Ушбу сурайи карима ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, қирқ беш оятдан иборат.
Сура Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бошланиб, Унинг осмонлар ва Ерни йўқдан бор қилган Зот экани ҳамда инсонларни Ҳақ Йўлга ҳидоят қилиш учун Ўзи билан улар ўртасида фаришталарни элчи-воситачи қилиб қўйгани ҳақида хабар берилади.
Ушбу сурада ҳаёти дунёдан кейин Охират ҳаёти келиши ҳақ эканлигига осмону заминда, кишилар кўз ўнгида кечадиган воқеа-ҳодисалар ҳам аниқ далолат қилиб туриши ва шу билан бирга коинотдаги ҳар бир махлуқотўзининг нечоғли мукаммаллиги ва ўта нозик интизоми билан тенгсиз Қудрат ва беқиёс Ҳикмат Эгаси бўлган бир Яратгувчи мавжуд эканига очиқ ҳужжат бўла олиши уқтирилади.
Сура мушрикларнинг жонсиз бутларга сиғинишларини кескин қоралаш билан ниҳояланади.
Ушбу сурайи карима Оллоҳтаолонинг гўзал исмларидан бири бўлмиш «Фотир - Илк Яратгувчи» номи билан аталгандир.
Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан
1. Ҳамду сано осмонлар ва Ерни илк Яратгувчи ҳамда фаришталарни (Ўзи билан пайғамбарлари ўртасида) икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилгувчи Оллоҳ учундир. У Зот (яратган) махлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур. Албатта Оллоҳ барча нарсага Қодирдир.
Ушбу сурайи карима ҳам юқоридаги Сабаъ сураси каби Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиш - барча мақтов ва шукроналар Ёлғиз Оллоҳга айтилиши лозим эканлигини эслатиш билан бошланади. Чунки У осмонларни ҳам, Ерни ҳам мутлақо беандоза илк Яратгувчисидир, йўқдан бор қилгувчисидир, том маънодаги Танҳо Ижодкоридир. Демак, дунёдаги бор мавжудот, биринчи навбатда барча инсонлар мана шу дунёда яшаётганлари - борликлари учун ҳам Оллоҳ таолога доимо ҳамду санолар айтишга бурчлидирлар. Оятдаги суранинг номига айланган “Фотир” калимаси йўқликни ёриб бор қилгувчи, аслида мавжуд бўлмаган нарсани ҳеч қандай андозасиз илк бор Яратгувчи деган маънога далолат қилади. Ана шундай беқиёс Қудрат, Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога яна шунинг учун ҳам ҳамду санолар, шукроналар айтишимиз лозимки, У Ўзи билан пайғамбарлари ўртасида элчилик қилгувчи Жаброил, Мекоил, Исрофил, ва Азроил каби муқарраб малоикаларни яратди ҳамда уларга осмондан Ерга тушишлари, Ердан осмонга учишлари учун иккитадан, учтадан, тўрттадан қанотлар ато этди.
“У Зот яратган махлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур”.
Яъни, У Ўзи яратган малоикаларининг хилқатида яна Ўзи хоҳлаганича қанотларни зиёда қилиши, шунингдек, бошқа махлуқотларининг, жумладан, инсонларнинг хилқатида ҳам бирини биридан зиёда қилиб, бир-биридан чиройли кўз, бурун, оғиз, қад-қомат ва гўзал овозлар ато этиши мумкин. “Албатта Оллоҳ барча нарсага Қодирдир”.
Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам меърожга чиққанларида Жаброил алайҳис-саломни ўз суратида кўрдилар. Унинг олти юзта қаноти бўлиб, ҳар икки қанотининг ораси мағриб (кунботар) билан машриқ (кунчиқар)нинг орасичалик бор эди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Бас, инсоний ақл мутлақо бовар қила олмайдиган бу қадар буюк мах-луқотни яратишга Қодир Оллоҳ субҳонаху ва таоло барча ҳамду саноларнинг Эгасидир.
2. Оллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас, уни ушлаб-тўсиб қолгувчи бўлмас ва нени ушлаб-тўсиб қўйса, бас, У Зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани бандаларга) бирон юборгувчи бўлмас. У Кудрат ва Ҳикмат Эгасидир.
Ушбу ояти карима иймон рукнларидан бўлган “Ҳар иш Оллоҳдандир”, деган ақиданинг асосидир. Мўмин инсон яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг тақдири - ирода ва ўлчови билан бўлишига аниқ ишониши шартдир. Фақат шундагина у ҳоли ҳаётда хотиржам яшайди, яхшиликларга етганида ҳовлиқиб кетмайди, балки етказгани учун ҳар ишнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таолога шукрлар қилади, бошига ёмонлик-мусибатлар тушадиган бўлса, тушкунликка - ноумидликка тушмайди, балки уларни кетказишини сўраб ҳар ишнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таолога дуо-илтижо қилади.
Ушбу ояти карима мазмунини тўлдирадиган, уни тафсир қиладиган оят ва ҳадислар кўпдир: “Агар Оллоҳ Сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар Сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг Фазлу Марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У Мағфиратли, Меҳрибондир.” (Юнус сураси, 107-оят).
“(Эй инсон), агар Оллоҳ сени (камбағаллик, хасталик каби) бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир. Агар сени бирон яхшилик билан ушласа, бас, (билгинки), У ҳамма нарсага Қодирдир”. (Анъом сураси, 17-оят). “Саҳиҳи Бухорий”да ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Оллоҳим, Сен ато этган нарсани тўсгувчи йўқдир, Сен тўсган нарсани ато этгувчи йўқдир, бахт-омад Эгасига (Сенинг Изнингсиз омади) фойда бермас, бахт-омад Ёлғиз Сенинг Ўзингдандир”, деганлар.
Ояти каримада Оллоҳ таоло бандасига Ўз Фазлу Марҳаматини кўргазиб, гарчи банда лойиқ бўлмаса-да, унга диний ёки дунёвий яхшилик офият, барака ва ғалаба каби неъматлар ато этишни ирода қиладиган бўлса, у неъматларни ҳеч ким тўса олмаслиги таъкидланади ва бандалардан кимга Фазл-Марҳамат кўргазиш Ёлғиз Оллоҳнинг инон-ихтиёридаги иш экани уқтирилади. Демак, ҳар бир инсон зиён - ёмонликлардан омонда бўлиш учун ҳам, яхшиликка - Илоҳий Фазлу Марҳаматга эришиш учун ҳам гуноҳлардан тавба қилган бандалари учун Мағфиратли, тоат-ибодат қилгувчи бандалари учун Марҳаматли Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ёлғиз Ўзига дуо-илтижо қилиши лозимдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бутун умрингиз бўйи яхшилик сўраб дуо қилинглар, Парвардигорингизнинг Фазлу Марҳаматига кўз тутинглар! Албатта, Оллоҳ таолонинг Ўз Файзу Раҳматидан бўлган шундай ҳадялари бордирки, уларни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказур. Ва доимо Оллоҳ таолодан сизларнинг аврат - айбларингизни беркитишини, хавфу хатарлардан паноҳ беришини сўранглар”, деб буюрдилар. (Ҳофиз ибн Асокир ривояти. “Тафсири Мунийр” китобидан).
3. Эй инсонлар, сизлар Оллоҳ ато этган (сон-саноқсиз) неъматни эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқу рўз берадиган Оллоҳдан ўзга бирон Холиқ борми?! Ҳеч бир илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи борку! Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг Танҳо Холиқ-Яратгувчи ва Розиқ-Ризқ бергувчи эканига, Унга ширк келтириш эса ботил иш эканига яна бир Илоҳий Ҳужжатдир. Ҳақ таоло мушрик-кофир кимсалардан сўрайди: “Айтинглар-чи, сизлар “илоҳ” деб сиғинаётган бут-санамларингиздан биронтаси бирон кимсага ризқ ато эта оладими?! Оллоҳ таолодан ўзга бирон-бир кимса ёки нарса самодан сув-ёмғир ёғдириб, Ердан гиёҳундириб сизларни ризқу рўз билан таъминлашга қодирми?! Эй инсонлар, сизлар нега Оллоҳ таолонинг бу неъматларини ҳеч эсламайсизлар?! Ундан ўзга ҳеч бир Ризқ бергувчи йўқ эканлигини тан олмайсизлар?! Ахир Оллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқку, сизларни йўқдан бор қилгувчи Холиқ ҳам, сизларга сон-саноқсиз неъматларни ризқ қилиб бергувчи Розиқ ҳам, демак, ибодат қилинишга ҳақли бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ ҳам Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзику?! Бас, сизлар, эй мушрик кимсалар, ана ўша Танҳо Холиқ ва Розиқ Оллоҳга махлуқларни - турли бут-санамларни шерик деб уларга сиғинишингиз билан, улардан ҳожатларингизни сўраб дуо-илтижолар қилишингиз билан қаёққа қараб кетмоқдасизлар?!”
Ушбу оятда мушриклар сиғинадиган нарсалар - улар бут-санамлар бўладими, ёки қуёш, ой, юлдузлар бўладими, ёки фаришта ё жинлар бўладими, нима бўлса бўлсин, улардан биронтаси холиқ - яратувчи эмаслиги, балки барчалари махлуқ - яралгувчи эканлиги, бинобарин, Холиқни қўйиб махлуқларга сиғиниш албатта Ҳақ Йўлдан юз ўгириб кетиш эканлиги айтилиб, барча инсонларга Оллоҳтаолонинг сон-саноқсиз неъматларини доимо зикр қилиш-эслаб юриш буюрилади.
4. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар (мушриклар) Сизни ёлғончи қилсалар, бас, (билингки), Сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилингандирлар. (Барча) ишлар Ёлғиз Оллоҳга қайтарилур.
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериб, гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар Макка мушриклари Сизнинг ҳақ Пайғамбарлигингизга ишонмасдан ёлғончи қилаётган бўлсалар, Сиз асло маҳзун бўлманг, балки уларнинг озор азийятларига сабр қилаверинг. Чунки пайғамбарлар ичида ўз қавмидан азийят чеккан ёлғиз Сиз эмасдирсиз ва қавмлар ичида ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларга озор-азийятлар етказиб уларни ёлғончи қилган қавм фақат Макка мушриклари эмасдир. Балки улардан илгари ҳам Нуҳ қавми Нуҳ алайҳис-саломни, Од қавми Ҳуд алайҳис-саломни, Самуд қабиласи Солиҳ алайҳис-саломни Иброҳимнинг қавми Иброҳим алайҳис-саломни, Лут қавми Лут алайҳис-саломни, Мадян аҳли Шуайб алайҳис-саломни” ёлғончи қилгандирлар. Мусо алайҳис-салом ҳам ёлғончи қилинди. Қибтликлар то денгизга ғарқ қилиниб ҳалок бўлиб кетгунларича ҳам Мусо алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканлигига иймон келтирмадилар. Бас, Сиз охир-оқибатда мазкур кофир қавмларнинг аҳволи нима бўлганини билурмисиз? Аввал-бошда гарчи у динсиз қавмлар Мен юборган элчи-пайгамбарларга куфр келтираётган бўлсалар-да, тинмасдан зулм-зўравонликлар қилаётган бўлсалар-да, Мен уларга Ўзим аниқ белгилаб қўйган муддатгача муҳлат бердим, сўнгра эса, ўша ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган ҳар бир қавм-қабилани ҳалок қилиб юбордим - айримларини тўфонга ғарқ қилдим, бошқаларини қаттиқ бўронга дучор қилдим, баъзиларини даҳшатли қич-қириқ билан ҳалок қилдим, бошқаларини Ерга ютдириб юбордим, яна бир қабиланинг устидан тош ёғдирдим, яна бошқасини эса, бошларига оловни “соябон” қилиб қўйдим! Бас, Мен юборган пайғамбарларни инкор қилганларга қарши Менинг инкорим қандоқ бўлди?! Ношукурлик қилганлари, куфр келтирганлари учун қўлларидаги неъматларини кулфатга, ҳаётларини ҳалокатга, обод юртларини хароботга айлантириб қўймадимми?! Бас, Сиз ҳам, эй Муҳаммад алайҳис-салом, то Сизга душманлик қилаётган кофир кимсаларнинг ҳалокат вақтлари келгунича сабр қилинг!
5. Эй инсонлар, албатта Оллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Оллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деган алдов) билан алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!
Яъни, Ҳақ таоло ваҳий билан Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, у зот орқали барча инсониятга ваъда қилган нарсаларнинг ҳаммаси, жумладан, иймон билан солиҳ амаллар қилган инсонларга ажр-мукофотлар ато этиши, гуноҳ-жиноят қилган кимсаларни жазолаши, шунингдек, мушриклар: “мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?!” деб шоштираётган азоб уларнинг бошига тушиши ҳақ ва аниқдир, Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло албатта Ўз Ваъдасига Вафодордир.
Ояти каримадаги “Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин!” жумласидан, Рухулмаоний тафсирида айтилишича, ҳаёти дунёга алданиб қолган кимсалар дейилганида нафақат Охиратда ҳар бир иш учун ҳисоб-китоб бўлишига ишонмайдиган динсиз кимсалар, балки мусулмонлар орасидаги Муқаддас Дини Исломни ҳазил фаҳмлаб, унинг кўрсатмаларига амал қилмайдиган ёки агар амал қилганларида ҳам холис Оллоҳучун, Охиратдаги ажр-мукофотучун эмас, балки фақат эл кўрсинга, дунёвий манфаат учун амал қиладиган кимсалар ҳам тушунилади. Демак, ояти каримада ҳақиқий, Оллоҳ учун холис ибодат қиладиган мусулмонлар ана ундай бадғараз ва “ҳаёти дунёга алданиб қолган” риёкор кимсалардан ҳам узоқ бўлишлари буюрилади.
“Ва ҳаргиз сизларни Оллоҳ (барча гуноҳларни кечириб юбораверади, деган алдов) билан алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!”
Алдагувчи шайтонга алданиб қолган кимсалар ва улар топадиган оқибат хдқида мана бу оятларда хабар берилган: “(Шайтон) уларга ваъдалар берур, хомхаёлларга мубтало қилур. Охир-оқибатда шайтон уларга берадиган ваъдалар фақат ёлғон-сароб бўлиб чиқар. (Нисо сураси, 120-оят).
Яъни, шайтон ўзининг кулларини бир гал: “Сен узоқ яшайсан, кейин, кексайган пайтингда тавба-тазарруъ қилиб олишга бемалол улгурасан, дунё сеники бўлади”, деб алдаса, бир гал: “Топганингни бировларга бераверсанг, хайр-эҳсон қилаверсанг ўзингга ҳеч нарса қолмайди, гадойга айланиб қоласан”, деб қўрқитади, уларни яхшилик кўчасига киришдан тўсади. Шайтон етовида юришга рози бўлган кимсалар унинг алдовларига учиб ҳаёти дунёда бахтсиз бўладилар - ўзларига ато этилган ҳаёт номли фурсатни бой берадилар, солиҳ амаллар қилиш ўрнига гуноҳлар қилиб, шайтоннинг шайтоний ваъдаларига учиб, турли хомхаёлларга берилиб умрларини ўтказиб юборадилар ва “охир оқибатда шайтон берган ваъдалар фақат ёлғон - сароб бўлиб чиқади”. Аммо энди вақт ўтган бўлади. Энди -
“Ундай кимсаларнинг жойлари жаҳаннам бўлиб, ундан қочиб қутуладиган бирон жой топа олмаслар”. (Нисо сураси, 121-оят).
Яъни, Оллоҳни қўйиб шайтонга ибодат қилган ва унинг ёлғон ваъдаларига алданиб ҳаётларини куфр ва исён билан ўтказган кимсалар ўзлари учун тайёрланган жойларига - жаҳаннамга жойлашадилар - мангу азобга гирифтор бўладилар. Энди афсус надоматлари фойда бермайди, қилган тавба-тазарруълари қабул бўлмайди. Энди фақат қилмишларига яраша жазо оладилар ва бу Илоҳий Жазодан - энг адолатли жазодан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайдилар! Улар дунёдаги ҳаётларида ўзларини йўқдан бор қилиб, саноқсиз неъматлар ато этган Оллоҳга иймон келтирмасдан, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилмасдан, очиқ душман бўлган шайтонга сиғиниб ўтганлари учун, Ҳидоят ўрнига залолатни танлаб олганлари учун Охират ҳаётларида ҳам мўмин-мусулмонлар билан жаннатларда бўлмас-дан шайтон ва унинг қуллари билан жаҳаннам ўтида мангу ёнадилар!
6. Шак-шубҳасиз, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар! Аниқки, у, ўз ҳизбини дўзах эгаларидан бўлишлари учун даъват қилур.
Яъни, эй инсонлар, аниқ билингларки, шайтон сизларнинг азалий, абадий ва энг ашаддий душманингиздир. Эсланглар, у барчаларингизнинг Ота-Онангиз бўлмиш Одам ва Ҳаввони васваса қилиб, жаннатдан чиқариб юборилишларига сабаб бўлган эди, “қасамки, бандаларинг орасидан (ўзимга) тегишли нарсани албатта оламан ва уларни йўлдан оздираман, хомхаёлларга мубтало қиламан”, деб қасамлар ичган эди. (Нисо сураси, 118-119-оятлар). “У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг Тўғри Йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнггу сўлларидан келиб (Тўғри Йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) сен уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан». (Аъроф сураси, 16-17- оятлар).
Яъни, иблис Оллоҳ таолодан уни то Қиёмат қойим бўлгунича ўлдирмаслик ваъдасини олиб хотиржам бўлгач, ўзининг Одам болаларига қарши режалаштирган ғаразли мақсадини ошкора қилди. Гарчи Оллоҳ таолонинг “Сажда қил”, деган Амрига итоат қилмаслик билан иблис ўзи залолат йўлини танлаб олган бўлса-да, Оллоҳтаоло уни Тўғри Йўлдан оздириб лаънатлашига ўзининг қилмиши сабаб бўлган эсада, ҳеч уялмасдан (иблисда уят нима қилсин), тап тортмасдан Ҳақ таолога: “Сен мени йўлдан оздирдинг, энди мен ҳам Сенинг Тўғри Йўлингни - жаннатга олиб борадиган Йўлни тўсиб, Одам болаларини адаштираман. Уларга тўрт тарафдан ҳужум қиламан. Мен одамларга олдиларида турган Охират тарафидан келиб: “Ҳали Охират деганлари бор нарсами ёки йўқ нарсами”, деб уларни шак-шубҳага соламан, сўнгра орқаларида қолаётган дунёлари тарафдан келиб, уларни мол-дунёга қул қилиб қўяман, сўнгра ўнг тарафларидан - қилган ҳасанотлари, савоб амаллари томонидан келиб, уларни ўша амалларни холис Оллоҳ учун эмас, эл кўрсинга, риёкорлик билан қиладиан кимсаларга айлантириб қўяман. Сўнгра чап тарафларидан - қилган гуноҳ ва ёмонликлари томонидан келиб, уларга ўша гуноҳ амалларни чиройли кўрсатиб қўяман. Шунда Сенга шукр қиладиган одамлар жуда оз қолади”, деди. Бас, шундай экан, эй инсонлар, сизлар у малъунни сизларга душман эканлигини билинглар, унга итоат этманглар, Оллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш билан сизлар ҳам шайтонга душман эканликларингизни кўрсатинглар ва асло унинг малайларига айланиб қолманглар. Чунки у “ўзининг ҳизбини” яъни, унга итоат этган, унинг энг қаттиқ душман эканлигини билиб туриб унга душманлик қилиш ўрнига у бошқарадиган ҳизбга - тўдага қўшилганларни шак-шубҳасиз, Ҳақ Йўлидан оздириб, дўзах эгаларидан бўлишлари учун даъват қилади.
7. Кофир бўлган кимсалар учун қаттиқ азоб бордир. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун эса мағфират ва улуғ мукофот (жаннат) бордир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло энг ашаддий душман бўлган шайтонни дўст деб билиб, Ҳақ Динга кофир бўлган кимсалар учун Охират диёрида жуда қаттиқ азоб борлиги ҳақида огоҳлантириб, аксинча, шайтон ҳизбига кирмасдан Оллоҳ таолога иймон келтирган ва Унинг Амрига итоат этиб, буюрган солиҳ амалларини қилган мўминларга эса билиб-билмасдан қилган гуноҳлари кечирилиши ва Улуғ Мукофот - жаннатларга эришишлари ҳақида хушхабар беради.
8. Ахир (қилган) хунук иши ўзига чиройли кўриниб, уни гўзал (амал) деб ўйлаган кимса (Оллоҳ Ҳақ Йўлга ҳидоят қилган инсон каби бўлурми)?! Зотан, Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), жонингиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ҳасрат-надоматлар чекиб кетмасин. Албатта Оллоҳ уларнинг қилаётган ҳунарларини Билгувчидир.
Ояти карима бениҳоя катта бир Ҳақиқатни баён қилади: инсон қанча-лар ақлли, фаросатли бўлмасин, айрим ишларда, хусусан, Ҳақ билан ботилни ажратишда, Тўғри Йўл қайси-ю залолат нима эканлигини танишда - агар Оллоҳ унга ҳақни ҳақ, ботилни ботиллигини кўрсатиб қўймаса, бошқача айтганда, Тўғри Йўлга ҳидоят қилмаса, - албатта ёмон-хунук ишни чиройли, чиройли амални хунук деб тураверар экан, куфрни иймон деб, иймонни адашиш деб даъво қилаверар экан. Ҳақ таоло эса, фақат Ўзи хоҳлаган инсонларни - Унинг Илми азалийсида ҳидоят қилинишга лойиқ бўлган инсонларни ҳидоят қилар, уларга нима ҳақ, нима ботил эканлигини кўрсатиб қўяр, аммо ўз тийнат-табиатлари билан ҳидоятга нолойиқ бўлган кимсаларни эса, Ҳақ таоло Ўзининг хоҳиш-иродаси билан йўлдан оздириб қўяр, бас, уларнинг ҳамма нарсага етган ақллари Ҳақ билан ботилни ажратиб олишда оқсаб, оқни қора, қорани оқ деб, куфрни Исломдан афзал билиб юраверар эканлар. Шунингучун Жаноби Ҳақ Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилиб, қавмлари Қуръони Каримни Ҳақ Каломуллоҳ деб иймон келтирмасалар сабр қилиш лозимлигини, уларнинг иймонсизликларидан ранжиб, сиқилиб ўзларини ўтдан-чўққа урмасликлари кераклигини таълим беради ва бу билан у зотнинг зиммаларига юкланган вазифа албатта ҳар бир одамни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш эмас, балки барчага Ҳидоят Йўлини кўрсатиш эканлигини, уларни ҳидоят қилиш ёки залолатга кетказиш эса, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлидаги иш эканини уқтиради. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Му-ҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз у (мушрик)ларнинг ҳидоят топишларига ташна бўлсангиз, бас, (билингки), Оллоҳ Ўзи йўлдан оздирадиган кимсаларни ҳаргиз ҳидоят қилмас ва улар учун бирон ёрдамчи ҳам бўлмас”. (Наҳл сураси, 37-оят).
Дарҳақиҳат, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Макка аҳлини Ҳақ Йўлга даъват қилиб Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан нозил бўлган Қуръон оятларини ўқиб берар эканлар, уларнинг ҳар бири Дини Исломни қабул қилиб Ҳидоят Йўлига киришини жуда-жуда хоҳлар, аммо ҳаётда бунинг аксини кўриб, уларнинг ўз ширкларида оёқ тираб турганларидан, Тўғри Йўлга юришни ҳеч хоҳламаётганларидан беҳад ғам-ғуссага ботар эдилар. Шунда Ҳақ таоло Ўз Элчисига таскин-тасаллий бериб ушбу оятни нозил қилди ва Оллоҳ адаштириб қўйган кимсалар ҳеч қачон Тўғри Йўлга юрмасликлари, уларга ҳеч ким ёрдам ҳам бера олмаслиги ҳақида хабар берди. Бу ҳақда мана бу оятларда ҳам айтилган:
“Кимни Оллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас. (Оллоҳ) ундайларни ўз тугёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилур”. (Аъроф сураси, 186-оят).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгувчидир”. (Қасас сураси 56-оят).
9. Оллоҳ шамолларни юборган Зотдир. Бас, улар булутни қўзғатгач, Биз уни ўлик шаҳарга ҳайдаб, у сабабли ўлган Ерни тирилтирдик. (Қиёмат қойим бўлган Куни) қайта тирилиш ҳам шунинг ўзидир.
Ушбу оятни бизга мана бу ояти карима гўзал тафсир қилиб беради: “У шундай Зотки, Ўз Раҳматининг (яъни, ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборур. Қачонки улар вазмин булутларни кўтариб олгач, Биз уни (яъни, булутни, чанқоқ) ўлик маконга ҳайдаймиз. Бас, унга сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида ҳар турли мевалар чиқарурмиз. Биз ўликларни ҳам (ўз жойларидан) мана шундай чиқа-рурмиз. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар. (Аъроф сураси, 57-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ер-у осмоннинг, дунё ва Охиратнинг Танҳо Эгаси Ўзи эканини, бандаларига ризқ-рўз бериш ҳам, Уларни ўлдириб-тирилтириш ҳам Ёлғиз Ўзининг Қўлида эканини бир гўзал мисол билан баён қилади. У Зот ёмғир Ўзининг бандаларга ёғдирган Меҳри-Раҳмати эканини айтиб, шамоллар эса худди денгиз-дарёларда юк тўла кемаларни ҳайдаб юрганидек, осмонда ҳам сув тўла кемаларни - вазмин булутларни ҳайдаб юрадиган паҳлавон лашкарларга ўхшатилади. Дарвоқеъ, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, “шамоллар ва сув Оллоҳ таолонинг лашкарларидандир”. Ояти каримада Яратганнинг Амри билан у лашкарлар сув тўла булутларни ўлик маконга - қақраб ётган ерларга ҳайдаб бориб, Оллоҳ таоло у ерларга ёмғир ёғдириб гулзор-экинзорларга, мевали боғларга айлантириб қўйгани каби Қиёмат Кунида жамийки Ер остида ётган жонсиз жасадлар устига ҳаёт ёмғирини ёғдириб - тирилтириб Ернинг устига чиқариб қўйиши ҳақида хабар берилади ва “Шояд эслатма-ибрат олсангизлар”, деб инсонларни ўз кўзлари билан кўриб турган, йил сайин уларнинг кўз ўнгида такрорланиб турадиган “ўлик Ернинг тири-лиши” ҳодисасидан ибрат олиб, Охиратдаги тирилиш ҳам ҳақ эканига иймон келтиришга чақирилади.
Бу муҳим мавзу Қуръони Карим оятларида такрор-такрор эслатилади: “Оллоҳ шундай Зотдирки, шамолларни юборур, бас, улар булутни ҳайдар, сўнг уни Ўзи хоҳлагандек ёюр ва (агар хоҳласа) уни бўлак-бўлак қилур, бас, Сиз уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. Энди қачон (Оллоҳ) уни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказса, бано-гоҳулар шод-хуррам бўлурлар. Ҳолбуки, улар устларига (ёмғир) ёғдирилишидан олдин мутлақо ноумид эдилар. Бас, Сиз Оллоҳнинг Раҳмати - ёмғирнинг изларига қаранг - У қандай қилиб Ерни ўлганидан кейин тирилтирди-я?! Ҳеч шак-шубҳасиз, мана Шу (Оллоҳ) ўликларни ҳам Тирилтиргувчидир. У барча нарсага Қодирдир”. (Рум сураси, 48-50-оятлар).
Ояти каримада шамоллар ёмғир ёғишини билдирадиган хушхабар экани айтилди. Мўмин инсон ўша шамолларга нисбатан қандай муносабатда бўлиши лозим экани ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда шундай дейилади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: “Умар розияллоҳу анҳу билан ҳаж сафарига чиққанимизда Макка йўлида қаттиқ шамол турди. Шунда Умар атрофидаги кишилардан: “Сизларга Қуръон ёки Ҳадисда шамол тўғрисида айтилган бирон хабар етганми”, деб сўраган эди, улар ҳеч нарса дея олмадилар. Мен одамларнинг охирида кетаётган эдим. Умар сўраган савол менга етиб келиши билан туямни тезлатиб унга етиб олдим ва: “Ё амирал-мўминийн, шамол ҳақида сўрабсиз. Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Шамол ҳам Оллоҳнинг Раҳматидандир. У раҳмат ҳам, азоб ҳам келтириши мумкин. Бас, сизлар шамолни сўкманглар, балки Оллоҳдан унинг яхшилигини сўранглар, ёмонлигидан паноҳ тиланглар”, деяётганларини эшитганман”, дедим”.
Қиёмат Кунида одамларнинг қайта тирилишлари қандай содир бўлиши ҳақида Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳум шундай дедилар: “Сур биринчи марта чалиниши билан Ер юзидаги барча инсон-лар ўлганидан кейин Оллоҳ таолонинг Амри билан тинмасдан қирқ кун ёмғир ёғади. Арш остидан ёғаётган, “ҳаёт суви” деб аталадиган бу ёмғир гўё ота нутфаси она бачадонига жойлашганидек Ерга сингиб кетгач, одамлар қабрларидан ёмғирдан кейин чиққан чечаклардек кўкариб чиқа-дилар ва қачонки баданлари бутун-мукаммал ҳолга келгач, уларга жон киритилади. Сўнгра уларга уйқу ташланиб, барчалари қабрларида уйқуга кетадилар. Кейин сур иккинчи марта чалиниши билан ҳаммалари уйқусираган ҳолларида қайта тириладилар ва: “Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ухлаб ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?”, дейдилар. Шунда уларга: “Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаб хабар берган нарса - Қиёматдир”, дейилади”. “Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?», деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса - Қиёматдир”. (Ёсин сураси, 52-оят).
10. Ким Иззат - куч-қудрат истайдиган бўлса, бас, барча Куч-Кудрат Оллоҳникидир. Хуш Сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Оллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур. Ёмон макр-ҳийлалар қиладиган кимсалар учун эса қаттиқ азоб бордир ва уларнинг макрлари ҳам ҳалок бўлур (яъни, бехуда кетур).
Ушбу ояти карима мусулмон инсон ўз ҳаётини ҳақиқий мўмин ҳолда, азиз ва мукаррам бўлиб ўткариши учун кифоя қиладиган етарли дастурул-амалдир. Аввало азизликни истаган инсон бу мартабани Ёлғиз Оллоҳ таоло ҳузуридан топиши мумкин эканлиги баён қилинди. Бунинг учун эса У Зот рози бўладиган амалларга саъй-ҳаракат қилиш лозим. Ана ўша амалларнинг энг яхшиси, ҳеч қандай тўсиқларсиз Оллоҳ таоло ҳузурига етиб борадигани Хуш Сўз - Калимайи Тоййиба, яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-расулуллоҳ» калимасидир. Дарвоқеъ, ушбу Калима шу қадар қудратлики, уни оғзига олган кофир мўминга айланади. Бошқа ишлар яхши ёки ёмонлиги, холис ёки хўжакўрсинга қилингани жиҳатидан қанча тўсиқ-текширувлардан ўтгачгина Оллоҳ таоло наздида қабул қилиниш ёки қабул қилинмаслиги маълум бўлгани ҳолда, ушбу Калима ва Ҳақ таолонинг энг Буюк Зот эканини тасдиқловчи «Оллоҳу Акбар» такбири, шунингдек Оллоҳ таолони ҳар қандай айб-нуқсондан Пок Зот эканини тасдиқловчи «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» каби тасбеҳотлар мусулмон инсоннинг оғзидан чиқиши билан Оллоҳ таоло ҳузурига юксалур, демак, инсон аввало Яратганнинг Борлиги ва Бирлигини тан олиб, бутун ҳаёти давомида У Зотни улуғлаб, поклаб юрса, унинг холис ният билан Оллоҳ учун қилган яхши амалларини Ҳақ таоло Ўз даргоҳига кўтаради - қабул қилади ва уни дунёда ҳам, Охиратда ҳам азиз-мукаррам қилади. Хўжакўрсинга амал қилиб Оллоҳни алдамоқчи бўлган найрангбоз риёкорларнинг макр-ҳийлалари эса уларга бирон фойда бермай йўқ бўлиб кетади ва улар учун албатта Охират диёрида қаттиқ азоб бордир.
Ана шундай найрангбозлар ҳақида мана бу оятда айтилади: “Улар (яъни, мунофиқлар) мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутадилар. Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бў-ладилар!) Зеро, бор Куч-Кудрат Оллоҳникидир”. (Нисо сураси, 139-оят).
Яъни, ким мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутса, у шак-шубҳасиз, мунофиқдир. Мунофиқлар Оллоҳтаоло мўмин бандаларига нусрат - ғалаба ато этишига ишонмаганлари учун кофирлардан ёрдам кутадилар. Кофирларнинг айрим дунёвий масалаларда илғор бўлганларини кўриб уларни дўст тутадилар, ўзларича: “Ким ғайридинларни дўст тутиб, улар билан ҳамкор, ҳамфикр бўлса, ўшагина кучли-қудратли бўлади”, деб сафсаталар сотадилар. Шу туришда яна ўзларини мусулмон ҳам санайдилар. Ҳақ таоло ушбу оятда ким кофирни дўст тутса, ундан ёрдам кутса, ундай кимса мунофиқ эканини очиқ айтади ва ҳеч қандай кофир ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини ва ёрдам беришни истамаслигини, у мунофиқларнинг хаёллари тамоман ҳақиқатга зид эканини, билъакс, бор Куч-Қудрат Оллоҳники эканини таъкидлайди. Зотан, бандаларнинг ҳаёт мамотлари Ёлғиз Унинг Қўлидадир, ҳар иш фақат Унинг хоҳиши билан бўлади. Ҳақ таоло Ўз Каломида Дини Исломни ва мўмин бандаларини ғолиб қилишга Кафил бўлган: “Ҳолбуки, Куч-Қудрат Оллоҳники, Унинг Элчисиники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар”. (Мунофикун сураси, 8-оят). Бас, ким Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога иймон билан ибодат қилса, Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон билан итоат этса, бошқа ҳеч кимга муҳтож бўлмайди.
11. Оллоҳ сизларни(нг отангиз Одамни) тупроқдан, сунгра (барчаларингизни) нутфадан яратиб, кейин сизларни жуфт-жуфт (яъни, эркак-аёл) қилиб қўйди. Бирон бир аёл ҳомиладор бўлмас ва кўзи ёримас, магар (буларнинг барчаси) Унинг Илми-Иродаси билан бўлур ва бирон бир умр кўргувчининг умрига умр қўшилмас ва (ё) умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Оллоҳга осондир.
Ушбу ояти каримадан бошлаб бир неча оятларда Ҳақ таоло барча инсонларга хитоб қилиб, Ўзининг Қудратига очиқ далолат қиладиган, Ундан ўзга ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган бир неча далил-ҳужжатларни келтиради ва албатта, сўз дастлаб инсонларга ўзларининг Ер юзида қан-дай пайдо бўлганлари ва қай тарзда кўпайганлари ҳақида бориб, Ер юзида биринчи пайдо бўлган инсонни - Ҳазрати Одам алайҳис-саломни Оллоҳ таоло мана шу Ернинг ўзидан, қора тупроқдан яратгани ҳамда унинг вужудидан - чап қовурғасидан жуфти ҳалоли бўлмиш Ҳаввони пайдо қилиб, мана шу илк жуфтликдан дунёга келган фарзандларни нутфадан - бир томчи сувдан мукаммал инсонларга айлантиргани, сўнгра уларнинг зурриётларини ҳам ўзларидан кўпайиб Ер юзига тарқалишлари учун жуфт-жуфт эркак-аёл қилиб яратгани ҳақида биргина жумлада жуда мухтасар ва айни пайтда ўта мукаммал суратда баён қилади.
Инсониятнинг қай шаклда дунёга келиб, Ер юзига тарқалгани ҳақида хабар берилган ушбу оят айни пайтда одамзотнинг иккинчи ҳаёти ҳам борлигига, Оллоҳ таоло уларни Охират диёрида, Қиёмат Кунида яна қайта тирилтириши аниқ эканлигига ҳам очиқ далолатдир.
Дарҳақиқат, нутфанинг тирик инсонга айланиб дунёга келишининг ўзи Улуғ Ҳунарманднинг - Оллоҳ таолонинг борлигига ва чексиз Қудратига аниқ-равшан далилдир. Чунки инсоннинг она бачадонида пайдо бўлиши Қодир Оллоҳнинг Амри билан Ерда униб-ўсган турли озиқ-овқатлар ўша инсоннинг ота-онаси вужудига сингиб, тарқаганидан сўнг ота-она танасининг ҳар бир аъзосида пайдо бўлган қувват бир томчи сувга айланганидан кейин содир бўлади. Бас, турли-туман, бошқа-бошқа жойларда ҳосил бўлган озиқ-овқатларни ўша ота-она вужудида жамлашга қодир бўлган, сўнгра ота-онанинг турли аъзоларидаги куч-қувват ва шакл-шамойилларни бир томчи сувга жамлаб, у сувдан тирик инсонни пайдо қилишга қодир бўлган Зот - Оллоҳ субҳонаху ва таоло ўша инсон ўлиб, жасади чириб тупроққа айланиб, турли тарафларга сочилиб кетганидан кейин уларни қайтадан жамлашга ва яна тирик инсонга айлантиришга қодир эмасми?! Албатта Қодирдир!
Ояти каримада мана шу буюк Ҳақиқатни кўр-кўрона инкор этадиган хар бир жоҳил-нодон кимсага хитоб қилиниб, гўё шундай дейилади: “Сенинг Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча жонзотни қайта тирилтиришига ишонмаслигинг У Зотнинг Қудратини инкор қилганингдирки, бу очиқ куфрдир. Наҳотки сен ўзингнинг асли-наслинг бўлмиш Одам Отани ва унинг пуштикамарида барча одамларни, жумладан сени ҳам қора тупроқдан яратган, сўнгра ҳар бир инсонни бир томчи сув бўлмиш нутфадан оналари бачадонида пайдо қилган, сўнгра ўша ўлик тупроқ ва жонсиз сувдан яралган бир тишлам гўштга жон киритиб, сени мўътадил қоматли ва чиройли суратли инсонга айлантириб қўйган Оллоҳ таолони Ўзи хоҳлаган соатда тупроққа айланган жасадларга қайтадан жон киритишга Қодир Зот эканлигига иймон келтирмасанг?!”.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсоннинг яралиши ва унинг насли давомийлиги ҳар вақт мана шу тупроқ ва сувга боғланишини ўта ихчам, жуда гўзал ва ҳар бир ақл соҳиби тафаккур қилса яхши англайдиган аниқ тарзда баён қилиб беради. Дарҳақиқат, ибрат кўзи билан боқсак, асли-насли қора тупроқдан ва сўнгра бир томчи сувдан пайдо бўлган инсоннинг озиқ-овқати ҳам, жамийки жонзотларнинг емишлари ҳам мана шу тупроқдан униб чиққан набототдир. Барча ўсимлик, дон-дун ва мева-чеваларнинг ерда ҳосил бўлиши учун эса, сув зарурдир. Сўнгра истеъмол қилинган ғизо - таомнинг муайян бир қисми баданда қонга, у қоннинг бир қисми эса, яна бир инсоннинг асли бўлган нутфага айланади ва бу узлуксиз жараён то Қиёматга қадар давом этади.
Биз яшаётган замондан ўн тўрт аср муқаддам нозил бўлган ушбу оят ўзининг бениҳоя изчил илмий йўсини билан, яъни, она бачадонида - ҳеч ким кўрмайдиган жойда кечадиган жараёнларни жуда аниқ, босқичма-босқич баён қилиб бериши билан яна бир ҳақиқатга - бу сўзлар инсоннинг сўзлари эмас, балки ҳамма нарсани Билгувчи Зотнинг - Ҳақ таолонинг Сўзи эканлигига ҳам очиқ далолат қилиб туради.
“Тафсири Қуртубий”да ояти карима тафсирида имом Бухорий, Муслим ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу саҳиҳ ҳадис ривоят қилинади: Абдуллоҳ айтди: “Бизларга ростгўй ва ҳар бир сўзи тасдиқлангувчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, сизларнинг ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун жамланади, сўнгра яна шунча муддат лахта қон ҳолида бўлади, сўнгра яна шунча муддат бир тишлам гўшт ҳолида бўлади, сўнгра бир фаришта юборилади ва унга ўша фаришта пуфлаб жон киритади ҳамда тўрт сўзни ёзишга буюрилади ва унинг ризқи, умри, амали ҳамда бахтсиз - дўзахи ёки бахтли - жаннати эканлиги ёзилади”, дедилар”.
“Бирон бир аёл ҳомиладор бўлмас ва кўзи ёримас, магар (буларнинг барчаси) Унинг Илми-Иродаси билан бўлур ва бирон бир умр кўргувчининг умрига умр қўшилмас ва (ё) умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Оллоҳга осондир”.
Ушбу жумлалар Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг тенгсиз Билим, Қудрат ва тақдир Соҳиби эканлигига далолат қилади. Дарҳақиқат, Унинг Илми-Иродасисиз бирон она қорнида ҳомила пайдо бўлмайди ва бирон фарзанд дунёга келмайди. Бировнингумрига умр қўшилиб умрига барака ато этилиши ҳам, бошқа бировнинг умри қисқа қилиниб, ёшроқ дунёдан ўтиши ҳам Унинг Тақдири Азалийсида битиб-белгиланиб кўйилгандир ва бу инсоннинг ақли бовар қилмайдиган даражада улкан ва қийин иш Оллоҳ таоло учун осондир.
Ушбу мавзу бошқа оятларда ҳам такрор-такрор баён қилинади: “Ҳар бир аёлнинг кўтариб юрган ҳомиласини (ўғилми-қизми, умри узунми-қисқами, расоми-норасоми, чиройлими-хунукми, бахтлими-бахтсизми эканини) ҳам, бачадонлар (муддатидан илгари) ташлайдиган болани ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам Ёлғиз Оллоҳ билур. У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир”. (Раъд сураси, 8-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг ҳар бир она бачадонида пайдо бўлган ҳомилани ҳам билишини, унинг қандай пайдо бўлганини, қандай ривожланишини, она қорнида қанча муддат туришини - ўлик ёки чала, ногирон ҳолда дунёга келадими ёки ўз вақтида, соғлом ва бенуқсон ҳолда туғиладими ёхуд ҳомила муддати чўзилиб кетадими, у ўғилми-қизми, ёлғизми-эгизакми, умри узунми-қисқами, чиройлими-хунукми, ҳатто бахтли, яъни, жаннатими ёки бахтсиз, яъни, дўзахими эканигача барча-барчасини жуда яхши билишини айтади.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилгандир: “Оллоҳ сизларни (яъни, оталарингиз Одамни) Ердан - тупроқдан пайдо қилган пайти-даноқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтин-гизданоқ жуда яхши Билгувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! Унинг Ўзи тақводор бўлган кишиларни жуда яхши Билгувчидир.” (Нажм сураси, 32-оят).
“(Оллоҳ оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Оллоҳгина Билгувчи ва Огоҳдир”. (Луқмон сураси, 34-оят).
“У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур. Мана шу Оллоҳ Парвардигорларингиздир. Барча подшоҳлик Ёлғиз Уникидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, (ана Ўша Зотга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар-а?!” (Зумар сураси, 6-оят).
Она қорнидаги уч қават зулмат - она қорни, бачадон ва боланинг йўлдошидир, боланинг аста-секин яратилиши эса, унинг она қорнида аввал нутфа, сўнгра лахта қон, сўнгра бир тишлам гўштга айланиб аста-секин ривожланиб боришидир.
Ҳомиланинг она бачадонидаги ривожланиш жараёнини - тиббиёт фанида ҳали ҳанузгача аниқ маълум бўлмаган бу жараённи ўн тўрт аср муқаддам муфассал баён қилиб берган Қуръони Азим дарҳақиқат Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган энг Буюк Илоҳий Мўъжизадир
У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир.
Яъни, борлиқдаги жонли-жонсиз барча нарса ҳар бир махлуқ Оллоҳ таоло Ўз ҳузуридаги Лавҳул-махфузда унинг тақдирига нимани ёзган бўлса ўша аниқ ўлчаб - белгилаб қўйилган умрни кўради, уни бирор лаҳзага бўлсин узайтира ёки қисқартира олмайди. Чунки Ҳақтаоло: “Албатта Биз ҳар бир нарсани аниқ тақдир - ўлчов билан яратдик”, (Камар сураси, 49-оят) деб ҳукм қилган.
12. Дарё-денгиз тенг бўлмас - буниси ширин-тотли ва ичилиши осон-ўтимли, буниси эса шўр-тахирдир. Сизлар (уларнинг) ҳар биридан янги гўшт (яъни, балиқ тутиб) ейсизлар ва тақадиган тақинчоқ-лар чиқариб олурсизлар. Шунингдек, сизлар (Оллоҳнинг) Фазлу Мар-ҳаматидан (яъни, ризқу рўзидан) исташларингиз учун (денгиз ва дарёларда сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. Шояд шукр қилсангизлар.
Юқоридаги оятда Оллоҳ таолонинг Қудрати Илоҳийсига аниқ-равшан далолат қиладиган оят-аломатлардан бири - оламлар ичра алоҳида олам бўлмиш инсоннинг қандай пайдо бўлганидан бошлаб, бутун умри мухтасар баён қилинганидан сўнг ушбу ояти каримада ана ўша инсон ва жамийки махлуқот ҳаёти учун ўта муҳим неъмат бўлган сув, денгиз-дарёлар ва уларнинг инсониятга қиладиган ҳизматлари эслатилади.
Дарҳақиқат, денгизнинг итоаткорлигида, устидаги кемалар сузиб, худди қуруқликдаги от-уловлар каби бир соҳилдан бошқа соҳилга одамлар учун керакли бўлган нарсаларни ташиб, бир иқлим аҳолиси бошқа иқлим аҳолиси билан борди-келди қилишларига хизмат қилиш учун бўйсундириб қўйилишида ва яна денгизнинг чор-атрофдаги чанг-ғуборларни “ютиб”, ҳавони тозалаб туришида, ундан кўтарилган буғ - нам ҳаво осмонда қайтадан чучук сувга айланишида, буларнинг барчасидан ташқари денгиз ўз қаърида одамлар учун луқмайи ҳалол бўлган балиқларни ҳамда зеб-зийнат бўладиган дурру гавҳарларни асраб-авайлаб сақлаб беришида, албатта, ақлли кишилар учун оят-ибратлар бордир. Ҳақ таоло одамлар У Зотга шукр қилишлари учун буюк денгиз-дарёларни уларга шундай итоатли хизматкор қилиб қўйганки, хоҳласалар у иккисининг устида кемага миниб сайр ёки тижорат сафарларига чиқадилар, хоҳласалар сув остидан ўзлари учун ризқ-рўз бўлган янги гўшт - балиқлар овлайдилар, хоҳласалар, ғаввослари денгиз-дарёлар тубига шўнғийдилар ва “у иккисидан марварид, маржонлар чиқур” (Ар-Раҳмон сураси, 22-оят).
Чунки денгизлар ҳам, дарёлар ҳам, гарчи бутун Ер юзини сувга ғарқ қилиб юборишдек даҳшатли қувватга эга бўлсалар-да, Ҳақ таолонинг Амрига бўйинсуниб инсонларга хизмат қилаверадилар. Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг инсонлар учун яратган неъматларини санар экан, бу неъматлар қаторида улар денгизлар остидан чиқариб оладиган зийнат-тақинчоқларни ҳам зикр қилишидан маълум бўладики, мазкур тақинчоқлардан фойдаланиш эркаг-у аёл барча инсонлар учун жоиздир. Ундай зеб-зийнатлардан фақат иккитаси эркаклар учун ҳаром эканлиги ҳақида Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бир қўлларида олтинни, иккинчи қўлларида ипак матони ушлаб туриб: “Мана шу иккиси эркак умматларим учун ҳаромдир”, деб огоҳлантирганлар. Яна имом Бухорий ва Муслим Умар ибн Хаттоб розияллоху анхудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда ҳам у зоти шариф эркакларга қарата: “Сизлар ипак либос кийманглар. Чунки ким уни дунёда киядиган бўлса, Охиратда киймайди”, деб танбеҳ бердилар.
Юқоридаги ҳадиси шариф тақозоси билан уламолар эркакларнинг олтин узук тақишлари ҳаром эканлигини айтадилар. Аммо уларнинг кумуш узук тақишлари дурустдир. Чунки Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам кумуш узук таққанлари, сўнг асҳоби киром ҳам у зотга эргашиб ўзлари учун кумушдан узук ясатиб таққанлари маълумдир. Ўшанда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен кумушдан узук тақдим ва унинг кўзига “Муҳаммадур-Расулуллоҳ - Муҳаммад Оллоҳнинг Элчиси” деган нақш солдирдим, бас, бошқа биров ҳаргиз ундай нақш солдирмасин”, деган эдилар. Ушбу ҳадиси шариф мусулмон киши кумуш узук тақиши ва унга ўз исмини нақш қилдириши дуруст эканлигига далилдир. (“Тафсири Мунийр”дан).
13. (Оллоҳ) кечани кундузга киритур (яъни, кечани қисқартириб, кундузни узайтирур) ва (аксинча), кундузни кечага киритур, У қуёш ва ойни ҳам (сизларнинг манфаатингиз учун) бўйинсундириб қўйгандир - ҳар бири муайян муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача ўз фазосида) жорий бўлур. Ана шу Оллоҳ сизларнинг Парвардигорингиздирки, (барча оламлар) Ёлғиз Унинг мулкидир. (Эй мушриклар), сизлар У Зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар.
Ояти карима яна бир бор, энди кеча ва кундуз, қуёш ва ой мисолида Оллоҳ таолонинг Қудрати бениҳоя Улуғ эканлигини таъкидлайди. Дарҳақиқат, борлиқдаги барча нарсани Унинг Ўзи яратгандир ва Ўзи бошқариб тургувчидир. Ҳатто зулмат ва нур, яъни, кеча ва кундуз ҳам Ёлғиз Унинг Қўлидадир, хоҳлаганида кечани кундузга киритиб, кундузларни узун қилиб қўяди. Яна бошқача айтилса, бировларнинг бахтларини фузун, кундузларини узун қилиб бахтли ҳаёт ато этиш ҳам, бировлврнинг кундузларини қора тунга айлантириб ёруғликдан бенасиб қилиб қўйиш ҳам фақат Унинг Қудрат ва Ҳикмати билан бўлади. Албатта У коинотдаги ҳар бир нарсадан Хабардор, ҳар бир сўз ва овозни Эшитгувчи, ҳар бир ишни Кўргувчидир. Одамларнинг қилган ишлари, адолат ёки зулмларигина эмас, зарра мисоличалик майда нарса ҳам Унинг нигоҳидан махфий бўла олмас, қоронғу тунда, қоп-қора хонада, қоп-қора тош устида қоп-қора қумурсқа қимирласа ҳам, албатта У Зот билур, эшитар ва кўрар.
Унинг Қудрати билан Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган қуёш то «кун ва ой бирлашиб кетадиган» Қиёмат Куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади. Фақат Қудратли ва Доно Зот - Оллоҳ таолонинг Ўзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўйсундириб қўя олур.
Шунингдек, то Қиёмат қадар ой ҳам Яратганнинг белгилаб қўйган Илоҳий ўлчови билан ўз фазосида жорий бўлади. У бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан турадида, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар қуёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
Ояти карима давомида Ҳақ таоло мушрик-кофир кимсаларга хитоб қилиб, зикр қилинган кеча ва кундуздан тортиб қуёш ва ойгача Ер-у ос-монлардаги барча мавжудот Унинг мулки эканлигини, Ўзининг Танҳо Парвардигор эканлигини, бутун оламларни Ёлғиз Ўзи яратгани ва Ўзи бошқаришини айтиб, мушриклар сиғинадиган сохта “илоҳлар”нинг, бут-санамларнинг ҳеч нарсага эга эмасликларини, бинобарин ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмасликларини таъкидлайди. Ва бу Илоҳий танбеҳ қуйидаги оятда ҳам давом этади -
14. Агар сизлар уларни чорласангизлар дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да сизларга жавоб қила олмаслар ва Қиёмат Кунида (уларни Оллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, дунё-ю Охират ҳақида ҳеч ким) Сизга Хабардор Зот (яъни, Оллоҳ) каби хабар бера олмас.
Яъни, эй мушриклар, ана ўша бут-санамларингиз сизлар қилаётган дуо-илтижоларингизни эшитадиларми? Агар астойдил сиғинсангизлар, сизларга фойда етказиб ризқ-рўзларингизни кўпайтирадиларми ёки аксинча, уларга сиғинмай қўйсангизлар, сизларга зиён етказиб, бошларингизга бало-мусибатлар соладиларми? Аниқки, у жонсиз бут-санамларингиз сизга ҳеч қандай фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдилар. Бас, уларга сиғинишларингизда, дуо-илтижолар қилишларингизда қандай маъно бор? Ахир обид ўз маъбудига унинг манфаат етказишидан ёки зиён-захматни дафъ этишидан умидвор бўлгани учун сиғинадику?! Йўқ, агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар “эшитсаларда, сизларга жавоб қила олмаслар ва Қиёмат Кунида (уларни Оллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар”.
Ушбу сўнгги жумлада Ҳақ таоло Қиёмат Кунида мушрик-кофир кимсалар қандай аҳволга тушишлари ҳақида хабар беради. Яъни Оллоҳ таоло У Кунда жамийки инсонларни бир жойга тўплагач, Одам алайҳис-саломдан бошлаб Қиёмат қойим бўлиши олдида дунёга келган охирги инсонгача барча инсонлар кўз ўнгида мушрикларга: “Сизлар ҳам, сизлар Оллоҳнинг шериклари деб даъво қилган бут-санамларингиз ҳам, барчаларингиз то ҳаёти дунёда қилган қилмишларингизнинг ҳар бири тўғрисида сўралмагунингизча жойларингиздан жилмай - қимирламай туринглар”, деб мушрик кимсаларни алоҳида, уларнинг бир умр сиғиниб ўтган бутларини алоҳида қилиб, бир-бирларидан ажратиб қўяди. Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай дейилади: “(Аммо то Менинг Фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралгувчидирлар”. (Саффот сураси, 24-оят).
Шунда Оллоҳ таоло бут-санамларга тил ато этади ва улар ўзларига сиғиниб ўтган мушрикларга: “Сизлар бизга ибодат қилганингиз йўқ (яъни, биз, бутлар жонсиз нарсалар бўлганимиз учун сизларнинг бизга сиғинганларингизни билганимиз йўқ). Бас, Оллоҳнинг Ўзи биз билан сизнинг ўртамизда етарли Гувоҳдир. Албатта биз сизларнинг ибодатингиздан ғофил - бехабар эдик», дейдилар.” Шундай қилиб, “Мана шу (бут-санамларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўладилар”, (Юнус сураси, 18-оят) деб юрган мушриклар Қиёмат Кунида ўзларининг “қўлловчилари”дан ажралиб қоладилар.
Дарҳақиқат, эшитмайдиган, кўрмайдиган жонсиз бутлар мушрикларга: “Сизлар бизга сиғинсангизлар, биз Оллоҳ ҳузурида сизларни шафоат қиламиз”, дея олмасликлари, Оллоҳ таолога ширк келтиришни мушрикларга фақат ҳавойи нафслари буюргани аниқдир. Бас, у бутлар бутпарастларнинг чўқиниб-сиғинганларидан ғофил - бехабар эканликлари ҳам аёндир.
Ўрганаётганимиз ояти кариманинг сўнгги жумласида Жаноби Ҳақ Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг умматларига хитоб қилиб, Ўзининг дунё ва Охиратда рўй берадиган барча воқеа-ҳодисалардан жуда яхши Хабардор эканлигини айтиб, бўлган ва бўладиган нарсалар ҳақида ҳеч ким У каби хабар бера олмаслигини эслатади.
15. Эй инсонлар, сизлар Оллоҳга муҳтождирсизлар. Оллоҳнинг Ўзигина (барча одамлардан) Беҳожат ва (барча) мақтовга Лойиқ Зотдир.
Ояти карима жуда катта бир Ҳақиқатни - Оллоҳ таоло мутлақо Беҳожат Зот эканлигини, У ҳеч кимга ҳеч қачон муҳтож бўлмаслигини, Унинг Ер-у осмонларни ва жамийки махлуқотни яратганидан бошлаб яна бошқа барча-барча ишлари учун мақталишга ва мадҳ қилинишга мустаҳиқ бўлган Танҳо мадҳ этилгувчи, яъни, Ҳамид Зот эканлигини баён қилиш билан бирга оламдаги ҳамма жонли-ю жонсиз махлуқот, жумладан инсонлар ҳам ҳамма соҳада - яралишлари, яшашлари, ҳатто оладиган ҳар бир нафаслари учун ҳам Оллоҳ таолога муҳтож эканликлари ҳақида хабар беради.
Гарчи фуқаро дейилганида кишилик жамиятидаги қашшоқ, биров-ларнинг ёрдамига муҳтож бўлган инсонлар тушунилсада ва бу маънода инсонларнинг ҳаммаси ҳам фақир-камбағал бўлмай, уларнинг орасида бой-беҳожат кишилар ҳам борлиги маълум бўлса-да, лекин уларнинг ҳамма-ҳаммаси, бойи ҳам, камбағали ҳам баб-баробар Оллоҳ таолога муҳтождирлар, бошқача айтганда, барча инсонлар Унинг фуқароларидир. Оллоҳ таоло эса, на уларнинг ўзларига ва на уларнинг қиладиган амал-ибодатларига муҳтож эмасдир.
16-17. Агар У хоҳласа сизларни (Ер юзидан) кетказиб, (ўрнингизга) янги бир халқни келтирур. Ва бу (иш) Оллоҳга қийин эмасдир.
Ушбу оятлар Ҳақ таолонинг беназир буюк Қудратига далолат қиладиган, яъни, Ер-у осмонларни, жамийки борлиқни йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот ҳар бир инсонни Ўзи хоҳлаган соатида йўқ қилишга ҳам, сўнгра Қиёмат Кунида қайта тирилтириб ҳисоб-китоб қилишга ҳам албатта Қодир экани ҳақида хабар берадиган Илоҳий Огоҳлантиришдир.
Бу ҳақда яна бошқа сураларда ҳам айтилгандир: “Осмонлар ва Ерни яратган Зот (у буюк сайёраларга нисбатан минг-минг марта кичик бўл-ган инсонларнинг) ўхшашини яратишга Қодир эмасми?! Йўқ, (албатта Қодирдир), Унинг Ўзигина Яратгувчи ва Билгувчидир. Бирон нарса-ни (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур - вужудга келур”. (Ёсин сураси, 81-82-оятлар).
“Парвардигорингиз Беҳожат, Раҳмат Соҳибидир. (Эй золимлар), агар У Зот хоҳласа худди бошқа қавмларни (кетказиб) уларнинг зурриётидан сизларни пайдо қилгани каби сизларни ҳам кетказиб, ортингиздан Ўзи истаган халқни халифа - ўринбосар қилур”. (Анъом сураси, 133-оят).
Яъни, Оллоҳ таоло ҳеч кимга, жумладан сизларга ҳам муҳтож бўлмагани сабаб, бошқа қавмни кетказиб сизларни пайдо қилгани каби сизларни ҳам дарҳол ҳаётдан маҳрум қилиб ўрнингизга Ўзи хоҳлаган инсонларни яратиши Унинг учун жуда осон ишдир. Лекин, Марҳаматли Оллоҳ сизларга раҳм-шафқат қилгани учунгина сизларни ҳалок қилмай, тавба эшигини очиб, бандаларим ўзларини дўзах азобидан озод қиладиган амалларни қилиб олсинлар, деб сизларга фурсат бермоқда.
Барча махлуқотга, жумладан инсониятга ҳам ҳаёт ва ўлим бериш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлида эканини баён қилгувчи оятлар яна бошқа сураларда ҳам келган: “Агар У Зот хоҳласа, эй одамлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтирур. Оллоҳ бунга Қодир бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 133-оят).
“Агар сизлар (Оллоҳга итоат этишдан) юз ўгириб кетсангизлар, У Зот (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, (балки Оллоҳга тоат-ибодат қилурлар)”. (Муҳаммад сураси, 38-оятдан)
Шунингдек, ўрганаётганимиз ояти каримада одамлар устида раҳбар бўлган турли мансаб ва лавозим эгалари агар қўл остидаги инсонларга адолат қилмасалар ёки олимлар ўзларининг билган илмларига амал қилмасалар, уларни йўқ қилиб, ўрниларига адолатли, илмига амал қиладиган кишиларни келтириш Оллоҳ таоло учун жуда осон иш эканига ҳам далолат бор.
18. (Қиёмат Кунида) ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Агар оғир гуноҳ эгаси бўлган жон (бировни) ўз юки-гуноҳига (яъни, гуноҳининг бир қисмини кўтаришга) чорласа, (гарчи чорлангувчи) яқин қариндоши бўлса-да, у (гуноҳдан) бирон нарсани зиммасига олмас, (яъни, у Кунда ҳар ким ўз амали билан машғул бўлиб, ота болага, ака укага қарашга имкон топмас. Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз фақат ғайбдаги (яъни, кўзларга кўринмайдиган) Парвардигорлари (бўлмиш Ёлғиз Оллоҳ)дан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этган зотларнигина огоҳлантирурсиз. Ким поқцоман бўлса, у фақат ўз (фойдаси) учун покдоман бўлур. Ёлғиз Оллоҳга қайтилур.
Ояти каримада зикр қилинган, ҳар бир инсон жуда яхши билиши ва доимо ёдда тутиши лозим бўлган бу мавзу бошқа оятларда ҳам эслатилади: “Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур.” (Нажм сураси, 38-41-оятлар).
Демак, бировнинг қилган яхши амали учун бошқа биров мукофотланмайди ва аксинча бировнинг қилган ёмонлик -гуноҳи учун бошқа биров жазоланмайди.
Шунингдек, у Кунда ҳеч ким бировнинг гуноҳини ўз бўйнига олмайди, ҳатто она боласига осилиб: “Болам менинг гуноҳларимдан бир қисмини кўтаришиб юборгин”, деб ялиниб-ёлворса ҳам боласи: “Онажон, қўлимдан келмайди. Ўз жонимнинг жавобини бериб олай”, дейди. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсиридан).
Бу мавзуни яна ҳам аниқроқ баён қилиб берган бошқа оятларда Ҳақ таоло, бировларни йўлдан уриб: “Сизлар бизнинг йўлга-оқимга юраверинглар, Қиёмат Кунида сизлар учун ҳам биз жавоб берамиз”, дейдиган кимсаларнинг ёлғончи эканликларини айтиб огоҳлантиради: “Кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: «Сизлар бизларнинг йўлимизга эргашинглар, гуноҳларингизни бизлар кўтарурмиз», дедилар. Ҳолбуки, улар (мўминларнинг) гуноҳларидан бирон нарсани кўтара олгувчи эмасдирлар. Албатта улар ёлғончидирлар”. (Анкабут сураси, 12-оят).
Ушбу оят Қурайш катталари иймон келтирган кишиларга: «Қайта ти-рилиш, Қиёматдаги ҳисоб-китоб деган нарсалар йўқ нарсалардир. Киши дунёга бир марта келади, бундан бошқа дунё йўқдир. Сизлар бизнинг йўлимизга юраверинглар, агар у дунё ҳақидаги гаплар рост чиқиб, Қиёмат қойим бўлса, барча гуноҳларингизни биз бўйнимизга олурмиз ва сизлар азобга дучор бўлмассизлар», дейишганида нозил қилинган бўлиб, улар мўминларнинг бирон гуноҳини бўйинларига олишга қодир эмасликлари ҳақида огоҳлантиради. Қуйидаги оятда одамларни Ҳақ Йўлдан оздирган бундай кимсалар ўзларининг гуноҳларига қўшиб тобеъларининг гуноҳларига ҳам жавобгар бўлишлари ҳақида хабар берилади. Саҳиҳул-Бухорийда ривоят қилинган бир ҳадиси шариф ҳам бу ояти каримага ҳаммазмундир: «Ким одамларни залолатга даъват қилса, унинг зиммасида ўзига эргашган кимсаларнинг гуноҳлари ҳам бўлур, аммо уларнинг ўз устларидаги гуноҳлари ҳам заррача камаймас».
“Албатта улар ўзларининг юк-гуноҳларини ҳам, у юклари билан бирга (бошқа) юкларни ҳам кўтарурлар ва албатта Қиёмат Кунида ўзлари тўқиб олган (ёлғонлари) тўғрисида сўралурлар”. (Анкабут сураси, 12-оят).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз фақат ғайбдаги (яъни, кўзларга кўринмайдиган) Парвардигорлари (бўлмиш Ёлғиз Оллоҳ)дан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этган зотларнигина огоҳлантирурсиз. Ким покдоман бўлса, у фақат ўз (фойдаси) учун покдоман бўлур. Ёлғиз Оллоҳга қайтилур».
Демак, Қуръон оятларидан ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг панд-насиҳатларидан фақат Оллоҳ таолонинг азобидан ҳали у азобни кўрмай туриб қўрқадиган ва энг улуғ ибодат - намозни тўкис адо қиладиган кишиларгина панд-насиҳат оладилар ва гуноҳ-маъсиятдан, нопок ишлардан узоқ бўладилар. Куфру исёндан олис бўлган мўмин эса, ўзи учун катта манфаатга эга бўлади. Албатта Оллоҳ таолонинг ҳузурига қайтиш бордир.
19-20-21. Кўр (гумроҳ) кимса билан - кўргувчи (Ҳақ Йўлга ҳидоят топган киши), зулматлар (куфр) билан - нур (иймон), соя (жаннат) билан - жазирама (дўзах) баробар бўлмас.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло мушрикларга ҳеч қачон динсиз кофир билан диндор мўмин баробар бўлмаслигини, динсизлик кўрлик эканини, мўмин инсон эса Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийга эргашиб, иймон нима-ю куфр нима эканини билиб, қандай амалларни қилиш кераклигини, қандай ишлардан тийилиш кераклигини, яъни, нима савоб-у нима гуноҳ эканини англаб, Ҳақ таоло кўрсатган Тўғри Йўлни - Жаннат Йўлини кўриб боргувчи инсон эканини айтишни ва уларни тафаккур қилишга, улар ёпишиб олган мушриклик нима-ю, Расулуллоҳ даъват қилаётган Ислом нима экани ҳақида ўйлаб кўришга чақиришни буюради.
“Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?”
Яъни, куфр билан иймон баробар бўлурми? Албатта баробар бўлмас. Чунки куфр йўли қоронғи йўлдир. Бу йўлга кирган одам қаёққа кетаётганини ҳам, қаерда кетаётганини ҳам билмай, инсонийликдан ажраб, охир-оқибат дўзах чоҳига қулаши муқаррардир. Иймон йўли эса, ёруғ - мунаввар йўл бўлиб, унинг белгилари аниқ. Бу Йўлнинг Раҳнамоси - мўминларнинг Буюк Дўсти бўлмиш Оллоҳ таолонинг Ўзидир. У мўмин бандаларига бу Йўлда қандай амаллар қилиш кераклигини, қаерда тўхтаб, қаерда юриш кераклигини кўрсатиб туради. Мана шу Илоҳий кўрсатмаларга амал қилган мўмин банда адашмай - қоқилмай, охир-оқибатда йўлнинг поёнига - жаннатларга етади.
Эътибор қилинса, ояти каримада нур бирлик шаклида, зулматлар эса кўплик шаклида келди. Бу албатта бежиз эмас. Чунки Ҳақ Йўл ягонадир, аммо куфр йўлларининг эса тури, шакли жуда кўп.
Ояти каримада жаннат доимо остидан дарёлар оқиб тургани учун абадул-абад соя-салқин оромбахш макон эканлиги, дўзах эса тушган одамни тинимсиз куйдирадиган энг дахшатли жазирама эканлиги, демак, у иккиси ҳеч қачон баробар бўлмаслиги таъкидланади.
22. Тириклар (мўминлар) билан - ўликлар (кофирлар) ҳам баробар эмасдир. Албатта Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга (Ҳақ Даъватни) эшиттирур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз қабрлардаги кимсаларга (яъни, ўлик дилларга Ҳақ Сўзни) эшиттира олгувчи эмасдирсиз.
Ушбу ва юқорида мазкур бўлган оятларнинг мазмунини яхшироқ англашимизда бизга мана бу оятлар ва уларнинг тафсири ёрдам беради: “Албатта, Сиз «ўлик»ларга эшиттира олмайсиз ва юз ўгириб кетаётган «кар»ларга ҳам ушбу даъватни уқтира олмайсиз. Яна Сиз «кўр»ларни залолатларидан (чиқариб, Ҳақ Йўлга) ҳидоят қила олгувчи ҳам эмасдирсиз. Сиз фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтирадиган кишиларгагина (ушбу даъватни) уқтира олурсиз. Бас, ана ўшалар мусулмонлардир”. (Намл сураси, 80-81-оятлар).
Мазкур оятларда тақдирларига ҳаёти дунёдан кофир ҳолларида ўтишлик ёзиб қўйилган кимсалар ўликлар деб аталди. Чунки улар худди ўликлар каби ҳеч қандай сўздан, ҳатто Каломуллоҳдан ҳам заррача таъсирланмайдилар.
Ушбу икки оят мушрикларнинг Ҳақ Сўзни - Каломуллоҳни англашни, Ҳақ Йўлни кўришни истамаётганларидан озурда дил бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериш учун нозил қи-лингандир.
Дарвоқеъ, Пайғамбар алайҳис-салом ўзларига кўкдан, Оллоҳ таоло ҳузуридан нозил бўлаётган Қуръон оятларини одамларга тиловат қилиб берар эканлар, бу Ҳақ Сўзни эшитган ҳар бир одам, бу Илоҳий Мўъжизага гувоҳ бўлган ҳар бир инсон албатта Унга иймон келтиради деб умид қилганлари учун, иш бунинг акси бўлаётганини кўргач, одамларнинг аксариси Қуръонни эшитиб туриб, бу Буюк Китоб кўрсатган йўл Ҳақ Йўл эканини кўриб-билиб туриб хотиржан ундан юз ўгириб, гўё ҳеч нарсани эшитмагандек, кўрмагандек ўзларининг ширк ва жаҳолатларидан ажрамасдан залолатларида кетаётганларини кўргач, бу ҳақсизликдан ниҳоят даражада изтироб чекиб, ғамга ботдилар. Ҳатто мен зиммамдаги рисолат-элчилик вазифамни тўла адо қила олмаяпманми, одамларга Оллоҳнинг Динини комил суратда етказа билмаяпманми, акс ҳолда Оллоҳнинг Каломини эшитган кишилар дарҳол иймон келтиришлари керак эдику, деган ўйларга ҳам борганларида Ҳақ таоло: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эҳтимол Сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз. (Ундок қилманг)”, (Шуаро су-раси, 3-оят), деб, ўрганаётганимиз ушбу оятларда мушрикларнинг мўмин бўлмаётганларига уларнинг диллари муҳрлаб қўйилгани сабаб эканини, шу боисдан улар қалб қулоқлари эшитмайдиган, кўнгил кўзлари кўрмайдиган кар ва кўр кимсаларга айланиб қолганларини айтиб, Ўз Элчисига Сиз ҳеч қачон эшитиш ва англашни истамайдиган “кар” кимсаларга Ҳақ Сўзни эшиттира олмайсиз, Ҳақ Йўлни кўришни истамайдиган “кўр” кимсаларга Тўғри Йўлни кўрсата олмайсиз, демак, Сиз уларнинг иймон келтирмаётганларидан ғам чекманг, улар сўзни эшитганлари билан унинг маъносини англай олмайдиган ожиз махлуқлардир, деб таскин-тасаллий беради.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Куфр йўлидаги кимсаларни (Ҳақ Йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. (Яъни, улар худди жониворлар каби чақириқ ва овозларни эшитадилар-у, лекин ҳеч нарсани англамайдилар. Бинобарин, уларни Ҳақ Йўлга чорлашнинг ҳеч фойдаси йўқ.)
Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар. (Бақара сураси, 171-оят).
Ушбу ояти каримада тинглаб туриб Ҳақни эшитмайдиган, билиб туриб Ҳақни айтмайдиган, қараб туриб Ҳақни кўрмайдиган динсиз кимсалар чўпоннинг овоз ва қийқириғини эшитадиган, аммо нима деяётганини тушунмайдиган ақлсиз ҳайвонларга, қаёққа қараб ҳайдалса, ўша ёққа қараб кетаверадиган подага ўхшатилмоқда. Аммо жуда ўхшатиб ўхшатилмоқда! Уларнинг ҳолларини тасвирлашда бундан аниқроқ ташбеҳ қилишнинг имкони йўқдир.
Ахир ҳамма нарсада жуда яхши ишлайдиган қулоқ-тил-кўзлари Динга даъват қилинганларида бирдан ишламай қолса, ҳамма нарсада жуда ўткир бўлган ақллари ҳам Ҳаққа чақирилганларида бирдан ишламай қолса, уларни ақлсиз ҳайвонлар демай, ақлли инсонлар дейиш мумкинми?! Дунёвий ишларни яхши билмаслик, тушунмасликнинг, бошқача айтганда, дунёдан мол-давлат ва юксак мартабаларга эришмасдан ўтиб кетишнинг зиёни камдир, чунки уни ўнгласа бўлади, агар ўнглай олмаса ҳам зиёни камдир, чунки у мана шу тўрт кунлик дунёнинг зиёнидир. Аммо Охират иши бўлган Динда зиёнкор бўлиш, яъни Ҳақ Динга кирмасликдан, мусулмон бўлмасликдан кўриладиган зиён кейин ҳеч қачон ўнглаб бўлмас зиёндирки, бунга рози бўлган кимсани ақлли деб бўлмас. “Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бор-у англай олмайдилар, кўзлари бор-у кўра олмайдилар, қулоқлари бор-у эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир”. (Аъроф сураси, 179-оят).
23. Сиз фақат огоҳлантиргувчидирсиз.
Яъни, Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз фақат бир огоҳлантиргувчи Элчисиз, холос. Сизнинг зиммангизда фақат Оллоҳ таоло нозил қилган оятларни - Ҳақ Динни инсонларга тўла етказишгина бордир. Аммо одамларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш эса, Сизнинг кўлингиздан келадиган иш эмас, ҳидоят қилиш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлидадир.
24. Албатта Биз Сизни Ҳақ (Дин) билан, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. (Сизнинг умматингиздан аввал ўтган) ҳар бир умматда ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи - пайғамбар ўтгандир.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Макка мушрикларининг ий-мон келтирмаганлари учун асло маҳзун бўлманг, улар Сизга итоат этмаётганларига парво ҳам қилманг. Чунки Сизнинг зиммангиздаги рисо-лат-вазифа уларни зўрлаб-мажбурлаб Исломга киритиш эмас, балки Биз Сизни фақат ўзингизга нозил қилинаётган оятларни уларга тўла-тўктис етказиш билан мўминларга Охират диёрида жаннат неъматлари мунтазир бўлиб тургани ҳақида хушхабар беришингиз, кофирларни эса дўзах азоби кутиб тургани ҳақида огоҳлантиришингиз учун Элчи қилиб юборганмиз.
“(Сизнинг умматингиздан илгари ўтган) ҳар бир умматда ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи - пайғамбар ўтгандир”.
Ушбу жумланинг энг яхши тафсири мана бу ояти каримадир: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Оллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир элчи юборганмиз. Шунда (ўша умматлар) орасида Оллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар”. (Наҳл сураси, 36-оят).
Ояти каримада Ҳақ таоло аввал-у охир барча умматлар устида Ўзининг аниқ ҳужжати борлиги ҳақида, яъни, ҳар бир умматга Ўз томонидан элчи-пайғамбарлар юборгани ва у элчиларнинг ҳаммаси, қай замонда, қандай қавмга келмасинлар, фақат бир нарсага даъват қилганлари - “Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар, шайтондан йироқ бўлинглар”, деб буюрганлари ҳақида хабар беради. Демак, Ер юзи инсоният тарихи давомида ҳеч қачон Оллоҳтаоло томонидан юборилган, ягона Ҳақ Йўлни кўрсатувчи элчи-пайғамбарлар таълимотидан холи бўлмаган. Демак, бирон уммат Эртага - Қиёмат Кунида Оллоҳтаоло ҳузурида “Бизга Тўғри Йўлни кўрсатиб берадиган элчиларинг ва уларнинг таълимоти етиб келмаган эди”, деб даъво қила олмайди. Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ таолога ибодат қилинглар, Унга ширк келтирманглар, шайтондан ва унинг йўлида юрадиган кимсалардан йироқ бўлинглар, деган Илоҳий Таълимот ҳар доим бўлган, ҳозир ҳам бор ва албатта келажакда ҳам бўлади, иншооллоҳ. Фақат бу Амри Илоҳий олдида одамлар икки тоифага бўлинадилар - Оллоҳ таоло Тўғри Йўлга ҳидоят қилган бахтли инсонлар Яратганнинг Ам-рига бўйинсуниб, Унга ибодат қиладилар, турли шайтоний йўллардан олис бўлиб икки дунё саодатига эришадилар; залолат йўлини танлаган кимсалар эса, Ҳақ таоло буюрган Тўғри Йўлдан четлаб, унинг элчиларини ёлғончи қилиб, шайтон васвасасига учадилар ва оқибат-натижада ҳалокатга юз тутадилар. “Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлгани-ни кўринглар!”.
25-26. Агар (мушриклар) Сизни ёлғончи қилсалар, бас, (билингки), улардан аввалги кимсалар ҳам (ўзларига келган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандилар. Ҳолбуки, пайғамбарлари уларга аниқ-равшан мўъжизалар, (Илоҳий) саҳифалар ва (Таврот, Инжил каби) нурли Китоб келтирган эдилар. Сўнгра Мен кофир бўлган кимсаларни (куфрлари сабабли) ушладим-жазоладим. Бас, Менинг инкорим-азобим қандоқ бўлди?!
Ушбу оятлар айни суранинг 4-ояти такрори ва таъкиди бўлиб, ўз ўрнида ала қадриҳол тафсир қилиб ўтилди.
Дарҳақиқат, Ернинг ҳар тарафларида кўрган одамларга асрлар қаърида қолиб кетган олис ўтмишдан ҳикоя қилгувчи осори атиқалар жуда кўпдир. Уларнинг орасида ўз замонида мисли бўлмаган муҳташам қаср-у саройлар осмондан ёғилган харсанг тошлар остида вайроналарга айланиб қолганини ҳам, тўфон балосига дучор бўлиб сув остида қолган бутун-бутун шаҳарларни ҳам, ўнлаб қулоч қалинликдаги қум, тош ёки тупроқ билан кўмиб қўйилган қалъаларни ҳам кўриш мумкин. Ибрат олгувчи инсон учун бундай мудҳиш манзаралар Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмларнинг оқибати қандай даҳшатли эканига очиқ далолат қилиб туради. Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончи деб масхара қилган мушрикларга ҳам Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлмасликлари учун ўтган кофир қавмларнинг топган оқибатларидан ибрат олиш буюрилди. Аммо уларнинг кўплари ибрат олмадилар ва натижада ҳалокатга юз тутдилар - ўзлари бошқалар учун “ибрат”га айландилар.
27-28. Оллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдирганини, бас, Биз унинг ёрдамида рангу рўйлари турли-туман бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғлар орасида ҳам оқ, қизил - ранго-ранг йўл(ли тоғлар) ҳам, тим қора (тоғлар) ҳам бордир. Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ранг-баранглари бордир. Албатта Оллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонлар қўрқур. Шак-шубҳасиз, Оллоҳ Кудратли, Мағфиратлидир.
Ушбу икки оятда оламдаги барча мавжудотнинг Яратгувчиси Ёлғиз Оллоҳтаоло эканлиги таъкидланмоқда. Дарҳақиқат, илм-маърифат эгаси бўлган ҳар бир инсон осмондан ёғилган бир хил рангдаги сув сабабли қора Ердан униб чиқадиган рангу рўйи турли-туман бўлган наботот оламига, усти-кўриниши ҳам, остида яширган хазина-дафиналари ҳам ранго-ранг тоғу-тошларга - жамодот оламига ва заминнинг осту-устида тарқалиб, ўзларига юкланган вазифаларини бош тортмасдан бажариб юрган ҳайвонот оламининг ранг-баранглигига ва ниҳоят мана шу барча мавжудотдан фойдаланиб, уларни бошқаришни ўз зиммасига олган инсонларнинг рангу рўйлари ҳам, феъл-атвор ва удум анъаналари ҳам неча турфа эканлигига тафаккур ва ибрат назари билан боқса, Яратганнинг Қудрату ҳунармандчилигига тасанно айтмасдан қолмас. Шунингучун ҳам мазкур оятда Оллоҳдан фақат ҳақиқий илм-маърифат эгалари қўрқишлари уқтириб ўтилди.
Ушбу жумлада Ҳақ таоло олимнинг мартабаси нақадар юксак эканини баён қилиш билан баробар кишининг олимлиги унинг тўплаган илми кўплиги билан эмас, балки илми ортган сари Оллоҳ таолонинг нақадар Буюк ва тенгсиз Қудрат Соҳиби эканлигини яхшироқ ҳис қилиб, Унинг Қаҳрига қолишдан кўпроқ қўрқадиган инсонга айланиб боришидан маълум бўлишини айтади. Робийъ ибн Анас раҳимаҳуллоҳ айтади: “Оллоҳдан қўрқмаган кимса олим эмасдир”. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан: “Кишига илм тўғрисида унинг Оллоҳ таолодан қўрқиши етарлидир, жаҳолат-нодонлик тўғрисида эса, унинг топган илми билан мақтаниши етарлидир”, деган ҳикматли сўзлар ривоят қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ким Оллоҳ таолога ширк келтирмаса, У ҳалол қилган нарсани ҳалол деса, У ҳаром қилган нарсани ҳаром деса, Унинг Амр-Фармонини доимо ёдида тутса, Унга рўбарў бўлишига ва қилган ҳар бир амали учун ҳисоб беришига аниқ ишонса, ана ўша инсон Раҳмоний олимдир - Меҳрибон Оллоҳ таолони тўғри танигувчи кишидир”. (“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Мунийр”дан).
29-30. Албатта Оллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Оллоҳдан ажру мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро, (Оллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз Фазлу Карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам ато этур. Албатта У Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир).
Яъни, доимо Қуръони Каримни тиловат қилиб, унинг хукмига амал киладиган, Қуръон буюрган намоз ибодатини ўз вақтида, барча шарт ва ру кнларига амал қилган ҳолда адо этиб, Оллоҳ таоло ато этган ризқлари бўлмиш молу давлатларидан ҳеч кимга билдирмаган ҳолларида ҳам, очиқ-ошкора ҳам инфоқ-эҳсон қиладиган мўминлар шундай бир ўта фойдали тижорат қилмоқдаларки, у ҳеч қачон касодга учрамайди. Бу тижорат ҳаёти дунёда Оллоҳ таолонинг Китобини ўқиб, Унинг Амр-Фармонларига итоат этиш эвазига Охират диёрида жуда катта фойдага жаннатга эга бўлиш тижоратидир. Улар қилаётган солиҳ амаллари учун Ҳақ таоло албатта ажр-мукофотлар беришига инонганлари каби, Ўзининг Фазлу Марҳамати билан яна зиёда неъматларни ҳам ато этишини умид қиладилар ва ҳеч шак-шубҳасиз умидларига етадилар. Зотан, Ҳақ таоло Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир - озгина яхши амал учун ҳам жуда кўп мукофот ато қилгувчидир.
Ояти каримада зикр қилинган мўминларнинг сифатларидан бири, улар қўлларидаги молу давлат ва нозу неъматни Оллоҳ таоло томонидан берилган ризқ эканини доимо ёдларида тутадилар ва топган бойликларини фақат ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида сарфламасдан, бошқаларга ҳам баъзан махфий, баъзан ошкора закот-садақотлар берадилар, хайр-саховатлар кўрсатадилар.
Уламолар нафл - ихтиёрий садақалар махфий, фарз амаллардан бўлган закот эса ошкора берилиши афзал дейдилар.
Агар эътибор қилсак, Ҳақ таоло мўминларнинг яширин ва ошкора тарзда хайру садақотлар беришларини мадҳ қилар экан, уларга ўша молу давлатларини Унинг Ўзи ризқ қилиб берганини таъкидлайди. Демак, би-ровларга хайр-саховат кўрсатган инсонлар аслида ўзларининг молларини эмас, балки Оллоҳ таолонинг уларга омонат ризқ қилиб берган молидан бир қисмини Унинг ишончли вакили сифатида буюрилган жойларга тарқатаётган кишилардир, холос. Бас, улар ўзгаларга яхшиликлар қилар эканлар, улардан мақтов-олқишлар кутмасдан, аксинча зиммаларидаги омонатни эгаларига - муҳтож инсонларга етказишдек савобли амални насиб этгани учун ўзлари Яратганга шукроналар айтишлари лозимдир. Нақл борку: Ким ўзгаларга хайр-саховат кўрсатар экан, улардан мақтов, раҳматлар эшитишни тамаъ қилса, у кимса сахий эмас, балки оддий савдогардир. Чунки у моли билан мақтовни сотиб олди. Сахийлик эса, эвазига ҳеч нарса олмасдан бермоқдир.
Албатта, Ҳақ таоло Қиёмат Кунида Ўзининг Ҳақ ва Адолатли Ҳукми-ни чиқаради - кўрмасдан туриб Унинг Борлигига аниқ ишонган, ана ўша ишонч-иймонини бир умр, ҳар қандай шароитда қўлидан туширмай, айрим зулм ва зулматли кунларда, иймонни ушлаш худди чўғни ушлашдек қийин бўлган соатларда ҳам иймонларидан кечмай, мўмин ҳолда яшаб, мўмин ҳолда ўлган ва Яратган ҳузурига иймонларини, солиҳ амалларини дастурхон қилиб келган мўмин бандаларига, Унга берган аҳд-паймонларига вафо қилиб ўтган садоқатли қулларига “иш ҳақларини” тўла қилиб беради - уларнинг ҳар бири иймон билан, савоб умидида, холис Оллоҳ Юзидан адо қилган каттами-кичикми ҳар бир амалнинг мукофотини тўла-тўкис олади - Ҳар бир амалнинг ажри ўн баробардан етти юз баробаргача, Рамазон рўзасининг мукофоти эса ундан ҳам кўпроқ қилиб берилади. Бунинг устига Хожанинг солиҳ қулларига зиёда Фазл-Марҳаматлари ҳам бордир. Каломуллоҳ ва Ҳадиси Шариф далолатича, мукофот - жаннатлар, зиёда марҳамат эса - аҳли жаннат Яратганнинг Жамолини кўришларидир. Улардан ҳар бири иймон ва тақволарининг қувватига, қилиб ўтган амалларининг даражаларига мувофиқ ҳолда ҳар куни ё ҳафтада ёки ойда, ёхуд йилда бир бор Оллоҳ таборака ва таолонинг Юзини кўрадилар, Сўзини тинглайдилар! Том маънода Оллоҳнинг Раҳматига эришадилар!
31. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга ваҳий қилган Китоб
- Куръон ўзидан аввалги Илоҳий Китобларни тасдиқлагувчи бўлган Ҳақ (Китобдир). Албатта Оллоҳ Ўз бандаларидан Огоҳ ва (уларнинг барча ишларини) Кўриб тургувчидир.
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зотга энг афзал ва энг улуғ Китоб
- Қуръони Азимни нозил қилганини айтади ҳамда у Китобнинг сифатларини санаб, аввало Қуръонни Ҳақ билан нозил қилгани, яъни, Ундаги ҳар бир калима, ҳар бир ҳарф ҳақиқат экани, Унинг бирон ҳарфини ўзгартириш, олиб ташлаш ёки Унга бирон ҳарф кўшиш матлақо мумкин эмаслиги, комил Ҳақиқатни истаган инсонлар уни фақат мана шу Китобдангина топишлари мумкин экани ҳақида хабар беради.
Сўнгра бу Китоб ўзидан аввал нозил бўлган Таврот, Инжил каби ки-тобларни ҳам Оллоҳнинг Каломи деб тасдиқлайдиган Китоб эканини, айтиб, Оллоҳ таоло барча бандаларининг қиладиган ишларини иҳота қилиб-билиб туришини, уларнинг зоҳирий аҳволларини кўриб турганидек ботиний сирларини ҳам кўриб туришини таъкидлайди ва бу билан гўё “Агар Сиз, эй Муҳаммад алайҳис-салом, ҳамма томонлама пайгамбарлик мартабасига лойиқ бўлмаганингизда эди, Сизга бус-бутун Ҳақиқатдан иборат бўлган Китоб ваҳий қилинмаган бўлар эди”, деяётгандай бўлади.
32. Сўнгра Биз бу Китобни бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларга (яъни, Сизнинг умматингизга) мерос қилиб бердик. Бас, уларнинг орасида (Қуръонни ўқисада, унга амал қилмай, гуноҳлардан четланмай) ўз жонига жабр қилгувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилгувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Оллоҳнинг Изн-Иродаси билан мудом яхшиликларга ўзгувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни, Қуръонга ҳақиқий ворис бўлиш Оллоҳ таоло томонидан ато этилган) Буюк Марҳаматдир.
Ояти карима Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари Хақ таоло наздида ўта юксак шараф эгалари эканини - У Зот бу умматни бошқа умматлар орасидан танлаб олиб, унга Ўзининг энг Улуғ Неъмати бўлмиш Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин мерос қилиб берганини баён қилади. Демак, Ҳақ таолонингЎзи гувоҳлик берадики, Ислом уммати Оллоҳтаоло томонидан танлаб олиниб, бошқа ҳеч бир умматга эмас, фақат мусулмонларга Қуръон Китоби мерос қилиб берилган экан. Бошқача айтганда, фақат мусулмонларгина Қуръонни кўз қорачиғларидек асраб-авайлаб, унинг кўрсатмаларига амал қиладилар деган ишонч бўлгани учун ушбу Буюк Омонат Ислом умматига топширилгандир.
Оят давомида Ҳақ таоло Қуръонга ворис бўлган мусулмонларнинг ҳаммаси ҳам ушбу улуғ Меросни Қадрига етмай уч тоифага бўлинишлари ҳақида хабар беради: Биринчи тоифа - гарчи ўзларини мусулмон санасаларда, Қуръон Каломуллоҳ эканлигини тан олсаларда, унинг кўрсатмаларига амал қилмай, ушбу Китобдаги Илоҳий Амр-Фармонларга тўла итоат этмай ўз жонларига жабр қилгувчи, яъни, тарозида тортилганида ёмонлик - гуноҳлари яхшилик - савоб амалларидан оғир келадиган кимсалар; иккинчи тоифа мусулмонлар эса, муқтасид - ўртача амал қилгувчи, яъни, Қуръон оятларининг баъзисига амал қилиб, айримларига амал қилмайдиган - яхши амаллари билан ёмон амаллари баробар келадиган кимсалар ва ниҳоят учинчи тоифа мусулмонлар бўлса, Оллоҳнинг Китобига энг муносиб ворислар бўлиб, солиҳ амаллар қилишда ҳаммадан ўзгувчи, Оллоҳ таолонинг ҳифзи-ҳимоясида катта гуноҳлардан сақланиб, қилган ҳасанотлари, савоб амаллари тарозида хато ва гуноҳларидан оғир келадиган кишиларки, ана шундай инсонлар Ҳақ таолонинг Буюк Марҳаматига - жаннатига сазовор бўлган ва икки дунё саодатига эришган чин маънодаги бахтли инсонлардир. Лекин ояти каримада зикр қилинган ҳар уч тоифадаги инсонлар ҳам Оллоҳ таоло Китобининг ворислари қаторида саналгани боис чин кўнгилдан “ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб иймон келтириб мусулмон бўлган барча инсонлар Ҳақ таолонинг Фазлу Марҳаматига эришишлари умид қилинади. Бу эса мусулмон бўлишнинг ўзи нақадар катта шараф эканлигини билдиради. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ушбу оятни тафсир қилиб Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхшиликларга ўзгувчимиз Охиратда жаннатга ўзгувчи - энг аввал киргувчидир, муқтасид - ўртача амал қилгувчимиз нажот топгувчидир, ўз жонига жабр қилгувчи - ёмонликлари яхшиликларидан оғир келадиган кимса бўлиб, у ҳам кечирилгувчидир”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири БағавшГдан).
Яна ўша манбаъда Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ояти каримадаги яхшиликларга ўзгувчи ҳисоб-китоб қилинмасдан ки-рур, муқтасид енгил ҳисоб қилинур, ўз жонига жабр қилгувчи кимса бўлса то бутун вужудуни ғам-қайғу қоплаб олгунича турган жойида тургизиб қўйилиб, сўнгра жаннатга кирур”. Қуйидаги оятларда ана ўшандай саодат аҳлини кутиб турган хайрли оқибат ҳақида хабар берилади.
33. (Қуръон ворислари учун) улар олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанган ҳолларида кирадиган мангу жаннатлар бордир. У жойда уларнинг либослари ҳарир-ипак бўлгур.
Ушбу ояти карима мазмунидаги оят Ҳаж сурасида ҳам келган эди: “Албатта Оллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва дуру гавҳарлар билан безанурлар, либослари эса ҳарир-ипак бўлур” (Ҳаж сураси, 23-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло яна бир бор мўмин бандаларини остидан доимо тўрт улуғ неъмат билан тўла бўлган дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиши ҳақида хабар беради. Ўша жаннат-боғлар кимлар учун ваъда қилингани ва у тинимсиз оқиб турадиган дарёлар қандай дарёлар эканлиги тўғрисида мана бу ояти каримада айтилган: “Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!” (Муҳаммад сураси, 15-оят).
“Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанурлар, либослари эса ҳарир-ипак бўлур”.
Юқоридаги жумлада мўминларнинг Охират диёридаги мангу яшайдиган манзиллари зикр қилиниб, улар чор-атрофларидаги ўша анвойи нозу неъматлар ва меваларга тўла, ҳеч қачон хазон бўлмайдиган боғу бўстонларда оёқлари остидан тиним билмай оқиб турадиган дарёлар соҳилларида мангу роҳат-фароғатда яшашлари айтилгач, ушбу жумлада аҳли жаннатнинг устларидаги либослари ва зеб-зийнатлари зикр қилинади. Меҳрибон Парвардигоримиз Унга ишонган ва ҳаёти дунёдаги умрларини Унинг Буйруқларига амал қилиш билан ўтказган мўмин бандалари учун тайёрлаб қўйган мангу меҳмонхонаси бўлмиш жаннатларга киришдек буюк саодат насиб этган кишилар у жойда доимо бебаҳо зебу зийнатлар билан зийнатланган ва энг қимматбаҳо либослар билан ясанган ҳолларида энг азиз ва муҳтарам меҳмонлар янглиғ ҳаёт кечиришлари ҳақида хабар беради.
Азиз ҳамдарсим, агар эътибор қилган бўлсак, ояти каримада аҳли жаннатнинг зийнат ва либоси бўлиши айтилган олтин тақинчоқлар ва ипак кийимлар ҳаёти дунёда мўминлар учун манъ қилинган - Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салам: “Ушбу икки нарса эркак умматларим учун ҳаром”, деган эдилар. Шунингдек, жаннатдаги дарёларда оқиб турадиган ва жаннат аҳли ичиб роҳатланадиган май ҳам ҳаёти дунёда мўмин ва мўминалар учун ҳаром қилингани маълум. Албатта, мазкур “ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) май” билан бу дунёдаги ичган одамни ақлдан оздирадиган нопок майнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини эътироф этган ҳолимизда ояти карима мазмунидан шуни англашимиз лозимки, ушбу уч нарса - май, олтин ва ипак фақат мана шу имтиҳон оламида мўминларнинг иймон ва итоатларини синаш учун Шариати Исломийя томонидан ҳаром қилингандир. Бас, ким бу Илоҳий имтиҳондан ўта олса, Шариат Қонунига бўйин сунса, унинг учун Охиратда ушбу нарсалар ҳалол бўлади, аммо аксинча бўлса... бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Ким дунёда ипак кийса, Охиратда уни киймас, ким дунёда май ичса, Охиратда уни ичмас, ким олтин-кумуш идишда еб-ичса, Охиратда уларда еб-ичмас”, деб марҳамат қилдилар, сўнгра: “Улар аҳли жаннат либосидир, аҳли жаннат шаробидир, аҳли жаннат идиш-оёғидир”, деб қўшиб қўйдилар. (Насоий ривояти, “Тафсири Куртубий”дан).
Яна олти саҳиҳ ҳадис тўпламларининг Ибн Можжадан бошқа бешталари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда ҳам Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким дунёда май ичса-ю, сўнгра ундан тавба қилиб қайтмаган бўлса, у кимса Охиратда ундан маҳрум қилинур”, деб огоҳлантирганлар.
34. Ва улар (жаннатга кирган чоғларида) дедилар: «Бизлардан ғам-қайғуни кетказган Зотга ҳамду сано бўлсин. Дарҳақиқат, Парвардигоримиз ўта Мағфиратли, ўта Шукр қилгувчидир.
Ояти каримада жаннат аҳли жаннатга кирганларида айтадиган ҳамдларини “дедилар” тарзида ўтган замон феъли билан зикр қилиниши ўша ҳодиса рўй бериши аниқ бўлгани учундир.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ла илаҳа иллаллоҳ аҳли учун на ўлимда ваҳшат бор, на қабрда даҳшат бор ва на қайта тирилиб қабрларидан чиқишларида қўрқув бор. Мен гўё уларнинг Қиёмат хабарини бериб сур чалинган пайтида қабрларидан чиқиб, бошларидан тупроқни қоққанларича: “Бизлардан ғам-қайғуни кетказган Зотга ҳамду сано бўлсин. Дарҳақиқат, Парвардигоримиз ўта Мағфиратли, ўта Шукр қилгувчидир”, деяётганларини кўриб тургандекман”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва бошқа муфассирлар: “Оллоҳ таолонинг ўта Мағфиратли эканлиги - У бандаларининг қилган гуноҳлари қанча кўп бўлмасин кечириб юборганидандир, ўта Шукр қилгувчи эканлиги - У Зот бандаларининг қилган яхши амаллари жуда оз бўлса-да, қабул қилиб, неча-неча баробар кўпайтириб ажр-мукофотлар ато этишидир”, дейдилар.
35. У Ўз Фазлу Марҳамати билан бизларни мангу турадиган бир диёрга туширдики, у жойда бизларга на машаққат етар ва на чарчоқ етар».
Ояти карима жаннат аҳлининг у жойда бирон меҳнат-машаққатга йўлиқмасдан фақат роҳат-фароғатда яшашларига далолат қилгани каби бу том маънодаги бахтли ҳаёт уларга мангуликка берилишини, ҳеч қачон тугаб қолмаслигини ҳам баён қилади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада янада равшанроқ айтилган: “Бахт-саодат насиб этган зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмонлар ва Ер тургунча турурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган Ҳукмини қилур). Бу (яъни, жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас Инъомидир”. (Ҳуд сураси, 108-оят).
Яъни, ҳаётларини Ёлғиз Оллоҳга ибодат ва Унинг элчиларига итоат қилиш билан ўтказган бахтли кишиларнинг жойлари Оллоҳ таолонинг хоҳиши билан мангу жаннат бўлиб, улар у жойда осмонлар ва Ер тургунча, яъни, мангу қолурлар. Оллоҳ таолонинг уларга ато этган бу неъмати ҳеч қачон узилиб - тугаб қолмас. “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун битмас-туганмас ажр-мукофот бордир”. (Инишкрк, сураси, 25-оят).
Аллома ибн Касийр айтади: “Ушбу оятдаги “магар Парвардигорингиз хоҳласа”, деб истисно қилинишининг маъноси шуки, саодатли кишиларнинг жаннатда мангу қолишлари ўз-ўзидан бўлиб қолган эмас, балки фақат Оллоҳнинг хоҳиши билан бўлган, бас, аҳли жаннат шундай туганмас неъмат ато этгани учун ҳар нафасда У Зотга шукроналар айтишлари вожибдир. Шунинг учун ҳам улар жаннатнинг кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, ҳеч қачон тугаб қолмайдиган неъматларидан баҳраманд бўлар эканлар, худди нафас олишни унутмаганлари каби ҳар нафасда Оллоҳтаолога ҳамд ва тасбеҳ айтишни ҳам унутмай-дилар”.
Ояти каримада жаннатда мангу қолиш бахтли бандалар учун Оллоҳ таоло томонидан ато этилган “туганмас Инъом”, деб айтилишининг ўзи бу улуғ бахт фақатгина мўминнинг қилган амалларига яраша берилган ажр эмас, балки Оллоҳ бандасига берган ҳадя эканига ишорадир. Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизлардан ҳеч ким ўз ама-ли билан жаннатга кира олмайди”, деганлари, саҳобалари: “Сиз ҳамми ё Расулуллоҳ?”, дейишганида, “Ҳа, мен ҳам, магар Оллоҳ мени Ўз Раҳмат-Марҳамати билан ўраса, ана ўшандагина кира олурман”, деб жавоб берганлари ҳам жаннат Ҳақ таолонинг бандаларига берган инъоми эканига далолат қилади. (Бухорий, Муслим, Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят ҳилганлар).
“Саҳиҳайн”да ривоят қилинган мана бу ҳадиси шариф ҳам мўмин-ларга ато этиладиган жаннат қандай буюк неъмат эканига далолат қилади: “Сўнгра уларга айтилур: “Эй аҳли жаннат, энди сизлар учун фақат яшаш бор, ҳеч қачон ўлмайсизлар, энди сизлар учун фақат ёшлик бор, ҳеч қачон қаримайсизлар, энди сизлар учун фақат соғлик бор, ҳеч қачон оғримайсизлар, энди сизлар учун фақат неъматлар бор, ҳеч қачон улардан ноумид - маҳрум бўлмайсизлар”.
36-37. Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз. Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қилурмиз», деб дод-вой қилурлар. Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (азобларингизни) тотаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!
Юқоридаги оятларда жаннат аҳли, уларга ато этилажак ажр-мукофотлар ва уларнинг жаннатдаги аҳволлари, айтадиган сўзлари зикр қилингач, энди ушбу икки оятда дўзах аҳли, улар гирифтор қилинадиган азоб-уқубатлар ва уларнинг жаҳаннамдаги аҳволлари, қиладиган бефойда дод-войлари ҳақида хабар берилади.
Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятлардир: “Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) «Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан қутулайлик», деб) нидо қилганларида, у: «Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар», деди”. (Зухруф сураси, 77-оят). “(Оллоҳдан) қўрқадиган киши панд-насиҳат олажак. Катта ўтга (дўзахга) кирадиган бадбахт кимса эса ўзини у (насиҳат) дан четга олур. Сўнгра у жойда у на ўла олур ва на яшай олур!” (Аъло сураси, 10-13-оятлар).
Аҳмад ва Муслим Абу Саид Худрий розияллоҳу анхудан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам хутба қилар эканлар, ушбу ояти каримани ўқидилар ва дедилар: “Аммо жаҳаннамнинг ҳақиқий эгалари (яъни, кофир ҳолда ўлиб, Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло хузурига кофир ҳолда келган кимсалар), албатта улар у жойда на ўла олурлар ва на яшай олурлар. Аммо унинг аҳли бўлмаган (яъни, ўзлари кофир бўлмаган, лекин кечирилмаган гуноҳларининг жазосини олишлари учун вақтинча жаҳаннамга ташланган) кишиларни эса, дўзах ўти гўё ўлдиргандек бўлади, сўнгра шафоат қилгувчи зотлар уларни шафоат қиладилар, бас, улар тўп-тўп қилиниб, наҳрул-ҳаёт - ҳаёт дарёси деб аталадиган бир дарё олдига келтириладилар-да, унга ташланганларидан кейин уларнинг баданлари гўё сел оқизиб келган лойқадан униб чиққан ниҳоллар каби янгидан униб чиқади”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Яна бир саҳиҳ ҳадисда ҳам бу ҳақда хабар берилган: “Қалбида зарра мисқоличалик иймони бўлган киши албатта дўзаҳдан чиқади”.
Айрим муффассирлар оятдаги “(кофир) у жойда на ўла олурл ва на яшай олур”, жумласи тафсирида: “Жаҳаннамдаги кофир кимсанинг жони бўғзига тиқилиб қолади, бас, у на жони чиқиб кетиб ўла олади ва на жони жойига тушиб яшай олади”, деб тафсир қилганлар. (“Тафсири Куртубий”дан).
Ояти каримадаги: “Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?!” жумласининг тафсирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ушбу ҳадиси шариф ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло бир кишининг ажалини кечиктириб, олтмиш ёшга етказган бўлса, кечиришни чекига етказибти”. (Имом Бухорий ривояти). Яъни, кимга Оллоҳ таоло олтмиш ёш умр берса, энди унинг учун ҳеч қандай узр қолмайди. Чунки олтмиш ёш ўлимнинг ёқасидаги ёшдир, у тавба-тазарруъ қилиш, қалбда қўрқув ҳиссини туйиш ва ўлимга, Оллоҳтаолога рўбарў бўлишга кўз тутиб туриш ёшидир. Бас, кимда-ким Оллоҳ таоло уни ана шундай улуғ ёшга етказганидан кейин ҳам тавба қилмасдан, ўзини ўнгламасдан, қилган гуноҳларига истиғфор айтмасдан гуноҳ-маъсиятлар ботқоғига ботиб юраверар экан ва ўша алфозда ўлиб кетар экан, энди унинг Қиёмат Кунида дод-вой қилиб кечирим сўрашидан, Роббим агар мени ҳаёти дунёга қайтарсанг фақат солиҳ амаллар қиламан деб қасамлар ичишидан ҳеч қандай фойда йўкдир. Ҳақ таоло томонидан огоҳлантиргувчи қилиб юборилган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам келтирган Китобга умри бўйи қулоқ солмай ўтган кимса шак-шубҳасиз, золимдир - ўз жонига жабр қилган кимсадир. Қиёмат Кунида “золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!”
38. Албатта Оллоҳ осмонлар ва Ернинг сирларини Билгувчидир. Албатта У диллардаги сирларни ҳам аниқ Билгувчидир.
Яъни, осмонлар ва Ердаги, бутун борлиқдаги бандалар билмайдиган, уларнинг онг шуурларидан махфий бўлган барча сир-асрорлар Оллоҳ таолога аёндир - У барча ошкора ва яширин нарсаларни билур, бас, сизларнинг қилган амалларингиз қандай қилиб Унга маълум бўлмай қолиши мумкин? Бундай бўлиши асло мумкин эмасдир.
Диллардаги сирлардан ҳам жуда яхши Хабардор бўлган Оллоҳ таолога жаҳаннам эгалари бўлган кофир-мушрик кимсаларнинг Қиёмат Кунида айтадиган “Агар бизларни ҳаёти дунёга қайтарсанг, фақат солиҳ амаллар қиламиз”, деган гаплари ёлғон эканлиги ҳам жуда яхши маълумдир. Бу ҳақда Анъом сурасининг 28-оятида ҳам хабар берилган:
“Йўқ, (улар иймонга келмайдилар. Фақат ҳозир - Қиёмат Кунида) уларга илгари яшириб юрган нарсалари ошкор бўлиб қолди, холос. Агар (дунёга) қайтарилсалар, шубҳасиз, улар яна ўзлари манъ қилинган ишларга қайтадилар. Албатта улар ёлғончидирлар”. (Анъом сураси, 28-оят).
Ўтмиш ва келажакни, ҳозир ва ғойибни, зоҳир ва ботинни Билгувчи Зот, дўзах даҳшатларини кўриб дод-вой қилаётган, агар ҳаёти дунёга қайтарилганимизда иймон келтириб, яхши амаллар қилган бўлар эдик, деб қасамлар ичаётган кофирларнинг бу сўзлари ёлғон эканини, балки уларнинг илгари яшириб юрган сирлари ошкор бўлиб, куфр ва гуноҳлари юзага чиқиб, ўзларича йўқ деб юрганлари - дўзах кўзларига кўриниб, унинг борлиги ва бутун даҳшатлари аниқ маълум бўлиб қолгани учунгина агар қайтарилганимизда ундоқ қилар эдик, бундоқ қилар эдик, деб лоф ураётганларини айтади. Агар фаразан улар ўзларининг орзуларича ҳаёти дунёга қайтарилганлари тақдирда ҳам яна ўша аввалги қабиҳ қилмишларига қайтишлари, табиатлари ўта нопок бўлгани сабабли улар дўзахни ўз кўзлари билан кўрганларидан кейин ҳам ўнгланмасликлари ҳақида хабар беради ва энг катта Ҳақиқатларни - Оллоҳнинг Борлиги ва Танҳолигини, Охират борлигини, Қиёмат борлигини, жаннат ва дўзах борлигини ёлғон деган кофирларнинг ўзлари шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларини, бас, улар фақат дўзахда мангу азобланишга лойиқ махлуқлар эканликларини айтади.
39. У сизларни Ерда (ўтиб кетган ота-боболарингиздан кейин) халифа - ўринбосарлар қилиб қўйган Зотдир. Бас, ким кофир бўлса, унинг куфри фақат ўзининг зиёнига бўлур. Кофир бўлган кимсаларга куфрлари Парвардигорлари ҳузурида фақат ғазабнигина зиёда қилур. Кофир бўлган кимсаларга куфрлари фақат зиённигина зиёда қилур.
Ушбу ояти каримада то Қиёмат қойим бўлгунича Ер юзида инсонлар ҳаёти узлуксиз давом этиши, Оллоҳ таоло давомли равишда ҳаёти дунёдан кетганлар ўрнини тўлдириб, аждодлар ўрнига авлодларни ўринбосар қилиб бориши ҳақида хабар берилади. Демак, ҳар бир инсон учун ўзи яшаб ўтган давр - аср унга ато этилган ғанимат фурсатдир, ажр-мукофотларга лойиқ амаллар қилиб олиш учун берилган имкониятдир. Мана шу фурсатнинг омонат эканини, ўзига берилган умр муваққат эканини билган ва уни иймон билан, солиҳ амалларга тўлдириб яшаган инсон, ўзининг аждодлар ўрнига келган ўринбосар эканини ва яқинда унинг даври хам ўтиб, ўрнига бошқа ўринбосарлар келиши аниқ эканини ҳис қилиб яшаган инсон албатта Оллоҳтаоло унга синов - имтиҳон учун ато этган ҳаётда зафарларга эришиб, Охиратда нажот топгувчи - том маънода бахтли инсондир.
Аммо кимда-ким кўрнамаклик қилиб кофир бўлса, уни Ер юзида халифа-ўринбосар қилиб қўйган Зотнинг Амрига итоат этмаса, Ҳукмига бўйинсунмаса, бу кўрнамакликлигининг зиёни фақат ўзигадир, унинг бу мудҳиш жинояти учун бошқа ҳеч ким эмас, фақат ўзи жазоланади, Ҳақ таолонинглаънати ва азобига гирифтор бўлади.
“Кофир бўлган кимсаларга куфрлари Парвардигорлари ҳузурида фақат ғазабнигина зиёда қилур. Кофир бўлган кимсаларга куфрлари фақат зиённигина зиёда қилур.”
Яъни, улар куфрларида давом этар эканлар, Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлаверадилар, куфрларида оёқтириб тураверар эканлар, ўзларига ҳам, яқинларига ҳам фақат зиённи, кулфат ва ҳалокатни кўпайтираверадилар!
40. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушрикларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган шерикларингиз-бутларингиз (ниманинг шарофати билан илтижо-ибодат қилинишга сазовор бўлдилар)? Менга кўрсатиб берингизчи, улар Ердан бирон нарсани (бирон бўлагини) яратганмилар, ёки уларнинг осмонларда (яъни, осмонларни яратишда Оллоҳга) шерикликлари борми, ёхуд Биз уларга бирон китоб ато этдикмики, улар ўша (китобдан ўзларининг Бизга шерик эканликлари ҳақида) бирон ҳужжат устида бўлсалар?! Йўқ, у золим кимсалар бир-бирларига («Бутларимиз бизларни шафоат қиладилар», деб) фақат алдовни ваъда қилурлар.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом Сиз мушрик кимсалардан сўранг: “Менга айтиб беринглар-чи, сизлар Оллоҳ таолони қўйиб дуо-илтижолар қилаётган шерикларингиз, яъни, сизлар “Оллоҳнинг шериклари” деб даъво қилиб сиғинаётган бут-санамларингиз Ернинг бирон бир бўлагини яратдилармики, “илоҳ”ликка ҳақдор бўлсалар?! Ёки уларнинг осмонларни яратишда ва тасарруф қилишда Оллоҳ таолога шерикликлари бормики, ўша сабабдан илоҳликда Оллоҳ таолога шерик бўлсалар?! Ёки Оллоҳ таоло ўша бут-санамларга бирон китоб-ҳужжат берганмики, улар ўша ҳужжат билан Оллоҳ таолонинг сиғинишга ҳақдор бўлган шерикларига айланиб қолган бўлсалар?! Йўқ, мушриклар “илоҳларимиз” деб сиғинаётган бут-санамларда мазкур сифатлардан биронтаси йўқдир! Бас, ўз жонларига жабр қилгувчи бўлган мушрик кимсаларнинг: “Илоҳларимиз бизга Қиёмат Кунида ёрдам қиладилар, улар бизларни Оллоҳга яқин қиладилар, Оллоҳ ҳузурида бизларни шафоат қиладилар”, деб бир-бирларига қилаётган ваъдалари қуруқ сафсатадан ўзга нарса эмасдир!
41. Албатта Оллоҳ осмонлар ва Ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки, агар улар қуласалар У Зотдан сўнг (яъни, Оллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас. Дарҳақиқат, У Ҳа-лим ва Мағфиратли бўлган Зотдир.
Юқоридаги оятларда мушрикларнинг сиғинадиган бут-санамлари на Ер ва на осмонда бирон иш қилишга қодир эмасликлари баён қилингач, ушбу ояти каримада осмонлар ва Ернинг Яратгувчиси ҳам, уларни фазода қулаб - йўқ бўлиб кетишдан сақлаб тургувчиси ҳам Танҳо Оллоҳ таолонинг Ўзи эканлиги, агар қулайдиган бўлсалар, Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким уларни тутиб қола олмаслиги таъкидланади ҳамда Оллоҳтаоло бениҳоя Ҳалим ва Ўта Кечиргувчи бўлгани боис мушрик-кофир кимсалар Унга ширк келтириб, “Оллоҳнинг боласи бор”, деб турсаларда, ғазабланмай, азобини нақд қилмай осмонлар ва Ерни ўз ўрнида сақлаб тургани айтилади. Ушбу мавзу мана бу оятларда янада очиқроқ баён қилинади: “(Эй мушриклар), сизлар шундай оғир нарсани айтдингизки, унинг сабабидан - Раҳмоннинг боласи бор, деган даъво(нинг оғирлиги)дан осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар парча-парча бўлиб қулашга яқин бўлур. (Марям сураси, 89-91-ояпишр).
Ушбу оятларни диққат ва инсоф билан ўқиган киши дарҳақиқат, уларни осмону заминни ҳам, тоғу тошларни ҳам яратган Эгаси нозил қилганига иймон келтиради. Чунки Ерлик одамнинг хаёлига Ер ёрилишидан ўзга нарса келиши амри маҳолдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Мушриклар: “Оллоҳнинг боласи бор”, деган вақтларида инсон ва жинлардан бошқа жамийки махлуқот, осмонлар, Ер ва тоғлар даҳшатга тушганларидан тамоман йўқ бўлиб кетишга яқин бўладилар, малоикалар ғазабланиб, жаҳаннам олови кўкка ўрлайди”. (“Тафсири БағавшГдан). Яъни, ҳеч қандай шерикка, ёрдамчига ёки болага муҳтож бўлмаган Танҳо Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтириш, “Унинг боласи бор” дейиш шу қадар оғир туҳматки, бирон ақлли инсон бундай бўҳтон сўзни айтиши мутлақо мумкин эмасдир. Нафақат инсон, балки Оллоҳ таолонинг жонсиз махлуқотлари бўлмиш Ер-у осмон ва тоғ-тошлар ҳам мушрик кимсалар оғзидан чиқаётган бундай бўҳтон сўзни эшитганларида унинг оғирлигини кўтара олмасдан ғазабдан тарс ёрилиб, парчаланиб, ер билан яксон бўлиб кетишга яқин бўладилар, бош-қача айтганда, Қиёмат қойим бўлишига оз қолади. Фақат Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига маълум бўлган ҳикмат сабабли ва Қиёмат Соати қачон келишини Унинг Ўзи аниқ белгилаб кўйгани боисидан Ердаги ҳаёт яна давом этаверади, бахти қаро мушрик кимсалар эса, ғафлат уйқусидан уйғонмасдан, яна ўзларининг: “Оллоҳнинг боласи бор”, деган ботил ақидаларида адашиб-улоқиб юраверадилар.
42. (Макка кофирлари) агар уларга бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) келса, албатта ҳар қандай умматлардан ҳам ҳидоят топгувчироқ бўлишлари ҳақида Оллоҳ номига жон-жаҳдлари билан қасам ичгандилар. Бас, қачонки уларга огоҳлантиргувчи (Муҳаммад алайҳис-салом) келгач, (бу) уларни янада (Ҳидоятдан) узоқлаштирди, холос.
Араблар Бани Исроил қавмидан элчи-пайғамбарлар чиққани каби араб қавмидан ҳам пайғамбар чиқишини орзу қилишар, яҳуд ва насронийларнинг кўплари ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилганларини эшитганларида уларни лаънатлаб: “Агар бизга ҳам бирон-бир огоҳлантиргувчи пайғамбар келганида эди, Оллоҳга қасамки, биз ана у айрим яҳудий ва насронийларга қараганда Тўғри Йўлга юргувчироқ бўлар эдик, яъни, ўзимизга юборилган пайғамбарни ҳеч биримиз ёлғончи қилмас эдик”, деб қасамлар ичар эдилар. Аммо қачонки уларга ўз қавмларидан бўлган, ўзлари орзу қилган Огоҳлантиргувчи - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Элчи қилиб юборилганида эса, улар Тўғри Йўлга юриш - Расулуллоҳга иймон келтириб, у зотга итоат этиш ўрнига ундан янада узоқлашдилар, холос!
43. Улар Ерда мутакаббирлик қилиб ва (пайғамбарга қарши) ёмон макр-ҳийла қилиб (ҳидоятдан узоқлашдилар). Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур. Бас, улар фақат аввалгиларнинг суннатларига (яъни, кўргуликларига) кўз тутмоқдалар, холос (яъни, уларнинг ҳам бошларига аввалги динсизларнинг куни тушар). Бас, Сиз ҳаргиз Оллоҳ суннати - қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Оллоҳ суннатининг алмашганини (яъни, азобга мустаҳиқ бўлган кимсалар қолиб, ўзгалар азобланганини) кўрмассиз.
Яъни, мушрикларнинг бу қилиқлари - улар орзу қилган Пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига нозил бўлган Қуръони Азим билан келганларида мушрик-кофир кимсаларнинг дарҳол иймон келтириш ўрнига куфрларига яна куфр қўшилиб, иймондан янада узоқлашишлари улар Оллоҳ таолонинг оятларига эргашишдан кибр қилганлари ва одамларни Оллоҳ Йўлидан тўсиш учун жуда ёмон хийла қилмоқчи бўлганларидандир. Бас, маълум бўладики, улар аҳдларида турмайдиган, ваъдаларига вафо қилмайдиган ёлғончи махлуқлар экан. Энди мушрикларнинг қилган разил макр-ҳийлалари фақат ўзларини ўраб ҳалок қилур, ёмонликлари учун албатта жазоларини олурлар. Энди уларнинг бошларига ҳам аввал ўтган умматлар орасидаги ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилган кимсаларнинг бошларига тушган бало-мусибат ва ҳалокатлар албатта тушар, улар гирифтор бўлган азоб-уқубатларга булар ҳам шак-шубҳасиз, гирифтор бўларлар! Чунки бу Оллоҳ таолонинг азалий ва абадий Қонунидирки, Оллоҳнинг Қонунини ҳеч ким, ҳеч қачон ўзгартира олмас! “Қачон Оллоҳ бирон қавмга ёмонлик - бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас!” (Раъд сураси, 11-оятдан).
44. Ахир улар Ер юзида сайр қилиб, ўзларидан аввалги (динсиз) кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўрмайдиларми?! Ҳолбуки, (аввалгилар) булардан кўра кучли-қувватлироқ эдилар. На осмонлардаги ва на Ердаги бирон нарса Оллоҳдан қочиб қутулгувчи эмасдир. Зотан, У Билим ва Қудрат Эгаси бўлган Зотдир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло одамларни ва хусусан, Макка мушрикларини Ернинг ҳар тарафларига саёҳат қилиб, ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилган, уларнинг устидан масхара қилиб кулган қавмлар қандай ҳалок қилинганларини улардан қолган вайроналардан кўриб, кўзлари очилиб, ибрат олишга чақиради.
“Танвийрул-азҳон мин тафсири Руҳул-баён” тафсирида ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Масжидул-Ҳаромда Билол, Суҳайб ва Аммор каби бечора - мискин саҳобалари билан ўтирган эдилар, мушрикларнинг катталаридан бўлган Абу Жаҳл бир тўда қурайш-ликлар билан ўтиб қолди ва: “Муҳаммад мана шуларни жаннат подшоҳлари деб ҳисоблайди”, деб фақир мусулмонларни масхара қилиб кулди ва ҳеч қанча вақт ўтмай Бадрда бу истеҳзосининг жазосини олди - ҳалок қилинди. Бу воқеа ҳам ақл эгалари учун ибрат ўрнидир.
45. Агар Оллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан ушлаганида эди, (Ер) юзида бирон жониворни тирик қолдирмаган бўлур эди. Лекин У Зот уларни (жазолашни) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача) қолдирур. Бас, қачон ўша муддатлари келгач, (уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларининг мукофот-жазоларини берур). Зеро, Оллоҳ бандаларини Кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
Ушбу ояти карима юқоридаги оятларда зикр қилинган мушрик-кофир кимсаларнинг мудҳиш кирдикорлари ва куфр сўзларидан хабардор бўлган киши кўнглида табиий равишда пайдо бўладиган: “Нега Оллоҳ таоло ундай жиноятчиларни дарҳол қириб, ҳалок қилиб юбормас экан-а?” деган саволга Ҳақ таоло томонидан берилган жавобдир. Шунингдек, ояти карима Жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг бениҳоя сабрли ва беқиёс Ҳалим Зот эканлигига ҳам равшан далилдир. Чунки оят мазмунидан англашилишича, Қодир Оллоҳ агар золим кимсаларнинг иймонсизлик билан қилган зулмларига сабр-тоқат қилмасдан ғазабига оладиган бўлса, улар содир этган мудҳиш жиноятларга ҳалимлик қилмасдан Ўз азобини юборадиган бўлса, у ҳолда золимларнинг касофатидан нафақат уларнинг ўзлари, балки Ердаги тирик жонзотнинг ҳаммаси қирилиб кетган бўлар эди. То Қиёмат дунёга келадиган барча инсонларга ибрат бўлсин учун тарихда бўндай воқеа бир марта содир бўлди ҳам!
Қатода айтади: “Оллоҳ таоло Нуҳ замонида шундай қилди - золим кимсаларнинг касофатидан Нуҳ алайҳис-саломнинг кемасидаги кишилардан бошқа, Ердаги барча жонзотни ҳалок қилиб юборди”.
Байҳақий ривоят қилишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир кишининг: “Золим кимса фақат ўзигагина зиён қилади”, деяётганини эшитиб: “Йўқ, Оллоҳга қасамки, золимнинг зулми касофатидан ҳатто уясига яшириниб олган қушлар ҳам ҳалок бўладилар”, деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анху эса: “Яқинки, ўз инларидаги ҳашаротлар ҳам Одам боласи қилган гуноҳ сабабли ҳалок бўладилар”, деди ва ушбу ояти каримани ўқиди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Демак, золимларнинг зулми сабабли ўша қавмдаги яхши инсонлар ҳам ҳалок бўлиб кетишлари мумкин экан. Бу ҳақда “Саҳиҳи Муслим”да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шарифда хабар берилади: Ибн Умар айтади: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қачон Оллоҳ таоло бир қавмга азоб юборишни ирода қилса, у азоб ўша қавмдаги яхши-ю ёмон барча одамларга етади, сўнгра Қиёмат Кунида улар ниятларига қараб (золимлар дўзах аҳли сафида, мўминлар аҳли жаннат қаторида) тириладилар”, деяётганларини эшитганман”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
“Зеро, Оллоҳ бандаларини Кўриб тургувчи бўлган Зотдир”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу жумла тафсирида айтади: “Албатта, Оллоҳ таоло бандаларидан ким Унга тоат-ибодат билан ўтганини ва ким умрини гуноҳ-маъсият билан ўтказганини Кўриб тургувчи ва Қиёмат Кунида уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган амалига яраша жазо Бергувчидир”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Фотир сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.