Исроилнинг Фаластин анклавидаги ҳужумлари натижасида 53,3 мингдан ортиқ киши жароҳат олди.
7 октабрдан бери Исроилнинг Ғазо секторидаги агрессияси қурбонлари сони 20 057 кишига етди, 53 320 киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Вазирлик маълумотларига кўра, сўнгги 48 соат ичида Исроилнинг Фаластин анклавидаги ҳужумлари натижасида 390 киши ҳалок бўлган, 734 киши жароҳатланган.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябрь куни эрталаб Хамаснинг ҳарбий қаноти «Иззад-Дин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди.
Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. Ҳамаснинг айтишича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши ва исроиллик кўчманчиларнинг фаластинликларга нисбатан кучайиб бораётган зўравонликларига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда Хамасга қарши "Темир қиличлар" операцияси бошланганини эълон қилди, бу эса Ғазо аҳолисининг қирғинига айланиб кетди. 27 октябрь куни Исроил Ғазода қуруқликдаги ҳарбий операцияни бошлади.
Ғазонинг 2,3 млн аҳолиси Исроилнинг ҳаво, қуруқлик ва денгиздаги оммавий бомбардимонлари ҳамда эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Минглаб бинолар, жумладан касалхоналар, масжидлар ва черковлар ҳам Исроилнинг ҳаво ва қуруқлик ҳужумлари натижасида зарар кўрган ёки бутунлай вайрон бўлган.
Исроилда қурбонлар сони 1200 га яқин.
Хамас ва Исроил ўртасидаги келишув доирасида 24 ноябр куни соат 08:00да кучга кирган Ғазодаги "гуманитар сулҳ" 1 декабр, жума куни эрталабдан бошлаб якунланди.
"Гуманитар пауза" тугаши билан Исроил Ғазо секторига ҳужумларни қайта бошлади.
Расмий маълумотларга кўра, Ғазо секторида 130 дан ортиқ гаровга олинганлар ҳали ҳам Фаластин томонида сақланмоқда.
Исроил Ғазо секторига ҳужумларни қайта бошлаганидан сўнг, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш биринчи марта БМТ Низомининг 99-моддасига мурожаат қилди. "Бош котиб, унинг фикрича, халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай масалани Хавфсизлик Кенгаши эътиборига етказиш ҳуқуқига эга", дейилади БМТ Низомининг 99-моддасида.
8 декабрь куни Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги овоз беришда Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияга вето қўйди ва бу ҳужжатга қарши овоз берган ягона аъзо бўлди.
Аввалроқ, 12 декабр куни БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари сессиясида Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи резолюция қабул қилинган эди. Қўшма Штатлар яна бир бор овоз бериш ветосидан фойдаланди. Ҳужжатни 153 давлат қўллаб-қувватлади, ўнта делегация қарши овоз берди, 23 давлат бетараф қолди.