Ушбу ва яна бошқа сабабларга кўра ҳозирги пайтда дам олиш жойлари ва оромгоҳларга эътибор кучайди. Бу билан баробар мазкур жойларга боғлиқ муаммолар ҳам пайдо бўлди. Бу муаммоларнинг энг асосийларидан бири дам олиш жойлари ва сайргоҳларда одамларнинг одоб-ахлоқи, ўзини тутиш маданиятига оид муаммолардир. Баъзи тарбия кўрмаган кишилар мазкур жамоатчилик жойларида ўзларини тута билмасликлари, бир-бирларига озор беришлари, беодоблик қилишлари кўпчиликни ранжитаётгани ҳам сир эмас.
Ўз-ўзидан: мусулмон одам дам олиш жойлари ва сайлгоҳларда қандай одобларга риоя қилиши керак, деган савол ҳам пайдо бўлади. Қуйида ана шундай саволларга жавоб излашга ҳаракат қилинади.
Турли мавсумларда дам олиш жойлари ва сайргоҳларга бориш йўлга қўйилгудай бўлса, бу иш аста-секин одатга айланиб қолиши турган гап. Бу ҳолат кўпчиликка тарқалганида эса, ижтимоий одатга айланади ва унинг ўзига хос одоблари юзага чиқади, уларга риоя қилиш эса барчага баробар лозим бўлади.
– Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири муносиб жой танлашдир. Мусулмон инсон ўзининг дам олиши ва сайр қилиши учун аввало муносиб жой танлашга ҳаракат қилади. Жой танланаётганида албатта унинг ҳаром-ҳариш ва гуноҳ ишлардан холи жой бўлишига алоҳида эътибор берилади.
– Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири ибодат ва одобларни унутмасликдир. Дам олиш чарчоқ, асабийлик ва бошқа кўнгилсизликларни кетказиш ишларига боғлиқ бўлади. Аммо дам олишда Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатларни ва риоя қилиниши лозим бўлган одабларни унутиб қўймаслик зарур бўлади. Баъзи одамларнинг дам оламан, деб ҳамма нарсани, ҳатто ўзига фарз бўлган ибодатларни ҳам унутиб қўйишлари асло мумкин эмас.
– Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири барча билан, хусусан, ўзларига хизмат қиладиган шахслар билан хуш муомалада бўлишдир. Баъзи дам олувчилар ва сайр қилувчилар ўзларига керагидан ортиқ эрк бериб, мазкур жойларнинг хизматчилари ва аҳолисига нисбатан қўпол муомалада бўлишни ўзларига эп кўришади. Бундай қилиш мутлаво мумкин эмас. Балки мазкур шахслар билан гўзал муомалада бўлиш ва уларга гўзал ахлоқ ила ўрнак бўлиш керак.
– Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири ўша жойларда кўрган ажойиботлардан ибрат олишдир. Албатта, дам олиш ва сайр қилиш учун йўлга чиққан одам ер юзида юрар экан, кўплаб ажойиботларни кўради. Тоғу тошлар, дарёлар, дов-дарахтлар, экин-тикинлар, ранго ранг гуллар ва ҳоказолардан завқ олади. Яхшилаб тафаккур қилиб кўрган одам учун мазкур нарсаларда жуда кўп ибратлар бор. Мусулмон инсон ер юзида сайр қилиб юрар экан, буларнинг барчасидан ибрат олиши керак.
Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади: «Сен: «Ер юзида сайр этиб юринглар ва У зот махлуқотларни қандай (ярата) бошлаганига назар солинглар. Сўнгра Аллоҳ охират ҳаётини пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир», деб айт» (20-оят).
Сайр қилиш мулоҳазали одамга катта манфаатлар келтиради. Инсон ер юзида кезиб юраркан, атрофига ибрат билан назар солганида кўплаб ажойиботларни кўради. Жумладан, инсон ўзи яшаб турган жойда кўзига ўрнашиб қолган манзараларни тарк этиб, ер юзини кезса, зеҳни чархланиб-янгиланади, Аллоҳ махлуқотларни аввал бошда қандай яратишини ҳам осонлик билан англаб олади. Ҳа, ибрат назарини ишга солган инсонлар бу ҳақиқатни дарҳол пайқайдилар. Буни пайқаган одам Аллоҳ таоло охиратда, қиёмат кунида махлуқотларни яна қайта пайдо қилишига ҳеч шубҳаланмайдиган бўлади. Чунки: «Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир”.
Сайр қилиб бориш жараёнида инсон кўзига кўринадиган ва ибратга сабаб бўладиган нарсалар ҳақида Қуръони каримдаги баъзи оятларда сўз кетган.
Аллоҳ таоло Назиат сурасида марҳамат қилади: «Ва ундан сўнг Ерни тухум шаклида қилди» (30-оят). Ерни яратган, шундай улкан нарсани турли шаклларга солган Зот – Аллоҳнинг қудратига қойил қолиш керак.
«Ундан сувни, ўт-ўланларни чиқарди» (31-оят).
Ернинг ўзи жонсиз тупроқдан иборат, бир ўлик нарса. Аммо, Аллоҳ таоло Ўз қудрати ила ўша ўлик нарсадан ҳаёт манбаи бўлган сувни ва вужуди ўниб-ўсиб турадиган ўт-ўланларни чиқаради. Бунга ҳам инсон фарзанди тан бериши, қойил қолиши керак.
«Ва тоғларни барқарор қилди» (32-оят).
Улкан тоғларни собит қилган Зот – Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига инсон фарзанди қойил қолиши керак.
Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:
«Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингми? Бас, у ила турли ранглардаги меваларни ва тоғлардан ҳам йўл-йўл, оқ ҳамда қизилнинг турли рангларини ва қоп-қораларини чиқардик» (27-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло Ўзи яратган табиатдаги ажойиботларига эътиборни тортмоқда. У зот ҳар бир ақлли бандасига хитобан, Ўзининг ажойиботларига эътибор беришни таклиф этмоқда.
«Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингми?» Осмондан сув тушишининг ўзи Аллоҳнинг чексиз қудратига ёрқин далил бўлади. Ҳамма сувларни Аллоҳ таоло осмондан туширгандир. Баъзан бевосита ёмғир ёки қор кўринишида, баъзан эса, муз шаклида ёғдиради. Булардан булоқлар, қудуқлар, кўллар, анҳор ва дарёлар ўз сувини олади. Бу сувдан ҳамма жонзотлару ҳатто ўсимликлар ҳам фойдаланади.
«Бас, у ила турли ранглардаги меваларни...” чиқаради. Ер ҳам, сув ҳам битта, аммо уларнинг ҳосили бўлмиш мевалар турли рангда, турли шакл ва турли таъмга эга бўлади. Шунинг ўзи Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати далили эмасми? Аммо одам боласи бу улкан мўъжизага кўпда эътибор беравермайди. Унга ибрат кўзи билан қарамайди. Масалан, инсон Аллоҳ яратган турли рангдаги ўша ўсимлик ва мевалар расмини Аллоҳ берган ақл, истеъдод ва қўл билан Аллоҳ берган рангларда чизган рассомга тасаннолар ўқийди, унинг расм¬лари учун кўргазмалар ўтказади, бунга одамлар эътиборини тортишга ҳаракат қилади, рассом маҳоратини кўкларга кўтариб мақтайди, мукофотлар беради. Аммо буларни йўқдан бор қилган Зотни инкор этади. Унга куфр келтиради. Ҳолбуки, ранг-баранг меваларнинг ўзигина кишиларнинг иймонга келишлари учун етарли далил-ҳужжатдир.
«...ва тоғлардан ҳам йўл-йўл, оқ ҳамда қизилнинг турли рангларини ва қоп-қораларини чиқардик”. Турли-туман ранг фақат меваларда эмас, балки улкан ва салобатли тоғларда ҳам бўлади. Тоғларнинг ҳам турли рангдагиси, йўл-йўллари, ўзаро фарқланувчи оқ ва қизил ранглилари бор. Шунингдек, тоғларнинг қоп-қоралари ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг биру борлиги ва чексиз қудрат соҳиби эканига далилдир.
Турли набототлар ва тоғларнинг яратилиши ҳақида эмас, ҳозирча фақат уларнинг ранглари ҳақида сўз юритайлик. Уларни Аллоҳ таоло ранглантирмаса ким ранг беради? Бунчалик турли-туман ранглар қаёқдан келади? Шунча нарсани бўяб чиқишга кимнинг қудрати етади?
«Шунингдек, одамлардан, ҳайвонлардан ва чорвалардан ҳам турли ранглардагиларини чиқардик...» (28-оят).
Жамодот ва наботот оламидан жонзотларнинг рангларига ўтайлик. Одамларнинг ранглари ҳам турлича: оқ, сариқ, қора, жигаранг ва ҳоказо. Ҳамма инсонлар ҳам Ер юзида яшайди. Ҳаммасининг ҳам жисми, яъни қомати, икки қўли, икки оёғи, боши ва бошқа аъзолари бир хил. Ҳаммаси ҳам сув ичиб, таом ейди. Бир ҳаводан нафас олади. Аммо ранглари турли-туман. Мана шунинг ўзиёқ Аллоҳ таолонинг биру борлигига ва чексиз қудрат соҳиби эканига ёрқин далилдир.
Худди шунингдек, турли жонзотлар ва чорва ҳайвонларининг ранглари ҳам инсонни ҳайратга соладиган даражада хилма-хилдир. Буларнинг ҳаммасининг яратилиши устида эмас, балки фақат ранглари, қай ҳикмат ила ҳозирги ҳолатга келиб қолгани ҳақида фикр юритар экан, инсоф билан ўйлаб кўрган одам мўмин-мусулмон бўлиши керак. Шулардан ибрат олиб, Аллоҳни эслаганларгина эсли-ҳушли, билимли инсон ҳисобланиши мумкин.
Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади:
«У Ерни ёйиб, унда барқарор тоғлар ва анҳорлар қилган, барча мевалардан жуфт-жуфт қилган Зотдир. У кечани кундузга ўрайди. Бунда албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир» (3-оят).
Ҳа, У зот кўз ўнгингизда Ерни чўзиб қўйгандир. Қаердан қарасангиз, қаршингизда Ер чўзилиб ётибди. Буни ким қилган? Албатта, Аллоҳ қилган. Шу билан бирга Аллоҳ «...унда бақарор тоғлар ва анҳорлар қилган...” Ердаги баланд тоғларни ким барпо этган? Ердаги анҳорларни ким оқизиб қўйган? Албатта, Аллоҳ.
У «...барча мевалардан жуфт-жуфт қилган Зотдир”. Агар меваларда жуфтлик – эркак ва урғочилик хусусияти бўлмаганида, мевага айланмас эди. Буни ким қилган? Албатта, Аллоҳ таоло.
«У кечани кундузга қоплайди”. Кеча ва кундуз ҳам бир жуфтлик бўлиб, бир-бирини ўрайди. Навбат билан кеча кундузни, кундуз кечани ўраб туради. Бу жараён қанча асрлардан буён давом этиб келмоқда. Хўш, буни ким қилмоқда? Албатта, Аллоҳ таоло. Ушбу ҳодисаларни ҳар бир одам ўйлаб кўрмоғи лозим: «Бунда албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир”.
Дам олиш учун сайру саёҳатга чиққан одам мазкур оятлари чақириғига биноан ўзи кўрган ҳар бир нарсадан ибрат олиш пайидан бўлиши лозим. Шунингдек, сайру саёҳат чоғида ўтмишдан қолган осори атиқалар, харобалар ва ёдгорликлардан ҳам ибрат олиш керак.
Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади:
«Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларни зулм қилгувчи бўлган ҳолида ҳалок этдик. Бас, улар (ҳозирда) шифтлари қулаган, ташландиқ қудуқ, (ҳувиллаган) юксак қаср (ҳолидадир)» (45-оят).
Ўтмишда зулм қилиб, пайғамбарларни ёлғончига чиқарган, куфр келтирган қанчадан-қанча юртларни Аллоҳ таоло вайрон этиб, одамларини ҳалок қилган. Бас, ҳозирда улардан қолган асарларни: томи деворлари устига қулаб тушган уйларни, ташландиқ, фойдаланилмай қолган қудуқларни ва ҳувиллаган юксак қасрларни кўринг, уларга ибрат назари билан қаранг.
Шифтлари қулаб ётган бу уйларда бир вақтлар ўзига зеб берганлар, молу дунёсига ишонганлар, куч-қуввати ила керилган одамлар дабдабаю асъаса ичида яшар эдилар. Бу уйларда ҳаёт қайнар эди. Бу уйлар турли одамларга, зебу зийнатларга, ҳашам ва бойликларга тўлиб-тошган эди.
Ҳозир ташландиқ бўлиб ётган қудуқларнинг атрофи ҳам бир вақтлар обод, гавжум эди. Одамлар улардан тинмай сув олиб туришар эди. Сувга келганларнинг суҳбати билан у ерлар обод эди. Ҳувиллаб қолган юксак қасрларда эса, ҳокимлар, бой-аслзодалар яшашар эди. Минг йилликлар ичида бу қасрларда кимлар яшаб ўтмади, не-не ишлар бўлмади, дейсиз. Лекин уларда яшаганларнинг куфри, зулми туфайли ҳамма нарса барбод бўлди. Ўзлари ҳалокатга учрашди. Юртлари шу ҳолга тушиб, вайрон ва хароба бўлди. Уларнинг бу ҳолати ҳаммага ибрат бўлиши керак. Худди шу каби ибрат олишлари учун Аллоҳ таоло бандаларини Ер юзида сайр қилишга амр этган.
Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади:
«Ахир, ер юзида айланиб юрмайдиларми, токи уларга ақл юритадиган қалблар ёки эшитадиган қулоқлар бўлса. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, сийналардаги қалблар кўр бўлур» (46-оят).
Ўша кофирлар Ер юзида айланиб юрганларида олдинги кофирлардан қолган асоратларни кўришар эди. Уларни кўриб, тафаккур қилганларида, қалблари таъсирланиб, ақллари кирар эди. Шифти қулаб тушган уйлар, ташландиқ қудуқлар, ҳувиллаб қолган қасрлар уларга яхшигина ибрат бўларди. Кўрганларидан хулоса чиқариб, ақлларини пешлаб олишар эди. «Ахир, Ер юзида айланиб юрмайдиларми, токи уларга ақл юритадиган қалблар ёки эшитадиган қулоқлар бўлса”.
Шунингдек, кофирлар Ер юзида айланиб юрганларида одамлар билан учрашиб, улардан олдинги золим кофир қавмлар нима учун ва қандай қилиб ҳалокатга учраганлари ҳақидаги ривоятларни эшитар, улардан ибрат олишар эди.
– Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири ҳаромдан сақланиш ва кўзни тийишдир. Зотан шариатда ҳаром қилинган нарсаларнинг барчаси ҳамма учун ўта зарарли нарсалардир. Мазкур зарарли нарсалардан муқим яшаш жойида ҳазар қилиш қанчалик аҳамиятли бўлса, ўша нарсалардан сафар жойида ҳазар қилиш ҳам бундан-да аҳмиятлидир. Чунки, яшаш жойида ҳаромдан ҳазар қилишда оила аъзолари ва таниш-билишларнинг ҳам ўрни бор. Баъзи одамлар “оила аъзоларим, таниш-билишларим кўриб қолсаю, нима бўлади”, деган мулоҳаза билан ҳам ўзини ҳаром ишлардан узоқ тутади. Худди мана шу савиядаги кишилар сафарга чиқиб, оила аъзолари, таниш-билишларидан узоқлашганидан мазкур ҳаром ишлардан ўзини сақлашга эътибор бермай қўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одоблари бобида ҳаром ишлардан сақланиш алоҳида, қайта-қайта таъкидланади.
Кўзни тийиш масаласи ҳам худди шундай. Кўзни ҳаром нарсалардан тийиш жуда аҳамиятли иш. Чунки кўз ила кўриш орқали хаёл қочади, дил бузилади ва охири ҳаром ишга қўл урилади. Бу нарсага дам олиш ва сайру сафарда алоҳида эътибор бериш керак бўлади.
Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:
«Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир» (30-оят).
Шундай экан, мусулмонлар доимо ҳаром нарсалардан кўзларини тийишлари лозим. Бу ишнинг аҳамияти дам олиш жойлари ва сайргоҳларда ҳам зинҳор камаймайди.
– Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири покизаликка эътибор беришдир. Ислом поклик дини экани, поклик иймондан экани ҳаммага маълум ва машҳур. Мусулмон инсон барча нарсаларда, ҳамма жойда покликка алоҳида эътибор бериши лозим. Аммо баъзи кишилар ўз уйларида, иш жойларида бу таълимотларга ихлос билан амал қилишса ҳам, жамоатчилик жойларида, жумладан, дам олиш ва сайр қилиш жойларида бунга эътиборсиз бўлишади. Қўллларидаги чиқиндиларни дуч келган тарафга отишади, чиройли жойларни булғатишади, ўтирган жойларини бир пасда ифлос қилишади. Баъзи дам олувчилар қайтиб кетганидан сўнг ортларидан турли ахлат-чиқиндилар, овқат қолдиқлари сочилиб ётганини кузатиш мумкин.
Аслида эса мазкур дам олиш жойлари ва сайргоҳлар ҳам жамоатчилик жойи, уларнинг поклигига эса барча баробар масъулдир. Ҳар ким ўзи дам олган жойни ва сайр қилган ерини покиза тутиши лозим. Агар баъзи ҳолатларда тозалашга эҳтиёж туғилиб қолса, яхшилаб тозалаш ҳам керак.
Зотан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга турар жойларимиз саҳнини, ҳовлиларни тоза, покиза тутишга амр қилганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлашдир».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Бу ҳадиси шарифда биров ташлаган нарсадан ерни тозалаш ҳақида кетмоқда. Бас, шундай экан, булғатадиган нарсаларни ерга ташламаслик лозим бўлади. Мабодо ташланган бўлса ҳам, ташлаган одамнинг ўзи тозалаб қўйиши зарур. Ушбу таълимотларга амал қилиб, барча жойларимизни, жумладан, дам олиш ва сайр қилиш ерлари каби жамоат жойларини тоза, покиза тутишда доимо иштирок этишимиз лозим бўлади.
– Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири хизмат кўрсатиш тармоқларига яхши муносабатда бўлиш. Дам олиш ва сайр қилиш жойларида кўпчиликка қулайлик яратиш ва хизмат кўрсатиш тармоқлари мавжуд бўлади. Мисол учун, таҳоратхоналар, ўриндиқлар, соябонлар, сув жумраклари, ёритиш асбоблари ва бошқаларнинг узоқ вақт ва иложи борича қўпроқ хизмат қилиши кўзланади. Уларнинг муҳайё қилиш учун кўплаб маблағ ва меҳнат сарфланган. Дам олувчиларнинг ҳар бири буни зинҳор эсдан чиқармаслиги ва хизмат тармоқларига оид нарсаларга зарар етказмаслиги лозим. Зотан, Исломда ҳеч бир нарсага талофат етказишга рухсат йўқ. Балки ҳар бир нарсани авайлаб асраш керак. Ўша нарсалар ўзиники бўладими, ўзганики бўладими, фарқи йўқ. Динимиз бизларни бузишга эмас, тузатишга, ислоҳ қилишга, хароб қилишга эмас, обод қилишга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бузғунчиликни қаттиқ қоралаган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:
«Ва бурилиб кетганида Ер юзида бузғунчилик қилиш ҳамда экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳаракат этади. Аллоҳ эса бузғунчиликни суймас» (205-оят).
Мусулмон инсон ҳеч бир нарсага зарар етказмаслиги керак. Мусулмон инсон бирор нарсага ҳам талофат етказмасликка ҳаракат қилиши керак.
Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга қийлу қолни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёмон кўрди», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.
Бас шундай экан, дам олиш ва сайр қилиш жойларидаги ойнани синдириш, ўриндиқларни пачоқлаш ёки йиртиш, ёритиш асбобларига тош отиш, тўсиқларни йиқитиш, гул ва ўсимликларни юлиш, эшикларга турли ёзувлар ёзиш, қулфларни кўчириш, жумракларни ишдан чиқариш каби зарарли ишларга қўл уриш мусулмон инсон учун мутлақо мумкин эмас.
Хусусан, бу борада ёш болаларга жуда эҳтиёт бўлиш керак. Кўпинча дам олиш жойларида катталарнинг болаларни қаровсиз қолдиришлари оқибатида улар шўхлик қилиб, кўп нарсаларга талофат, зарар етказишади. Шунинг учун болаларни доимий равишда кузатиб туриш ва уларни қаровсиз қолдирмаслик чораларини топиш керак бўлади.
– Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири ўзгаларнинг зарарли одат ва тушунчаларидан салбий таъсир олмаслик. Баъзи ҳолатларда дам олиш ва сайр қилиш давомида кўпчилик билан алоқада бўлишга тўғри ҳам келади. Мана шундай ҳолатларда ўзгаларнинг кийиниши, ўзини тутиши, одатлари ва тушунчаларидан салбий таъсир олдиган кишилар ҳам топилиб қолади. Албатта, бу каби ҳолатлардан эҳтиёт бўлиш керак. Балки бундай ҳолларда яхши ва фойдали ўрнак олишга ҳаракат қилиш зарур.
Мусулмон кишининг дам олиши, ҳордиқ чиқариши ҳақида сўз борар экан, бундаги муҳим омиллардан саналган уйқу одоблари ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтиш лозим. Уйқу нафсоний ва ҳиссий қувватларнинг ҳаракатлардан дам, ором олишидир. Уйқу кучни қўзғотади, баданни турли чиқиндилардан тозалайди, ҳужайраларни янгилайди. Шу боисдан уйқу одоблари ва қоидаларига риоя қилиш лозим.
Барча ишлар яхши ният билан, савоб умидида қилингани учун ётиш олдидан ниятни холис қилиш, яъни ухлаб дам олиш билан Яратган буюрган яхши ишлар учун куч тўплаб олишни мақсад қилиш талаб этилади.
Одобимиз талабларига кўра, кўп ухлаш рағбатлантирилмайди. Беш соатдан саккиз соатгача бўлган уйқу энг афзалидир. Чунки донишмандлар кўп гапириш, кўп ейиш қатори кўп ухлашдан ҳам қайтаришган. Хабарларда келишича, «Тонгда ухлаш ризқни камйтиради». Серуйқулик, айниқса қуёш чиққунча ухлаш қаттиқ қораланган.
Эрталаб қуёш кўтарилаётганда, кечқурун қуёш ботаётганда, қорин ҳаддан зиёд тўқлигида ёки очлигида ухлаш киши соғлигига зарар, унинг кайфиятни бузиб, ҳамма нарсага тоқатсиз қилиб қўяди. Абдуллоҳ ибн Аббос бундай деганлар: «Уйқу уч хил бўлади: табиий, фазилатли ва аҳмоқона уйқу. Табиийи – тун пайтидагиси, фазилатлиси – чошгоҳ уйқуси, аҳмоқонаси эса кун охиридаги уйқудир. Бу пайтда фақат аҳмоқ ёки маст ёхуд бемор одам ухлайди».
Кўп уйқу умрнинг энг қимматли дамларини беҳуда совуради, соғлиқни йўқотади, юз тиниқлигини кетказиб сарғайтиради, кишини ланж, тоқатсиз, камҳафсала қилиб қўяди, эзгу ишлардан узоқлаштиради. Иброҳим Наҳаъий бундай деган: «Сизлардан олдин ўтганлар уч сабаб туфайли: кўп гапирганлари, кўп таом еганлари ва кўп ухлаганлари сабабли ҳалокатга юз тутишди».
Абдуллоҳ ибн Аббос ўғилларининг эрталаб ухлаб ётганини кўрганларида оёқлари билан тепиб: «Ризқлар тақсимланаётган пайтда ҳам ухлайсанми? Арабларнинг: «Бу пайтдаги уйқу дангасалик пайдо қилади, қарилик келтиради, ҳожатларни эсдан чиқаради», дейишганини эшитмаганмисан?», деб тергаган эканлар.
Юзтубан, чалқанча (осмонга қараб) ётиш тарбиясизлар одати саналади. Ибн Сино айтадики, чалқанча ухлаш уйқунинг ёмон хили бўлиб, кишини сакта, фалаж, босинқираш касалликларига тайёрлайди.
Энг мақбули – ўнг томонга ёнбошлаб, ўнг қўл кафтини юз остига қўйиб ухлашдир.
Уйқуга ётиш олдидан дарвоза-эшиклар беркитилади, сув идишлари ва озиқ-овқатлар усти беркитилади, чироқлар ва ёниб турган оловлар ўчирилади. Уйқуга таҳорат билан, тишларни мисвок ёки тиш чўткаси билан тозалаб ётилади. Ҳадисда: «Қўлларида овқат ёғи қолдиқлари билан ётиб ухлаган одамга бирор каасаллик ёпишса, ўзидан кўрсин», дейилган.
Киши тўшакка ётаётганида кўрпа ва уйқу кийимини қоқиб ташлаши керак, чунки унинг орасига бирор ҳашарот кириб олган бўлиши мумкин. Уйқуга кетиш олдидан зарур оят ва дуоларни ўқиб, ўзига дам солиб ётиш тинч ва хотиржам ухлашингиз омилидир.
Бир уйда ёлғиз ухланмайди, қибла ёки муқаддас китоблар турган томонга оёқ узатиб ётилмайди.
Тушдан аввал ёки кейин бир-икки соат ухлаб олинса, одам кун бўйи тетик юради. Бу уйқу «қайлула» деб аталиб, одамнинг соғлом ва хуш кайфиятда бўлишига фойдаси тегади. Очиқ жойларда, далада ухлаганда ўзини турли зарарли ҳашарот ва ҳайвонлардан муҳофаза қилиб олиш ҳам уйқу одобига киради.
Энг яхши ухлаш юқорида келтирганимиздек, ўнг томонга ёнбошлаб, ўнг қўл кафтини юз тагига қўйиб ухлашдир. Ҳозирги тиббиёт олимлари ҳам бундай ухлаганда инсон тиниқиб дам олиши, тана аъзоларининг фаоллиги яхшиланиши, модда алмашинуви рисоладагидай кечишини исботлашди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ