loader
Foto

Тақлид ва ижтиҳод ҳақида бир ҳакимона гап

Ашраф Али Таҳонавий айтадилар: «Мутаассиб бўлмаган бир бемазҳаб одам менинг олдимга келган эди, унга шундай дедим: «Тақлиднинг, яъни мазҳабга эргашишнинг мадори яхши гумондир.

Бир одам ҳақида «Бу киши дин ишида бирор гапни шаръий далилсиз гапирмайди» деб, ғолиби (кучли) гумон билан гумон қилинса ва шунга биноан унга эргашилса, мана шу тақлиддир. Гарчи у киши масаланинг бирор далилини айтиб бермаса ҳам. Бирор олим ҳақида мана шу гумон бўлмаса, у киши далилни баён қилиб берганда ҳам, гапига шубҳа қилинаверади. Мана кўринг, Ибн Таймия ўзининг баъзи фатво ва рисолаларида, масалан «Мазолим» рисоласида фақат ҳукмларни ёзади, бирорта ҳам далил келтирмайди. Бироқ мазҳабсиз кишилар «Бу одам далилсиз гап гапирмайди», деган эътиқодлари борлиги учун у кишининг гапига эргашаверадилар. Шундай экан, ҳанафийлар ҳам «Бу киши далилсиз гап гапирмайдилар», деган эътиқод билан Имом Абу Ҳанифа айтган масалаларга амал қилишга ҳақлари бор».

Кейин яна шундай дедилар: «Бу тенглик, баробарлик ҳақидаги гап эди, яъни бемазҳаб кишилар Ибн Таймиянинг гапларини далилсиз қабул қилганидек, ҳанафийлар ҳам яхши гумонга биноан Абу Ҳанифанинг гапларини бедалил қабул қилишга бемазҳаб кишилар билан баробар ҳақлари бор. Лекин мен янада олдинроққа чиқаман ва бир мисол билан Ибн Таймиянинг ижтиҳоди билан Имом Абу Ҳанифанинг, балки у кишининг мужтаҳид бўлган шогирдларининг ижтиҳоди орасидаги фарқни тушунтириб бераман.

Ибн Таймия «Китобул мазолим»да ёзадики, бир даврнинг султони томонидан шаҳар аҳлининг зиммасига золимона би-рор солиқ солинса, ундан ўзини сақлаш, олиб қочиш мутлақ жоиз эмас. Балки бунинг тафсилоти бор. Агар бирор хос маблағ умумий микдорда белгиланмаса, балки ҳар бир кишига алоҳида маълум миқдордаги маблағ солиқ қилиб белгиланган бўлса, бундай соликдан ўзини олиб қочиш жоиз. Агар «Бутун шаҳар муайян бир микдордаги пулни йиғиб беради», деб айтилган бўлса, у ҳолда ўзини сақлаш, олиб қочиш жоиз эмас, чунки бир киши қочса, унга тўғри келиб турган ҳисса бошқа мусулмонларнинг зиммасига тушиб қолади, яъни солиқчилар кўпроқ зулм қилишга мубтало бўладилар, солиқдан қочган одам эса бунга сабаб бўлади.

Бунинг қаршисида ҳанафий фақиҳлар айтадилар: «Бу зулмдан сақлана олган кишининг сақланиши мутлақо жоиздир. Бу киши қочгани туфайли ортиқча, яъни у тўлаши керак бўлган солиқ бошқа мусулмонларнинг зиммасига тушишига ҳақиқатда ҳам сабаб шу одам. Лекин бу амалий зулмнинг бевосита бажарувчиси у одам эмас, балки султон ёки унинг ноибидир. Уз ихтиёри билан ишни бевосита амалга оширувчи бор бўлганда иш сабабга нисбат берилмайди. Шунинг учун юқоридаги масалада ҳам ортиқча зулмнинг гуноҳкори султон ёки унинг ҳукми билан пул ундирган ноиб ҳисобланади. Энди инсоф билан айтинг-чи, кимнинг ижтиҳоди яхшироқ экан?»

Шунда мазкур бемазҳаб олим очиқ-ойдин: «Бешак, Ибн Таймия бу даражага етиб бормаган», деб эътироф қилди.

Кейин ҳазрат айтдилар: «Ҳанафийларнинг мазкур ижтиҳодига мен бир ҳадисдан далил ҳам келтираман: Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишнинг фазилатларини баён қилатуриб, «Орзуим шуки, Аллоҳ йўлида ўлдирилсам, сўнг тирилтирилсам, сўнг ўлдирилсам, сўнг тирилтирилсам», деганлар.

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ўлдирилишларини орзу қилиб, дуо қилмоқдалар. Бунинг учун эса кимдир у зотга қотил бўлиши керак. Бу ҳам маълумки, у зотнинг қотили аъло даражадаги кофир ва жаҳаннамий бўлади. Демак, Пайғамбар алайҳиссалом бу дуо билан бир кишининг жаҳаннамий бўлишига сабаб бўлган ҳисобланадилар. Агар буни гуноҳ десангиз, бу - исматга, яъни «пайғамбарлар гуноҳ қилмайдилар», деган гапга хилоф бўлиб қолади. Бунга қуйидаги жавобдан бошқа жавоб бўлиши мумкин эмас: «Бир иш ўз ихтиёри билан бевосита бажарувчи одам бўлмагандагина сабабга нисбат берилади».

Кейин яна айтдилар: «Баъзи бемазҳаблар шундай дейдилар: «Биз тақлиддан (фақат бир кишининг мазҳабига эргашишдан) нафратланамиз. Ахир тақлид қилиш жоиз десак, ўзи тақлид қилмаган, мазҳабсиз кишига тақлид қилиб, эргашамизми? Чунки Имом Абу Ҳанифанинг маълум бир олимга тақлид қилмагани аниқ».

Кейин айтдилар: «Имом Абу Ҳанифанинг тақлидни тарк қилишлари ўзлари мужтаҳид олим бўлганлиги учун жоиз эди. Ҳозирги кундаги илмсиз ёки оддий араб тилини билувчилар ўзини имом Абу Ҳанифага ўхшатиб, тақлид қилмасликлари улар учун хатодир».

Муҳаммад Шафеъ Усмонийнинг

"Мажолиси ҳакимул умма" китобидан