loader
Foto

Хожа Аҳмад Яссавий

Хожа Аҳмад Яссавий умр бўйи Худо йўлида фидойилик билан хизмат қилиб, инсон қадрини эъзозлаган буюк тариқат асосчиси бўлиб, юксак эҳтиром юзасидан «Ҳазрати Туркистон», «Пири Туркистон», «Ҳазрат Султон», «Хожа Аҳмад», «Султон Бобо», «Қул Хожа Аҳмад», «Ҳазратим» деб улуғланган.

Хожа Аҳмад Яссавий XI аср ўрталарида Сайрамда Иброҳим ота оиласида дунёга келган. У гўдаклигида онасидан, етти яшарлигида отасидан ажраб, етим қолган. Уни Арслон боб тарбиялаган. Аҳмад дастлаб Яссида ўқиган, сўнгра бобосининг тавсияси билан Бухорога бориб, мадрасада таҳсил олган. Бу ерда фиқҳ илмининг устози, шайх ул-ислом, тасаввуф фалсафаси донишманди Юсуф Ҳамадонийдан таълим олган. Аҳмад Яссавий устози вафотидан кейин бир муддат Бухорода унинг ишини давом эттиради. Сўнг Яссига қайтиб келиб, отаси Шайх Иброҳимнинг муриди Мусо Шайхнинг қизи Ойшага уйланади. Унинг Иброҳим ва Гавҳари Шаҳноз исмли фарзандлари бўлган.

Яссавий фаолиятининг дастлабки йилларидаёқ ўз дунёқарашини халқ орасида кенгроқ ёйиш мақсадида туркий қўшиқларга яқин шеърлар ижод қила бошлайди. Кейинчалик Яссига қайтиб, кўплаб тарафдорлар, шогирдлар орттирган. Яссавий «Девони ҳикмат» муаллифидир. Унинг ҳикматларида инсоният пайдо бўлгандан бери тарихий ҳақиқат, афсоналар, ривоятлар, турли исломий арбоблар, диний-фалсафий оқимлар асосчиларининг ҳаёти, турмуш тарзи, комиллик йўлидаги тутган русуми ғоят нафис, тадрижий такомилда ўз аксини топган. Аҳмад Яссавий кишиларни асл мақсад - Ҳудога етиш учун машаққат-риёзат чекишга, маърифат касб этишга, исломий ва дунёвий аҳкомларни эгаллашга чорлаган. Яссавий тўғрилик, меҳнатсеварлик, мўминларга меҳрибонлик, инсоф, мурувват ғояларини илгари сурган. Айрим ҳикматларда ижтимоий адолатсизликка қарши кескин фикрлар, дилозор, мардумзор, муфтхўр бўлмасликка даъват кучли. Яссавий, нодонлик, жаҳолат ва разолатни қаттиқ қоралаб, меҳнаткаш халқни талаётган замон ғаддорларини рўйрост танқид қилган, адолатли, меҳр-шафқатли бўлишга чорлаган. Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари туркий элларнинг босқинчи мўғуллар зулмига қарши курашида қудратли маънавий қурол бўлиб хизмат қилган. «Ҳикматлар» нафақат ғоявий жиҳатдан, балки бадиий нуқтаи назардан ҳам XII аср туркий шеъриятининг мумтоз намунасидир. Ҳикматлар ғоятда равон оҳангда, жонли тилга яқин иборатларда битилган.

Аҳмад Яссавийнинг ҳаёти ва фаолияти Сулаймон Боқирғонийнинг «Боқирғон китоби», Мавлоно Сайфуддин Қўйлуқийнинг «Насабнома», Фахруддин Али Сафийнинг «Рашаҳот», Фазлуллоҳ Исфаҳонийнинг «Меҳмонномаи Бухоро», Султон Аҳмад Ҳазинийнинг «Жавоҳир ул-аброр», Шайх Муҳаммад Сиддиқнинг «Ламаҳот», Муҳаммад Фуод Купрулизоданинг «Турк адабиётида илк мутасаввифлар» асарларида акс этган.

Аҳмад Яссавий 63 ёшга, яъни Пайғамбар ёшига етгач, ер остига кириб, умрини тоат-ибодат, Худо йўлида риёзатда ўтказиб, 562/1166 йилда вафот этган. Қабри Туркистонда. Амир Темур Хожа Аҳмад Яссавийга атаб муҳташам мақбара қурдиргани нафақат бизнинг, балки бутун жаҳон эътиборига сазовор тарихий ҳодисадир(Амир Темур ва унинг жаҳон тарихидаги ўрни мавзуидаги халқаро конференция тезислари. 1996 йил 23-26 октябрь. - Т.: «Ўзбекистон», 1996.42-43-бетлар.).



Алишер Навоий деди: Хожа Аҳмад Яссавийнинг мозори Туркистонда, Ясси деган ердаки, анинг мавлид ва маншаидур воқеъ бўлубдур ва Туркистон ахдининг қиблаи дуосидир(Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 419-бет.).



Хожа Аҳмад Яссавий деди: Биздан кейин шундай машойихлар пайдо бўладики, халққа дўст бўлиб, халқ истагини бажарадилар, мурид бошқарадилар, лекин уларни мақсадга эриштира олмайдилар. Зоҳирлари ораста, ботинлари хароб бўлади. Куфр билан иймоннинг фарқига бормайдилар. Аҳли суннат ва жамоатни душман кўриб, ахди бидъат ва залолатни севадилар. Ёмонлик қилиб, яхшилик умид қиладилар. Шайхлик даъво қиладилар. Уларнинг қилганларини илм ўрнида кўриш ва бидъатини суннат деб мубоҳ билиш - шариатда куфр, тариқатда мардудлик ва ҳақиқатда безор бўлишдир.

Сохта шайхларга қўл бериб, иродат қилган ва ўзларини азобга гирифтор этадиган кишиларнинг ҳолига ачинаман(Хожа Аҳмад Яссавий. Девони ҳикмат. Янги топилган намуналар. 173-бет.).



Аҳмад Яссавийнинг ўғли Иброҳим суйри бойлари сув бермаётганидан шикоят қилади. Яссавий ўғлига таёғини бериб, эрталаб булоқ бошига бориб, таёқни тиқиши ва полиз майдонигача судраб келишини уқтиради. Иброҳим отасининг айтганини қилади. Эрта тонгда суйри бойлари ҳамма ерни сув қоплаб ётганини кўриб, жаҳллари чиқади. Суйри бойларидан бири ухлаб ётган Иброҳимни кетмон билан чопиб, иккинчи бой Иброҳимнинг бошини кесиб, хуржунига солади. Суйри бойлари хонақоҳга келиб, Хожа Аҳмаднинг олдига ҳуржунни ташлаб: «Мана, ҳандалагингиз пишибди, олинг» дейишади. Аҳмад Яссавий ботин кўзи билан воқеани англагач, Аллоҳнинг иродасига таслим этади. Фарзандининг қазосига рози бўлгани учун суйри бойларига аҳамият бермайди, ҳаттоки ўрнидан қўзғалмайди. Ердан юзини кўтармаган ҳолда: «Аттанг, хомлайин узиб қўйибсизларку» деб, зикр айтишда давом этади. Ҳаким ота шундай ёзади:

Суйри халқи Иброҳимнинг йўлин тўсди,

Оччиқланиб, жахд билан сувға бости.

Сув ичинда Иброҳимнинг бошин кести,

Қўли қуриб, қотти билинг, дўстларим.

Суйри халқи дуо олмай, расво бўлди,

Икки олам ўртасида гумроҳ бўлди.

Боши қотиб, ақли кетиб, бероҳ бўлди,

Нодонлардин ибрат олинг, дўстларим

(Сулаймон Боқиргоний. Ҳикматлар / Аҳмад Яссавий. Сулаймон Боқирғоний. Ҳикматлар қуллиёти. - Т: «Узбекистон», 2011. 399-бет.).

Токи шамъ каби ёниб адо бўлмасанг, пок ишқдан сўз очма.

Эргашиладиган инсонлар уч қисмдир: шариат раҳнамолари - олимлар ва ҳукмдорлар, тариқат раҳбарлари - шайх ва сўфийлар, ҳақиқат йўлбошчилари - орифлар ва Ҳаққа яқин пири муршидлар.

Шариат зоҳирда аъзолар билан амал қилиш, тариқат қалб билан амал қилиш, ҳақиқат эса сир (қалбдаги жавҳар) билан амал қилишдир.



Аё дўстлар, нодон бирла улфат бўлуб,

Бағрим куюб, жондан тўюб ўлдим мано.

Тўғри айтсам эгри йўлға бўйин тўлғар,

Қонлар ютуб, ғам заҳриға тўйдум мано.



Дуо қилинг нодонларнинг юзин кўрмай,

Ҳақ таоло рафиқ бўлса, бирдам турмай,

Бемор бўлса, нодонларни ҳолин сўрмай,

Нодонлардин юз минг жафо кўрдум мано.



Таом топсанг жонинг била қилғил эҳсон,

Ҳақдин жо эшитиб, бу сўзларни айтдим мано.

Суннат эрмиш кофир бўлса, берма озор,

Кўнгли қаттиғ дилозордан Худо безор.



Оқил эрсанг эранларға хизмат қилғил,

Амри маъруф қияғонларни иззат қилғил.

Нафсдан кечиб, қаноатни пеша қилғон,

Ҳар ким топса, рози бўлуб, бўйин сунғон.



Банда бўлсанг манманликни зинҳор ташла,

Саҳарларда жонинг қийнаб, тинмай ишла.

Йўлдан озғон гумроҳларни йўлға бошла,

Бир назарда дилларини сафо қилдим.



Қайда кўрсанг кўнгли синуқ марҳам бўлғил,

Андоқ мазлум йўлда қолса ҳамдам бўлғил.

Уммат бўлсанг ғарибларга тобеъ бўлғил,

Оят, ҳадис ҳам ким айтса, сомеъ бўлғил.



Нокас, хасис, бедиёнат қуллар ҳоким,

Моуманлик ҳаддан ошиб бўлди золим.

Халқ ичинда хор бўлдилар дарвеш, олим,

Ҳимояти халқни кофир бўлди кўрунг.



Эшон, шайх, хўжа, мулло дунё излар,

Ул сабабдин подшоҳларға ёлғон тузлар.

Оят, ҳадис сўзин қўюб, мулкни кўзлар,

Ҳақ йўлида ҳаргиз меҳнат тортқони йўқ.



Аҳли дунё халқимизда саховат йўқ,

Подшоларда, вазирларда адолат йўқ.

Дарвешларнинг дуосида ижобат йўқ,

Турлук бало халқ устига ёғди, дўстлар.



Тўғри юрган ошиқлардин Худо рози,

Ошиқ иши осон эмас, қилма бози.

Ёлғончилар «ошиқ мен» дер, Аллоҳ қози,

Иймонини пучак пулга сотар эрмиш.



Ер остига кирдим қочиб нодонлардин,

Илким очиб дуо тилаб мардонлардин.

Ғариб жоним юз тасаддуқ донолардин,

Доно топмай, ер остига кирдим мано.



Ғариб, фақир етимларни Расул сўрди,

Ўшал туни меърож чиқиб дийдор кўрди.

Қайтиб тушиб ғариб, етим излаб юрди,

Ғарибларни изин излаб тушдим мано.



Таъма қилма нодонлардин, қадринг билмас,

Зулмат ичра йўл одашсанг, йўлға солмас,

Бўйнунг қашиб зори қилсанг, қўлунг олмас,

Нодонларни шиква айлаб келдим мано



Доғи ҳижрон эзди бағрим, қони дардманд,

Доно туфроқ, нодонларни кўкси баланд.

Оят, ҳадис баён қилсам, қилмас писанд,

Кўксум тешинг, дарду ғамга тўлдим мано.



Олим улдир - шариатда жавлон қилса,

Тариқатнинг бозорига ўрнин солса,

Муҳаббатнинг дарёсидин, гавҳар олса,

Андоғ олим бўлур, дўстларимо.



Олиммен деб китоб ўқур, маъно ўқмас,

Кўб оятнинг маъносини ҳаргиз билмас,

Такаббуру манманликни дини тутмас,

Олим эрмас, жоҳил турур, дўстларимо

(Аҳмад Яссавий. Девони ҳикмат. -Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1992. 7-54-бетлар.).

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан