loader
Foto

Иброҳим Адҳам

Шарқда «Умм ул-булдон», «Қуббат ул-ислом» номи билан машҳур бўлган Балх энг қадимий шаҳарлардан бири ҳисобланади. Бу кўҳна маданий манзилдан кўплаб дин, илм-фан, бадиий сўз санъати арбоблари етишиб чиққан. Улардан бири - саргузашти халқ орасида сонсиз ҳикояту ривоят, қиссалар пайдо бўлишига замин яратган Иброҳим Адҳамдир.

Иброҳим Адҳам зодагон оилада дунёга келган. Ёшлигида яхши билим олган. Илоҳий илмга қизиқиб, Ҳақ йўлига кирган. Шаҳар ҳокими бўлган.

Иброҳим Адҳамнинг Ҳақ йўлига кириши ҳақида ибратли нақл бор: Иброҳим Адҳам саройида ухлаб ётса, томда биров юргандек бўлади. Ҳовлига чиқиб қараса, ҳақиқатдан ҳам томда биров юрибди.

Иброҳим Адҳам сўради:

- Ҳой, кимсан, кечаси томда нима қилиб юрибсан?

Томдан овоз келди:

- Туямни қидириб юрибман.

Иброҳим Адҳам деди:

- Қанақа одамсан, томда туя нима қилади?

Таниш овоз жавоб берди:

- Сен ҳокимлик тахтида ўтириб «Ҳаққа етаман» деб юрганингдан кейин мен томда туямни қидирсам нима қилибди?

Бу сўзлар Иброҳим Адҳамнинг кўнглига таъсир қилиб, бутун давлати, оиласидан воз кечиб, Ҳақ йўлида саҳрога чиқиб кетган. Бир чўпонга шоҳона кийимларини бериб, дарвешлар либосини кийган.

Иброҳим аввал Марв, сўнг Нишопурда яшаган. Нишопурдаги бир ғорда тўққиз йил ибодат билан машғул бўлган. Ғор «Иброҳим ғори» деган ном билан ҳозирга қадар маълум ва машҳурдир. Иброҳим Адҳам ҳалоллик, тўғрилик, ўз кучи билан яшаш, кишилар назр-ниёзи, инъом-эҳсонини олмаслик тарафдори эди. Шунинг учун умр бўйи ҳалол меҳнат билан кун кечирган. Ўн тўрт йиллик ибодатдан сўнг Маккага йўл олган. Бир муддат шу ерда яшаган.

Иброҳим Адҳам замонасининг машойихлари Абу Ханифа, Фузайл ибн Иёз, Суфён Саврий каби сўфийлар суҳбатида бўлган. Шомга бориб, умрининг охиригача шу ерда яшаган. Тахминан 144/761 йилда Бизон дарёси учун бўлган жангда ҳалок бўлган.

Жунайд Бағдодий деди:

- Иброҳим Адҳам «мифтоҳ ул-улум», яъни тариқат илмларининг калитидир.

Нақл қилишларича, уч киши Иброҳим Адҳам билан ҳамроҳ бўлдилар. Бир кеча бир кўҳна масжидга кириб ибодат қилдилар. Тунда қаттиқ совуқ бўлди. Масжиднинг эшиги йўқ эди. Иброҳим тонгга қадар эшикни тўсиб, намоз ўқиб чикди. Ҳамрохдари сўрашди:

- Эй Иброҳим, нима учун ухламадинг?

Иброҳим Адҳам деди:

- Сизларга совуқнинг заҳмати етмасин деб эшик ўрнида турдим.

Ҳамроҳлар Иброҳимнинг қилган ишидан ажабландилар.

Суҳайл ибн Иброҳим деди:

- Иброҳим Адҳам билан сафарга чиқдим. Йўлда хаста бўлдим. Иброҳим топган нарсасини менга едирди. Бир куни кўнглим ширинлик тилади. Иброҳим ширинлик олиб келди. Соғайдим. Ундан сўрадим:

- Нега пиёда кетяпсан, уловинг қани?

Иброҳим Адҳам деди:

- Сотдим.

Суҳайл ибн Иброҳим деди:

- Мен заифман, узоқ юра олмайман.

Иброҳим уч кунгача Суҳайлни опичлаб юрди.

Бир тақводор киши Иброҳимга ҳамсафар бўлиш истагида эканини айтди.

Иброҳим Адҳам деди:

- Уч шартим бор, рози бўлсангиз йўлдош бўламан. Биринчиси, хизмат қилиш. Иккинчиси, намозга азон айтиш. Учинчиси, қўлимизга тушган ҳамма нарса сизники бўлади.

Бир оқил киши деди:

- Эй Иброҳим, менинг айбимни айтинг. Иброҳим Адҳам деди:

- Сизнинг айбингизни ахтарадиган эмасман. Сизга дўстлик кўзи билан боқдим, шунинг учун сизда нимани кўрсам, хуш кўрдим.

Сўрадилар:

- Дунёда нима иш қилдинг?

Иброҳим Адҳам деди:

- Дунёни дунё аҳлига бердим. Охиратни ҳам истаганларга қўйдим. Ўзим Унинг дийдорини истаб Ҳақ зикрига машғул бўлдим.

Сўрадилар:

- Сени жуда қаттиқ бахил дейдилар?

Иброҳим Адҳам деди:

- Рост айтадилар. Бахиллигим учун Балх подшоҳлигини тарк этдим.

Сўрадилар:

-Мўмин кишининг белгиси нима?

Иброҳим Адҳам деди:

- Мўмин кишининг белгиси шуки, сукути фикр бўлади, қарагани ибрат бўлади, юргани тоат бўлади.

Иброҳим Адҳамдан сўрадилар:

- Кунингизни қандай ўтказасиз?

Иброҳим Адҳам деди:

- Тўрт от сақлайман: бирининг номи шукур, бирининг номи сабр, бирининг номи ихлос ва бирининг номи тавба. Агар менга неъмат келса, шукур отига миниб, унинг олдига чиқаман. Агар менга малол юзланса, ихлос отига миниб, рўбарў бўламан. Агар менга бало келиб, офатга йўлиқсам, сабр уловига миниб келажакка интиламан. Ва агар менда гуноҳ пайдо бўлса, тавба отига миниб, қувлаб қочаман.

Иброҳим Адҳам деди:

Дунёни ямадик, йиртиб олиб динимиздан,

Дин ҳам кетди, дунё ҳам кетди қўлимиздан.

Иброҳим Адҳам деди:

- Эй ғийбатчи, дўстларингга дунёииг билан бахиллик қилдинг, душманларингга охиратинг билан сахийлик қилдинг. Сен бахиллик қилган ўрнингда кечирилмайсан, сахийлик қилган ўрнингда мақталмайсан.

Бир кўнгилга икки нарса - Худо ва дунё муҳаббати сиғмайди.

Бир қавмга ҳукмрон бўлгандан кўра бир нафсга ҳоким бўлган афзалроқ.

Амалсиз ақл - ақл эмас.

Киши ҳалол луқма емагунча Аллоҳга етишмайди.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломалари" китобидан