loader
Foto

Ҳаётнинг Аллоҳ Таоло томонидан яратилганига далиллар

Биомиметика: Технологиялар илоҳий табиатдан нусха кўчирмоқда



Париж... ва бу шаҳарнинг рамзи бўлмиш Эйфель минораси...

Ушбу иншоотнинг бетакрор гўзаллиги ва мафтункорлиги кишиларни ҳайратга солади, бу меъморчилик санъати дурдонасининг муҳандислик жиҳатидан ноёблиги ҳам кишида чуқур таассурот қолдиради. Масалан, миноранинг мустаҳкамлигини олайлик. Бу иншоот жуда кучли шамол ва зилзилаларга бардош бера олади.

Бу миноранинг меъмори нимадан илҳомланган экан? Бу ноёб муҳандислик санъати намунасини қуришга нима туртки бўлган экан? Эйфель минораси инсон танасидаги бир суякнинг тузилиш модели асосида лойиҳаланган. Аниқроғи, инсон танаси оғирлигининг энг катта қисмини кўтариб турадиган сон суягининг тузилиши минора лойиҳаси учун асос қилиб олинган.

1850 йилларнинг бошида машҳур анатом Герман фон Мейер инсон суякларининг тузилишини ўрганаётиб, қизиқарли бир хусусиятни сезиб қолди: Инсоннинг сон суяги шу қадар мустаҳкам яратилган эканки, тик ҳолатда деярли бир тонна юкни кўтара олар экан. Бундан ташқари, сон суяги кўплаб кичик кўндаланг суякчалардан ташкил топган бўлиб, улар бир-бири билан кесишиб, мураккаб панжара ҳосил қилади. 1866 йилда швейцариялик инженер Карл Кульман ҳам инсон суякларининг тузилиши ғоятда мукаммал бир режага асосланганлигини аниқлади.

Бир-бири билан кесишиб, панжара ҳосил қиладиган кўндаланг суякчалар айнан оғирлик кучининг йўналиши бўйлаб жойлашганлиги туфайли, инсон тик турганда сон суягига тушадиган оғирлик ва босим нисбатан камаяди. Инженер Кульман суякларнинг бундай мўъжизакор тузилишидан меъморчиликда ҳам фойдаланишга уриниб кўрди. Шундай қилиб, Эйфель минораси кичик элементларнинг панжарасимон кесишуви принципи асосида, яъни айнан инсоннинг сон суяги тузилиши асосида қурилди.

Инсон танасининг илоҳий тузилиши технологик тараққиёт учун илҳом манбаи бўлди.

БИОМИМЕТИКА: ТЕХНОЛОГИЯЛАР ИЛОҲИЙ ТАБИАТДАН НУСХА КЎЧИРМОҚДА

Инсонларнинг табиатдан оладиган билимлари бугунги кунда ҳар қадамда, қурилишдан тортиб то тиббиёт соҳасида ҳам қўлланилмоқда. Бугунги кунга келиб, бу билимлар фаннинг янги соҳасига - Биомиметика фанига асос солди.

Биомиметика фани табиатдаги лойиҳалар ва иншоотларни ўрганиш билан шуғулланади. Табиатдаги ушбу лойиҳалар асосида янги ғоя ва технологиялар ихтиро қилинади, сўнгра улар ҳаётга татбиқ қилинади.

Табиатни Аллоҳ Таоло гўзал ва бекаму-кўст қилиб яратган. Инсон эса ушбу мукамалликни ўргана бориб, Қодир Аллоҳнинг чексиз Ҳикматини англай бошлайди. Аллоҳ Таоло бизга табиат ва атроф-муҳитда яратган мўъжизалари орқали ўзининг чексиз Илм ва Ҳикматидан намуналар кўрсатади.



Aқлли материаллар

Табиатда учрайдиган иншоотларни қуришда турли-туман материаллар фойдаланилган бўлиб, улар ниҳоятда ноёб ва ғаройиб хусусиятларга эга:

Улар ишлаганда мутлақо шовқин чиқармайди.

Жуда чиройли ва ўта мустаҳкам...

Уларнинг шакли осонлик билан ўзгара олади...

Ушбу материалларнинг ҳар биридан юксак технологияларда фойдаланиш мумкин...

Масалан, чиннини олайлик. Бу материалдан кундалик ҳаётимизда жуда кенг фойдаланимиз. Чинни қурилишда ҳам, электр ёритиш саноатида ҳам қўлланилади. Чинни ишлаб чиқариш учун 1000-1500 даража юқори ҳарорат талаб қилинади. Аммо тирик организмлар ҳам чинни ишлаб чиқара олар экан. Масалан, денгиз тубида яшовчи жониворларнинг зирҳи чиннидан бўлади. Аммо бу чинни қалқоннинг ҳосил бўлиши учун атиги 4 даража ҳарорат кифоя қилади. Мана шу ажойиб хусусият Туркиялик олим Элхон Оқсойнинг эътиборини тортди.

У мана шундай жониворларнинг турли зирҳларини ўрганиш давомида Абалоне деб номланувчи денгиз организмининг ғаройиб хоссасини аниқлади. Бу организмнинг зирҳи ниҳоятда мустаҳкам бўлиб, энг замонавий юксак технологиялар ёрдамида олинадиган чиннидан икки баравар пишиқ экан.

Олим бу ҳодисани қуйидагича изоҳлайди:

Денгиз мавжудотининг зирҳи микроскоп орқали 300 000 марта катталаштириб кўрилганда худди ғиштдан терилган мустаҳкам деворга ўхшайди. Бу девор оқсиллар ва калций углероди қоришмасидан тайёрланган ғиштлардан терилган экан. Кўп қаватли ва кўп табақали бу девор инсон ясаган чиннидан бир неча баравар мустаҳкамдир.

Бу намунадан илҳомланган Оқсой ғоятда қаттиқ ва мустаҳкам материални кашф этди. Бу материал алюминий-бор-карбидли металл чинни деб аталади. Бугунги кунда АҚШда ундан танкларнинг зирҳини ясашда фойдаланилмоқда. Аммо инсонлар ясаётган материаллар маълум вақт ўтгандан сўнг емирилиб, дарз кетади. Шундан сўнг улардан фойдаланиш ҳам, уларни асл ҳолига қайтариш ҳам мумкин эмас. Бу ниҳоятда мушкул ишдир.

Табиатдаги материаллар эса ўз-ўзини мунтазам янгилаб турувчи ноёб механизмларга эгадир. Табиатдаги материалларнинг ўз-ўзини янгилаб туриш ҳодисасини кузатган олимлар мутлақо янги турдаги метариалларни - ўз-ўзини янгилаб турувчи полимерлар ва полициклатларни кашф этдилар. Табиатдаги материалларнинг катта қисми аралаш қоришмалардан ҳосил бўлади. Уларни “композит” материаллар деб ҳам аташади.

Масалан, саноатнинг кўплаб тармоқларида кенг қўллланиладиган толали шиша ҳам ана шулар жумласидандир. Бу материал жуда енгил, пишиқ ва эгилувчандир. Толали шиша жуда кўп соҳаларда, масалан, спорт жиҳозларини, Формула-1 мусобақаларидан қатнашадиган пойга автомобилларини ясашда, кемаларнинг елканларини ва ҳатто космик кемаларнинг баъзи деталларини ясашда ҳам қўлланилмоқда.

Аммо бу материал табиатда ҳам учрайди. Баъзи жониворлар дунёга келган биринчи кунлариданоқ ана шундай материалга эга бўладилар.

Тимсоҳларда.

Тимсоҳнинг терисидаги ўзига хос тўқима худди шишали толанинг ўзидир. Бу материалнинг ички қисмидаги толалар унинг ғоятда мустаҳкам бўлишини таъминлайди. Чунки бу толалар материалнинг ўзига чамбарчас чирмашиб кетиб, унинг пишиқлигини бир неча баравар ошириб юборади. Сунъий равишда ҳосил қилинган ҳар қандай композит материаллар эса уларга нисбатан анча нозик ва соддадир. Табиий композит материаллар эса табиатдаги бошқа барча материаллар каби, бекаму-кўст илоҳий қудрат маҳсулидир.

Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда ҳайвонларнинг яратилишида ҳам инсонлар учун ҳикмат борлигидан хабар беради:

Дарвоқеъ, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам бир ибрат бордир. Наҳл сураси, 66-оят

Табиатдаги композит материалларга яна бир мисол - инсоннинг суяклари ва мушакларини бир-бирига боғлаб турувчи тўқималар, яъни пайлар. Ингичка толалардан ташкил топган пайлар ғоятда мустаҳкам ва бардошли. Пайларнинг ана шу хусусияти олим ва инженерларни бу технологиядан қурилиш соҳасида фойдаланишга ундаган. Осма кўприклар ясашда фойдаланиладиган пўлат арқонлар технологияси инсон пайларининг тузилишини айнан такрорлайди.

Америкадаги Рутгерс университети ўқитувчиси профессор Жанин Бенюс ўзининг “Биомимикрия” деб аталган китобида шундай ёзади:

“Тирсагингиз билан кафтингизни боғлаб турувчи пайлар худди осма кўприкларни кўтариб турувчи пўлат арқонлар каби бир-бирига чирмашган ингичка толалар боғламидан иборатдир. Бу боғламларнинг ҳар бири эса ўз навбатида бир-бирига чирмашиб кетган янада ингичкароқ толалар боғламидан ташкил топади. Бу ингичка толалар ҳам бир-бирига чирмашган молекулалар боғламидан иборат бўлиб, бу молекулаларнинг атомлари ҳам бир-бирига чирмашган спирал кўринишида бўлади

Пайларнинг ана шундай ажойиб тузилиши инсон танасининг яратилиш мўъжизаларидан бири бўлиб, бу ҳақда Парвардигоримиз Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилади: Биз уларни яратдик ва (барча) аъзоларини мустаҳкам қилдик... Инсон сураси, 28-оят

Табиатдаги ҳашаротларнинг кўпгина турлари ипак ишлаб чиқаради. Аммо улардан бирининг чиқарадиган ипаги мутлақо ўзига хос хусусиятларга эга. Бу - ўргимчак ин тўқийдиган ипак толалардир.

Ўргимчак ини - дунёдаги энг пишиқ ва мустаҳкам материалдир. Ўргимчакнинг ғоятда ингича ипаксимон ипининг диаметри бир миллиметрдан сал камроқ бўлса-да, худди шундай қалинликдаги пўлат ипдан беш марта мустаҳкам. Бунинг устига ўргимчакнинг ипи ўзининг дастлабки узунлигига нисбатан тўрт марта чўзила олади!

У шу қадар енгилки, агар бутун Ер куррасини ўргимчак ипи билан уч марта ўраб чиқилса ҳам, унинг оғирлиги атиги 1 килограмм бўлади. Ҳар бир ўргимчакнинг ипи бошқаларникига ўхшамайди. Бундан ташқари, ўргимчак ипи ўз хоссаларини осонлик билан ўзгартира олади.

Агар ўргимчак ини узилиб кетса, ўргимчак уни еб, янги ип чиқариши мумкин.

Фанда Диатематус деб номланадиган ўргимчак ўз танасидаги турли безлардан етти хил турдаги ип ишлаб чиқара олади.

Кимёвий моддалар ишлаб чиқариш бўйича дунёда энг йирик бўлган Дюпон фирмаси ўргимчакларнинг ин тўқиш учун ҳосил қиладиган иплари ва уларнинг тузилиши устида кенг кўламли чуқур тадқиқотлар олиб борди. Миллионлаб маблағлар ва кўп йиллар сарфланган тадқиқотлар натижасида Дюпон фирмасининг лабораторияларида ўргимчак инининг молекуляр тузилиш сири аниқланди. Олимлар бу кашфиётдан сўнг ўргимчак ипларининг молекуляр тузилишидан нусха кўчириб, бугунги кунда дунёдаги энг мустаҳкам ва пишиқ сунъий материални ҳосил қилишга муваффақ бўлдилар. Бу материалга кевлар деб ном берилди.

Кевлар пишиқлик ва мустаҳкамликда ўргимчак ипларига тенглаша олмаса ҳам, инсон қўли билан сунъий ҳосил қилинган материалларнинг энг пишиқ-пухтасидир. Масалан, милтиқдан секундига 150 метр тезлик билан учиб чиққан ўқ ўз йўлида учраган нарсани тешиб ўтади. Аммо у кевлардан қилинган матони тешиб ўта олмайди.

Ҳозирги кунда зирҳлар ҳам, самолетлар учун аэродром вазифасини ўтайдиган улкан кемаларнинг арқонлари ҳам, миналарга бардош берадиган пойафзаллар ҳам кевлардан ясалмоқда. Хуллас, материалларнинг ғоятда мустаҳкам ва енгил бўлиши талаб қилинадиган барча соҳаларда, қолаверса, космик саноатда ҳам кевлардан фойдаланилмоқда.

Аммо, шуниси диққатга сазоворки, кевлар ҳар қанча мустаҳкам бўлмасин, уни ҳосил қилишда асос қилиб олинган ўргимчак ипи билан таққослаб бўлмайди.

Дунёнинг энг етакчи олимлари энг сўнгги техника ва замонавий технологиялар билан жиҳозланган лабораторияларда кечаю-кундуз бош қотириб, Аллоҳ Таолонинг кичкина бир маҳлуқи - онгсиз ўргимчак ҳосил қиладиган ипнинг тузилишини ўрганиб, унга ўхшаш ип ҳосил қила олмаётирлар. Инсоннинг қудрати мана шу митти ҳашаротнинг маҳорати олдида ожиз қолмоқда.

Зеро ўргимчак Илоҳий санъат маҳсули бўлиб, Қодир Аллоҳ унга мана шундай бетакрор истеъдод ва маҳорат ато этгандир...

ЎСИМЛИКЛАРНИНГ ТУЗИЛИШИ ВА БИОМИМЕТИКА

Осмонўпар бинолар... 21 асрнинг энг юксак иморатлари.

Аммо бундай кўпқаватли кошоналарни қуриб бўлгач, уларнинг ташқи кўринишини қандай қилиб тоза сақлашда меъморлар ва инженерлар жиддий қийинчиликка дуч келдилар.

Дунёдаги кўплаб тадқиқот фирмалари бу муаммонинг ечимини топиш устида бош қотирдилар. Аммо бу масаланинг ечими лабораториялардан, илмий-тадқиқот институтларидан эмас, балки табиатдан топилди...

Бу - нилуфар гули.

У ботқоқларда, лойқа сувларда ўсади. Аммо шунга қарамай унинг гуллари ҳар доим топ-тоза бўлади... Нилуфарнинг гулбаргларида доимо чанг ва лой тўпланиб қолади. Лекин нилуфар ўзидаги ҳар қандай ғуборни ажойиб бир тарзда тозалаб турар экан.

Маълум бўлишича, нилуфар ёмғир пайтида устига тушаётган сув томчиларини гулбаргларда тўпланиб қолган чанг ва лойлар томонга йўналтириб турар экан. Натижада ёмғир томчилари ана шу ғуборни тўплаб, ўзи билан олиб кетар экан. Шунинг учун нилуфаргулнинг устида бирорта ҳам зарра қолмайди. Унинг гулбарглари эса ҳар доим топ-тоза бўлиб, ярақлаб туради.

Мана шу табиий ҳодисани кашф қилган инженерлар осмонўпар биноларнинг ташқи қопламини ишлаб чиқишда шу технологиядан фойдаланадилар.

Дунёга машҳур ИСПО фирмаси эса ўзи ихтиро қилган ана шундай махсус қоплама материални ЛОТОСАН деб атаган.

Сиз кўриб турган бу икки бинонинг ташқи қопламаси икки хил бўлиб, улар бир-биридан жуда фарқ қилади. Ўнг томондаги бино нилуфаргул каби сув  томчиларини чанг томон сепиб, ўзини ўзи тозалаб туради. Муҳандислар, меъморлар, кимёвий материаллар билан шуғулланувчи фирмалар ҳал қила олмаган бу муаммонинг ечими оддий бир гул ёрдамида топилган.

Бундай оқилона муҳандислик ечимини ишлаб чиқиш учун гул ҳеч бўлмаганда физика, кимё, молекуляр биология ва саноат инженерияси каби фанлардан чуқур назарий ва амалий билимларга эга бўлиши керак эди. Бироқ, нилуфарнинг на онги, на мияси бор, у эшитмайди ҳам, кўрмайди ҳам.   У ҳолда бундай ечим қандай топилган?

Дарҳақиқат, бу гул ҳам, атрофимизни ўраб турган барча бошқа мавжудотлар ҳам Аллоҳ Таолонинг, буюк ßратувчининг Илоҳий икматини тасдиқловчи далиллардир. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинган:

Яна сизларнинг яралишингизда ва (Аллоҳ ер юзига) тарқатиб юборган жониворлардан иборат нарсаларда ҳам аниқ ишонадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. Жосия сураси, 4-оят

БИЗ ҲАЙВОНЛАРДАН НИМАНИ ЎРГАНДИК?

Сиз кўриб турган ушбу ҳалокат ва тўқнашувлар машиналарнинг мустаҳкамлигини синаб кўриш учун сунъий равишда уюштирилган. Улардан мақсад ана шундай бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишдир. Аммо ҳар куни дунёда минглаб ҳалокатлар рўй бермоқда, кўпинча улар натижасида инсонлар ҳаётдан кўз юммоқда.

Лекин, худод ҳоҳласа, яқин келажакда бундай оғир ҳалокатлар бошқа содир бўлмаслиги ҳам мумкин. Олимлар бу муаммони тўлиқ бартараф қилиш устида иш олиб бормоқдалар. Уларни бу ишга ундаган, муаммонинг ечимини топишга илҳомлантирган нарса эса ҳайвонот дунёси вакилидир.

Бу чигиртка.

Маълум бўлишича, чигиртка ҳаракат хавфсизлиги муаммосини ҳал қилишга ва уни батамом бартараф қилишга ёрдам бериши мумкин экан. Чунки чигирткалар яшайдиган жойлардаги ҳаракат йирик шаҳарлардаги транспорт воситалари ҳаракатидан бир неча баравар зич.

Маълумки, ҳавода бир неча миллионлаб чигиртка учиб юради. Аммо буни қарангки, ҳаракат шу қадар зич бўлишига қарамай, улар ҳеч қачон бир-бири билан тўқнашиб кетмас экан. Бундай интизомнинг сири эса Аллоҳ Таолонинг шу майда ҳашаротларга ато этган электрик импульсларни узатиш ва қабул қилиш қобилиятида экан.

Маълум бир йўналишда учиб кетаётган миллионлаб чигирткалар олдинга электр сигнал юбориб туради. Шу сигнал асосида бошқа чигирткалар унинг қаерда эканлигини аниқлаб, дарҳол ўз йўналишларини ўзгартиради, натижада улар ҳеч қачон тўқнашиб кетмайди.

Олимларнинг фикрича, чигирткаларнинг бундай электр сигнал орқали хабарлашиш усулини транспорт ҳаракати хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилишда ҳам қўллаш мумкин. Автомобилсозлик саноатида ҳам бошқа автомобиллардан келаётган сигналларни қабул қилиш воситаларини қўллаш режалаштирилмоқда.

САМОЛЁТЛАР

Технологик тараққиётнинг ҳаётимизда бизга катта қулайлик туғдираётган энг буюк ютуқларидан бири - бу самолетлардир. Замонавий технологиялар туфайли Ер куррасининг бир чеккасидан бошқа чеккасига учиб ўтиш жуда осон бўлиб қолди. Бироқ янада тезроқ ва шовқинсиз учишнинг иложи топилмаётир.

Гап шундаки, учиш пайтида самолетнинг қанотлари учида турбулентлик ҳодисаси юз беради, яъни шамолнинг айланма оқимлари ҳосил бўлади, улар эса қудратли турбулент шовқинни келтириб чиқаради.

Икки қанотнинг учидан келаётган бундай оқимлар бир-бирига дуч келганда эса шовқин янада кучаяди. Мана шу шовқинни камайтириш имкониятларини кашф этиш муҳандислар яна табиатга мурожаат қилишди. Табиатда эса бу муаммонинг ечими аллақачон топиб бўлинган экан.

Шовқинсиз учиш техникасини маҳорат билан эгаллаган қуш - бойқушдир. Унинг шовқинсиз учишига сабаб эса қанотларининг эгиклигидир. Бойқушнинг қанотларида шундай хусусият борки, у бошқа қушларда учрамайди. Бойқуш қанотларининг патларида баъзи нуқсонлар бор. Мана, Сиз уларни аниқ кўришингиз мумкин. Мана шу биз нуқсонли деб атаётган патлар учиш пайтида вужудга келадиган турбулент шовқинни мутлақо эшитилмайдиган даражада пасайтиради.

Бундан ташқари, бойқушларда юпқа парлар ҳам бор бўлиб, улар қанотни ғоятда юмшоқ бўлишига сабаб бўлади. Улар учиш пайтида патларнинг бир-бирига ишқаланишидан ҳосил бўладиган шовқинни ҳам ютиб юборади.

Мана бир неча ўн йилдирки, самолетсоз муҳандислaр самолет қанотларини ясашда бойқушнинг қанотларидаги ана шу хусусиятлардан фойдаланмоқдалар. Шундай қилиб, яқин келажакда самолетларнинг шовқини анчагина пасайиши кутилмоқда.

КАПАЛАКЛАР

Капалакларнинг ёрқин ранглари, улар қанотидаги бетакрор нақшлар - Аллоҳ Таолонинг чеварлиги, илоҳий санъати маҳсулидир. Шу нарса ажабланарлики, бу гўзал ҳашаротларнинг танасида ҳеч қандай пигментлар, яъни ранг ҳосил қиладиган моддалар йўқ.

Мана бу товланаётган зангори ранг - ҳайвонот дунёсида учрайдиган энг ноёб ранглардан биридир, аммо капалакнинг қанотлари таркибида зангори ёки кўк пигментлар йўқ. Қизиқ, унда мана бу ёрқин ранг қандай ҳосил бўляпти?

Бунинг сири ёруғликни қайтариш ҳодисасига яширинган...

Капалакларнинг қанотлари юпқа шаффоф тангачалар билан қопланган бўлиб, бизни чалғитаётган нарса шу экан. Энди эътибор беринг, олимлар кўз ўнгимизда капалакнинг шаффоф тангачаларидан бирига лазер нурини йўналтирмоқдалар.

Нима бўлаётганини кузатиб кўрайлик-чи...

Натижа бизни ҳайратга солади...

Бетакрор зангори рангнинг ҳосил бўлишига сабаб аслида шаффоф бўлган тангачаларнинг шу рангни қайтариши экан. Масалан, совун пуфакчасида бизга кўринадиган турли-туман ранглар ҳам айнан ёруғликни қайтариш ҳодисаси туфайли ҳосил бўлади.

Дарҳақиқат, совун пуфагида ҳам ҳеч қандай пигмент йўқ, аммо ёруғлик нурлари уларга тушган заҳоти камалак рангларида товлана бошлайди. Бунинг сабаби совун пуфагининг юпқа пардаси қуёш нурини қайтаришида... Узунлиги турлича бўлган ёруғлик нурлари бир-бири билан аралашиб кетади. Шунда уларнинг баъзилари кучайиб боради, баъзилари эса йўқолиб, кўринмай кетади.

Бу ажойиб гўзал манзарани аслида ёруғлик нурлари ҳосил қилади. Капалак қанотидаги ҳар бир тангача майда барг шаклидаги бир неча қаватли юпқа мембраналардан ташкил топган. Мембраналарнинг ҳар бир қатлами худди совун пуфакчасининг сирти каби аниқ бир вазифани бажаради. Зангори ранг ҳосил бўлишининг сабаби шуки, қуёш нури мембраналарга тушгач, зангоридан бошқа барча ранглар ютилиб, кўринмай кетади.

Бугунги кунда дизайнерлар капалак қанотларининг мана шу ғаройиб хусусиятидан кенг фойдаланадилар. Масалан, мана бу машинанинг сирти махсус материал билан қопланган. Бу қоплама аксланадиган нурни назорат қилади. Натижада кўп йиллар давомида машинанинг рангли пигментлари ўзининг ёрқинлигини йўқотмайди.

Англия Мудофаа Вазирлиги қошидаги ҳимоя воситаларини ўрганиш ва такомиллаштириш институти капалакларнинг ушбу ранг хусусиятига катта эътибор қаратди. Бугунги кунда институт капалаклар қанотининг тангачали структураси асосида ҳимоя рангини ўзи ҳосил қилувчи ҳарбий техника воситаларини яратиш устида иш олиб бормоқда.

Табиат дунёсидан келтирилган мазкур ажойиб мисоллар барча тирик мавжудаотлар каби капалаклар ҳам бир пайтда яратилганлигини ҳамда яратилган пайтдаёқ ҳаёт учун керакли барча хусусиятларга эга бўлганлигини тасдиқламоқда. Бу эса уларнинг Қодир Аллоҳ томонидан яратилганлигига яна бир далилдир.

Қуръони каримнинг кўпгина оятлари ҳаётнинг илоҳий яратиш санъати маҳсули эканлиги ҳақида хабар беради:

У - Аллоҳ, Яратгувчидир, (йўқдан) Бор қилгувчидир, (барча нарсага) Сурат-Шакл бергувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудрат ва ҳикмат Соҳибидир. Ҳашр сураси, 34-оят

ЭНГ ИЛFОР ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ОРТДА

ҚОЛДИРУВЧИ ИНСОН ТАНАСИ АЪЗОЛАРИ

Бугунги кунда технологик тараққиёт суръатлари шу даражада кучайдики, сунъий аъзоларни ҳосил қилиш соҳасида ҳам баъзи ютуқлар қўлга киритилди. Айниқса, сунъий юрак ҳосил қилиш соҳаси анча илгарилаб кетди. Сунъий юрак ҳам ҳақиқий юрак каби икки бўлакдан иборат. Аммо бу ҳақиқий ва сунъий юрак ўртасидаги ягона ўхшашликдир.

Тадқиқотчилар сунъий юракнинг икки бўлаги ўртасига кичкина моторча ўрнатиб қўйишди. У икки бўлакнинг ички деворларини навбат билан итариб туради. Натижада юрак деворларининг сиқилиш жараёни ҳосил бўлади. Сунъий юракнинг насосларида яна бир бўлим бор. Унда қонни ҳайдаб турадиган алоҳида механизм жойлаштирилади.

Ҳақиқий юракда бўлакнинг ўзи насос вазифасини ҳам бажаради, бу эса катта самара беради.

Сунъий юракнинг ишини инсоннинг қорни ичига жойлаштириладиган махсус батарея таъминлаб туради. Бу батарея эса ўз навбатида янада каттароқ қувватлаш қурилмасидан келадиган радиотўлқинлар ёрдамида таъминлаб турилади.

Ҳақиқий юрак эса инсоннинг бутун умри давомида ўзи тўхтовсиз ҳайдаб турадиган қон билан озиқланиб, қувватланиб туради. Ҳақиқий юрак бирор марта тўхтамай, бузилмай ёки заряд олмай ўртача 60-70 йил давомида тинмай ишлайди. Шунингдек, ҳақиқий юрак ўз-ўзини янгилаб туриш қобилиятига эга. Шунинг учун ҳам у қувватини йўқотмай, бирор марта тўхтамай ишлай олади. Инсон ҳаёти учун ато этилган мукаммал механизм, бетакрор мўъжиза бўлган юрак ана шундай хусусиятларга эгадир.

Америкадаги Дюк университетининг биоинженерия профессори юрак тузилишини инсон томонидан ясалиши мумкин эмаслиги ҳақида шундай дейди: Ҳар қанча қудратга эга бўлмасин, барча моторларнинг ишлаши мукаммалликдан жуда йироқ.

Инсон юраги эса ғоятда юмшоқ, нам муҳитда ишлайдиган мукаммал машина бўлиб, ихтиёримизда мавжуд бўлган бирорта материалдан юрак ясаб бўлмайди. Айниқса, ўз-ўзидан сиқиладиган материални қаердан оламиз?

Мана шунинг учун ҳам биз ҳеч қачон ҳақиқий юрак ясай олмаймиз.

Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, инсон энг юксак технологияларга эга бўлган тақдирда ҳам бир дона юрак ясай олмайди.

Шундай экан, Дарвин назарияси тарафдорлари дунёдаги барча тирикликнинг тасодифий ва босқичма-босқич ривожланганлиги ҳақидаги назарияни қайси мантиққа асосланиб тасдиқлайдилар ва тарғиб қиладилар? Юрак ёки унинг ишини таъминлаб турувчи кўплаб тизимларнинг тасодифан пайдо бўлиши ёки ҳатто босқичма-босқич ривожланиши мумкинми?

Ҳаётнинг эвлюцион ривожланганлигини таъкидловчи, унинг Аллоҳ Таоло томонидан яратилганлигини инкор этувчи ғоянинг тарафдорлари қанчалик қаттиқ адашаётганлигини кўриш учун шу мисолларнинг ўзи кифоя қилади.

Аллоҳ Таоло инсонларнинг атрофимиздаги турфа оламни кузатиб, ибратланишга, тафаккур қилишга ва ато этган неъматлари учун Унга беҳад шукр қилишга чақиради:

Эй инсон, нима сени Улуғ Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди?!

У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) расо қилиб қўйган Зот-ку!

У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса (ўша сурат - шаклда) таркиб топтирди - ижод қилди-ку! Инфитор сураси, 6-8-оятлар

Яна бир мисолни - компьютерларнинг ишига жиддий хавф туғдирадиган вирусларни кўриб чиқайлик. Вируслар аввал компьютернинг хотирасига кириб, сўнгра ўзларидан нусха кўчириб кўпая бошлайди. Вируслар компьютерга киритилган ва сақланаётган барча маълумотларга тиклаб бўлмас даражада катта зарар етказиши мумкин.

Шунинг учун кўпгина компаниялар компьютерлар ва уларда сақланадиган маълумотларни ҳимоя қилиш учун ўзига хос иммун, яъни ҳимоя тизимини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Ана шундай лойиҳалардан бири Ай-Би-Эм фирмасига тегишли Ватсон тадқиқот марказининг вирусларни изоляция қилиш лабораториясида амалга оширилмоқда.

Бу муаммони ҳал қилишнинг янги ғоя ва усулларининг манбаи эса яна табиат, тўғрироғи инсон ва инсон организмининг мукаммал иммун тизими бўлди.

Фирманинг раҳбарларидан бири олим Стив Уайт шундай изоҳ беради:

Инсон зоти ўз организмида мавжуд бўлган мукаммал иммун тизими туфайли тирик юради. Худди шунингдек, компьютерлар олами мавжуд бўлиши учун ҳам пухта ўйлаб, режалаштирилган ҳимоя тизими, яъни иммун тизими зарурдир.

Компьютер вируслари сунъий ҳаёт кечиради. Ҳаётда учрайдиган биологик вируслар каби, компьютер вируслари ҳам кўпайиш ва наслини давом эттириш учун ўзи жойлашган тизимдан фойдаланади.

Инсон ва компьютер ўртасидаги мана шу ўхшашликдан келиб чиқиб, тадқиқотчилар инсоннинг иммун тизими уни турли вируслардан қандай ҳимоя қилишини аниқладилар.

Маълум бўлишича, организм ўз ичида бегона микроорганизмларга дуч келганда шу заҳоти уларга қарши махсус моддалар ишлаб чиқара бошлар экан. Бу моддаларнинг вазифаси бегона микроорганизмларни йўқ қилишдан иборат бўлади. Шу тариқа организм биринчи инфекция ёки вируснинг фаолиятини сусайтиради.

Вируснинг кўпайишига имкон қадар тезроқ чек қўйиш учун организмда бундай махсус моддалар аввалдан тайёрлаб, заҳирада сақлаб турилади. Компьютер вируслари ҳам ҳар доим ўзидан шундай из қолдирадики, компьютер бу изларга қараб уларни дарҳол аниқлайди. Компьютерни текшираётган антивирус дастури бу изларни кўргач, дарҳол тизимга вирус тушганлиги ҳақида огоҳлантиради. Яъни антивирус дастурлари ҳам инсон организми каби махсус дастурлар заҳирасига эга бўлиб, вирусни эмас, балки аввал унинг изини аниқлайдилар.

Бугунги ҳаётимиздан олинган ушбу мисоллар шуни кўрсатмоқдаки, инсон дуч келаётган энг мураккаб муаммолар аслида табиатда аллақачон ўз ечимини топган бўлиб, уларнинг баъзилари инсоннинг ўз танасида мавжуддир.

Яна бир мисол келтирамиз.

Фотокамералар инсон кўзининг тузилиши асосида ишлаб чиқилган. Инсон кўзининг тузилишини ўрганувчи технологиялар ривожланиб борган сари, фото ва видеокамераларнинг техник хусусиятлари ҳам такомиллашиб бормоқда. Шунга қарамай, фото ва видеокамераларнинг энг сўнгги, замонавий моделлари ҳам тасвирни инсон кўзи узатадиган даражада тиниқ узата олмайди.

Масалан, фотосурат олишда аввал тасвирнинг аниқлиги, яъни фокуси созлаб олинади. Баъзи фотоаппаратларда бу функция қўлда, баъзиларида эса автоматик равишда бажарилади, аммо тан олиш керакки, бунга анчагина кўп вақт кетади. Натижа эса ҳар доим ҳам етарлича аниқ тасвир бўлавермайди. Инсоннинг кўзи эса тўхтовсиз, автоматик равишда бир зумда фокусланади, инсон бу жараёнга мутлақо аралашмайди. Инсон бирор нарсанинг тасвирини тиниқ кўра олиши учун шу нарсага бир қараса кифоя.

Қолган барча операциялар мия назорати остида бир неча миллисекунд ичида автоматик равишда бажарилади. Кундузи олинган фотосуратлар одатда анчагина тиниқ чиқади. Аммо яхши ёритилмаган хонада чироқсиз олинган суратларда деярли ҳеч нарса кўринмайди. Кўзларингиз эса қоп-қоронғида ҳам баъзи нарсаларни аниқ кўришга имкон беради.

Чунки кўзларимиз бирон нарсанинг қанчалик ёритилганлиги ва ёруғлик манбаининг қувватига қараб кўз қорачиғи атрофидаги мускуллар ёрдамида тасвирни мумкин қадар аниқ қилиб, мияга юборади. Қоронғида бу мускуллар чўзилиб, кўз қорачиғи катталашади, натижада кўзга ёруғлик кўпроқ туша бошлайди.

Ёруғлик етарли бўлганда эса, аксинча бу мускуллар қисқаради, кўз қорачиғи кичрайиб, кўзга тушадиган ёруғлик миқдори камаяди. Шунинг учун биз кўрадиган тасвир ҳар доим тиниқ бўлиб тураверади.

Бу қадар мураккаб ва мукаммал механизмга эга бўлган кўзларимиз тасодифан ёки эволюцион ривожланиш натижасида вужудга келиб қолиши мумкинми? Йўқ, албатта. Кўз - Аллоҳ Таолонинг инсонга ато этган сон-саноқсиз неъматларидан бири бўлиб, илоҳий яратиш санъатининг дурдонасидир.

Бу ҳақда Парвардигоримиз Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилади:

(Аллоҳ) сизлар учун қулоқ(лар)ни, кўзларни ва дилларни пайдо қилган Зотдир. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар. Мўъминун сураси, 78-оят

Ҳайвонларга тақлид қилаётган роботлар

Ҳозирги замоннинг энг сўнгги техника ва технологиялари ҳам инсонга чуқур денгизлар тубида ёки очиқ коинотда ишлашга имкон беравермайди. Fаввослар ва фазогирларнинг иши инсон ҳаёти учун анчагина қалтис ва хатарлидир. Шунинг учун олимлар ана шундай қийин ва хавфли шароитларда инсоннинг ўрнига ишлаш учун роботларни ихтиро қилганлар.

Бугунги кунда роботлар ишлаб чиқариш технологияларида “биомиметик роботлар” деган тушунча ҳам пайдо бўлди. Биомиметик роботлар ҳайвонларнинг ҳатти-ҳаракатларига тақлид қилади. Олимларнинг фикрича, турли шароитларда инсоннинг ўрнини босадиган бундай роботларни ишлаб чиқариш мақсадга мувофиқдир.

Масалан, чўлу-саҳроларда тадқиқотлар олиб бориш учун чаён ёки чумолиларга ўхшаш, денгиз тубида ишлаш учун эса балиқлар ёки қисқичбақаларга тақлид қиладиган роботлар ишлаб чиқарилмоқда. Бундай роботлар катта самара бермоқда.

Олимларни ҳайвонларнинг ҳатти-ҳаракатларига тақлид қилишга ундаган сабаб жониворларнинг атроф-муҳитга ажойиб тарзда мослаша олиши ва уларнинг бекаму-кўст шаклу-шамоилидир.

Ер юзидаги энг тез ҳаракатланувчи ҳашаротлар - бу бўғимоёқлилар бўлса керак. Улар ниҳоятда эгилувчан ва тезкордирлар. Шунинг учун бўғимоёқлиларнинг тана тузилиши роботлар ясаш билан шуғулланадиган кўпгина олимларда катта қизиқиш уйғотади.

Мана бу роботнинг номи - Аэриоль. Бу киши эса - робототехника мутахассиси Эд Вильямс.  Аэриоль бўғимоёқли ҳашаротларнинг тана тузилиши асосида ясалган энг биринчи робот намунасидир. У қисқичбақага ўхшайди.

Олимлар Аэриолдан денгиз тубининг турли номаълум ва хавфли жойларини ўрганишда фойдаланадилар. Аммо ҳақиқий қисқичбақа билан унинг робот-эгизаги ўртасида жуда катта фарқ бор: Аэриоль фақат четдан қарагандагина қисқичбақани эслатади. Кўряпсизми, унинг оёғини қимирлатиш учун ҳам махсус компьютер дастурини киритиш керак. Бу дастур ҳар бир ҳаракатнинг тезлиги ва қувватини тинмай ҳисоблаб туриши лозим.

Бу роботнинг ҳаракатлари қанчалик бесўнақай ва оғирлигига эътибор беринг. Бошқача қилиб айтганда, энг яхши робот ҳам тирик бўғимоёқли бир жониворнинг ҳаракатларидаги аниқлик ва мукаммалликни такрорлай олмайди.

Бу мисоллардан кўриниб турибдики, тирик жонзотларнинг бизга энг оддий бўлиб кўринган ҳаракатларига тақлид қилиш ҳам техник жиҳатдан ғоятда қийин иш бўлиб, бугунги кунда бунинг мутлақо имкони ҳам йўқ.

 

Эволюция назарияси эса ҳамон тирик жонзотлар тасодифий ҳодисалар занжири натижасида, онгли бир режасиз ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган деган хаёлни таъкидлашга уринмоқда.

Aммо биз табиатдаги мавжудотларнинг тана тузилишини қанчалик чуқур ўргана борсак, бутун борлиқни албатта Буюк Яратувчи, Қудрат ва Ҳикмат соҳиби бўлган зот, оламларнинг робби - Парвардигоримиз яратганлигига тобора кўпроқ далиллар топамиз. Биз бу фильмда табиатнинг олим ва муҳандислар учун янги-янги ғоя ва лойиҳалари учун битмас-туганмас илҳом манбаи эканлигига атиги бир неча мисоллар келтирдик, холос.

Табиатдаги барча тириклик шу қадар мукаммал яратилганки, инсоният ўзининг бутун ақли ва маҳоратини, фан ва техникада эришган барча ютуқларини ишга солиб ҳам унга ўхшаш бирор нарса ясай олмайди. Бу эса бутун оламни, коинотни, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини, ҳазрати инсонни йўқдан бор этиб, кеча-кундуз унинг ҳаётини таъминлаб тургувчи Ҳолиқимиз, Роббимиз - Аллоҳ Таолонинг борлигини бизга кўрсатувчи исботсиз қабул қилинадиган далиллардир.

Инсон чуқур англаб етиши лозим бўлган ҳақиқат шуки, Парвардигоримиз аввал мутлақо йўқ бўлган бутун борлиқни энг мукаммал суратда ҳеч қандай андоза ва намунасиз яратгандир. Бу Аллоҳ Таолонинг Бадиъ сифатидир. Қуръони Каримда келган бу сифат “бутун мавжудотни намуна ва андозасиз яратувчи” деган маънони англатади.

Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

(У зот) осмонлар ва ерни пайдо қилгувчидир... У ҳамма нарсани яратди ва у ҳамма нарсани бигувчидир.

Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар унинг ўзи бордир. У ҳамма нарсани яратгувчидир. Бас, унга бандалик қилингиз. У ҳамма нарсанинг устидаги вакил-муҳофаза қилгувчидир. Анъом сураси, 101-102-оятлар

Дельфинлар

Ер юзининг 70 фоизи уммонлар билан қопланган. Эана шу зангори денгизларда турфа хилдаги жониворлар ажиб бир уйғунликда ҳаёт кечирадилар. Улардан бири дельфинлардир. Инсоннинг денгиздаги энг хушчақчақ, сертабассум ва яқин дўстлари. Улар инсонларга жуда меҳрибондирлар. Берилган буйруқларни жуда яхши тушуниб, тўғри бажарадилар.

Oларнинг танаси мисли кўрилмаган ажойиб муҳандислик лойиҳаси асосида яратилган. Биз одатда дельфинларни сув устида кўришга одатланганмиз. Ваҳоланки улар умрининг кўп қисмини денгиз тубида ўтказадилар. Денгиз тубидаги зулмат қоронғулигида бир-бирини кўриш ҳам, овқат топиш ҳам ғоятда мушкул иш. Аммо маълум бўлишича, дельфинлар бундай шароитларда биз кундузи кўрганимиздан ҳам анча яхшироқ кўра олар эканлар. Хўш, улардаги бу хусусиятнинг сири нимада?

Аллоҳ Таоло дельфинларга товуш тўлқинлари ёрдамида ташқи дунё билан алоқа қилишга имкон берувчи ғоятда мураккаб ва ўта аниқ сезги органлари тизимини ато этган. Олимлар бу ҳодисани “эхолокация” деб атайдилар. Дельфинлар сувда ҳаракат йўналишини қандай аниқлай олишини тушуниш учун уларнинг калла қисми тузилишига эътибор қаратиш керак. Дельфинлар калласининг устки қисмида нафас олиш тешиги бор. Унинг шундоққина тагида ҳаво билан тўлдирилган халтасимон пуфакчалар мавжуд. Дельфинлар мана шу пуфакчалар орқали ҳавони ўтказиб, юқори частотали товуш чиқарадилар. Бу товушлар калланинг олд қисмида жойлашган ва ёғ билан тўлдирилган халтачалар орқали ўтиб, товуш тўлқинларига айланади. Шундан сўнг дельфин мана шу тўлқинларни атрофга тарқата бошлайди. Бирор-бир жисмга урилиб қайтган тўлқинлар худди шу частотада дельфиннинг ўзига қайтиб келади. Дельфинлар бу акс-садоларни ғоятда ҳушёрлик билан тинглаб борадилар. Қайтган товуш тўлқинлари аввал пастки жағнинг “акустик дарча” деб аталувчи махсус қисми билан илғаб олинади. У ердан ички қулоққа узатилиб, сўнг мияда таҳлил қилинади. Ташқаридан келаётган акс-садолар ёрдамида дельфинлар денгиз тубидаги ҳар қандай жисмнинг шакли, ўлчамлари, ҳаракат тезлиги ва ҳатто унгача бўлган масофа ҳақида ғоятда аниқ тасаввурга эга бўла оладилар. Дельфинлар ушбу ноёб аъзолари ёрдамида жуда катта ҳудудни бир зумда, гўё денгиз тубининг харитасини тузгандек ўрганиб чиқадилар. Ушбу мисли кўрилмаган мукаммал гидролокация тизими ёрдамида дельфинлар денгиз тубини гўё электрон сканер каби суратга олиб чиқадилар.

Бу қадар юксак технологияли ўта аниқ ва нозик системанинг гўшт ва суяклардан ясалиб, денгиз жониворининг танасига жойлаштирилиши Парвардигори оламнинг яратиш қудрати ва чеварлигига инкор қилиб бўлмас далилдир. Замонавий сувости кемалари ҳам худди ана шундай гидролокатор ёрдамида ҳаракатланадилар. Аммо сувости кемалари учун йигирманчи асрдагина ишлаб чиқилган технологиядан дельфинлар минг йиллардан бери фойдаланиб келмоқдалар.

Тирик жонивор бу қадар мураккаб ҳаракатни мувофиқлаштириш тизимига ўз ҳоҳиш-иродаси билан эга бўлиши мумкинмиди? Албата йўқ! Дельфиннинг тузилишидаги юксак технологик хусусиятлар уларнинг Аллоҳ Таоло томонидангина яратилганлигига заррача шак-шубҳа қолдирмайди. Аммо юқори частотали акустик системанинг вазифаси фақат денгиз тубидаги жисмларни топиш билангина чекланиб қолмайди. Дельфинлар бу тизимдан ов қилишда ҳам фойдаланадилар. Дельфинлар ўзларининг кучли таъсир қилувчи товуш тўлқинларини майда балиқлар галаси томонга тўсатдан йўналтириб, уларни кар қилиб қўядилар ва ўлжани осонгина қўлга киритадилар. Бундай мукаммал қурол таъсирида қулоқлари том битган балиқлар денгиз қушлари учун ҳам тайёр ўлжага айланадилар. Дельфинлар ўз гидролокаторларидан алоқа воситаси сифатида ҳам фойдаланиб, ўзаро ажойиб мулоқот тизимини ташкил қиладилар. Масалан, улар бир-бирлари билан 220 км масофада туриб ҳам бемалол алоқа ўрната оладилар. Масалан, Босфор кўрфазида турган дельфин Дарданеллада турган бошқа бир дельфиннинг товушини бемалол эшита олади. Дельфинлар ушбу алоқа воситасидан асосан ўз жуфти ҳалолларини топишда ва бир-бирларини хавф-хатардан огоҳлантиришда фойдаланадилар.

Дельфиннинг кўзлари

Аллоҳ Ҳақ Субҳанаҳу ва Таоло ҳар бир мавжудотни унинг барча эҳтиёжларини қондира олувчи бекаму-кўст кўриш тизими билан яратган. Одамзодга ҳам мислсиз санъат дурдонаси бўлган бир жуфт кўз ато этилган. Унинг ёрдамида биз қуруқликдаги ҳамма нарсани аниқ кўра оламиз. Сув остида эса бизга кўринаётган тасвир хиралашади. Бунинг сабаби шуки, инсон кўзи сув остида тасвирни фокуслашга қийналади. Бу муаммони ҳал этиш учун биз сувости кўзойнакларидан фойдаланамиз. Бу кўзойнаклар кўзларимиз атрофида ҳаво қатламини ҳосил қилади. Сув остини кинотасвирга олиш учун ҳам одамлар махсус технология асосида ясалган видеокамералардан фойдаланадилар. У ҳолда дельфиннинг кўзларини энг замонавий камера деб аташ мумкин, чунки унинг кўзлари тасвирни сув остида ҳам, сув устида ҳам бир хилда аниқ кўрсатади. Дельфиннинг кўзларида ноёб хусусиятга эга бўлган махсус линзалар ўрнатилган. Бу линзалар тушаётган ёруғлик миқдорига қараб кенгайиб ёки торайиб туради. Шу линзалар туфайли дельфинлар сув остини ҳам, сув устини ҳам аниқ ва тиниқ кўра оладилар. Бу улар учун ғоятда муҳим аҳамият касб этади. Дельфинлар денгиз сатҳи узра ҳар сафар юқори сакраганларида қушлар галасининг қай томонга учаётганлигини диққат билан кузатадилар. Агар қушлар денгизнинг бирор жойи устида айлана бошлашса, демак улар балиқлар галасини топган бўладилар. Дельфинлар буни жуда яхши биладилар. Шунинг учун ўзларига тезда емиш топа оладилар. Уларнинг кўзидаги махсус ҳимоя қобиғи шўр денгиз сувининг таъсиридан сақлайди.

Дельфинларнинг кўзи яна бир ажойиб хусусиятга эга. Уларнинг икки кўзи бир пайтнинг ўзида икки томонга қарай олади. Масалан, у ўзи сузиб кетаётган томонни ҳам ва айни пайтда ён томонни ҳам кўриб туради, чунки ён томондан акулалар тўдаси ҳужум қилиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, дельфинлар зарур пайтда бир кўзини юмиб олиши ҳам мумкин. Бу пайтда миянинг ярми уйқуга чўмади. Кейин у иккинчи кўзини юмиб, миянинг иккинчи ярмига ҳам дам бериши мумкин. Шу тариқа дельфинлар ҳеч қачон ухламайди, балки доимо уйғоқ ва сергак юради.

Эволюция назарияси тарафдорлари Ер юзидаги барча жониворлар тасодифан пайдо бўлиб, босқичма-босқич ривожланиш натижасида мана шундай мукаммал ва мураккаб системаларга эга бўлиб қолган, деб ҳисоблайдилар. Демак, уларнинг фикрича, гидролокация тизими ҳам, ажойиб кўриш механизми ҳам тасодифан пайдо бўлган экан-да?! Аммо нега эволюционистлардан бирортаси сувости кемаларининг ғоятда мураккаб гидролокация тизимлари ёки рақамли фотоаппаратлар ҳам тасодифан пайдо бўлиб қолган деб айтмайдилар?

Инсон ақли бовар қилмайдиган даражадаги юксак технология асосида яратилган дельфиннинг кўзлари ёки унинг акустик биосистемаси, улар тасодифан вужудга келиб қолган деган фикрни мутлақо рад этади. Тирик жониворларнинг танасида бу қадар юксак технологик қурилмаларнинг мавжудлиги буюк бир ҳақиқатдан очиқ-ойдин далолат беради. Дельфинларни ҳам, улардаги барча ажойиб хусусиятларни ҳам Аллоҳ Таолонинг Ўзи яратган

Дельфиннинг териси

Инсонлар қийин ва ноқулай об-ҳаво шароитларига бардош бера олувчи денгиз транспорт воситаларини ишлаб чиқиш устида азалдан бош қотириб келадилар. Аммо кемалар яна бир жиддий муаммони, яъни сувнинг ишқаланиш кучини ҳам енгиб ўтишлари керак. Кеманинг тезлиги ортган сари сувнинг ишқаланиш кучи ҳам ортиб боради. Шунинг учун яхталар, сув ости кемалари ва бошқа денгиз транспорт воситаларини қуришда муҳандислар сувнинг ишқаланиш кучини минимумгача камайтириш имконини берувчи лойиҳаларни ишлаб чиқишга интиладилар. Денгиз кемаларининг моторлари ишлаб чиқарадиган энергиянинг катта қисми айнан сувнинг ишқаланиш кучини енгишга сарфланади.

Дельфинлар тез сузишни жуда ёқтирадилар. Худди шу тезлик билан ҳаракатланувчи кема ҳам албатта катта ишқаланиш кучига дуч келади. Аммо дельфинлар учун бундай муаммо йўқ. Чунки бутун борлиқни, шу жумладан дельфинларни ҳам йўқдан бор этган Аллоҳ Таоло улар учун зарур бўлган барча шароитларни муҳайё этиб қўйган. Дельфинларнинг териси ва тана тузилиши сувнинг ишқаланиш кучини минимумгача камайтириш хусусиятига эгадир. Келинг, ҳозир дельфин терисининг ана шу функциялари билан яқиндан танишайлик.

Дельфин сувда тез сузган пайтда унинг териси атрофида мутлақо ҳаракатсиз сув қатлами ҳосил бўлади. Бу қатлам “чегаравий ишқаланиш қатлами” деб аталади. Тезлик туфайли дельфиннинг танаси атрофида сув гирдоблари вужудга келади. Шунда дельфиннинг териси чегаравий ишқаланиш қатлами атрофида ҳосил бўлаётган сув гирдоблари йўналишига тескари йўналишда титрай бошлайди. Натижада бу тебранишлар ҳосил бўлган гирдобларни сўндириб, ишқаланиш кучи ҳосил бўлишига тўсқинлик қилади. Шу туфайли дельфинлар сувда жуда тез ва эркин суза оладилар.

Дельфиннинг танаси юксак муҳандислик санъати дурдонаси бўлиб, ҳақиқий мўъжизадир. Унинг ана шундай хусусиятини чуқур ўрганган немис гидрологлари тўрт йиллик машаққатли меҳнат самараси ўлароқ сувости кемалари учун худди шундай хусусиятларга эга бўлган қоплама ишлаб чиқишга муваффақ бўлдилар. Ушбу қоплама ёрдамида сувости кемаларининг тезлигини 250 фоизга оширишга эришилди. Ўз-ўзидан маълумки, бундай мураккаб ва мукаммал лойиҳанинг тасодифан вужудга келиши мутлақо мумкин эмас. Бу қадар мукаммал ва бекаму-кўст тизим фақатгина чексиз Ҳикмат ва Қудрат соҳиби бўлган Зот томонидангина яратилган бўлиши мумкин. (Бу эса бутун борлиқни яратгани каби, дельфинларни ҳам Парвардигори оламнинг Ўзи яратган деган очиқ-ойдин ҳақиқатни яна бир бор исботлайди).

Дельфинларнинг дизайн ва муҳандислик мўъжизаси бўлган ушбу хусусиятлари Аллоҳ Таолонинг бутун маҳлуқоту мавжудотларни нақадар чеварлик ва маҳорат билан, гўзал, бежирим ва бенуқсон қилиб яратганлигини тасдиқловчи сон-саноқсиз исботу далиллардан биридир, холос. Аллоҳ Таолонинг буюклигини, унинг яратиш қудратини идрок эта олувчилар табиатдаги ажойиб ва ғаройиб хусусиятларга эга бўлган ҳар бир мавжудотга ибрату тафаккур кўзи билан қарайдилар. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

(Парвардигорга) қайтгувчи - тавба-тазарруъ қилгувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма-ибрат бўлсин учун (мани шундай қилдик). Қоф сураси, 8-оят

ФИЛЛАР

Бу - Африка... Ушбу улкан қитъада турли-туман жониворлар ҳаёт кечирадилар. Бу эса - қуруқликда яшовчи ҳайвонларнинг энг йиригидир. Унинг маҳобатли танаси бир қаватли уйдек келади. Битта филнинг вазни тахминан 50 кишининг оғирлигига тенгдир. Бу ҳайвонлар оддий шароитларда ўртача 70 йил умр кечирадилар. Филлар тўда-тўда бўлиб яшайдилар. Ҳар бир тўдада 30 тагача фил бўлиши мумкин. Тўдага она фил бошчилик қилади. Унинг буйруғига барча тўда аъзолари бўйсуниши шарт. Филлар тўдасида ҳар доим намунали тартиб-интизом ҳукм суради. Битта фил бир кунда 225 кг ўт-ўлан ейди. Демак, 30 та филдан иборат тўда кунига 7 тоннагача озуқа истеъмол қилиши мумкин. Жазирама қуёш остида яшовчи бундай йирик ҳайвонлар учун сув танқислиги ғоятда жиддий муаммодир. Шу сабабдан ичимлик суви топиш филлар учун кундалик муаммога айланган. Филлар сув ва емиш қидириб, дам олмасдан 50 километргача йўл босишлари ва уч кунлаб сувсизликка чидашлари мумкин. Филларнинг организми улар яшайдиган жазирама муҳитга ғоятда мос қилиб яратилган.

Келинг, филларнинг ўзига хос хусусиятлари билан яқиндан танишайлик ва бу жониворларнинг яратилишидаги мўъжизаларга гувоҳ бўлайлик.

ФИЛНИНГ ХАРТУМИ

Хартум филнинг энг биринчи ва асосий ёрдамчисидир. Филлар хартумлари ёрдамида жуда ҳам кўп ҳаракатларни бажарадилар. 18 асргача олимлар филнинг хартуми бир бутун мушакдан иборат деб ҳисоблаб келардилар. Аммо замонавий тадқиқотларнинг натижаси олимларни ҳайратга солди. Маълум бўлишича, инсон танасидаги мушаклар сони 639 та бўлса, филнинг биргина хартуми юз минглаб мускуллардан иборат экан. Филлар ўзаро бириккан ҳалқалар шаклидаги бу мушаклар ёрдамида ҳар қандай мураккаб ҳаракатни бемалол бажара оладилар. Филнинг хартуми иккита асосий мушаклар гуруҳидан ташкил топган. Кўндаланг боғланган мушаклар хартумни исталган томонга букишга хизмат қилади. Мушакларнинг бу гуруҳи оғир ҳаракатларнинг бажарилишини таъминлайди ва юк кўтаргувчи мослама вазифасини бажаради. Хартумнинг баъзи мускуллари эса энг нозик ва аниқ ҳаракатларни бажаришга хизмат қилади. Бу мускуллар худди инсон бармоқлари каби ўта нозик ва сезгирдир.

Хартум филнинг бурнигина эмас, балки деярли барча аъзоларининг ўрнини босадиган универсал органдир. Агар филнинг хартуми бирор сабаб билан шикастланса, тез орада у ҳаётдан кўз юмиши ҳам мумкин. Эволюция назариясининг тарафдорлари тирик жониворларнинг кўпчилигига хос бўлган хусусиятлар тасодифан ва босқичма-босқич вужудга келган деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки филнинг хартуми каби мураккаб, бақувват ва айни пайтда нозик ҳамда сезгир мускуллар комплексидаги юз минглаб мушакларнинг ҳаммаси бир пайтда мавжуд бўлмаса хартум ўз функцияларини тўлиқ бажара олмайди ва фил тез орада ҳалок бўлади. Нима бўлганда ҳам, филлар ўз хартумларидан минг йиллардан буён осонлик билан фойдаланиб келмоқдалар. Жонзотлар танасидаги мана шундай мураккаб техник тизимлар уларни фақатгина Аллоҳ Таоло яратганлигига далилдир.

ФИЛНИНГ ОЁҚЛАРИ

Қуруқликда яшовчи ҳайвонларнинг энг йириги бўлган филларнинг оғирлиги тахминан 5 тоннагача бўлади. Аммо филлар бу қадар оғир вазнда бўлишига қарамай, енгил қадам ташлаши бу ҳайвонларнинг оёқлари шак-шубҳасиз махсус тузилишга эга бўлишини тақозо этади. Агар филларнинг вазни бундан ҳам оғирроқ бўлганда, оёқлар бу юкни кўтаришга бардош бера олмасди. Лекин филнинг оёқлари муҳандислик санъатининг ҳақиқий мўъжизасидир. Филларнинг танаси оғир бўлишига қарамай, улар ерга ҳайрон қоларли даражада енгил ва юмшоқ одим ташлайдилар. Филнинг оёқ бармоқлари остида ёғ тўлдирилган ўзига хос ёстиқ вазифасини ўтовчи қаттиқ ва мустаҳкам қатлам бор. Бу филлар учун махсус яратилган амортизация тизимидир. Филнинг товонида жойлашган бу ёстиқчасимон қатлам ерга тушадиган босимнинг бир текисда тақсимланишини ва айни пайтда филга оёқини ердан осонлик билан кўтариб олишини таъминлайди. Шу сабабли филлар гавдасининг вазни 5 тоннагача бўлишига қарамай, узоқ масофаларни дам олмай босиб ўта оладилар. Оёғига бaланд пошнали туфли кийиб олган аёл ерни филга қараганда бир неча баравар катта босим билан босади.

Эволюционист олимларнинг ҳозирги барча жонзотлар ўзларининг бундай мукаммал ва уйғун ҳолатларига тасодифан ва босқичма-босқич ўзгаришлар натижасида эришган, деган фикрига эргашадиган бўлсак, у ҳолда филлар Ер юзида пайдо бўлган дастлабки кунлардаёқ товонида махсус ёғ қатлами бўлмаганлиги сабабли бир қадам ҳам боса олмай, очлик ва ташналикдан қирилиб кетган бўлишлари керак эди. Аммо бундай бўлмади. Чунки Аллоҳ Таоло уларни айни мана шу ҳолатда, шу кўринишда йўқдан бор этган. Уларнинг бугунги ҳолати, шаклу-шамойили Аллоҳ Таолонинг чеварлиги, ҳикмат ва қудратидан ёрқин далолат бериб турибди. Бутун борлиқни Ўзининг чексиз илми билан яратган Парвардигоримиз ҳар бир жонзотнинг яшаши ва ривожланишининг тадбирини кўриб, ризқини ва умрини ҳам белгилаб қўйгандир.

СЎЗСИЗ МУЛОҚОТ

Бугунги кунда мулоқот инсонлар учун фавқулодда зарурлиги ҳаммага маълум. Жамоа бўлиб яшовчи филлар ҳам ғоятда ажойиб мулоқот тизимидан фойдаланадилар. Уларнинг мулоқот тизими узоқ пайтларгача олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар мавзуси бўлиб келди. Филлар ўзаро инсон қулоғига эшитилмайдиган инфратовушлар ёрдамида мулоқот қиладилар. Маълум бўлишича, филлар бир-биридан 4 км масофадан туриб ҳам инфратовушга асосланган махсус тилда бемалол сўзлашишар экан. Олимлар ҳозирча филлар фойдаланадиган 30 га яқин шартли инфратовуш сигналларини аниқлашга муваффақ бўлдилар.

Инфратовушлар одатда улкан массали пластларнинг ҳаракати натижасида, масалан вулқонлар портлаган пайтда юзага келади. Бу жуда кучли ва айни пайтда паст частотали товуш тўлқинларидир. Инсон бу товушларни фақат махсус аппаратлар ёрдамида қайд этиши мумкин. Шу пайтгача энг йирик денгиз ҳайвони бўлган китларгина ўзидан инфратовуш чиқаради, деб ҳисоблаб келинар эди. Бугун эса филларнинг ҳам ушбу алоқа воситасидан фойдаланиши фанга маълум бўлди. Олимларнинг фикрича, қулай об-ҳаво шароитларида филлар инфратовушларни 10 км гача бўлган масофага ҳам узата олишлари мумкин экан.

Инсон ақлини ҳайратга солувчи бу илмий далил филларда жуда катта ҳудудларни қамраб олган улкан алоқа тизими - коммуникация тармоғи мавжудлигини кўрсатади. Мазкур махсус мулоқот тизими Аллоҳ Таоло филларга ато этган мўъжизавий сезги органлари ёрдамида ташкил қилинади. Инфратовушнинг кучи уни тарқатиш усулига боғлиқ. Қисқа тўлқинлардан иборат бўлган юқори частотали инфратовушлар ўз таъсирини тезда йўқотади. Аммо филларда инфратовушнинг тўлқин узунлиги жуда катта бўлганлиги туфайли, улар узоқ масофаларда ҳам ўз таъсирини йўқотмайди. Шу туфайли узоқ сафарга йўл олган ва бир неча километрга чўзилган улкан фил тўдалари ўз ҳаракат йўналишини осонлик билан мувофиқлаштириб бораверадилар.

Хавф-хатар юз берган пайтда эса филлар бир-бирини огоҳлантириш учун яна бир усулдан фойдаланадилар. Масалан, филга каркидонлар ҳужум қилиб қолса, у депсиниб, оёқларини ерга қаттиқ зарб билан ура бошлайди. Бу зарбалар таъсирида юзага келган ер силкинишлари тўдадаги бошқа филларга ҳам етиб боради. Натижада филлар хатардан тезда огоҳ бўлиб, ундан қутулиш чорасини кўрадилар, бир-бирларига ёрдамга ошиқадилар.

ХУЛОСА

Тирик жониворларга ато этилган ана шундай хусусиятлар уларни Аллоҳ Таоло яратганлигига инкор қилиб бўлмас далил бўлиб хизмат қилади. Ушбу ҳақиқат ҳақида Парвардигори Олам ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилади:

...Яна сизларнинг яралишингизда ва (Аллоҳ ер юзига) тарқатиб юборган жониворлардан иборат нарсаларда ҳам аниқ ишонадиган қавм учун оят-ибратлар бордир... Жосия сураси, 4-оят

Олимлар йилдан-йилга филларнинг янги-янги хусусиятларини кашф этиб бормоқдалар. Ушбу фильмда ана шу хусусиятларнинг бир қисмигина ҳикоя қилинди. Худди шунингдек, бутун борлиқда бирор бир жонзот йўқки, унда инсон ақли бовар қилмайдиган сон-саноқсиз мўъжизалар бўлмасин. Уларнинг ҳар бирига ибрат ва тафаккур кўзи билан боқсак, ҳар бирини Яратганнинг йўқдан бор этиш қудратидан бир намуна деб қарасак, Парвардигори Оламнинг чексиз неъматларига шукрона қилишни, Унинг раҳматига ҳамду-санолар айтишни ўрганамиз.

Биз кўриб чиққан қуруқликда яшовчи энг йирик ҳайвон бўлган фил ҳам, ундан аввалги барча ҳайвонлар ҳам Оламларнинг Робби, Аллоҳ Ҳақ Субҳанаҳу Таолонинг яратган маҳлуқларидир. Уларнинг яратилиш ҳикмати одамзодни фикрлашга, табиат сирларини ўрганиб, ҳаётда улардан фойдаланишга ундайди...

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади