loader
Foto

«Британия халифалиги» ташкил қилиниши ҳақида

Тайёрлов қўмитасининг мажлисида қабул қилинган хартиянинг биринчи бобида айтилишича, конгресс мажлисларида ал-Азҳар шайхи раислик қилиши, унинг йўқлигида эса конгресс қўмитаси томонидан тайинланадиган ўринбосари унинг вазифаларини бажариши айтилган. Тадбир ташкилотчилари шайх ал-Азҳарнинг васийлиги конгрессга қонунийлик бахш этади деб ўйлаганди. Бироқ бир қатор нуфузли исломий давлатлар (Эрон, Туркия, Афғонистон ва б.) делегацияси йўқлиги ва қатнашчилар ўртасидаги кучли қарама-қаршиликлар сабабли ташкилотчилар тўртта мажлисдан сўнг, ҳеч кандай натижага эришмаган ҳолда, унинг ишини тўхтатишга мажбур бўлдилар.

Бу Москвада қониқиш ҳисси ҳосил қилди. Қоҳирада конгресс чақирилишидан ҳам аввал ВКП (б) МҚ Ташвиқот ва тарғибот бўлими бошлиғи В.Г.Кноринга махсус хабардор қилиш ва хорижий матбуот материаллари бўйича тайёрланган рапортда ОГПУ (СССР давлат хавфсизлик органи) Шарқ бўлими бу тадбир борасида қайд этдики, «Туркияда халифалик тугатилганидан сўнг инглизлар уларнинг тўлиқ таъсири ва назорати остида бўладиган халифалик ташкил қилишга қаратилган кучли фаолиятни ривожлантирдилар... Инглизларнинг Арабистондаги ўз гумашталаридан бирини халифа деб эълон қилишга ҳаракатлари, маълумки, муваффақиятсизлик билан тугаганди ва бу уларни ўз фаолиятини Мисрга кўчиришга мажбур қилди. Бир қатор маълумотлар шуни кўрсатадики, бу сафар Миср қироли Фуад халифа бўлишга номзод бўлган. Мисрда халифаликни тиклаш масаласининг расмий ташаббускорлари «ал-Азҳар» уламолари бўлган».

Маърузада Туркияда халифалик кампанияси кескин норозиликка олиб келгани, Ҳиндистон халифалик қўмитаси ва ҳинд миллатчилари эса «мустақиллик ёлғондакам эканлиги ва агарда бўлғуси халифа чет элликлар таъсири остида бўладиган бўлса, мусулмонлар учун катта ҳақорат бўлиши» сабабли Қоҳира конгрессига қўшилганлиги маълум қилинди. Конгресс ғояларини сурияликлар танқид қилиб чиқди, форслар унда иштирок этишдан бош тортди, совет мусулмонлар руҳонийлари эса (муфтий Ризоиддин Фахриддинов тимсолида) уни чақиришга қарши эътироз эълон қилди. Натижада халифа сайлаш масаласи конгресс кун тартибидан олиб ташланди.

Виталий Наумкиннинг "Амалга ошмаган ҳамкорлик" китобидан

Абу Муслим таржимаси