loader
Foto

Оғахонийлар

Оғахон исми аслида исмоилийлар оқимидаги низорийлар фирқаси раҳбарининг унвони. Ушбу хонадоннинг бобоси Қум шаҳрининг Кўҳак аҳлидан бўлмиш Сайид Абулҳасанхон эди. Бу зот Исмоилиянинг сайидларидан ҳисобланарди. Зандия давлатининг бошланишидан Оғомуҳаммад Қочор замонигача Кирмон вилоятида ҳоким бўлиб, ўзини Исмоил ибн Жаъфари Содиқнинг авлодидан деб биларди. Ҳукуматдан четлангандан сўнг Қум шаҳрининг «Маҳаллот» номли жойида узлатда ўтирди, Ҳиндистонда ва Ўрта Осиёда кўп тарафдорлар орттирди. Улардан жуда кўп назр-ниёзлар келиб турарди.

Ўрта аср охирларидан бошлаб низорий исмоилийлар ўртасида ўз раҳнамоларини тирик Худо деб билиш, унинг амр-фармонларини сўзсиз адо этиш, унга назр-ниёзлар келтириб бериш одат тусига кирган.

Оғахонийлар оқими ҳам асли шиаларга мансуб исмоилия мазҳабидан келиб чиққан бўлиб, XIX асрнинг бошларида Эронда Ҳасан Али шоҳ деган шахс унга асос солган. У ўз атрофига ихлосманд кишиларни тўплаб, ишни қароқчиликдан бошлаган ва ўзининг зўравонлиги билан шуҳрат топган.

Оғахонийларнинг муридлари ўз назрларини дарёга оқизардилар ва бу моллар оқибат ўз имомларига етади, деб эътиқод қилардилар. Саййид Абулҳасанхон 1207/1793 йилда вафот этди. Шундан сўнг имомат унинг ўғли Ҳалилуллоҳга насиб этди. Исмоилия оғахониялари «Исоҳ»лик унвонларини «сўфиянинг муршидларидан» иқтибос қилиб, уларга тақлидан ўзларини шоҳ деб атардилар. Масалан, оти Муҳаммад бўлса, аввал «Алимуҳаммад» деб аташарди ва бир неча замон ўтгандан сўнг шу ном охирига «хон» қўшиб «Алимуҳаммадхон» деб аташадиган бўлишди. Ёки ўзларини Исмоилия шоҳларининг охиргиси Руқноддин Ҳуршоҳ (ҳеш таборидан) деб билардилар.

Шоҳ Халилуллоҳ имоматга етгандан сўнг Яздга сафар қилди. У шу шаҳарда икки йил турди. Унинг пайравлари ва шиаларнинг «Исна аширия» номли гуруҳлари орасида низо пайдо бўлиб, 1232/1817 йилда қатл қилинди. Бу воқеадан хабар топган Фатаҳлихон Кочор унинг ўғлини Теҳронга чақирди ва уни жуда иззат-икром билан қабул қилиб, отасининг қатлига сабабчи бўлганларнинг ҳаммасини топиб жазоларини беришни амр қилди. Сўнг Сарвхонум номли қизини унга никоҳлаб берди ва ўзини эса Қум ва Маҳаллотга ҳоким этиб тайинлади. Унга Оқохон (Оғохон) деб лақаб берди.

Ҳасанали шоҳ 1255/1840 йилда Ҳожи Мирзо Оқоси Садри Аъзам Муҳаммадшоҳнинг ҳаракатлари туфайли ноилож Маҳаллотни тарк этиб, Кирмон томон йўл олди. Йўл-йўлакай Бам қалъасига ҳужум қилиб, уни қўлга киритди.

Аммо Муҳаммадшоҳнинг акаси Феруз Мирзо у билан жанг қилиб, Оғохонни мағлуб этди. Хатосини кечириб, ўзига омонлик берди, жуда дабдаба билан кутиб олди унга яна Қум ва Маҳаллот ҳукуматини берди.

Ҳасаналихон ҳеч ким безовта қилмаётгани боис аҳли аёли билан мол-дунёсини Карбалога юборди. Сўнг Каъбани зиёрат қиламан деб Муҳаммадшоҳдан рухсат олди ва Кувир йўли орқали Кирмон томон йўл олди. Сўнг Оғохон Кирмонга йўл олди. Унинг ҳокимидан мағлуб бўлгандан сўнг Исфандиқага ва Жийруфтга борди. Мийнобнинг Гармсерида уруш учун қўшин ва жанг асбобини тайёрлади. Бир неча жангдан сўнг енгилиб, Қандаҳорга қараб қочди.

Қандаҳорда инглиз иш юритувчиларидан бири уни ҳимоясига олди. Инглиз ҳукумати томонидан унга ва ҳамроҳларига кундалик ҳаражатлари учун юз рупийдан беришга қарор қилинди. Инглиз маъмурлари билан ўзи ва биродарлари 1262/1846 йилнинг сафар ойида Синдга борди. Бир қанча вақтдан сўнг Эрон давлатининг эътирози сабабли узоқ тура олмади. 1263/1847 йилнинг жумодул-аввалида Бенгал штатига йўл олиб, Калькуттада муқим яшай бошлади. Яна Бомбайга қайтди. Ўша ерда ўз ишларини ўнглаш учун корхона очди ва ушбу хонадон Ҳиндда қўним топди.

Ҳиндда яшовчи Исмоилия хўжалари билан Оғохон кишилари орасида ихтилофлар алангаланди. Алал-оқибат ихтилофни Жозеф Орналд деган киши ҳал қилди. Аммо масала Оғохон фойдасига ҳал бўлди. Бу воқеа 1282/1866 йилда содир бўлди. Шундан бошлаб Оғохон Ҳинддаги Исмоилия хўжаларининг пешвосига айланди.

Англия томонидан Ҳасан Али яширин алоқада бўлиб, улар манфаатига хизмат қила бошлайди. Лекин Эрон ҳукумати уни ҳибсга олади ва Англия ўртага тушиб, уни Эрондан чиқариб юбориш шарти билан қамоқдан озод қилинади. Сўнг у Афғонистонда иш бошлайди, лекин тез орада у ердан ҳам ҳайдалиб Ҳиндистонга боради. Бомбайда уни инглизлар исмоилия тоифасининг бошлиғи (имоми) деб эълон қилади ва у ўзини шиа имомларининг вориси деб даъво қилади.

Юқорида айтганимиздек, Ҳасаналишоҳнинг лақаби (Оғохон) эди, яъни Оғохони аввал дердилар. Шундай қилиб, у 1298/1881 йили вафот этади ва Бомбайдаги Ҳасанобод мозорида дафн қилинади. У ўз таржимаи ҳоли ҳақида бир рисола ёзди ва «Ибратафзо» деб номлаб Бомбайда чоп эттиради. Рисолада у ўзини «Муҳаммад Ҳасан ал-Ҳусайний», Ҳасаналишоҳ деб атаган эди.

Ҳасаналишоҳдан сўнг имомликни унинг ўғли Оғохоншоҳ ал-Ҳусайний ёки «Оғохони дуввум» (Оғахон II) Ҳинд Исмоилияларнинг пешвоси бўлди. У 1302/1884 йилга қадар ҳаёт эди. У анча ўқимишли бўлиб, мусулмонларнинг мазҳабларидан қатъи назар ҳаммасига бир хил муносабатда бўлиб, тез орада шуҳрат топади. Аммо унинг имоматлик даври узоққа чўзилмади.

Шундан сўнг «Оғохони саввум» (Оғахон III) лақабли саккиз ёшли ўғли Султон Муҳаммадшоҳ имоматга етди ва 1301/1885 йилдан 1957 йилгача исмоилиянинг пешвоси бўлди. Султон Муҳаммадшоҳга инглиз ҳукумати томонидан «Сир» деб лақаб берилди. Шундан бошлаб у ҳинд Назорий Исмоилияларнинг руҳоний раҳбарига айланди ва шу қаторида у Шарқий Африка, Сурия, Марказий Осиё ва Эроннинг хожаларидан ҳисобланади. Бу ўғил Оғахон III лақабини олиб Эрон маликасига уйланиб, ундан 1294/1877 йили бир ўғил кўради. Мана шу Оғахон III анча яхши ишлар қилса-да, лекин ўзи Европада яшашни ихтиёр қилиб, кўпроқ маишатга берилиб кетади. Тўрт марта, яъни Эрон маликасига, итальян аёлга, француз ва гўзаллар маликасига уйланади. Оғохон III 1327/1909 йилда Эрон хукуматидан унга тобе бўлишини талаб қилди. Эрон давлати бунга розилик берди. Муҳаммадризо Паҳлавий унга «Ҳазратволо» деб лақаб берди. 1936-1937 йили имоматлигининг эллик йиллигига бағишлаб Осиё ва Африка Исмоилиялари Бомбай ва Найробида унинг вазнига тенг олмос ҳадя қилдилар. Оғохон 1957 йили 80 ёшда дунёни тарк этди.

У ўлими олдидан Карим номли набирасига имомликни васият қилади. Алихон ўғли Бирнис Каримхон бобосининг васиятига мувофиқ (1315/1936 йилда туғилган) йигирма бир ёшида имоматликни ўз зиммасига олиб, «Оғохония исмоилия»нинг пешвоси бўлди. Карим Оғохон Жуну деган жойда туғилиб, Ҳарвард университетида таҳсил олди. Имоматлик мақомига сазовор бўлганлиги Шарқий Африкадаги Тонгониконинг «Доруссалом» шаҳрида нишонланди. Ҳозирда Оғахония оқими Найроби, Доруссалом, Мадагаскар, Бельгия, Ҳиндистон, Покистон ва Сурияда мавжуд.

Оғахонийлар бу имомни улуғлаб, гуноҳдан пок деб, ҳатто илоҳийлаштирганлар ва йиллик даромадларининг бешдан бирини унга атайдилар. Оғахонийлар ислом оламида эътибор қозонмаган, балки Ғарб мамлакатлари манфаатлари йўлида фаолият олиб борган бир тоифа кишилар бўлиб, уларнинг оёғи етиб борган жойда фитна-фасод ва нотинчлик содир бўлади.

Айдарбек Тулеповнинг

"Ислом ва ақидапараст оқимлар" китобидан