loader
Foto

Исломдаги биринчи ҳижрат

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга етаётган озор-азиятлар тобора кучайиб бораётганини, шу билан бирга уларни ҳимоя қилиш имкони тобора камайиб бораётганини кўргач, шундай дедилар: "Токи Оллоҳ таоло аҳволни енгиллаштиргунча Ҳабаш заминига борсангиз яхши бўларди. У ерда бир (адолатли) подшоҳ бор, унинг (салтанатида) ҳеч кимга зулм қилинмайди. У чинакам (яхши) ердир".Шундан кейин мусулмонлар динларини фитнадан олиб қочиш учун Ҳабашистонга чиқиб кетдилар. Бу Исломдаги биринчи ҳижрат бўлди. Дастлабки муҳ ожирлар: Усмон ибн Аффон завжаси - Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг  қизлари Руқайя билан Абу Ҳузайфа завжаси билан Зубайр ибн Аввом, Мусъаб ибн Умайр ва Абдурраҳмон ибн Авф каби саҳобалардан саксон чоғлиси Ҳабаш ерига жамландилар.

Буни кўрган қурайшликлар Ҳабашистон подшоҳи Нажоший ва унинг аъёнлари мусулмонларни ўз ҳимоясига олмасдан қайтариб уларга топширишлари умидида турли-туман совғалар билан Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа ва Амр ибн Осни (ҳали Исломга кирмаган эди) юборишди.

Абдуллоҳ билан Амр бу ҳақда Нажошийга айтишганда (ундан аввал унинг аъёнлари билан гаплашиб келтирган ҳадяларини уларга топширишган эди) Нажоший мусулмонлардан уларнинг динлари ҳақида сўрамагунича бирорта ҳам мусулмонни уларга топширмаслигини айтди.

Мусулмонлар Нажошийнинг ҳузурига келтирилдилар. Қурайшнинг мазкур икки элчиси ҳам ўша ерда эди. Нажоший: "Унинг йўлида сизлар қавмингиздан ажраган, у сабабли менинг ҳам, бошқа бирон миллатнинг ҳам динига кирмаётганингиз қандай дин, ўзи?", деган эди мусулмонлар ичидан Жаъфар ибн Абу Толиб айтди: "Эй подшоҳ, биз бут-санамларга ибодат қиладиган, ҳаром ўлган нарсаларни ҳам еяверадиган, бузуқ ишлар қилувчи, қариндош-уруғлардан алоқани узиб, ёмон қўшничилик қиладиган, кучлилар заиф-бечораларнинг молини ейдиган жоҳил қавм эдик. Кейин Оллоҳ таоло биз насабини, ростгўйлигини, омонатдор ва покдоманлигини яхши биладиганимиз бир кишини бизга Расул қилиб юборди. У зот бизни Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилишга ва ўзимиз ҳамда ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган тошлар, бут-санамларни тарк қилишга длъват қилди. Рост сўзлашга, омонатга хиёнат қилмасликка, силайи-раҳмга буюриб, бузуқ ишлардан қайтарди. Биз у зотни тасдиқлаб, иймон келтирдик ва эргашдик. Қавмимиз эса бизга қарши гуриб, тазйиқлар ўтказишди, бизни бут-санамларга ибодат қилишга қайтариш учун турли фитналар чиқаришди, зулму ситамларни ҳаддан ошириб юборишгач, сизнинг мамлакатингизга чиқиб кетишга мажбур бўлдик. Сизнинг ҳимоянгизга келдик, сизнинг хузурингизда бизга зулм қилинмайди, деб умид қилдик".

Шунда Нажоший Жаъфардан Расулуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом Оллоҳ таолонинг ҳузуридан келтирган оятлардан тиловат қилиб беришини сўради. Жаъфар унга "Марям" сурасининг бошидан тиловат қилиб берган эди Нажоший йиғлаб юборди, ҳатто кўз ёшлари соқолини хўл қилиб юборди. Сўнг шундай деди: "Албатта ушбу нарса билан Ийсо келтирган нарса бир "чирокдондан" чиқяпти деди-да, сўнг ўгирилиб, Қурайшнинг икки элчисига қараб: "Сизлар бораверинглар. Оллоҳга қасамки, уларни сизларга топширмайман ва уларга ёмонлик қилинишига ҳам йўл қўймайман", деди.

Иккала элчи қайтиб кетишди-ю, лекин сабрлари чидамай, эртасига яна Нажошийнинг ҳузурига қайтиб боришди ва: "Эй подшоҳ, бу мусулмонлар Ийсо ибн Марям ҳақида ҳар хил гапларни гапиришади, уларни чорлаб ана шундай гаплари ҳақида сўраб кўр", дейишди. Нажоший бу ҳакда сўрамоқчилигини айтиб мусулмонларга одам юборди.

Яна Жаъфар ибн Абу Толиб сўзлади: "Ийсо ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга маълум қилган нарсанигина айтамиз: "У (Ийсо) Оллоҳ таолонинг қули, руҳи ва бокира, маъсума Марямга туширган калимасидир".

Бу гапни эшитган Нажоший ерга қўлини чўзиб бир чўпни олди-да, шундай деди: "Оллоҳга қасамки, Ийсо ибни Марям сен айтган нарсадан мана шу чўпак миқдорича ҳам бошқача эмас". Сўнг Қурайш элчиларига ҳадяларини қайтариб берди ва мусулмонларнинг ҳимоясини яна ҳам кучайтирди. Қурайш элчилари эса умидлари пучга чиқиб, ортларига қайтиб кетдилар.

Бироз вақт ўтгач, Ҳабаш юртидаги мусулмонларга Макка аҳли Исломни қабул қилди деган хабар етиб келди. Хабарни эшитибоқ мусулмонлар йўлга чиқишди. Маккага яқинлашгач эса, эшитган хушхабарлари ёлғон гаплиги маълум бўлди. Улар ўтиз уч киши бўлиб, ҳар бири Маккага бировнинг ҳимояси орқали ва яширйн ҳолда киришди. Масалан, Усмон ибн Мазъун Валид ибн Муғийранинг ҳимояси билан, Абу Салама Абу Толибнинг ҳимояси билан кирдилар.

Ибратли нукталар

Мусулмонларнинг Ҳабашистонга қилган ҳижратлари қиссасидан уч далолатни оламиз:

Биринчи далолат: Динни маҳкам ушлаш ва унинг устунлари - арконларига тўгри амал қилиш ҳар қандай куч-кувватнинг асоси ва манбайидир. Дин - инсоннинг молини, ерини, эркини ва ҳурматини қимоя қиладиган бузилмас қўрғондир. Шунинг учун Исломга даъват ва унинг йўлида жиҳод қилувчи киши бор имкониятларини динни ва унинг асосларини ҳимоя қилиш учун сарфлаши ҳамда ватанини, ерини, молини ҳатто жонини ақида муҳофазаси учун восита қилиши вожибдир. Қачонки шароит мазкур нарсалардан воз кечишни тақозо қилса, воз кечиши даркордир.

Зеро, агар Дин йўқолиб, мағлуб бўлса, унинг ўрнини на ватан, на мол-мулк босолмайди. Аммо у кучайса, жамиятда унинг устунлари барпо бўлса ва қалбларда ақидаси ўрнашса бу ҳолатда унинг йўлида сарфланган мол-дунё ҳам, йўқотилган ер ҳам, ватан ҳам қайтиб келади, келганда ҳам аввалгидан кучлироқ бўлиб қайтади. Чунки энди уларни Дин қўриқлайди.

Тарихдан маълумки, маънавий қувват моддий қудрат ҳимоячиси экани Оллоҳ таолонинг қонунидир. Чунки бир уммат хулқ, ақида, саҳиҳ ижтимоий асослар жиҳатидан қанча бой бўлса, унинг моддий салтанати ҳам шунча мустаҳкам ва ҳимояли бўлади. Аммо хулқи тубан, ақидаси нотўғри ва низом-дастурлари беқарор бўлса, унинг моддий салтанати ҳам таназзулга маҳкум бўлади. Тўғри, мазкур салбий сифатларга эга бўлган лекин шунга қарамасдан оёғида макам туриб, бой-бадавлат яшаётган халқлар бор. Лекин бундай халқлар ўзлари сезмаган ҳолда, жуда тезлик билан тубсиз жарлик томон бораётганлари ҳақиқатдир. Фақат у тезликни ғофил, унутувчи инсоннинг кўзлари эмас, сергак, бедор тарихнинг кўзларигина кўриши мумкин.

 Бунинг акси ўлароқ, бир халқ саҳиҳ ақидасини муҳофаза қилиш ва соғлом ижтимоий тузум барпо қилиш йўлида, молидан, ватанидан ва табиий бойликлардан ажраган бўлиши мумкин, лекин ҳеч қанча вақт ўтмай бундай саҳиҳ эътиқод эгаси бўлган халқни босиб олинган ватанларига, тортиб олинган бойликларига қайта эга бўлганликларини, куч-қудратлари яна ўзларига қайтганини кўришимиз мумкин.

Инчунин Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам мушриклар томонидан саҳобаларга турли озор-азиятлар етаётганини кўргач ва бу уларнинг динига зиён етказиб қўйишидан қўрқиб, уларга ватандан ҳижрат қилишга маслаҳат бердилар.

Маълумингизки, бу ҳижратнинг ўзи дин йўлида чекилган алоҳида азобу уқубатлардан биридир. У азиятдан роҳатга қочиш эмас, балки кенглик, фаровонлик умидида бир қийинчиликни иккинчисига алмаштириш эди.

Яна сизга маълумки, Макка ўша пайтда Исломий шаҳар бўлмаганки: саҳобалар нега ўз шаҳарларини ташлаб, ўз жонларининг саломатлигини ўйлаб, кофирлар шаҳрига кетиб қолишди, дейилса.

Макка ҳам, Ҳабашистон ҳам ва улардан бошқа шаҳарлар ҳам ўша пайтда динсизликда баробар эди. Уларнинг қайсиниси саҳобаларнинг динига ва эътиқодига имконият берса, ана шу шаҳар иқоматга лойиқ ҳисобланган.

Ҳижрат қилиш учга бўлинади: вожиб, жоиз, ҳаром.

Мусулмонлар намоз, рўза, азон, ҳаж каби Исломий ибодатларни адо қилишга қодир бўлмаган жойдан ҳижрат қилиш вожиб;

Мусулмонларга ҳар-хил тазйиқлар ўтказилаётган жойдан ҳижрат қилиш жоиз;

Аммо бир инсоннинг ҳижрат қилиши мутахассиси жуда кам бўлган бирон бир Исломий соҳанинг фаолияти тўхташига олиб келса, бундай ҳижрат ҳаромдир.



Икинчи далолат: Саййидимиз Муҳаммад соллоҳу алайҳи ва саллам билан Ийсо алайҳис-салом келтирган нарсалар ўртасидаги яқин алоқанинг ҳақиқат - моҳиятидир.

Нажоший Ийсо алайҳис-салом динида бўлиб, ўз насронийлигида содиқ ва холис эди. Узининг динидан бошқа динга ўтмаслиги, ўз ақидасидан бошқа ақида соҳиби бўлган кишиларга ёрдам бермаслиги унинг ўз динига содиқлиги тақозо қиладиган нарсалардан эди. Яъни, Инжилни маҳкам ушлаганмиз деб даъво қиладиганларнинг: Ийсо Оллоҳнинг ўғли, уч худонинг учинчиси деган сўзлари тўғри бўлганда, ўз насронийлигига ўта ихлосли бўлган Нажоший бу гапни маҳкам ушлаган ва мусулмонларнинг илтимосини рад қилган, ҳамда Қурайш элчиларига ёрдам берган бўлар эди. Лекин биз бунинг аксига гувоҳ бўлдик - Нажоший Қуръондан ва унинг Ийсо ҳақидаги оятларидан иборат эшитган нарсаси ҳақида атрофидаги аъёнлари ва Инжил уламолари гувоҳлигида: "Шубҳасиз бу (Куръон) билан Ийсо ибни Марям келтирган нарса бир "чироқдон"дан чиқаётир", деганини   кўрдик.   Бундан   маълум   бўладики, пайғамбарларнинг барчаси ягона ақида билан келганлар. Улар бу ақида атрофида бир-биридан соч толасича ҳам ихтилофли бўлмаганлар. Аҳли Китобларнинг ихтилофи эса уларга илм берилгандан кейин ўзларининг ҳузуридан қўшимчалар киритишгани сабаблидир.



Учинчи далолат: ҳожат тақозо қилганда мусулмонлар ғайридинларнинг ҳимоясига киришлари дурустдир. Ўз ҳимоясига олувчилар Нажоший каби аҳли Китоблардан бўладими, (У кейин мусулмон бўлган) ёки мусулмонларга Ҳабашистондан қайтаётганларида ҳимоячилик қилган мушриклардан бўладими, фарқсиздир. Бунга мисол қилиб Пайгамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толибни ёки у зот Тоифдан қайтган пайтларида Мутъам ибн Адийнинг ҳимоясида Маккага кирганларини келтиришимиз мумкин.

Лекин бундай ҳимоя Исломий даъватга зарар етказмаслиги, дин аҳкомларини  ўзгартирмаслиги ёки баъзи ҳаром ишларга сукут қилишга мажбур қилиб қўймаслиги лозимдир. Акс ҳолда мусулмон инсон бундай ҳимоя остига кириши асло дуруст бўлмайди. Абу Толиб Расулуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломдан ўз ҳолига қўйишини, унга кучи етмайдиган нарсани    юкламаслигини, мушрикларнинг олиҳаларига нисбатан ёмон сўз айтмаслигини талаб қилганда, у зот амакиларининг ҳимоясидан чиқишга ҳаракат қилганликлари ва айтилиши лозим бўлган нарсалардан сукут қилишни маъқул кўрмаганлари фикримиз далилидир.

Рамазон Бутийнинг

"Сийратни англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Ҳабашистондаги уруш