loader
Foto

Қуръоннинг сизни ҳайратда қолдирадиган олтита илмий далили

Қуръон – Аллоҳнинг чин Каломи эканлигидан далолат берадиган кўп сонли тарихий ва илмий далиллар етарлидир. Бу мақолада биз Аллоҳ Таолонинг Китобида ўз тасдиғини топган айрим илмий далилларни келтириб ўтамиз.



Ҳаётнинг пайдо бўлиши

Сир эмаски, Ердаги ҳаётнинг асоси – сувдир. Сув барча жонли организмларнинг муҳим қисмини ташкил қилади. Бу Қуръоннинг қуйидаги ояти билан тасдиқланади:

«Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?» (Анбиё сураси, 30-оят).

Ушбу оятда сув ҳаётнинг пайдо бўлиш манбаси деб аталган. Ердаги барча жонли организмлар, маълумки, тўқималардан, улар эса, ўз навбатида, ҳужайралардан иборат. Ҳужайралар таркибида катта миқдорда сув мавжуд бўлиб, ундан ҳаётий фаолияти учун фойдаланади. Масалан, ҳужайранинг асосий материали - цитоплазма - 80%га сувдан иборат.

Ушбу ҳолат фақат микроскоп ихтиро қилиниши билан аниқланди. Ўрта асрлар Арабистонда сув барча тирик организмлар ҳаётининг асоси ҳисобланиши бирон кимнинг хаёлига ҳам келарди, тўғрими?



Темир

Темир Ер учун «жонажон» элемент ҳисобланмайди. У Ер қаърида пайдо бўлмаган, балки Ер шаклланишида коинотдан тушган. Эҳтимол, бу бироз ғалати эшитилар, лекин ҳақиқатда шундай. Геологлар шуни аниқладиларки, миллиардлаб йиллар олдин, ернинг фаол шаклланиши даврида метеоритлар темирдан ташкил топган ва моҳиятан, бошқа юлдузларнинг қолдиқлари бўлган.

Муқаддас Қуръонда бу ҳақида қуйидаги сўзлар айтилган: «Ва темирни туширдик - унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор...» (сура Хадид сураси, 25-оят).

Оятда айтилишича, темир «туширилган». Бу темирнинг келиб чиқиши ер билан боғлиқ эмаслигини таъкидлайди. Албатта, бу ҳолат VII асрда Арабистонда маълум бўлиши мумкин эмасди.



Атмосфера бизни қандай ҳимоя қилади

Маълумки, коинот ва Қуёш Ердаги барча жонзотларни саноқли дақиқалар ичида ҳалок қилиши мумкин бўлган кучли электромагнит нурланиши манбаси ҳисобланади. Бундан ташқари, атмосфера Ер юзасида оптимал ҳароратни ушлаб туришга ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Атмосферасиз, сайёрамизнинг офтобга қараган томони бир неча юз даража иситган бўларди. Унинг қоронғи томони эса - бир неча юз даража совиган бўларди. Айнан атмосфера ҳаво ҳарорати куннинг вақтига қараб ўзгариб турадиган ҳароратни ўтказиш учун жавоб беради. Лекин совиш ва исиш аста-секин содир бўлади. Атмосферасиз, Ер юзаси худди ойда содир бўлганидек, деярли бир зумда совиб қолган бўларди.

Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръон каримда қуйидагича деган: «Ва осмонни сақлаган шифт қилиб қўйдик. Улар эса, Унинг аломатларидан юз ўгиргувчи бўлмоқдалар» (Анбиё сураси, 32-оят).

Ушбу оятда осмонга ҳимоя функцияси берилган. Атмосферанинг бу хусусияти олимлар томонидан фақат XX асрга келиб очилган.



Тоғлар

Қуръон матнига кўра, тоғлар геология нуқтаи назаридан жуда муҳим вазифани бажаради: «Ерни тўшаб қўймадикми? Ва тоғларни қозиқ (қилиб қўймадикми?)» (Наба сураси, 6-7 оят).

Бу оятларда тоғлар уларнинг литосферага чуқур кирган идизлари туфайли «қозиқ» деб аталади.

Масалан, Ернинг энг юқори нуқтаси – Эверест чўққиси – ер қаърига 125 километрдан ортиқ чуқурликка кириб боради. Тоғлар тузилишига доир бу геологик факт XX аср бошида, плиталар тектоникаси пайдо бўлганда кашф қилинган.

Араблар VII асрда геологияни бу қадар яхши билишлари мумкинмиди? Бунинг жавоби аниқ.



Коинотнинг кенгайиши

Қуръони каримда Коинотнинг кенгайиши назариясини тасдиқлайдиган маълумот ҳам мавжуд: «Осмонни Ўз қудратимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилувчимиз» (Зарийат сураси, 47-оят).

Ушбу назария фақат XX асрга келиб пайдо булди. Машҳур физик Стивен Хокинг «Вақтлар қисқа тарихи» китобида ёзишича: «Коинотнинг кенгайиши кашф қилиниши XX асрда интеллектуал инқилобга олиб келди».

Аллоҳ Таоло буни одамларга телескоп ихтиро қилинишидан анча олдин хабар қилган.



Куёш Орбитаси

1512 йил астроном Николай Коперник илгари сурган назарияга кўра, Қуёш аслида қуёш тизимининг марказида ҳаракатсиз туради, сайёралар эса унинг атрофида айланади.

Бу назария Қуёш ўз орбитасига эга эканлиги ва Сомон Йўли маркази атрофида айланиши аниқланган XX аср бошларигача астрономлар учун фундаментал саналган.

Қуръони карим эса Қуёш орбитаси ҳақида VII асрда маълум қилган: «У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган зотдир. Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар» (Анбиё сураси, 33-оят).

Бу ва бошқа кўплаб илмий далиллар 14 аср олдин маълум эмас эди. Бироқ, Қуръони карим бизга номаълум бўлган янада ажойиб илмий кашфиётларни ўз ичига олиши мумкин. Энг Олий Яратувчининг илми чексиздир, инсон ақли эса чегараланган.

Ҳар бир янги илмий кашфиёт инқилоб сифатида тақдим этилади, лекин улар ҳақида гувоҳликлар Қуръони каримда у нозил қилинган пайтдан бошлаб мавжуд эди. Шундай қилиб, илм-фан фақатгина Аллоҳ таолонинг айтган сўзларини тасдиқлайди ва доимо "етиб олувчи"позициясида бўлади.

Абу Муслим таржимаси