loader
Foto

Исломнинг инсон молу-мулкини муҳофаза қилиш мақсади

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида марҳамат қилади:

«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, гўзал қайтар жой бор». (14-оят)

Ояти каримада зикр қилинган нарсаларнинг муҳаббати «зийнатланди» дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор. Бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол. Модомики, ушбу рағбатлар инсон табиатида бор экан, Аллоҳнинг Ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва завқли кечишида хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки, мубоҳ қилган. Бу нарсаларни манъ қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида, жумладан, моливий шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки, у уларнинг хожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.

Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодати йўлини кўрсатиб берувчи дини  – Ислом инсон саодати учун зарур омил бўлган мол-мулкни муҳофаза қилиш учун барча керакли чораларни кўргандир.



1. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида одамларни меҳнатга чорлаш, ризқни териб ейиш, ер юзида ҳаракат қилишга, касби-корга ундаган.

Аллоҳ таоло «Жумъа» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз». (10-оят)

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ер юзига тарқалиб ҳалол йўл билан ризқ топишларига тарғиб қилмоқда ва бу ишни «Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш», деб номламоқда.

Аллоҳ таоло «Мулк» сурасида бундай дейди:

«У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, анинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир». (15-оят)

Ушбу ояти карима Ислом дини бўйича, меҳнатга чорлаш, ризқни териб ейиш, ер юзининг турли жойларида ҳаракат қилиш зарурлигига далилдир. Бу оятдаги «юринг» деган хитоб мусулмонларни доимо касби-корга ундаган ва дангасалик, бекорчиликдан четлатган. Шу билан бирга, ризқ Аллоҳ таолодан бўлишини унутмаслик ҳам зарурлигини эслатган.



2. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида бировнинг молини ботил йўл билан ейишни ҳаром қилди.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Бирбирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг». (29-оят)

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, (қиморбозлик,) товламачилик ва бошқалар киради.



3. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида ўғриликни ҳаром қилди ва бу жиноятга қарши оғир жазо қўллади.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида маҳамат қилади:

«Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу уларнинг қилмишига жазо ва Аллоҳдан иқобдир. Аллоҳ азиз ва ҳакиймдир». (38-оят)

Ўғрилик луғатда «молни махфий равишда ҳийла йўли билан олиш»дир.

Шаръий истилоҳда: «Ўғрилик – оқил, болиь, ҳақи йўқ ва ҳақ шубҳаси йўқ киши томонидан махсус миқдордаги молни, маълум беркитилган жойдан, махфий равишда олишдир».

Ислом жамиятда яшаётган кишиларга, ким бўлишидан қатъи назар, яхши ҳаёт кечириш ҳаққини беради. Уларни тўғри йўлда тарбиялайди. Ижтимоий ҳаётда адолатни ўрнига қўяди. Шахсий мулкнинг ҳалол йўл билан ривожланишига эшикни кенг очиб қўяди. Жамият аъзоларининг ижтимоий таъминотини ҳам йўлга қўяди. Хулоса қилиб айтганда, кишиларни ўғриликка бошлайдиган омилларнинг олдини олади. Ана шундан кейингина ўғрининг қўлини кесишга ҳукм чиқаради.



4. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида рибохўрликни ҳаром қилди.

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз». (130-оят)

«Рибо» луғатда «зиёдалик» ва «ўсиш» маъноларини англатади. Шариат истилоҳида эса, молни молга алмаштиришда эвазсиз ортиқча мол олишни «рибо» деб айтилади.

Рибо – судхўрлик бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки қарзи ҳасана беришнинг ўрнига, судхўрлик юзасидан муомала қилади. Яъни, мен сенга маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман, сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан, дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.

Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойдаланадилар. Рибохўрлик бор жамиятда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжга чиқади. Оқибатда мол-мулк бир гуруҳ судхўрларнинг қўлига ўтиб қолиб, жамият уларнинг хоҳишига биноан яшашга мажбур бўлади.



5. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида алдамчиликни ҳаром қилди.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб: «Қандоқ сотаяпсан?» – деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у Зотга, қўлингни у(таом)нинг ичига тиқ, деб ваҳий қилинди. У Зот қўлларини тиқсалар, ҳўл экан. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Алдаган биздан эмас», – дедилар».

Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Имом Муслим ва имом Термизийнинг лафзида:

«У зот:

«Эй таом эгаси! Бу нима?!» – дедилар.

«Ёмғир теккан эди, ё Расулуллоҳ», – деди у.

«Буни одамлар кўришлари учун таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди! Ким алдаса, мендан эмас!» – дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, савдога қўйилган молнинг айбини айтмай сотиш алдамчилик ҳисобланади ва бу иш ҳаромдир.



6. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида қиморни ҳаром қилди.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз». (90-оят)

«Қимор» аслида арабча сўз, аммо оятда айнан «қимор» сўзи эмас, балки унинг маънодоши «майсир» сўзи келтирилган. Бу сўз осонлик билан мол топиш маъносини билдиради. Яъни қиморнинг ҳақиқий маъносига далолат қилади.

Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда.

Шунингдек, қимор ҳам зарари кўп иллатдир. Айниқса, кишилар ўртасига адоват ва нафрат (ёмон кўришлик) солиши ҳаммасидан ўтиб тушади. Буни содда мантиқ ҳам кўрсатиб туради. Ютқизган қиморбоз ўзидан бир дақиқада бир ҳаракат ила кўп ёки оз миқдордаги маблағни ютиб олган қиморбозни ҳеч қачон яхши кўрмайди ёки унга ўзини дўст санамайди. Қиморнинг орқасидан чиққан жанжаллар, душманликлар, ёмон кўришлар, қотилликлар ҳақида ҳар доим эшитиб турамиз.

Аллоҳ таоло қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши», деб атамоқда. Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади.



7. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида нархни сунъий равишда кўтаришни ҳаром қилди.

Луғатда ушлаб туришни «эҳтикор» деб айтилади. Шариатда эса, сотиб олинган нарсани нархни ошириш учун қасддан сотмай ушлаб туришни «эҳтикор» дейилади.

Маъмар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир», – дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Эҳтикорчи-монополиячилар турли йўллар билан нархларни сунъий тарзда ошириш, бозорда фақат ўз молини қолдириб, у молни қандоқ бўлишидан қатъи назар энг юқори нарх¬да сотиш йўлларини қидирадилар. Бунда кўпчиликка зарар борлиги учун бу иш ҳаром қилинган.



8. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида ғасбни ҳаром қилди.

Ғасб – зулм ва куч билан тортиб олишдир. Бир нарсани ғасб қилди, дегани тортиб олди деганидир.

Шариат истилоҳида, мулк эгасини ўз молидан очиқ-ойдин, куч ишлатиб маҳрум қилишни «ғасб» деб айтилади. Ғасб бировнинг молини ноҳақдан тортиб олишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зинокор зино қилаётганида мўмин бўлмас, ароқхўр ароқ ичаётганида мўмин бўлмас, ўғри ўғрилик қилаётганида мўмин бўлмас, талончи талон қилганида, одамлар унга кўзларини тикиб қараб қолганларида у мўмин бўлмас», – дедилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Бировнинг молини зўрлик билан тортиб олиш энг катта гуноҳлардан биридир. Бу иш мўминликка ҳеч тўғри келмайдиган ишдир. Бировнинг мол-мулкини зўрлик билан, ноҳақдан тортиб олувчи киши ҳақидаги энг енгил ҳукм, ўша ишни қилаётган пайтда ундан иймон чиқиб туришидир. Шунинг учун ҳеч қачон ҳеч кимнинг заррача молини ҳам ноҳақдан олмаслик керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ноҳақлик ила ердан бир нарса олса, қиёмат куни етти қават ерга юттирилур», – дедилар».

Бухорий ривоят қилган.



9. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида ғарарни ҳаром қилди.

«Ғарар» луғатда хатар маъносини билдиради.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғарар савдосидан қайтарганлар.

Фиқҳий истилоҳга кўра, «ғарар» эҳтимол, шак ва иккиланиш маъноларини англатади. Киши ғарарда қилаётган ишининг ҳосил бўлиш бўлмаслигини била олмай, иккиланиб қолади. Моликий уламоларининг баъзилари ғарарга таъриф бериб:

«У мақсад ҳосил бўлиши ёки ҳосил бўлмаслиги каби икки ишнинг ўртасида тараддудланиб қолишдир», дейишади.

Баъзи шофеъийлар:

«Ғарар икки иш ўртасида тараддудга тушишдир ёки икки ишнинг эҳтимолини билмаслик, гумоннинг кўпроғи ишнинг бўлмайдиган (хатарли) томонидир», дейдилар.

Ҳанафий уламоларнинг айримлари:

«Ғарар ишнинг вужудга келиши ёки келмаслиги ўртасида туриб қолишдир. Бу шак мақомидир», деган таърифни берадилар.

Сувдаги балиқ, учиб юрган қуш, чорва қорнидаги ҳомила, қочиб кетган ҳайвон кабиларнинг савдолари ғарар савдосига мисол бўлади. Бу ерда мулк қилиш мумкин бўлган балиқ ва қушни айтилмоқда. Агар мулк қилиб бўлмайдиган нарсалар бўлса, унинг савдоси мутлақ жоиз эмас.



10. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида пора олишни ва беришни ҳаром қилди.

«Пора» араб тилида «ришва» деб аталиб, шаръий истилоҳда, ҳақни йўққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсага айтилади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ саллоллоҳу  алайҳи васаллам:

«Пора берувчига ва пора олувчига Аллоҳнинг лаънати бўлсин» – дедилар».

Бешовларидан фақат Насаий ривоят қилмаган.

Расулуллоҳ саллоллоҳу  алайҳи васаллам икковларини ҳам ушбу ҳаром ишни қилганлари учун лаънатламоқдалар. Расулуллоҳ саллоллоҳу  алайҳи васалламнинг лаънатлари жуда оғир жазодир. Чунки лаънат бировнинг Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир. Аллоҳнинг маҳбуб Расули Аллоҳдан сўраган нарса бўлмай қолмаслиги ҳаммага маълум.



11. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида исрофни ҳаром қилди.

 Исроф – тежамкорликдан ёки мўътадил чегарадан чиқиб кетишдир. Молни ўз ўрнига сарфламаслик ҳам исроф дейилади.

Баъзилар: «Нафақада ҳаддан ошиш, кишининг ҳалол бўлмаган нарсани ейиши ёки ҳалол нарсани ҳам мўътадиллик ва эҳтиёждан ортиқ емоғи исрофдир», – дейишади.

Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида марҳамат қилади:

«Ва исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилгувчиларни севмас». (141-оят)

Исроф қилмаслик умумий маънода: йиғиб-териб олишда, сақлашда, бировга беришда ва ниҳоят, тановул қилишда ҳам бўлади. Ким исроф қилса, Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлади. Чунки:

«Албатта, У исроф қилгувчиларни севмас».

Имом Бухорий қилган ривоятда: «Енглар, ичинглар ва кийинглар. Аммо исроф ва манманлик қилманглар», дейилган.



12. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида молиявий муомалаларни ёзиб боришни ва уларга гувоҳ келтиришни жорий қилди.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови (аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз, Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир». (282-оят)

«Ояти мудояна» - қарз олди-бердиси ояти номини олган ушбу ояти карима Қуръони Каримдаги энг узун оятдир. Ушбу ояти карима Қуръони Карим, Ислом дини инсон ҳаётининг барча томонларини қамраб олганига ёрқин мисолдир. Бу ояти каримани ўрганган одам, бошқа барча тузум ва жамиятлар ўзларининг асосий ҳужжатларидаги инсон турмушида тез-тез учраб турадиган молиявий муомала – қарз масаласига Қуръони Карим қанчалик аҳамият берганини англаб етади.



13. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида ҳалол касбга амр қилди ва ҳаромдан мол топишни манъ қилди.

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолида енг. Ва агар унга ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинг». (114-оят)

Ароқ, нажосат тушган сув каби ичимликлар, чўчқа гўшти, Аллоҳнинг исми айтилмай сўйилган ҳайвонлар гўшти ва никоҳида бўлмаган шахс ила жинсий алоқада бўлиш кабилар ҳаромдир. Бинобарин, бундай нопок нарсалар воситасида пул топиш ва сарф қилиш ҳаромдир.

Шу билан бирга, ўзи ҳалол бўлган нарсаларга шариатда манъ қилинган йўл билан эга бўлса, улар ҳам ҳаромга айланиб қолади. Мисол учун, зулм, ўғрилик, рибохўрлик, алдамчилик, порахўрлик йўли билан топилган ҳар бир нарса, ўзи қанча пок бўлса ҳам, топувчига ҳаромдир.

Шунинг учун ҳам уламоларимиз мутлақ ҳаромни, ўзида ҳаромлик сифати бор ёки манъ қилинган йўл билан топилган нарсадир, деб таъриф қиладилар. Мусулмон киши учун ҳаромдан ҳазар қилиш фарздир.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳаром йўл билан бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай дейди:

«Ва бир-бирингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг». (188-оят)

Ботил йўл билан ейишга ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб ёки ҳаром касблар билан мол топиш ва бошқалар киради.



14. Ислом шариати молни муҳофаза қилиш мақсадида молиявий ибодатларни жорий қилди.

 Ислом закот, фитр садақаси, назр каби фарз ва вожиб молиявий ибодатларни жорий қилиш билан бирга ихтиёрий садақа ва ҳадя каби суннат ва нафл молиявий ибодатларни ҳам жорий қилди. Закотни ўзининг беш рукнидан бири қилди. Мазкур молиявий ибодатлар ҳақида бошқа жойларда гап юритилгани учун бу ерда фақатгина ўлжа тақсимоти ҳақидаги оятнинг бир жумласининг озроқ тафсирини келтиришга ижозат бергайсиз.

Аллоҳ таоло «Ҳашр» сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ Ўз Расулига шаҳар-қишлоқ аҳлидан қайтариб берган нарса Аллоҳгадир ва Унинг Расулига ва яқин қариндошларига, етимларга ва мискинларга ва кўча ўғилларигадир. Сизлардан бойларингиз орасида айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун. Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби зўр Зотдир». (7-оят)

Аллоҳ таоло ушбу оятда «Сизлардан бойларингиз орасида айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун», деган қавли ила улкан молиявий муомалалардаги муҳим қоидалардан бирини баён қилмоқда.

Бу қоида Ислом иқтисодидаги улкан қоидалардан биридир. Аслида, жамиятнинг моли ҳамма аъзолари орасида айланиб туриши керак. Фақат бойларнинг орасида айланадиган бўлса, мол бир гуруҳ одамлар қўлига ўтиб, жамиятнинг қолган аъзолари уларга қарам бўлиб қолади. Ўшанда бойлар нимани хоҳласа, қилаверадиган, қолганлар эса уларнинг хоҳишларига бўйсунишга мажбур бўладиган ҳолат юзага келади. Ислом шахсий мулкчиликни ҳимоя қилиб, ҳурматлаш билан бир қаторда сармоянинг туғёнига ҳам чек қўяди. Ижтимоий адолат бўлишига даъват этади. Шунинг учун ҳам закот фарз қилинди, судхўрлик ҳаром қилинди ва бошқа қоидалар жорий этилди.

Мулоҳаза қилган бўлсангиз, Ислом шариатининг молнинг муҳофазаси учун жорий қилган ҳукмлари ҳақидаги гапимиз анча чўзилиб кетди. Чунки инсон саодатининг тўлиқ кафолатчиси бўлган бу динда ушбу масалага алоҳида эътибор берилган. Зеро мол жоннинг ҳамроҳи. Иқтисод – инсон ҳаётининг ажралмас қисми. Шунинг учун молга боғлиқ муаммоларнинг тўғри ҳал бўлиши инсон ҳаётига катта таъсир кўрсатади.

Шунинг учун ҳам Исломдаги молиявий муомалаларни тартибга солишда инсон саодатига фойда келтирадиган барча нарсаларга рухсат берилган ва аксинча, инсонга зарар келтирадиган барча нарсалар манъ қилинган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)