loader
Foto

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳ

У кишининг исми Муҳаммад, отасининг исми Ҳасан, куняси Абу Абдуллоҳ. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ аслида Шайбон қабиласидан эмас. Лекин Шайбон қабиласининг мавлоси наслидан бўлгани учун Шайбоний нисбаси ҳам берилган. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 132-189 саналарда яшаб ўтган ва 57 йил умр кўрган. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ вафот этган вақтда Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ ўн саккиз ёшда бўлган. Бундан маълум бўладики, у киши Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан узок вақт илм истифода қила олмаган. Фиқҳ илмини мукаммал тарзда Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан ўрганган. Шу билан бирга, имом Авзоий раҳимаҳуллоҳдан ҳам дарс олган. Қисқаси, Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ Ироқ фиқҳ мактабини ниҳоятда пухта эгаллаган. Шундан сўнг Мадинага бориб, Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан фиқҳ ва ҳадис бўйича таҳсилни давом эттиради. Шу тарзда уч йил давомида Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг хизматида бўлади.

Халифа Ҳорун ар-Рашид Имом Муҳаммадни қозилик мартабасига тайинлайди, лекин у киши Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ каби козийи қуззотлик даражасига ета олмайди.

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ адиб, назар ва тафаккури чуқур, сўзлари равон шахс эди. Яъни балоғат ва фасоҳатда моҳир бўлган. Шунингдек, у кишининг ташқи кўриниши ҳам кишини ўзига тортадиган ҳушсурат эди.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ у киши ҳақида айтади: «Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳнинг қалби ҳам, назари ҳам виқор билан тўлдирилган эди. Сўзлари ҳам ниҳоятда фасоҳатли эди. Агар у киши сўзласа, эшитувчилар учун гўёки Қуръони Карим у кишининг тилига нозил бўлгандек туюларди. Султонлар билан доимий муносабатда бўлишига қарамасдан, у зот ниҳоятда нафси карим киши эди. Уз иззати ва виқорини йўқотмаганди».

Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилиб айтади: «Кунларнинг бирида халифа Ҳорун ар-Рашид катта бир жамоанинг олдига келади ва одамлар халифанинг истиқболи учун ўринларидан турадилар. Лекин Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ турмайди. Кейин халифанинг ходими у кишини чақириб, халифанинг ҳузурига олиб кетади. У кишининг дўсту шогирдлари бу ҳолатдан хавфга тушадилар ва Имом Муҳаммад халифа ҳузуридан қайтиб келгач, халифа у кишини нима сабабдан чақиргани ҳақида сўрайдилар. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ: «Ҳорун ар-Рашид мендан: «Нима учун ҳамма турган вактда сиз ўрнингиздан турмадингиз?» деб сўради. Мен қуйидагича жавоб бердим: «Сиз мени киритган табақадан чиқиб кетиш мен учун оғир туюлди. Яъни сиз мени уламолар табақасига киритган эдингиз. Мен эса уламолар табақасидан чиқиб, ходимлар табақасидан бўлиб қолишни истамадим», деб жавоб беради».

Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳда шундай етук сифатлар жамланган эдики, у сифатлар ўз замонасида устози Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллохдан ўзга бирор кишида топилмасди. Чунончи, у киши Ироқ фиқҳ мактабини мукаммал биларди. Қозилик мансабида ҳам анча вақтгача фаолият олиб борган. Мадина аҳлининг устози Имом Молик раҳимаҳуллохдан Ҳижоз аҳли фиқҳини ўрганган. Шом фиқҳини у ернинг машҳур уламоси имом Авзоий раҳимаҳуллохдан ўрганган. Қолаверса, Имом Муҳаммад тафриъ (масалаларни ишлаб чиқиш) ва ҳисоб илмида моҳир бўлган. Масалаларни инсонларга тушунтириб, осонлик билан етказиб бериш салоҳиятига ҳам эга эди.

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ қозилик мансабига тайинлангунга қадар олган илмлари назарий бўлган бўлса, қозиликдан сўнг бу илмлар тажрибалар воситасида янада сайқалланади. Яъни қозилик мансаби орқали фиқҳнинг амалиётини ўтайди.

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг фиқҳ илми тадвинига қўшган ҳиссаси юксак таҳсинга сазовор хизмат саналади. Чунки инкор қилиб бўлмас ҳақиқат шуки, Ироқ фиқҳи мутааххир уламоларга (кейинги аср уламоларига) Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ воситасида етиб келган. Шу билан бирга, у киши Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан «Муватто» асарини ҳам ривоят қилган. «Муватто»да келтирилган ривоятлар орасида Имом Муҳаммаддан келган ривоятлар ҳам эътиборли деб тан олинган.

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ Ироқ фиқҳида моҳир бўлгани учун Ҳижоз фиқҳини ўргангач, Ҳижоз аҳлига раддиялар ҳам берган ва улар тарафидан билдирилган эътирозларга илмий жиҳатдан жавоб ҳам қайтарган.

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ Ироқ фуқаҳолари орасида юқори чартабада турган. Бунинг бир неча сабаблари мавжуд:

1. Аввало, у киши ижтиҳод соҳиби бўлган ва фиқҳий назари ниҳоятда ўткир эди.

2. Ироқ ва Ҳижоз аҳлининг фиқҳини мукаммал ўрганган эди.

3. Ироқ фиқҳ мактабининг ровийси бўлиб, ундаги ихтилофли магалаларгача билар эди.

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ фиқҳ илмини Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан тўғридан-тўғри олган, дейиш мушкул. Чунки Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ вафот этган вақтда Имом Муҳаммад раҳи-маҳуллоҳ ўн саккиз ёшда эди. Шунинг учун ҳам ҳанафий фиқҳининг аксарини Имом Абу Юсуф ва бошқа устозлардан ўрганган. Бу борада киши баъзи китобларида Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллохдан ривоят олганини айтиб ўтади. Хусусан, «Ал-Жомеъ ас-сағир» китоби Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллохдан ривоят қилинган. Мазкур китобнинг услуби шуки, унинг ҳар бир фасли Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ривояти билан бошланган. Шундан ҳам маълум бўладики, бутун китоб у кишидан ривоят қилинган. Лекин «Ал-Жомеъ ал-кабир» китобида Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ бу услубни қўлламаган. Яъни санадни зикр қилмай, масалаларни келтиради. Бунинг боиси, Имом Муҳаммад бу китобда нафақат Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан, балки бошқа устозларидан ривоят қилинган масалаларни ҳам келтиради.

Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ «Баҳрур-роиқ» номли китобнинг «Ташаҳҳуд» бобида айтади: «Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг «Ас-Сағир» номи билан аталган китоблари у кишининг Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ билан иттифоқ қилган масалаларини ўзида жамлаган. «Ал-Кабир» номи билан аталган асарлари эса Имом Абу Юсуфга такдим қилинмаган».

Муҳаққиқ Ибн Амирул Ҳаж Ҳалабий раҳимаҳуллоҳ «Муня» китобининг шарҳида, «Тасмиъ» бобида айтади: «Имом Муҳаммад раҳима-ҳуллоҳ «Ал-Кабир» номи остидагиларидан ташқари аксар китобларини Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга ўқиб эшиттирган. «Ал-Кабир» номли китоблари Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг ўзига тегишли».

«Ал-Кабир» номи остидаги китоблари: «Ал-Музорабатул кабир», «Ал-Музораъатул кабир», «Ал-Маъзунул кабир», «Ал-Жомеъул кабир», «Ас-Сиярул кабир».

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ ёзган асарлар ва уларнинг даражалари

Маълумки, Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг барча китоблари ҳанафий фиқҳининг аввалги маржеъси (мурожаат қилинадиган ўрни) саналади. Кейинги даврларда ёзилган барча китоблар уларга асосланади.

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга нисбат бериладиган китобларнинг барчаси бир хил даражада бўлмайди. Уламолар Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга нисбат бериладиган китобларни икки турга тақсимлаганлар:

Биринчиси - «Зоҳирур-ривоя» китоблари бўлиб, у «Ал-Мабсут», «Аз-Зиёдот», «Ал-Жомеъ ас-сағир», «Ал-Жомеъ ал-кабир», «Ас-Сияр ас-сағир», «Ас-Сияр ал-кабир» номли асарларни ўз ичига олади. Мазкур китоблар «Усул» деб ҳам аталади. Улар «Зоҳирур-ривоя» деб аталишига сабаб, мазкур китоблар Имом Муҳаммад раҳимаҳуллохдан сиқа ровийлар тарафидан мутавотир, энг камида машҳур тарзда ривоят қилинган.

«Зоҳирур-ривоя» тўпламидаги олти китобдан ташқари, бошқа китоблар санад эътиборидан юқоридаги китоблар мақомига тенглашади. Масалан, «Китабул осор» китоби. Чунки Имом Муҳаммад бу китобда ҳанафийлар ижтиҳод қиладиган осорларни жамлаган. Шу мақомдаги яна бир китоб «Ар-Радду ала аҳли Мадина» китобидир.

Иккинчиси - Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга нисбати берилган, лекин юқоридаги китобларнинг даражасида бўлмаган китоблар. Улар: Кайсониёт, Ҳоруниёт, Журжонгиёт, Рақайёт, Зиёдотлардир. Бу китоблар «Зоҳирур-ривоя» бўлмаган китоблар» деб аталади. Негаки уларнинг Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга нисбат берилишида ав-валги китоблар каби исноди кучли эмас.

«Зоҳирур-ривоя» китоблари

Бу тўплам ўзида олтита китобни жамлаган:

1. «Китабул мабсут». Бу китоб «Асл» номи билан ҳам танилган бўлиб, у Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг энг катта китоби саналади. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ унда Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фатволаридан жамланган жуда кўп масалаларни зикр қилган. Агар масала ихтилофли бўлса, унда Имом Муҳаммад ва Имом Абу Юсуф раҳимаҳумуллоҳнинг ихтилофи келтирилади. Агар масала ихтилофли бўлмаса, демак, у уч имом ўртасида муттафиқ (иттифоқ қилинган) саналади. Китобдаги ҳар бир бобнинг аввалида Имом Муҳаммад ўз наздида саҳиҳ бўлган осорларни, шунингдек, савол ва жавобларни келтиради. Баъзи ўринларда Ибн Абу Лайло раҳимаҳуллоҳнинг ихтилофларини баён қилган. Шу эътибордан бу китоб «Ироқ фиқҳининг ойнаси» деб номланади. Лекин бу китобда масалаларнинг иллатлари зикр қилинмаган. Бу асар Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг шогирди Аҳмад ибн Ҳафс раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган.

2. «Ал-Жомеъ ас-сағир». Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ бу китобдаги барча ривоятларни Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллохдан олган. Шунинг учун ҳам ҳар бобнинг аввалида:

«Муҳаммад Яъқубдан, у Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан», деб келтиради.

Ибн Баззозий раҳимаҳуллоҳ «Ал-Маноқиб» номли китобда нақл қилишича, одамлар Имом Муҳаммад раҳимаҳуллохдан: «Ал-Жомеъ ал-кабир» китобини Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллохдан эшитганмисиз?» деб сўрайдилар. Имом Муҳаммад эса: «Аллоҳга қасамки, мен Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллохдан фақат «Ал-Жомеъ ас-сағир»ни эшитганман. «Ал-Жомеъ ал-кабир»ни у кишига ўқиб бермаганман. Лекин у киши бу китобнинг мазмунидан хабардор», деб жавоб беради.

3. «Ал-Жомеъ ал-кабир». Уламолар иттифоқига кўра, Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ бу китобни Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилмаган. Ундаги асосий масалаларни Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг ўзи баён қилади. Айтилишича, Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ бу китобни икки марта ёзади. Биринчи нусхани Имом Муҳаммад раҳимаҳуллохдан шогирдлари Абу Ҳафс Кабир, Абу Сулаймон Жузжоний, Ҳишом ибн Убайдуллоҳ Розий ва Муҳаммад ибн Симоа раҳимаҳумуллоҳ ривоят қилганлар. Кейинчалик Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг ўзи иккинчи нусхада китобга тўлдиришлар киритган. Шундан сўнг китобнинг тартиби ва гўзаллиги янада зиёдалашади. Кўплаб уламолар бу китобга шарҳлар битганлар ва ундаги усул ва қиёсларни равшанлаштирганлар.

4. «Ас-Сияр ас-сағир».

5. «Ас-Сияр ал-кабир». Бу икки китобда жиҳод ва унга оид масалалар, сулҳ ва уни бузиш, омонликка оид ҳукмлар, ўлжалар, қул-лик ва шу каби бошқа масалалар жамланган.

«Сияр» асаридаги барча аҳкомлар Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган. Баъзи уламолар Имом Абу Ҳанифа раҳима-ҳуллоҳ «Сияр»га тегишли масалаларни ўз шогирдларига ўқиб эшиттирган, деб айтганлар. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ «Ар-Радду ала сиярил Авзоий» номли китобининг «Жиҳод аҳкомлари» бобида Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади.

Имом Ҳасан ибн Луълуий раҳимаҳуллоҳ ҳам масалаларни Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан ривоят қилган. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ мазкур икки китобда Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоятлар келтиради.

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ аввало «Ас-Сияр ас-сағир» ки-тобини ёзган. Ундаги ривоятлар Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган. Ёки у кишидан ривоят қилмаган бўлса-да, энг камида Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга ўқиб эшиттирган.

Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳдан бир воқеани ривоят қилиб келтиради. Унда «Ас-Сияр ал-кабир»нинг тартиби ва тарихи борасида шундай дейилган: «Ас-Сияр ал-кабир» фиқҳ илмида Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг охирги асаридир. Бу китобнинг ёзилишига сабаб шуки, Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг «Ас-Сияр ас-сағир» китоби Шомнинг машҳур олими имом Абдурраҳмон ибн Амр Авзоий раҳимаҳуллоҳнинг қўлига тушиб қолади. Кейин у киши: «Бу китоб кимники?» деб сўрайди. «Ироқлик Муҳаммадники», деб жавоб берадилар. Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ: «Ироқ аҳлининг бу каби китоб ёзилишига қандай алоқаси бор? Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сияр ва мағозийларидан бехабар-ку! Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари Шом ва Ҳижозда яшаганлар», дейди. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга бу хабар етганида жуда ҳам норози бўлади ва қаттиқ уриниш билан «Ас-Сияр ал-кабир» китобини ёзади. Бу китоб ёзиб бўлингач, у ҳам имом Авзоий раҳимаҳуллоҳнинг қўлигиа етади. Шунда у зот: «Агар бу китобда ҳадислар бўлмаганида, сияр илмига ироқликлар асос солган, деган бўлардим», дейди. Яъни ймом Авзоий раҳимаҳуллоҳ бу китобнинг ёзилишига қойил қолади зеро. бу борада ояти каримада шундай марҳамат қилинган:

«Ҳар бир илм эгаси устидан билувчи бор» (Юсуф сураси, 76-оят).

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ имом Сарахсий раҳимаҳуллохдан нақл қилган мазкур ривоятдан иккита нарса маълум бўлади:

Биринчиси: «Ас-Сияр ал-кабир» фиқҳ илмида Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг сўнгги китоби экани.

Иккинчиси: китобнинг ёзилишига имом Авзоий раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари сабаб бўлган. Демак, «Ас-Сияр ал-кабир» китоби ҳам имом Авзоий раҳимаҳуллоҳнинг назаридан ўтган.

Дарҳақиқат, «Ас-Сияр ал-кабир» Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг охирги ёзган асари саналади. Бу гапнинг қатъий айтилишига сабаб шуки, Имом Муҳаммаддан ривоят қилувчи ровийлар Абу Ҳафс Кабир ва Аҳмад ибн Ҳафс раҳимаҳумуллоҳ бу китобни Имом Муҳаммад раҳимаҳуллохдан ривоят қилмаганлар. Чунки «Ас-Сияр ал-кабир» Абу Ҳафс Кабир Ирокдан ўз юртига қайтиб кетганидан сўнг ёзилган. Бу асарнинг ровийлари Абу Сулаймон Жузжоний ва Исмоил ибн Савоба раҳимаҳумаллоҳдир.

Баъзилар: «Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ «Ас-Сияр ал-ка-бир» китобини Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ билан ўртадаги муносабат бузилганидан сўнг ёзган», дейишади. Шу муноса-бат билан Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ бу китобда Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг номини келтирмаган. Ҳадисларни ривоят қилган ўринда:

«Менга бир сиқа (ишончли) киши айтди», деб келтиради. Бу лафзидан Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳни ирода қилган.

Китобнинг ёзилишидаги биринчи эҳтимол қабул қилишга арзирли сабаб саналади. Лекин китобнинг ёзилиш сабаби имом Авзоий раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари бўлгани у даражада қабул қилишга яроқли эмас. Тарихий ҳақиқатлар буни рад қилади. Чунки имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 157 санада вафот этган. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ эса, ҳижрий 132 санада дунёга келган ва ҳижрий 189 санада вафот этган. Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ вафот этган вақтда Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ 25 ёшда бўлган. Бу ҳолат воқеликка тўғри келмайди. Негаки «Ас-Сияр ал-кабир» у кишининг сўнгги китоби бўлса, 25 ёшда охирги китобини ёзиб, умрининг қолган қисмида бошқа китоб ёзмаган бўлиб чиқади. Бу жуда таажжубли ҳолатдир.

Китоб матнининг ишорасига кўра, Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ «Ас-Сияр ал-кабир» китобини Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ билан муносабатлари чигаллашган вақтда ёзган. Негаки 25 ёшли йигит ўз устози билан илмий қарама-қаршиликка бора оладиган даражада бўлмайди. Фақатгина илм ва фазлда юқори мақом ҳосил қилган бўлсагина, устози билан мунозара қила олиши мумкин бўлади. Шу эътибордан имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ билан бўлиб ўтган воқеа тўғри эмас.

6. «Китобуз-зиёдот». Бу китобда юқорида зикр қилинган китобларда учрамайдиган масалалар нақл қилинади. Баъзи уламолар бу китобни «Зоҳирур-ривоя» тўплами орасига киритмаганлар ва у «Наводир»лардан, деганлар. Лекин аксар уламолар уни «Зоҳирур-ривоя»дан санаганлар.

 Ҳикматуллоҳ Абийев, Соатмурод Пиримов, Шавкатжон Халилов

"Ҳидоя шарҳи" китобидан