loader
Foto

Қуръон мияни қандай шакллантиради?

Мусулмонларнинг бу қадар тез тараққий этишига нима сабаб бўлган?

Ичимдаги ўқитувчи дарҳол мусулмонларнинг таълим тизими ҳақида ўйлади, ичимдаги невролог эса мени мазкур тамаддуннинг одамлар миясини шакллантиришга қўшган ҳиссасини ўрганишга ундади.

Қизиқ, жуда кўп мусулмон уламолари таълим тизимининг марказида Қуръони карим бўлган пайтлар мусулмонлар дунё пешволари бўлгани ҳақида айтишади. Тизим ўзгарганида эса, улар етакчиликни бошқаларга бой бериб қўйишди. Уламолар бу масаланинг, асосан, ахлоқий ва маънавий жиҳати ҳақида гапирган бўлсалар ҳам, умуман, мазкур баҳс моддий асосларга ҳам эга. Бу мияда юз берадиган жараёнлар билан боғлиқ.

Қисқача изоҳ: Бош мияга Қуръони каримнинг таъсир қиладиган қисмлари ва вазифаларининг рўйхати жуда кенг. Шунинг учун бу ерда фақат муҳим жойларига тўхталиб ўтамиз.

Бош мияга Қуръони каримнинг қандай таъсир қилишини ўрганишдан олдин, анъанавий мусулмон таълими қандай ташкил қилинганини билишимиз керак бўлади. Агар буни сен қаердан биласан, деб сўрамоқчи бўлсангиз, айтаман: Мусулмон тамаддунидаги ибн Рушд, Ибн Сино каби энг катта олимларнинг таржимаи ҳоллари ҳамда ўз кузатувим ва устозларим сўзидан.

Исломий таълим даргоҳларида ўқувчи энг биринчи бўлиб Қуръони каримни тўлиқ ёд олиши керак бўлган. Жонли араб тилидан фарқли ўлароқ, Қуръони каримни ўқиш алоҳида илмдир. Уни араб тили шеваларида ёки фарқли усулларда ўқишга рухсат берилмайди.

Умуман олганда, Қуръони каримни тўғри ўқиш учун “Тажвид” илмини эгаллаш зарур. Энг биринчи ўрганалидан нарса талаффуздир. Бунинг учун овоз оғиз бўшлиғининг маълум жойларидан бошланиши, тил эса маълум ҳолатда бўлиши талаб қилинади. Сўнг, шогирд оятларни тахтага, қоидаларга асосланиб, “Усмоний” ҳарфи билан ёза бошлайди. Бу эса оддий араб тили қоидаларидан фарқ қилади. Сўнг у тахтани олиб, оятни ёдлашга киришади. Одатда янги шогирд тахтага “Усмоний” хатида ёзилган оятни ёдлаб олиш учун уни кўп марта такрорлайди. Эртасига ҳам кўп марта такрорлаб юради, сўнг кейинги оятларни ёдлаш учун устозининг олдига боради. Устози билан бирга оятни ўқийди ва тўғри қироат қилаётган бўлса, янги оятни ёзиб олади ва ёдлашга киришиб кетади. Учинчи кун у энг аввалги оятни ёддан айтиб беради, сўнг кўп марта иккинчи ва учинчи дарсларини такрор қилади. Тўртинчи кун эса шогирд ёд бўлиб кетган биринчи оятга қайтмайди, балки кейингиларини такрор қилиб юради. Хафта сўнгида эса ўтган кунлар ичида ёдлаганларини имтиҳон қилиб топширади.

Бироз вақт ўтгач ёд олиш қобилияти ҳам кучаяди ва шогирд бир ўтиришда бир нечта оят ёки саҳифаларни ёд олиши мумкин бўлади. У “Усмоний” ҳарфи билан ёзишни ҳам давом эттиради ва вақти-вақти билан имтиҳон топшириб туради. Натижада у бутун Қуръони каримни ёд олади (6200 оятдан оятдан зиёд) ҳамда тажвид билан ўқиш ва “Усмоний” харфида ёзишни ҳам ўрганиб олади.

Энди шогирд учун қийин вазифа шу бўладики, унутиб қўймаслиги учун у шунча ой ёд олган оятларини такрорлаши керак. Қуръони карим 30 жузга бўлинади ва шогирд ҳар куни бир жузни такрор қилади. Шундай қилиб у бир ой ичида бутун китобни хатм қилиб чиқади.

Қуръони каримни тиловат қилишнинг 10 та усули бор. Ҳар бирининг ўқилишида ҳаракатлари ва талаффуз қилишда ўзига хос услуби бор. Баъзи шогирдлар барча услубда қироат қилишни ўрганади. Бу эса, ўз ўрнида жуда катта маъсулиятни талаб қилади, масалан, бир қироатни иккинчиси билан алмаштириб қўймаслик, уларнинг фарқига бориш ва ҳакозо.

Қуръон қироатининг бир неча муҳим хусусиятлари бор. Оятларда маълум бир қофиялар бор бўлиб, тез-тез ўзгариб турувчи бу қофиялар қироатнинг оҳангдорлигига хизмат қилади. Бундан ташқари, қори оятларни оддий ўқимай, балки тиловатга ўз овози билан зеб бериши, тараннум этиши лозим. Аслини олганда, тажвиднинг ўзи оятдаги ҳар бир сўзнинг оҳангдор ва ифодали ўқилишини, яъни тартилни кўзда тутади.

Ва ниҳоят, араб тилининг ўзига хос хусусиятлари ва “Усмоний” харфи ҳақида. Турли хил қироатларда ўқишни ўрганаётган шогирд тўғри ёзишни ва ҳаракатларсиз ўқишни ҳам ўрганиб боради.

Бунинг шарофати билан у ҳаракат белгиларисиз ҳам турли хил услубда қироат қилишни ўрганиб олади. Бундан ташқари, араб тили грамматикаси (сарф) талаффуз чоғида эга ва кесимларни чалкаштириб юбормаслик учун диакритик белгиларни (ҳарф устидаги ёки остидаги белги) айтишни талаб қилади. Бу дегани, Қуръони каримни ёд олаётган одам талаффузни доим тўғри қилиши керак. Акс ҳолда оят маъноси бузилиб, бошқа маъно касб қилиши ҳам мумкин.

Буларнинг барчаси мияда катта таассурот қолдиради. Маълумки, мия ўзгарувчан органдир, яъни у ўзидаги алоқаларни, ўз ҳажмини ва бошқа хусусиятларини фаоллигига қараб ўзгартириши мумкин. Қуръони каримни анъанавий услуб билан ёдлаш жараёнини тушуниш инсоннинг илм олишда ютуқларга қандай эришаётганини тушунишда ёрдам беради.

Инсон Қуръон ёдлар экан, овозлар ва уларнинг тўғри талаффуз қилинишини диққат билан кузатиб боради. Бу эса бош миянинг чакка қисмини қўзғатади (хотиранинг ишини таъминловчи гиппокамп ҳам шу ерда жойлашган). Мусиқий оҳангларга ишлов беришда, жумладан, Қуръон тиловат қилганда ҳам, миянинг худди шу қисми фаоллашади.

Бундан ташқари, шогирд ёзма машқларни бажараётганида ҳам миянинг шу қисми фаол ишлайди, яъни тахтага ёзаётгани каби машқларни адо қилиш жараёнида ҳам. Миянинг бу қисмидаги фаоллик ва имкониятлар даражаси одамнинг янги маълумотларни қанчалик тез ўзлаштира олишига ҳам боғлиқ. Миянинг бу қисми қанчалик кўп фаол ҳаракат қилса (Қуръони каримни ёд олаётганида), у маълумотларни ўзлаштириши ва уни хотирада сақлаш имконияти шунчалик осон бўлади.

Қуръони каримни ёд олишда миянинг тепа қисмига ҳам оғирлик тушади. Миянинг тепа қисмининг чап тарафи ўқиш, ёзиш ва гапириш учун жавоб беради. Миянинг бу қисми яна математик ва мантиқий вазифаларни ечиш учун ҳам муҳим ҳудуд ҳисобланади. Миянинг тепа қисмининг ўнг тарафи эса, ифодали ўқишда гапнинг оҳангини бошқариб туради. У яна визуал-макон муносабатлари ва имо-ишораларни (мимика) тушуниш учун жавобгардир.

 Олдинги қисм сенсор ҳиссиётлар, таниш ва билиш учун жавобгар – бу нарсалар ёзишда фаол бўлади. Орқа қисм эса, диққатни бир жойда жамлашда муҳим вазифани бажаради. Ҳар иккала қисм бир нарсани ўрганишда, ўзлаштиришда ҳам фаоллашади.

Умуман олганда, мия тепа қисмининг юқори даражадаги фаоллиги мантиқ ва математик қобилиятлар, гапга чечанлик, мимика орқали эмоционал ҳолатни баҳолаш қобилияти, диққат қила олиш имкониятининг юқори савияси ва бирон бир маконда аъло даражада мўлжал ола билиш қобилиятларини ривожлантиради. Фалакиёт илмида мусулмонлар эришган ютуқлар, эҳтимол шу нарсалар билан боғлиқдир.

Бош миянинг Қуръони Каримни қироат қилишда фаоллашадиган яна бир қисми – пешона бўлаги ва пўстлоқнинг ҳаракат соҳасидир. Пешона бўлаклари олий даражадаги феъл-атворни бошқаради, жумладан, оператив хотира бошқаруви, хотирадаги нарсани эслаш, нутқ, ёзилган сўзларни тушуниш, эътиборни ушлаб туриш, режалаштириш, ижтимоий хулқ-атвор ва бошқа кўпгина муҳим фаолиятларни тартибга солиш каби вазифаларни бажаради.

Масалан, шогирд “Усмоний” хатда қироат қилаётганида унинг мияси харфларни ҳаракатсиз тўғри талаффуз қилиш бўйича тезда қарор қилиши керак бўлади. У бошқа сўз вариантлари орасидан тўғри сўзни топиши, тўғри талаффуз қилиши ва ўн хил қироатнинг бирида тиловат қилиши керак бўлади.

Бир қанча машқлардан сўнг, мия бу ишларни онгнинг назоратисиз амалга ошириши ажиб бир ҳолатдир. Шунга ўхшаш амалиётлар миянинг тиймоқ вазифасига жавобгар қисмини ҳам чархлаб туради. Бу эса, ижтимоий ўзаро таъсирлар учун ўта муҳимдир. Маълумки, миянинг бу қисми эътибор дефицити синдроми гипер фаоллик билан қўшилиб келиши хасталигига чалинган болаларда ривожланмаган бўлади.

Қуръон матнида турли одамлар ва жойларнинг тавсифи берилган бўлиб, уларни англаб олиш жараёнида миянинг хаёлий образлар яратишда иштирок этувчи энса бўлаклари ҳам фаоллашади. Миянинг бу қисми кўриш қобилияти учун ҳам муҳимдир. Бу бўлакнинг хаёлий образларни шакллантириш пайтида фаоллашуви билвосита кўриш орқали ҳис қилиш қобилиятини ҳам яхшилайди, чунки миянинг бу икки бўлаги бир соҳада жойлашган.

Шунингдек, Қуръони Каримда тарихий воқеа-ҳодисалар, зарбулмасаллар, мантиқий далиллар жуда кўп бўлиб, уларнинг барчаси миянинг турли қисмларини фаоллаштириб туради ва натижада доимий машқ ва такрорлашлар туфайли бу қисмларнинг самардорлиги ортиб, улар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб боради.

Демак, юқорида айтилган сўзларга хулоса қиладиган бўлсак, мусулмонларнинг инсоният илмий-ақлий хазинасига, тарих нуқтаи назаридан, жуда қисқа фурсатда катта ҳисса қўшганлигининг сабаблари уларда миянинг муҳим қисмлари фаол ишлагани билан боғлиқ, дейишимиз мумкин.

Мусулмонлар цивилизацияси гуллаб-яшнаган даврларда толиби илм, энг аввало, Қуръони каримни ўрганар, яъни у аввал иккита илмни ўзлаштирар эди. Бу одатда ўн ёш атрофида содир бўлар эди.

Мия ўз табиатига кўра, мойиллик характерига эга, яъни унинг бир қисмидаги яхши алоқалар атрофдаги алоқаларнинг вазифаларига ҳам билвосита таъсир қилиш имкониятига эгадир. Ёшлигидан Қуръони каримни ўрганиши билан у кўриш қобилиятига алоқси бўлган, тил, меҳнат хотираси, ёдда сақлаш, эшитганларини таҳлил қилиш, диққатли бўлиш, қобилиятларни ўзлаштириш, режалаштириш каби вазифаларни ва мияни машқ қилдиради.

Энди тасаввур қилинг, бундай одам бошқа фанларни ўрганишга киришса, нима бўлади! Масалан, имоми Ғаззолий юнон фалсафасини икки йил ичида, илм олишдан бўш вақтларида ўрганганман, деганини тушунсак бўлади.

Мусулмонларнинг илмдаги мувоффақиятлари ва илм-фанга қўшган улкан ҳиссасининг сири нима эди? Албатта, мусулмонларнинг таълим тизимида энг муҳим элемент ҳисобланган - Қуръони карим туфайлидир.

Изоҳ: Мазкур мақола ҳеч қандай илмий тадқоқотларга асосланмаган. Булар менинг мия анатомияси, функционал дифференция ва бош миянинг пластиклиги соҳаларида олиб борган кузатишларим асосида олган хулосаларимдан иборат.

Муҳаммад ГИЛАН,

Рус тилидан Абу Муслим таржимаси