loader
Foto

Инсонлар орасидаги тенг ҳуқуқлик

Яқинда Американинг Далласида қуролланган  қонли тўқнашув бўлиб ўтди. Тўқнашувнинг бир тарафида полициячилар бўлса, иккинчи тарафда қора танлиларнинг ҳарбийлашган гуруҳи иштирок этди.

Полициячилар тарафидан иккита қора танлини ўлдиргани билан ҳаммаси бошланиб кетди. Воқеалар аввалига Батон-Ружуда, эртаси эса Фолкон-Хайтсда содир бўлди.

Эслатиб ўтиш жоизки, АҚШда бунга ўхшаш қотилликлар анъанага айланиб бормоқда. Америкалик полициячилар кимнидир қўлга олаётганида қурол ишлатишда ортиқча андиша қилиб ўтирмайдилар. Айниқса, гап қора танлилар ҳақида бораётган бўлса, отиб ташлайверадилар. Қора танлилар ҳам қайсар, улар полициячилар тарафидан қўпол ва ҳақорат оҳангидаги буйриқларни дарҳол бажаравермайдилар.

Шунинг учун ҳам, қора танлиларнинг мунтазам равишда калтакланиши ва ўлдирилишларини АҚШнинг афро-америкаликлар жамияти ирқчиликдан деб ҳисоблайди. АҚШда бундай ҳолатлар ўнлаб топилади.

Табиийки, бундай ҳолатлар турли хил кутилмаган тартибсизликларни келтириб чиқармоқда. Булар эса, ўз навбатида полиция кучлари билан бостирилмоқда. Мамлакатда полициянинг зулмига қарши бир нечта тадбирлар ҳам ўтказилди. Бироқ, алалоқибат тадбирлар бирон бир ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмади. Ирқчилик асосидаги воқеалар қайта-қайта содир этилмоқда.

Бу сафар полициянинг шафқатсизлигига ҳақиқий партизанларга хос усулда жавоб берилди. Бир нечта қора танли радикаллар полициячиларга ҳужум уюштирди. Снайпер қуролидан фойдаланган ҳолда бешта полициячи отиб ўлдирилди. Ҳукумат махсус кучлар билан махсус амалиётни бошлаб юборди.

Айни вақт, ҳукумат вазиятни ўз назоратига олган бўлса ҳам, у ер бу ерда тартибсизликлар учраб турибди.

Нима бўлганида ҳам АҚШдаги қора танлилар ҳамжамияти ичидаги норозиликлари қуролли исён қилишгача етиб келди. Бу эса, мамлакатдаги ирқлараро тўқнашувлар очиқча ўзини намаён қилишни бошлади.

Ислом тарихидан

Машҳур араб қабилаларидан бўлмиш Ғифор қабиласининг аъзоси Абу Зарр ал-Ғифорий собиқ қул Билол ибн Рабоҳ Ҳабаший билан айтишиб қоладилар.

Айтишув тортишувга айланади. Аччиғи чиққан Абу Заррнинг оғзидан, «Эй қора хотиннинг ўғли!» деган гап чиқиб кетди. Бу ўша вақтдаги энг оддий ва арзимаган ҳақорат эди. Лекин, жоҳилият ҳособича арзимган ҳақорат эди, холос. Ислом ҳисобида эса ўта қаттиқ ҳақарот ҳисобланар эди. Умри бундан кўра неча чандон оғир ҳақоратлар ичида ўтган Билол розияллоҳу анҳу бу ҳақоратга чидай олмади. Чунки, у энди мусулмон эди. Исломдаги тенглик мевасини татиган эди. Ўзини қора танаси учун ҳақоротланишини ўтказиб юбора олмас эди. Шунинг у киши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилди.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом Абу Зарр розияллоҳу анҳуга:

«Сен уни онаси ила айбладингми?! Сен ичингда жоҳилиятинг бор одам экансан!", дедилар.

Бу гап Абу Зарр розияллоҳу анҳу учун оғир мусибат эди. Шунинг учун, дарҳол Пайғамбар алайҳиссаломдан

-Ушбу соатимда, шу катта ёшимда-я?!-деб сўради.

-Ҳа! Улар биродарларингизку! Ахир!-дедилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу қаттиқ надомат чекди, Аллоҳга тавба қилди. Кейин Билол розияллоҳу анҳу оёқлари остига юзларини қўйиб, шу қора оёқларинг ила юзимни босиб ўтмасанг, ўрнимдан турмайман, деди.

Ушбу ривоят изоҳида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ: "...Ислом мусулмонларни бу ҳассос масалада ана шундоқ тарбиялаб борди. Бу тарбия, албатта, ўз самарасини берди. Исломнинг ушбу муаммо бўйича таълимотлари, бошқаларникига ўхшаб оғизда ёки қоғозда қолиб кетмади, балки ҳаётга тўлиқ татбиқ қилинди. Татбиқ қилинганда ҳам инсоният бошига тарихининг тенглик бобига тож қилиб кийдириладиган ажойиб даражада татбиқ қилинди", деган эдилар.

Баъзи манбалар асосида

Абу Муслим тайёрлади