loader
Foto

Маййитни бошқа шаҳарга олиб бориш

Маййит ҳали дафн қилинмаган бўлса, уни бошқа ерга олиб бориб дафн этишнинг зиёни йўқ. Лекин киши қаерда вафот этса, ўша ерда мусулмонлар қабристони мавжуд ҳамда, уни шу қабристонга кўмишнинг имкони бўлса, вафот топган жойига дафн қилингани яхши. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина қабристони яқин бўлса-да, Уҳуд жангида ва-фот этган саҳобаларни ўша маконга дафн қилишга буюрганлар(Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу».Дамашқ: «Дорул-фикр», 1980,2-жуз. 508-бет.).



Таъзия



Мусибатзадаларга таъзия билдириш одобдир. Аза муддати ўлган кундан бошлаб уч кунгача ҳисобланади. Бундан ортиқ аза тутиш макруҳдир. Аммо таъзия билдирадиганлар бўлмай, уч кундан кейин келишса, унда таъзия билдириш жоиз. Аёл киши эри учун тўрт ою ўн кун аза тутади. Бу азанинг маъноси ўзини зийнатлаб, янги кийимларини киймасликдир. Шу муддатда азадор аёлга совчи ҳам қўйилмайди. Балки бирор ишора қилиш жоиздир.



Мусибатзадага ушбу сўзларни айтиш мустаҳабдир:



Яъни, «Аллоҳ таоло марҳумни мағфират қилсин, гуноҳларидан ўтсин, Ўз раҳматига чўмдирсин, бу мусибатда сизга сабр берсин ва унинг эвазига сизни ажр билан мукофотласин».



Энг афзал таъзия билдириш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билдирган таъзиядир: «Албатта, олишлик ва беришлик Аллоҳнинг ишидир. Ҳар бир нарса маълум миқдор билан Унинг ҳузуридадир».



Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:



«Ким мусибатдаги одамга таъзия изҳор қилса, унга ўша мусибатзадага берилган ажрча ажр берилади», дедилар». Имомлар Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган(Имом Ибн Можа.“Сунани ибн Можа”. Байрут: “Дорул жайл”, 1998, 3-жуз. 117-бет.).



Суннатга кўра, хоҳ дафндан олдин, хоҳ дафндан кейин бир марта таъзия изҳор қилинса кифоя. Умуман, мусибат етган одамга ҳамдардлик қилиш, таъзия изҳор қилиш савобли иш.



Абдулло ибн Абу Бакрдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:



“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайси бир мўмин биродарига мусибатида таъзия изҳор қилса, албатта, Аллоҳ унга қиёмат куни каромат кийимини кийдиради», дейилган. Имом Аҳмад ривоят қилганлар(Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим ал-Муборакфурий.“Туҳфатул Аҳвазий”. Байруг. Дорул кутубул илмия. 8-жуз 193 бет).



Шунинг учун мусибат кўрган кишиларга таъзия билдиришга алоҳида эътибор бериш керак. Уни такрор билдириш макруҳдир.



Ўз яқинидан жудо бўлган киши бу фурсатни ғанимат билмоғи керак. Чунки бу етган мусибатга гўзал кўринишда сабр қилиб, улуғ ажр-савобларга эга бўладиган вақтдир.



Абдурраҳмон ибн Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:



«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:



«Мусулмонларга мусибатларида уларга мен туфайли етган мусибат таъзия бўлсин», дедилар». Имом Молик ривояти.



Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари туфайли етган мусибат каби мусибат йўқдир. Бу мусибат дунёдаги ҳар бир мусулмон учун ҳар доим энг катта мусибат ҳисобланади.



Баъзилар ўзига етган мусибатни дунёда энг катта мусибат деб билаётган бўлса, бошқа мусулмонлар унга ўзини қаттиқ койитмасликни, мусибатнинг каттаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари эканини, Пайғамбаримиз вафот этганларидан кейин бошқалар дунёга устун бўла олмаслигини айтиб, насиҳат қилсинлар. Таъзияда таскин - тасалли бериш шундай бўлади.



Ўлик чиққан хонадонда аза кунларида зиёфат уюштириш макруҳдир. Чунки зиёфат хурсандчилик белгиси-дир. Аммо марҳумнинг номидан хайр-эҳсон, садақа қилиш, очларни таомлантириш, яланғочларни кийинтириш суннат амаллардандир. Бу ишлар кун саналмай, имкониятдан келиб чиқиб қилинади. Ҳамма қилиши шарт эмас.



Шунингдек, маййит хонадондан олиб чиқилганидан кейин у ерда ёки қабр устида жонлиқ сўйиб, таъзияга йиғилганларга таом тайёрлаш макруҳ бидъатдан ҳисобланади. Чунки бу ишлар ҳам хурсандчилик, зиёфат аломатидир.



Аза кунларида қўни-қўшнилар, ёру дўстлар овқат тайёрлаб, марҳум хонадонига олиб боришлари ёки юборишлари маъқулдир. Азадорнинг таомидан хабар олиб турилмаса, у ўзининг мусибати билан машғул бўлиб, бу нарсалар унинг кўнглига сиғмай қолади(Аброр Абдуазимов. «Таҳорат ва намоз ҳукмлари». Тошкент. «Мовароуннаҳр» нашриёти. 2005,109-бет.).



Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жаъфар ўлимининг хабари келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди», дедилар». Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.



Ушбу ҳадисдан мусибатзадаларга қариндош-уруғлари, яқинлари ва қўни-қўшнилари таом тайёрлаб чиқариб туришлари лозимлиги аён бўлмоқда. Чунки мусибат билан бўлиб, улар ўзларига унча қарай олмайдилар.



Иккинчидан, бошқаларнинг эҳтимоми, раҳм-шафқат кўрсатиши мусибат аҳлига тасалли беради, кўнгилла-рини кўтаради.



Шунингдек, баъзи жойларда аза кунларида ўлик чиққан хонадонда тухум ёки яна фалон-фалон нарсаларни еб бўлмайди, деган гаплар юради. Бу асоссиз, далилсиз, таги йўқ ва бидъат гаплардир. Ҳақиқий мусулмон киши бундай бидъат-хурофотларни тасдиқ этмаслиги ва бартараф қилиши лозим.

Пўлатхон Каттаевнинг

"Исломда жаноза" китобидан