loader
Foto

Ҳабиб Аъжамий

Ҳабиб Аъжамий Шарқ тасаввуфининг буюк намояндаларидандир. Унинг риёзату мужоҳадаси бениҳоя, сидқ ва каромат соҳиби, сирлар маҳрами, қуббаи ибрат валийси бўлган. Басрада сарватманд оилада туғилган. Отасидан катта бойлик мерос қолгани учун ана шу маблағни одамларга қарзга бериб, фойда эвазига судхўрлик билан кун кечирган.

Унинг Ҳақ йўлига кириши ва тавбасига сабаб шуки, бир қарздорнинг уйига қарз ундиргани бориб, пул топиб бера олмагани учун ундан оёқ ҳаққи эвазига бир парча этни зўрлаб ундирган. Уйга келгач, хотинига этни бериб, овқат тайёрлашини буюрган. Хотин этни пиширган. Шу пайт тиланчи Ҳабибнинг эшигини тақиллатиб, «Аллоҳ йўлига бирор нарса бер» деб сўрайди. Ҳабиб уни ҳайдаб юборади. Тиланчи ноумид ва маҳрум бўлиб қайтади. Ҳабибнинг хотини овқат сузмоқчи бўлиб, қозонни очади. Қозон қип-қизил қонга тўлганини кўриб, фарёд қилади ва эрини чақиради.

Ҳабиб дейди:

- Тиланчини ноумид қилганимиз учун мана шу балога йўликдик.

Ҳабибнинг кўнглига ўт тушиб, қилган ишидан пушаймон бўлади. Эртасига барча қарзларидан кечади. Фрот дарёси қирғоғига келиб, ўзига ибодатгоҳ қуради. Шу ерда ўтириб, тоат билан машғул бўлади. Кечалари тонг отгунча ухламай ибодат қилади. Қуръонни дуруст ўқий олмаса ҳам, шарҳлашда бениҳоя гўзал фиросат соҳиби эди.

Басрада қаҳатчилик бўлган пайтда фақирларнинг қорнини тўйдирди. Унинг бир ҳамёни бўлиб, қачон қўл суқса, олтин танга чиқар эди. Бу азим каромат эди.

Шом вақтида Ҳасан Басрий Ҳабибнинг масжиди олдидан ўтди. Ҳабиб намозга такбир айтди. Ҳасан масжидга кирди. Ҳабиб намозга турди. Ҳасан иқтидо қилмоқчи эди.

Ҳабиб «алҳамдулиллаҳ»ни «алҳемдулиллаҳ» деб ўқиди. Ҳасан «унинг орқасида намоз ўқиш раво эмас» деб намозни танҳо ўқиди. Кечаси Ҳақ субҳонаҳу ва таолога илтижо қилди.

Ҳасан Басрий сўради:

- Эй Аллоҳим, сенинг розилигингга қандай эришай?

Ҳақ таоло деди:

- Эй Ҳасан, розилигимни топган эдинг, лекин қадрини билмадинг.

Ҳасан Басрий деди:

- Эй Аллоҳ, у нима эди?

Ҳақ таоло деди:

- Эй Ҳасан, агар Ҳабибнинг ортида намоз ўқисанг эди, бу намозинг умринг бўйи қилган ибодатларингдан афзалроқ бўлар эди. Сен ибратнинг ғайрини кўрдинг, ниятинг ростлигига боқмадинг. Зеро, «иннамал аъмалу бин нияти» - амалларнинг қабули ниятнинг ростлиги биландир.



Қурбон ҳайитига икки кун қолганда Ҳабибни Басрада кўришди. Эртаси куни Арофатда кўришди. Бунинг боиси шуки, ҳадисда «Ҳақ таоло сизларнинг сўзларингизга ва қилган амалларингизга боқмайди, лекин кўнглингизнинг ниятига боқади» дейилган. Кўнгил билан тил орасида тафовут ва фарқ бисёрдир.



Ҳасан Басрий Ҳажжож ибн Юсуфнинг мулозимларидан беркиниб, Ҳабиб Аъжамийнинг масжидига яширинди. Мулозимлар Ҳабибнинг эшигини тақиллатиб, ундан сўрашди:

- Бугун Ҳасан Басрийни кўрдингизми?

Ҳабиб деди:

- Кўрдим.

Сўрадилар:

- Қаерда кўрдингиз?

Ҳабиб деди:

- Масжидга кирди.

Масжидга кириб, ҳарчанд қидирсалар ҳам Ҳасанни топа олмадилар. Неча марта қўллари унга тегса ҳам, Ҳасанни кўра олмай, ноилож ортларига қайтдилар.

Ҳасан Басрий Ҳабибга зорланиб деди:

- Эй Ҳабиб, нима учун устозлик ҳаққини сақламай, душ-манларга нишон бердинг?

Ҳабиб деди:

— Эй устоз, менинг рост сўзларим туфайли иккимиз ҳам халос бўлдик. Агар ёлғон сўзлаганимда, иккимизга ҳам қийин бўлар эди.

- Эй Ҳабиб, сен қайси дуони ўқидингки, мени улар кўра олмадилар?

Ҳабиб айтди:

— Ун маротаба «Оят ал-курсий» ва ўн маротаба «Омин ар-росул» ва ўн маротаба «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқидим ва дедим: «Худовандо, Ҳасанни Узингга топширдим».



Ҳасан Басрий дарё лабига келиб, кемада ўтиш андишасида ўтирган эди. Ҳабиб етиб келди.

Ҳабиб айтди:

- Эй имом, не важҳдин тўхтаб турдингиз?

Ҳасан Басрий деди:

— Кемани кутяпман.

Ҳабиб деди:

- Устоз, бу илмни сиздан ўргандим. Халойиққа ҳасад қилишни кўнглингиздан чиқаринг ва дунёдан кўнгилни узинг. Хуцойи таолодан келган балони ғанимат билиб, барча ишни Худодан кўринг. Кейин дарёга қадам қўйинг ва ўтинг.

Ҳабиб сувга қадам қўйди-да, ўтиб кетди. Ҳасан беҳуш бўлиб йиқилди. Ҳушига келгач, сўрадилар:

- Эй имом, сизга нима бўлди?

Ҳасан деди:

- Ҳабиб мени шогирдим эди, бу вақтда менга маломат ва эътироз қилди ва дарёдан ўтиб кетди. Мен дарёдан ўта олмадим. Қиёмат куни Сирот кўпригидан ўтинглар, десалар, ҳолим нима кечади?



Ҳасан айтди:

- Эй Ҳабиб, бу мартабани қандай топдинг?

Ҳабиб айтди:

- Сиз қоғоз юзини қора қилган илм билан менинг кўнглим саҳифаси оқарди. Сиздан ўрганганларимга амал қилганим учун бу мартабани топдим.

Ҳасан йиғлаб деди:

- Бошқаларга фойда келтирган илмим менга фойда этмади.

«Ҳабиб Аъжамийнинг даражаси Ҳасан Басрийнинг даражасидан баланд экан» деган шубҳага ўрин йўқ. Чунки Худо йўлидаги ҳеч бир мақом ва мартаба илмнинг мақом ва мартабасидан зиёда бўлмайди. Бунинг тасдиғини «Қул Рабби золини уламом» (Айтгил, эй Муҳаммад (с.а.в.), Парвардигоро, менга бу илмни зиёда қилғил) деган оят тасдиқлайди. Машойихлар китобида каромат ўн тўртинчи мартабада, тариқат илми ўн саккизинчи даражададир. Каромат кўп риёзатдан, илм эса тафаккурдан пайдо бўлади.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан

 

 

 

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Увайс Қараний

Сўфи Аллоҳёр

Довуд Тойи Ал-Балхий