганида, ушбу ояти карима нозил бўлиб, ҳар бир инсон тинглаб-ўқиб-ўрганиб-амал қилиши вожиб бўлган энг керакли ва энг гўзал Сўз Оллоҳ таоло самодан бўлиб-бўлиб тушираётган мана шу Қуръон эканлиги айтилди ва ушбу Китобнинг оятлари гўзалликда, саноқли сўзлар билан жуда кўп маъноларни ифодалашда бир-бирларига ўхшайдиган, лафзда ҳам, маънода ҳам, бири бирини тасдиқлайдиган, яъни, ҳеч қачон бири иккинчисини рад этмай-диган, шу билан баробар такрор-такрор тиловат қилинса ҳам ҳеч зерикилмайдиган, ундаги қиссалар, хабарлар, хукмлар, буйруқлар ва таъқиқ-лар, хушхабар ва огоҳлантиришлар қайта-қайта келиб бир-бирини тўлдирадиган тенгсиз Ҳикматли Сўз эканлиги таъкидланди. Албатта, ояти карима давомида зикр қилинганидек, ушбу Китоб оятлари тиловат қи-линганида Оллоҳ таолодан қўрқадиган мўмин-мусулмонлар ҳеч қачон бепарво ҳолда тингламайдилар, балки ҳар бир оят мазмунига диққат-эътибор қилиб, ундаги азоб оятлари - осий-кофир кимсалар устига тушадиган Оллоҳнинг Қаҳру Ғазаби ҳақида огоҳлантирган оятлар ўқилганида қўрқувдан бутун вужудлари титроққа тушиб, Раҳмат оятлари - мўмин бандаларга ваъда қилинган улуғ ажр-мукофотлар ҳақида хушхабар берган оятлар ўқилганида жисму жонлари эриб, ором олиб, Оллоҳ таолонинг Зикри - Эслатмаси бўлмиш ушбу Китобни тиловат қилишга янада қаттиқроқ рағбат қиладилар. Ояти карима мазмуни бошқа бир оятда ҳам гўзал баён қилинган: «Улар иймон келтирган ва қалблари Оллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Оллоҳнинг зикри билан (мўминларнинг) қалблари ором олур». (Раъд сураси, 28-оят).
Демак, Оллоҳ таолони ёдга олганида, зикр қилганида ёки Унинг Исмини ва Каломини эшитганида қалби ором олиб дили таскин топиши кишининг ҳақиқий мўмин эканлигининг белгиларидандир.
Кофирлар эса, фақат дунё ва ундаги нарсалар ҳақида сўзланганида, ўзлари сиғинадиган турли-туман бутлар зикр қилинганида хурсанд бўладилар. “Қачон Ёлғиз Оллоҳ зикр қилинса Охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачон У Зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ улар шодланиб кетурлар”. (Зумар сураси, 45-оят).
Муфассирлар “Оллоҳнинг зикри”ни турлича тафсир қилганлар: Муқотил: “Оллоҳнинг зикридан мурод Қуръондир”, дейди. Дарҳақиқат, мўминлар Каломуллоҳнинг ҳар бир ояти тенгсиз Илоҳий Мўъжиза эканига иймон келтирадилар. Шунинг учун улар Қуръон ўқиганларида ёки эшитганларида қалблари ором олади ва бу Эслатмадаги ҳар бир ҳукмдан диллари таскин топиб, унга роҳати дил билан итоат этадилар.
Қуръони Карим Зикр - Эслатма эканлиги бошқа оятларда ҳам эслатилгандир: “Албатта ушбу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни Сақлагувчидирмиз”. (Ҳижр, 9-оят).
“Бу (Қуръон) ҳам Биз нозил қилган бир муборак Эслатмадир. Ҳали сизлар уни инкор қилгувчимисизлар?!” (Анбиё сураси, 50-оят).
Қатода: “Оллоҳнинг зикри - мўминлар тилларида Оллоҳни зикр қилишларидир. Қачон улар Оллоҳ таолонинг Исмини зикр қилсалар, диллари яйраб кетади, роҳатланадилар”, дейди.
«Мана шу Оллоҳнинг Ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Ва кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас».
24. Ахир Қиёмат Кунида ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса (у Кундаги ҳар қандай азобдан тинч-хотиржам бўладиган киши билан баробар бўлурми)?! (У Кунда) золим-кофирларга «Қилиб ўтган амалларингизни (нг жазосини, динсизлик мевасини) тотинглар!» дейилди.
«Қиёмат Кунидаги ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса» дейилганида қўллари кишанбанд бўлгани сабабли у қўллар билан юзларини дўзах ўтидан тўсишга қодир бўлмайдиган ва оқибат-натижада дўзах оловида энг аввал юзлари куядиган кимсалар тушунилади.
Мўмин билан кофир ҳеч қачон баробар бўлмаслиги бошқа оятларда ҳам таъкидланган: «Албатта Бизнинг оятларимизга эгрилик қиладиган (яъни, уларни бузмоқчи бўлган) кимсалар Бизга махфий-номаълум бўлиб қолмаслар. Ахир дўзахга ташланадиган кимса яхшироқми ёки Қиёмат Кунига (Оллоҳнинг азобидан) хотиржам ҳолда келадиган кишими?! Ўзларингиз хоҳлаган амални қилаверинглар! Албатта У қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчидир». (Фуссилат сураси, 40-оят). «Ахир юз тубан (яъни, оёғининг остидан ўзга ёққа қарамасдан) юрадиган кимса Ҳақ Йўлни топгувчироқми ёки қадди рост ҳолида Тўғри Йўлда юрадиган кишими?!» (Мулк сураси, 22-оят).
Ушбу ояти карима кофир билан мўмин ҳақида келтирилган ибратли бир масалдир. Уни шундай тушунмоқ лозим. Динсиз-эътиқодсиз кимса бирон Илоҳий йўлланмасиз, ўтган кунини ҳам, келажагини ҳам унутиб, фақат бугунини қандай ўтказиш ғами, бугуннинг муаммоларини ҳал қилиш ташвиши билан овора-ю сарсон бўлиб, яъни, фақат оёғининг тагига қараб кун ўтказади. Демак, унинг эрта бир кун йўлидан чиқиб қолиши аниқ бўлган ҳар қандай тошга-тўсиққа қоқилиб, юз тубан қулаши ҳеч гап эмас. Аммо иймон-эътиқод эгаси эса Яратган юборган Илоҳий қўлланма кўрсатиб қўйган Тўғри Йўлда, қаддини рост тутиб, қиладиган ҳар бир иш-амалида фақат ҳозирнинг ҳузурини кўзламасдан, балки Эрта - Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китоб ва ажр-мукофотни ўйлаб боради. Бинобарин бугуннинг, яъни, ўткинчи дунёнинг арзон матолари уни ўзи танлаб олган Тўғри Йўлидан адаштира олмайди.
(У Кунда) золим-кофирларга «Қилиб ўтган амалларингизни (жазосини, динсизлик мевасини) тотинглар!» дейилди.
Яъни, Қиёмат Кунида дўзахга ташланиб, ҳамма тарафларидан жон чидагис азобнинг ўртасида қолган мушрик-кофир кимсалар: “Қанийди, яна бир бор ҳаёти дунёга қайтарилсаг-у, бизни йўлдан оздирган доҳийлардан, бутлардан узоқ бўлиб, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб ўтсак”, деб қоладилар, ўзларининг Тўғри Йўл деб ўйлаганлари дўзах йўли эканини, дўст деб билганлари душман эканини, яхши амал деб қилганлари ёмон бефойда ишлар эканини кўриб ҳасрат-надоматлар қиладилар, лекин энди вақт ўтган бўлади ва ҳаёти дунёдан куфр билан, ширк билан ўтган кимсалар қилган бу қилмишларига тўла жазо оладилар - улар мангу жаҳаннамда қоладилар.
Суддий айтади: “Кофирларга, мушрикларга жаннат ва ундаги уйлари кўрсатилиб: “Агар сизлар Оллоҳга итоат қилганларингизда эди, мана бу уйлар сизларнинг масканларингиз бўлар эди”, дейилади ва у уйларни мўминларга тақсимлаб берилади. Ана ўшанда улар ҳасрат - надоматда қоладилар”.
Ва уларга: “Қилиб ўтган амалларингизни(нг жазосини) тотинглар!” дейилади.
25-26. Улардан (Макка мушрикларидан) аввалгилар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлгончи қилганларида, уларга азоб ўзлари сезмайдиган томондан келган эди. Бас, Оллоҳ уларга мана шу ҳаёти дунёда расволикни тоттирди. Шак-шубҳасиз, Охират азоби янада каттароқдир. Агар улар (Оллоҳнинг азобини) билсалар эди (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилмаган бўлур эдилар).
Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилган ва Қуръони Азимнинг Каломуллоҳ эканини инкор этиб, бу аввалгилардан қолган афсона, деган Макка мушриклари ҳақида нозил бўлган ушбу ояти карима ўз мазмун-моҳияти билан Оллоҳ ва Унинг Дини устидан куладиган барча замон ва маконлардаги динсиз кимсалар ва улар тузган турли тузум ва “изм”ларнинг оқибати нима бўлиши ҳақида айтилган Илоҳий Таҳдиддир, ўта қаттиқ Огоҳлантиришдир. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзи нозил қилган Ҳақ Каломига ҳамда сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга қарши макр-ҳийла қиладиган ва мўмин-мусулмонларни ҳам алдаб ўз тузоқларига туширмоқчи бўладиган куфр аҳлини огоҳлантириб, улар каби найрангбозлар аввалги асрларда ҳам ўтгани ва қачонки улар турли макр-ҳийлалар билан Оллоҳ таоло юборган Нурни ўчирмоқчи бўлганларида Ҳақ таоло уларнинг устига ҳеч кутмаган - ўйламаган тарафларидан азоб юбориб, ўз наздларида ўта мустаҳкам ва муҳташам қилиб қурилган жамиятларининг биноси пойдеворини емириб йўқ қилгани, натижада улар ўзлари қурган бинонинг қулаб тушган томи остида қолиб халок бўлганлари ҳақида хабар беради. Аксари муфассирлар: “Оятда зикр қилинган “макр-ҳийла қилган кимсалар”дан мурод, Иброҳим алайҳис-салоту вассалом замонида ўтган золим подшоҳ Намруд ибн Канъон ва унинг қавмидир. Ўзини Ердаги худо деб эълон қилган у золим подшоҳ: “Энди мен осмонга чиқиб, у жойдаги худолар билан урушаман”, деб Бобил шаҳрида баландлиги беш минг газ (3500 метр) бўлган бир осмонўпар қаср бино қилдирган ва тобеълари билан осмонга чиқиш учун у қасрнинг томига кўтарилганларида Оллоҳ таолонинг Амри билан бино пойдевори емирилиб, ҳаммалари ҳалок бўлганлар”, деб тафсир қиладилар. (“Тафсири Бағавий”ва “Тафсири Қуртубий”дан).
Бу - кофир кимсалар ҳаёти дунёда дучор бўлган азоб эди. Энди улар-нинг Охиратда қандай кўргуликларга дучор бўлишлари ҳақида қуйидаги оятларда хабар берилади.
Ушбу оятлар Оллоҳ таоло куфрони неъмат қилган ва Ҳақ Йўлга юришдан бош тортган қавмни нафақат Охиратда, балки мана шу дунёнинг ўзида ҳам турли бало ва офатлар билан жазолаши муқаррар эканлигига равшан бир далилдир. Шунингдек, ояти каримада Макка мисол қилиб келтирилиши ҳам албатта, бежиз эмасдир, Ҳақ таоло Ўзининг Байти - Каъбатуллоҳ ва Масжидул-Ҳаром жойлашган шаҳар аҳли устига улар Ҳақ Йўлга юрмаганлари, Ҳақ Пайғамбарга иймон келтирмаганлари учун хавфу хатар, нотинчлик, қаҳатчилик ва очарчилик балосини туширганини эслатиш билан, демак, Ер юзининг бошқа тарафларида ҳам агар қай бир қавм томонидан мана шундай нонкўрлик, куфрони неъмат содир бўлар экан, у қавм устига ҳам хавфу хатар, нотинчлик, қаҳатчилик ва очарчилик каби бало офатлар тушиши аниқ эканлиги ҳақида огоҳлантиради.
Бу - кофир кимсалар ҳаёти дунёда дучор бўладиган азоб-уқубатлардир. «Шак-шубҳасиз, Охират азоби янада каттароқдир. Агар улар (Оллоҳнинг азобини) билсалар эди (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилмаган бўлур эдилар)».
27. Аниқки, Биз ушбу Қуръонда инсонлар учун барча мисоллардан келтирдик, шояд ибрат олсалар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Китобини шарафлаб Қуръони Каримда инсонлар учун - улар дунё ва Охиратда бахтли ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган барча мисол, ибрат ва ҳикматларни қайта-қайта баён қилиб берганини, баён қилганда ҳам, улар осон қабул қилишлари учун ҳар бир ҳукмни, буйруқни, қайтариқни, олис-яқин ўтмиш хабарларини, келажакда дунё ва Охиратда бўладиган воқеа-ҳодисаларни, жаннат ва дўзах аҳволини бениҳоя фасоҳат ва балоғат билан, худди бир гўзал масал янглиғ киши ёдидан чиқмайдиган суратда баён қилиб берганини, аммо инсонларнинг аксари қисми ушбу Китобдаги ўзлари ўта муҳтож бўлган Сўзни қабул қилмасдан - Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканлигига иймон келтирмасдан, фақат куфрни танлаганларини, яъни, аниқ-равшан Ҳақи-қатни ҳеч ўйламасдан, ақл юргизмасдан инкор этганларини айтади. Дарҳақиқат, ҳозир ҳам, ушбу ояти карима инсонларга етганидан бир минг тўрт юз йил ўтганидан кейин ҳам одамларнинг аксариси Каломуллоҳдан - ҳамма нарса очиқ-ойдин ва бениҳоя гўзал тарзда баён қилинган Қуръони Азимдан юз ўгириб, ўзлари ўйлаб топган куфр ва залолат йўлларида адашиб-улоқиб юрибдилар. Макка мушриклари ҳам худди шундай куфрни танлаган эдилар.
Яъни, башариятнинг барча мушкилот муаммолари учун бирдан-бир даво бўлган ушбу Китобда бирон эгрилик - хато йўқдир.
Дарҳақиқат, Қуръон Ҳақ таолонинг биз бандаларига ато этган энг буюк Неъматидир. Чунки бошқа барча неъматларнинг неъмат эканлигини биз Қуръондан ўрганамиз. У бизга ҳам дунё, ҳам Охиратда бахтли бў-лиш сирларини ўргатади, нажот йўлини кўрсатади.
Дарҳақиқат, Қуръони Карим Оллоҳ таолонинг Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам орқали инсониятга юборган Сўзи Мактубидир. Инсонлар ёзган китобларнинг лафзида хатолар, мазмунида эса шубҳали маънолар бўлиши мумкин ва бу табиий бир ишдир. Аммо буюк Оллоҳнинг Китобида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Чунки Жаноби Ҳақ таолонинг Ўзи ҳам, айтган ҳар бир Сўзи ҳам Ҳақдир.
28. (Биз ушбу Китобни) шояд (инсонлар Оллоҳдан) қўрқсалар, деб бирон эгрилик эгаси бўлмаган арабий Қуръон ҳолида (нозил қилдик).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг очиқ-равшан Китоби бўлмиш Қуръони Каримни Ер юзига одамлар ақл юритиб, англаб, амал қилишлари учун араб тилидаги Қуръон ҳолида нозил қилганини таъкидлаш билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг она тиллари бўлмиш араб тилини шарафлайди, шунингдек, бу тил фасоҳат ва балоғатда тенгсиз эканига, жамийки тиллар ичида энг бой, оз сўз билан кўп маънони ифодалашга қодир, бошқача айтганда, Каломуллоҳни инсонлар онгига етказиш учун энг муносиб бир тил эканига ишора қилади. Зотан, Ҳақ таолонинг Ер юзига туширган сўнгги ва ҳеч қачон ўзгармайдиган Каломи учун ана ўша буюк тил танланиши албатта беҳикмат эмасдир. Аллома Ибн Касир ўзининг “Қуръони Азим тафсири”да бундай дейди: “Араб тили ҳар жабҳада бошқа тиллардан афзал ва мукаммал тил бўлгани учун ҳам Илоҳий Китобларнинг энг улуғи бўлмиш Қуръони Карим мана шу энг улуғ тилда энг улуғ Элчига энг улуғ фаришта орқали нозил қилинди ва бу иш Ер юзидаги энгулуғ шаҳарда ойларнинг энгулуғи бўлган Рамазони шарифда бошландики, бу фазилатларнинг барчаси Куръон тенги ва ўхшаши йўқ, эгрилиги - хатоси йўқ бирдан-бир мукаммал Калом эканига далолат қилади”.
Оятдаги “арабий” калимасининг бир маъноси “соф араб тилида”, дегани бўлса, иккинчи маъноси, “аён, тушунилиши осон тилда”, деган мазмунни ҳам англатади. Шу маънода “арабий Қуръон” ибораси “очиқ-равшан Қуръон”, деганидир.
29. Оллоҳ (шундай) бир мисол келтирди: бир киши борки, унинг устида бир-бири билан талашгувчи шериклар (яъни, хожалар) бор. Яна бир киши борки, у бус-бутун ҳолида бир киши - бир хожаникидир. Иккисининг мисоли баробар бўлурми?! (Асло баробар бўлмас. Худди шунингдек бир неча «худо»ларга сиғинадиган мушрик билан Ёлғиз Оллоҳга бандалик қиладиган мўмин ҳам баробар бўлмас). Ҳамду сано (Ёлғиз) Оллоҳ учундир. Йўқ, уларнинг кўплари билмаслар, (бас, ана шу сабабдан турли «худо»ларга сиғинурлар).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қиладиган мўмин билан турли “илоҳлар”га сиғинадиган мушрик кимса ўртасидаги фарқни жуда ибратли ва айни чоғда ҳар бир соғлом ақл эгаси ҳеч қийнал-масдан англаб оладиган бир мисоли билан баён қилади. Дарҳақиқат, бири бирига тамоман тескари бўлган, бирининг хоҳлаганини иккинчиси хоҳ-ламайдиган бир неча хожалар қўл остида улардан қай бирини рози қилишни билмай сарсон-саргардон бўладиган қул билан Ёлғиз Хожанинг буйруғини бажариб Уни рози қиладиган ва ажр-мукофотларига эришадиган қул асло баробар бўлмас. Худди шунингдек, турли бут-санамларга сиғиниб бирон бир фойдага эриша олмайдиган мушрик кимса билан Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб, Унинг Раҳматига сазовор бўладиган мўмин инсон ҳам асло баробар эмасдир. Алҳамдулиллоҳки, ўртадаги фарқ жуда аниқдир. Лекин, афсусларки, мана шу аён ҳақиқатни тан олишни истамасдан жуда кўп одамлар, яъни, мушрик-кофир кимсалар ўзлари қўллари билан ясаб олган турли-туман бутларни ўзлари учун хожа“илоҳ” қилиб олиб, ўшаларга сиғиниб ўтиб кетадилар ва Ёлғиз Хожанинг ғазабига гирифтор бўлиб, жаҳаннамга равона бўладиар!
30. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ҳеч шак-шубҳасиз, Сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар.
“Тафсири Қуртубий”да айтилишича, ушбу ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиниб, у зотнинг ҳам, барча инсонларнинг ҳам ўлимлари ҳақ эканлиги, яъни, ҳеч ким бу дунёда абадий яшамаслиги ҳақида хабар берилди. Бу Илоҳий хабарнинг беш эҳти-молий маъноси бўлиб, биринчидан, ушбу хабар Охиратдан огоҳлантиришдир; иккинчидан, вақт борида солиҳ амаллар қилиб қолишга тарғибдир; учинчидан, ўлимга ҳар доим тайёр бўлиб туриш лозимлиги ҳақида берилган бир эслатмадир; тўртинчидан, вақти-соати келиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларида умматлари у зотнинг ўлимлари хусусида ихтилоф қилмасликлари учун нозил қилинган Илоҳий ҳужжатдир. Дарвоқеъ, Умар розияллоҳу анҳу Оллоҳнинг Расулиўлиши мумкин эмас, деб Пайғамбар алайҳис-саломнингўлимларини инкор қилганида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мана шу оятни ҳужжат қилиб келтирганидагина Умар сукут қилган эди; бешинчидан, ушбу ояти карима гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бутун инсониятнинг энг улуғ вакили бўлсалар-да, яъни, барча инсонларнинг энг афзали бўлсалар-да, ўлим олдида барча баробар эканлиги, худди бошқа гуноҳкор бандалар ажаллари етганида албатта ўлганлари каби у маъсум - бегуноҳ зот ҳам вақти-соати етганида албатта вафот этишлари ҳақ эканлиги ҳақида хабар қилиш билан мўминларга ўзига хос таскин-тасаллий беради, уларнинг ҳасрат-надоматларини бир оз бўлса-да камайтиради.
31. Сўнгра албатта сизлар Қиёмат Кунида Парвардигорларингиз ҳузурида бир-бирларингиз билан талашиб-тортишурсизлар!
Шунингдек, инсонлар бир-бирлари билан - мазлум золим билан, ҳақ бўлган киши ноҳақ кимса билан талашиб-тортишадилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Ушбу ояти карима бизнинг ҳақимизда нозил бўлганини кўриб, аввал нега биз Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло ҳузурида бир-биримиз билан хусумат қилиб талашиб-тортишар эканмиз, ахир бизнинг Пайғамбаримиз ҳам, динимиз ҳам бирку”, дедик. Лекин кейин, мусулмонлар бир-бирлари билан урушиб, жанжалла-шаётганларини ҳатто айримлари айримларининг юзига қилич ураётганини кўрганимдан кейин ҳақиқатан ҳам Қиёмат Кунида ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳақ қилиш учун талашиб-тортишишимиз ҳақ экан дедим”.
Зубайр розияллоҳу анҳу айтди: “Қачонки ушбу оят нозил бўлгач, биз: “Ё Расулуллоҳ, Қиёмат Кунида бизларнинг мана шу дунёда осий-гуноҳкорлар билан қилган жанжалларимиз яна такрорланадими?” деган эдим, у зот: “Ҳа, ҳар бир ҳақдорга ҳаққи олиб берилиши учун албатта ҳар бир хусумат такрорланади”, дедилар. Шунда Зубайр: “Оллоҳга қасамки, иш жуда оғир экан”, деди.
Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинди. У айтди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким биродарининг обрўсига ёки мол-дунёсига бирон-бир суратда зулм ўтказган бўлса, у ҳолда бугун - ундан бирон динор ҳам, дирҳам ҳам қабул қилинмайдиган Кун келиб қолишидан бурун - ўрталаридаги можароларини ҳал қилиб, яъни, мазлумни рози қилиб олсин. Акс ҳолда Қиёмат Кунида унинг бирон-бир солиҳ амали бўлса, қилган зулми баробарида мазлумга олиб берилади, агар ҳеч қандай солиҳ амали бўлмаса, у ҳолда мазлумнинг гуноҳларидан олиниб, ўша зулм қилгувчининг бўйнига илинади”, дедилар. (Бухорий ва Бағавий ривоят қилганлар).
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳақиқий муфлис - синиб, бир чақаси ҳам қолмаган қашшоқ ким эканини биласизларми?” деган эдилар, саҳобалар: Биз ўзимизча бирон тангаси ҳам, бирон нарсаси ҳам бўлмаган кимсани муфлис деймиз”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Билингларки, менинг умматим орасидаги муфлис (ҳеч нарсаси йўқ қашшоқ киши эмас, балки), Қиёмат Кунига ўзининг намоз, рўза ва закоти билан келган, аммо ҳаёти дунёдалик пайтида бировни сўккан, бировни ҳақорат қилган, яна бировнинг молини еган, яна бировнинг қонини тўккан, яна бировни урган. Ана энди қилган ҳасанотларидан - яхши амалларидан ўша мазлумлардан унисига беради, бунисига беради, агар зиммасидаги зулмларнинг тўловларини адо этиб бўлмасидан ҳасанотлари тугаб қолса, у ҳолда мазлумларнинг гуноҳларидан олиниб, унинг елкасига ташланади, сўнгра у дўзахга ташланади! (Ҳақиқий муфлис - ифлос кимса ана ўшадир), дедилар. (Муслим ривояти. “Тафсири Бағавий”ва “Тафсири Куртубий”дан).
32. Ахир Оллоҳ шаънига (Унинг шериги ва бола-чақаси бор», деб) ёлғон сўзлаган ва Рост - Куръонни ўзига келиб-етган пайтидаёқ (ўйламай-нетмай) ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ кимса борми?! Ё кофирлар учун жаҳаннамда жой йўқми?! (Албатта бор)!
Яъни, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг “шериги бор”, деб, “Малоикалар Оллоҳнинг қизлари” деб ва яна бошқа шунга ўхшаган мутлақо асоссиз сўзлар билан Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиган кимсалар ҳамда Оллоҳ таоло нозил қилган Қуръони Мажид оятларини ёлғон деган, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳнинг Элчиси эканликларига далил-ҳужжат бўладиган Илоҳий мўъжизаларни сеҳр деган кимсалар энг золим кимсалардир.
Яхши билиб олишимиз керакки, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиш дегани фақат юқоридаги каби мисоллар билан чекланмайди. Балки мусулмонлар орасида ҳам бундай ёлғон тўқишлар, минг афсуски, учраб туради. Яъни, Қуръон ва Суннатга мувофиқ бўлмаган, оят ёки ҳадисда келмаган барча бидъат-хурофотлар ҳам ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқишдир. Демак, ҳеч қандай шаръий далил-ҳужжатсиз “Мана бу амал суннат ёки ана у иш ҳаром” деган кимсалар ва уларнинг ортидан эргашганлар ҳам ояти каримада айтилган - нажот топмайдиган золимлардир. Бас, кўзларимиз очилиши керак. Бунинг учун эса холис ният билан Каломуллоҳни ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ўрга-ниб, чин ихлос билан уларга амал қилишимиз керак.
Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳақида бошқа оятларда бундай дейилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Шубҳасиз, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар нажот топмаслар». (Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб тоттирурмиз.” (Юнус сураси, 69-70-оятлар)
33. Рост Куръонни келтирган зот (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) ва уни тасдиқ этган (мўминлар) - ана ўшалар асл тақводорлардир. Яъни, ширкдан узоқ бўлган ва бут-санамларга сиғинишдан ҳазар қилган ҳақиқий тақводор зотларнинг биринчиси ва энг афзали Оллоҳ таоло томонидан нозил бўлган Чин Сўзни - Ҳақ Қуръонни келтирган сўнгги Пайғамбар, элчилар султони Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдирлар ҳамда у зотни ҳақ Пайғамбар, Оллоҳ ҳузуридан юборилган Элчи деб тасдиқ этган, у зот келтирган Қуръон Оллоҳ таолонинг Каломи ва ҳамма нарсани аниқ-равшан баён қилгувчи энг улуғ Китоб деб аниқ ишонган мўминлардир.
34. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда) хоҳлаган нарсалари бордир. Бу чиройли амал қилгувчи кишиларнинг мукофотидир.
“Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда) хоҳлаган нарсалари бордир”.
Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай хабар берилади: “Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар( да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар”. (Зухруф сураси, 71-оят).
Бас, жаннат аҳли у жойда кўнгилларига ором, жонларига роҳат берадиган қандай неъматни хоҳласалар, барчаси ҳозиру нозир эканини кўрадилар, ҳатто ҳадиси шарифда айтилишича, Оллоҳ таоло уларнинг хотир-ларига келмаган, кўзлари кўриб қулоқлари эшитмаган ноз-неъматларни ҳам муҳайё қилиб қўяди.
Ҳақ таоло Унинг ғазаб ва азобидан қўрққанлари учун зиммаларидаги Исломий бурч ва вазифаларини тўла тўкис адо этишга ҳаракат қилган тақволи бандаларини мана шундай мукофотлар.
“Бу чиройли амал қилгувчи кишиларнинг мукофотидир”.
“Саҳиҳайн”да Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам “Эҳсон - чиройли амал қилиш” нима”, деб сўралганида “Эҳсон - Оллоҳ таолога худди Уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир, зотан, агар сен Уни кўра олмасанг, У албатта сени кўриб турур”, деб жавоб қилганлар. (“Тафсири Мунийр”дан).
35. Зеро, Оллоҳ уларнинг қилган ёмон амалларини кўмиб - ўчириб юбориб, қилиб ўтган чиройли амалларининг ажри билан мукофотлар. Ояти карима ҳаёти дунёда шояд Парвардигоримиз бизларнинг қилган хатоларимизни кечириб, гуноҳларимизни ўчириб юборса, деган умид билан қўлларидан келганча чиройли амалларни қилиб ўтган мўминларга Ҳақ таоло томонидан берилган бир Илоҳий мужда - хушхабар бўлиб, Оллоҳ таоло гўё Уни ўз кўзлари билан кўриб тургандек чин ихлос билан, аз-таҳидил чиройли амалларни адо қилиб ўтган бандаларига йўл қўйган хато ва гуноҳларининг барчасини, ҳатто энг ёмон гуноҳларини ҳам бутунлай ўчириб юбориб, уларнинг қилиб ўтган катта-ю кичик барча солиҳ амалларини энг чиройли амал қаторида қабул қилиб, энг гўзал мукофот-жаннат билан мукофотлаши ҳақида хабар беради.
36. Оллоҳ Ўз бандасига (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга, у кишини барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), улар Сизни (Оллоҳдан) ўзга бутлари билан қўрқитурлар. Кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.
Қурайш кофирлари Пайғамбар алайҳис-саломни «Сен бизнинг худоларимизни айблаётганинг сабабли улар сени ҳалок қилмасалар эди», деб қўрқитмоқчи бўлганларида, ушбу оят нозил бўлиб, Оллоҳ Ўз бандасини ҳар қандай ёмонликдан асрашга Қодир эканини уқтиради ва жонсиз бут-санамларга сиғинадиганларни йўлдан озган кимсалар, деб атайди.
Яна бошқа бир сурада Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳам у зотни ёлғончи қилган Макка мушрикларига Нуҳ, Ҳуд ва бошқа пайғамбарлар ўзларини ёлғончи қилган қавмларига айтган мазкур сўзларни айтишни буюрди: “Шубҳасиз, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган нарсалар худди (сизларнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларга бир дуо қилинглар, улар дуоларингизни ижобат қилсинлар-чи?! Уларнинг оёқлари бормики, юрсалар, ё қўллари бормики, тутсалар, ёки кўзлари бормики, кўрсалар, ёхуд қулоқлари бормики, эшитсалар?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Сизлар (Оллоҳга) шерик деб билган ўша бутларингизни чақиринглар-да, сўнгра менга (бир лаҳза) муҳлат бермай бор ҳийла-найрангингизни қилаверинглар». (Қандай ҳунар кўрсатманглар, натижаси ҳечдир). (Аъроф сураси, 194-195-оятлар).
Макка, нафақат Макка, балки бутун дунё ширк ва куфр гирдобига ғарқ бўлиб ётган бир замонда, мусулмонларнинг саноқлари бармоқ билан са-найдиган даражада оз бўлган бир пайтда мушрикларга ва уларнинг илоҳларига қарши мазкур сўзларни баралла айтишга фақат Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Мададига аниқ ишонган, тутган Йўли Тўғри Йўл эканига иймони комил бўлган мусулмонгина журъат қилиши мумкин эдики, Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламда ана шундай буюк фазилатларнинг барчаси энг баркамол суратда мужассам эди.
37. Кимни Оллоҳ ҳидоят қилса, бас, унинг учун бирон йўлдан оздиргувчи бўлмас. Оллоҳ Кудратли ва (Ўз душманларидан) Интиқом олгувчи эмасми?!
Ояти карима мазмунан юқоридаги оятнинг давоми бўлиб, Оллоҳ адаштириб кўйган кимсани ҳеч ким Тўғри Йўлга сола олмаслигини, Оллоҳ Тўғри Йўлга ҳидоят қилиб қўйган инсонни эса, ҳеч ким адаштира олмаслигини таъкидлайди, яъни агар Оллоҳ таолонинг Иродаси бўлмаса ҳеч ким ҳеч кимни Тўғри Йўлга бошлай олмаслигини ва ҳеч ким ҳеч кимни адаштира олмаслигини, ҳидоят ҳам, залолат ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлидаги иш эканлигини айтиб, Ҳақ таолонинг тенгсиз Қудрат Эгаси, дўстларига беҳад Меҳрибон, душманларидан аёвсиз интиқом олгувчи Зот экани ҳақида хабар беради.
38. Қасамки, агар Сиз улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган», деб сўрасангиз, улар албатта «Оллоҳ» дерлар. Айтинг: «Энди хабар берингларчи, сизлар Оллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз - агар Оллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса - ўша (бутлар) У Зотнинг зиёнини арита олгувчимилар? Ёки (Оллоҳ) менга бирон марҳамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У Зотнинг марҳа-матини ушлаб - тўхтатиб қолгувчимилар?!» Айтинг: «Менга Оллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилгувчи - суянгувчи зотлар Ёлғиз Унга таваккул қилурлар».
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг Танҳо Холиқ, демак, Танҳо Маъбуди Барҳақ эканига, Унга бирон нарсани ширк келтириш ва Ундан ўзгага ибодат қилиш эса, ўта катта нодонлик-жаҳолат эканлигига яна бошқа бир Илоҳий Ҳужжатдир. Айтилмоқдаки, мана сизлар ўзларингиз эътироф этиб турганларингиздек, Ер-у осмонларни ва уларда мавжуд бўлган барча махлуқотни Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи йўқдан бор қилган - яратган. Алҳамдулиллоҳки, сизлар мана шу Ҳақиқатни тан олмоқдасизлар. Бас, шундай экан, нега сизлар, эй мушриклар, ана ўша Танҳо Холиққа ибодат қи-лиш ўрнига қўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинмоқдасизлар?! Нега сизлар Ҳақни ташлаб ботилга бурилиб кетмоқдасизлар, Ҳидоятни тарк этиб, залолатни танламоқдасизлар?! Ахир бундан ортиқ жаҳолат бўладими?!
Ушбу оятда мушриклар сиғинадиган нарсалар - улар бут-санамлар бўладими, ёки қуёш, ой, юлдузлар бўладими, ёки фаришта ё жинлар бўладими, нима бўлса бўлсин, улардан биронтаси холиқ - яратувчи эмаслиги, балки барчалари махлуқ - яралгувчи эканлиги, бинобарин, Холиқни қўйиб махлуқларга сиғиниш албатта Ҳақ Йўлдан юз ўгириб кетиш эканлиги баён қилинади.
Юнус сурасининг 107-ояти ҳам ушбу оят билан бир мазмундадир:
«Агар Оллоҳ Сизни бирон зиён билан ушласа, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар (Оллоҳ) Сизга бирон яхшилик (етказиш)ни ирода қилса, Унинг Фазлу Марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларга яхшилик етказур. У Мағфиратли, Меҳрибондир». (Юнуссураси, 107-оят).
Юқоридаги оятлар мазмунини таъкидловчи ушбу ояти каримада бандаларга яхшилик ёки ёмонлик, манфаат ёки зиён етказиш Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлида экани, бу ишларда Унга ҳеч ким шериклик қила олмаслиги, демак, ибодат қилинишга мустаҳиқ бўлган Зот ҳам Танҳо Оллоҳ таолонинг Ўзи экани уқтирилади. Бас, ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган бут-санамларга топиниб дуо-илтижо қилиш, у жонсиз нарсаларни Тенгсиз Қудрат Эгаси бўлган Оллоҳ таолога шерик деб эътиқод қи-лиш ақлли инсонларнинг иши эмасдир.
“Агар Оллоҳ Сизни бирон зиён билан ушласа, уни фақат Ўзигина кетказа олур.”
Ояти каримада гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, барча инсонлар назарда тутилади. Ҳақ таоло қай бир киши ўзининг қилган гуноҳи сабабли Оллоҳ таоло томондан касал-лик, камбағаллик ёки шу каби бошқа бирон зиён-мусибатга гирифтор қилинса, у зиёндан қутулишнинг бирдан-бир йўли Оллоҳ таолога тавба қилиб, гуноҳ ишлардан тийилиш эканини, ана шунда, Мағфиратли, Меҳрибон ПарвардигорнингЎзи у кимсанинг бошига тушган балони кетказишини таъкидлайди. Банданинг бошига бало-мусибат келишига фақат унинг қилган қилмиши сабаб бўлиши ҳақида бошқа бир оятда шундай дейилади: “(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса - гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур.” (Шўро сураси, 30-оят).
“Агар (Оллоҳ) Сизга бирон яхшилик (етказиш)ни ирода қилса, Унинг Фазлу Марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларга яхшилик етказур. У Мағфиратли, Меҳрибондир.”
Ояти кариманингушбу жумлаларида Оллоҳтаоло бандасига Ўз Фазлу Марҳаматини кўргазиб, гарчи банда лойиқ бўлмаса-да, унга диний ёки дунёвий яхшилик - офият, барака ва ғалаба каби неъматлар ато этишни лрода қиладиган бўлса, у неъматларни ҳеч ким тўса олмаслиги таъкидланади ва бандалардан кимга Фазл-Марҳамат кўргазиш Ёлғиз Оллоҳнинг инон-ихтиёридаги иш экани уқтирилади. Демак, ҳар бир инсон зиён ёмонликлардан омонда бўлиш учун ҳам, яхшиликка - Илоҳий Фазлу Мархаматга эришиш учун ҳам гуноҳлардан тавба қилган бандалари учун Мағфиратли, тоат-ибодат қилгувчи бандалари учун Марҳаматли Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ёлғиз Ўзига дуо-илтижо қилиши лозимдир. Анас ибн Молик розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Бутун умрингиз бўйи яхшилик сўраб дуо қилинглар, Парвардигорингизнинг Фазлу Марҳаматига кўз тутинглар! Албатта, Оллоҳ таолонингЎз Файзу Раҳматидан бўлган шундай ҳадялари бордирки, уларни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказур. Ва доимо Оллоҳ таолодан сизларнинг аврат - камчиликларингизни беркитишини, хавфу хатарлардан паноҳ беришини сўранглар”, деб буюрдилар.
39-40. Айтинг: «Эй қавмим, жойингиздан жилмай (яъни, куфрингиздан қайтмай билган) амалингизни қилаверинг. Мен ҳам (Парвардигорим буюрган) амални қилгувчиман. Бас, яқинда кимга уни шарманда қиладиган азоб келишини ва устига мангу азоб тушишини албатта билиб олажаксиз!»
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга хитоб қилиб, Макка мушрикларини қатъий огоҳлантиришни буюради. Аммо бу огоҳлантириш аввалгиларидан фарқли эди. Яъни, энди аввал нозил қилинган оятларда такрор-такрор айтилганидек, “Ширкдан воз кечинглар, куфрларингиздан қайтинглар”, дейилмасдан, аксинча, “Агар сизлар Яратганнинг Каломига ишонмас экансизлар, Унинг Ўзига ибодат қилмас экансизлар, дунё ва Охират саодати фақат Исломда эканини уқтирган шунча оятлар сизларга кор қилмаган экан, у ҳолда билганларингизни қилаверинглар, куфрларингизда тураверинглар! Мен ҳам ўз Диним - Исломда барқарор бўлиб, Парвардигорим буюрган амалларни қилавераман.
Эътибор қилсак, ояти каримада биз мусулмонлар учун ўта зарур бўлган бир нукта бор, яъни, киши кўзлаган мақсадига етиши учун амал қилиши, ўша мақсад томон қўлидан келган ҳаракатни қилиб интилиши керак, акс ҳолда амалсиз илмнинг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда у зотнинг асҳоби амал билан бемисл зафарларга эришдилар, бас, бизлар ҳам уларнинг изларидан эргашиб, улар бизга қолдириб кетган Қуръон ва Суннатни билиб, амал қилсакгина улар топган хайрли оқибат бизларга ҳам насиб этади, иншооллоҳ.
Мусулмонлар адади бармоқ билан санаса бўладиган даражада оз, ум-мати Исломийя жуда заиф бўлган ўша тарихда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг садоқатли саҳобаларига - Оллоҳ ҳаммаларидан рози бўлгай - тез кунларда келадиган ғалаба умидини берган ушбу ояти карима каби оятлар бошқа сураларда ҳам нозил қилинган ва мусулмонларга беқиёс руҳоний мадад бўлган: “Иймон келтирмайдиган кимсаларга айтинг: «Ўзларингиз билган амалларингизни қилаверингиз, биз ҳам ўз амалимизни қилгувчимиз, ҳамда (қилаётган ишларингизнинг оқибатини) кутаверингиз, биз ҳам кутгувчидирмиз.” (Худ, 121-122-оятлар).
41. Албатта Биз Сизга бу Китобни барча одамлар (билиб, амал қилишлари) учун ҳаққи-рост нозил қилдик. Бас, ким Тўғри Йўлга юрса, фақат ўз фойдасига (юрган бўлур). Ким (у Тўғри Йўлдан) адашса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Сиз уларнинг устида вакил қўриқчи эмассиз.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз барча инсонларга - Сизни кўриб, сўзларингизни эшитиб турган замондошларингизга ҳам, шунингдек, Сизнинг даъватингиз етиб борадиган, кейинги асрларда дунёга келадиган инсонларга ҳам мана шу Сўзни етказиб қўйинг: “Эй инсонлар, сизларга барча оламларнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳтаоло томонидан нозил қилинган, ҳар бир калимаси Ҳақ бўлган, сизларга Ҳақ Йўлни кўрсатадиган Ҳақ -Қуръон келди. Бас, ким ушбу Китоб Каломуллоҳ эканига иймон келтириб, У кўрсатиб берган Тўғри Йўлга юрса, ўзи учун манфаатли йўлга юрган бўлур. Чунки ушбу Китоб кўрсатган соф Исломий ақийдага эга бўлган, У буюрган амалларни қилган, У қайтарган ишлардан ўзини тийган инсон ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам шак-шубҳасиз бахт-саодатга эришади.
Аммо ким ушбу Китоб кўрсатган Ҳидоят Йўлини тарк қилиб залолат йўлини танласа, яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмай, турли-туман бут-санамларга сиғинса, қаттиқ адашган бўлади ва бу адашиши сабабли унинг ўзи зиён тортади. Мен сизларнинг устингизда вакил эмасман, яъни, менинг зиммамдаги вазифа сизларнинг устингизда қўриқчилик килиб, сизларни зўрлаб иймон йўлига киритиш эмас, балки мен фақат слзларнинг орангиздаги Ҳақ Йўлдан юз ўгирган ва мени ёлғончи қилган кимсалар учун Оллоҳнинг азоби борлиги ҳақида огоҳлантиргувчи, Ҳақ йўлга юрган инсонларга жаннат хушхабарини бергувчи бир элчидир-ман холос”.
Ояти карима мазмунидан аниқ маълум бўладики, одамларнинг Ҳақ таоло томонидан нозил қилинган Ҳақ Каломга иймон келтириб, Ҳақ Йўлга юришларидан Оллоҳ таоло манфаатдор эмас, балки ана ўша мўминларнинг ўзлари манфаат кўрадилар, шунингдек, одамлар Ҳақ Йўлни тарк этиб, залолат йўлини танлашларининг Ҳақ таолога ҳеч қандай зиёни йўқдир, балки бу қилмишларидан ана ўша кофирларнинг ўзлари зиён кўрадилар.
Инсонлар мана шу Ҳақиқатни англашга ўта муҳтож бўлганлари сабабли Оллоҳ таоло Ўз Китобида бу мавзуга оид оятларни бир неча сураларда қайта-қайта нозил қилди: “Эй инсонлар, бу Элчи сизларга Парвардигорингиздан Хақ (Дин)ни келтирди. Бас, иймон келтирингиз, ўзингиз учун яхши бўлур. Агар кофир бўлсангизлар (ўзингизга зарар қиласиз, холос). Зеро, Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Оллохдикидир. Оллоҳ Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 170-оят).
42. Жонларни ўша (жон)лар ўладиган вақтида Оллоҳнинг Ўзи вафот қилдирур, (ҳали-ҳануз) ўлмаган (жонлар)ни ҳам ухлаётган пайт-ларида (Оллоҳнинг Ўзи) олур. Сўнг (ўша уйқудаги) Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (баданларга қайтармасдан, яъни, уйқуларидан уйғотмасдан) ушлаб қолур ва бошқаларини (яъни, ҳали ўлимга ҳукм қилинмаган жонларни) эса белгиланган бир муддатгача (яъни, ажаллари етгунича) қўйиб юборур. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
Дарҳақиқат, ўлим - узун уйқу, уйқу эса қисқа ўлимдир. Маълумки, кундалик одатдаги уйқуга чўмган кишилар ичидан куни битганлари уйғонмасдан - қайта ҳаётга келмасдан дунё ҳаётидан Охират диёрига ўтиб кетадилар. Лекин ҳали-ҳануз ажаллари етмаган кишиларга эса қайтадан ҳаёт ато этилади ва улар ўлимдан ҳаётга қайтганларидан бехабар ҳолда одатдаги уйқудан уйғондим, деб хаёл қиладилар. Аммо тафаккур қиладиган ақлли кишилар эса бу янги кун Яратган томонидан берилган янги ҳаёт эканини англаб, ибрат оладилар. Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қачон бировингиз ётоғига қайтганида ички кийимини олиб, у билан тўшагини қоқиб олсин ва Оллоҳнинг Исмини айтсин, чунки, у ўзидан кейин тўшагидан нима жой олганини билмас, бас, қачон ётмоқчи бўлганида ўнг ёни билан ётсин ва: “Эй Пок Парвардигор, ёнбошимни қўйдим ва Ёлғиз Ўзингнинг ёрдаминг билан уни кўтарурман. Агар Сен жонимни ушлаб қолсанг, (яъни, уйқумда жонимни олсанг), уни Ўз Раҳматингга олгин, агар уни қўйиб юборсанг, у ҳолда уни солиҳ бандаларингни сақлаганингдек Ўз ҳифзу ҳимоянгда сақлагин”, десин ва қачон уйғонса, у ҳолда дарҳол “Алҳамдулиллаҳ - Оллоҳга ҳамд бўлсин, У менинг баданимни саломат қилди, жонимни яна баданимга қайтарди ва менга Уни зикр қилишга изн берди”, десин”.
Имом Бухорий ривоят қилган яна бир саҳиҳ ҳадисда Ҳузайфа розияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам тунда ётмоқчи бўлганларида қўлларини ўнг ёноқлари остига қўйиб, сўнгра: “Оллоҳим, Сенинг Исминг билан ўламан ва тириламан”, дер эдилар. Уйғонганларида эса: “Бизни ўлдирганидан кейин яна қайта тирилтирган Оллоҳга ҳамд бўлсин. Унинг ҳузурига тирилиб чиқиш - қайтиш бордир”, дер эдилар. (“Тафсири Куртубий”дан).
43. (Йўқ, мушриклар тафаккур қилмадилар). Балки улар Оллоҳдан ўзга «шафот қилгувчилар»ни (яъни, ўзларининг гумонларича уларни Оллоҳ ҳузурида «қўлловчи» - бутларни) ушлаб олгандирлар?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «(Ўша жонсиз бутлар сизларни қўллайдими?!) Агар улар бирон нарсага эга бўла олмайдиган ва (бирон нарсани) англамайдиган бўлсалар ҳама!».
Ояти каримани бизга мана бу оят тафсир қилиб беради: «Улар Оллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: “Ана ўша (бизлар сиғинаётган бут-санамларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўлади”, дейдилар». (Юнуссураси, 18-оят).
Ояти карима мушрикларнинг Оллоҳ таоло шаънига буҳтон қилишла-ри, Унинг оятларини ёлғон дейишларидан бошқа яна бир жиноятлари ҳақида хабар беради: мушриклар гарчи Яратгувчи - Холиқ Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи эканини тан олсаларда, - “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», деб сўрасангиз, албатта: «Уларни Қудратли ва Билгувчи (Оллоҳ) яратган», дерлар”. (Зухруф сураси, 9-оят) - ўша Танҳо Маъбуди Барҳақнинг Узига тоат-ибодат қилиш ўрнига уларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етка-за олмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинадилар. Бир ояти каримада бутпараст мушрикларга хитоб қилиб шундай дейилади: “Аниқки, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлаш-ганларида ҳам ҳатто бир дона чивинни ярата олмаслар, агар биронта чивин улардан бирон нарсани тортиб олса, уни (ўша чивиндан) қутқариб ҳам ола билмаслар. (Демак, ўша бутлардан ҳожатини раво қилишни) сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир.” (Ҳаж сураси, 73-оят). Энг кулгили, балки энг ачинарли жойи, мушрик кимсалар ўзлари сиғиниб топинадиган бутларини тош, ёғоч, темир ва бошқа нарсалардан ўз қўллари билан ясаб оладилар-да, кейин уларни илоҳлар деб, яъни, Ер-у осмонларни, бутун коинотни яратган Оллоҳ таолонинг шериклари деб даъво қиладилар ва: “Мана шу (бизлар сиғинаётган бутларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўлади”, дейдилар”. Улар ниҳоят даражада жоҳил-нодон бўлганлари сабабли ўша жонсиз бутлари Охиратда уларни шафоат қилади деб ишонадилар. Мушрик кимсаларнинг аҳволи шудир. Аммо ояти карима мазмунини теранроқ англасак, унда зикр қилинган ширк аломатлари айрим ўзларини мусулмон санаб юрган кишиларда ҳам топилиб қолишини кўриб афсусланамиз. “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида: бу замонда кўп одамлар ўтиб кетган улуғларнинг мақбараларини зиёрат қилар эканлар, у қабрларни тавоф қилиб, қабр эгаларидан ҳожатларини раво қилишларини сўрашлари ва шундай қилсак албатта улар Охиратда Оллоҳ таоло хузу-рида бизларни шафоат қиладилар деб эътиқод қилишлари ҳам Оллоҳ таолога ширк келтириш билан баробардир”, дейилади.
44. Айтинг: «Барча шафоат-қўллаш Ёлғиз Оллоҳникидир, (чунки) Осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Уникидир. Сўнгра (барчаларингиз) Ёлгиз Унга қайтарилурсизлар».
Чунки “Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг Изнисиз қўллай олмайди” (Бақара сураси, 255-оятдан).
Демак, Қиёмат Кунида, Оллоҳ таоло хузурида ҳисоб-китоб учун тўпланган Соатда, У Куннинг даҳшатларидан жонлар халқумга тиқилиб қолган вақтда, ҳар бир инсон ниҳоят даражада қўлловга муҳтож бўлиб қолган пайтида на Ер-у, на кўкдаги бирон кимса Оллоҳнинг Изни - Рухсатисиз бировни қўллай олмайди, шафоат қила олмайди. “Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) Изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)”. (Ван-нажм сураси, 26-оят). Жаноби Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам хабар берадилар: У зоти бобаракот Арш остига келиб, бошларини саждага қўйиб, Парвардигорга ҳамду санолар айтиб, ҳушомадлар қилиб, аввал-бошда шафоатдан сўз оча олмай, саждадан бошларини кўтармасдан тураверар эканлар, йиғлайверар эканлар. Сўнгра нидо келар эканки: “Бошингни кўтаргин, сўзлагин тингланур, сўрагин берилур, қўллагин қўлловинг - шафоатинг қабул қилинур”. Шундагина муборак бошларини саждадан кўтариб: “Умматим, умматимнинг гуноҳидан ўтгин, Парвардигор”, деб сўрар эканлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилишича, у киши: “Ё Расулуллоҳ, Қиёмат Кунида Сизнинг шафоатингиз сабабли саодатга эришадиган инсонлар кимлар”, деб сўраганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта ҳарислигинг учун бу сўз ҳақида сендан олдин ҳеч ким сўрай олмаслигини билар эдим. Ким чин қалбдан, холис ният билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, ана ўшалар Қиёмат Кунида менинг шафоатим сабабли саодатга эришадиган инсонлардир”, деб марҳамат қилдилар.
45. Қачон Ёлғиз Оллоҳ зикр қилинса Охиратга иймон келтир-майдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачон У Зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ улар қувониб кетарлар.
Яъни, Макка мушрикларининг энг жирканч одатларидан бири, қачон уларга “Ла илаҳа иллаллоҳ” - ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ бор”, дейилса, диллари сиқилиб, ғазаб ва нафратдан юзлари тиришиб кетар эди. Чунки улар Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ эканлигига ва Охират ҳаёти ҳақ эканлигига ишонмасдилар.
Шунинг учун ҳам ўзлари илоҳ деб сиғинадиган Лот, Уззо, Манот каби бутларининг номларини эшитганларида хурсанд бўлиб кетар эдилар. Уларнинг бу ишлари ақлсизлик, жаҳолат ва фақат ҳавойи нафсга эргашиш эканлиги хусусида Ҳақ таоло “Ан-нажм” сурасида ҳам қаттиқ огоҳлантирган эди: «(Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) «Лот», «Уззо», ва яна учинчилари бўлмиш тубан «Манот» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?! (Сизлар ўша бут-санамларни ва фаришталарни «Оллоҳнинг қизлари», дейсизлар, демак), эркак (жинси) сизларники-ю, аёл (жинси) У Зотникими?! У ҳолда бу адолатсиз тақсим-ку?! У (ном) лар фақат сизлар ўзларингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир. Оллоҳ улар(га ибодат қилиш) ҳақида бирон ҳужжат туширган эмас. У (мушрик)ларга (Пайғамбар алайҳис-салом воситаларида) Парвардигор томонидан Ҳидоят (Қуръон) келиб турган ҳолда улар фақат гумонга ва ҳавойи нафсларигагина эргашадилар-а!» (Нажм сураси, 19-23-оятлар).
46. Айтинг: «Оллоҳим, (эй) осмонлар ва Ерни Илк Яратгувчи Зот, (эй) ғайбу шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор нарсаларни) Билгувчи Зот, Ёлғиз Ўзинг бандаларинг ўртасида улар ихтилоф қилгувчи бўлган нарсалар ҳақида ҳукм қилурсан».
Ҳақ таоло томонидан жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга буюрилган ушбу Илоҳий дуо у зотнинг барча умматларига ҳам баробар тааллуқли ва ўта зарур дуодир. Хусусан, одамлар Дин ва унинг аҳкомлари хусусида тинмасдан ихтилоф қилаётган бизнинг замонимизда ушбу муборак дуони ўқиб Яратгандан бизни бундай ихтилофлардан қутқариб, Ўзининг Ҳақ Йўлига ҳидоят қилишни сўраб дуо-илтижо қилишга жуда муҳтожмиз. Албатта, бу хусусда бизга ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам энгулуғ намунадирлар.
Абдур-Раҳмон ибн Авф розияллоху анҳу айтди: “Мен Оиша розияллоҳу анҳодан: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам тунлари намозга турганларида намозларини нимадан бошлар эдилар?” деб сўраган эдим, удеди: “Қачонки Расулуллоҳ кечадан бир қисмида намозга турганларида дастлаб бу дуони ўқир эдилар: “Оллоҳим, эй, Жаброил, Мекоил ва Исрофилнинг Робби, “Эй осмонлар ва Ерни Илк Яратгувчи Зот, эй ғайбу шаҳодатни Билгувчи Зот, Ёлғиз Ўзинг бандаларинг ўртасида улар ихтилоф қилгувчи бўлган нарсалар ҳақида ҳукм қилурсан”, Ўзинг мени Ўз Изнинг билан ихтилоф қилинган нарсалардан ҳақиқатга ҳидоят қилгин. Албатта Сен Ўзинг хоҳлаган кишиларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилурсан”. (Имом Муслим ривоят қилган).
Қачонки Рабийъ ибн Ҳайсум розияллоҳу анҳуга ихтилофлар касофатидан Ҳусайн ибн Алий розияллоҳу анҳум қатл қилингани ҳақида хабар келганида, у ушбу ояти каримани ўқиди.
Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу: “Мен шундай бир оятни биламанки, биров уни қироат қилиб Оллоҳ таолодан нимани сўраса, шак-шубҳасиз унга сўраганини ато этади”, деди ва мана шу ояти каримани ўқиди. (“Тафсири Қуртубийдан).
47. Агар золим-кофир кимсалар учун Ердаги бор нарса ва у билан бирга яна ўшанинг мислича нарса бўлса, албатта улар Қиёмат Кунидаги азобнинг ёмонлигидан, ўша (қўлларидаги бор нарсаларини) тўлов қилиб бериб юборган бўлур эдилар. (Чунки у Кунда) уларга Оллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар - азоблар аниқ-равшан кўринди.
Улар Оллоҳ таолога кофир бўлган ва Унга тоат-ибодат қилмаган кимсалардир. Ҳақ таоло Тўғри Йўлни кўрсатиб, агар ана ўша Йўлдан юрсалар, Унинг ҳузурига - жаннатларга етишларини айтиб чорлаганида, улар Парвардигорларининг даъватига лаббай деб жавоб бериш ўрнига ўткинчи дунё ва унинг матоларига куллик қилган кимсалардир. Ана энди Қиёмат Кунида, агар бутун умрлари давомида сиғиниб ўтган дунёлари - Ер юзидаги бор нарса ва яна ўшанча молу давлат қўлларида бўлганида ҳам уларга кофир бўлганлари сабабли бериладиган ҳақли жазодан қутулиб қолиш учун бериб юборган ва ўзларини дўзах азобидан қутқариб қолган бўлар эдилар. Лекин Бу Кунда улардан ҳеч нарса - ҳеч қандай амал, ҳеч бир тав-батазарруъ қабул қилинмас. Чунки улар амал дунёсидан иймонсиз, со-лиҳ амалсиз ўтдилар ва жазо Кунига келиб етдилар. Энди «улар учун энг ёмон ҳисоб-китоб бўлур». (Раъд сураси, 18-оятдан).
Бухорий ва Муслим Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилди, Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат Кунида дўзах аҳлидан бўлган кимсадан сўралади: “Агар Ердаги бор нарса сеники бўлганида мана шу дўзах азобидан қутулиш учун бериб юборган бўлармидинг?” У: “Албатта”, деб жавоб қилади. Шунда Оллоҳ таоло: “Ахир Мен сендан бунга нисбатан жуда осон нарсани истаган эдимку?! Мен сендан ҳали сен отанг Одамнинг белида турганингда Менга бирон нарсани ширк келтирмайсан, деб аҳд-паймон олган эдим. Сен эса ўша аҳд-паймонингни бузиб, мушрик бўлишни истадинг”, дейди ва у кимса дўзахга ташланади”.
Ояти каримада, агар эътибор қилинса, келажакда рўй берадиган Қиёмат Куни аҳволоти ҳақида ўтган замон феъли билан хабар берилди. Бунга сабаб, биринчидан, у Куннинг келишида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмагани учун Ҳақ таоло Қиёматда кечадиган воқеъа-ҳодисаларни гўё ҳозир бўлиб ўтгандек тасвирлайди. Иккинчидан, ўтган замон, ҳозирги замон, келгуси замон, деган тушунчалар биз - бандаларга ва барча махлуқотга нисбатан айтилиши тўғридир. Аммо Азалий ва Абадий Зотга ўтмиш ҳам, келажак ҳам худди ҳозирги замон каби аниқ маълум бўлгани учун, агар таъбир жоиз бўлса, қуйида - Ерда ҳар тарафга қараб кетаётган одамларнинг сафарларини қай нуқтадан бошлаганлари ҳам, бориб тўхташлари аниқ бўлган манзиллари ҳам, юқорида - осмонлар устида барча нарсани кўриб-кузатиб тургувчи Оллоҳ таолога аён кўриниб тургани учун У Зот айрим оятларида Қиёмат Куни ва ундан кейин келадиган замонда рўй берадиган воқеъа-ҳодисаларни ҳам ўтган замон шаклида баён қилади.
“(Чунки у Кунда золим-кофир кимсаларга) Оллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар - азоблар аниқ-равшан кўринди”.
Яъни, мушрик-кофир кимсалар Қиёмат Кунида уларни кутиб турган азобни ўз кўзлари билан кўрган вақтларида қўрққанларидан худди дорга осиш учун олиб кетилаётган кимсанинг даҳшатдан тилига калима келмай қолганидек, бирон сўз айта олмай, ҳатто дилларини ўртаётган афсусларини, ҳаётларини беҳуда совуриб юборганлари учун қилаётган надоматла-рини ҳам изҳор қила олмай, дамлари ичларига тушиб кетади ва Одил Подшоҳ - Ҳақ субҳонаҳу ва таоло уларнинг ўрталарида Ўзининг Ҳақ ва Адолатли Ҳукмини чиқариб, улардан ҳар бири қилмишларига яраша етти дўзаҳдан бирига ташланади.
48. Уларга ўзлари касб қилган ёмонликлари аниқ-равшан кўринди ва уларни ўзлари (дунёдалик чоғларида) масхара қилиб ўтган (азоб) ўраб (ҳалок қилди).
Ушбу ояти карима мазмунини яхшироқ англашимиз учун Анъом сурасининг мана бу ояти ва унинг тафсирига мурожаат қиламиз: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, Сиздан аввал ўтган пайғамбарларнинг устидан ҳам масхара қилинган. Сўнг уларни масхара қилган кимсаларни ўша масхара - кулгилари ўраб, (домига тортиб) кетган (яъни, ҳалок қилган)». (Анъом, 10-оят).
Ушбу ояти карима Ҳақ таоло тарафидан Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган таскин ва тасаллийдир.
Макка мушрикларининг юқоридаги оятларда зикр қилинган турли-туман талаблари фақат Пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилиш учун бўлар эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз ватандош ҳамшаҳарларидан - у зотнинг фақат рост сўзлайдиган эканликларини жуда яхши биладиган кимсалардан бундай сўзларни эшитганларида кўнгиллари оғрир эди. Бас, Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига қавмларининг бундай беодобликларидан тасаллий бериб ушбу оятларни нозил қилди ва илгари ўтган элчи-пайғамбарларни ҳам Ҳақ Йўлга даъват этганларида қавмлари масхара қилганлари, сўнгра ўша масхарабоз қавмларнинг ҳаммаси мана шу дунёнинг ўзидаёқ бу қилмишлари - кофирликларининг жазосини олиб, ҳалок қилинганлари ҳақида хабар берди.
Демак, Оллоҳ таолонинг элчилари устидан кулиб, масхара қилиш қа-димий иллатлардан экан. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Биз Сиздан илгари ўтган, аввалги (турли-туман) тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар. Шунингдек, уни (яъни, пайғамбарлар устидан кулиш иллатини) барча жиноятчи - -осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз.” (Хджр сураси, 10-12-оятлар).
49. Бас, қачон инсонни бирон зиён ушласа, У Бизга дуо-илтижо қилур. Сўнгра қачон Биз Ўз томонимиздан унга бирон неъмат ато этсак, у «Ҳеч шак-шубҳасиз, бу (неъмат) менга билиб берилди», дер. (Яъни, Оллоҳ менга бу неъматни унга лойиқлигимни билгани учун берди, дейди), йўқ ундоқ эмас, балки у (ўша банданинг шукр ё кўрнамаклик қилишини билиш учун бир) синов-имтиҳондир. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.
Ушбу ояти карима суранинг 8-ояти билан бир маънодаги оят бўлиб, ўз ўрнида алақадриҳол тафсир қилиб ўтилди.
50. У (сўз)ни улардан аввалгилар ҳам айтган эдилар. Бас, уларга ўзлари касб қилиб топган нарсалари асқотгани йўқ.
Яъни, юқоридаги оятда айтилган сўзни Макка мушрикларидан неча аср аввал ўтган Қорун ва унга ўхшаган бойлик-давлати билан ҳаддидан ошиб туғёнга тушган кимсалар ҳам айтган эдилар. Аммо уларнинг ишонган мол-дунёлари Оллоҳ таолонинг азобидан тўса олмади. Бу ҳақда мана бу оятларда хабар берилган: «Дарҳақиқат, Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибру ҳаво қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган катта жамоатга ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: «Ҳовлиқмагин. Чунки Оллоҳ ҳовлиқма кимсаларни суймас. Ва Оллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) Охират диёрини (обод қилишни) истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Оллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Оллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қилгин. Ерда (зулму зўравонлик билан) бузғунчилик қилишга уринма. Чунки Оллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас», деганларида, «Менга (бу мулку давлат) фақат ўзимдаги билим сабабли берилди, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас»), деди. Ахир у ўзидан аввалги асрлар-авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва топган-тўплагани ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Оллоҳ ҳалок қилиб юборганини билмасми?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам, (балки улар ҳеч қандай сўроқ-саволсиз дўзахга ташланурлар)!» (Қасас сураси, 76-78-оятлар).
Тафсир китобларида ривоят қилинишича, Қорун Мусо алайҳисса-ломга яқин қариндош - амакисининг ўғли эди. Аввал-бошда у ҳам Бани Исроилдаги бошқа қавмдошлари қатори Мусо алайҳис-саломга иймон келтиради ва қавмдаги энг билимдон кишилардан бўлади. Лекин қачонки Оллоҳ таоло унга ҳад-ҳисобсиз мол-дунё бериб, (айтишларича, унинг бойликлари сақланадиган сон-саноқсиз хазина-омборларнинг калитларини қирқ паҳлавон йигит зўрға кўтариб юрар эди “Тафсири Мунийр”-дан) имтиҳон қилганида, у Илоҳий синовдан ўта олмади ва: “Қўлимда ҳеч кимга берилмаган беҳисоб бойлигим бўла туриб, нега Мусо менга итоат этмасдан мен унга бўйинсунар эканман”, деб кибру ҳаво қилди ва Мусо алайҳис-салом даъват қилган диндан юз ўгирди, босар-тусарини билмасдан ҳеч кимни назар-писанд қилмай қўйди. Қавмдаги иймон-эътиқодли инсонлар унга насиҳат қилиб дедилар: “Эй Қорун, сен бу ўткинчи мол-дунёйингга алданиб бунчалар ҳовлиқиб кетмагин, ўзингни босиб иймон йўлига қайтгин! Оллоҳтаоло дунё зеб-зийнатлари билан ғурурланиб ўзгаларни менсимайдиган ҳовлиқма кимсаларни севмайди. Бас, сен Оллоҳ таоло сенга ато этган мол-давлатингни Охиратинг учун ишлатгин - Охиратда сенга ажр-мукофот бўлиб қайтадиган савобли ишларга сарфлагин, фақир-мискинларни қўллаб-қувватлагин, қавм-қариндошларингни йўқлаб ҳолларидан хабардор бўлиб тургин, бошларига мушкил иш тушиб қолган инсонларга ёрдам қўлини чўзгин, албатта ўзингнинг дунёдан бўлган насибангни ҳам бутунлай унутиб юбормагин, Оллоҳ таоло ҳалол қилган дунё неъматларидан исрофга йўл кўймаган ҳолда ўзинг ва аҳли оиланг учун етарлича фойдалан, зеро бу дунёдан сен топган насибанг асло сен йиғиб тўплаган мол-дунё эмас, балки мана шу дунёйингдан Охиратинг учун ишлатганинг ҳамда ўзинг ва кўл остингдагилар учун ҳаддан ошмаган ҳолда фойдаланган нарсаларингдир. Шунингдек, “Оллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Оллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қилгин”. Яъни, Оллоҳ таоло сенга барча неъматларини жуда гўзал суратда ато этди, бас, сен ҳам яхшиликка яхшилик билан жавоб бериб, У Зотга чиройли ибодат қилгин ва Унинг бандаларига Оллоҳ сенга берган нарсалардан чиройли суратда яхшиликлар қилгин. Ҳаргиз Ерда зулм ва гуноҳларга берилиб бузғунчилик қилиб юрма, зотан Оллоҳга итоатсизлик энг ёмон бузғунчиликдир. Албатта Оллоҳ бузғунчи кимсаларни севмас. Бас, У бир лаҳзада сени бор нарсангдан маҳрум қилиб қўйиши мумкин”.
Лекин қўлидаги сон-саноқсиз мол-дунёсига мағрур бўлиб кўзини ёғ босиб қолган Қорун қавмнинг холис панд-насиҳатларига қулоқ солмади ва уларга жавобан деди: “Мен сизларнинг насиҳатларингизга муҳтож эмасман. Қўлимдаги беҳисоб молу давлатга келсак, унинг учун мен ҳеч кимнинг олдида қарздор эмасман, чунки мен унинг ҳаммасини фақат ўз билимим, тажрибам ва тинимсиз ҳаракатим билан қўлга киритганман, ҳеч ким бу молу давлатни менга эҳсон қилиб бергани йўқ, демак, мен ҳам уни бировларга эҳсон қилиб беришга бурчли эмасман, у ёлғиз ўзимга тегишлидир”.
Нобакор банданинг бундай юзсизлигидан, қўлидаги синов учун берил-ган молудавлати билан бу қадар мағрурланишидан гўё Ҳақ таолонингЎзи ҳам ҳайратга тушгандек: “Ахир у ўзидан аввалги асрлар-авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва жамғармаси ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Оллоҳ ҳалок қилиб юборганини билмасми?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам, (балки улар ҳеч қандай сўроқ-саволсиз дўзахга ташланурлар)!” деб қаттиқ огоҳлантирди.
51. Бас, уларга ўзлари қилган ёмонликлари(нинг жазоси) етди. Ана улардан (Макка мушрикларидан) бўлган золим кимсаларга ҳам яқинда ўзлари қилган ёмонликлари(нинг жазоси) етар. Улар ҳам қочиб қутилгувчи эмасдирлар.
Ояти карима Макка мушрикларига ва жамийки дунёпараст, Оллоҳ ато этган молу давлатни “буни мен ўзим ўз билим ва тажрибам билан топганман, уни менга ҳеч ким берган эмас, демак, ҳеч ким ҳеч қачон тортиб ололмайди”, деб даъво қиладиган нонкўр кимсаларга берилган қаттиқ огоҳлантиришдир. Уларнинг энг катталари бўлган Қорунга қандай жазо берилгани ҳақида мана бу ояти каримада хабар берилади: «Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам Ерга ютдирдик. Сўнг унинг учун Оллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам ёрдам олгувчилардан бўлмади». (Қасас сураса, 81-оят).
Яъни, қачонки Қорун қўлидаги беҳисоб бойлигига ишониб, ҳаддидан ошиб, туғёнга тушгач, бошқа дунёпарастларга ибрат бўлсин учун Ҳақ таоло унинг жазосини мана шу дунёдаёқ берди - уни ҳамда унга қарашли бор дору-диёрини Ерга ютдириб юборди ва у нобакор ўзи учун Оллоҳнинг Ҳукми-Қазосига қарши бора оладиган - унга ёрдам берадиган бирон бир жамоатни топа олмасдан тириклигича ерга кўмилиб кетаверди ва Оллоҳнинг азобидан кутулиб қолгувчилардан бўлмади.
“Тафсири Қуртубий”да ёзилишича, Қорун тириклайин ерга кириб кетганича тўхтаб қолган эмас, балки у то Қиёмат қадар ҳар куни бир бўй баробар пастлаб бораверади ва қачонки Ернинг туб-тубига етиб борган кунида Исрофил сурни чалиб Қиёмат қойим бўлади.
Шундай қилиб, Жаноби Ҳақ Ўз Каломида ушбу тарихий ҳодисани эслатиш билан ҳаётини мол-дунё тўплашга сарф қиладиган ва кейин ўша бойлиги билан ғурурланиб, ўзгаларни менсимасдан кибр-ҳаво қиладиган дунё қулларини қаттиқ огоҳлантиради ва охир-оқибатда бирон кимса уларга ёрдам қўлини чўзмасдан хору забун бўлган ҳолларида ер билан битта бўлишлари аниқ эканлиги ҳақида ақлли инсонлар учун ўта ибратли мисол келтиради.
52. Ахир улар Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини кенг қилишини ва (Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини) танг қилишини билмадиларми?! Албатта бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло барча мўминлар учун етарли ибрат бўладиган бир ҳодисани, яъни, жамийки мавжудотнинг ризқи рўзи Ёлғиз Унинг Қўлида эканини, бинобарин, кимга кенг, кимга танг ризқ бериш ҳам Унинг Ихтиёридаги иш эканини яна бир бор таъкидлайди. Жаноби Ҳақ Ўзининг Танҳо Раззоқ - ризқ Бергувчи эканини бошқа бир оятда шундай баён қилган. “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Ёлғиз Оллоҳнинг Зиммасидадир”. (Худ сураси, 6-оят).
Бас, У Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат ва Адолат билан айрим бандаларининг ризқини кенг-мўл қилса, айримларининг ризқини тор-танг қилади ва у инсонларнинг ҳаёти дунёдаги ризқларини белгилашда уларнинг мўмин ёки кофир эканликларига боқмайди. Балки гоҳо Ўзи яхши кўрган баъзи бир мўмин бандаларининг ризқини - синов-имтиҳон учун - тангу тор қилса, айрим кофир кимсаларнинг ризқини кенг-мўл қилиб қўйиши мумкиндир.
Ҳадиси Қудсийда Ҳақ таоло айтади: “Албатта Мен мўмин бандаларимдан кимнинг иймони бой-бадавлатлик билан яхши, салоҳиятли бўлишини билурман. Агар Мен уни фақир, камбағал қилиб қўйсам, камбағаллик уни бузади. Мўмин бандаларимдан яна шундай кишилар ҳам борки, унинг иймони фақирлик камбағаллик билан салоҳиятли бўлади. Агар Мен уни бой, бадавлат қилиб кўйсам, бойлик уни бузади. Албатта Мен бандаларимнинг дилларини билганим учун уларнинг ишини Ўзим тадбир қилурман. Албатта, Мен Билгувчидирман, Хабардордирман”.
Демак, бой қилгувчи ҳам, камбағал қилгувчи ҳам, ризқни кенг қилгувчи ҳам, танг қилгувчи ҳам Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Агар У ҳаммани бой қилиб қўйганида, улар ҳадларидан ошиб туғёнга тушган бўлур эдилар, агар ҳаммани фақир, камбағал қилиб қўйганида, улар қоринлари ғамида ибодат қилишни унутиб, ҳалокатга дучор бўлар эдилар.
Термизий “Зуҳд” китобида ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилади: “Етти нарса келиб қолишидан илгари амалларингизни қилиб қолишга шошилинглар. Сизлар фақат унутдириб юборгувчи камбағалликни ёки туғёнга туширгувчи бойликни ёки роҳатингизни бузгувчи касалликни ёки ақлни ўтмаслаштириб қўйгувчи қариликни ёки лаззатларни кесиб қўйгувчи ўлимни ёки ғойибдаги энг ёмон кутилгувчи бўлган дажжолни ёки энг балолик, энг аччиқ Кун бўлмиш Қиёмат Соатини кутмоқдасизлар, холос”.
Бас, оқилнинг иши Оллоҳ таолонинг Амрига таслим бўлмоқ, Унинг Ҳукмига рози бўлмоқ, тор-танг вақтда сабр қилмоқ, кенг-мўлчиликда шукр қилмоқ ва имкони борича инфоқ-эҳсон қилмоқдир. (“Танвийрул азҳон” кшпобидан).
53. Эй (Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар билан) ҳадларидан ошиб ўз жонларига жабр қилган бандаларимга айтинг: «Оллоҳнинг Раҳмат-Марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Ёлғиз Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳ-ларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзи ўта Мағфиратли, жуда Меҳрибондир.
“Тафсири Қуртубий”да айтилишича, ушбу ояти карима ибодатга қаттиқ берилган, аммо илгари, жоҳилият замонида қилган гуноҳлари сабабли ибодатлари қабул қилинмай қолишидан қўрққан мусулмонлар ҳақида нозил бўлган. Ҳақ таоло уларга ҳеч қачон Оллоҳнинг Раҳмат-Марҳаматидан ноумид бўлмасликларини буюриб, У Ўзи хоҳлаган бандалари учун уларнинг қилган ҳар қандай гуноҳларини кечириб юбора оладиган бениҳоя Кечиримли ва бандаларига беқиёс Меҳрибон Зот эканлигини таъкид-лайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ушбу оят ўрнига менга бутун дунё ва ундаги бор нарса берилишини хоҳламайман”, деб марҳамат қилганлар. (Имом Аҳмад ўзининг “Муснад” китобида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг куллари Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилган).
“Танвийрул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, Оллоҳтаоло Қиёмат Кунида айрим гуноҳкор мўминларга “Мен ҳаёти дунёда сенинг қилган гуноҳларингни яширганим каби Бугун уларни кечириб юбораман”, деб Ўзининг ўта Мағфиратли ва бениҳоя Меҳрибон эканлигини кўрсатади.
“Саҳиҳул-Бухорий”да Оллоҳ таоло тавба қилган бандасини қанчалар яхши кўриши ва гуноҳларидан ўтиши хусусида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳис-салом жиҳод вақтида асир тушган кишилар орасида бир аёл шу асирларнинг гўдак-чақалоқларини эмизаётганини кўрсатиб, саҳобаларига: «Мана бу хотин ўзининг боласидан бошқа чақалоқларни ҳам эмизяпти, шу аёлга ўз болангни ўтга ташла, деб буюрилса, ташлайдими?»- деб сўрадилар. Саҳобалар: «Ўзини ўтга ташласа ташлайдию, лекин ҳеч қачон боласини ўтга ташламайди», дедилар. Шунда Пайғамбаримиз: «Оллоҳ таоло ҳам бандасини ўтга таш-лашни истамайди. Бу онанинг ўз боласига бўлган меҳридан кўра Оллоҳнинг сиз билан бизга бўлган меҳри буюкроқ, улуғроқдир» дедилар.
Ёки яна бир ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: «Туя миниб кетаёган бир мусофир чарчаб, истироҳат қилгани тушиб, озгина дам олиб, кўзини очса, миниб келган туяси устидаги бор нарсалари билан йўқ эмиш. Чор атрофдан қидириб, ҳеч қаердан тополмасдан чарчаб, ҳориб келиб, яна ухлаб қолибди. Бироз вақт ўтгач уйғониб қараса, йўқолган туяси қайтиб келиб қолган экан. Ўша инсон шу пайтда қанчалар хурсанд бўлади? Сиз билан биз гуноҳларимизга тавба қилиб Оллоҳга қайтсак, Меҳрибон Оллоҳимиз бундан ҳам кўпроқ хурсанд рози бўлади».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: “Ширк аҳлидан бўлган кўплаб қотилликлар қилган, кўплаб зинокорликлар қилган одамлар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам хузурларига келишиб: “Албатта, сен айтаётган, даъват қилаётган ишлар жуда чиройли. Энди сен бизларга қилган гуноҳларимизга нима каффорат бўлиши (яъни, уларни ўчириб юбориши) тўғрисида ҳам хабар берсанг эди”, дейишганида ушбу: «Эй (Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар билан) ҳадларидан ошиб ўз жонларига жабр қилган бандаларимга айтинг: «Оллоҳнинг Раҳмат-Марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Ёлғиз Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини магфират қилур. Албатта Унинг Ўзи ўта Мағфиратли, жуда Меҳрибондир» оят нозил бўлди.
Жаноби Ҳақ яна Фурқон сурасининг 70-оятида: «Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб солиҳ амал қилса, бас, Оллоҳ ана ўша кишиларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир».
Ушбу оятларнинг нозил қилинишига сабаб бўлган воқеалар ҳақида имом Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган мана бу муборак ҳадисларда айтилгандир: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анху айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Энг катта гуноҳ қайси?”деб сўраган эдим, айтдилар: “Сени яратган Оллоҳга бирон нарсани тенг қилмоқлигинг!” Мен: “Сўнгра қайси?”деб сўрадим. У зот: “Сен билан бирга таомланишидан кўрқиб ўз болангни қатл қилишинг”, дедилар. Мен яна: “Сўнгра қайси?” деб сўраган эдим, у зот. “Қўшнингнинг жуфти ҳалоли билан бузуқлик қилишинг”, дедилар. Бас, Оллоҳ таоло Ўз Элчисининг сўзларини тасдиқлаб ушбу оятларни нозил қилди”.
Бухорий ва бошқалар Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилдилар: “Қачонки Фурқон сурасидаги: “Улар шундай кишилардирки, Оллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилмаслар, Оллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ва зино қилмаслар” ояти нозил қилинганида Макка мушриклари: “Бизлар ноҳақ қотилликлар қилганмиз, Оллоҳ билан бирга бошқа илоҳларга ҳам сиғинганмиз, бузуқликлар ҳам қилганмиз”, дейишгач, ушбу: “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб солиҳ амал қилса, бас, Оллоҳ ана ўша кишиларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир” ояти нозил бўлди.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўзининг суюкли бандаларига хос бўлган энг муҳим сифатлардан яна уч сифатни зикр қилади: улар ҳеч қачон Оллоҳ таолога ширк келтирмайдилар - Оллоҳдан ўзга бирон нарса ё кимсага сиғинмайдилар; ҳеч қачон ноҳақ қон тўкмайдилар; зинокорлик қилмайдилар ва умрлари давомида мана шу учта энг оғир жиноятдан биронтасига қўл урмаганлари шарофатидан Раҳмоннинг суюкли бандалари бўлишдек буюк бахтга эга бўладилар. Аммо кимда-ким Танҳо Маъбуди барҳақ бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтирадиган бўлса ё бирон жонни ноҳақ ўлдирса ёки зинокор бўлса, ундай кимсанинг жазоси неча баробар қилиб берилиши аниқдир. Чунки ширк Оллоҳ таолонинг ҳақига тажовузкорлик қилишдир, қотиллик инсоният ҳақига тажовуз қилишдир, зинокорлик эса, инсон номусига тажовуз ва насл-насаблар бузулиб-булғаниб кетишига, жамиятда бенасаб валадизинолар кўпайишига сабаб бўладиган ҳамда одамлар орасида ҳаёсизлик ва беномуслик каби ҳайвоний иллатлар урчишига олиб келадиган энг оғир жиноятдир. Бас, кимда-ким мана шу уч жиноятдан бирини қилса, у албатта дунёда ҳам, Охиратда ҳам энг оғир жазога мустаҳиқдир. Бу мудҳиш жазо - унинг жаҳаннам оловида мангу хўрланиши, абадул-абад ёнишидир. Ушбу оятларда зикр қилинган мавзу Анъом сурасининг 151-оятида ҳамда Ал-Исро сурасининг 31-32-33-оятларида ҳам мазкур бўлган ва алақадриҳол тафсир қилиб ўтилган эди.
Жаноби Ҳақ мазкур жиноятларни қилган кимсаларга берадиган жазоси бениҳоя қаттиқлигини айтиб огоҳлантиргач, мана бу: “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб солиҳ амал қилса, бас, Оллоҳ ана ўша кишиларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир” оятида гуноҳкор бандалар учун тавба эшигини очиб, ўзининг тенги йўқ Кечиргувчи ва Меҳрибон Зот эканлигини эслатиб, кимда-ким ҳаётининг бир қисмида ана ўша айтилган жиноятларни қилган бўлса ҳам, кейин сидқидилдан қилмишларига тавба қилиб, ўтмишидаги гуноҳ-маъсиятларидан астойдил афсус-надоматлар чекиб, ҳаётининг қолган қисмини ҳақиқий мўмин ҳолида Оллоҳ ва Унинг Элчиси буюрган солиҳ амалларни адо қилиб ўтказса, ундай кишиларнинг ёмонликларини ўчириб, аввалги гуноҳларини кечириб юборишга ваъда қилади ҳамда Қиёмат Кунида уларнинг қилган ёмонликларини яхшилик-савоб амалларга айлантириб қўйиши ҳақида хабар берди.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат Кунида бир кишини келтирилиб: “Унга қилган кичик гуноҳларини кўндаланг килинглар”, дейилади ва катта гунохдари кўрсатилмайди. Бас, “Мана бу, мана бу гуноҳларни қилганмисан?” дейилганида у биронтасини инкор қилмасдан иқрор қилиб, ўзича катта гуноҳларидан қўрқиб туради. Сўнг: “Унга қилган ҳар бир ёмонлиги ўрнига савоб ато этинглар!” дейилганида, у киши: “Менинг қилган бошқа гуноҳларим ҳам бор эдику, уларни бу ерда кўрмаяпманку?” дейди”, дедилар”. Абу Зарр: “Мен Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бу сўзларни айтар эканлар, кулганларини, ҳатто озиқ тишларигача кўринганини кўрдим”, деди, сўнгра ушбу оятни ўқиди. (Муслим ва Аҳмадривоят қилганалар. “Танвийрул-Азҳон”тафсиридан).
54. (Эй инсонлар), сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни, Оллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб) Парвардигорингизга қайтингиз ва Унга бўйинсунингиз!
Юқоридаги оятда Ҳақ таоло Унинг Раҳматидан ҳеч ким ноумид бўлмаслиги лозимлигини, У Мағфиратли, Меҳрибон Зот Ўзи хоҳлаган бандаларининг гуноҳларини кечириб юборишини айтгач, ушбу ояти каримада барча инсонларга хитоб қилиб, мазкур Раҳмати Илоҳийга етиш учун улар вақт борида қилаётган исёну туғёнларидан тўхтаб, чин ихлос билан Оллоҳнинг Йўлига қайтишлари ва Унга тўла-тўкис бўйинсунгувчи мусулмонларга айланишлари кераклигини таъкидлайди ва акс ҳолда бошлари-га бало-мусибатлар тушиб қолганида уларга ҳеч ким ёрдам қилмаслиги ҳақида огоҳлантиради.
Жобир розияллоху анхудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Оллоҳ таоло кишига тоат-ибодатли узун умр бериб, унга гуноҳ-маъсиятлардан қайтиб тавба-таззаруъ қилишни ризқ қилиб берса, бу ўша кишининг бахти-саодатидандир, аммо киши амал қилса-ю, ўша амали билан кибри ҳаво қилса, унинг шақоватидан - бад-бахтлигидандир”, деб огоҳлантирганлар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
55. Сизларга сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолиши-дан илгари Парвардигорингиз томонидан сиз - инсонларга нозил қилинган нарсаларнинг энг гўзалига - Куръонга эргашингиз!
Ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ айтади: “Оллоҳ таоло инсониятга аввал Таврот, Инжил, Забур китобларини тушириб, сўнгра сўнгги Китоб - Қуръонни нозил қилди ва барча инсонларни самовий китобларнинг энг гўзал, энг мукаммали бўлган мана шу Қуръони Азимга эргашишга, унинг жамийки, ҳукмларига бўйсунишга буюрди ва акс ҳолда, ўзлари сезмаган ҳолларида бошларига Оллоҳ таолонинг азоби тушиб, кейин қиладиган ҳар қандай афсусу надоматлари бефойда бўлиб қолишидан огоҳлантирди.
Қуръони Карим энг гўзал Сўз эканлиги, бошқа бирон сўз Қуръонга баробар бўла олмаслиги ҳақида суранинг 23-оятида ҳам айтилди ва тафсир қилиб ўтилди. Қуръони каримнинг энг гўзал, энг мукаммал Сўз эканлигининг яна бир далили, Қуръон ўзидан аввал нозил қилинган барча самовий китобларни насх қилган, яъни, ҳукмларини тўхтатган Китобдирки, энди фақат мана шу Китобга эргашган инсонлар Оллоҳнинг Каломига итоат этган бўладилар.
56-57-58. Ҳеч бир жон: «Оллоҳ ҳақида (яъни, У Зотга тоат-ибодат қилишда) сусткашлик қилганимга ҳасрат - надомат бўлғай! Ростдан ҳам мен (Унинг Динини ва Қуръонини) масхара қилгувчилардан бўлган эдим», деб қолмаслиги учун; Ёки: «Агар Оллоҳ мени ҳидоят қилганида эди, албатта мен ҳам тақво эгаларидан бўлур эдим-а», деб қолмаслиги учун; Ёки азобни кўрган чоғида: «Қани эди, мен учун яна бир карра (яшашнинг имкони) бўлса-ю, мен ҳам чиройли амал қилгувчилардан бўлсам», деб қолмаслиги учун (барчаларингиз Қуръ-онга эргашишга шошилингиз)!
Ушбу оятлар ҳам мазмунан юқоридаги оятнинг давоми бўлиб, инсонларга фурсат борида Оллоҳ таолонинг энг гўзал Каломи бўлмиш Қуръонга тўла-тўкис итоат этишга шошилиш кераклигини уқтиради ва акс ҳолда, бошларига азоб Куни тушганида қандай ҳасрат-надоматлар қилиб қолишларини эслатади. Оятлар огоҳлантиришича, ҳаёти дунёдан Қуръонга итоат этмасдан куфр-ширк-зулм билан ўтиб кетган кимсалар Қиёмат Кунида, Оллоҳнинг азобига - дўзахга ҳукм қилинганларида албатта жуда қаттиқ, аммо мутлақо бефойда ҳасрат-надоматлар қилиб қоладилар. Ҳар бир кофир нафснинг у Кунда айтиши муқаррар бўлган сўзлари мана будир: “Ат-танг-аттанг, минг-минг ҳасрат-надоматлар бўлсинки, бир умр ҳавойи нафсимга эргашиб, Оллоҳ таоло буюрган томонга ўта сусткашлик қилибман - Унга тоат-ибодат қилмабман, Китобига амал қилмабман, балки аксинча, Дини Исломнинг, Қуръоннинг ва унга итоат этгувчи мўмин мусулмонларнинг устидан масхара қилиб кулгувчилар қаторида бўлибман! Агар Оллоҳ Тўғри Йўлга ҳидоят қилганида мен ҳам ана ўша тақволи инсонлар қаторида бўлар эдимку! Афсус-афсус, ўзимнинг ёмонлигим ва қилган қилмишларим сабабли Қуръонга итоат этгувчилар қаторида жой олиш менга насиб этмади! Балки Оллоҳнинг азоб-уқубатларига лойиқ бўлган адашган кимсалар қаторидан жой олдим. Мана Бугун ана ўша кофирлар учун ваъда қилинган азобни ўз кўзларим билан кўриб, ҳасратимдан ўт чиқиб турибман. Қани эди, ҳаётимни орқага қайтариб бўлганида ва менга яна бир карра яшаш имконияти берилганида эди, ҳеч шак-шубҳасиз мен ҳам Қуръонга эргашиб чиройли амал қилгувчи мўминлардан бўлар эдим!”
Энг гўзал, энг Тўғри Сўз бўлмиш Қуръон оятлари хабар беришича, Қиёмат Кунида ҳар бир кофир кимса ушбу сўзларни айтиб ҳасрат-надоматлар қилиши аниқдир. Лекин унда вақт ўтган, фурсат қўлдан кетган бўлади! Халқ тили билан айтганда «кейинги пушмон ўзингга душман» бўлади! У Кунда кофирларнинг мазкур ҳасратлари устига яна бошқа ҳасратлар ҳам қўшилади. Ҳадиси шарифда айтилишича, дўзахга кираётган ҳар бир кофир кимсага унинг учун жаннатда ҳозирлаб қўйилган жойи кўрсатилиб, агар мўмин бўлганингда мана шу жой сеники эди дейилганида, у: “Агар Оллоҳ мени ҳидоят қилганида эди, албатта мени ҳам тақво эгаларидан бўлар эдим-а!” деб қолади ва бу ҳам унинг учун ҳасрат устига яна бир ҳасрат бўлиб қолади!
Қуръонга эргашмаган, унинг ҳукмларига итоат этмаган, буйруқларига бўйинсунмаган ва қайтарган ишларидан қайтмаган кимсаларга, яъни, ҳаётларини куфру исён билан, мўмин-мусулмонларнингустидан масхара қилиб кулиш билан ўтказган кимсаларнинг Қиёмат Кунидаги қиладиган ҳасрат-надоматларига, ичадиган қасамлари-ю, берадиган ваъдаларига Ҳақ таоло қандай жавоб қилиши ҳақида куйидаги ояти каримада хабар берилади -
59. «Йўқ, (Мен сенга Ҳидоят Йўлини кўрсатган эдим) аниқки, сенга Менинг оятларим келганида, сен уларни ёлғон дегансан ва кибр-ҳаво қилиб, кофирлардан бўлгансан!»
Яъни, эй, “Оллоҳ менга Ҳидоят Йўлини кўрсатмади, агар менга Тўғри Йўлни кўрсатганида албатта мен ҳам чиройли амал қилгувчилардан бўлар эдим”, деб Бугун - Қиёмат Кунида Менинг Шаънимга туҳмат қилаётган кимса, бу сўзларинг ёлғондир. Менинг оятларим сенга келган, Менинг Элчим сенга Қуръон оятларини тўла-тўкис етказган, аммо сен у оятларни ёлғон дединг, уларни Муҳаммад ўзи тўқиб олган деб ҳақ Пайғамбарни ёлғончи қилдинг, Ҳақ Йўлга юришдан бош тортиб, кибр-ҳаво қилиб кофирлардан бўлдинг! Бас, бу Кун қилаётган ҳасрат-надоматларинг-у дуо-илтижоларингдан сенга ҳеч қандай фойда йўқ Сен ўзинг мустаҳиқ бўлган жазога - дўзах азобига албатта гирифтор бўлурсан!
60. Қиёмат Кунида Оллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз. Ё жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йўқми?! (Албатта бор)!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло шаънига “Унинг боласи бор, хотини бор, шериги бор”, деб нолойиқ сўзларни айтадиган ёлғончи кимсаларнинг шармандалиқдан юзлари худди қалб-ларига ўхшаб қоп-қора бўлиб кетганини кўрасиз ва уларнинг ҳақиқий юзи қора кимсалар эканликлари маҳшаргоҳга йиғилган жамийки махлуқотга аён бўлади. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Оллоҳтаолога қуллик қилишдан ор қиладиган мутакаббир кимсалар учун жаҳаннамда махсус ажратилган жойлар бордир. Аҳмад ва Термизий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоху анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат Кунида Оллоҳга ибодат қилишдан ор қилган мутакаббир кимсалар худди инсон суратидаги қумурсқалардек кичрайган ҳолда қайта тирилиб маҳшаргоҳга тўпланадилар ва уларни ҳар томондан шармандалик ўраб олган ҳолларида жаҳаннамдаги ўзларига аталган олов зиндонларига ҳайдаладилар!”.
61. Тақво эгалари бўлган зотларни эса, (жаннатга) эришганлари сабабли Оллоҳ (жаҳаннам азобидан) қутқарур - уларга бирон ёмонлик ҳам етмас ва улар ғамгин ҳам бўлмаслар.
Яъни, Оллоҳ таолодан кўрққани учун ширк ва маъсиятдан сақланган зотларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволлари мутакаббир кимсаларнинг аҳволидан тамоман ўзгачадир. Оллоҳ таоло у тақволи бандаларини жаннатларга эриштиргани боисидан жаҳаннам азобидан нажот берар ва уларга у Кунда бирон-бир зиён-захмат ёки ғам-ташвиш яқин ҳам келмас. Ушбу ояти каримани Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифларида Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам шундай тафсир қилганлар: “Оллоҳ таоло ҳар бир киши билан унинг амалини бирга тирилтирур. Бас, мўминнинг қилган амали унинг ёнида жуда гўзал суратда ўзидан бениҳоя хушбўй таратиб турар. Ҳар қачонки Қиёмат даҳшатларидан бирон кўрқув ёки хавф-хатар содир бўлса, амали мўминга: “Қўрқма, бу сенга эмас, сен ирода қилинганинг йўқ”, деб таскин берар. Бундай ҳол такрор-такрор содир бўлгач, мўмин амалига қараб: “Мунча ҳам гўзалсан! Кимсан ўзинг?” деб сўраганида у: “Мени танимадингми? Мен сенинг қилган солиҳ амалингдирман. Гарчи мен жуда оғир бўлсам ҳам сен мени бир умр кўтардинг, энди, Оллоҳга қасамки, мен сени кўтарурман ва сени мудофаа қилурман”, дейди. Оллоҳ таоло айтган: «Тақво эгалари бўлган зотларни эса, (жаннатга) эришганлари сабабли Оллоҳ (жаҳаннам азо-бидан) қутқарур - уларга бирон ёмонлик ҳам етмас ва улар ғамгин ҳам бўлмаслар» оятининг маъноси шудир”. (“Тафсири Мунийр”дан).
62. Оллоҳ барча нарсанинг Яратгувчисидир. У барча нарсанинг устида Вакил - Муҳофаза қилгувчидир.
Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятдир: «Мана шу Оллоҳ Парвардигорингиздир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. У ҳамма нарсани Яратгувчидир. Бас, Унга бандалик қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги Вакил - Муҳофаза қилгувчидир». (Анъом сураси, 102-оят).
Ояти каримада турли-туман мухлуқларга сиғинадиган мушрикларга хитоб қилиниб: “Ушбу буюк сифатларнинг Танҳо Эгаси бўлган Зот сизларнинг Эгангиз. Яратган Парвардигорингиздир, Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўкдир, ҳамма нарсанинг Холиқи - Яратгувчиси Ёлғиз Унинг Ўзидир, бас, сизлар ширк келтиришдан тўхтаб, тавба қилиб, Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилинглар”, дейилмоқда. Чунки фақат мана шу тўрт хислат Эгаси, яъни, юқоридаги оятларда зикр қилинган буюк сифатларга Эга бўлган, барча иш Ўзининг Қўлида бўлган, ҳеч қандай шериги бўлмаган ва ўтмиш-у келажакдаги барча нарсанинг Ёлғиз Холиқи - Яратгувчиси бўлган Оллоҳ таолонинг Ўзигина Маъбуди Барҳақдир. Бас, Ер-у осмонлардаги барча махлуқот, жумладан инсонларнинг ҳаммаси Ўша Ягона Парвардигорга ибодат қилишлари, Унинг азобидан қўрқишлари, Ундан мадад-ёрдам сўрашлари, Унга бирон нарсани ширк келтирмасликлари, ато этган саноқсиз неъматлари учун Унга ҳамду сано айтиб шукр қилишлари ва барча ишларини Унинг Ўзига ишониб топширишлари, яъни, яхши амалларга киришар эканлар, тавфиқ-муваффақиятни Унинг Ўзидан сўрашлари, адо қилган солиҳ амаллари учун ҳам мукофотни УнингЎзидан кутишлари фарздир. Чунки “У ҳамма нарсанинг устидаги Вакилдир”. Ҳамма нарсани идора қиладиган ҳам, қабул қиладиган ҳам, муваффақият ато этадиган ҳам, ажр-мукофот берадиган ҳам Унинг Ўзидир.
63. Осмонлар ва Ернинг калитлари Ёлғиз Уникидир. Оллоҳ оятларига кофир бўлган кимсалар эса, улар зиён кўргувчилардир.
Яъни, коинотнинг энг юқорисидан тортиб энг қуйисигача барча нарсаларнинг очқичлари уларни йўқдан бор қилган Оллоҳ таолонинг Қўлидадир. Демак, бор жонли-жонсиз мавжудотнинг Эгаси бўлган Холиқ таоло уларга Ўзи хоҳлагандек эгалик қилади, уларни Ўзи истагандек тасарруф қилади. Чунки хазиналарнинг калитлари кимнинг қўлида бўлса, ана ўша Зот уларнинг Эгасидир.
“Оллоҳ оятларига кофир бўлган кимсалар эса, улар зиён кўргувчилардир”.
Куфр - кўмиш, яшириш, инкор қилиш маъносида келиши аввалги оятлар тафсирида айтилди. Демак, кофирлар деганда энг буюк Ҳақиқатни - Оллоҳ таолонинг борлигини инкор қилган динсизлар ва Оллоҳнинг Танҳо Маъбуд эканини инкор қилган мушриклар тушунилади. Ҳақ таолонинг ушбу оятдаги “Оллоҳнинг оятлари” деган сўзларидан мурод, Оллоҳ таолонинг Ёлғиз Парвардигор эканига далолат қиладиган коинотдаги барча далиллар ва У Зотнинг элчилари келтирган мўъжизалар ва ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган ҳужжатлардир. Демак, Оллоҳнинг борлиги ва бирлигига ишонмаган, пайғамбарлар келтирган оятлар, мўъжизаларни ҳамда коинотдаги Ёлғиз Яратгувчи ва парвариш қилиб тургувчи Зот борлигига далолат қиладиган очиқ далил ва аломатларни инкор қиладиган кимсалар аниқ зиён кўргувчилардир, яъни, жаҳаннамда мангу қолгувчилардир.
Абу Саид Худрий розияллоху анхудан ривоят қилинди, Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Аҳли дўзах бўлган кофирлар у жойда на ўла оладилар ва на яшай оладилар, яъни дўзахда мангу азобланадилар. Лекин хато ёки гуноҳлари сабабли дўзахга тушиб қолган мўминлар эса гуноҳларига яраша жазоларини олгач, ўлик ҳолига яқин келгач, уларни шафоат қилишга изн берилади ва дўзахдан чиқариладилар”.
64. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, у мушрикларга) айтинг: «Эй нодонлар, ҳали сизлар мени Оллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюрурмисизлар?!»
Яъни, эй мушриклар, энди мен, Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ эканлигига далолат қилиб турган шунча оят-мўъжизаларни кўриб туриб, сизлар билан бирга Оллоҳдан ўзга бут-санамларга сиғинар эканманми?! Ҳеч қачон ундай бўлмайди!
Ушбу ояти карима Макка мушриклари Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни ҳам улар сиғинадиган сохта “илоҳлар”га сиғинишга даъват қилиб “Эй Муҳаммад, ота-боболарингнинг динига қайтгин”, деганларида нозил бўлган.
65-66. Дарҳақиқат, Сизга ҳам, Сиздан аввалги (пайғамбарларга) ҳам (шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилар-дан бўлиб қолурсан! Йўқ, сен Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!»
Ушбу оятларда гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса ҳам, у зотдан бошқа инсонлар ирода қилингандир. Чунки, Оллоҳ таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ва у зотдан илгари юборилган барча элчи пайғамбарларни ширк ва куфр жиноятидан асрагани аниқдир. Демак, Ҳақ таоло ушбу оят билан мусулмон умматини агар мўмин бўлганларидан кейин ширк келтирадиган бўлсалар, қилган ҳамма яхши амаллари бехуда кетиб, бошқа мушрик-кофир кимсалар каби дунё-ю Охиратда зиён кўргувчилардан, яъни, дўзах аҳлидан бўлиб қолишлари аниқ эканлигини айтиб огоҳлантиради. - Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: «Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунё-ю Охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар». (Бақара сураси, 217-оятдан).
- Ва Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни ҳам, у зотнинг барча умматларини ҳам Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб, уларга иймон неъматини ато этгани, Тўғри Йўлга ҳидоят қилгани учун бир умр Яратганга шукр қилгувчи бандалардан бўлишларини буюради.
Бас, Ҳидоят Оллоҳ таоло бандаларига ато этган энг Буюк Илоҳий Марҳаматдир. Агар Оллоҳ ҳидоят қилмаса, ҳеч ким ўз ақли, илми ва ёки бошқа ҳар қандай восита-сабаблар ёрдамида Тўғри Йўлни топиши мутлақо мумкин эмасдир. Энди Оллоҳ таолонинг Ҳидоятига сазовор бўлган, Яратган наздида шундай олий манзилат-мартабага эга бўлган ўша пайғамбарлар ҳам агар фаразан ширк келтирадиган бўлсалар, ана ўшаларнинг ҳам ҳаётлари давомида қилган барча амаллари ҳабата - беҳуда кетган ва ўзларига ато этилган барча фазилатлардан қуруқ қолган бўлар эдилар.
Маълум бўладики, гуноҳларнинг энг оғири, қилинган ҳамма амални куйдириб юборадигани Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтириш экан.
Ояти каримада хабар берилганидек, ширк пайғамбарлар қилган амалларни ҳам йўқ қилиб юборадиган бўлса, у ҳолда савобларидан гуноҳлари кўп бўлган оддий инсонлар ширк келтирадиган бўлсалар, ҳоллари не кечади?! Бир умр мушрик ҳолда яшаган кимсаларчи?! Уларнинг бутун ҳаётлари тўласича беҳуда ва бефойда бўлмайдими, дунёга келганларидан келмаганлари яхшироқ бўлмайдими?!
Шу ўринда ушбу оятлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Маккада нозил бўлганини ва пайғамбарлар отаси, Оллоҳтаолонинг Халили ва улуғ пайғамбари бўлган Ҳазрати Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳақларига туҳмат қилиб: “Биз отамиз Иброҳимнинг динидамиз”, деб даъво қиладиган Макка мушрикларига Илоҳий Раддия сифатида нозил қилинганини эсласак, Иброҳим алайҳис-салом ҳам бошқа барча пайғамбарлар ҳам бирон лаҳза ширк келтирмасдан Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб ўтганларини аниқ англасак ва ҳар бир мусулмоннинг ҳаётидаги энг муҳим вазифа ширк иллатидан бир умр олис бўлиш эканини яхши билсак, иншооллоҳ, ушбу оятларни тўғри тушунган бўламиз.
67. (Мушриклар) Оллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун Ер Қиёмат Кунида Унинг қабзасидадир. Осмонлар эса Унинг Қўлида йиғилгувчидир. У Зот уларнинг ширкларидан Пок ва Юксакдир.
“(Мушриклар) Оллоҳни тўғри таний олмадилар!”
Дарҳақиқат, мушрик-кофир кимсалар Оллоҳ таолони тўғри таний олмадилар. Чунки агар улар У Зотни ҳаққирост таниган ва Унинг ҳар ишга Қодир эканини, ҳар нарсани Билгувчи эканини, бандаларига бениҳоя Меҳрибон эканини биладиган инсонлар бўлганларида, ҳеч қачон ширк келтирмаган бўлар эдилар, бир ҳақир чивинга ҳам бас кела олмайдиган жонсиз-ожиз бутларини У Зотга тенг деб билмаган бўлар эдилар, У нозил қилган Каломуллоҳ оятларига дарҳол иймон келтирган ва ушбу Китоб оятларини уларга етказган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга бажонидил итоат қилган бўлар эдилар. Лекин у нодон кимсалар Оллоҳ таолони тўғри таний олмадилар. Ҳолбуки, Оллоҳ таоло ҳеч шак-шубҳасиз, бутун оламларни йўқ қилишга ҳам, бор қилишга ҳам Қудрати етадиган Кучлидир, ҳамма нарсадан Устун бўлган, тенги ва ўхшаши бўлмаган Қудратли - Ғолиб Зотдир.
«Бутун Ер Қиёмат Кунида Унинг қабзасидадир. Осмонлар эса Унинг Қўлида йиғилгувчидир. У Зот уларнинг ширкларидан Пок ва Юксакдир».
Ояти карима тафсирида қатор ҳадислар ворид бўлган: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Яҳудий олимларидан бири Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келиб: “Эй Муҳаммад, бизнинг китобимизда Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча осмонларни бир панжасида, етти қават Ерни яна бир панжасида, дарахтларни яна бир панжасида, сувни яна бир панжасида ва бутун халқни яна бир панжасида чангаллаб туриши айтилган”, деган эди, Пайғамбар соллоллоҳу алайху! ва саллам унинг сўзини тасдиқлаб шундай кулдиларки, ҳатто озиқ тишлари ҳам кўриниб кетди. Сўнгра “(Мушриклар) Оллоҳни тўғри таний олмадилар!” жумласи билан бошланган ушбу ояти каримани ўқидилар”. (Бухорий, Муслим, Термизий ва бошқалар ривоят қилганлар. “Тафсири Бағавий”дан).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоху анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида осмонларни ўраб, сўнгра уларни ўнг Қўлида ушлайди, сўнгра: "Подшоҳ Менман! Золим-кофир кимсалар қаерда қолди, мутакаббир подшоҳлар қаерда қолди?” дейди, кейин етти қават Ерни ўраб, уларни чап Қўлида ушлайди, сўнгра: “ПодшоҳМенман! Золим-кофир кимсалар қаерда қолди, мутакаббир подшоҳлар қаерда қолди?!” дейди”, деб хабар бердилар. (Муслим ривояти. “Тафсири Бағавий”дан).
68. Сур чалинди-ю, осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлди, магар Оллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни, барча халойиқ қайта тирилди ва қабр-ларидан) туриб, (Оллоҳнинг амрига) кўз тутарлар.
У Кун келганида Оллоҳ таолонинг муқарраб малоикаларидан бўлмиш Исрофил алайҳис-салом У Зотнинг Амри билан зиммасидаги вазифани бажаришга киришади - минг-минг йиллар давомида Оллоҳ таолонинг Фармонини кутиб, қўлида тутиб турган беқиёс баҳайбат сурни чалади ва шу онда Оллоҳ таолонинг бир неча яқин фаришталаридан бошқа Ер-у осмонлардаги барча жонзот даҳшатдан тош қотиб, Ер-у осмонларда бирон тирик жон қолмайди! Сўнгра, ҳадиси шарифда хабар берилишича, орадан қирқ йил ўтганидан кейин сур иккинчи бор чалинади-да, жамийки ўликлар қайта тириладилар ва ҳисоб-китоб қилиниш учун хор-у забун ҳолларида Ҳақ таоло хузурига чиқиб келадилар! Шак-шубҳасиз содир бўладиган бу даҳшатли ҳодисалар ҳақида бошқа оятларда ҳам қайта-қайта ваъда қилинади, хабарлар берилади: “(Қиёмат Соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари (хузурига ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар. Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?», деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса - Қиёматдир. Фақат биргина даҳшатли қичқириқ бўлар-у, баногоҳ уларнинг барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилингувчидирлар”. (Ёсин сураси, 51-53 оятлар).
Термизий Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен қандай ҳузур-ҳаловатда яшайман, ҳолбуки сур соҳиби (Исрофил алайҳис-салом) сурни оғзига яқинлаштириб, бош-у қулоғи билан қачон сурни чалиш буюрили-шига қулоқ солиб кутиб турибди”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у ҳолда бизга нима қилишимизни буюрасиз”, деган эдилар, у зот: “Бизга Оллоҳнинг Ўзи Етарлидир. У нақадар яхши Вакилдир”, деб айтинглар” дедилар.
Сур биринчи марта чалиниб, ўша ваъда қилинган Қиёмат Куни келганида аввал-бошда жамийки халойиқ - фаришталар, инсонлар, жинлар ва ҳайвонот худди денгиз тўлқинларидек бир-бирларига аралашиб кетадилар, яъни, улардан кимнинг жасадининг қайси аъзоси қаерларга сочилиб, нималарга айланиб кетгани номаълум бўлиб қолади. Сўнгра иккинчи бор сур чалингач, Оллоҳ таоло уларнинг ҳар бирини сочилиб, тупроққа айланиб кетган жасадларининг ҳар бир аъзосини жуда гўзал тарзда жамлаб, қайта тирилтириб, барчаларини, бирорталарини қолдирмай ҳисоб-китоб қилиш учун маҳшаргоҳга тўплайди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз уларга) айтинг: «Албатта аввалгилар ҳам, кейингилар ҳам маълум Кундаги белгиланган вақтга шак-шубҳасиз, тўплангувчидирлар”. (Воқеа сураси, 49-50-оятлар).
“(У Кунда) Биз улардан бирон кимсани қолдирмасдан йиғдик”. (Каҳф сураси, 47-оятдан).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. У айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сурнинг биринчи чалиниши билан иккинчисининг ўртаси қирқ”, дедилар”. Қирқ кунми?” деб сўрашган эди, “Йўқ дедилар. “Қирқ ойми?” дейишганида яна “Йўқ”, дедилар. “Қирқ йилми?” дейишган эди, яна “Йўқ”, дедилар ва сўзларида давом этиб: “Сўнгра Оллоҳ таоло самодан Ёмғир ёғдириб, жамийки халойиқ ердан худди полиз экинлари униб чиққанидек униб чиқадилар. У вақтда инсондан ҳамма аъзолари чириб кетган бўлади. Фақат бир (нуқтадек) суяк чиримайди, у ажабуз-занаб - думғаза бўлиб, ана ўша суякдан Қиёмат Кунида жамийки халойиқтаркиб топади, (яъни, ҳар бир инсон ўзидан чиримай қолган ўша нуқтадек суякдан тўла шаклланиб бутун инсонга айланади)”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти қилганлар. “Тафсири Бағавийдан).
69-70. Ер (яъни, маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёп-ёруғ бўлди, китоб - номайи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди, пайгамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ҳамда уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва ҳар бир жонга қилган амали(нинг мукофот ёки жазоси) комил қилиб берилди. (Оллоҳ) уларнинг қилар ишларини жуда яхши Билгувчидир.
Ушбу оятлардан бошлаб то сурайи карима ниҳоясигача Қиёмат Кунида аниқ содир бўладиган айрим воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар берилади. Ушбу воқеаларнинг рўй беришида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмагани боис улар ҳақидаўтган замон феъли билан хабар қилинди: “Ер (яъни, машаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёп-ёруг бўлди”, Демак, У Кунда Ер - жамийки халойиқ Парвардигор хузурида ҳисоб берадиган бениҳоя кенг ва теп-текис маҳшаргоҳ Яратганнинг нури адолати билан агар игна тушса ҳам топиладиган даражада ёп-ёруғ бўлади, яъни, инсонларнинг бутун ҳаётлари давомида қилган яхши-ю ёмон амалларидан биронтаси яшириниб қолмай ошкор бўлади. Зотан, Қиёмат Кунининг Кун деб номланганининг ҳикматла-ридан бири, у Кунда инсонларнинг нафақат зоҳирлари, балки ботинлари қалбларида яширинган барча сир-асрорлари хам кундай равшан бўлади.
Агар таъбир жоиз бўлса, биз яшаётган бу ҳаёти дунё, унда ҳамиша ҳам адолат қарор топмай, ҳақиқат рўёбга чиқмай қолиши ва жуда кўп сирлар очилмай қоронғу бўлиб қолиши сабабли бошидан оёғигача гўё зулматдаги бир кеча бўлса, Қиёмат Куни ана ўша яширилган сирларнинг барчаси аниқ ошкор бўладиган ёп-ёруғ бир Кундуздирки, шунинг учун ҳам у Кун деб номлангандир. У Кунда биз яшаётган Ер ҳам тамоман бошқа Ерга айланади: «Албатта Оллоҳ Ер бошқа Ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар қабрларидан чиқиб) Танҳо Кудратли Оллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда) Ғолиб ва Интиқом олгувчидир». (Иброҳим сураси, 48-оят).
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг ҳадисларида ва у зотнинг асҳобларидан нақл қилинган хабарларда ҳам айтилгандир.
Муслим, Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар ривоят қилган ҳадиси шарифда Оиша розияллоху анҳо айтди: “Мен: “Ё Расулуллоҳ, Ер бошқа Ерга, осмонлар ўзга осмонларга айланиб қоладиган Кунда одамлар қаерда бўладилар?” деб сўраган эдим, у зот: “Сен илгари ҳеч ким сўрамаган нарса ҳақида сўрадинг, У Кунда одамлар Сирот кўприги устида турадилар”, деб жавоб бердилар”.
Бухорий ва Муслим Саҳл ибн Саъд Соидий розияллоху анхудан ривоят қилдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Одамлар Қиёмат Кунида худди оппоқ думалоқ нонга ўхшаб қолган оппоқ Ер устида тўпланадилар. У Ерда бирон кимсадан қолган бино, экинзор ёки уй-жой каби аломатлар бўлмайди”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи в саллам дедилар: “Қиёмат Кунида Ер бошқа Ерга айланиб қолади. У худди Укоз бозорида терини тортганлари каби бўйига ҳам, энига ҳам шундай тортилиб текисланадики, унда баланд-пастлик ёки ўйдим-чуқурни кўрмайсан”. (Байҳақий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу оят ҳақида сўзлаб, деди: “Ер, унда бирон марта қон тўкилмаган, унинг устида бирон гуноҳ қилинмаган оппоқ кумушдек бир Ерга айланиб қолади «китоб - номайи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди, пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ҳамда уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва ҳар бир жонга қилган амали(нинг мукофот ёки жазоси) комил қилиб берилди. (Оллоҳ) уларнинг қилар ишларини жуда яхши Билгувчидир».
Ушбу оятларнинг энг яхши тафсири мана бу оятлардир: (Сўнг ҳар бир кишининг) китоби - номаи аъмоли (тарозуга) қўйилди. Бас, гуноҳкорларнинг ундаги (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз бирон кимсага зулм қилмас. (Каҳф сураси, 49-оят).
Ояти карима мазмунидан маълум бўладики, ҳаёти дунёда қилинган бирон бир амал Охират диёрида, Қиёмат Кунида жазосиз қолмайди. У яхши амал бўладими, ёмон амал бўладими, катта ёки кичик-арзимас амал бўладими, албатта Оллоҳ таоло улардан биронтасини қолдирмасдан яхшига баҳосини, ёмонга жазосини бериши аниқдир.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар арзимас саналган гуноҳлардан ҳам узоқ бўлинглар! Чунки арзимас саналган гуноҳларнинг мисоли худди бир қавмга ўхшайдики, улар бирон водийга тушиб-тўпланиб, буниси бир дона ўтин келтириб, буниси яна бир дона ўтин келтириб, ўша арзимас саналган хас-хашаклардан катта олов пайдо бўлади ва улар ўша олов билан нонларини пишириб оладилар (яъни, ўша арзимас саналган гуноҳлар ҳам кўпайиб-тўпланиб, охир-оқибатда эгасини дўзах ўтида куйдиришга етадиган оловга айланиши мумкин). Албатта арзимас саналган гуноҳлар ҳам ҳалок қилгувчидирлар”. (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, инсон фақат яхши амаллар қилишга одатланиши, ёмонликларнинг эса, каттасидан ҳам, арзимас саналган кичигидан ҳам узоқ бўлиши лозим. Чунки ҳар бир инсон ўзи эккан дарахтнинг мевасидан ейди. Бу хусусда “Танвийрул-азҳон” тафсирида бир ибратли ҳикоят келтирилибди: бир куни Оиша розияллоҳу анҳо ўтирган эди, қўлларини ўраб олган бир аёл кириб келди. Оиша: “Сенга нима бўлди, қўлингни енгингдан чиқармаяпсан?” деб сўради. Аёл айтди: “Эй мўминлар онаси, асти сўраманг. Менинг ота-онам ўтиб кетганлар. Отам хайр-садақотлар қилишни яхши кўрар, онам эса, бировга бир нарса беришни жуда ёмон кўрар эди. Мен унинг бир марта бировга бир бўлак ёғ берганидан бошқа садақа берганини кўрмаганман. Уларнинг икковлари ҳам вафот қилишгач, туш кўрсам, Қиёмат қойим бўлган эмиш-у, онам тик турганича қўлидаги бир бўлак ёғни ялар ва тинмасдан: “Чанқадим, сув беринглар”, деб зорланар эмиш, отам бўлса, ҳавзи Кавсар устида туриб, одамларга сув улашаётган эмиш. Отам ҳаётлик чоғида ҳам энг яхши кўрган садақаси одамларга сув улашиш эди. Бас, мен бир идишда сув олдим-у, онамга узатдим ва шу онда қулоғимга “Ким ўша аёлни суғорса, кўли шол бўлиб қолсин”, деган нидо келди. Уйғонсам, қўлим шол бўлиб қолибди”. “Парвардигорингиз бирон кимсага зулм қилмас”.
Дарҳақиқат, Ҳақ таолонинг қилган ҳар бир иши Ҳикмат ва Адолатдир, У бирон кимсага заррача зулм қилмас. Мана бу оятлар ҳам ушбу жумланинг тасдиқидир: “Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшанида келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз”. (Анбиё сураси, 47-оят). “Албатта, Оллоҳ бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар (заррача) яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр ато этур. (Нисо сураси, 40-оят).
Одатда банда билан банда ўртасидаги муомалада зарра вазни эътиборга олинмайди. Зотан, бунинг иложи ҳам йўқ, чунки махсус ускуна бўлмаса, унинг оғирлигини ўлчаш мумкин эмасдир. Аммо банда билан Оллоҳ таоло ўртасидаги муомалада эса ушбу ояти каримада таъкид билан айтилишича, Яратган бандасининг зарра вазнича яхши амалини ҳам ҳисобга олиб, “уни бир неча баробар қилур ва Ўз хузуридан улуғ ажр ато қилур”.
Имом Бухорий ва Муслим “Саҳиҳайн”да ривоят қилган узун бир ҳадисда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Қиёмат Кунидан хабар беришларича, у Кунда, дўзахдан нажот топган мўминлар ўзларининг дўзахга гирифтор бўлган биродарларининг ҳақларини талаб қилишиб, “Парвардигоро, улар ҳам биз билан бирга рўза тутишар, намоз ўқишар, ҳаж қилишар эди”, деб илтижолар қилишганида, уларга ўзлари таниган-билган кишиларни дўзахдан чиқаришга рухсат берилар экан. Дўзах мўминларнинг юзларини куйдирмагани учун улар ўзлари таниган-билган жуда кўп амал-ибодатли биродарларини айримларининг оёқлари ошиғигача, айримларни тиззасигача куйган ҳолда дўзахдан чиқаришиб, “Парвардигоро, сен буюрган кишиларни дўзахдан чиқариб бўлдик”, дейишар экан. Шунда Ҳақ таоло уларга яна қайтиб бориб дўзахдан қалбида бир танга вазнича, яъни, озгина яхшилиги бор бўлган кишиларни ҳам чиқаришга буюради ва шу тарзда улар Оллоҳнинг Амри билан қалбида зарра вазнича яхшилик бўлган кишиларни ҳам дўзахдан чиқаришади. Ушбу ҳадисни ривоят қилган Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу: “Агар сизлар мен келтирган бу ҳадисга ишонмасангиз, хоҳласаларингиз мана бу оятни ўқинглар”, деб мазкур оятни ўқийди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳу ривоят қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат Кунида ҳар бир банда тик турғизиб қўйилиб, барча халойиқ устида бир жарчи: “Бу Фалончининг фарзанди Фалончи. Кимнинг унда ҳаққи бўлса, келиб ўз ҳаққини олсин”, деб жар солади, сўнгра унга: “Анави ҳақталабларга ўз ҳақларини бергин”, дейди. У: “Ё Роббим, қўлимдан дунё кетган бўлса, қаердан олиб бераман”, деганда, Оллоҳ таоло малоикаларга: “Қаранглар, унинг яхши амалларидан олиб ҳақ эгаларига беринглар”, деб буюради. Бас, (ҳақдорларга унинг солиҳ амалларидан берилиб), агар зарра вазничалик яхшилиги ортиб қолса, малоикалар: “Ё Парвардигор, ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққи берилди ва зарра вазнича яхшилик ортиб қолди”, дейишганида - ҳолбуки У Зот буни жуда яхши Билгувчидир - Оллоҳ таоло малоикаларга: “Бандам учун ўша зарра вазничалик яхшиликни кўпайтиринглар ва уни Менинг Раҳматим баракоти билан жаннатга киритинглар”, дейди. Бунинг тасдиқи ушбу оятдир: “Албатта, Оллоҳ бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар (заррача) яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур яна Ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур”.
Агар у бахтсиз банда бўлса, малоикалар: “Ё Парвардигор, Унинг яхшиликлари тугади, ёмонликларигина қолди, ҳақ эгалари эса кўп”, дейишади. У ҳолда Оллоҳ таоло айтади: “Ўша ҳақ эгаларининг ёмонлик-гуноҳларидан олинглар-да, унинг ёмонликларига кўшинглар! Сўнгра уни жиноятлари жазосига дўзахга отинглар!”
Демак, бирон яхшилик ёки ёмонлик жазосиз қолмас экан. Мана бу оят ҳам шу мазмунни тасдиқлайди: “Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!” (Залзала сураси, 7-8оятлар).
71. Ва кофир бўлган кимсалар тўда-тўда қилиниб жаҳаннамга ҳайдалди. То қачон улар (жаҳаннамга) келиб етганларида, унинг дар-возалари очилди ва унинг қўриқчилари (кофирларга): «Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар - Парвардигорларингизнинг оятларини сизларга тиловат қилган ҳолларида ва сизларни мана шу Кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирган ҳолларида келмаганмидилар», деган эдилар, улар: «Ҳа, (келганлар), лекин азоб Сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир, (бас, бизлар ҳам уларни ёлғончи қилганимиз сабабли мана шу азобга гирифтор бўлдик)», дедилар.
Яъни, ҳисоб-китоб қилиниб, яхши-ю ёмон ҳар бир амал тарозуда тортилиб, ҳаёти дунёдан солиҳ амаллар қилиб ўтган мўмин-мусулмон бандалар Ҳақ таолонинг Ҳукми билан жаннатга, осий-кофир кимсалар эса дўзахга хукм қилингач, кофирларни тўда-тўдаларга бўлиниб, ҳар бир тўдага куфрда уларга бош бўлганларини етакчи қилиб, қаттиқ таҳқир ва дашномлар билан жаҳаннам томонга ҳайдаладилар. Қачонки, улар жаҳаннам ёқасига судраб-ҳайдаб олиб келингач, қачон менга ўтин-ёқилғи бўладиган кофир ва мунофиқ кимсалар келар экан деб кўз тутиб очилмасдан эшик-дарвозалари берк ҳолда турган жаҳаннамнинг етти дарвозаси баробар очилади ва дўзах аҳлини анвойи азоблар билан азоблаш учун вакил қилинган азоб фаришталари у дўзахиларга қаттиқ дашномлар бериб: “Сизлар нима сабабдан Оллоҳнинг мангу азобига дучор бўлдингизлар?! Ахир сизларга ўз жинсларингиздан яъни, инсон қавмидан бўлган, ўзларингизнинг тилларингизда сўзлашадиган элчи-пайғамбарлар келмаганмидилар ва Парвардигорингиз нозил қилган, уларнинг ҳақиқатдан ҳам Оллоҳ таоло юборган элчилар эканига далолат қиладиган оятларни ўқиб тиловат қилиб бермаганмидилар?! Ана ўша элчи-пайғамбарлар сизларни мана бу Қиёмат Кунида албатта Парвардигорингизга рўбарў бўлиб, ҳисоб-китоб қилинишларинигиз ва қилган ҳар бир амалингиз учун шак-шубҳасиз жазо олишингиз муқаррар эканлиги ҳақида огоҳлантирмаганмидилар?!” деб сўрайдилар. Шунда у кофир кимсалар ўзларининг қилган муд-ҳиш жиноятларини бўйинларига олиб: “Ҳа, улар бизга келганлар, бизларни огоҳлантирганлар, ўзларининг ҳақ пайғамбарлар эканини исботлай-диган ҳужжатларни ҳам келтирганлар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилганмиз, кўрсатган йўлларига юрмаганмиз ва оқибат-натижада бу Кун ҳар бир кофир-мушрик кимсага ҳақжазо бўлган жаҳаннам азоби - Оллоҳ таолонинг: “Албатта Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман”, деган Сўзи мана бизнинг устимизга ҳам ҳақ жазо бўлиб тушди ва биз мана шу азобга гирифтор бўлдик”, дейдилар.
72. (Шунда уларга) айтилди: «Жаҳаннам дарвозаларидан киринглар! Сизлар ўша жойда мангу қолгувчидирсизлар!» Бас, (Оллоҳ таолога иймон келтиришдан ва яхши амаллар қилишдан) кибр-ҳаво қилгувчи кимсаларнинг жойлари нақадар ёмондир!
Яъни, иблис ва унга эргашганларнинг барчалари шак-шубҳасиз борадиган жой жаҳаннамдир. Жаҳаннам сўзининг маъноси тубсиз жарлик дегани бўлиб, у Оллоҳ таолонинг Охиратдаги зиндонидир. (“Танвийрул-азҳон”дан).
Заҳҳок айтади: “Дўзах бири биридан қуйида жойлашган етти қават бўлиб, унинг биринчи қаватида, яъни, энг юқорисида дўзахга ҳукм қилинган аҳли тавҳид мўминлар бўлурлар”. Улар қилган гуноҳларига яраша азобланганларидан кейин ундан чиқарилурлар. Иккинчи қаватда насронийлар, учинчисида яҳудийлар, тўртинчисида собиийлар - фаришталарга сиғинувчи кимсалар, бешинчисида мажусийлар, олтинчисида барча мушриклар, еттинчи, энг қуйи қаватида эса мунофиқлар азобланурлар. Оллоҳ таолонинг: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!” (Нисо сурси, 145-оят) деган Сўзининг маъноси шудир”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Муфассирлар айтадилар: “Дўзах - бири биридан қуйида жойлашган етти қаватдир. Биринчиси жаҳаннам, иккинчиси Лазо, учинчиси Ҳутама, тўртинчиси Саъийр, бешинчиси Сақар, олтинчиси Жаҳийм, еттинчиси Ҳовиядир. Ҳовия энг тубан деган маънони англатади. Мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида энг ашаддий азобга гирифтор бўлишларига сабаб, улар куфрда кофирлар билан баробар бўлганларидан ташқари, ўзларини мусулмон деб Исломни масхара қилганларидир. Шунингдек, улар ўзларининг динсиз кофир эканликларин яшириш билан мусулмонлар ичига кириб, уларнинг сирларини билиб, очиқ кофирлардан ҳам мусулмонларга кўпроқ зиён етказадилар. Демак, Охиратда оладиган жазолари ҳам жиноятларига яраша бўлади - у жойда ўзлари учун бирон ёрдамчи - мададкор топа олмай қоладилар!
Кофирларнинг қилган қилмишларига яраша дўзахда тортадиган азоблари ҳам бўлак-бўлак бўлиши ҳақида Самура ибн Жундаб розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам айтилгандир: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Улардан айримларини дўзахўти оёғининг ошиғигача ушлайди, улардан айримларини белигача ушлайди ва улардан айримларини томоғигача ушлайди”. (Муслим ривояти).
Ушбу оятларда осий-кофирларнинг тушадиган жойлари зикр қилингач, энди қуйидаги оятларда Оллоҳдан қўрқадиган тақво эгаларининг борар жойлари ҳақида хабар берилади.
73-74. Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга «ҳайдалдилар». То қачон улар дарвозалари очилган ҳолда уларга мунтазир бўлиб турган жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар) Ва: «Бизларга Ўз ваъдасини рост қилган, бизларни бу (жаннат) ерига ворис қилган ҳамда жаннатдан ўзимиз хоҳлаган тарафда жой олишимизга (муваффақ қилган) Оллоҳга хдмду сано бўлсин», дерлар. Бас, (чиройли) амал қилгувчи зотларнинг ажр-мукофоти нақадар яхшидир!
Ушбу оятларда ҳаётларини тақво билан, Яратганнинг осий-кофир кимсаларга Охират диёрида берадиган азобидан қўрққан ҳолларида солиҳ амаллар билан ўтказган мўминларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволлари ҳақида хабар берилади. Улар кофир кимсалар каби тўда-тўда қилиб жаҳаннамга ҳайдалмайдилар, балки, ҳаёти дунёда қилган амалларига яраша жамоат-жамоат бўлган ҳолларида, от-уловлар устида уларга мунтазир бўлиб кўз тутиб турган жаннатнинг очиқ дарвозалари томон камоли иззат-икром билан кузатиб қўйиладилар. Бу ҳақда бошқа бир сурада шундай дейилган: «Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон дар-гоҳига тўплайдиган; Ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун яёв ҳолларида ҳайдайдиган Кунни (эсланг)!» (Марям сураси, 85-86-оятлар).
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз қавмингизга Қиёмат Кунида рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни зикр қилинг. Биз у Кунда ҳаёти дунёдан тақво билан яшаб ўтган бандаларимизни отлиқ ҳолларида тўп-тўп қилиб Раҳмон даргоҳига, яъни, Ўз ҳузуримизга йиғамиз ва улар худди подшоҳ қасрига чақирилган меҳмонлар янглиғ ўзларига ато этиладиган Илоҳий инъом-марҳаматга мунтазир бўлиб турадилар.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хабарда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта тақводор зотлар Қиёмат Кунида қабрларидан чиқишлари билан уларни оппоқ, қанотлари бор туялар кутиб олур, у туяларнинг эгар-жабдуқлари олтиндан бўлур”, дедилар ва ушбу оятни ўқидилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Демак, дунёдаги муваққат ҳаётларида Оллоҳ таолодан қўрқиб, ҳаром гуноҳлардан парҳез қилиб, Яратган белгилаб қўйган чегаралардан чиқмасдан тоат-ибодат билан яшаб ўтган инсонлар учун Қиёмат Куни-да ва умуман Охират диёридаги мангу ҳаётда ҳеч қандай қўрқув ёки ғам-ташвиш бўлмаслиги аён бўлади. Аммо ҳаёти дунёда Охират ғамини емасдан, Оллоҳ таолодан қўрқмасдан, У белгилаб қўйган чегараларни бузиб, умрларининг охиригача энг оғир жиноят - даҳрийлик, ширк ва куфр-исён билан ўтган кимсалар учун эса, Охират диёридаги мангу қўрқув, хорлик ва ҳеч қачон тугамайдиган жон чидагис азоб-уқубатлар борлиги аниқдир.
У Кунда у жиноятчилар ташна, яёв ва ялангоёқ ҳолларида тўп-тўп қилиниб, жаҳаннамга қараб ҳайдаладилар.
Суддий айтади: “Қиёмат Соати келиб, мўмин қабридан чиқарилиши билан унинг олдида беқиёс гўзал суратли, беҳад ҳушбўй ҳидли бир хилқат пайдо бўлади ва унга: “Мени танийсанми?”, дейди. Мўмин: “Йўқ”, деб жавоб бергач, у: “Мен сенинг солиҳ амалинг бўламан. Дунёдаги ҳаётинг давомида мен сени минган эдим, (яъни, мудом яхши амаллар остида яшаган эдинг), энди сен мени миниб олгин”, дейди. Оллоҳ таолонинг мана бу Сўзининг мазмуни шудир: “Биз тақводор зотларни отлиқ ҳол-ларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган; ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун ҳайдайдиган Кунни (эсланг)!” (Марям сураси, 85-86-оятлар).
Кофир эса, қабридан чиқарилиши билан унинг олдида беҳад хунук суратли, ўта бадбўй ҳидли бир махлуқ пайдо бўлади ва унга: “Мени танийсанми?”, дейди. Кофир: “Йўқ”, деб жавоб бергач, у: “Мен сенинг хабис-нопок амалингман. Дунёдаги ҳаётинг давомида сен мени минган эдинг, энди мен сени миниб оламан”, дейди. Оллоҳ таолонинг мана бу: “То қачон тўсатдан Қиёмат келиб қолганда улар устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: “У дунёда қилган сусткашлигимизга ҳасрат-надоматлар бўлгай”, деб қолдилар. Ў нақадар ёмон нарсани орқалаб юрадилар-а!”, (Анъом сураси, 31-оят) деган Сўзининг мазмуни шудир”.
Ўрганаётганимиз ояти каримада хабар берилишича, жаннатлар тақ-воли бандаларни дарвозалари очиқ ҳолда кутиб олади. Ҳадиси шарифда жаннат дарвозалари саккизта эканлиги айтилади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан кимда-ким таҳоратни бекаму кўст қилиб олиб, сўнгра “ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳ” яъни, гувоҳлик бераманки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ бордир ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир”, деса шак-шубҳасиз, унинг учун жаннатнинг саккиз дарвозаси очилиб, у инсон улардан ўзи хоҳлаганидан киради”, деб марҳамат қилдилар. (Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўминлар дўзахдан халос қилингач, жаннат билан дўзахнинг ўртасидаги кўприкда тўхтатиладилар ва ҳаёти дунёда ўрталарида бўлиб ўтган айрим ноҳақликлар учун бир-бирларидан қасос олишиб, ўзаро ҳисоб-китобларини тўғрилаб оладилар. То қачон покланиб тозаланиб олишгач, улар учун жаннатга киришга изн берилади. Муҳаммаднинг жони Кўлида бўлган Зотга қасамки, уларнинг хар бири ўзининг жаннатдаги манзилини дунёдаги манзилини топганидан хам осон топиб олади”, дедилар.
Наққош Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан ҳикоя қилиб айтади: “Албатта, жаннат дарвозаси олдида бир дарахт бўлиб, унинг илдизи остидан икки булоқ оқиб туради. Уларнинг биридан мўминлар ичадилар, бас, уларнинг ичлари топ-тоза бўлади. “Ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ичимлик билан суғорди”, (Инсон сураси, 21-) оягининг мазмуни шудир. Сўнгра улар иккинчи булоқда чўмиладилар, бас, уларнинг баданлари ҳам топ-тоза бўлади. Ана ўшанда жаннат посбонла-ри бўлган фаришталар уларга: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар) Ва: «Бизларга Ўз ваъдасини рост қилган, бизларни бу (жаннат) ерига ворис қилган ҳамда жаннатдан ўзимиз хоҳлаган тарафда жой олишимизга (муваффақ қилган) Оллоҳга ҳамду сано бўлсин», дерлар. Бас, (чиройли) амал қил-гувчи зотларнинг ажр-мукофоти нақадар яхшидир!»
75. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз (ана ўша Кунда) фаришталар Арш атрофидан ўраб олган ҳолларида Парвардигорларига ҳамду сано айтиш билан - (У Зотни) поклаб - тасбеҳ айтишларини кўрурсиз. Уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида Хдқ (Ҳукм) би-лан ҳукм қилинди. Ва (мўминлар томонидан) айтилдики, «ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ учундир».
“Танвийрул-азҳон” тафсирида айтилишича, ушбу ояти каримада зикр қилинган малоикаларнинг Қиёмат Кунида Арши Аъло атрофини ўраб олган ҳолларида тинмасдан зикру тасбеҳ ва ҳамду санолар билан тавоф қилишлари худди мўминларнинг ҳаёти дунёда зикру тасбеҳ ва ҳамду санолар билан Каъбатуллоҳни тавоф қилишларига ўхшайди.
Сурайи шарифа сўнггида Жаноби Ҳақ Ўзининг севикли ва сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зоти шарифнинг ва барча умматларининг Қиёмат Кунида албатта гувоҳ бўладиган манзараларидан яна бири, малоикаларнинг “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи” деганларича Улуғ Аршни тавоф қилаётганларини кўриш бўлиши ҳақида хабар беради. У Соатда бандалар ўртасида Оллоҳнинг Ҳақ Ҳукми ўқилиб, мўминлар жаннатга, кофирлар дўзахга киритилган бўлади ва жаннатга ҳукм қилинган мўминлар малоикалар ҳамда бутун борлиқ мўминлар билан дўзах аҳли ўртасида - Ўзининг адолатли Ҳукмини чиқаргани - мўмин бандаларини Раҳматига олиб, Ўзи ваъда қилганидек, жаннатга ворис қилгани учун кофирларга эса, ўзлари мустаҳиқ бўлган ҳақли жазони буюриб, мангу дўзах ўтига киритгани учун - Адолат қарор топгани учун “Алҳамдулиллаҳи роббил аламин”, деб Яратганга ҳамду санолар айтадилар. Бу ҳақда Ҳақ таоло яна бошқа бир оятда ҳам хабар берган: «Уларнинг (жаннатларда қиладиган) дуолари: «Оллоҳим, Ўзингни поклаймиз», дейиш, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига) тинчлик-омонлик тилашдир. Охирги тилаклари эса барча оламлар Парвардигори - Оллоҳга ҳамду сано айтишдир». (Юнус сураси, 10-оят).
Илоҳим, ушбу тафсиримизни ўқувчиларининг барчасини Яратган Парвардигоримиз ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида жаннатларда ҳам “Алҳамдулиллаҳи роббил-аламин”, деб У Зотга ҳамд айтадиган саодатли бандалари қаторига қўшгай!
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Зумар сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.
Бундан роппа-роса 28 йил муқаддам мелодий 1991-йил, 29-октябр, сешанба кунида Оллоҳ таолонинг Инояти билан Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги илк таржимасини ўз ниҳоясига етказган эдим. Алҳамдулиллоҳ, орадан шунча муддат ўтиб, худди шу кунда ёзаётганим “Қуръони Азим тафсирининг 17-китобига кирадиган Зумар сурасининг тафсирини битириш насиб этди. Алҳамдулиллаҳи роббил-аламийн”.
Орқага Олдинга