loader
Foto

Ҳулулия

Ҳулулия яъни, худоликни даъво қилган фирқалар ислом тарихида ўн гуруҳга бўлинган бўлиб, ҳаммаси мусулмон давлатларидан чиққан. Мақсадлари - Яратувчининг якка-ягона эканига, яъни тавҳид масаласига шубҳа уйғотиш асосида ортодоксал динга футур етказишдан иборат бўлган. Уларнинг энг ашаддийлари рофизийлардан чиққан. Сабаъия, жаноҳия, хаттобия, нумайрия фирқаларининг барчаси ҳулулияга мансубдир.

Кейинчалик Мовароуннаҳрдан муқанначилар, Марвдан разомия ва баркукия фирқаси, сўнгра ҳалмония, ҳалложия, азофира ва хуррамия фирқалари чиққан. Буларнинг барчаси илоҳийлик даъво қилиб, шаръан тақиқланган нарсаларни ҳалол деб, фарз қилинган ибодатларни бекор қилишга ҳаракат қилишган.

Ислом тарихида биринчилардан бўлиб пайғамбарлик ва худолик даъвосини қилган фирқалардан бири бу ғолий шиалардир. Ғолий шиалар еттинчи асрдан бошлаб Али (р.а.)ни пайғамбарлик ёки худолик даражасига кўтарганликлари учун ғолийлар, яъни муболаға қилувчилар деб аталган. Улардан баъзиларининг ақидасига кўра, Муҳаммад (с.а.в.) эмас, балки Али (р.а.) пайғамбар бўлиши керак эди, лекин Жаброил хато қилган бўлиб, ваҳийликни Алига эмас, балки ҳазрат Муҳаммадга тақдим этган.

Уларнинг яна бир гуруҳи Али (р.а.) шахсини худолик мақомига кўтаради. Улар наздида, Худо Алининг вужудига кириб, унинг жисму жони билан бирлашиб кетган эмиш. Айрим бошқа фирқалар эса, ҳар бир имом мавқеини илоҳийлаштиришга уринади, гўё ҳар бир имомнинг руҳига илоҳийлик (худолик) кирган бўлиб, илоҳийлик бир имом руҳиятидан бошқа имом руҳиятига ҳам ўтиб, шу тариқа илоҳийлик давом этар эмиш.

Айдарбек Тулеповнинг

"Ислом ва ақидапараст оқимлар" китобидан