loader
Foto

Ширк энг қабиҳ гуноҳ бўлиши ва ундан кейинги энг катта гуноҳ баёни

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бу бобда иккита ҳадис келтирган.

225. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳ қайси?» деб сўрадим. У зот: «Сени яратган Аллоҳ таолога шерик қилишинг», дедилар. Мен у зотга: «Шаксиз бу катта гуноҳ», дедим. Мен: «Сўнг қайси гуноҳ?» дедим. У зот: «Таомингга шерик бўлишидан қўрқиб, болангни ўлдиришинг», дедилар. Мен: «Сўнг қайси гуноҳ?» дедим. У зот: «Қўшнингни ҳалоласи билан зино қилишинг», дедилар».

Шарҳ:

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг куняси Абу Абдураҳмон бўлган. У зот биринчилардан бўлиб Исломни қабул қилган кишилардан бўлган. Баъзиларнинг таъкидлашича, олтинчи бўлиб Исломни қабул қилганлар. У киши Расули акрам алайҳиссаломга жуда яқин бўлганидан айримлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадон аҳлидан, деб ўйлашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат суви, жойнамози, мисвоги Абдуллох ибн Масъуднинг қўлида бўлар эди. Шу ишларни қилиш масъулиятини ўз зиммасига олган эди. У Расули акрам алайҳиссаломнинг сирдоши ҳамда Ҳабашистонга ҳижрат қилган одамлардан бири бўлган. Абдуллоҳ ибн Масъуд Бадр ва ундан кейинги бошқа жангларда иштирок этган. Расули акрам алайҳиссалом уни жаннатий бўлишига кафил бўлганлар. У ҳақида Расулуллоҳ бундай деганлар: «Ибн Масъуд рози бўлган нарсани умматим учун ҳам бўлишига рози бўлдим. У ёмон кўрган нарсани мен ҳам ёмон кўрдим».

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юришда, ўтириб-туриш-да, сийратда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда ҳам ўхшар эдилар. У ўз вақтида Куфа козиси ва муаллими бўлган. Умар розияллоҳу анҳу куфаликларга: «Ибн Масъудни сизларга бериб, сизларни ўзимдан устун қўйдим», деб: «У гўё илм тўла бир хонадир», дедилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу 32/653 йили Мадинаи Мунавварада оламдан ўтганлар ва Бақиъ қабристонига дафн қилинганлар. Ушанда 60 ёшда эдилар.

Ҳадисда «энг катта гуноҳ қайси» дейилди. Гуноҳга қуйидагича таъриф берилган: «Гуноҳ - уни бажарувчиси шаръан мазаммат қилинадиган иш», дейилади. Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ унга бундай таъриф берган: «Гуноҳ - сени Аллоҳдан тўсадиган нарса». Яъни қайси нарса Аллоҳ билан сени ўртангга тўсиқ бўлиб, сени Ундан узоклаштирса, у гуноҳ бўлади. Олимлар маъсиятларни қуйидагича тартиблаганлар: Биринчи хато, сўнгра саййиа, сўнгра занб, сўнгра кабира гуноҳ.

Гуноҳнинг қисмлари тўртта бўлиб, улар қуйидагилардир: 1. Тавба ва иймонсиз мағфират қилинмайдиган гуноҳ - куфр; 2. Истиғфор ва хайру ҳасанотлар билан мағфират қилинадиган гуноҳ - сағира гуноҳ; 3. Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ гуноҳлар. Улар тавба билан ҳам, тавбасиз ҳам мағфират қилинади. Булар Аллоҳнинг ҳақларига тегишли бўлади. 4. Кечириш ёки ўрнини қоплаб беришсиз авф этилмайдиган гуноҳлар, яъни бандаларнинг ўзаро бир-биридаги ҳақлари.

(ниддан) сўзи «ибодатда ва дуода ўхшаши», деган маънони англатади. Аллоҳ таоло куфрнинг қисмларидан ширкни алоҳида келтириб бундай баён қилган:

«Албатта, ширк катта зулмдир» (Луқмон сураси, 13-оятп).

«Сени яратган», ибораси билан Расули акрам алайҳиссалом ширкнинг нечоғли катта гуноҳ эканини баён қилмокдалар. Бу жумла таркибда ҳол бўлади. «Сўнгра қайси», яъни куфрдан кейин қайси гуноҳ кабира ҳисобланади. Бу ерда «сумма - сўнгра» сўзи вақтнинг тарохийси,(«Сумма» сўзида «тарохий - бир муддат ўтиш» маъноси бор. Ҳадисдаги «сумма» сўзи вакт жиҳатидан «сўнгра» дейилган. Бу гуноҳлар тартиб жиҳатидан баён қилинганмаган.) тартибнинг тарохийси ҳисобланмайди.

Ҳадисда «болангни ўлдиришинг», дейилди. Яъни аслида мусулмонни қатл қилиш шикрдан кейинги энг катта гуноҳ. Бироқ ёш болани ўлдириш ундан ҳам каттароқ гуноҳ. Болани тириклайин кўмиб қатл қилиш ризқдан хавфсираш натижасида юз бергани учун алоҳида гуноҳи кабира ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг Раззоқ сифатини тан олмагани эътиборидан ҳам гуноҳи кабира ҳисобланади. Бу ерда силаи раҳмга қарамай боласини ўлдириш яна бир гуноҳи кабира. Шунинг учун ўз боласини қатл қилиш ширкдан кейинги энг катта гуноҳ, дейилди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг наздида қасддан бир мусулмонни қатл қилган киши кофир ҳисобланади ва бундай кимса абадий жаҳаннамда қолади. Фурқон сурасида қотилнинг тавбаси қабул қилиниши ҳақида сўз боради. Бу кофирлигида одам ўлдириб кейин Исломни қабул қилган киши хусусида эди. Нисо сурасида эса мусулмон қотил кишининг абадий дўзахда қолиши айтилган.

Жоҳилият вақтида арабларнинг икки тоифаси ўз фарзандларини қатл қилганлар. Биринчиси, жуда ҳам камбағал ва мискинлиги сабабли фарзандини катл қилганлар. Улар фарзандларини ейиш-ичиши борасида жуда ҳам ғамгин бўлганлар. Уларнинг ҳолатини Қуръони Карим ажойиб услубда баён қилган:

«Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирамиз» (Анъом сураси, 151-оят).

Аллоҳ таоло мазкур оятда биринчи ота-онанинг ризқини кафилликка олганини, кейин фарзандларининг ризқини кафилликка олганини тартиб билан келтирди. Чунки одам зоти аввало ўзининг ризқини ўйлайди. Аллоҳ таоло ота-онадан шу ўй-хаёлни кетказиш учун оятда биринчи уларни зикр қилди. Иккинчи тоифа инсонлар, яъни фарзандини қатл қиладиган араблар келажакда камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб, ўз фарзандини қатл қилганлар. Аслида, бундай кишилар бой бўлганлар, лекин келажакда камбағал бўлиб қолиш хавфи сабабли фарзандларини қатл қилганлар. Шунинг учун Аллоҳ таоло улар борасида бундай деган:

«Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир» (Исро сураси, 31-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло оталардан олдин фарзандларни ризқ-рўз билан таъминлашини айтди. Уларнинг ризқи борасида хавф қилманглар, сизларнинг ризқ-рўзингизни ҳозир берганимиз каби уларнинг ҳам ризқ-рўзини келажакда берамиз. Бу Қуръони Каримнинг улкан балоғати ва услуби ҳисобланади.

Ҳадисда «сен билан таомланишидан», дейилди. Жоҳилият замонасида одатда одамлар қорин ғамида ўз фарзандларини қатл қилар эдилар. Бу гапдан, бошқа сабабли киши ўз фарзандини қатл қилса бўлади, деган маъно келиб чиқмайди. Чунки одатда арабларнинг аксарияти оч қолишдан қўрқиб, фарзандларини қатл қилганлари учун ҳадиси шарифда уларнинг нимадан хавф қилишлари зикр қилинди.

Ҳадисда «қўшнингни ҳалоласи билан зино қилишинг», дейилди. Бу энг катта гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Биринчидан, бунда Аллоҳ таоло томонидан таъқиқланган зино бор бўлса, иккинчидан, у билан қўшничилик ҳаққи поймол қилинади. Учинчиси, бунда қўшнисига хиёнат қилиш бор. Тўртинчиси, бу иш жамиятни пароканда бўлишига сабаб бўлади. Чунки қўшниси хоин ва ўғри бўлган кишида ҳаловат бўлмайди. Натижада, у ўзига қўриқчи ва уйига қоровул олишга мажбур бўлади.

Савол: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо гуноҳи кабираларнинг сонини 70 та деган. Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу етти юзта санаган. Абу Толиб Маккий уни етмишта деган. Мазкур ҳадиси шарифда фақат учта гуноҳи кабира зикр қилинди. Баъзи ҳадисларда тўртта, яна бошқасида еттита зикр қилинган. Бунинг боиси нимада?

Жавоб: Расули акрам алайҳиссалом мурожаатчиларнинг эҳтиёжига қараб гуноҳи кабиралар ҳақида сўз юритганлар. Бундан мақсад гуноҳи кабираларнинг барчасини бирма-бир санаб чиқиш бўлмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳи кабираларнинг сонини тайин қилиб қўйишни асосий мақсад қилмаганлар. Ҳадиси шарифларда келган сонларда ўзаро қарама-қаршилик йўқ. Бу ерда ҳар бир гуноҳнинг нечоғли ёмон эканини баён қилиш мақсадида, уларнинг бирма-бир тавсифи айтилган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят килинади: «Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг ҳузурида қайси гуноҳ кабира?» деди. У зот: «Сени яратган Аллоҳга шерик даъво қилишинг», дедилар. У: «Сўнг қайси?» деди. У зот: «Ўзинг билан таомланишидан қўрқиб, болангни ўлдиришинг», дедилар. У: «Сўнг қайси?» деди. У зот: «Қўшнингни ҳалоласи билан зино қилишинг», дедилар. Аллоҳ азза важалла бунинг тасдиғи сифатида қуйидаги оятни нозил қилди: «Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақидан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур» (Фурқон сураси, 68-оят).

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан