loader
Foto

Исломда руҳонийлик борми?

“Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган эдилар...” Тавба сураси, 31)

Имом Аҳмад ва Имом Термизийлар Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар: У кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари етганда, Шомга қочиб кетган экан. Жоҳилият даврида Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу насронийлик динига кирган экан. Унинг синглиси ва қавмидан бир жамоа одамлар мусулмонлар қўлига асирга тушибди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг синглисини озод қилиб, ҳадялар берибдилар. Сингил бориб акасини Исломга тарғиб қилибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига боришга ундабди. Машҳур Ҳотим Тоийнинг ўғли бўлмиш Адий ўз қабиласининг бошлиғи ҳам эди. У Мадинага борганида, одамлар унинг келгани ҳақида гап тарқатишди. У бўйнига кумушдан ясалган хоч таққан ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурлариига киради. Шунда у зот: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар», оятини тиловат қилаётган эдилар.

Адий розияллоҳу анҳу айтадиларки: «Мен: «Уларга ҳеч ибодат қилишгани йўқ», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Лекин уларга ҳалолни ҳаром қилдилар ва ҳаромни ҳалол қилдилар, улар эса эргашдилар. Ана ўша уларга ибодат қилишдир», дедилар».  (Бухари, Муслим).

Ҳозирги кунда баъзида айрим мусулмонлардан қандайдир «ислом руҳонийлиги» ҳақида эшитишга тўғри келади. Айрим кишилар ушбу «руҳоний»ларидан, худди насроний руҳонийлари каби, қандайдир розилик, барака сўрашга интилади. Шу муносабат билан «мусулмон руҳонийлиги» атамаси ва умуман «руҳонийлик» тушунчасига аниқлик киритиш зарур.

Коҳинлик қадим замонлардан бери мавжуд бўлган. Ўтмишда Исида ва Орфей, Атон ва Митра, Ваал ва Зевс коҳинлари ва шу кабилар бўлгани ҳаммага маълум. Диний маросимларга раҳбарлик қилиш учун улар ўзига хос табақалар ёки касталар ташкил қилиб, унга фақат «бағишланган»ларни қабул қиларди. Улар гўёки маъбудлар томонидан уларга етказилган қандайдир махфий билимларга эга эканига даъвогарлик қилганлар. Оммага таъсир этиш учун коҳинлар турли хилдаги гипнотик таъсирлар ва сиёсий нуфуздан фойдаланган. Коҳинлар касталари жуда катта бойликка ва сиёсий вазнга эга бўлган. Кўплаб монархлар улар билан ҳисоблашишга мажбур бўлган. Қоҳинлар табақаси, тўғри, кўриниши ўзгарган ҳолда, лекин моҳиятан худди ўша шаклда монотеистик деб аталган динларда ҳам пайдо бўлган. Моҳият ўша-ўша. Махфий билимлар, табақалилик, халқ ҳисобига мисли кўрилмаган фойда, сиёсий ҳаётга таъсир.

Барча коҳинларга ўзини барча кўрсаткичлар бўйича халқ оммасидан ажралиб туриш хосдир. Улар бошқача кийинарди, бошқа тилда ёки ўз халқининг тилидан фарқ қиладиган бошқа тилда сўзлашарди. Ҳинд брахманлари санскрит тилида сўзлашади ва ўзига хос ажратиб турадиган белгиларга эга, яҳудийлар раввинлари – қадимги яҳудий тилида гапиради ва ташқи кўриниши бўйича ажралиб туради, православ руҳонийлар ўз халқи оммаси учун тушунарсиз бўлган қадимги славян ва юнон тилларидан иборалардан фойдаланади ва бошқача кийим кияди. Инжилда айтилишича: "Улар бутун ишларини инсонларга кўриниш учун қиладилар. Дуо қутиларини йирикроқ, кийимларининг гажимларини узунроқ қиладилар. Шунингдек, зиёфатларда тўрда ва ибодатхоналарда ҳурматли ўринда ўтиришни, халқ йиғинларида алик олишни ва одамлар томонидан “Устозимиз, Устозимиз!” деб олқишланишни яхши кўрадилар” (Матто инжили, 23; 5-7).

Таъкидлаш жоизки, «монотеистик коҳинлик»нинг келиб чиқиши анча кечроққа тўғри келади. Агар улуғ пайғамбарлар тарихини диққат билан ўрганиб чиқадиган бўлсак, руҳонийлик Худонинг пайғамбарлари ўз рисолатларини бажарганидан кейин маълум вақт ўтгач вужудга келганини кўрамиз. Хусусан, яҳудий коҳинлари табақаси Муса алайҳиссаломдан кейин пайдо бўлган, епископатлар Исо алайҳиссаломдан кейин пайдо бўлган. Пайғамбарларнинг ўзлари шундай қилинглар деб ўргатмаган, аксинча, ҳар қандай табақаларни тугатишга ва одамларнинг Худо олдида тенглигига чақирган. Насронийликда руҳонийлик деб бу динга кўра, Муқаддас руҳ инъомларини тақсимлайдиганларга айтилади. Руҳонийлик дин сирларидан бири бўлган.

Афсуски, бу муаммо Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан бир неча аср ўтгач, Исломда пайдо бўлган. Динни руҳонийлар синфининг қўлида монополлаштириш, Қуръонни фақат "бағишланган" шахсларнинг махфий билими деб эълон қилиш, Исломни алоҳида ҳукмдорларнинг худбин манфаатлари учун ишлатиш ва "сурув"дан мисли кўрилмаган фойда олиш учун жуда катта васваса эди. Исломнинг турли соҳаларида номаълум "руҳонийлар" - муллалар пайдо бўлди. "Масжид" иерархияси пайдо бўлди. Христиан салафлари каби янги пайдо бўлган "руҳонийлар" улкан бюрократик аппаратга айланди. "Муфтий", "Шайх ул-Ислом" ва бошқа тушунчалар, "профессор" ёки "академик" тушунчалари каби одамлар учун фақат илмий даражани англатадиган сўзлар бу янги, деярли руҳоний иерархиянинг қадамлари бўлди. Исмларига "Ҳазрат" сўзини қўшиш айрим минтақаларда номига ҳурматли қўшимчалар баъзи ҳудудларда деярли муқаддас маънога эга бўлди. Бундай мисоллар жуда кўп. Ажабланмаса ҳам бўладики, кўплаб халқлар орасида "мулла" (ҳожи ака) тушунчаси ёқтирмасликка олиб келди ва фирибгарлик, юлғичлик каби тушунчалар билан синонимга айланди. "Мулла" тушунчаси одамларга масхаралаш ва латифалар объектига айланди (Мулла Насриддин ҳақидаги латифалари каби).

Мусулмон рухонийларига кўпинча ўзидан аввалги диндагиларнинг барча хусусиятлар хосдир. Улар ўзини халқига қарши қўяди, (улардан ажраб туради) бошқача кийинган, араб ва форс сўзлари билан тўйинган, ўз халқига тушунарсиз тилда гапириш, "маънавий" раҳбарлар ролига даъво қиладилар, гарчи оғизда барча мусулмонларнинг Худо олдида тенглиги ҳақида гапирса ҳам. Улар ўзларидан бошқа ҳеч ким Қуръон ва Суннатни ўқиш ва тўғри тушуниш ҳуқуқига эга эмаслигига ишонтиришга уринади.

Агар сиз исломнинг асосий манбалари билан яқиндан танишсангиз, унда Исломда руҳонийлик институти йўқлиги маълум бўлиб, бу бидъат экани маълум бўлади. Ҳадисларда фақат пайғамбар, саҳобалар ва уламолар ҳақида гап боради. Олим руҳоний эмас, балки олимдир. Унинг мақоми профессор ёки академик билан бир хил.

Шундай қилиб, исломда «руҳонийлик» тушунчаси йўқ ва у яҳудийлар, насронийлар ва бошқа динларга тақлид қилган ҳолда жорий қилинган. Дарвоқе, бу Россия ва собиқ мустамлкаларида мусулмонлар диний бошқармалари мисолида яққол кўзга ташланади. Улар 18-19 асрларда давлатнинг диндорлар устидан назоратини таъминлаш учун православ епархиялар мисоли бўйича ташкил қилинган.

Ойдин Ализода мақоласи асосида

Абу Муслим тайёрлади