loader
Foto

Исломда "ҳижрат” масаласи

Мусулмонлар аввалига Ҳабашистонга, кейинчалик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида Маккадан Мадинага ҳижрат қилганлари маълумдир.  Ва мана шу кейингиси динимиздаги улуғ ҳодиса сифатида қамарий йил ҳисобининг бошланиш санаси сифатида танланган.

Биз мазкур ҳижратларда мусулмонлар ўз яшаб турган ерларидан бошқа юртларга кўчиб кетишга жонлари, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан хатарнинг ўта кучайганлиги оқибатида содир бўлганини кўрамиз.

Ҳижрат икки турга: юртни тарк этши ва гуноҳларни таркэтиш кабиларга бўлинади.

Абу Усмон Мужошиъ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисда айтилади; "... Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: "Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ..." дедилар" (Имом Бухорий ривояти). Мазкур ҳадис ўзидан олдин келган ҳижрат ҳақидаги ҳадисларни бекор (насх) қилувчи эканини уламоларимиз таъкидлаганлар. Бундан маълум бўлишича юртни тарк этиш ҳижрати бекор қилинди.

Яна бир ҳадисда:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган кишидир” (Имом Бухорий ривояти) дейилади.

Уламолар ҳадисни шарҳлаб, ундаги "ҳижрат"дан мурод "тарк қилишдир" деганлар. Мана шу турдаги ҳижрат бугун ҳам мавжудлиги ҳадисдан маълум бўляпти.

Бугунги кунда содда мусулмонларни ҳижратга тарғиб қилишга уринаётган айрим сохта даъватчилар ёшларни ўз оиласи, ватанини тарк этишга чақириш учун Қуръони карим оятлари ва ҳадисларнинг маъноларини ўз манфаатларига мувофиқталқин қилмоқдалар. Ушбу "даъватчилар" мусулмон фақат юртини ташлаб чиқиб кетса имон-ли, "ҳижрат” қилмаган киши эса кофир бўлади, дейиш даражасига бордилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотдан кейин ислом давлатини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати худудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашларига эътироз билдирмаганлар.

Бугунги кунда террорчилик ташкилотларнинг даъватчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангари тайёрловчи марказларга жўнатиш мақсадида дунёвий давлат ва жамиятни динсизликда айблаб, гўёки ҳижратга чиқиш фарз амал экани, бунинг учун ҳеч кимдан, ҳатто, ота-онанинг рухсатини олиш керак эмас, деган сохта тушунчаларни диндор ёшларга сингдиришга ҳаракат қилишлари ўрта асрлардаги хорижийларнинг амалидир.

Ақидапарастлар ҳижрат масаласида ушбу оятни далил қилади:

"Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: "Нима қилаётган эдинглар?" - дерлар. Улар: "Ер юзида бечора эдик", дерлар. "Аллоҳнинг ери кенг эдику, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?" - дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!" (Нисо сураси, 97-оят).

Ваҳоланки, уламолар мазкур оят аввал исломни қабул қилиб, Маккада яшаб келган ва Бадр жангида (624 й.) маккаликлар сафида туриб, мусулмонларга қарши жангда иштирок этганлар ҳақида нозил бўлганини таъкидлайдилар.

Шунингдек, уламоларнинг фикрига кўра, юқоридаги оят зажр, яъни қўрқитиш маъносидаги матн бўлиб, бундай матнлардан хулоса қилиш учун асл хукмларга қайтилади. Яъни асл хукм бўйича мусулмонлар гуноҳи кабира қилиш сабабли ҳеч қачон дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.

Ватанни сотиш, ўз юрти ва ватандошларига зарар етказиш, ота-онани норози қилиб "оқ” бўлиш эса ислом таълимотида оғир гуноҳҳисобланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади.

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилишучун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар. (Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Шунингдек, ақидапарастларнинг гўёки "ҳижрат" қилмаганлар мўмин-мусулмонликдан чиқиши ҳақидаги даъволарига раддия сифатида марҳум Шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ томонидан Қуръоннинг "Анфол" сураси, 72-оятига берилган тафсирини келтириш мумкин. Оятда:

“Албатта, имон келтирган, ҳижрат қилган, моллари ва жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб ёрдам кўрсатганлар, айнан ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Имон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат сиз билан ўрталарида аҳднома бор, қавм зиддига эмас. Аллоҳ нималар қилаёттанингизни кўрувчи зотдир" [Анфол сураси, 72-оят) дейилган. Ушбу оятда Аллоҳ мўминларнинг бир неча синфларини зикр қилмоқда:

1. Ҳижрат қилганлар;

2. Ёрдам берганлар;

3. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганлар.

Шунга қарамай Аллоҳ таоло буларнинг барчасини мўминлар деб атамоқда.

Масаланинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, гўёки “ҳижрат” учун хорижий мамлакатларга бораётганлар яхшилик билан шуғулланаётгани йўқ. Аксинча, ўша ерда уларга қўшилмаганларни "кофир" деб эълон қилиб, уйларини тортиб олиб, ўзларини ўлдириб юбормоқдалар. Аёллар ва болаларга зулм қилмоқдалар. Бундай фитналар, гуноҳи кабира ишларга қўл ургандан кўра ўз юртида тинчликда, эмин-эркинликда фарз амалларни, ибодатларни бажариб, ҳалол меҳнат билан оиласини боқиб юрганлари афзал эмасми? Шу сабабли исломда фитна даврида унга аралашмай ибодатда бўлганларга катта инъомлар ваъда қилинган.

Жумладан, ҳадиси шарифда шундай дейилган:

“Ҳараж - фитна пайтида қилинган ибодат, менга ҳижрат қилиш кабидир" (Имом Муслим, 2948-ҳадис).

Бошқа бир ҳадисда эса,

“Умму Анас розияллоху анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат қилишни сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингдаунга энг маҳбуб амал шу бўлади", дейилган (Табароний, 6735-ҳадис).

Юқоридаги гаплардан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:

- мўмин-мусулмонлар қайси мамлакатда, ҳатто ғайридинлар кўпчиликни ташкил этадиган юртларда ҳам эмин-эркин ибодатларини адо этишга имкон топсалар, ундай диёрдан ҳижрат қилиш фарз ёки вожиб бўлмайди;

- мусулмонлар тинчлик ва хотиржамликда, ибодатларини тўла-тўкис бажариб турган диёрдан мусулмонлар ўзаро урушаётган, одамларнинг жони, моли ва номуси хатарда бўлган худудларга боришлари "ҳижрат” ҳисобланмайди, балки фитнага аралашиб қолиш саналади ҳамда шаръан ман этилади;

- юртимиз ислом дини кириб келган даврдан буён "Ислом диёри” бўлиб келмоқда ҳамда мамлакатимизда ислом дини аҳкомларини мукаммал адо этиш учун барча шароитлар мавжуд;

- ҳозирги кунда бизнинг мамлакатдан "ҳижрат” қилиш фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Юртимиздан Сурия каби қуролли тўқнашувлар кетаётган худудга ёки бошқа ўлкаларга чиқиб кетмаган мусулмонлар гуноҳкор ёки кофир бўлмайди;

- мусулмонларга қарши фитналар уюштирилаётган ҳудудга бориб бегуноҳ одамларнинг жони, мулки ва номусига дахл қилганлар оғир гуноҳ содир этган ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан