loader
Foto

Муовия розияллоҳу анҳуга байъат қилиниши

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳунинг халифаликдан воз кечиши билан Муовия розияллоҳу анҳу халифалик бошқарувини қўлига олди. Ҳижрий 41/ми-лодий 661 йили унга байъат қилиниб, бу йил ислом тарихида “жамоат йили” деб номланди. Шундан сўнг низолашувчи икки томон ягона халифага рози бўлдилар. Албатта, бу ўринда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳасан розияллоҳу анҳу фазилати ҳақида айтган сўзлари ҳақ экани амалда намоён бўлди. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтган эдилар: “Мана бу ўғлим, саййиддир! Шоядки, Аллоҳ у ила мусулмонлардан икки тоифанинг орасини ислоҳ қилса”. (Бухорий ва Термизий ривоят қилишган).

Муовия розияллоҳу анҳуга шу даврда ҳаёт бўлган барча саҳобалар байъат қилди. Имом Авзоийдан келтирилган ривоятда айтилишича, Муовия розияллоҳу анҳуга Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалар байъат қилдилар.

Муовия розияллоҳу анҳунинг бу амалга ўтириши билан халифалик янги босқичга ўтди. Шу вақтгача халифаликка кенгаш асосида муносиб киши танлаб олинган эди. Шунингучун улар “рошид (тўғри йўл тутувчи) халифалар” дейилган. Бироқ Муовия ибн Абу Суфён даврида бу одат ўзгарди. У халифаликни ўғли Язидга қолдирди. Бир сўз билан айтганда, халифалик отадан болага мерос бўлиб ўтувчи - монархия кўринишини олди. Шундай бўлса-да, умавийлар ва ундан кейинги сулолалардан бўлган халифалар “рошид халифалар” каби халифа бўлишга ҳаракат қилдилар. Уларнинг баъзилари бундан истисно қилинса-да, аксар қисми ислом жамияти ривожи учун жон куйдирди. Уларнинг энг афзали Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудир. У илмли, тақволи ва одил раҳбар эди. Бу ҳақда Ибн Халдун шундай дейди: “Халифалик кенгаш тизимидан асабийя (қариндош-уруғчилик)га ўзгарган бўлса ҳам, унинг ислом шариатига асосланган мақсад ва вазифалари ўзгармади”.

Муовия ибн Абу Суфён халифалиги даврида ўзаро ички урушлар ва византияликларнинг бой берган ўлкаларини қайтариб олиш ҳаракатига барҳам берилди. Мусулмонлар яна фатҳ юришларини бошлади. Халифа Муовия ҳар томонлама бирдамликка эришишга ҳаракат қилди. Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳу тарафида кураш олиб борган кишиларга омонлик берди. Хусусан, Қайс ибн Саъд(Қайс ибн Саъд - Саҳобий, Расулуллоҳ соллалоху алайҳи ва саллам даврларида ансорлар байроғини кўтарувчи бўлган. Али розияллоҳу анҳу даврида 656-657 йиллари Мисрда волий бўлган. Сўнг вазифасидан олиниб Ироққа халифанинг ҳузурига қайтарилган. Сиффин жангида марказий қўшин қўмондони бўлган. Муовия розияллоҳу анҳу халифа бўлгач, Мадинага қайтган ва ўша ерда 677 йили вафот этган.) ва унинг қўшинига нисбатан айни йўлни тутди. У Али розияллоҳу анҳу томонидан Озарбайжонга жўнатилган эди. Ҳасан розияллоҳу анҳу халифалиқцан воз кечганидан сўнг, Қайс ибн Саъд одамлари билан Муовия ибн Абу Суфёнга қарши курашишга қарор қилди. Халифа мактуб ёзиб ундан ўзи хоҳлаган нарсани ёзиб беришини сўради. Амр ибн Осс халифани бу қароридан қайтармоқчи бўлса-да, у ўз сўзида туриб олди. Қайс ибн Саъд ўзи ва одамларига омонлик беришини сўради. Муовия розияллоҳу анҳу уларга омонлик берди.

Халифа Муовия даврида ички низоларнинг бартараф этилиши фатҳ юришларининг қайтадан жонланишига сабаб бўлди. Уларда Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу, Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу каби саҳобалар қатнашди.

Муовия розияллоҳу анҳу Усмон ибн Аффонни ўлдирган фитначиларни жазоламади. Куфа ва Басра вилоятларида жойлашган бу гуруҳ вакиллари ўз вилоятларида бошқарув заифлашса, турли фитналар чиқаришар, қаттиққўл бошқарув остида жим юри-шар эди. Шунинг учун бу икки минтақа волийлари қаттиққўллик билан иш юритишга ҳаракат қилди. Муовия розияллоҳу анҳу халифалиги даврида сиёсий барқарорлик ва ижтимоий тотувликка эриша олди.

С.Умматалиевнинг

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан