loader
Foto

Тошни ким суриб қўйди?

«Тошни ким суриб қўйди?» ёки «Тошни ким олиб қўйди» (Марк 16:3) – бу савол икки минг йилдан буён теологларга тинчлик бермайди. Машҳур инжилшунос олим мистер Фрэнк Морисон ўзининг шу номли китобида бу қора доғни янада қорайтиришга уриниб кўрди. Унинг китоби 1930 йилдан 1975 йилгача ЎН БИР марта нашр қилинди. У ўзининг 192 саҳифага битилган тахмин ва фаразлари билан ҳам «тошни ким суриб қўйди?» деган саволга жавоб бера олмади («Фабер энд Фабер», Лондон).

У китобининг 89-бетида шундай дейди: «Шунинг учун ҳам бўш қабр муаммоси биз учун ҳамон ечилмаганлигича қолиб келмоқда». Шундан сўнг у олтита гипотезани илгари суради. У «маййитни Аримафеялик Иосиф тинчроқ, маъқулроқ жойга яширинча олиб бориб қўйган бўлиши мумкин» деган БИРИНЧИ тахмини биланоқ бизни деярли лол қолдиради. Ўша Иосиф «уни шахсий мақсадларидан келиб чиқиб бошқа жойга олиб бориб қўйган бўлиши мумкин» деган гипотезага ишониш қийинлигини ўзи тан ола туриб, шоша-пиша уни энг ишонарсиз далиллар билан исботлашга уринади.

Умид қиламанки, сиз ушбу китобни ўқиб чиқсангиз, мистер Морисонга ўхшаб бу саволга қониқарли жавоб топасиз.

Келинг, бир бошдан бошлайлик. Инжилга кўра, ҳафтанинг биринчи куни, якшанба тонгида Мария Магдалина Ийсо алайҳиссаломнинг қабрига келади (Иоанн 20:1). Ақлимизни қийнайдиган биринси савол:



1-савол: У қабрга нима учун келди?



Жавоб: Инжил муаллифларининг айтишича, Мария уни «силаш» учун келган. Қадимги яҳудий тилида бу сўз «масаха» шаклида келиб, «артиш», «уқалаш» ва «силаш» маъноларини билдиради. Бу сўз ва унинг маъноси араб тилида ҳам худди шундай. «Масаха» феълининг ўзагидан арабча «Масиҳ» ва қадимги яҳудийча «Мессия» сўзлари ҳосил бўлади. Бу сўзларнинг иккаласи ҳам «силанган, сурилган» деган маънони англатади. Бу сўз грек тилига «Христос» деб таржима қилинади. Ийсо алайҳиссаломнинг исмларига қўшиб айтиладиган сўз шудир.



2-савол: Яҳудийлар вафот этганларнинг баданини уч кун ўтгач уқалайдиларми?



Жавоб: Йўқ!



3-савол: Мусулмонлар вафот этганларнинг баданини уч кун ўтгач уқалайдиларми?



Ответ: Йўқ!



4-савол: Насронийлар вафот этганларнинг баданини уч кун ўтгач уқалайдиларми?



Ответ: Йўқ!



Ҳаммага маълумки, инсон вафот этгач, уч соатдан сўнг мурда қотиб қолади – инсон бадани ҳужайралари бузила бошлайди. Уч кундан сўнг мурданинг ичи чирий бошлайди. Агар бундай чирий бошлаган мурдани уқалай бошласак, у бўлакларга бўлиниб кетади.



5-савол: Мария Магдалина уч кун ўтгач, чирий бошлаган мурдани уқаламоқчи эди, деган гап ақлга тўғри келадими?



Жавоб: Тўғри келмайди, у ўлик эмас, Т-И-Р-И-К Ийсо алайҳиссаломни қидириб келган бўлсагина бундай фикрга бориш мумкин. Мариянинг Ийсо алайҳиссаломни тасодифан таниб қолгандаги ҳолатини таҳлил қилиб кўрсангиз, бу фактни тан олишингиз мумкин. Гап шундаки, Мария хочдан ечиб олинган ожиз танада ҳаёт аломатларини кўриб қолган эди. Мария Аримофеялик Иосиф ва Никодимдан ташқари, Ийсо алайҳиссаломнинг танаси узра сўнгги расм-русумларни адо этаётган деярли ягона аёл эди. Бу киши, яъни Никодим синоптиклар томонидан атайлаб ўчириб ташланган. Матфей, Марк ва Лука Инжилларининг муаллифлари Ийсо алайҳиссаломнинг ўзини қурбон қилишга тайёр турган бу содиқ ҳаворийсини мутлақо тан олмайдилар. Унинг исми дастлабки учта Инжилда ҳеч қандай ҳолатда зикр қилинмайди. «Сирли ҳаворий синоптикларнинг қўлёзмаларида қасддан зикр қилинмаган, деган хулосага келмасликнинг иложи йўқ», - дейди дунёдаги етакчи инжилшунос олимлардан бири доктор Хью Ж. Шенфильд. Мария Магдалина қабрга яқин келгач, харсанг четга сурилган, пеленалар эса мақбаранинг қуббасига тахлаб қўйилган эди. Энди савол туғилади:



6-савол: Нима учун харсанг суриб қўйилган, пеленалар эса ёйилган эди?



Жавоб: Чунки, ҳар қандай моддий жисм оғзи харсанг билан тўсилган жойдан чиқа олмас эди, худди жонли тана ўзи ўралган кафан билан чиқа олмагани каби. Қайта тирилган (жон ато этилган) танага харсангни суриш ёки кафанни ёйиб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди. Балки, шоир ушбу сатрларни қайта тирилган, боқий таналар ёки инсон руҳини тасаввур қила туриб ёзгандир: «Тош деворлар зиндон бўла олмас, темир панжара – қафас…»



Тушкунликка тушган, афтодаҳол Мария мақбарани кўздан кечирар экан, сал нарида Ийсо алайҳиссалом уни кузатиб турар эдилар. Фалакдан эмас, terra firmaдан, она-ердан туриб кузатар эдилар. Ёддан чиқармайликки, бу қабр Ийсо алайҳиссаломнинг «махфий ҳаворийси», ғоятда бой ва нуфузли яҳудий, Аримафеялик Иосифнинг хусусий мулки эди. Бу қабр қоятошга ўйиб ишланган катта, кенг бир хона бўлиб, насроний олим Джим Бишопнинг айтишича, унинг эни 5 фут, баландлиги 7 фут ва чуқурлиги 15 фут келар, ичкарисида бир ёки бир неча поғоналари бор эди. Бу қабрнинг атрофида «махфий ҳаворий»нинг чорбоғи бор эди. Яҳудий ёки яҳудий бўлмаган бирор киши шаҳардан 5 миль узоқликда сабзавот экишини, яна у ерларда бегона қўй ва эчкиларнинг ўтлаб юришини хаёлга келтириш мумкинми? Албатта, бу ер эгаси ўз ишчиларига ўз шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш учун бирор бошпана билан таъминлаган бўлиши керак. Балки, унинг шаҳардан ташқарида ҳам уйи, «дала ҳовли»си бўлгандир, у ерга дам олиш кунлари оиласи билан ҳордиқ чиқаришга бориб тургандир.



Ийсо алайҳиссалом кузатиб турган бу ҳаворий аёлнинг ичидан ўзлари еттита жинни ҳайдаб чиқарган эдилар. У зот аёлга яқинлашиб, унинг йиғлаётганини кўрдилар. Ийсо алайҳиссалом сўрадилар: «Эй хотин! Нега йиғлайсан? Кимни излайсан?» (Иоанн 20:15).



7-савол: У зот бунинг сабабини билмасмидилар? Нима учун бундай аҳмоқона бўлиб кўринадиган саволни бердилар?



Жавоб: Аёлнинг нега йиғлаётганини ҳам билардилар, кимни излаётганлигини ҳам билардилар, ва у зот ҳеч қачон аҳмоқона савол бермасдилар. Албатта, у зот аёлни атайлаб адаштирмоқчи (кўчма маънода) бўлдилар! Ийсо алайҳиссалом аёл қабрга келиб ўзларини қидираётганлигини ва у зотни топа олмай, аламдан йиғлаётганини билардилар. Шунингдек, Ийсо алайҳиссалом аёл у зотни таний олмаслигини ҳам билардилар.



Шафқатсиз синовни бошдан кечирган бўлсалар ҳам, аёлга ҳазиломуз савол беришга ўзларида куч топдилар: «Эй хотин! Нега йиғлайсан? Кимни излайсан?»



«Аёл, уни боғбон деб ўйлаб, унга шундай деди:…» (Иоанн 20:15).



8-савол: Нима учун аёл Ийсо алайҳиссаломни боғбон деб ўйлади? Қайта тирилганларнинг ташқи кўриниши боғбонга ўхшайдими?



Жавоб: Азиз ўқувчи! Маҳшар куни манзарасини тасаввур қилиб кўринг-а! Сиз ҳам «боғбон»га ўхшаб турибсиз, қайнотангиз ҳам «боғбон» қиёфасида, куёвингиз ҳам худди «боғбон»нинг ўзи, севимли завжангиз эса бу учовлонга қараб, ўз эрини топа олмай, ҳайрон бўлиб турса! Бунга ақл бовар қиладими? Йўқ! Қайта тирилганлар асл ҳолларида тириладилар! Ҳамма дарҳол бир-бирини таниб олади. Сен асл қиёфангда бўласан, қиёфангни ўзгартира олмайсан. Инсоннинг ажали неча ёшда, қандай аҳволда етишидан қатъи назар, маҳшар куни ҳамма бир-бирини танийди.



Хўш, унда нима учун Мария Ийсо алайҳиссаломни «боғбон» билан адаштирди?



Жавоб: Чунки Ийсо алайҳиссалом қиёфаларини боғбонларга ўхшатиб олган эдилар, боғбонларнинг кийимларини кийиб олган эдилар.



9-савол: Нима учун Ийсо алайҳиссалом боғбонларга ўхшаб олган эдилар?



Жавоб: Чунки у зот яҳудийлардан хавфсирар эдилар.



10-савол: Нима учун у зот яҳудийлардан хавфсирар эдилар?



Жавоб: Чунки у зот ўлмаган ҳам эдилар, қайта тирилмаган ҳам эдилар. Агар у зот ўлиб, сўнг яна қайта тирилган бўлсалар, хавфсирашларига сабаб бўлмас эди. Нега дейсизми? Чунки қайта тирилганлар иккинчи марта ўлмайдилар. Буни ким айтди? Буни Инжилда айтилган: «Инсонларга бир марта ўлиш ёзилган, ундан кейин суд бўлади» (Яҳудийларга 9:27). Қайта тирилган одам ИККИНЧИ марта ўлмаслиги ҳақидаги фикр Ийсо алайҳиссаломнинг қайта тирилиш ҳақидаги энг ишончли ҳадислари билан ҳам тасдиқланган.



Яҳудий олимлардан бири Ийсо алайҳиссаломнинг ҳузурларига топишмоқ савол билан келади. У бир аёлнинг еттита эри бўлганлигини айтиб, савол берди:



«Хўш, маҳшар куни бу аёл еттовлоннинг қайси бирига хотин бўлади? Ахир, уларнинг ҳар бири аёлга эрлик қилган эдилар (Матфей 22:28).



Ийсо алайҳиссалом қисқа бир сўз билан жавобдан қочишлари мумкин эди, чунки бу савол у зотни мот қилиш мақсадида айтилган навбатдаги қопқон эди. Аксинча, у зот Инжилда биз учун қайта тирилган руҳ ҳақида очиқ-ойдин шаҳодат қолдирдилар. Ийсо алайҳиссалом дедилар: «Улар энди ўла олмайдилар, энди улар фаришта кабидирлар, Парвардигорнинг бандалари, аҳли маҳшар бўладилар» (Лука 20:36).



«УЛАР ЭНДИ ЎЛА ОЛМАЙДИЛАР» - зеро, энди улар мангу ҳаёт  бўладилар. Уларга иккинчи марта ажал келмайди. Улар энди очликни ҳам, ташналикни ҳам сезмайдилар. Чарчамайдилар ҳам, жисмларига таҳдид ҳам бўлмайди. Чунки қайта тирилган тана «фариштасимон» - маънавий бўлади. Улар руҳоний ҳилқат бўладилар, руҳ бўлиб қоладилар.



Бироқ Мария Магдалина руҳни қидирмаётган эди. У Ийсо алайҳиссаломни боғбон деб ўйлаб, шундай дейди: «Соҳиб, агар сен уни олиб чиққан бўлсанг, менга айтгин, сен уни қаерга қўйдинг..» (Иоанн 20:15). Эътибор беринг, Мария ўлик танани эмас, у зотни (барҳаёт Ийсо алайҳиссаломни) қидираётган эди. Яна эътибор беринг, уни қаерга кўмдинг эмас, қаерга қўйдинг деб сўрамоқда. Мария сўзининг давомида шундай дейди: «ва мен уни олиб кетаман» (Иоанн 20:15).



11-савол: Мария чирий бошлаган мурдани нима қилмоқчи эди?



Жавоб: Каравотининг тагига қўйиб қўймоқчи эдими? Беъманилик! Кўмиб қўймоқчи эдими? Агар шундай бўлса, ким қазиган қабрга? Йўқ! Йўқ! Мария уни олиб кетмоқчи эди.



12-савол: Қандай қилиб Мария бир ўзи мурдани олиб кета оларди?



Жавоб: У чирий бошлаган мурда деган нарсани хаёлига ҳам келтирмас эди. У Т-И-Р-И-К Ийсо алайҳиссаломни қидираётган эди. У америкача комикслардаги, оғирлиги бир юз олтмиш фунт келадиган мурдаларни даст кўтариб, олиб кетадиган «супер-аёл» эмас эди. Мурда бўлганда у «тахминан юз литр келадиган смирна ва алой қоришмасига ўралган» (Иоанн 19:39) бўлар, бу эса оғирлиги 260 фунт келадиган ихчамгина тугунча бўларди. Мария нозиккина яҳудий аёл эди, чирий бошлаган зил-замбил тугунни бир тутам похолдек кўтариб кетишга чамаси келмас эди. Хўп, кўтариб олиб кетди ҳам дейлик, бир ўзи уни қандай қилиб кўмган бўларди? Ахлат уюмига ўхшатиб бирорта чуқурга ташлаб юборишдан бошқа иложи бўлмасди. Бироқ, ташлаб юбориш билан дафн этиш мутлақо бошқа-бошқа нарсалардир.



Мария соппа-соғ, тирик Ийсо алайҳиссаломни қидириб келган эди, у зотнинг қўлларидан тутиб, дам олишга, ҳордиқ чиқаришга, куч тўплашга олиб кетмоқчи эди – «ва мен уни олиб кетаман»



Ийсо алайҳиссалом изтироб чекаётган бу аёлни ортиқча қийнамадилар. Бу сўзлашув давомида Мария қаршисида турган киши ўзининг Устози эканлигини бир лаҳзага бўлса ҳам сезмади. Аёл боғбон кийими остидан Ийсо алайҳиссаломни чеҳраларини кўра олмади. Эҳтимол, Ийсо алайҳиссалом ўша онда ним табассум қилиб турган бўлсалар, ажаб эмас. Бироқ, у зот бу ҳолатни, бе беозор ёлғонни узоққа чўза олмадилар.



«М-А-Р-И-Я !» — дедилар у зот. Шу биргина сўз айтилди, бироқ шунинг ўзи кифоя эди. Шу биргина сўз – «Мария!» - суҳбат бошидан буён айтилган барча сўзлар ифода қила олмаган нарсани ифодалай олди. Бу сўз Мария Ийсо алайҳиссаломни таниб олиши учун етарли бўлди. Ҳар бир инсонда ўзи учун яқин, азиз кишиларга мурожаат қилишнинг алоҳида, ўзига хос усули бўлади. Бу оддий, исмни айтиб чақириш эмас эди. Ийсо алайҳиссаломнинг атай таниш оҳанг билан айтган сўзлари Марияни қуйидаги сўзлар билан жавоб қилишга мажбур қилди:



«Устозим! Устозим!» Мария таъзим ва ҳурмат бажо айлаш ниятида маънавий устозининг бағрига отилди.



Мусулмонлар устозларининг, нуроний қариялар ёки авлиёларнинг ҳузурларида ҳозир бўлсалар, уларнинг ўнг кафтларини қўлларига олиб, уст томонига лаб текизиб, суйиб қўядилар. Французларда юздан ўпиш, арабларда эса бўйиндан (томоқдан) ўпиш одат бўлган. Яҳудий мария ҳам шундай вазиятда ҳар бир мусулмон нима қилса, шуни қилган бўларди. Мариянинг шундай қилишга ҳозирланганини кўрган Ийсо алайҳиссалом шу сўзлар билан бир-икки қадам ортга чекиндилар: «Менга тегинма» (Иоанн 20:17).



13-савол: Мен сиздан сўрайман – нима учун тегиниш мумкин эмас эди?



Танларидан электр токи ўтиб турганмидики, Мария у зотга тегинса, ҳалок бўларди?



Жавоб: Йўқ! Менга тегинма, чунки бу ярага туз сепиш билан баробар эди. Ийсо алайҳиссалом жисмоний оғриқ ёки яра ҳақида ҳеч нарса демаган бўлсалар ҳам, агар қиз у зотга меҳр ва соғинч билан тегинса, ярага туз сепгандек оғриқ бўларди.  «Менга тегинма» деган жумлани айтишга бундан бошқа сабабни кўрсатиш мумкинми? Ийсо алайҳиссалом сўзда давом этдилар: «...зеро мен ҳали ўзимнинг Отамга кўтарилмадим» (Иоанн 20:17).



14-савол: Мариянинг кўзи ожиз эдими?



Боядан бери у билан сўзлашаётган киши унинг олдида турганлигини кўрмасмиди? Ийсо алайҳиссалом шу ерда, Мариянинг олдида, ПАСТДА туриб, ҲАЛИ КЎТАРИЛМАДИМ дейишларида қандай маъно борми?



Жавоб: Ийсо алайҳиссалом бу сўзлари билан «МЕН ҲАЛИ ҚАЙТА ТИРИЛМАДИМ» демоқчи эдилар. Сўзлашув тилида ва яҳудийча идиомада «...зеро мен ҳали ўзимнинг Отамга кўтарилмадим» деган ифода «МЕН ҲАЛИ ЎЛГАНИМ ЙЎҚ» деган маънони англатади.



Афсуслар бўлсинки, тақдири азалга кўра насронийларнинг Инжили «ўз ўликларини кўмишни ўликларга қўйиб бер» (Матфей 8:22) ёки «улар кўриб кўрмайдилар, ва эшитиб, эшитмайдилар» (Матфей 13:13) каби шарқона ташбеҳлар ва қиёсларга тўла бўлган Шарқона Китоб бўлиб, барча Инжил тафсирчилари эса ғарбдан келганлар эди. Ғарб дунёси яҳудийлар учун яҳудийлар томонидан ёзилган яҳудийча китобга грек ва ғарб кўзи билан қарашга мажбур эди. Шарқона китобни эса уни Шарқда қандай ўқилиб, қандай тушунилса, шундай ўқиб, тушуниш керак. Ана шунда ҳамма муаммолар ҳал бўлади.



Бироқ, бу ердаги асосий қийинчилик яҳудийча ифодаларнинг тўғри маъносини тушунишдагина эмас. Насроний дунёси шундай тарбияланганки, барча ирқ ва тил гуруҳларига мансуб насронийлар бу парчаларни уларнинг лафзидан бошқача ёки тескари тушунадилар. Мен бундай аномалияга «Тирилишми ёки тикланишми» деган сарлавҳа остидаги учинчи дарсда мисоллар келтирганман. Бу китобчада ҳам мен нима учун бир аёл – Мария Магдалина ЛИБОСИНИ ЎЗГАРТИРГАН Ийсо алайҳиссаломни таниб, ҚЎРҚМАДИ, ўнта жасур эркак эса (Ийсо алайҳиссаломнинг ҳаворийлари) хоч азобларидан кейин ўз Устозларини «уйда» кўриб, ДАҲШАТДАН ҚОТИБ ҚОЛДИЛАР, деган саволга жавоб беришга уриниб кўраман.



 Оддий жавоб



Қўлингиздаги китобчанинг асосий саволи – «ТОШНИ КИМ СУРИБ ҚЎЙДИ?» деган саволга келсак, унинг жавоби шу қадар оддий ва табиийки, энг олий даражадаги насроний олимлар бундай жавобни қандай қилиб эътибордан қочирдилар экан, деб сал каловланиб қоласан киши.



«ТОШНИ КИМ ЖОЙИГА СУРИБ ҚЎЙДИ?» деган саволга жавоб бу китобчанинг номидаги саволга жавоб бўлади.



«…ва (Аримофеялик Иосиф) тошни қабрнинг эшигига суяб қўйди» (Марк 15:46). Авлиё Матфей бу ерда авлиё Маркни сўзма-сўз тасдиқлайди. Матфейнинг Инжилидаги 27 бобнинг 60-оятида шундай дейилган «…ва, каттакон тошни қабрнинг эшигига суяб қўйиб, жўнаб кетди». Матфей ва Марклар гувоҳлик бераётганидек, агар ўша БИР киши бир ўзи тошни жойига суриб қўя олган бўлса, менга янада сахийроқ бўлиб, яна бир содиқ «махфий ҳаворий» - Никодимнинг ҳам исмини қўшиб қўйишга ижозат бергайсиз.



Тошни суриб қўйганлар - икки содиқ ҳаворий, энг оғир пайтда, ёрдамга энг муҳтож пайтида Устозларини ташлаб қўймаган АРИМАФЕЯЛИК ИОСИФ ва НИКОДИМ эдилар. Шу икки инсон Ийсо алайҳиссаломни дафндан (?) аввал ювиб, «смирна ва алой»дан қилинган кафанга ўраб қўйдилар. Агар умуман кимдир тошни вақтинча жойига суриб қўйган бўлса, бу ишни шу икки кишидан бошқа ҳеч ким қилмаган.



Айнан шу икки дўст ўша жумъа куни қош қорайгач, ТОШНИ СУРИБ, фитнадан ларзага келган Устозларини даволаниш учун шу яқин атрофдаги қулай жойга кўчирган эдилар. Ҳатто Инжил ривоятлари ҳам шундан далолат бериб турибди Ийсо алайҳиссалом Т-И-Р-И-К эдилар! У зот илгари ўзлари башорат берганларидек, зўрға ўлимга чап бериб қолган эдилар.



«Ионанинг мўъжизаси нима эди?» деган китобнинг бепул нусхасини, шунингдек, «Масиҳ чормихланди – афсонами ёки воқелик» деган сарлавҳа остидаги кутилаётган «чормихлаш»нинг батафсил тавсифини ўқиб кўринг. «Ионанинг мўъжизаси нима эди?» деб номланган китобчадаги биринчи дарсни ўзлаштирганлар энди иккинчи дарсдаги қуйидаги оятларни осонгина ёдлаб олишлари мумкин:



«Ийсо алайҳиссалом унга дедилар: «Эй хотин! Нега йиғлайсан? Кимни излайсан?» Аёл уни боғбон деб ўйлаб, унга шундай деди: Соҳиб! Агар уни сен олиб чиққан бўлсанг, менга айтгин, сен уни қаерга қўйдинг, ва мен уни олиб кетаман. Ийсо унга деди: Мария! Аёл, ўгирилиб қараб, унга деди: Раввуни! (таржимаси - «Устозим!») Ийсо унга деди: Менга тегинма, зеро мен ҳали ўзимнинг Отамга кўтарилганим йўқ…» Иоанн 20:15-17.



 Илова



Бу ва бу билан боғлиқ бошқа китобчаларни ўқиб чиққан мусулмонларда беихтиёр: «Биз, мусулмонларга Аллоҳдан келган Ҳақни таниб олиш учун Инжил керакми?» деган савол туғилади. Мен бунга маъноли қилиб ЙЎҚ! дейман. Мусулмонларнинг ақидаси ғоятда аниқ:



1)  Гуноҳ мерос бўлиб ўтиши мумкин эмас.

2)  «Учлик» («Ота, Ўғил ва Муқаддас руҳ») — бу уйдирма.

3)  Ийсо алайҳиссалом Худо эмаслар.

4)  Аллоҳнинг ўғил ва қизлари йўқ.

5)  Ийсо алайҳиссалом ўлдирилмаганлар ҳам, хочга михланмаганлар ҳам.



Бу ақидалар Қуръони Каримдаги кўплаб ояти карималарда очиқ-ойдин баён қилинган. Унда нима учун мусулмонлар ўзининг ҳақлигига насронийларнинг Инжилини далил қилиб келтиришлари керак? Чунки биз болалигидан ғояларни исбот талаб қилмай қабул қилишга ўргатилган кишиларга кўп дуч келамиз. Бугунги кунда насронийлар Ҳақни қидириб юрибдилар. Улар бугун бир неча аср аввал сўрашга журъат қила олмаган саволларини бермоқдалар.



Бу саволлар қуйидагилардир:



1)  Ийсо алайҳиссалом Худомилар?

2)  Ионанинг мўъжизаси нима эди?

3)  Инжил Парвардигорнинг Каломими?

4)  Тошни ким суриб қўйган эди?

5)  Ийсо алайҳиссалом ёлғоничи эдиларми?



Насроний биродарларимизга, аҳли китобга – қаранг, Қуръони Каримда улар қандай ҳурмат билан тилга олинган - уларнинг тафаккурини икки минг йилдан буён чирмаб ётган занжирлардан қутулишга ёрдам бериш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Буни бизга Қуръони карим ўргатади:



(Эй уммати Муҳаммад,) сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сизлар яхши амалга буюрасиз. Исён – гуноҳдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан (Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканлигига иймон келтирган) мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир (Оли Имрон сурасининг 110-ояти).



Биз бу ва бошқа китобчаларимизда насронийларнинг ақидаларига раддия билдириш учун уларнинг энг нуфузли деб биладиган китоблари – Инжилдан ва унинг ўз мантиқидан фойдаландик. Аллоҳ Таоло - Зул Жалоли вал Икром ўз маҳлуқотларини ҳидоят қилиш учун шу усулни қўллайди.



Қуръони Карим мусулмонларга яҳудий ва насронийларнинг «НАЖОТ ТОПИШГА» фақатгина уларнинг ҳақлари бор деган ақидаларини исботлаш учун далил келтиришни сўрашга буюради:



(Эй Муҳаммад алайҳиссалом) айтинг: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатларингизни келтирингиз!» (Бақара сурасининг 111-ояти).



Насронийлар Инжилни мингдан ортиқ тилга таржима қилиб бўлдилар, уни дунёнинг барча чеккалариаг тарқатмоқдалар, дунё халқларини қўрқитиб, уларни «БЕГУНОҲ ҚОН»га, Ийсо алайҳиссалом инсониятнинг гуноҳлари учун ҳалок бўлганлигига ва у зотнинг ягона халоскор, нажоткор эканлигига иймон келтиришга ундамоқдалар. Бироқ, буларнинг барчаси насронийларнинг ўз Муқаддас Китобларидаги очиқ-ойдин шаҳодатларга тескаридир. Биз уларни (насронийларни) бу саробдан халос қилишга бурчлимиз, ва уларнинг бундай ақидаларини инкор қилиш учун уларнинг ўз қарашлари, ўз мантиқларидан фойдаланишдан яхши усул йўқдир.



 Таржимондан



 Шайх Аҳмад Дийдот ўзларининг ушбу мақолаларида насронийларнинг ақидалари қанчалик асоссиз эканлигини очиб бериш учун уларнинг ўз далиллари билангина кифояланганлар. Мен эса бундан икки минг йил муқаддам аслида қандай воқеа юз берганлигига янада ойдинлик киритмоқчиман. Аллоҳ Таоло бу ҳақда бизга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали хабар берган.



Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:



Йўқ, (уларнинг диллари шунчаки қулфланган эмас), балки куфрлари сабабли Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйгандир. Бас, камдан-камлари иймон келтирадилар. Яна кофирликлари ва Марям ҳусусида улуғ бўҳтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган ал-Масиҳ Ийсо бинни Марямни «бизлар ўлдирганмиз» деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Холбуки, улар (Ийсони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқўа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди холос. Албатта (Ийсо) ҳақида талашиб тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч қандай билимлари йўқ, фақат гумонларга бериладилар холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Аллоҳ Ўз ҳузурига қайтаргандир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир (Нисо сурасининг 155-158-оятлари).



Ибн Касир ушбу оятнинг тафсирида шундай деганлар: «Аллоҳ Таоло Ийсо ибн Марямни яҳудийларга очиқ-ойдин мўъжизалар ва насиҳатлар билан юборди, бироқ улар Аллоҳ Таоло у зотга ато этган пайғамбарликка, ғаройиб мўъжизаларга, у зотнинг Аллоҳнинг изни билан кўр ва моховларни даволашларига, ўликларни тирилтиришларига ҳасад қилдилар. Бир куни у зот лойдан қуш ясаб, унга жон киргиздилар, одамлар бир парча лойнинг тирик қушга айланиб, Улуғ ва Қодир Аллоҳнинг изни билан осмонга учганини кўрдилар. Бироқ, барибир улар Ийсо ибн Марямни ёлғончига чиқардилар, қаршилик қилдилар, қўлларидан келганча у зотга зарар етказишга ҳаракат қилдилар. Охир-оқибат Ийсо алайҳиссалом шаҳарларда улар билан бирга яшамай қўйдилар ва оналари билан сафарга отландилар.



Бироқ, одамларга бу камлик қилди, улар Ийсо алайҳиссаломга туҳмат уюштириб, ўша пайтдаги Димашқ ҳукмдори, сайёраларга сиғинувчи бутпараст грек подшоҳга арз қилдилар. Яҳудийлар бор гапни ҳукмдорга Қуддуси шарифда бир киши пайдо бўлиб, одамлар орасида фитна қўзғаяпти, уларни залолатга бошлаяпти, ўз халқини ҳукуматга қарши гиж-гижлаяпти, деб етказдилар. Ҳукмдор ғоятда ғазабланиб, ўзининг Қуддусдаги волийсига хат юбориб, ўша кишини тутиб, хочга михлашни, бошига тикандан чамбарак кийдиришни буюрди.



Қуддус волийси хатни олиб, дарҳол бир гуруҳ яҳудийлар билан Ийсо алайҳиссалом кирган уйга етиб борди. Ийсо алайҳиссалом ўзларининг ҳаворийлари билан ўтирган эдилар. Улар ўн икки ёки ўн уч киши эди. Айтишларича, ўша куни жумъа куни бўлиб, кун ботарга яқин, шанбага ўтар кеча эди.



Душман уйни ўраб олди, шунда Ийсо алайҳиссалом уларнинг эшикни бузиб киришлари муқаррарлигини сезиб, ўз ҳаворийларига шундай дедилар: «Ким менга ўхшашни ва жаннатда менинг ҳамроҳим бўлишни истайди?»



Бир ўспирин йигит дарҳол ўрнидан турди, бироқ Ийсо алайҳиссалом унинг ҳали жуда ёшлигини айтиб, рад қилдилар. У зот юқоридаги саволларини иккинчи ва учинчи марта такрорласалар ҳам, ҳар сафар ўша йигитча ўрнидан тураверди. Шундай Ийсо алайҳиссалом «Сен ўша бўласан!» дедилар ва Аллоҳ Таоло йигитчанинг қиёфасини Ийсо алайҳиссаломнинг қиёфаларига ўхшатиб қўйди. Улар эгизаклардек бир хил бўлиб қолдилар. Сўнгра уйнинг томидан тешик очилди ва Ийсо алайҳиссаломни мудроқ босди. У зот шу аҳволларида осмонга кўтарилдилар. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло ушбу ояти каримани нозил қилган:



"Ё Ийсо, албатта Мен сени ердан бус-бутун (яъни, ҳеч қандай зарар етказмасдан) олувчи ва Ўз ҳузуримга кўтаргувчиман (Оли Имрон сурасининг 55-ояти).



Ийсо алайҳиссалом кўтарилгач, ҳаворийлар уйдан чиқдилар. Яҳудийлар бояги йигитчани кўриб, уни Ийсо алайҳиссалом деб ўйлаб, ҳибсга олдилар ва шу тунда хочга михлаб, бошига тикандан чамбарак кийдириб қўйдилар. Яҳудийлар ҳаммага бу ҳақда гапириб, мақтаниб юришди. Бир гуруҳ насронийлар жоҳилликлари ва калтафаҳмликлари туфайли бунга ишондилар. Ўша куни ўша уйда Ийсо Масиҳ билан бирга бўлганлар ва у зотнинг осмонга кўтарилишларига гувоҳ бўлганларгина қолишди».



Яҳудийларнинг ёлғон даъволарини, насронийларнинг  Ийсо алайҳиссаломни илоҳ қилиб олишларини инкор қилган Аллоҳ Таолога ҳамду санолар бўлсин! 



Ҳазрати Муҳаммад Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, Ийсо алайҳиссаломга, у зотнинг солиҳа оналарига ва қиёмат кунигача уларга эргашган муттақийларга Аллоҳ Таолонинг раҳмати ва баракоти бўлсин!

Араб тилидан Эльмир Кулиев, рус тилидан Озод Мунаввар таржималари