loader
Foto

Ўлик тупроқнинг тирилиши

"Ўлик ер (арз) улар учун бир оят—аломатдир, биз унга ҳаёт бердик (ёмғир билан), ундан дон (ҳаббан) чиқардик, ундан ейдилар".

Олдин оятнинг илк жумласини англашга тиришайлик. Юқорида айтганимиздай, илмий Қуръон оятларида "оят" калимаси бир илмий қонун демакдир. Шундай бўлгач, биринчи жумла: Ўлик тупроқнинг жонланиши қонуний ҳодисадир, илмий аломатдир, деган маънони билдиради.

а) Ернинг яшашга тайёр бўлган илк пайти: бунгача тупроқ бир кимёвий бирикмалар йиғиндиси эди, сўнгра тупроқдан кутилган жон юзага келди.

Олдин ўсимликлар, кейин жонлилар яшай бошлаши учун тупроқнинг жонланиши шарт эди. Зеро, тупроқдаги бактерияларнинг фаолиятга ўтиб, азотни ва фосфорни органик кимёдаги бирикмаларга қўшиладиган аҳволга келтирмасдан бурун ўсимликларга ҳаёт эшиги очилиши мумкин эмасди.

Шундай қилиб, ўлик тупроқнинг илк тирилиши Аллоҳнинг шу бактерияларни ишга солиб, тупроққа жон бериши ҳодисасидир.

Аллоҳ, оятда аниқ-тиниқ маълум қилганидек, аввал ўлик бўлган тупроққа жон берганини, яъни бактериал ҳаётни ишга солганини (биз буни тириклик деймиз) шарҳлайди. Ҳар қалай, фақат шундан кейингина дон-дунлар чиққанига кейинги жумлада ишора қилади.

б) Тупроқ ана шу тириклик васфига эришгандан кейин, тупроққа янгидан ҳаёт устига ҳаёт берган ҳолати ҳам айрича бир ҳикматдир. Бу ерда ёмғирдан сўз очилмаганлиги-тупроқнинг ўзидаги бактериал жонлиликни жуда ёрқин ифодалаш учундир. Бошқа оятларда, бу тирилиш ёмғир билан амалга оширилади, маъносида келган амрлар инобатга олинса бу оятдан бундай маъно ҳам чиқади: тупроққа жон бердим. У энг қуруқ ҳолида ҳам шу сирга эга, яъни тупроқ жонлидир. Фақат унинг бу жонлилигини гоҳ тезлаштираман, гоҳ секинлаштираман.

Оятнинг иккинчи жумласига келсак... Зотан, илк жумла билан бу жумлаларнинг зикр этилиш тартиби энг муҳим мўжиза сиридир. Зеро, тупроқнинг жонланиши, бу - дон-дунлар чиқариши эмас Ундай бўлган тақдирда тупроқдан дон-дун чиқардик, уни жонлантирдик, шаклида амр қилинарди. Ҳолбуки, Аллоҳ, олдин тупроқни жонлантирдик, деб амр этган. Ана ундан кейингина ўша жонли тупроқдан дон чиқардик, дейди! Бу ердаги "ҳабба" таъбирида ҳам ўзига хослик бор. Гарчи умуман "ҳабба" - "ўсимлик" тушунчасидай келса ҳам, танланган калима асосан "дон-дун" деб тафсирлагандагина озиқ-овқат бўладиган ўсимлик уруғлари хаёлга келади.

Бу ердаги назокат мева ва бошқа ўсимлик турлари эмас, уруғ шаклидаги озиқ-овқатлар зикр этилганлигидадир. Зеро, оят ва жон ато бўлиш ҳам донни жонли қилиб яратилганлигини, ҳамда жон ато бўлиш ҳодисаси тупроқда юз беришини кўрсатмоқда.

Маълумки, уруғлар аро намуна ўлароқ бир буғдойнинг яратилишини олсак, уруғнинг генетик шифрлари янги аминокислота (оқсил)лар боғласагина буғдой яралади. Бу ҳодиса ҳайвонларда, она қорнида шахсан қон протеинидан таъминланади. Ҳолбуки, тупроқда ташқи кўриниши жиҳатдан на қон, на жон бор. Аллоҳ оятнинг иккинчи жумласида шу сирга ишора қилади.

Тупроқда бўлган бактериялар бу аминокислоталарнинг вужудга келишини қулайлаштиради. Ва тупроқ ҳабба (дон-дун, уруғ) учун қандайдир бир маънода раҳим вазифасини адо этади, яъни тупроқ бир она сингари, жонлилик сирини дон-дунга беради.

Оят сўнгги калима билан ҳам асосий озиқ бу наботий протеинлар бўлганини, ҳам бизга қандайдир бир маънода жон беражагини эслатади - ҳақиқат шундан иборат. Биз ҳам ҳаббаларнинг асосий моддаси бўлмиш нуклидларини олиб, жонлилигимизни давом эттирамиз.

Масаланинг ана шу жойи бениҳоя катта аҳамиятлидир. Чунки ҳаббалардан олган озиғимиз фақатгина бизга куч берувчи ёқилғигина эмас, ҳужайраларимизнинг асосий моддаси ҳамдир.

Бу ояти карима, шундай қилиб, жамики моддий ҳаётнинг негизи бўлган ДНАнинг жонлилар орасидаги аҳамиятини кўрсатади. Ва аслида ишни тупроқдан бошлайди, ДНА жонлилик сирини илмий тарзда ўртага ёяди.

Ўлик тупроқнинг тирилишига оид амрда энг сўнгги ва муҳим бир ҳикмат - бу, тупроқдаги оналик вазифасининг қиёматда кўринишидир.

Мавлоно Жалолиддин Румий:

Тупроққа қайси уруғ отилиб, такрор тирилиб чиқмас,

Нечун инсон уруғи тупроқда тирилишидан гумонсирайсиз?" - дейдилар.

Маълумки жонлининг генетик карталари шифр ҳолидан вужуд ҳолига келиши саҳифаси - бу муртак (эмбрион)нинг шаклланиши жараёнидир.

Аллоҳ жонли шифрларини, яъни генетик карталарнинг очилишини (муртак ташаккулини) уч йўл билан бергандир:

а) тухум;

б) она раҳми;

в) тупроқда ривожланиш.

Муртак ташаккулида бу уч турли йўл ҳам иштирок этади.

Тухум генетик карта ва керакли аминокислоталари билан бирга ёпиқ бир лабораториядир. Ташқаридан фақат иссиққа муҳтож, гоҳо-гоҳо нурга ҳам (баъзи судралувчилар тухумларини кўзларидан таралувчи нур билан ривожлантирадилар). Она раҳми эса очиқ бир лабораториядир, генетик ҳужайраларнинг ишлаши учун керакли аминокислоталарни қондан олади.

Тупроққа келинса, у қисман она раҳмига ўхшайди. Тупроққа тушган қонда (уруғда, данакда) рушаймин (эмбрион, муртак) муҳтож бўлган баъзи аминокислоталарни қуюқлашган (қотган) бир шаклда, ичида сақлаб қўйгандир. Тупроқнинг бўлгувси жонлига она сифатидаги ёрдами кўпроқ ион жиҳатидандир. Аслида тупроқ бу ион материалларини ёмғир сувининг электрик кучи ёрдамида, кўпроқ суви ёрдамида ишга солади. Лекин муртак ривожланиши учун аминокислоталарга, уларни асосини ташкил этувчи бениҳоя муҳим модда - азотни тайёрлаб беришга мажбурдир. Бу азот эса, уч қўлли фосфор базаси ёрдамида ишга кириша олади. Бу борада тупроқдаги микробларнинг бу бениҳоя муҳим азотни тайёрлаб беришларини унутмаслик керак. Жамики бу ҳақиқатларни кўз олдимизга келтирсак, тупроқ жонлилар учун муҳташам бир жон банкидир.

Мана, оят жуда муҳим бўлган бу ҳикматни ҳам бизга ўргатади. Бу мавзудаги энг қимматли сир эса жонлининг асосий қурилмаси ДНАга оиддир. Кимёвий бирикмалар қайси қаватларда ишлашга киришмасин, бари бир жонлилик бу математик бир тақдир дастуридир.

Холуқ Нурбоқийнинг "Қуръони Каримнинг илмий мўжизалари" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР