loader
Foto

Идда ва мотам ҳақида

«Идда» сўзи луғатда санаш, ҳисоблаш маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан сўнг сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.

Бу ҳукмнинг шариатга киритилиши бир неча ҳикматларга эга:

Биринчиси, эридан ажраган аёл ҳомиладорми -йўқми эканлиги аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.

Иккинчиси, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.

Учинчиси, эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади. Яна бошқа ҳикматлари ҳам бор.

Янгидан - янги ҳикматлари ҳам чиқмоқда. Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, кейин бевосита, орада танаффус қилмай, иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини исбот қилдилар. Шунингдек, Россияда бир аёл биринчи эридан ажраганидан кейин ҳеч қанча вақт ўтмасдан бошқа эрга теккан. У эрдан кўрган фарзандлари аввалги эрига ўхшаб туғилган. Келажакда бунга ўхшаш ҳикматлар яна чиқаверишига шубҳа йўқ.

Аллоҳ таоло эри вафот этган аёл борасида бундай марҳамат қилади:

«Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой ўн кун кутарлар» (Баҳара сураси, 234-оят), деган.

Бу эри ўлган аёлларнинг идда муддатидир. Эри вафот этган ҳар бир аёл у умр йўлдоши бўлганлиги ҳурматидан тўрт ой ўн кун идда ўтириши вожиб бўлади. Фақат эри ўлган аёл ҳомиладор бўлса, нима қилади, қанча муддат идда ўтиради, деган масалада баъзи мулоҳазалар бўлган. Уларни келгуси ривоятдан билиб оламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Салама ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо жам бўлишганда эрининг ўлимидан бир неча кеча ўтиб туғадиган аёлни зикр қилиб қолишди. Ибн Аббос:

«Унинг иддаси икки муддатнинг узоғи», - деди.

Абу Салама бўлса:

«Туғиши билан ҳалол бўлади», - деди.

Икковлари тортиша бошладилар. Шунда Абу Хурайра розияллоҳу анҳу:

«Мен биродарим ўғли томондаман», - деди.

Сўраб келиш учун Курайбни Умму Саламанинг олдига юборишди. У келиб:

«Умму Салама: «Субайъа ал-Асламия эрининг вафотидан бир неча кеча ўтиб туғди. Кейин буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга зикр қилувди, у Зот уни эрга тегишга амр қилдилар, деб айтди», деди». Бешовлари ривоят қилишган.

Имом Термизийнинг лафзида: «Субайъа розияллоҳу анҳо эрининг вафотидан йигирма уч ёки йигирма беш кун ўтиб туғди. Сўнгра никоҳланмоқчи бўлди. Бу унга инкор қилинди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга зикр қилган эди, агар қилмоқчи бўлса, муддати келди», дедилар», дейилган.

Эри ўлган ҳомиладор аёлнинг иддаси ҳомиласини туғиши билан чиқиши ҳақидаги ҳукм Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан қўллангани учун ҳам бу ҳукм маъқул бўлгандир.

Умму Атия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Биз бирор маййитга уч кундан ортиқ мотам қилишдан наҳйи қилинган эдик. Магар эр бўлса, тўрт ою ўн кун эди. Сурма қўймас, хушбўй нарса суртмас, бўёқли кийим киймас эдик. Магар асли бўялган бўлса, бўлаверар эди. Батаҳқиқ, биримиз ҳайзидан пок бўлганда қачонки ғусл қилса, бир оз «куст»га рухсат берилган эди».

Бешовларидан фақат Имом Термизий ривоят қил-маган.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Яқин қариндоши ўлган аёл уч кундан ортиқ мотам тутиши мумкин эмаслиги.

2. Эри ўлган аёл тўрт ой ўн кундан ортиқ ҳам, кам ҳам мотам тутиши мумкин эмаслиги.

3. Мотамдаги аёл сурма суртмаслиги.

4. Азадор аёл хушбўй суртиши мумкин эмаслиги.

5. Мотамдаги аёл асли бўёғи устидан яна бўялган кийим кийиши мумкин эмаслиги.

6. Эри ўлгандан кейин мотам тутиб, идда ўтирган аёл ҳайздан покланганидан сўнг ҳайз сабаб пайдо бўлган нохуш ҳидни кетказиш учун жинсий аъзосига хушбўй нарсали пахтами ёки бошқа бирор нарса қўйиши мумкин.

Пўлатхон Каттаевнинг

"Исломда жаноза" китобидан