loader
Foto

Ўлим бўсағасида

Кейинги йилларда ўлим чангалига тушиб чиққанларнинг сони купайиб бормоқда. Уларнинг ўлимдан кейинги ҳиссиёт тўғрисидаги таассуротлари ақл бовар қилмас даражада ўхшаш.

"Одам жон берар экан жисман ниҳоятда заифлашган дақиқаларда, шифокор унинг ўлимини тавсифлаётганини эшитади. Қулоғига аллақандай айқаш-уйқаш шовқин-суронлар чалинади. Айни пайтда у қоп-қоронғи, тубсиз чоҳга тушиб кетаётгандек бўлади, кейин бирдан ўзини қушдек енгил ҳис қилади ва ҳатто танасини четдан туриб кура олади.

Орадан бироз вақт ўтгач, у ўзининг ажабтовур ҳолатига аста-секин кўника бошлайди. Табиатан бошқача ва мутлақо ўзгача қобилиятга эга бўлган янги танаси борлигига ишонч ҳосил қилади. Тез орада яна ғалати ҳиссиётлар сеза бошлайди. Уни аллақандай хушфеъл мавжудотлар кутиб олади. Улар орасида бандаликни бажо келтирган қариндош-уруғларию, ёр-биродарларини ҳам кўради. Кейин қаршисида ҳеч қачон учратмаган, нурдан яралган хушфеъл бир руҳ пайдо булади. Бу мавжудот сўзламасдан туриб, одамдан қандай ҳаёт кечирганини сўрайди ва айни чоғда унинг ҳаётидаги энг муҳим воқеаларни бир зумда кўз олдида намоён этади".

Мазкур тафсилотлар 150 кишининг ҳикоясида айтилган бўлиб, психиатр Раймонд Моуди Кичикнинг "Ўлимдан кейинги ҳаёт" деб номланган китобидан олинган.

Бу китоб турли сабабларга кўра ўлим остонасидан қайтган кўплаб одамлар таассуротининг умумлашма хулосасидир.

Шунга ўхшаш воқеалар ҳақидаги 50 та ахборотни Моудидан ташқари мустақил ҳолда иш олиб борган Америка парапсихологлар жамиятининг икки тадқиқотчиси — Карлос Осис билан Эрландер Харалдсонлар ҳам йиғишган. Улар ўлим олдидаги кечинмалари ҳақида сўзлаб берган кишиларни кузатиб турган америкалик ва ҳинд табибларидан шу ҳақда сураб-суриштирганлар. Тадқиқотчилар бу маълумотларни ўзаро қиёслаш орқали ўлаётган одамларнинг ҳиссиётига улар қайси миллий маданиятга ва қайси динга мансублиги, қандай таъсир қилишини аниқламоқчи бўлишган. Чиндан ҳам улаётган одамнинг ҳиссиётига бу омиллар анча кучли таъсир кўрсатаркан.

Осис ва Харалдсон мана шу тасаввурлар мия фаолиятининг галлюцинациясими ёки ўлим олдидан одамда вужудга келадиган алоҳида бир ҳолатми эканлигини текшириб курмоқчи бўлишди. Ўлим бўсағасида турганларнинг беш қисмига оғриқ қолдирувчи наркотик дори (баъзан галлюцинацияга сабаб бўлади) берилган. Шунда ҳар ўн кишидан атиги биттасининг иситмаси кўтарилган, холос. Аксарият беморлар эса галлюцинация пайдо қилиши мумкин бўлган бирор нима қабул қилишмаган, лекин барибир ўлим олдидан намоён бўладиган турли нарсаларни кўришган.

Ўлим олдидаги тасаввурлар галлюцинациядан ўзгача эканлиги ва кенг тарқалганлигини тан олишса ҳам турли олимлар бу ҳодисани, унинг моҳиятини турлича талқин этмоқдалар. Моуди бу далиллар нариги дунё борлигини исботлаш учун етарли эмас, дейди.

Осис ва Харалдсонлар у дунё бор булиши мумкин, дейишади. Бошқа мутахассислар, айниқса психиатор Элизабет Кюблер-Росс эса вужуд ўлиши билан кишининг ҳаёти тугамаслигига қатъий ишонади.

Элизабет Кюблер-Росс ўлимни ўрганиш соҳасида йирик мутахассис ҳисобланади. Ўн йилча муқаддам ўлим тўшагида ётган чикаголик бир уй бекаси билан суҳбат қилганидан кейин у шундай хулосага келган эди.

Бу аёлнинг ҳикоя қилишича, у жуда оғир аҳволда реанимация бўлимига олиб келинган, лекин бу ерда аҳволи янада оғирлашган. У нафас олишдан тўхтаган ва юраги мутлақо ишламай қолган. Кейин аёл ўз танасидан ажралиб чиқиб юқори кўтарилаётганини ҳис этган ва шифокорлар уни ҳаётга қайтариш учун кураш олиб бораётганликларини тепадан кузатиб турган. Гарчанд аёл ўзининг жонсиз танасини четдан кўрган бўлса ҳам (тўғриси, бу жуда нохуш манзара бўлса-да) у қўрқинч, даҳшат туйғуларини эмас, балки чуқур осойиш ҳис этган. Маълум вақт ўтгач, аёл аста-секин яна ўз танасига қайтаётганини сеза бошлаган. Шу воқеадан кейин аёл яна бир ярим йил умр курган. Хўш, бу сирли ҳодисалар нима ўзи?



Бора-бора бу жумбоқ ҳал бўлади: эртами-кечми ҳар биримиз ҳам бу илмий мунозарада ким ҳақ, ким ноҳақ бўлганини билиб оламиз. Лекин ўшанда биз бу ҳақда бошқаларга хабар қила олармикинмиз?

Англия микробиолог олимлари инсоннинг умуртқа поғонаси ичида жуда ҳам кичкина бўлган инсоннинг гавҳари-уруғи борлигини аниқлашди. Улар: "Махсус бир шароитда бу гавҳардан инсоннинг янги жасади шаклланиб, сўнгра у қобиқни ёриб чиқиши мумкин, деган илмий фаразни айтмоқдалар.

Аллоҳ таоло "Ёсин" сурасида: "Инсон, биз уни нутфадан яратганимизни, энди эса у бирданига (ўзимизга) ошкора хусумат қилувчи булиб қолганини кўрмадими?!

У бизга: "чириб кетган суякларни ким ҳам тирилтира олур?" - деб, нақл келтирди-ю, (aммo) ўзининг (қандай) яралганини унутиб қуйди.

(Эй Муҳаммад) айтинг: "у (чириган суяк)ларни дастлаб пайдо қилган зотнинг ўзи қайта тирилтирур. У турли хил яратишларни билувчидир", - деб баён қилинган. (77, 78 ва 79-оятлар).

Дарҳақиқат, ҳар бир нарсани биринчи маротаба ихтиро қилиб яратиш қийин, лекин уни қайга яратиш аввалгисига қараганда жуда осон.

Ҳар бир жониворни, шу жумладан, инсонни ҳам дунёга келтирган улуғ ва қудратли Зот - Аллоҳ таоло учун уларни қайта яратишнинг сира қийинчилиги йуқ.

“Тавҳид рисоласи” китоби асосида

Абу Муслим тайёрлади