loader
Foto

Пантеизм

Пантеизм (юнон. раn – ҳамма, theos – худо) – қадимги даврдан бошлаб шаклланган фалсафий таълимот бўлиб, унга кўра худо билан табиат (хатто инсон ҳам) бир–бирига, тамоман, мос бўлиб тушади деган ғоя устунлик қилади.

 Пантеизм ва пантеист атамалари илк бор инглиз файласуф Ж. Толанд ва нидерландлик файласуф И. Фай асарларида қўлланилган[1]. Бироқ пантеизм анъаналари анча олдин шаклланган. Масалан, қадимги ҳиндларнинг диний қарашларида (Брахманизм, Ведантлар), қадимги хитой даосизми ва қадимги юнонлар файласуфлари қарашларида (Фалес, Анаксимандр, Анаксимен) пантеизм ғоялари акс этилган. Афлатуннинг руҳ эманацияси концепциясида ҳам пантеизм ғоялари билан суғорилган. Қадимги даврларда политеизм (кўпхудолик) кўпроқ ҳукмрон бўлиб, тавҳид илми аксар халқларда кам тарқалган эди. Шунинг учун ҳам политеистик динлар (мушриклар) ичида пантеизм қандайдир алоҳида диний доктрина сифатида яққол шаклланмаган эди. Ўшанда Коинотни илоҳлаштириш табиатнинг бошқа бир нарсаларни масалан дарахтлар, қоялар ёки табий ҳодисаларнинг илоҳийлаштиришдан унчалик фарқ қилмаган. Унинг алоҳида диний доктрина бўлиб шаклланиши дунёда тавҳид таълимотининг тарқалишидан сўнг юзага келди. Аввалига неоплатонизм ғоялари таъсирида пантеизм самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик ва ислом) ичида пайдо бўлди. Ушбу фалсафий оқимнинг негизи сифатида Абсолютнинг (лот. — ҳар қандай муносабатлар, шартлардан озод, мутлақ, мустақил, мукаммал) босқичма-босқич тушиши каби эманация (илоҳий жилоланиш ғояси)ни қайд этиш мумкин, натижада Борлиқнинг (нус, νοῡς ва ҳ.к.) энг қуйи мақомлари шаклланади ва энг қуйи мақомда “йўқлик” (мэон, μήόν) кўринишадаги материя юзага келади.[2] Исломда неоплатонизм ғоялари “Ваҳдатул вужуд” доктринаси кўринишида пайдо бўлди. Бу таълимотнинг энг кўзга кўринган вакили "Анал Ҳақ" (Мен Худоман) деган Мансур Халлождир. Ундан кейингилар Мансур Халложни ўзига устоз билганлар. "Хусайн ибн Мансур Халлож "Анал Ҳақ"-"Мен Ҳақман, Ҳақсиз вужуд йўқ" дегани каби, баъзи мутасаввифлар ҳам: "Солик ғояга (мақсадга) етгач, ёш ниҳолга сув хулул этишдек, Аллоҳ ҳам унга хулул этади, ажратиш мумкин бўлмайди, шунда: "Мен У ман, У мендир" дейиш мумкин..." дейишади. Уларнинг фикрича, бу қўшилув ё иттисол (боғланиш), ё ижтимоъ (жамланиш), ёки истиҳола (ҳолдан қайтиш) йўли билан содир бўлади. Аллоҳ бу каби ҳоллардан муназзахдир... Ушбу доктрина насронийларнинг Ийсо алайҳиссалом бир вақтнинг ўзида ҳам Худо ҳам инсон деган бузуқ эътиқодларига ҳам мос келади. Мансур Халлож ғоялари фақиҳлар ва бошқа мусулмон жамоатларининг ғазабланишига сабаб бўлди ва у ҳижрий 309 йил қатл этилди. Жуда кўп сўфилар ҳам Халлож таълимотини танқид қилганлар[3].

"Ваҳдатул вужуд (Пантеизм) қарашидаги мутаккалим яъни фалсафий мутасаввифларнинг "ижоди"да муҳим рол ўйнаган бир адашиш эди. Манбъаларга қарасак бу ғоя билан ўрта асрларда кўп Ислом уламолари таъсирланганини кўрамиз. "Ваҳдатул вужуд назарияси бу даврга келиб жахон фалсафа тизимида тобора кенгайиб борди. Суфийлар, файласуфлар ва ёзувчию шоирларнинг 99 % бу назарияни ўзларининг мазҳаби қилиб олдилар"[4]. ...Тилмисонийнинг ривоятига кўра, Мансур Халлож ўз тобиъларига (ёронларига) ёзган мактубида бундай деган эканлар: "Раббиларининг Раббидан бандаси фалонча ўғли фалончага...). Тобъилари ҳам хат ёзганда у кишига ушбу иборалар билан хитоб этишаркан: "Эй зотларнинг зоти, Сен ҳар шаклга кирасан, Сен шу онда Хусайн ибн Мансур шаклидасан, Сен Алламул-Ғуйубсан, Сенинг раҳматингни истаймиз". Агар нақл рост бўлса, тортушувга лузум йўқ. Қатли вожибдир..."[5]

"Имом Суютий ўзларининг «Тарихи хулафо» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар: «Уч юз биринчи хижрий санада Халложни туяга миндириб сазойи қилинган ҳолда Бағдодга олиб кирилди ва «Бу карматийларнинг даъватчиларидан биридир! Уни таниб қўйинглар!» деб жар солинди. Сўнгра тўққизинчи йили қатл қилингунича қамаб қўйилди. Уч юз тўққизинчи йили Халложни қози Абу Амр, фуқаҳолар ва уламоларнинг унинг қони ҳалоллиги ҳақидаги фатвоси ила қатл қилинди…»[6].

Халложнинг қадимги ва ҳозирги мухлислари даъво қилганларидек, уни тўғри гапни айтгани учун баъзи жоҳиллар қатл қилган эмас. Балки уни энг нотўғри гапни айтиб, айтганида туриб олганидан кейин, тўққиз йил қамоқда сақлаб ҳам ўзига келмаганидан кейин мусулмонларнинг ижмоъи ила қатл қилишга ҳукм қилинган. Албатта, тўртинчи ҳижрий асрнинг бошида исломий илмлар ўзининг авжида, мусулмонлар динларида мустаҳкам ҳолларида, диний эътиқод ва таълимотлар мусаффо ҳолида юксалган эди. Аммо кейинчалик таназзулга юз тутилди. Турли омиллар таъсирида мусулмонлар ичида Ислом таълимотларига зид нарсалар ҳам тарқала борди. Одамлар Қуръон ва Суннатни қўйиб турли фалсафа ва ғариб фикрларга берилиб кетди. Бора-бора Мансур Халложнинг «Анал Ҳақ» - Ҳақ менман» ёки «маа фил жуббати иллаллоҳу» - чопоннинг ичида Аллоҳдан бошқа йўқ» каби иборалари ип эша олмайдиган гап-сўзлар ва ишлар кенг тарқалди. ва яна: "Бир киши бошқа бировдан Ибн Арабийнинг «Фусусул ҳикам»ини ўқир эди. У ўз устозини Аллоҳнинг валий ва ориф бандаларидан деб билар эди. У китобни ўқиб туриб, унинг Қуръонга хилофлигини билиб қолди ва устозига: «Бу гап Қуръонга хилоф-ку», деди. Шунда ҳалиги устози: «Қуръоннинг ҳаммаси ширкдир. Тавҳид бизнинг каломимизда, холос», деди. Яна бир киши эса ваҳдатул вужуд назариясига амал қилувчи шахс билан юриб бораётиб, сасиб ётган ўлик итни кўрди ва: «Бу ҳам Аллоҳнинг зотими», деди. Ваҳдатул вужудчи: «Ундан ташқарига чиқадиган нарса бормиди? Ҳа, ҳамма нарса Унинг зотидир!» деди.

Ваҳдатул вужуд назарияси тарафдорига: «Агар вужуд битта бўлса, нима учун хотин ҳалол бўлиб, она ҳаром бўлган», дейилди. Шунда у саволга: «Бизнинг наздимизда ҳамма нарса битта. Аммо анави сўқирлар «ҳаром» дедилар ва биз сизларга «ҳаром» дедик», деб жавоб берди".[7]

“Ваҳдатул вужуд” эътиқодининг муаллифи 638 ҳижрий санада вафот этган ибн Арабийдир. Унга кўра, иккита борлиқ бўлишиши мумкин эмас, Холиқ ва махлуқ деган нарса йўқ фақат Аллоҳгина мавжуд. Бу фалсафа келтириб чиқарган оқибатларнинг бири ахлоқ-одобга асосланган маъсулиятни йўққа чиқаришда намоён бўлади. Ҳамда мувваҳидлар ва мушрикларни ва солиҳ амаллар ва гуноҳларни тенглаштириш ҳам “ҳақнинг бир кўриниши” сифатини олди.[8]

Кўплаб Ислом уламолари ваҳдатул вужуд, ҳулул ғояларининг тавҳид ниқоби остида ривожланиш хатарини аввалдан кўра билган ва мазкур ғояларга қарши курашган. Олимларнинг бу борада қилган ишларига энг ёрқин мисол тариқасида Абу Ҳомид Ал-Ғаззолийнинг "Таҳофутул-фалосифа" асарини келтириш мумкин. Олим мазкур асарида Ал Киндий мактаби вакиллари фалсафаси хато эканини далиллар билан исботлаб шу қадар танқид қилдики, Ислом дунёсида бу йўналиш деярли йўқолди. Ваҳдатул вужуд ғояси қолдиқлари фақат сўфийликнинг ўта фалсафий оқимларида сақланиб қолди.

Европада Уйғониш даврида умуман ўзгача ҳолат юзага келди. Бу ерда пантеизмга муносиб қарши чиқувчилар топилмади ва у насронийлик дунёқарашларига мухолиф мавқени эгаллади. Аввалига у Николай Кузанский каби насроний илоҳиятчиларига таъсир қила бошлади, сўнг Жордано Брунолар очиқ пантеистик концепцияларни олға сура бошлади: “...табиат... нарсаларда намоён бўлган Худодан бошқа нарса эмас.[9] Кейинчалик бу ақидани Бенедикт Спинозалар ривожлантирди, унинг таъсирида эса Шеллинг ва Гегел ҳам бу ботил эътиқодни ривожлантирди. Понтеизмнинг диний қарашларга зид кела бошлаши шу даражага етдики, хатто Шопенгауэр: “Пантеизм – атеизмнинг бир тури”, деган маънода ёзишга мажбур бўлди.

Фалсафа фанидаги Гегелга ўшаш йирик дарғалар туфайли жуда кўп университет доираларида пантеизм ҳукмрон доктринага айланди. Бироз вақт ўтиб Европанинг барча таълим муассасалари тизимида бу таълимот мустаҳкам ўрнашиб олишига муваффақ бўлди. Бу муваффақият дунёни илмий йўллар билан билиш тамоийиллари ўрнига дунёни яралишига пантеистик нуқтаи назар билан қараш эгаллаб олди. Масалан, замонавий эволюция назарияси тириклик ҳаётидаги ўзгаришларнинг пайдо бўлиш эманацияси ғоясининг узвий давоми ҳисобланади. Бугун ҳам дунёвий таълим шиорлари остида пантеистик дунёқараш даъват қилинмоқда. Масалан, “она табиат”, “табиат кучлари” ва шунга ўхшаш тушунчалар пантеистик дунёқараш замиридан келиб чиқмоқда. Мактаб, сўнг олий ўқув юртларида олинган билим ёш одамнинг онгида пантеистик дунёқарашни яхшигина шакллантириб беради. Шунинг учун ҳам фарзандларимизга дунёнинг яралиши ва унда инсоннинг ўрни ҳақида исломий тушунча беришда шу нарсага доим тўқнаш келамиз. Вақти-вақти билан биз фарзандларнинг қаршилигига дучор бўламиз – инсоннинг ёши ўтган сари, қаршиликлари ҳам тобора ортиб боради. Бунга ечим топиш учун мактабдаги таълим бериш услубларини тавҳид динлари вакиллари билан кенг миқёсда муҳокама қилиш ёки пантеистик (кўп худоликни тарғиб қилувчи) дунёқарашларни таълим берувчи омилларни бартараф қилиш зарур.

Ислом ақидаси политеизмнинг ҳар қандай кўринишини рад қилади: очиқ ширк ва пантеизм шулар жумласидандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда бизни ҳар доим Қуръони карим орқали огоҳлантириб туради. Намоз ўқир эканмиз, ҳар бир ракаатда “Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин” дея Фотиҳа сурасини такрорлаймиз. Аллоҳ шундай Зотки, дунёлар унинг иродаси билан бор ва У томонидан бошқарилади. Қуйидаги сўзларни айтишимиз биланоқ биз Аллоҳни бошқача йўл тута олмаганидан неъмат берадиган номаълум куч деб эмас, балки Яратувчи ва Бошқарувчи деб идрок қиламиз: “У осмонлару ерни пайдо қилувчидир. Бирор ишни қилмоқчи бўлганида, унга: «Бўл!» деса, бўлаверадир (Бақара сураси, 117). Эрталаб уйғонганда ёки кечаси уйқуга кетаётганда оятул курсийни ўқиймиз: “Аллоҳ Ундан ўзга илоҳ йўқ зотдир. У тирик ва қаййумдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, халос. Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган. Уларни муҳофаза қилиш Уни чарчатмас. Ва У Олий ва Азим зотдир” (Бақара сураси, 255). Мана бу жуда муҳим оятда Аллоҳ таоло аниқ қилиб, айнан Унинг иродаси бу дунёни бошқараётганини ва бу дунё Унинг бир қисми эмас, балки тўлалигича унинг мулки эканлигини айтмоқда. Шунинг учун, мўмин киши бунақа пантеизм каби мавҳум, аммо замонимизда тарқалган ҳодисаларга эҳтиёт бўлиб муносабатда бўлиши керак, ҳамда бу диний доктринанинг тавҳид ақидасига зарар беришидан огоҳ бўлиши зарур.

Манбалар асосида

Абу Муслим тайёрлади



[1]Pantheism. Stanford Encyclopedia of Philosophy.

[2] Неоплатонизм

[3] Юсуф Қаразавий. Тасаввуфга муносабатимиз

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. "Тасаввуф ҳақида тасаввур"

[5] Кумушхонавий. "Жомиъ ул мутун"

[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. "Тасаввуф ҳақида тасаввур"

[7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. "Тасаввуф ҳақида тасаввур"

[8] Юсуф Қаразавий. Тасаввуфга муносабатимиз

[9]Bruno, G., 1584, Cause, Principle and Unity, edited and translated by R. de Lucca and R.J.Blackwell, Cambridge: Cambridge University Press, 1998.