loader
Foto

Намозни адо этиш тартиби

Имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Намозга киришган вақтда такбир айтади». Бунга биз юқорида келтирган ояти карима ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Унинг таҳрими (ҳаром қилувчиси) такбирдир» мазмунидаги ҳадиси шарифлари далил бўлади. Такбири таҳрима бизнинг наздимизда намознинг шарти саналади. Бунга Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ хилоф қилади. Бизнинг наздимизда, ҳатто бир киши фарз намози учун такбири таҳрима айтган бўлса, у билан нафл намозни адо килиши ҳам мумкин бўлади.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: «Такбири таҳримада бошқа рукнлар учун шарт қилинган нарсалар (таҳорат, қиблага юзланиш ва бошқалар) талаб этилади. Бу эса рукн бўлишнинг белгисидир», дейди.

Бизнинг далилимиз шуки, Аллоҳ азза ва жалла «Ва Робби исмини зикр қилса ва намоз ўқиса» (Аъла сураси, 15-оят) ояти каримасида такбири таҳримани намозга атф қилган. Ҳолбуки, атф муғоярани (яъни бошқа-бошқа бўлишни) тақозо қилади. Шу эътибордан такбири таҳрима бошқа рукнлар каби такрорланмайди.

Такбири таҳримада ҳам (бошқа рукнларда шарт қилинган нарсаларнинг) риоясини қилиш унинг қиёмга муттасил бўлгани сабабидан бўлади.

Шарҳ: Бир киши фарз бўлсин ёки нафл бўлсин, намозга киришишни истаса, энг аввал такбири таҳримани айтади. Агар бирор соғлом ва қиёмга қодир бўлган киши ўтирган ҳолида такбири таҳрима айтса ва кейин тик туриб олса, у намозга киришган ҳисобланмайди. Чунки такбири таҳрима қиём ҳолида айтилиши шарт.

Агар бир киши жамоат намозига қўшилишни ирода қилса ва имом рукуъда бўлса, бу одам ҳам рукуъ ҳолатида эгилиб келиб, такбири таҳрима айтиб намозга қўшилса, унинг ҳолатига қаралади. Агар унинг эгилиши рукуъга эмас, балки қиёмга яқинроқ бўлса, унинг такбири таҳримаси дуруст бўлади. Лекин рукуъ ҳолатида такбири таҳрима айтган бўлса, унинг намози дуруст бўлмайди.

Яна бир киши имомни рукуъ ҳолатида топса ва сафга келган чоғи тик турган ҳолида рукуъни ирода қилиб такбир айтса ва рукуъга кетса, бу одамнинг ҳам айтган такбири таҳримаси жоиз бўлади. Рукуъни ирода қилиши эса лағв бўлади. Чунки у киём ҳолатида такбири таҳрима айтган деб эътиборга олинади. Шунинг учун унинг намози дуруст бўлади.

Такбири таҳриманинг фарз эканига қуйидаги ояти карима далил бўлади:

«Ва Роббингни улуғла!» (Муддассир сураси, 3-оят).

Бу оят юқорида ҳам келтирилган эди.

Яна бир далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Унинг таҳрими (ҳаром қилувчиси) такбирдир» мазмунидаги ҳадиси шарифларидир.

«Ҳидоя» соҳиби такбири таҳрима бизнинг наздимизда намознинг шартларидан эканини зикр қилди. Лекин у Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ наздида рукн саналади. Бу ихтилофнинг самараси қуйидаги ҳолатда кўринади:

Бизнинг наздимизда такбири таҳрима - шарт. Шарт эса бир нарсанинг ташқи жиҳатига тегишли бўлади. Бизнинг наздимизда, таҳримани фарз учун боғлаб, рукнларни адо қилиш жоиз бўлади. Яъни рукнлар учун шарт қилинган нарсалар - сатри аврат, қиблага юзланиш ва бошқалар билан нафл намозларни ҳам адо қилиш мумкин. Шу эътибордан фарз намоз учун такбири таҳрима айтиб, у билан нафл намозни ҳам адо қилиш жоиз бўлади.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ наздида такбири таҳрима рукн бўлгани боис, фарз намоз учун айтилган таҳрима билан нафл намозни адо қилиш дуруст бўлмайди.

Бунинг сабаби шуки, бир шарт билан бир нечта намозни адо этиш мумкин. Лекин намознинг рукни билан бошқа ибодат адо этилмайди.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг такбири таҳримани рукн эканига далили шуки, рукнларда шарт қилинадиган нарсалар такбири таҳрима учун ҳам талаб этилади. Масалан, таҳорат, сатри аврат, қиблага юзланиш ва бошқалар. Мазкур нарсалар намоз ичидаги рукнларда ҳам шарт қилинади. Бу эса такбири таҳриманинг рукн эканига далолат қилади.

Бу масалада бизнинг далилимиз қуйидаги ояти каримадир:

«Ва Робби исмини зикр қилса ва намоз ўқиса» (Аъла сураси, 15-оят).

Бу оятда лафзи лафзига «фо» - атф ҳарфи воситасида атф қилинмоқда. Атф эса икки лафзнинг бошқа-бошқа эканини тақозо қилади. Натижада намоз бошқа, унинг таҳримаси бошқа, деган маъно тушунилади. Яъни такбири таҳрима намознинг моҳиятини ташкил қилмайди.

Агар фаразан, такбири таҳрима рукн деб қараладиган бўлса, у ҳолда ояти каримадаги маъно куллни жузга атф қилиш қабилидан бўлиб қолади. Яъни намоз - кулл, такбири таҳрима - унинг жузи. Аслида кулл жузни ўз ичига олади. Бу вазиятда

Яъни «Бир нарсани ўзига атф қилиш» юзага келади. Қоидага кўра, бу жоиз эмас. Шу эътибордан такбири таҳрима рукн эмас, балки намознинг шарти саналади.

Яна бир далил шуки, намоз ичида такрорланадиган фарз амаллар рукн ҳисобланади. Такрорланмайдиганлари эса рукн бўлмайди. Такбири таҳрима ҳам такрорланмайдиган фарз амал саналади. Шу эътибордан у рукн эмас.

Мусанниф раҳимаҳуллоҳ матнда «Такбири таҳримада ҳам (бошқа рукнларда шарт қилинган нарсаларнинг) риоясини қилиш унинг қиёмга муттасил бўлгани сабабидан бўлади» жумласи орқали Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг далилига жавоб бермоқда. Яъни такбири таҳримада ҳам таҳорат, сатри аврат ҳамда киблага юзланиш каби амалларнинг шарт бўлиши унинг рукн экани эътиборидан эмас, балки у қиёмга яқин бўлгани учун бўлади. Чунки унинг ортиданоқ қиём бошланади. Шу сабабга кўра, намознинг рукни бўлмиш қиём шарт қилинган нарсалар такбири таҳрима учун ҳам шарт қилинади. Лекин бу билан такбири таҳриманинг рукн экани собит бўлмайди.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Ҳидоя шарҳи" китобидан