loader
Foto

Ғийбатнинг рухсат этилган турлари

Бу бобда ғийбатнинг дуруст, яъни шариат олимлари жоиз деб рухсат берган, ҳатто баъзи ўринларда савобли бўлган турлари баён қилинади.

Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»нинг шарҳида, Имом Ғаззолий «Иҳёу улумид-дин» ва «Кимёйи саодат»да, Сафурий «Нузҳат ул-мажолис»да, Бадриддин Лоҳурий «Матолиб ул-мўминин”да ҳамда имом Балхий «Айн ул-илм»да ғийбатнинг олти турини жоиз деганлар. Ибн Обидийн «Ад-дурр ул-мухтор”нинг шарҳи «Радд ул-муҳтор»да уларга яна тўрт кўринишни қўшиб, саноқни ўнтага етказганлар. Мен унга яна учта кўринишни қўшимча қиламан ва ҳар бир кўринишнинг нима сабабдан рухсат берилганини ҳам айтиб ўтаман.

1. Бош ҳокимга зулмда қолганлигидан ши-коят қилиш. Қози, муфтий, девондагилар ёки амирдан зулм кўрган киши ўз ҳаққини ундириш учун мазкур лавозимдаги кишилар устидан юқори ҳокимга шикоят қилиши жоиздир. Чунки юқори ҳокимга золимнинг устидан шикоят ва ғийбат қилинмаса, мазлумнинг ҳақи поймол бўлади. Бундан ташқари, кичик ҳокимнинг зулми юқори ҳокимга айтилса, у ўша золимни мансабдан бўшатиб, барчани унинг зулмидан халос қилиши мумкин. Мана шу фойдаларга биноан ғийбатнинг ушбу кўриниши дурустдир. Тавсия. Шуъба раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Золимнинг устидан шикоят қилиш ва одамларни огоҳлантириш ғийбат бўлмайди”.(Суютий «Ад-ДУРР ул-мансур»да Байҳақийдан нақл қилган.)

Оят. Оламлар Роббиси Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Аллоҳ (бирор киши ҳақида) ёмон гапни ошкор қилишни ёқтирмайди, бироқ мазлум бундан мустаснодир».(«Нисо», 148-оят.)

Яъни мазлум ўзига етган зулмни ошкора айтишида бирор зарар йўқ. Имом Розий «Тафсири кабир»да мазкур оятнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги маъ-носини келтиради: «Аллоҳ таоло дуойибадни ёқтирмайди, бироқ мазлумнинг золим ҳақига қилган дуойибади бундан мустаснодир». «Тафсири Жалолайн» муаллифи: “Бу ояти каримада ҳар икки маъно ҳам: яъни бировнинг ай-бини ошкор қилиш ҳам, дуойибад қилиш ҳам кўзда тутилган бўлиши мумкин”, дейдилар. Шунда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: «Кимки бирор кишининг айбларини ошкор қилса ёки бирор кишининг ҳақига дуойибад қилса, унга Аллоҳ таоло азоб беради, бироқ мазлум киши золимни дуойибад қилиши ва унинг айбларини очиб, ғийбат қилиши бундан мустасно. Яъни, қилган бу иши учун Аллоҳ таоло уни азобламайди». Демак, мазлум киши ўз ҳақини ундириш мақсадида фалончи молимни ўғирлади ёки зўрлик қилиб молимни тортиб олди ёхуд омонатимга хиёнат қилди, деб золим устидан юқори ҳокимга шикоят қилиши ҳам, золимнинг ҳақига дуойибад қилиши ҳам дуруст ҳисобланар экан.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бир киши баъзи одамлардан ўзини зиёфат қилиб меҳмон қилишларини та-лаб қилди. Улар уни меҳмон қилмадилар. У одам уларнинг устидан шикоят қилиб, ошкора уларнинг ёмонликларини баён қилди. Саҳобийлар ундан хафа бўлдилар ва унинг қилган шикояти-дан норози бўлдилар. Ўшанда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилиб, мазлум учун ғийбат қилишга рухсат берди.(Қози Саноуллоҳ, «Тафсири Мазҳарий».)

Ҳикоя. Кинда қабиласидан бўлган киши билан ҳазрамавтлик киши Ямандаги бир ер тўғрисида тортишиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. Ҳазрамавтлик киши (киндаликнинг отаси устидан шикоят қилиб): «Ё Расулуллоҳ, бунинг отаси менинг еримни тортиб олган, ҳозир ўша ер бунинг қўлида (шуни менга қайтариб олиб беринг)», - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Далилинг (икки гувоҳинг) борми?» - деб сўрадилар. У киши: «Йўқ. Лекин, ундан бу ер меники эканини ва отаси уни мендан тортиб олганини билмаслиги ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичишини сўрайман», деди. Киндалик киши қасам ичишга шайланган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирор киши (ёлғон) қасам билан бировнинг молини ўзлаштириб олса, (қиёмат куни) Аллоҳ таолога ажзам (қўлу оёқлари кесик ёки мохов) бўлган ҳолда йўлиқади», дедилар. Шунда киндалик: «Ер (ҳақиқатда ҳам) буники», деди. Яъни, ҳақиқатни эътироф этиб, ерни эгасига қайтариб берди.(“Сунани Абу Довуд”, 3244-ҳадис.)

2. Айбларни тузатиш учун ғийбат қилиш. Бирор айб ёки гуноҳга одатланиб қолган кишининг бу ишлари тўғрисидаги хабарни унга насиҳат қилиб, айбу гуноҳдан қайтара оладиган кишига етказиш дурустдир. Чунки бу ғийбат сабабли у гуноҳдан қайтиши мумкин. Масалан, бир кишида баъзи айблар бўлса, унинг ота-онасини хабардор қилиб қўйиш ёки қозининг пора олаётгани тўғрисидаги хабарни султонга етказиш дуруст амал ҳисобланади. Токи ота-онаси ёки бошқа бирор киши бу одамни ёмон ишдан қайтарсин ёки султон қозини ишдан олиб ташласин, ёхуд танбеҳ берсин, шунда бутун жамиятга манфаат етади.

Ҳикоя. Куфа аҳли (ўз ҳокимлари) Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу устидан Умар розияллоҳу анҳуга шикоят қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу у кишини ишдан бўшатиб,ўрнига Аммор ибн Ёсирни ҳоким этиб тайинладилар. Куфаликлар Саъд розияллоҳу анҳунинг бир неча ишларидан, шу жумладан, намозни яхши ўқиб бермайди, деб ҳам шикоят қилган эдилар. Умар розияллоҳу анҳу у кишини чақириб: «Эй Абу Исҳоқ (бу Саъд розияллоҳу анҳунинг куняси), куфаликлар айтишига қараганда, сиз намозни чиройли ўқиб бермас экансиз», дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, мен уларга намозни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлари каби ўқиб берар, унда бирор нуқсонга йўл қўймас эдим. (Масалан), хуфтон намозида аввалги икки ракъатни узун, кейинги иккитасини қисқа ўқийман», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Абу Исҳоқ, сиз ҳақингизда бизнинг гумонимиз шу эди», дедилар. Сўнг у киши қолган шикоятларни ҳам текшириш учун Саъд розияллоҳу анҳу билан бирга бир-икки одамни Куфага юбордилар. Улар Куфага бориб, Саъд розияллоҳу анҳу ҳақида сўрамаган бирор масжид қолмади. Барча у кишини мақтади. Сўнг Баний Абс масжидига борсалар, «Усома ибн Қатода» (куняси «Абу Саъда») номли киши ўрнидан туриб: «Аллоҳ номи ила сўраганингиз учун гапнинг ростини айтаман. Саъд бирор лашкар билан жангга бормас, ўлжани баробар тақсим қилмас, ҳукм чиқаришда адолат қилмас эди», деб айтди. Ҳазрат Саъд (мунофиқларча айтилган бу ёлғон гапларни эшитиб): «Аллоҳга қасамки, (бу учта ёлғон даъво эвазига) мен ҳам учта дуо қиламан. Эй Аллоҳим! Агар бу банданг ёлғончи бўлиб, риё ва сумъа(Риё ва сумъа - бошқаларга кўрсатиш ва эшиттириш мақсадида бирор иш қилиш.) учун ўрнидан турган бўлса, унингумри ва фақирлигини узун айла ҳамда уни фитналарга нишон қил», дедилар. Орадан анча замонлар ўтиб, у одамдан аҳволини сўрашса: «Саъднинг дуоси теккан, ёши катта ва фитнага қолган чолман», дея жавоб берарди. Абдулмалик: «Мен уни ёши катта бўлиб кетганидан қошлари икки кўзига тушиб қолганини кўрганман. Йўлдан ўтган чўриларга тегажоқлик қилар эди», деди.(«Саҳиҳи Бухорий», 755-ҳадис.)

Мазкур ҳикоя бирор кишининг айбини тузатиш мақсадида (уни тузата оладиган кишига айтиб) ғийбат қилиш мумкинлигини билдиради. Чунки шундай бўлмаса, Куфа аҳли Саъд розияллоҳу анҳу устидан шикоят қилмас эди. Улар шикоят қилган тақдирда ҳам, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уни эшитмас эдилар. Зеро, ғийбатни эшитиш ҳам ғийбат қилиш билан баробардир. Чунки бир ҳадисда айтилишича: «Ғийбат қилувчи ва уни эшитувчи гуноҳда шерикдирлар».(«Иҳёу улумид-дин»; «Хизонатур ривоёт».)

Ҳикоя. Обиллаҳм(“Обиллаҳм”нинг сўзма-сўз таржимаси “гўштдан воз кечувчи”дир. Бу саҳобанинг асл номлари ривоятларда турлича келган. Кимдир «Абдуллоҳ», яна кимдир «Ҳувайрис», яна баъзилар эса «Халаф» бўлган дейдилар. Лақаблари «Обиллаҳм» бўлиб қолишининг сабаби шуки, у киши жоҳилият замонасида бутлар-нинг номига атаб сўйилган жонлиқларнинг гўштини ейишдан воз кечган эдилар. Ҳунайн ғазотида шаҳид бўлганлар (“Тафҳи-мул Муслим”).) розияллоҳу анҳу ўз қули Умайрга гўшт қуритишни буюрди. Умайр гўшт қуритаётганида бир мискин келган эди, у киши хожасидан берухсат унга гўштдан озроқ бериб юборди. Обиллаҳм бундан хабар топгач, ғуломини урди. Ғулом бу воқеани Пайғамбар алайҳиссаломга (хожасидан шикоят қилиб, у зот унга насиҳат қиладилар деган ниятда) айтиб берди. Расулуллоҳ уни чақириб: «Сен нега Умайрни урдинг?» - дедилар. Обиллаҳм: «Менинг розилигимсиз таомимни фақирга бериб юборди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ажр иккингиз орангизда бўлади», дея марҳамат қилдилар.(«Саҳиҳи Муслим», 2366-ҳадис.)

Изоҳ. Гўшт хожаники бўлгани учун, унинг розилигисиз бериб юборилган бўлса ҳам, унга савоб берилар экан. Қулга ҳам алоҳида ажр бор экан. Чунки у ўзининг гўшти бўлмаса ҳам, ўзича яхшилик қилмоқчи бўлган, хожасини ҳам бунга норизо бўлмайди, деб ўйлаган эди.

Ҳикоя. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ замонларида ҳамиша гуноҳ қилиб юрадиган бир йигит бор эди. Онаси кўп бора қайтарса ҳам, у онасининг гапига кирмас эди. Онаси Ҳасан Басрийнинг олдиларига келиб, (у киши ўғлига насиҳат қилади ва тўғри йўлга бошлайдилар деган ниятда) ўғлидан шикоят қилар эди. Ўлими яқинлашиб қолганини билган ўша йигит бир куни онасига: «Ҳасанни бу ерга чақиринг, менга тавбани ўргатсин», деди. Онаси Ҳасан Басрийнинг ёнларига келиб, ўғлининг орзусини айтди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ эса у кишидан қаттиқ хафа бўлгани учун олдига бормади. У киши Ҳасан Басрийнинг келишидан ноумид бўлгач, онасига: «Менинг жоним чиққач, бўйнимга бир арқон боғлаб мени айлантиринг ва қабримни уйимдан кавланг, чунки мен жуда ёмон одамман. Ҳаётлигимда кўплаб одамга озор берганман, ўликлар ҳам мендан озор топмасин», дея васият қилди. Охири унинг жони чиқди. Онаси васиятни бажаришни қасд қилган эдики, ғойибдан: «Аллоҳнинг валийси (дўсти)га мулойимлик қил», деган овоз келди. Бу гапни эшитгандан кейин онаси арқонни бўйнидан чиқариб, васиятга кўра уни уйга дафн қилди. Ювиб, кафанланганидан кейин Ҳасан Басрий келиб: «Мен ҳозир Аллоҳ таолони тушимда кўрдим, Аллоҳтаоло: “Эй одам, сен уни Менинг раҳматимдан ноумид қилдинг, Мен уни кечириб, жаннатимга киргиздим», деди.(Сафурий, «Нузҳат ул-мажолис».)

Бу ҳикоядан Аллоҳ таолонинг раҳмат дарёси жўш урса, ҳар қандай гуноҳ ўчиб кетиши мумкин экани маълум бўлди. Мазкур одам ниҳоятда гуноҳкор бўлишига қарамай, ўлими вақтида хавфга тушиб, бадани даҳшатдан титрагани сабабли Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечирди. Бироқ, инсон Аллоҳ таолонинг раҳмату мағфиратига суяниб, гуноҳ қилавермаслиги, балки Унинг Қаҳҳорлиги ва ғазабига ҳам назар қилмоғи ва дилида қўрқинч бўлмоғи лозим.

Ҳикоя. Бир маротаба Умар розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуга салом берган эдилар, у киши жавоб қайтармадилар. Умар розияллоҳу анҳу бу хабарни Абу Бакр розияллоҳу анҳуга етказиб: «Усмонга насиҳат қилинг ва у кишига са-ломга алик олиш кераклигини таъкидлаб қў-йинг», дедилар. Ҳазрат Абу Бакр бу шикоятни эшитиб, Усмон розияллоҳу анҳуга насиҳат қилдилар.(Мулло Али Қорий, «Айн ул-илм» шарҳи.)

Демак, эшитиб туриб саломга алик олмаган кишининг бу иши ҳақида унга сўзи ўтадиган бирор кишига айтиб, насиҳат қилиб қўйишини сўраш ҳам ғийбат эмас экан. Яна, бу ҳикоядан саломга жавоб қайтариш ҳам қай даража зарурлиги маълум бўлади. Акс ҳолда, Умар розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг устидан шикоят қилмас ва у кишинингжавоб қайтармагани учун хафа бўлмас эдилар. Шунинг учун фиқҳий китобларда салом бериш «суннати муаккада», жавоб қайтариш эса «фарзи кифоя» дейилади. Агар мажлисда фақат бир киши жавоб берса, қолган барчанинг зиммасидан фарз соқит бўлади.

Ҳикоя. Ҳазрат Умарга кимдир Шомдаги «Абу Жандал» исмли кишининг доимий хамр ичишга берилиб кетгани ҳақидаги хабарни (у зот унга насиҳат қиладилар деган умидда) етказди. Умар розияллоҳу анҳу бу шикоятни эшитгандан сўнг Абу Жандалга: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа. Мим. Қуръон ниҳоятда забардаст ва ниҳоятда илмли, гуноҳни кечирувчи ва тавбани қабул қилувчи, қаттиқ азоб берувчи ва қудрат соҳиби бўлмиш Аллоҳ томонидан нозил қилингандир», деган таҳдидли ояти каримани ёздилар ва унга юбордилар. Абу Жандал бу хатни ўқигач, дилидан қаттиқ надомат қилиб, хамр ичишдан тавба қилди.

Ҳазрат Умар шу хабарни етказган кишини ғийбат қилди, деб ҳисобламаганлар. Чунки хабарни етказувчи киши ҳазрат Умар Абу Жандални мазкур ишдан қайтарадилар, бошқаларнинг насиҳати унга фойда қилмаса ҳам, ҳазрат Умарнинг насиҳати фойда қилади, деган умидда бўлган.(«Иҳё улумид-дин».)

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳумлар ўлдирилгани ҳақида хабар келди. У зот масжидда ғамгин бўлиб ўтирган эдилар, бир киши келиб, (Пайғамбар алайҳиссалом қайтарадилар, аёлларни тўхтатадилар деган мақсадда) Жаъфар розияллоҳу анҳунинг аёллари йиғлаётганини айтди. Пайғамбар алайҳиссалом (шикоятни эшитгач), унга аёлларни йиғидан қайтаришни буюрдилар. У одам яна иккинчи маротаба келиб, аёллар унинг гапига қулоқ солмаётганини айтди. Пайғамбар алайҳиссалом яна: «Уларни қайтар», дедилар. Учинчи марта келиб: «Аллоҳга қасамки, ё Расулуллоҳ, улар мендан ғолиб келдилар, яъни уларни йиғидан тўхтата олмадим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Ундай бўлса), уларнинг оғзига тупроқ соч», дедилар.(«Саҳиҳи Бухорий», 1299-ҳадис.)

Насиҳат. Бу хабардан маййитга овоз чиқариб, бақир-чақир қилиб йиғлаш қаттиқ ман этилгани маълум бўлди. Ҳар қандай инсон ҳам бирор азиз кишиси ҳалок бўлса, қаттиқ надомат ва ҳасрат қилиши табиийдир. Бу вақтда маййитга бироз бўлса ҳам фойдаси тегадиган бирор иш қилиш лозим. Ортиқча йиғлашдан ҳеч фойда йўқ, чунки у дунёга қайта тирилиб келмайди. Балки, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг наздларида, тирикларнинг йиғлаши туфайли маййитга азоб ҳам бўлади. Ортиқча йиғлаш инсоннинг бесабрлиги ва ақлсизлигини билдиради, холос. Хабарда келишича, бирор одам вафот этиб, одамлар бетоқатлик билан йиғлашни бошласа, жон олувчи фаришта уйнинг дарвозасида туриб: «Эй одамлар, нимага йиғлаяпсизлар? Биз унга ҳеч қандай зулм қилмадик, балки, унинг белгиланган вақти келганда жонини олдик, холос», дейди. Замондошларимиз йиғлаш масаласида ниҳоятда бепарволикка йўл қўядилар. Биров вафот этса, хўп чинқириб йиғлайдилар. Аёлларнинг аҳволини баён қилишга эса ҳожат ҳам йўқ. Ажабланарлиси, эркаклар аёлларни йиғлашдан қайтариш ўрнига ўзлари ҳам аёлларга қўшилиб бетоқат, сувсиз қолган балиқдек дод-войларга шерик бўладилар. Нега бу қадар йиғлайсизлар, деб насиҳат қилган кишидан хафа бўладилар ва унга: «Ўзинг мусибатга учрамагансанда, билмайсан. Мусибатнинг қанчалик оғирлигини унга дучор бўлган одам билади», деб эътироз қиладилар. Йиғлаш шаръан дурустми ёки йўқми, бу билан ишлари ҳам йўқ. Хулоса шуки, бирор киши вафот этса, одамлар фақат кўз ёши қилиб йиғлашлари, дод-вой солмасликлари, балки аёлларни ҳам бундан қайтаришлари лозим. Унинг ўрнига ўша лаҳзаларда маййитга бироз бўлса ҳам савоб бағишласинлар, вақтни бекорга кетказмасинлар.

Ҳикоя. Али розияллоҳу анҳу, одатда, Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан кўришганда аввал салом берар эдилар. Бир куни ҳазрат Али, одатга хилоф тарзда, биринчи бўлиб салом бермадилар. Балки Абу Бакр розияллоҳу анҳу салом берганларидан сўнг, у киши алик олдилар. Бўлиб ўтган бу ҳолатни биров Пайғамбар алайҳиссаломга: «Ҳамиша Али розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга салом берар эди, бугун у киши Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан кўришганда салом бермадилар, балки Абу Бакр салом бергач, у киши алик олдилар», деб етказди. Бу шикоятни эшитган Пайғамбар алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳуни чақириб, нимага аввал салом бермаганлари сабабини сўрадилар. У киши: «Мен ҳамиша ҳазрат Абу Бакрга салом берар эдим. Бу кеча тушимда бир боғ кўрдим. Одамлардан: «Бу боғ ким учун?», деб сўрадим, улар: «Бу боғ дўстига биринчи бўлиб салом берган кишига насиб қилади», дейишди. Мен бугун Абу Бакр биринчи бўлиб салом бериб, ўша боққа ҳақдор бўлишлари учун у кишига салом бермай турдим», дея жавоб бердилар.(Бу ҳикоя «Нузҳат ул-мажолис»нинг «Салом» бобида «Саҳиҳи Бухорий»га Ибн Абу Жамранинг ёзган шарҳидан нақл қилинган.)

Ҳикоя. Муоз розияллоҳу анҳу Пайғамбар сол-лаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқиб, сўнг ўз масжидига бориб, имом бўларди. Бир кеча Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозини кечроқ адо этдилар. Муоз розияллоҳу анҳу У Зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқигач, қавмига имом бўлгани бориб, намозда «Бақара» сурасини ўқиди. Шунда бир киши жамоатдан ажраб чиқиб, ўзи ёлғиз намоз ўқиди. У кишига: «Эй фалончи, мунофиқ бўлдингми?» - дейилди. У: «Мен мунофиқ бўлмадим», деди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Муоз сиз билан намоз ўқиб бўлгандан сўнг бизга имом бўлади. Бизлар деҳқонлармиз, оғир қўл меҳнати қилиб, қаттиқ чарчаймиз. У ўтган кеча бизга имом бўлгани келиб, «Бақара» сурасини ўқиди», деб Муоз розияллоҳу анҳу устидан шикоят қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу шикоятни эшитгач, Муозга насиҳат қилиб: «Эй Муоз, сен фитначимисан, сен фитначимисан? (Имом бўлсанг), «Саббиҳисма Роббикал аъла» билан «Валлайли иза яғша»ни қироат қил», дея марҳамат қилдилар.(«Сунани Абу Довуд», 789-ҳадис.)

Эслатма. Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ наздларида нафл ўқиб турган кишига фарз ўқиётган кишининг иқтидо қилиши мумкин эмас. У киши юқоридаги ҳадисни қуйидагича тушунтирадилар. Муоз розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилаётганда нафлга ният қилар, қавмларига бориб эса фарзга имом бўлар эдилар. Насиҳсип. Бу ҳадисдан имом намозда қироатни жуда узун қилмаслиги лозим экани маълум бўлади. Чунки, иқтидо қилганлар орасида беморлар ёки ўта заиф кишилар мавжуд бўлиб, узун қироат уларга машаққат туғдириши, натижада намозда макруҳлик пайдо бўлиш эҳтимоли бор. Лекин иложи борича қироатни суннат миқдоридан камайтириб юбормаслик ҳам лозим. Тўғри, зарурат вақтида шундай қилса, яъни суннатдаги миқдордан камроқ ўқиса ҳам бўлаверади. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлари ривоят қилинган. Ҳозирги одамларнинг ғалати одатлари бор, ўз-лари ёлғиз намоз ўқисалар, рукуъ, сажда ва қироатга умуман аҳамият бермайдилар. Бомдод ва пешин намозларида «Вассамаи затил буруж» ва «Вассамаи ватториқ» каби суралар билан кифояланадилар. Ҳолбуки, бомдод ва пешин намозла-рида «Ҳужурот» сурасидан то «Буруж»гача бўлган суралардан қироат қилиш суннатдир. Имом бўлганда эса, қироатни жуда узун қиладилар. Ҳаттоки, суннат миқдоридан ҳам ошиб кетиб, иқтидо қилувчилар озор топадилар. Офтобда қолган одамлар билан ишлари ҳам бўлмайди. Асосий мақсадлари узун қироат қилишдан иборат бўлади. Улар бу ишларидан қайтишлари лозим.

Ҳикоя. Язид ибн Абу Суфён Шом мамлакатига ҳоким бўлиб турган вақтида Шомдаги бир гуруҳ кишилар хамр ичиб, уни ўзларига ҳалол қилдилар ва далилига ушбу оятни (нотўғри таъвил қилиб)келтирдилар: «Иймон келтирган ва солиҳ амал қилган кишиларга (ҳукм нозил бўлишидан илгари) еб-ичган нарсаларида ҳеч қандай гуноҳ йўқ»(Моида сураси, 9-оят.).

Ҳоким бу одамлар устидан шикоят қилиб, ҳазрат Умарга мактуб юборди. Ҳазрат Умар: «Атрофингдаги бошқа кишиларни ҳам бузмасларидан олдин уларни менинг ёнимга жўнатиб юбор», деб жавоб ёздилар. Улар Умар розияллоҳу анҳу ҳузурига келгач, саҳобийларни тўплаб, маслаҳатлашдилар. Саҳобийлар: «Эй Амирул мўминин! Булар Аллоҳга туҳмат қилдилар, Унинг динида У изн бермаган ишни жорий этдилар. Шунинг учун уларнинг бўйнига (қилич) уринг, яъни ўл-диринг», дедилар. Саҳобийлар орасида Али розияллоҳу анҳу индамай ўтирган эдилар. Умар розияллоҳу анҳу у кишидан: «Сиз нима дейсиз?» - дея сўрадилар. Али розияллоҳу анҳу: «Улардан тавбани талаб қилинг, агар тавба қилмасалар, бўйниларига (қилич) уринг, борди-ю, тавба қилсалар, уларга саксон дарра уринг», деб маслаҳат бердилар. Умар розияллоҳу анҳу улардан тавбани талаб қилган эдилар, улар тавба қилдилар, сўнг уларга саксон дарра урдирдилар.(«Танбеҳул ғофилин»; «Мусаннафи Ибн Абу Шайба», 29000-ҳадис.)

Ҳикоя. Шом мамлакатида Умар розияллоҳу анҳунинг бир дўсти бор эди. Шомдан келган бир кишидан уиинг аҳволини сўрадилар. У: «Дўстингиз гуноҳи кабираларга мубтало бўлиб, ҳатто доим шаробдан маст бўлиб юради», деди. Ҳазрат Умар бу гапни эшитгач, дўстига хат ёздилар. Хатда «Ҳа. Мим. Танзил» сурасини ёзгач, ортидан ниҳоятда қўрқитиб, танбеҳ бердилар. У одам ҳазрат Умарнинг хатларини ўқиб, йиғлади ва: «Аллоҳ рост айтди ва Умар менга хайрхоҳлик қилди», дея тавба қилиб, гуноҳидан қайтди.(«Иҳёу улумид-дин».)

Эслатма. Шуни билиш муҳимки, айблардан қайтара олмайдиган киши ёнига бориб, бировнинг айбини баён қилиш ва уни ғийбат қилиш дуруст эмас. Чунки, бундай ғийбатдан ҳеч қандай фойда йўқдир. Келтириб ўтилган ҳикоя ва хабар-ларга ҳам эътибор қилган бўлсангиз, гуноҳ ва хато иш қилган кишилар устидан қилинган шикоятлар (ғийбатлар) фақатгина уларни қайтара оладиган кишиларгагина айтилган ёки етказилган.

Ҳикоя. Бир киши Ибн Сийрин ҳузурида Ҳажжожни ёмонлади. Ибн Сийрин у одамдан хафа бўлиб, унинг ғийбатидан норизо бўлдилар. Чунки Ибн Сийрин Ҳажжожга насиҳат қилишга қодир эмас эдилар. Шунинг учун у одамнинг Ҳажжожни ғийбат қилиши фойдасиз бўлди. Бу ҳикоя, иншааллоҳ, яна ўз ўрнида зикр қилинади.

3. Уялтириш мақсадида ғийбат қилиш. Айтайлик, бир киши қандайдир гуноҳ иш қилишга одатланиб қолган. Ўзининг бу гуноҳга йўл қўйганини эшитиб қолишини хоҳламайдиган ҳурматли кишиси бор. Борди-ю, мана шу ҳурматли кишиси унинг гуноҳ қилганини эшитиб қолганини билса, ўша гуноҳкор киши уялганидан ҳам мазкур гуноҳини тарк этиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, мен айтаманки, бир кишининг қандайдир гуноҳ қилганини у учун ҳурматли бўлган кишисига (ундан уялганидан гуноҳни тарк этармикин деган мақсадда) етказиб қўйиши дуруст ғийбат ҳисобланади. Чунончи, баъзи ҳадис ва ривоятлар шунга ишора қилади.

Ҳикоя. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, қўшнисининг устидан шикоят қилди. У зот уни (қўшнисининг озорларига) сабр қилишга буюрдилар. У киши иккинчи ёки учинчи маротаба яна ўша шикоят билан келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Боргинда, уй анжомларингни кўчага олиб чиқиб ташла», дедилар. У киши уй анжомларини кўчага олиб чиқиб қўйиб, сўраганларга бўлган ишлар (яъни, қўшниси етказган озорлар)ни айтиб тураверди. Буни эшитган одамлар: «Аллоҳ уни ундай қилсин, бундай қилсин», дея лаънатлай бошладилар. Шунда қўшниси ўзи келиб: «Уйингга қайт, энди мендан озор кўрмайсан», деди.(«Сунани Абу Довуд», 5153-ҳадис; «Иҳёу улумид-дин».)

4. Фатво сўраш мақсадида ғийбат қилиш. Олим ёки муфтийдан масала сўраётиб, бирор кишининг айбини баён қилишда ҳеч қандай зарар йўқ. Масалан, «Фалончи менга нафақа бермаяпти; ёки менинг отам вафот этди ва фалончи барча молларни ўз тасарруфига олиб, менга битта дон ҳам бермади; ёки фалончи уйини сотди, мен унга шафе(Қўшни бўлгани сабабли сотиб олинган ер ёки иморатни ўша нархга мажбурлаб бўлса ҳам олиб қўйишга ҳақдор бўлган киши.) бўлиб, талаб қилишимга қарамай, менга уни бермаяпти» ва ҳоказо гапларни фатво олиш мақсадида муфтий ёки олим ҳузурида айтиш дуруст ғийбат саналади.

Ҳикоя. Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг аёли Пайғамбар алайҳиссаломдан: «Абу Суфён бахил, яъни нафақа беришда зиқналик қилади, шунинг учун мен унинг молидан яширинча олиб ишлатсам, гуноҳкор бўлмайманми?» - деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен ва фарзандларинг ўзингизга кифоя қилгудек нарсани урфга мувофиқ қилиб олаверинглар”, дея марҳамат қилдилар.(“Саҳиҳи Бухорий”, 2211-ҳадис.)

Ҳикоя. Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди ва эри уни бир шапалоқ урганини айтиб, ёрдам сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қасос ол (сен ҳам бир шапалоқ ур)», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло:

«Эркаклар аёллар устидан ҳокимдирлар, Аллоҳ баъзиларини (эркакларни) баъзилардан (аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар молларидан нафақа берганлари учун»,(Нисо сураси, 34-оят.) оятини нозил қилди.

Оқибатда у аёл қасос олмай қайтиб кетди.(Суютий, «Ад-дурр ул-мансур» да Ибн Абу Ҳотимдан нақл қилган.)

Ҳикоя. Бир неча киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо олдиларига келиб, шундай дейишди: «Биз ҳаж ниятида уйимиздан чиқдик. «Зотус-сифоҳ» деган жойга етиб борганимизда бир йўлдошимиз вафот этди. Қабр кавлаб, уни дафн қилмоқчи бўдганимизда, қабрда катта илон кўрдик. Биз у қабрни қўйиб, бошқа жойдан қабр кавладик. Иккинчи қабрда ҳам ўшандай илон кўринди. Учинчи қабрни кавлаган эдик, унда ҳам ўша ҳолат такрорланди. Энди нима қиламиз? У кишини қаерга дафн қилайлик?» Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу илон ғазаби илоҳий эканини, уни Аллоҳтаоло мазкур кишига гуноҳи туфайли юборганини сездилар. У одамларга: «Бу илон Аллоҳ таолодандир, ер юзининг қаерини кавласангиз ҳам, ўша илонни топасиз. Шунинг учун у кишини бирор қабрга дафн қилиб, ҳаққига дуойи хайр қилишингиз лозим», дедилар.(«Танбеҳул ғофилин», «Қабр азоби» боби, 29-бет.)

Эслатма. Бир киши ҳақида фатво сўраётганда унинг ҳақиқий номини айтиш жоиз бўлса ҳам, бошқа ном билан савол қилиш яхшироқдир.

Ҳикоя. Уваймир розияллоҳу анҳу аёлини зино устида ушлаб олди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фатво сўрашда аёлини гийбат қилмади. Балки: «Агар бирор киши хотинини ўзга эркак билан зино қилаётганини кўрса, нима қилади?» - деб сўради. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу воқеа Уваймирнинг аёлига тегишли эканини англаб: “Сен ва аёлинг ҳақида оят нозил қилинди. Бор, аёлингни олиб кел”, дедилар. Аёлини олиб келгач, икковлари лиъон(Аллома Тумуртоший лиъонни шундай таърифлайди: “Лиъон қасам билан таъкидланган тўрт шаҳодат (гувоҳлик)дир. Бунда эркак шаҳодат бериш билан бирга ўзига лаънат ҳам тилайди, аёл эса ўзига Аллоҳнинг ғазабини сўрайди. Бу гувоҳликлар эркак учун қазф ҳадди (туҳмат жазоси), аёл учун эса зино жазоси ўрнига ўтади.) қилдилар. Бу воқеанинг тафсилоти ҳадис ва фиқҳ китобларида келган.(Бу қиссани имом Молик «Муватто»нинг «Лиъон бобида»да.баён қилган, 1154 -ҳадис.)

5. Ҳолидан хабар топиш учун ғийбат қилиш. Мен айтаманки, одамларнинг ёмон сифатлари ва ярамас ишларини олим, зоҳид, имом ёки пайғамбар каби улуғ зотлар олдида, (булар мазкур ёмон иш эгаси ҳақида бирор нарса гапирсалар, биз хабардор бўлиб қолар эдик деган мақсадда) айтиш жоиз. Чунончи, саҳобий розияллоҳу анҳумлар одамларнинг ёмон сифатлари ва ярамас ишларини Пайғамбар алайҳиссаломга айтар, лекин уни айтишдан мақсадлари мусулмонни таҳқирлаш ёки камситиш бўлмай, балки шояд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гапни эшитиб, у одамнинг ҳолини баён қилсалар ва бизларни хабардор айласалар, деган мақсадда бўлар эди.

Ҳикоя. Саҳобийлар розияллоҳу анҳум бир аёлнинг бахил эканини зикр қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса, унда нима яхшилик бор?!» - дедилар.

Демак, саҳобалар бир аёлнинг бахиллигини айтиш орқали бахил кишида умуман яхшилик бўлмаслигини билиб олдилар. Яхшилик ва эзгулиқцан бутунлай холи бўлган инсоннинг жаннатга кира олмаслиги эса ҳаммага маълум.

Бахил ар бувад зоҳиди баҳру бар,

Беҳиштий набошад ба ҳукми хабар.

Таржимаси:

Бахил бўлса, денгизу ер зоҳиди,

Дейди ҳадис: йўқ унга жаннат ҳиди.

Насрий баёни: Бахил, гарчи денгиз ва қуруқликнинг зоҳиди бўлса ҳам, ҳадисхабарига кўра, жаннатий бўлолмайди.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан бир жаноза ўтиб қолди. Шунда у маййит (саҳобийлар розияллоҳу анҳум томонидан) мақталди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Вожиб бўлди», дедилар. Ундан кейин яна бошқа бир жаноза ўтиб қолди. Шунда у маййит (саҳобийлар розияллоҳу анҳум томонидан) ёмонланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Вожиб бўлди», дедилар. Шунда саҳобийлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга ҳам, бунга ҳам вожиб бўлди дедингиз», деб айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Сизлар айтган гап) қавмнинг гувоҳлигидир. Мўминлар Аллоҳ таолонинг ердаги гувоҳларидир», дея марҳамат қилдилар.(«Сунани Ибн Можа», 1491- ҳадис.)

Эслатма. Бу ўринда бир савол пайдо бўлади. Юқорироқда маййитларни ғийбат қилиш ҳаром эканлиги тўғрисидаги ҳадис ва хабарлар келтириб ўтилди. Зеро, киши вафотидан сўнг, унинг марҳум (раҳм этилган) ёки малъун (лаънатланган) бўлиши ҳеч кимга маълум эмас. Шундай экан, саҳобалар нима учун маййитларни ғийбат қилишган ва нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитиб туриб, индамаганлар? Бу саволга жавоб беришда кўп одамлар ҳайрон ва лол бўлиб қолган. Аллома Азизий «Жомеъи сағир»нинг шарҳида: «Саҳобалар ғийбат қилган киши ҳаётлик чоғида фосиқлардан бўлган бўлса керак, шунинг учун уни ўлганидан кейин ғийбат қилишган. Зеро, фосиқни ғийбат қилиш дурустдир», деб ёзади. Мен айтаманки: «Бу жавобга икки жиҳатдан эътирозим бор. Биринчидан, бирорта ривоятда саҳобалар ёмонлаган ўша маййит фосиқ эди, деб очиқ-ойдин айтилмаган. Иккинчидан, ўликларни умуман (ҳаётлигида фосиқ ёки зоҳид бўлиб яшаб ўтганидан қатъи назар) ғийбат қилиш мумкин эмас. Тўғри, фосиқларни ғийбат қилиш, айбларини баён қилиш ёки ўлганидан кейин унга бўлаётган азобдан тирикларни қўрқитиш мақсадида гапириш дуруст. Чунончи, бунинг тафсилоти, иншааллоҳ, келтирилади. Саҳобаларнинг Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида маййит айбларини айтишдан мақсадлари бирор кишини қўрқитиш ёки огоҳлантириш эмас эди. Шундай экан, уни ғийбат қилиш нима учун дуруст бўлди? Мен: “Саҳобалар тарафидан бўлган бу ғийбат инсонни хорлаш ёки таҳқирлаш мақсадида эмас, балки Пайғамбар алайҳиссалом ўша инсоннинг амали борасида бирор нарса десалар, ундан фойдаланиб қолиш мақсадида бўлган”, деб айтаман.

Ҳикоя. Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг айтишича, фалончи аёлнинг намоз, рўза ва садақаси жуда кўп-у, лекин қўшниларига тили билан озор берар экан», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У аёл дўзахийдир», дедилар. У одам яна: «Эй Аллоҳнинг Расули, фалончи аёлнинг эса рўза, садақа ва намози кам экани ҳамда пишлоқнинг кичик бўлакларинигина (яъни, жуда оз нарса) садақа қилиши, лекин қўшниларига тили билан озор бермаслиги айтилади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У аёл жаннатийдир», дедилар.(Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилганлар. Табризий «Мишкот ул-масобиҳ»нинг «Халққа шафқат қилиш» бобида келтирган.)

Эслатма. Баъзи мазҳабларга кўра, кишининг дини билан боғлиқ айбларини баён қилишда бирор зарар йўқ. Улар бу фикрларига саҳобаларнинг одамлар амалларидаги этиқодий камчиликларини ғийбат қилганлари ва уларнинг ёмон сифатларини гапирганлари ҳамда бунинг ҳадисларда ривоят этилганини далил сифатида келтирадилар. Лекин саҳиҳ гап шуки, кишининг динига алоқадор айбларини ғийбат қилишдан қандайдир фойда назарда тутилсагина, у дуруст бўлади. Чунончи, саҳобийлар розияллоҳу анҳумнинг ғийбати ҳам худди шундай бўлган. Акс ҳолда, у тўғри бўлмас эди. Валлоҳу аълам.

6. Ошкора гуноҳ қиладиган фосиқни ғийбат қилиш. Ошкора гуноҳ қиладиган: масалан, одамларга зулм қиладиган; зино қиладиган; намоз ва рўзани тарк қилишга одатланган ва шунга ўхшаш гуноҳларни ошкора қиладиган кишиларни пастга уриш ниятида ғийбат қилиш дурустдир.

Насиҳат. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ғийбатнинг тўрт тури бор. Биринчиси, бир инсон бир мусулмонни ғийбат қилади. Агар унга ғийбат қилма десангиз, бу ғийбат эмас, мен унинг бор айбини айтяпман, дейди. Бу ҳолатда ғийбат қилувчи кофир бўлади, чунки ҳаромни ҳалол дейиш куфрдир. Иккинчиси, киши бир инсонни номини айтмай ғийбат қилади, лекин эшитувчилар бу киши ким ҳақида гапираётганини билиб туради. Бу суратда ғийбат қилувчи мунофиқдир. Чунки, бу одам кўринишда кишининг номини айтмай ғийбатдан сақланаётган бўлсада, аслида ғийбатга мубталодир. Учинчиси, киши бир инсонни ғийбат қилади, унинг номини ҳам тайин қилади. Шу билан бирга, у ғийбатнинг ёмонлигидан ҳам хабардор бўлади. Бу ҳолатда у одам гуноҳкор бўлади. Тўртинчиси, киши бир фосиқни ғийбат қилади, бу суратда ғийбат қилувчига савоб бўлади. Чунки, одамлар бу ғийбатни эшитсалар, фосиқдан ўзларини эҳтиёт қиладилар».

Эслатма. Фақиҳ Самарқандийнинг айтишларича, ошкора гуноҳ қиладиган фосиқни ғийбат қилиш дурустлигининг сабаби шуки, уни ғийбат қилинса, одамлар у билан мулоқот қилиш ва унга дўст бўлишдан сақланадилар. Лекин бу сабаб мукаммал эмас. Чунки ҳолатидан барча хабардор бўлган, шу билан бирга, одамлар ундан ўзини эҳтиёт қиладиган ошкора фосиқни ғийбат қилиш ҳам дурустдир. Менимча, фосиқни ғийбат қилиш фақиҳ Самарқандий келтирган сабабдан ташқари яна икки сабаб билан ҳам дуруст бўлади. Биринчиси, ғийбат сабабидан фосиқ киши ўзининг ёмон ишларидан тўхташи, яъни одамлар у ҳақида ёмон гаплар айтаётганини эшитса, уялганидан қилаётган гуноҳидан қайтиши мумкин. Фосиққа салом бериш макруҳлигининг сабаби ҳам шу. Яъни, фосиққа салом берилмаса, бу унга танбеҳ бўлади ва у ўз ишларидан нафратланади. Иккинчи сабаб, ошкора гуноҳ қиладиган фосиқнинг Аллоҳ таоло наздида ҳеч қандай иззату обрўси бўлмаслигидир. Зеро, ҳадиси шарифда: “Фосиқ мақталса, Аллоҳтаоло (мақтовчига) ғазаб қилади ва бу мақтовдан аршлар зага келади»(Байҳақий ривоят қилган, «Мишкот ул-масобиҳ»да нақл қилинган.) дейилади. Шунингучун бандалар ҳам унга иззат кўрсатмасликлари, лекин шу билан бирга, шариат чегарасидан чиқиб ҳам кетмасликлари керак. Шунинг учун саҳобалар розияллоҳу анҳум ҳам, ҳақ йўлдаги олимлар ҳам мунофиқ, кофир ва золимларнинг айбларини баён қилар ва уларга ҳеч иззат кўрсатмас, шу билан бирга, чегарадан чиқиб ҳам кетмас эдилар. Валлоҳу аълам.

Ҳикоя. Ҳорун ар-Рашид уламоларни жуда севар ва солиҳлар билан ўтириб, мажлис қуришни яхши кўрар эди. Ҳорун ар-Рашид халифа бўлганида, барча уламолар муборакбод қилгани келишди, фақат Суфён Саврий келмади. Шунда Ҳорун ар-Рашид Суфён Саврийга хат ёзди. Унда: «Эй Суфён! Мен сенга дўст эдим, ҳалиям мен дўстлик риштасини узганим йўқ. Султон бўлмасам эди, сенинг олдингга борар эдим. Мен султон бўлгач, ҳамма одамлар зиёратимга келди, лекин сен келмадинг. Эй Суфён! Байтулмолни очиб, барчага мол бердим, мен сенга муштоқман. Ҳозироқ мен томонга отланиб йўлга чиқ. Тамом», деб ёзди. Ҳорун бу хатни Аббод Толқонийга бериб, уни Куфага, Суфённинг олдига жўнатди. Аббод Куфага етиб келгач, ҳазрати Суфённинг масжидига борди. Бу пайтда Суфён имом бўлиб намоз ўқиб бераётган экан. Аббод Ҳоруннинг хатини у кишининг олдига отди. Суфён намозни тугатиб, салом берди, лекин хатга эътибор ҳам бермади. Зеро, у киши Ҳоруннинг салтанатини ҳеч нарса деб ҳисобламас эди. «Золим Ҳоруннинг хати келди, мен ва бу хатни ушлаб қўлимни нопок қилмайман. Эй одамлар! Сизлар бу хатни очинглар ва мазмунини менга эшиттиринглар», деди. Одамлар хатни у кишига ўқиб эшиттирдилар. Суфён: «Жавобини шу хатнинг орқасига ёзинглар», деди. Одамлар: «Эй Суфён Ҳорун султондир, унга хатни алоҳида вараққа ёзиш яхшироқ бўлади», дедилар. Суфён: «Золимнинг хатига жавобни ўзининг қоғозига ёзинглар», деди. Хатда: «Эй Ҳорун! Мен сен билан дўстлик риштасини уздим, муҳаббатингдан юз ўгирдим. Сен байтулмолни сарфланиши керак бўлган жойга сарф қилмай, зое қилдинг. Биз қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида бунга гувоҳ бўламиз, сенинг ҳақиқатингни очамиз. Эй Ҳорун! Сен уламолар суҳбатини тарк қилиб, иймон лаззатидан ажрадинг. Салтанатни танладинг ва улуғ гуноҳни гарданингга юкладинг. Тахтга ўтириб, ипак кийимлар кийишни бошла-динг. Золим бўлишни ёқтириб, уларга бошлиқ бўлдинг. Эй Ҳорун! Агар қиёматда ҳақ эгалари этагингдан тутсалар ва сенинг яхшиликларинг уларга, уларнинг ёмонликлари эса сенга олиб берилса, ҳолинг нима бўлади? Эй Ҳорун! Бу васиятни ёдингда сақла ва Аллоҳдан қўрқ. Эй Ҳорун! энди сен менга хат ёзма ва мен билан учрашишни ҳаргиз ўйлама. Тамом», деб хатни якунладилар. Аббод Суфённинг хатини Ҳорунга етказди. Ҳорун хатни ўқиб, қаттиқ хавотирланди. Шу тариқа хат унинг дунёдан ўтгунича ёнида бўлди.(«Иҳёу улумид-дин».)

Ҳикоя. Товус раҳимаҳуллоҳайтади: «Маккадалик чоғимда Ҳажжож мени чақирди. Унинг ҳузурига борган эдим, мени ёнига ўтқазди. Ёстиққа суяниб гаплашиб ўтирганимизда, у баланд овоз билан айтилаётган ҳаж талбияси (лаббайкаси) ни эшитиб қолди. «Менга у одамни келтиринглар», деганидан сўнг у киши олиб келинди. У одам келгач, Ҳажжож: «Сен кимсан?» деб сўради. У: «Мусулмонман», - деди. Ҳажжож: «Мен сенинг шаҳринг ва қавминг ҳақида сўрадим»,-деди. У: «Яман аҳлиданман», деб жавоб берди. Ҳажжож: «Муҳаммад ибн Юсуфни қандай ҳолда қолдириб келдинг?» деб сўради. (У Ҳажжожнинг укаси бўлиб, Яман ҳокими эди). У киши: «Муҳаммад ибн Юсуф жуссали одам бўлиб, ипак либос кияр эди», - деди. Ҳажжож: «Мен сендан унинг сийратини сўрадим», - деди. У одам (умуман қўрқмасдан): «Уни ниҳоятда кўп зулм қилувчи, махлуққа итоатли, Холиққа исён этувчи ҳолда қолдириб келдим», - деди. Буни эшитиб Ҳажжож ғазабланди ва: «Сен менинг ҳузуримда Муҳаммад ибн Юсуфнинг даражаси қандай эканини билмайсанми? Қандай қилиб менинг ол-димда укамнинг айбларини айтяпсан?» - деди. У киши: «Эй Ҳажжож! Сенинг наздингда биродарингнинг мартабаси қай даражада бўлса, Аллоҳ наздида менинг мартабам ундан зиёдадир. Чунки мен Унинг Пайғамбарини тасдиқ қилувчиман ҳамда Байти (Уйи)нинг меҳмониман», деб жавоб берди. Бундай мардларча қўрқмасдан гапирилган гапни эшитиб, Ҳажжож жим бўлиб қолди. У одам изн сўрамасдан чиқиб кетди. Товус айтади: «У одам Ҳажжож ёнидан чиққач, мен унинг ортидан етиб олиб: «Эй одам! Мен сенга дўст бўлмоқчиман», дедим. У киши: «Йўқ. Рози эмасман. Ахир сен ҳозиргина ёстиққа суяниб ўтирган эмасмидинг? Одамлар Аллоҳ динида сендан фатво сўраганини кўрган эмасмидим?» деди. Мен: «Ҳажжож ниҳоятда забардаст султон бўлгани ва у мени сўрагани учун боришга мажбур бўлдим, ўзинг ҳам чақирганида келдинг-ку», де-дим. У киши: «Ундай бўлса, нима учун хотиржам бўлиб, суяниб ўтирибсан? Унга насиҳат қилиш сенинг бўйнингда вожиб эмасмиди?» деди.(Бу ҳикояни Дамирий «Ҳаётул ҳайвон»да «Товус» зикрида баён қилган.)

Эслатма. Баъзи одамлар “Фосиқни ёмонлаш ғийбат бўлмайди” деган гапни фосиқ кишини хоҳлаганча ғийбат қилавериш жоиз, деб тушуна-дилар. Ҳолбуки, ундай эмас. Бир киши очиқ-ойдин фисқу фужурга мубтало бўлса, мисол учун ошкора ароқ ичиб юрса, унинг ортидан биров “Бу ароқ ичади”, деб гапирса, бу ғийбат бўлмайди. Чунки, унинг ўзи ароқ ичишини одамлардан яширмай, эълон қилиб юради. Шундай бўлгач, унинг ортидан ароқ ичиши ҳақида гапирилса, унга оғир ботмайди. Шу сабабли унинг бу ишини гапириш ғийбатга кирмайди. Лекин фосиқнинг бошқаларга кўрсатишни хоҳламайдиган гуноҳини ўзи йўқлигида гапириш ғийбат бўлади. Дейлик, бир одам ошкора ароқ ичгани ёки ҳаммага билдириб судхўрлик қилгани билан яширинча қиладиган, одамлар билиб қолишини истамайдиган, шу билан бирга бошқаларга зарар бермайдиган гуноҳлари бор. Унинг мана шу гуноҳларини ортидан гапириш ғийбат ҳисобланади.

7. Муҳофаза ва ҳимоя қилиш ниятида ғийбат қилиш. Агар бирор кишидан бошқаларга зарар етса ва улар зарар етишидан бехабар бўлсалар, зарар етказувчини уларга ёмонлаб, ғийбат қилиш дурустдир. Токи ундан мусулмонлар зарар кўрмасин. Бунга бир қанча мисоллар бор.

Биринчи мисол. Дейлик, бир киши фожир, яъни яширин гуноҳ қилишга мубтало. Бир олим ёки зоҳид унга ҳамсуҳбат бўлиб, бирга ўтириб туради, лекин унинг айбларидан хабардор эмас. Агар хабардор қилиб қўйилмаса, унинг ҳам айниб кетиш эҳтимоли бор. Шунга ўхшаш ҳолларда фожирни одамлар ундан эҳтиёт бўлиб, сақланиши учун ғийбат қилиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам одамлар уларнинг айбларидан хабардор бўлиб, суҳбатидан сақланишлари учун баъзи кишиларни ёмонлаганлар, ҳатто баъзиларга лаънат ҳам айтганлар.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизлар фосиқни унда бор нарса билан зикр қилишдан бош тортасизларми? Уни беобрў қилинглар, токи одамлар уни танисин. Ундаги бор нарсалар, яъни айбларини айтинглар, токи одамлар ундан эҳтиёт бўлсинлар».(«Иҳёу улумид-дин».)

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фосиқни ундаги бор нарса билан зикр қилинглар, (шунда) одамлар ундан сақланадилар».(«Жавоҳир ут-тафсир» ва «Нузҳат ул-мажолис»да «Муҳаззаб»дан нақл қилинган.)

Иккинчи мисол. Бир киши одамларга озор берса ёки одамлар орасида чақимчилик қилиб, уларни ўзаро уриштириб юрса, «Фалончи киши одамларга озор беради ёки чақимчилик қилади», деб унинг айбини кўрсатиш мумкин. Шунинг учун ҳам сотиб олаётган кишига зарар бўлмасли-ги учун сотувчи ўзи сотаётган қул ёки чўрининг айбларини айтиб сотиши керак бўлган.

Ҳикоя. Фотима бинти Қайс эри Абу Амр ибн Ҳафс билан ажрашгач, унга Муовия ибн Абу Суфён ва Абу Жаҳм совчи жўнатдилар. Шунда Фотима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан маслаҳат сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Абу Жаҳм асосини елкасидан қўймайди, яъни аёлини кўп уради, Муовия эса моли йўқ камбағал, (ундан кўра) сен Усома ибн Зайдга никоҳлангин», дедилар.(Бу ҳикоя «Жавоҳир ут-тафсир»да зикр қилинган.)

Ҳикоя. Бир киши қулини бировга сотаётиб харидорга: «Бу қулнинг чақимчиликдан бошқа айби йўқ», деди. Харидор: «Ҳечқиси йўқ», деб сотиб олди. Харидор қулни сотиб олгач, қул хўжайинининг аёлига бориб: «Сени эринг яхши кўрмайди, бошқа хотин олмоқчи. Унинг давоси шуки, эринг ухлаб ётганида устара билан унинг томогидаги соқолидан олгин. Агар шундай қилсанг сенга муҳаббати ортади», деди. Хўжайин олдига бориб эса: «Сени аёлинг сўйиб ўлдирмоқчи», деди. Бир куни хўжайин ухламасдан кўзини юмиб ётган эди, гулом айтгандек аёли устара билан келди. Эр кўзини очиб, аёли ҳақиқатдан ҳам қўлида устара билан келаётганини кўрди ва ўша заҳоти аёлиниўлдирди. Бу хабар аёлнинг қариндошларига етгач, улар келиб, бу одамни ўлдиришди. Бир қулнинг чақимчилиги шундай катта бузғунчиликка сабаб бўлди.(«Иҳёу улумид-дин».)

Учинчи мисол. Даъвогар қози ҳузурида ўз даъвосини исботлаш учун гувоҳлар келтирса,     Ғийбат ўзи нима? бироқ устидан даъво қилинган киши мазкур гувоҳларнинг айбидан, яъни ёлғончилигидан хабардор бўлса, унинг қози ҳузурида мазкур гувоҳларнинг ёлғончилигини ошкор қилиши шаръан жоиз бўлган ғийбат ҳисобланади. Зеро, кундалик ҳаётида ёлғон гапириб юрган одамнинг қози ҳузурида ҳам ёлғон ишлатиб, бировнинг ҳаққини поймол қилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Эслатма. Агар бир киши яширинча гуноҳ қилишга, турли фисқу фужурга мубтало бўлса, бироқ унинг гуноҳидан ҳеч кимга зарар етмаса, уни ғийбат қилиш, айбларини билдириб, одамларни ундан хабардор этиш мумкин эмас. Зеро, кимки одамларнинг гуноҳларини ошкор этса, Аллоҳ таоло ҳам унинг айбларидан одамларни хабардор қилади. Шунинг учун одамларнинг айбини очишга, доимий тарзда уларни ғийбат қилишга одатланган киши билан дўст тутинмаслик, иложи борича улардан узоқроқ керак.

Насиҳат. Бир улуғ киши: «Айбингни яширадиган ва сирларингни ошкор қилмайдиган одам билангина дўст тутин. Борди-ю, бундай одам тополмасанг, ўзингдан бошқа билан дўст бўлма!» дейди.(«Иҳёу улумид-дин»)

Насиҳат. Зайд ибн Аслам айтади: «Гуноҳни ошкора (ҳаммага кўрсатиб) қилмаган кишини ғийбат қилиш ғийбат бўлади».(Суютий. «Ад дурр ул-мансур».)

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни унинг айбини яширади. Кимки мусулмон биродарининг айби (яширин гуноҳлари)ни фош этса, Аллоҳ таоло ҳам унинг айбини фош қилади. Ҳатто, уни ўша айб билан (ташқарига чиқмай) уйининг ичида бўлса ҳам, шарманда қилади».(«Сунани Ибн Можа», 2546-ҳадис.)

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайси банда дунёда бошқа банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг айбини яширади».(«Саҳиҳи Муслим», 2590 -ҳадис.)

8. Беҳаёни ғийбат қилиш. Беҳаё, яъни уялмасдан ҳар қандай гуноҳни қилаверадиган, қаттиқ гапириб танбеҳ берган кишининг сўзидан ҳам таъсирланмайдиган шарму ҳаёсиз, уятсиз кишини ғийбат қилиш мумкин. Байт:

Каҳтеҳе ғийбатҳе уски ҳан рава, Гар каре кўйи кабаир бар мала.

Маъноси: Айтадиларки, гуноҳи кабираларни бемалол қиладиган кишини ғийбат қилиш раводир.

Шунинг учун саҳобийлар (розияллоҳу анҳум) Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларини ғийбат қилар ва уларга лаънат айтар эдилар. Чунки улар ўта даражада беҳаё бўлиб, ҳатто ўз айбларини фазилат, деб билардилар.

Ҳадис. «Ҳаё пардасини ташлаган (уят ниқобини юзидан олган) кишини ғийбат қилиш дурустдир».(Суютий, «Жомеъи сағийр», 8525-ҳадис.)

Ҳикоя. Ҳазрат Ҳусайн розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан сўнг ироқлик бир киши Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан кийимга теккан чивин қони ҳақида (у кийимда намоз ўқиса бўлади ми ёки йўқми деб) сўради. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Буни қаранглар, чивин қони ҳақида сўраяпти. Ваҳоланки, булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғилларини қатл қилди-лар. Ҳолбуки, Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳасан ва Ҳусайн икковлари менинг дунёдаги икки райҳонимдир», деганларини эшитганман”, дедилар.(«Сунани Термизий», 3770 -ҳадис.)

Ироқликлар бу қабиҳ ишларини беҳаёларча, ҳеч тап тортмай амалга оширганлари учун Ибн Умар розияллоҳу анҳумо уларнинг ҳамюртига таъна ва маломат маъносида бу гапни гапирди-лар. Бу ҳикоя беҳаё кишини ғийбат қилиш жоиз-лигига ҳам далил, ҳам мисолдир.

9. Ҳасрат ва афсус маъносида ғийбат қилиш. Афсус тарзида ғийбат қилиш дурустдир. Масалан, фалончи намоз ўқимаётганига ёки зинога мубтало эканига афсусдаман, дейиш. Чунки бирор кишининг ёмон ишлар қилаётганини кўриб афсус чекиш яхши хислат ҳисобланади. Зеро, ҳар бир мусулмон ўз биродарининг гуноҳ қилаётганини, шайтонга мағлуб бўлганини кўрса, унинг ҳолига раҳми келиши лозим.

Насиҳат. Шақиқ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Сен бир одамнинг ёмонлигини эсласанг-у, унинг ҳолига раҳминг келмаса, сен ундан ҳам ёмонроқсан. Солиҳ бир кишини эсласанг-у, қалбингда тоат ҳаловатини (лаззатини) топмасанг, сен янада ёмонроқ одамсан».(«Таибеҳул ғофилин».)

Насиҳат. Калом илми намояндаларидан бири шундай дейди: «Кишининг ёмон сифатларини таҳқирлаш ва пастга уриш учун зикр қилиш ғийбат бўлади. Унинг ҳолига афсусланиш маъносида зикр қилиш эса ғийбат саналмайди».(«Хизонат ур-ривоёт».)

10.    Ноаниқ ва мавҳум одамни ғийбат қилиш. Бирор кишининг ёмон сифатларини унинг номини айтмасдан баён қилиш дурустдир. Бу «Баззозия», «Сийрати Аҳмадия», «Ад-дурр ул-мухтор», «Хизонат ур-ривоёт» ва бошқа китобларда зикр қилинган.

11.    Машҳур ёмон лақабни зикр қилиш. Бирор киши қандайдир бир айбга далолат қиладиган ёмон бир лақаб билан машҳур бўлса, уни ўша лақаб билан эслашнинг зарари йўқ. Чунки ўша лақаб айтилмаса, одамлар уни танимаслиги мумкин. Мисол учун «Аъраж» сўзининг маъноси «Чўлоқ» бўлиб, ровийлардан бири мана шу лақаб билан машҳур бўлган. Муҳаддислар ҳадис ривоят қилишда «Аъраж»дан ривоят қилинган, деб айтаверадилар. Лекин иложи борича айбга далолат қиладиган лақабни айтмаслик яхши.

12.    Динни қувватлаш мақсадида ғийбат қилиш. «Радд ул-муҳтор» муаллифи: “Динни қувватлаш учун ғийбат қилиш дуруст”, деб ёзади. Муҳаддисларнинг ровийлар ҳақида “Фалончи ёлғон гапиришга одатланган, ҳадислар ривоят қилишда жуда кўп ёлғон гапиради, фалончи ровий ўзидан ҳадис тўқиб чиқаради ёки фалончи ровийнингҳофизаси кам”,деб айтишлари шунга мисолдир. Шунга ўхшаш, фақиҳлар ҳам “Фалончи китоб мўътабар эмас, чунки унинг мусаннифи фақиҳ бўлмаган ёки фалончи китобнинг муаллифи мўътазилий, унинг гапи ботил ёхуд фалончи китобга заиф масалалар киритилган ёки фалончи фақиҳ китобида мавзуъ (тўқима) ривоятларни келтиради ва ҳоказо”, деб ёзадилар. Бу ҳам динни қувватлаш ва уни ҳимоя қилиш мақсадида бўлган.

13.    Ибрат мақсадида ғийбат қилиш. Одамларга ибрат бўлиши учун бирор тирик ёки ўлган кишига берилган жазони гапириб ғийбат қилиш мумкин. Масалан, одамлар бахиллик сифатидан сақланишлари учун фалончи киши жаҳаннамга лойиқ, сабаби у бахил ёки фалончи одам ҳаётлик вақтида ниҳоятда кўп гуноҳ қилар эди, ўлганидан кейин азобга мубтало бўлса керак ёки фалончи одам ўлганидан кейин юзи қорайиб кетди ёки қабр азобига дучор бўлса керак, чунки у фалон гуноҳ қилар эди дейиш ва ҳоказо. Лекин бу айбларни баён қилишдан мақсад уни таҳқирлаш ва пастга уриш бўлмаслиги, балки одамларга ибрат бўлишини кўзда тутиш лозим.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қабр ёнидан ўтдилар (ва одамларга ибрат бўлиши учун): «Бу иккови (қабр эгалари) азобланмоқда, лекин катта нарса учун азобланаётганлари йўқ. Аммо бу (биринчи маййит) пешобидан сақланмас, буниси (иккинчи маййит) эса чақимчилик қилар эди», дедилар.(«Сунани Термизий», 70-ҳадис.)

Ҳикоя. Сулаймон ибн Абдулмалик халифа бўлгач, Умар ибн Абдулазизни ўзига вазир ва маслаҳатчи қилиб олди. Ҳажжожнинг вазири бўлган Язид ибн Абу Муслимни ўзига котиб қилмоқчи бўлди. Умар ибн Абдулазиз: «Эй мўминлар амири, Аллоҳ учун сиздан ўтиниб сўрайман, Язидни котиб қилиб (олиш билан) Ҳажжожнинг зикрини қайта тирилтирманг”, деди. Халифа: «Эй Умар, мен унинг бир дирҳам ёки бир динорга хиёнат қилганини кўрмаганман”, деди. Умар ибн Абдулазиз: «Эй мўминлар амири, хиёнат борасида Иблис ундан ҳам аълороқ-ку. Чунки у барча халқни адаштириб, йўлдан оздирди. Аслида молга хиёнат қилмасликнинг ўзи инсоннинг яхши эканига далолат қилмайди», дедилар. Буни эшитган Сулаймон ибн Абдулмалик Язидни котиб қилиб олиш ниятидан қайтди.(Дамийрий, «Ҳаёт ул-ҳайвон».)

Ҳикоя. Бир куни Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ қиёматни эслаб, ҳушларидан кетгунча йиғладилар. Кейин кула бошладилар. Одамлар сабабини сўрашса, у киши: «Тушимда қиёмат қоим бўлибди. Бир жарчи: «Абу Бакр Сиддиқ қаерда?», деб нидо қилди. У киши олиб келинди ва енгил ҳисоб қилингач, жаннатга киришлари буюрилди. Сўнг Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлар ҳисоб-китобга чақирилдилар. Кейин жарчи: «Умар ибн Абдулазиз қани?», деб чақирган эди, мен юзим билан ерга йиқилдим. Икки фаришта келиб, мени Аллоҳ ҳузурида турғиздилар. У мени енгил ҳисоб қилиб, сўнг ҳолимга раҳм қилди. Икки фаришта билан турганимда, бир ўлимтикни кўрдим ва ундан: «Сен кимсан?», деб сўрадим. У: «Мен Ҳажжожман», дея жавоб берди. «Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?», деб сўрасам, «Унинг азоби қаттиқ эканини кўрдим. Энди муваҳҳидлар (Аллоҳни бир деб эътиқод қилувчилар) интизор бўлган нарсага, яъни Аллоҳнинг кечиримига мен ҳам интизор бўлиб, кўз тутиб турибман», деди.(Сафурий, «Нузҳат ул-мажолис», «Адл» боби.)

Эслатма. Уламолар Ҳажжожнинг кофирлиги тўғрисида ихтилоф қилганлар, лекин бу нақл унииг мўмин бўлиб вафот этганлигига ишора қилмоқда. Чунки у мен мўминлар мунтазир бўлган нарсага мунтазирман, деган. Агар у кофир бўлса, бу гапни айтмаган бўлар эди. Валлоҳу таоло аълам.

Ҳикоя. Мадиналик бир кишининг шаҳар четида яшайдиган синглиси бор эди. У қаттиқ бемор бўлиб қолди. Акаси ундан хабар олиб турди. Охири у вафот этди. Уни кафанлаб, қабрга олиб бориб дафн қилдилар. Ака уйга қайтгач, ҳамёни қабрда тушиб қолганини эслади. Дўстларининг биридан ёрдам сўраб, қабрга бориб, уни кавлади ва ҳамёнини олди. Сўнгдўстига: «Нарироқ тур, қарайчи, синглим қай аҳволда экан», деди. Лаҳад устидаги ғиштлардан бирини олгач, қабр ичи оловга тўлиб ётганини кўрди ва уни беркитиб, текислаб қўйди. Онасининг ёнига бориб, синглиси ҳаётлик чоғида нима ишлар билан машғул бўлганини сўради. У: «Синглинг вафот этган бўлса, нима учун у ҳақда сўраяпсан?» - деди. Акаси қабрда кўрган нарсаларни айтиб бергач, онаси: «У намозни кечиктирар ва уни мукаммал таҳорат билан адо этмас, шу билан бирга тунда қўшнилар гапини пойлаб, эшитиб олар, сўнг улар орасида чақимчилик қилар эди. Қабридаги азобнинг сабаби шу бўлса керак», деди.(«Танбеҳул ғофилин».)

Ҳикоя. Язид дунёдан ўтган куни, одамлар унинг васиятига кўра, ўғли Муовияни халифа этиб кўтардилар. У ниҳоятда тақводор ва оқил киши эди. Қирқ кун (бир ривоятда икки ой, яна бошқа ривоятда беш ой) халифалик қилгач, халифаликдан истефога чиқди. Сўнг минбарга чиқиб, бир муддат сукут сақлаб ўтирди ва ўрнидан туриб, Аллоҳ таолога ўта балоғатли ҳамду сано айтди. Ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жуда гўзал тарзда (салавот ва саломлар айтиб) эслади. Кейин шундай деди: «Эй одамлар! Менинг сизларга амир бўлишга рағбатим ва хоҳишим йўқ. Бобом Муовия ўзидан ҳам, бошқалардан ҳам халифалик учун Расулуллоҳга қариндош бўлганлиги ва буюк фазли туфайли лойиқроқ бўлган кишидан уни тортиб олди. У киши муҳожирларнинг қадри энг улуғи, қалби энг шижоатлиси, илми энг кўпи, иймон-да энг аввалгиси, обрўда энг шарофатлиси, саҳобаликда энг қадимгиси эди. Бобом, ўзингиз билганингиздек, ана шу ишларни амалга оширди, шундай улуғ одам билан урушди. Сизлар ҳам ўзингиз билмаган ҳолда у кишига шерик бўлдингиз. Ҳатто, ишлар бобомнинг қўлига ўтди. Қазои қадар келиб, ажал қўли у кишини тортиб олиб кетгач,ўз амали билан қабрида ёлғиз қолди. Дунёда қилган амалларининг жазосини кўрди. Сўнг халифалик отам Язидга ўтди. У киши, отасининг хоҳишига кўра, сизларга бошлиқ бўлди. Отам Язид ёмон феъли ҳамда ўз нафсига қилган зулми сабабли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига халифалик қилишга муносиб эмас эди. У ҳавойи нафсига эргашди, ўз хатосини гўзал санади, Аллоҳ қаршисида журъатли бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам авлодларининг ҳурматига тажовуз қилди. Шунинг учун ҳаёт муддати узоқ бўлмади, ортидан нишонаси ҳам қолмади. Энди қабр чуқурида амали, хатолари ва гуноҳларига жавобгар бўлиб қолди, ҳамда у ерда ўзи жўнатган нарсаларини топди. Энди пушаймонлик фойда бермайдиган жойда пушаймон бўлмоқда. Биз ундан ажраганимизга маҳзун бўлдик, аслида унинг ҳолига раҳм қилиб, маҳзун бўлишимиз лозим эди. Кошки (қабрда) унинг нима деганини ва унга нима дейилганини билсам эди. Ёмонликлари учун жазоландими ёки амали учун мукофотландими, мана шу менинг гумонимдир». Муовия бу гапларни айтиб, роса ҳўнграб йиғлади. Сўнг: «Энди мен улар-нинг учинчиси бўлдим. Биламан, мендан норози бўлганлар рози бўлганлардан кўпроқ. Мен сизларнинг гуноҳларингизни кўтара олмайман. Илоҳим, Аллоҳ жалла жалолуҳу мен сизларнинг гуноҳ ва масъулиятингизни ўзимга юклаб олганимни кўрмасин. Бу ишингизни мендан олинглар. Устингизга раҳбар бўлишига рози бўлган одамга уни (раҳбарликни, давлатни) топширинглар. Мен сизларнинг бўйнингиздан байъатим-ни қайтариб олдим. Вассалом», деб минбардан тушди.(Дамийрий, «Ҳаёт ул-ҳайвон».)

Ҳикоят. Абдулвоҳид ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир йили ҳажга бордим. Ўтирса ҳам, турса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтадиган бир одам йўлда менга йўлдош бўлди. Ундан нима учун бу қадар кўп салавот айтиши сабабини сўрасам: «Сенга бунинг қиссасини айтиб бераман. Мен отам билан биринчи марта ҳаж қилгани бордим. Ҳажни адо қилиб қайтаётганимизда бир жойда ухлаб ётсак, тушимда бир киши келиб: «Тур, Аллоҳ отангни ўлдириб, юзини қорайтирди», деди. Чўчиб уйғондим. Отамнинг юзини очиб қарасам, ҳақиқатда ҳам вафот этиб, юзи қорайгаи экан. Бу ҳолни кўриб, қўрқиб кетдим. Ғамгин бўлиб ўтирган эдим, кўзим кетиб, ухлаб қолибман. Тушимда қўлида темир ушлаб, отам бошида турган қора суратлик тўрт одамни кўрдим. Бирдан ниҳоятда юзи чиройли, яшил либос кийган одам пайдо бўлди ва уларни: «Нари боринглар», деб ҳайдаб юборди. Сўнг отамнинг юзини қўли билан силади ва менга: «Тур, отангнинг юзи оқарди», деди. У кишидан: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз кимсиз?» - деб сўрадим. У киши: «Мен Муҳаммадман», деди. Уйғониб, отамнинг юзини очиб қарасам, у оқарган эди. Шундан кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишни ҳеч тарк қилмадим», деди.(«Иҳёу улумид-дин».)

Бу ҳикоядан ҳам одамларни огоҳлантириш учун вафот этган бирор кишининг ёмон сифатларини айтиш дуруст экани маълум бўлади. Акс ҳолда, Абдулвоҳид ибн Зайд мазкур одам ўз отасининг юзи қорайиб қолганини айтаётганида ундан хафа бўлган ва уни ғийбат қилишдан ман қилган бўлар эди.

Насиҳат. Биродарларим! Бу гапга эътибор билан қаранг. Охират хавфидан нажот топиш учун салавоти шарифни кўп айтишга одатланинг. Дилингизда гуноҳкорлар шафоатчиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат пайдо қилинг, шояд шунда қиёмат кунидаги ҳалокатдан омонда бўлсангиз. Агар ҳар доим салавот айтолмасангиз, бўш вақт топишингиз билан фурсатни зое қилиб, уни бекор ўтказиб юборманг. Агар бунга ҳам имконингиз бўлмаса, бирор мажлисда у зотнинг муборак номлари тилга олиниши билан салавот айтиб, тилингизни ширин қилиб олинг. Шак-шубҳасиз, доим салавот айтиб юрган одам ўлганда юзи қораликдан сақланади ва қиёмат куни шод бўлиб кулмоқ унга насиб бўлади. Бу замондаги одамлар қалби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббатидан холи бўлгани сабабли, Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан ҳам холидир. Зеро, киши ҳабибни (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни) яхши кўрмагунича муҳибни (Аллоҳ таолони) севолмайди. Шунинг учун мажлисларда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам номлари зикр этилса, аксар одамлар салавот айтмасдан тўрт оёқли ҳайвонга ўхшаб жим ўтираверадилар. Бу умматларга ярашмайдиган, ачинарли ҳолат. Аллоҳ таоло доимо тилимизда салавот бўлишини, қалбимиз эса он Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббатлари билан тўлиб тошишини насиб айласин! Омин.

Муҳаммад Абдулхай Лакҳнавийнинг

"Ғийбат ўзи нима?" китобидан