loader
Foto

Суннатни деб фарзлардан машғул бўлишнинг хатолиги

Намоз, рўза, ҳаждаги суннат ва нафл амалларни деб фарз амаллардан инсонларнинг машғул бўлиб қолишлари хатодир.

Баъзи бир диндорлар кечалари нафл намозларга турадиларда, кундузи эса ўзларининг маош оладиган ишларига кучсиз ҳолда борадилар. Улар ишларини тўла бажармайдилар. Агар улар ишни чиройли қилиш фарз эканлигини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани чиройли қилишни фарз қилган”, деган ҳадисларини ҳамда ўз ишига сусткашлик билан қарашлик ўша ишга хиёнат эканлигини, ой охирида олинган маошга ҳақли эмаслигини билганида эди, албатта у тунги намозларини қисқартирган бўлар эди, чунки тунги намоз нафлдан бошқа нарса эмас.

Яна баъзилар душанба, пайшанба кунлари, хусусан, ёз кунларида рўза тутиб қийналадилар. Ишларига ҳам қийналган ҳолда борадилар ва кўпинча инсонларнинг фойдасини ўша нафл рўза сабабли ортга сурадилар. Ваҳоланки, рамазон ойидан бошқа ойда бўлган рўза нафлдир, вожиб эмас. Халқнинг фойдаси эса вожибдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёлни эри муқим бўла туриб, то эри изн бермас экан, нафл рўза тутишдан қайтарган. Чунки эрнинг ҳаққи нафл рўзадан муқаддамроқцир.

Яна шу каби нафл ҳаж, нафл умраларни қиладиганлар бор, улар орасида беш, ўн, йигирма, баъзан қирқ марта ҳаж қилганлари ҳам бор. Ҳар йили рамазон ойида рўза тутадилар, миллионлаган пулларни эҳсон қиладилар, аммо бошқа тарафда ҳақиқатан, мажозан эмас, баъзи мамлакатларда одамлар очдан ўляптилар. Улар ўз биродарларидан қайсидир - очни тўйдириш, касални даволаш, етимни кафолатга олиш, тул аёлларни кафолатга олиш каби ёрдамларга муҳтождирлар.

Яна баъзилар насронийликка даъват қилувчиларнинг қўлларига тушиб қолишяпти. Улар таълим олиш учун мадрасага, намоз ўқиш учун масжидга, даволаниш учун шифохонага, ўқиш учун китобларга муҳтож бўлиб туришган бир пайтда илгари ҳаж қилган етмиш фоиз ҳожилар юз миллионлаган пулларни сарфлаб ҳар йили нафл ҳаж қилмоқдалар.

Агар улар ўз динларини яхши тушунганларида эди ўзларининг ҳаж ва умра билан руҳий

фойдаланишларидан мусулмон биродарларини қутқаришни аввал қўйган бўлар эдилар. Агар улар тафаккур қилганларида эди ана ўша мусулмон биродарларини очликдан, машаққатдан қутқаришлик баъзи бир ўзи билмаган ҳолда риё, манманлик аралашган амаллардан савоби кўпроқ эканлигини билар эдилар.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси