loader
Foto

90 фоиз миясиз яшаётган эркак олимларни ҳайратда қолдирди

Бизга маълумки, бу бош мияда, нейронлар негизида шаклланадиган нарса. Лекин агар нейронларнинг аксарият қисми йўқ бўлса, онг қандай қилиб сақланиб қолади?

Илк марта Lancet журналида баён қилинган клиник ҳолат мана ўн йилдирки, илмий ҳамжамиятда муҳокама қилиб келинмоқда.

Клиникага қабул қилинган пайт бемор 44 ёшда эди, шу вақтгача у томограмма қилдирмаган ва мияси деярли йўқ эканлигини билмасди. Илмий мақолада беморнинг шахсиятини яшириши учун унинг кимлиги ошкор қилинмайди, аммо олимлар у ҳаётининг кўп қисмини нормал, ҳаттоки ўзига хос хусусиятлари ҳақида шубҳа ҳам қилмаган ҳолда яшаганини тушунтириб бердилар.

Унинг миясини сканерлаш тасодифан рўй берди. У касалхонага чап оёғидаги оғриқдан шикоят қилиб келганди, лекин шифокор уни томограмма қилдиришга жўнатди. МРТ натижалари шуни кўрсатдики, эркакнинг бош суяги деярли суюқлик билан тўла экан. Мия массасидан фақат ингичка ташқи қатлам мавжуд, миянинг ички қисми эса деярли йўқ эди.

Чапдаги расмда беморнинг бош суяги асосий қисми суюқликка тўла бўлган мия томограммаси акс эттирилган. Таққослаш учун, ўнг томондаги томограммада  - ҳеч қандай аномалияларсиз оддий бош суяги кўрсатилган.

Олимларнинг ҳисоблашича, беморнинг мияси суюқлик тўпланиб бориши билан 30 йил давомида аста-секинлик билан йўқ бўлиб борган – бу жараё гидроцефалия (бош мия истисқоси) номи остида маълум. Унга ўсмирлик давридаёқ шундай ташхис қўйилганди ва ликвор суюқлиги ҳаракатини тиклаш учун шунтирлаш амалга оширилган, лекин 14 ёшга тўлганида шунт олиб ташланган. Шу пайтдан бошлаб бош суяги ичида суюқлик тўпланиб, мия аста-секинлик билан йўқ қилина бошлаган.

Лекин шунга қарамай, бемор ақлан заиф деб тан олингани йўқ. Унинг IQ даражаси унчалик баланд эмас (75), лекин бу унга давлат хизматчиси бўлиб ишлаш, уйланиш ва иккита фарзанд тарбиялашга халал бергани йўқ.

Ғайриоддий бемор ҳақида ҳикоя илмий матбуотда нашр этилиши билан у дарҳол нейробиологлар эътиборини жалб қилди. Бундай анамнезга чалинган одам умуман омон қолганининг ўзи ҳайратланарли, у ақлу-ҳушини йўқотмагани, нормал яшаб, одатдагидек ишлаганлиги ҳақида эса гапирмасак ҳам бўлаверади.

Шу билан бир пайтда, бу ҳодиса инсон онги ҳақида айрим назарияларни текширишга имкон берди. Ўтмишда олимлар онг миянинг клауструм – кулранг моддадан иборат бўлган ва бош миянинг катта ярим шарлари оқ моддаси қаърида жойлашган, мунтазам бўлмаган ингичка (қалинлиги 2 мм атрофида) пластинка каби ўзига ҳос қисмлари билан боғлиқ бўлиши мумкин деб тахмин қиларди. Принстон университети бир гуруҳ тадқиқотчилари онг кўриш қобиғи билан боғлиқ деган назарияни илгари сурди. Бироқ бемор французнинг анамнези иккала назарияни ҳам шубҳа остига қўяди.

«Ҳар қандай онг назарияси нима сабабдан нейронларнинг 90 фоизи етишмаётган одам аввалгидек нормал хулқ-атвор намойиш этаётганлигини тушунтириб бера олиши лозим», - дейди Брюссель эркин университети когнитив психологи Аксель Клиреманс (Axel Cleeremans). Олим Буэнос-Айрес шаҳрида 2016 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган онгни илмий ўрганиш бўйича 20-халқаро анжуманда маъруза қилди.

«Онг бу - тажриба орқали – ўқитиш, ўзи билан, дунё ва бошқа одамлар билан мулоқот қилиш орқали – олинган миянинг ўзи ҳақидаги ноконцептуал назариясидир», - деди Аксель Клиреманс. Олим ўзининг илмий ишида онг мавжудлиги инсон оддийгина ахборотга эга бўлмасдан, бу ахборотга эгалиги ҳақида билишини ҳам англатишини тушунтиради. Бошқача қилиб айтганда, ҳаво ҳароратини кўрсатадиган термометрдан фарқли равишда, онгли инсон бир вақтнинг ўзида ҳароратни ҳам билади, бу билим ҳақида қайғуради ҳам. Клиреманснинг таъкидлашича, мия узлуксиз ва ғайришуурий равишда ўзининг фаолиятини ўзига таърифлашни ўрганади ва бу «ўзига-ўзи ташхис қўйиш» ҳисоботлари онгли тажрибанинг асосини шакллантиради.

Бошқача қилиб айтганда, мияда онг муйян тарзда «яшайдиган» жой йўқ.

Аксель Клиреманс ўз назариясини биринчи бор 2011 йил чоп қилган. У ўз назариясини миянинг «радикал пластиклиги ҳақида қоида» деб атаган. Ушбу тезис жароҳатлардан кейин қайта тикланиш, миянинг алоҳида қисмларини янги вазифаларни бажариш учун «қайта дастурлаш», онгни ва тўлиқ иш қобилиятини қайта тиклашни таъминлашга қодир бўлган катталар миясининг ноодатий пластиклигини намойиш этадиган сўнгги илмий тадқиқотларга мос келади.

Клиреманс назарияси нейронларнинг 90 фоизи йўқ бўлган ҳолдаги француз билан боғлиқ ҳолатга изоҳ бериши мумкин. Олимнинг фикрига кўра, ҳаттоки шундай кичкинагина мияда ҳам қолган нейронлар ўз фаоллигини тавсифлашда давом этади, одам эса ўз ҳаракатлари учун ҳисоб беради ва онгини сақлаб қолади.

Бизнинг мия фаолияти ҳақидаги билимларимиз йилдан-йилга ортиб бормоқда. «Биронта тизим ўзидан мураккаб тизимни ярата олмайди» деган тамойилга қарамай, биз аста-секинлик билан марказий асаб тизими фаолиятини ва унинг функцияларини такрорлашни ўрганмоқдамиз. Масалан, бир неча кун олдин кўз тўр пардасининг ганглионар (асаб) ҳужайраларини - мия ва кўз орасидаги асаб тизимининг бир қисмини ўстириш йўли билан кўриш қобилиятига эга бўлмаган  сичқоннинг кўриш қобилияти қисман тиклангани тасвирланган илмий мақола чоп этилди.

Бу соҳада янги ва янги кашфиётлар амалга ошмоқда. Тўғри, баъзида мия фаолияти ҳақида қанчалик кўпроқ билиб олсак, унинг тузилиши шунчалик мураккаб кўринадиган ҳис пайдо бўлади.

Манба

Абу Муслим таржимаси