Агар иймонга эга бўлсангиз, иймонда бахтли ва саботли бўлсангиз, Аллоҳ таолога таянсангиз, юқорида айтилганларнинг ҳаммасига сиз эга бўлишингиз мумкин, чунки Аллоҳ мўминларни севади ва уларга ўзлари кутмаган жойдан фойда келтиради. Агар сиз бу ҳаётнинг неъматларидан бирор нарса истасангиз ва Аллоҳ сизга буни бермаса, тинчланинг: ёки кейинроқ сизга берилади, ёки бунда сиз учун шу қадар катта зарар бор, шунчалик хавфли-ки, бунга арзимайди.
Иймон учун энг хавфли хислатлардан бири мунофиқликдир (иккиюзламчилик). Мунофиқлик – мураккаб нарса. Одам аввалбошдан мунофиқ бўлиши шарт эмас, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам даврида бўлгани каби, ўшанда баъзилар фақат хўжакўрсинга Исломни қабул қиларди, чунки ҳамма тўла ишонган бир пайтда мусулмон бўлмаслик «ҳамма қатори бўлмаслик» эмасди. Шу сабабли динсизлар Исломни чин дилдан эмас, ҳамма каби бўлиш, бошқа қабиладошлари билан бир хил ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиш учун қабул қилган.
Бироқ инсон қалбининг мунофиқлик хусусияти аста-секинлик билан, иймонни шубҳалар, гумонлар, ёмон ахлоқ, манманлик ва инсонни бузадиган бошқа хислатлар орқали сиқиб чиқариб ҳам намоён бўлиши мумкин. Мен буни металл коррозияси билан таққослаган бўлардим. Мусулмон ўз иймонида самимий ва соф бўлганида уни ажойиб пўлат билан таққослаш мумкин: у чиройли, мустаҳкам, ишончли, қуёшда легирланган пўлат каби ялтирайди. Лекин ҳаёт ҳар биримизни мустаҳкамлик борасида синовлардан ўтказади. Пўлат (диндор) мураккаб, идеал бўлмаган ҳаётда, кўпинча ноқулай ва агрессив муҳитда, уни синайдиган, деформация қиладиган, «еб қўядиган» муҳитда яшайди.
Агар одам иймони ҳақида қайғурадиган – покланадиган, ўқийдиган, хатолардан афсусланадиган, диндор-биродарлар билан дўстлашадиган ва мулоқот қиладиган, Аллоҳни ёдга оладиган, нафақат маросимларда, балки туриш-юриш, одоб-ахлоқда ҳам Ислом шартларига амал қиладиган бўлса – ноқулай ва агрессив муҳит унга ўнгланмайдиган зиён етказа олмайди. Агар инсон бу беҳаловат ҳаётга жуда ёпишиб қолса ва Худо олдидаги вазифаларини унутса, у мунофиқлик "занги" билан қоплана бошлайди. Бу жараён шу қадар секин рўй берадики, уни бутунлай сезмаслик ҳам мумкин.
Ўзига четдан қараш ва ўз ислоҳ қилиш, танқидий баҳолаш учун Қуръон ва Суннатга қараши керак бўлади, унда мунофиқлик аломатлари тўғридан-тўғри кўрсатилган.
Мунофиқлик қанчалик хавфли? Аллоҳ Таоло Қуръони каримда хавф даражаси ҳақида зикр қилади: «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчини топа олмассан» (Нисо сураси, 45).
Яъни, ҳақиқий иккиюзламачи-мунофиқлар мумкин бўлган энг ёмон ҳолатларда - энг паст ва шунга мос равишда дўзах оловининг энг оғриқли қатламида бўлади. Ҳатто кофирларга қараганда пастроқ. Нима учун? Кофир киши имонсизликда рост гап, у Аллоҳ таолога ишонмайди ва буни яширмайди. Иккиюзламачи худди шу тарзда ишонмайди, лекин бошқаларни алдашни истайди ва фақат ўз фойдаси учун Ислом билан ниқобланади.
Энди иккиюзламачилик «занг»ининг қанчалик хавфли эканлигини тушунган бўлсангиз керак. Мўмин учун бу содир бўлиши мумкин бўлган энг ёмон нарса. Шунинг учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам иккиюзламачилик белгиларини кўрсатдилар ва одам уларни ўзида топган заҳоти дарҳол уларга қарши курашишга буйруқ бердилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда тўрт хислат бўлса, ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни ташламагунига қадар унда мунофиқликнинг битта хислати бўлади. Улар гапирса, ёлғон гапиради, аҳдлашса, аҳдида турмайди ва агар баҳслашса, фожирлик қилади (ҳаддидан ошади)» (Бухорий, Муслим ривояти).
Эътибор беринг, бир томондан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқлик белгилари ҳақида огоҳлантирдилар, бошқа томондан эса – ҳар қандай мунофиқлик белгиларидан халос бўлиш мумкинлигини ёдга олиб, ҳар бир кишига умид бердилар.
Ислом шунга асосланадики, ҳатто руҳий иллатлар ҳам даволанади. Ҳар бир нарса шифо топади, энг муҳими, ўз устида қаттиқ ишлашдир. Ўзининг маънавий ривожланиши йўлида тўхтамайдиган, фаол ҳаракат қиладиган одам қийинчиликларни енгишга, камчиликлари билан курашишга тайёр бўлади – мана шу мўминнинг идеалидир.
Энди иккиюзламачилик белгилари ва иккиюзламачилик сифати ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтамиз. Ислом уламолари бу ҳақда кўп нарсаларни ёзганлар ва инсон қалбининг қоронғу бурчакларини имкон қадар тўлиқ очиб беришни хоҳлашган. Тушунарлики, улар бундай тадқиқотлар билан илоҳиётшунослик ва психология туташган жойда бўш вақт кўплигидан эмас, балки иккиюзламачилик зарари ва хавфини батафсил баён қилишни хоҳлаганлигидан шуғулланган.
1) Мунофиқларнинг қалби касал
«Уларнинг қалбларида касал бор. Аллоҳ касалларини зиёда қилди. Ва уларга ёлғон гапирганлари учун аламли азоб бор» (Бақара сураси, 10).
Биринчи навбатда, биз қалбнинг руҳий нуқсонларини назарда тутамиз. Баъзида бу ҳақиқий юрак касалликларига олиб келиши мумкин. Инсон бутун бир жонзотдир ва агар сиз руҳий касаллик устида ишламасангиз, улар жисмоний касалликка айланади. Ушбу фикрнинг тўғрилигини текширишни маслаҳат бермайман. Аммо бу тескари йўналишда ҳам ишлайди: агар сизда жисмоний касалликлар мавжуд бўлса, руҳий ҳаётингизда нималар нотўғри эканлигини изланг.
2) Мунофиқлар ерда фасод ишларни (ёвузлик, гуноҳ, адолатсизлик) кўпайтиради
«Ва агар уларга, ер юзида фасод қилманг, дейилса, биз фақат ислоҳ қилувчилармиз, дейдилар. Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар фасодчилардир, лекин сезмайдилар» (Бақара сураси, 11–12).
Ҳа-ҳа, ёвузлик, зўравонлик ва адолатсизлик кўпинча айнан ислоҳ қилиш, қонунийлик, ҳатто солиҳлик ва бошқа кўплаб баландпарвоз сўзлар баҳонасида тарқалади.
3) Мунофиқлар мўминларни эсипастлар деб аташади
«Ва агар уларга, одамлар иймон келтирганидек, иймон келтиринглар, дейилса, "Эсипастлар иймон келтирганидек иймон келтирамизми?" дейишади. Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар эсипастлардир ва лекин ўзлари билмайдилар» (Бақара сураси, 13).
Айниқса, ҳозирги пайтда, жанговар секуляризация даврида, мўминларни қолоқ, узоқни кўра билмайдиган, ўқимаган, мутаассиб ва, албатта, эсипаст деб аташ мода бўлди. Ҳеч қандай янгилик йўқ, ҳаммаси кўп асрлар илгари Қуръонда айтилганидек. Шу билан бирга, "илғор ва ўқимишли кишилар" жаҳон урушларини очиш, оммавий қирғин қуролларини ихтиро қилиш ва қўллаш, флора, фаунани, инсониятни шафқатсизларча йўқ қилиш ва барча илоҳий қонунлар ва қадриятларни бузиш орқали одоб-ахлоқни бузишдан асло уялмайди.
4) Мунофиқлар беҳуда мунозараларда ўжарлик қилади
«Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлари бор. У қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ ҳам қилади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчидир. Ва бурилиб кетганда, ер юзида фасод учун ҳамда экин ва насилни ҳалок қилиш учун ҳаракат этади. Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас!» (Бақара сураси, 204–205).
Кўпинча, энг чириган одамлар низоларда энг муросасиз бўлади, фожирлик қилади. Такаббурлик, мағрурлик, ҳар кимни бўйсундириш ва уларнинг иродасини бажариш истаги бундай кишиларнинг аниқ “фазилат”ларидир. Қалби юмшоқ мўмин доимо ҳамжиҳатлик ва муроса топиши мумкин, ахир мўмин учун асосий нарса барча мухолифлари устидан ғалаба қозониш ва бўйсундириш эмас, унинг учун тинчлик, мулоқот, яхши муносабатларни сақлаб қолиш учун муҳим аҳамиятга эга. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани Илоҳий адолат билан ҳукм қилади.
5) Мунофиқлар исламофоблар ва исломнинг душманлари билан дўстлашади
Иккиюзламачилик белгиларидан бири Ислом мухолифлари билан мусулмонлар манфаатларига, мусулмон ахлоқига, шариат меъёрларига қарши бирлашиш, шунингдек, мусулмонларга зулм қилишда иштирок этишдир.
«Эй иймон келтирганлар! Агар Менинг йўлимда жиҳод қилиб ва розилигимни сўраб чиққан бўлсангиз, Менинг душманларимни ва ўзингизнинг душманларингизни дўст тутманглар. Сизлар уларга дўстлик қиласизлар, улар бўлса сизларга келган ҳаққа куфр келтирарлар. Роббингиз бўлмиш Аллоҳга иймон келтирганингиз учун Пайғамбарни ва сизни ҳайдаб чиқарарлар» (Мумтаҳина сураси, 1).
6) Мунофиқлар одамларни алдайди
«Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўларлар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдовчи»дир!» (Нисо сураси, 142).
Ёлғон иккиюзламачилар қалбига шу қадар хоски, у атрофидаги ҳаммага ва ҳатто ўзига ёлғон гапиради. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ёлғон ва иймоннинг бир-бирига мос келмаслигидан огоҳлантирганлар. Агар киши ёлғонга ботган бўлса, унинг иймони тезда камайиб, нолга яқинлашади.
7) Мунофиқлар диндорлар ўртасидаги муносабатларни бузади
Замонавий мусулмон умматининг энг катта муаммоларидан бири-бу иккиюзламачилар томонидан яратилган қаттиқ ва муросасиз ички можаролар бўлиб, улар ўзларининг худбин манфаатлари билан мусулмонларни бир-бирига боғлаб, ёлғон ва провокацияларни амалга оширадилар. Айни пайтда, Аллоҳ таоло, аксинча, мўминларни тинчлик ва ўзаро муҳаббатли бўлишга чақиради.
«Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз» (Ҳужурот сураси, 10).
8) Мунофиқлар ҳалол одамларни ёмонга чиқарадилар
Иккиюзламачиларнинг бундай жиҳати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида, иккиюзламачилар ҳаттоки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам аёлларини ёмон отлиқ қилмоқчи бўган даврда яққол кўзга ташланган. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда оятлар нозил қилган.
Ўшандан бери ҳеч нарса ўзгаргани йўқ ва иккиюзламачилар, ўз навбатида муносиб одамларни, биринчи навбатда ҳақ йўлдаги уламоларни, мусулмон амирларини ва исломга хизмат қилаётган фаолларни жамоатчилик нигоҳида камситишга ва таҳқирлашга ҳаракат қилиб, "қора PR" соҳасида фаол иш олиб бормоқдалар. Шунинг учун ҳар қандай мўмин-мусулмон бундай маълумотларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши керак.
«Агар уларнинг ҳузурига чиққунингча сабр қилсалар, ўзлари учун яхши бўларди. Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимлидир» (Ҳужурот сураси, 5).
9) Мунофиқлар исломдаги мункар ишларни қилишга буюрадилар ва маъруф ишларни тақиқлайди
«Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар ҳаммалари бирдирлар, ёмонликка буюрарлар, яхшиликдан қайтарарлар ва қўлларини маҳкам юмарлар. Аллоҳни унутдилар, бас, У ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар–улар фосиқлардир!» (Тавба сураси, 67).
Агар сиз доимо яхши ишларни, хайр-эҳсонларни ва муҳтожларга ёрдам беришни қоралайдиган ва масхара қиладиган, лекин ҳеч қачон гуноҳ ишларда хасислик қилмайдиганларга дуч келмасангиз, билинг-ки - бу иккиюзламачиликнинг аниқ белгисидир.
10) Мунофиқлар аҳдни бузиб, хиёнат қиладилар
Иккиюзламачининг бу жиҳатига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мунтазам дуч келганлар. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда тўрт хислат бўлса, ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни ташламагунига қадар унда мунофиқликнинг битта хислати бўлади. Улар гапирса, ёлғон гапиради, аҳдлашса, аҳдида турмайди ва агар баҳслашса, фожирлик қилади (ҳаддидан ошади)» (Бухорий, Муслим ривояти)
Иккиюзламачига ҳеч қачон ишониб бўлмайди, у билан шартнома тузиш мумкин эмас, чунки у осонлик билан аҳдини бузади ва мутлақо исталган шартномаларни бузади.
11) Мунофиқлар мўминларни бадном ва уларни мазаҳ қилади
Аллоҳ таоло мўминларни жуда аниқ таърифлайди ва уларга тавсиф беради. Масалан, «Анфол» сурасида уларнинг эътиқодларини очиб беради, ахир улар дин бу – алдов деб ҳисоблаб, мўминларни уйдирмаларга ишонадиган соддадил одамлар деб ҳисоблайди: «Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлганлар: «Анавиларни дини мағрур қилиб юборди», дедилар» (Анфол сураси, 49).
Бунда уларнинг иккиюзламачилиги фош бўлиши ва жамият уларнинг чириб кетган ички моҳиятини кўришидан қўрқади.
«Мунофиқлар уларга қалбларидаги нарсанинг хабарини берадиган сура нозил бўлишидан қўрқарлар. Сен:«Истеҳзо қилаверинглар, албатта, Аллоҳ сиз қўрқаётган нарсани чиқаргувчидир», деб айт» (Тавба сураси, 64).
12) Мунофиқлар барча мусулмонларга зиён етказади
«Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир» (Тавба сураси, 107).
Ислом тарихида даҳшатли ва ғайриинсоний жиноятлар, шу жумладан мусулмонларга қарши яхши ишлар ниқоби остида амалга оширилган кўплаб ҳолатлар бўлган. Мусулмонларнинг манфаати учун ҳаракат қилган "Исломий террористик ташкилотлар" қурбонларининг 90 фоизига қадар мусулмонлар бўлганлигини эслаш кифоя. Улар ўз жиноятлари билан олиб келган зарар Исломнинг обрўси ва идрок қилинишига шу қадар таъсир қилдики, унинг зўравонлигини ҳаттоки тахминан ўлчаш ҳам мумкин эмас эди.
Ислом номидан қичқирган ҳар бир киши ҳам динга фойда келтирмайди. Энг катта фойдани даъват қилиш, ахлоқ, маърифат ва хайрия соҳаларида сокин, узоқ, машаққатли иш келтиради. Яхши ишлар бақириб эълон қилинмайди, улар юракдан юракка муҳаббат билан оқади. Ўртага чиқиб, ўзидан уламо ясаб олгану аммо қилган иши фитна-фасод, тафриқа қилаётганлардан узоқда бўлишимиз керак.
Имом Аҳмад Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом айтадилар:
«Қалблар тўрт хил бўлади: мусаффо бўлиб, чироқдек нур сочадиган; ғилофга солиниб, ғилофи боғланган; тўнтарилган ва ўзгарувчан. Мусаффо қалб мўмин кишининг қалбидир, унинг нури бор. Ғилофли қалб – кофирнинг қалбидир. Тўнтарилган қалб ҳақиқий мунофиқнинг қалбидир – ҳамма нарсани билиб туриб, инкор қилади. Ўзгарувчан қалбда эса иймон ҳам, нифоқ ҳам бор. Ундаги иймон худди тоза сувдан фойда оладиган ўсимликка ўхшайди. Ундаги нифоқ қон аралаш йиринг оқиб турган ярага ўхшайди. Икковидан қай бири бошқа тарафдан ғолиб келса, қалбга ҳам ғолиб келади».
Аллоҳ таолодан бизни Китоб ва суннатга амал қилган ҳолимизда вафот эттиришини сўраймиз. Албатта, у раҳмлиларнинг раҳмлироғидир!
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади