loader
Foto

Шахсга сиғиниш иллати

Абсолют монархияларда эса, император, қирол, подшоҳ, султон ва ҳакозаларни амалда илоҳийлаштириб юборишган. Уларга кўра, монарх – Худонинг иродасини амалга оширувчи ёки ўзи ҳам чала Худо, деган маънодаги эътиқод ҳукмрон бўлган. Ҳукмдорни илоҳийлаштириш айниқса Хитойнинг императорлик даври, Қадимги Миср ва Рим империяларида анча авжига чиққан. Хитой ҳукмдорларининг қандайдир шахсий сифатларига эмас, балки ҳукмдорнинг унвони (титули) эъзозланган: ҳукмдор ўзининг қандайдир ғайриоддий сифатлари билан эмас, балки туғулиш ҳаққи билан ҳокимиятга эгалигига урғу беришган.

Диктатура ва мустабид раҳбарларнинг авторитар режимларида умуман ўзгача вазият ҳукмрон бўлган, яъни улар ҳокимиятда туришини қандайдир ғайриоддий сифатлари билан оқлашлари керак бўлган. Ҳозирги даврнинг шахсга сиғинишига ўхшаш нарсалар илк бор Рим империясининг аввалги даврларида кузатилган. Яъни, қайсарнинг (цезар) ҳокимиятга эга бўлиши унинг қаҳрамонлиги ёки Ватан нажоткори, экани билан қувватланган. Ҳамда унинг шахсий сифатлари ва Ватан учун қилган хизматларини мадҳ қилиш мажбурий ритуалга айланган. Бундай ҳолат XX асрнинг тоталитар диктатураларида ўзининг энг юқори босқичига етди. Ҳозирги диктаторлар аввалги даврлардан фарқли ўлароқ қўл остларида тарғибот-ташвиқотдаги энг кучли қуроллар ҳисобланган радио, киноматограф, матбуот устидан назоратга эга бўлишган (яъни улар бериб борадиган ҳар қандай ахборотни назорат қилиш). Буларга СССРда Сталин, Олмонияда Ҳитлер, Хитойда Мао Цзэдун ва Шимолий Кореяда Ким Ир Сенлар ёрқин мисол бўла олади. Уларнинг ҳукмронлиги ўзининг авжига чиққан даврларда улар Худонинг сифатларига эга бўлган сардор, раҳнома ва доҳий каби ёки ҳеч қандай гуноҳ қилмайдиган шахс, маъсум дея эътироф этилган. Ҳамма ёқда уларнинг расмлари осилган; рассомлар, композиторлар, ёзувчилар, шоирлар диктаторларнинг аллақандай ғайри инсоний сифатлари очиб беришган, мислсиў сифатлари куйланган, мадҳ қилинган. Уларнинг таржимаи ҳоллари ва ёзган асарлари мажбурий равишда ўқув масканлари ва ҳукмрон партия аъзолари ўрганиши мажбурий бўлган. Хал ўзининг доҳийларини мадҳ қилиши ва уларга совғалар беришга мажбур бўлган. Уларнинг шарафига, ҳаётлик вақтларининг ўзидаёқ жуда кўп ҳайкаллар ва турли хил обидалар бунёд қилинган, шаҳарларнинг номлари ўзгартирилган ва турли хил объектлар уларнинг номлари билан аталган.



“Шахсга сиғиниш” истилоҳи совет иттифоқида 50-йиллар ўрталарида сталинизм билан кураши вақтида пайдо бўлди.



Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўзининг “Иймон” деб номланган китобларида қуйидагиларни ёзган: “Сталин, Хрушчев, Брежнев каби «улкан даҳо»лар ва бошқа «кичик даҳо»лар шахсига мутелик одати бутун-бутун халқларни ўз исканжасидан бўшаштирмади ва охир-оқибатда бу иллат жамиятни, умумтараққиётни орқага сурувчи тўғаноққа айланди. Ваҳоланки, ислом шахсга сиғинишни мутлақо инкор этади. Шахсга сиғиниш Аллоҳга ширк келтириш турларидан бири саналади. Кўпгина одамлар ўзларига ўхшаш бир кишига сиғинадилар. Бунинг сабаби, ўша инсонни «бошқа инсонлардан устун туради, ўзига хос ортиқчалик хислатлари бор», деб эътиқод қилишдир”.



Бу иллат ҳақида зикр қилган устозимиз Шайх Ҳазратлари қуйидагиларни ҳам зикр қилган: “Бундай ярамас кишилар инсоният учун жуда кўп ёмонликлар келтиришган. Табиийки, уларга қарши қўзғолонлар ҳам бўлиб турган. Охирида шундай кишиларнинг барчаси ҳалокатга учраган. Қуръони карим эълон қилган улуғ қоидалардан бири – ягона Аллоҳнинг ўзига ибодат қилиш ва ҳар қандай инсонга сиғинишдан бош тортишдир. Қадимда баъзи бир пайғамбарлар ва яхши кишилар ўлганларидан сўнг қавмлари уларни худо деб эътиқод қилганлар. Қуръони карим «Оли Имрон» сурасида бу эътиқод нотўғри эканини баён қилган. Пайғамбар ва аҳли солиҳ кишиларга сиғиниш одати кўп миллатларда машҳурдир. Будда ҳам ўзи ҳаёт вақтида худолик даъвосини қилмаган. Лекин у ўлгандан сўнг, ихлосмандлари уни худо деб эълон қилиб, ҳайкалларини ўрнатишган. Ана шу бузуқ эътиқодни Ислом жуда эҳтиётлик билан муолажа қилди, чунки кишилар Ислом дини пайғамбарини ҳам худолик даражасига кўтариб юборишлари хавфи бор эди. Соф Ислом эътиқоди бўйича Муҳаммад алайҳиссалом бошқа кишилар каби оддий инсондир. Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбаридир.

Ислом пайғамбарига Аллоҳ таоло ўз умматингга айтгин, деб қуйидаги оятни туширган, маъноси:

«Сен: "Ўзим учун на фойда ва на зарарга молик эмасман. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда, яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмасди. Мен фақат иймон келтирадиган қавмлар учун огоҳлантирувчи ва башорат берувчиман, холос», деб айт» (Аъроф сураси, 188-оят).

Бошқа бир оятда:

«Сен: «Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта илоҳ экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», дегин», деб ваҳий қилинди (Каҳф сураси, 110-оят)”.

Манбалар асосида

Абу Муслим тайёрлади