loader
Foto

Ислом қандай илмга чақиради?

Қуръон оятларида табиий илмларни ўрганишга чақириқлар бор.

«Рум» сурасида шундай дейилган: «Ва Унинг оят – белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир. Албатта, бунда олимлар учун оят – белгилар бордир» (22-оят).

«Фотир» сурасида эса: «Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингми? Бас, у ила турли ранглардаги меваларни ва тоғлардан ҳам йўл-йўл, оқ ҳамда қизилнинг турли рангларини ва қоп-қораларини чиқардик. Шунингдек, одамлардан, ҳайвонлардан ва чорвалардан ҳам турли ранглардагиларини чиқардик. Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» (27, 28-оятлар).

Бу оятларда зикр қилинган «олимлар»дан мурод, Аллоҳ ер юзида яратган махлуқотларнинг сир-асрорларини билувчи шахслардир. Бу оятларнинг мавзуи ҳам табиий илмлардир. Чунки, табиий илмлар борлиқдаги нарсаларни ва уларнинг хусусиятини ўрганади. Аввалги оятда айтиб ўтилган «осмондан сув тушириш» сирини фақат табиий илм орқали билинади. Бу сувнинг таркибини ва хусусиятларини кимё илми орқали билинади. Шу сув сабабли ўсиб чиққан ўсимликлар ва меваларнинг сирини эса табиат илми тушунтиради. Тоғлар ва улардаги оқ, қизил, қора турларни жуғрофия ўрганади. Инсон жинсларини ва ҳайвонот оламини эса, антропология, зоология, биология ўрганади. Оятнинг охиридаги «Албатта, бандалари ичидан фақат олимларигина Аллоҳдан қўрқарлар», деган жумлага назар солсак, унда Аллоҳни ҳақиқий тан олиб, ундан ҳақиқатан қўрқадиган кишилар табиий илмларни яхши билувчи кишилар эканлигини тушунамиз. Чунки, бундай олимлар агар иймонли бўлсалар, уларнинг илми Аллоҳдан қўрқишга чорлайди.

Биология

Қуръон оятларида инсонни ўзига назар солишга ундаш ва қандай вужудга келганини тафаккур қилишга даъват бор: «Инсон нимадан яралганига назар солсин. У отилиб чиқувчи сувдан яратилгандир. У (сув) сулб (умуртқа) ва тароиб (кўкрак суяги) орасидан чиқадир» («Ториқ» сураси, 5—7-оятлар).

Вужудга келишнинг аслига назар солиш орқали инсон биология илмига етишади, бу илм эса, унга ўзининг бир ҳужайрадан ривожланиб бориб,  тўлиқ одам бўлиб яратилганигача босиб ўтадиган босқичларининг сир-асрорларини билдиради.

Психология

Қуръони Каримда инсонни ўз нафси ҳақида фикр юритишга чақирувчи оятлар бор: «Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?!» («Зарият» сураси, 21-оят).

Ўз нафсига назар солиш орқали психология илмига етиб борилади. Бу илм эса, инсондаги ҳис-туйғулар, сезги-ҳаяжонлар ва бошқа кўпгина ҳолатларни ўрганади.

Тарих ва социология

Қуръон мусулмон кишининг кўз олдида турган мавжудотларни ўрганишга чақирибгина қолмай, аввалги ўтган халқларнинг тарихи, уларнинг ободончилик йўлида олиб борган ишлари, ҳавойи нафсга берилиб, оқибатда ҳалокатга учраганларини ҳам ўрганишга ундаган. «Рум» сурасида шундай дейилган:

«Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?! Уларнинг булардан қувватлари кўпроқ эди ва ерга ишлов бериб, уни булар обод қилгандан кўра кўпроқ обод қилган эдилар. Ва уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин (оят)лар билан келдилар. Аллоҳ уларга зулм қилмас эди, лекин улар ўзларига зулм қилардилар» (9-оят).

Қаранг, бир халққа шундай таълимотлар келибди. Унда ўтган умматларнинг тараққиёти, ободончилиги, юзтубан кетиши ва хароб бўлиши сабабларини ўрганишга чақириқ бор экан. Бу чақириқ тарих ва социология илмини ўрганишга бўлган чақириқ эмасми?

"Иймон" китобидан,

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)