Унга “Зулқарнайн” (Икки шохли) исми берилишининг сабаби
Зулқарнайнга "Зулқарнайн" (икки шохли) исми берилишининг сабаби борасида турли фикрлар илгари сурилган.
Бир ривоятга кўра, бошида шохга ўхшаган иккита бўртиқ бўлгани важидан унга (икки шохли деган маънога келадиган) Зулқарнайн исми берилган.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ: "Зулқарнайннинг бошида мисдан иккита шох бор эди", деганлар. Аммо бу заиф бир фикрдир.
Аҳли китобдан баъзилари айтадиларки, форслар билан византияликлар ҳукмдори бўлгани учун унга Зулқарнайн исми берилган.
Бошқа бир ривоятга кўра эса, Зулқарнайн қуёшнинг шарқдаги ва ғарбдаги шохларига етишгани учун бу исмни олган. Чунки у Шарқ билан Ғарб орасидаги ҳар бир жойга соҳиб бўлгандилар. Шу сабабли Зулқарнайн исмини олган, дейдилар. Зуҳрийга оид бу фикр аввалги фикрга нисбатан ҳақиқатга яқинроқ.
Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ: "Зулқарнайннинг иккита ўрилган сочи бор эди. Улар бўйнига ўралиб турарди. Шу сабабли унга Зулқарнайн исми берилган эди", деганлар.
Исҳоқ ибн Бишр эса Абдуллоҳ ибн Зиёд ибн Самъан орқали, у киши Амр ибн Шуайб орқали, у отаси Шуайб орқали, у бобоси Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг шундай деганларини ривоят қилган: "Зулқарнайн бир золим ҳукмдорни Аллоҳга имон келтиришга даъват қилди. Ҳукмдор унинг шохларидан бирини уриб синдирди. Кейин Зулқарнайн яна уни Аллоҳга имон келтиришга даъват этди. Ҳукмдор иккинчи шохини ҳам синдириб парчалади. Шунинг учун ҳам Зулқарнайнга ("икки шохли" маъносида келадиган) Зулқарнайн исми берилди".
Саврий бизга Ҳабиб ибн Абу Собитдан, у эса Абут-Туфайл орқали Али ибн Абу Толиб розияллоху анҳунинг шундай деганларини ривоят қилган;
'Али розияллоҳу анҳудан Зулқарнайн ҳақида савол сўрашди. Али розияллоҳу анҳу: "Зулқарнайн Аллоҳ йўлида насиҳат қиладиган бир қул эди. Инсонларга Аллоҳ йўлида насиҳат қилар эди. Қавмини Аллоҳга имон келтириш учун даъват қилди. Кейин унинг бир шохига урдилар. У ҳам ўлди. Аллоҳ уни яна тирилтирди. Қавмини яна Аллоҳга имон келтиришга даъват қилди. Улар бу сафар унинг иккинчи шохига урдилар. Шу сабабли унга ("икки шохли" маъносидаги) "Зулқарнайн" исми берилди."
Шуъба эса буни худди шу шаклда Қосим ибн Баззадан, у киши эса Абут-Туфайл орқали Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Абут-Туфайл орқали келган ривоятларнинг баъзиларида Али розияллоҳу анҳу Зулқарнайн тўғрисида шундай деганлар: "Зулқарнайн на бир набий, на бир расул, на бир фаришта эди. У фақатгина солиҳ бир қул эди".
Зулқарнайннинг асл исми нима эди?
Зулқарнайннинг асл исми тўғрисида ихтилофлар бор.
Зубайр ибн Баккор Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шундай деганларини ривоят қилганлар: "Зулқарнайннинг асл исми Абдуллоҳ ибн ад-Даҳҳок ибн Маъд эди".
Бир ривоятга кўра, Зулқарнайннинг тўлиқ исми Мусъаб ибн Абдуллоҳ бўлган.
Бир ҳадисда келтирилишича, Зулқарнайн ҳим-ярликлардан бўлган. Онаси румлик (византиялик) аёл эди. Ақлли одам бўлгани учун уни "Файласуфнинг ўғли" деб атаганлар.
Исҳоқ ибн Бишр эса Саид ибн Бишр орқали Қатода раҳимаҳуллоҳнинг шундай деганларини ривоят қилган: "Искандар Зулқарнайннинг ўзгинасидир. Отаси қайсарларнинг(Қайсар: Рум/Византия қиролларига берилган унвон.) энг биринчисидир. У Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли Сомнинг авлодидан.
Иккинчи Зулқарнайнга келсак, унинг исми қуйидагича: Искандар ибн Филип ибн Мусарям ибн Ҳермес ибн Ҳердес ибн Майтон ибн Румий ибн Лантий ибн Юнон ибн Ёфас ибн Нуна ибн Сарҳон ибн Рома ибн Сарнат ибн Тавфил ибн Румий ибн Асфар ибн Яфаз ибн ал-Ис ибн Исҳоқ ибн Иброҳим ал-Халил алайҳиссалом".
Худди шундай Ҳафиз ибн Асокир ҳам "Тарихи Дамашқ" номли асарида македониялик Искандар Зулқарнайнга нисбат берган. У Мисрдаги Искандария шаҳрини қурдирган ҳукмдор. Бу Искандар биринчи Искандардан анча кейин туғилган. Яъни, Исо алайҳиссалом туғилишларидан қарийб 300 йил аввал дунёга келган. Файласуф Аристотел унинг вазири эди. Айтилаётган бу Искандар, Доро ибн Дорони ўлдириб Форс ҳукмдорларини ҳокимияти остига олган ва уларнинг мамлакатларига соҳиб бўлган.
Бу масалага шунинг учун эътибор қаратдикки, кўпчилик инсонлар икковини битта одам бўлган, деб ўйлайдилар.
Қуръонда зикр қилинган Искандарни ўша Аристотел вазирлик қилган Искандар деб ўйлашади. Бу катта хатодир.
Биринчи Искандар имонли, солиҳ бир қул, адолатли ҳукмдор эди. Вазири эса Ҳизр алайҳиссалом бўлган. У бир набий эди. Буни аввалроқ айтиб ўтдик.
Иккинчи Искандарга келсак, у мушрик эди. Вазири эса бир файласуф бўлган. Иккови яшаган давр оралиғида 2000 йилдан кўпроқ вақт бор. Бу иккови ўртасида ҳеч қандай ўхшашлик ва савия тенглиги йўқдир.
Қуръонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Сендан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар"(Ал-Каҳф, 18/83) дейилишининг сабаби шуки, қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илмини ўлчаш ва у зотни имтиҳон қилиш учун маслаҳат сўраб яҳудийларга мурожаат қилишганида улар: "Муҳаммаддан ер юзини бошдан оёқ айланиб чиққан одам (яъни, Зулқарнайн)нинг кимлигини ва Асҳоби Каҳф ҳақида сўранг!" деб маслаҳат бердилар.
Шунда Аллоҳ таоло Асҳоби Каҳф билан Зулқарнайн қиссалари баён қилинган оятларни туширди. Шу сабабли Аллоҳ таоло дейди: "Айтгинки, сизларга ундан хабар бераман!" (Каҳф сураси, 83-оят). Яъни, унинг ҳолатини сизларга англатадиган маълумот бераман. Аллоҳ таоло бу хусусда яна шундай дейди: "Биз уни ер юзида кучли қилдик ва унга барча нарса учун бир сабаб (чиқиш йўли) бердик", (Каҳф сураси, 84-оят).
Яъни, "Зулқарнайннинг ўлкалардаги ҳокимият чегараларини кенгайтирдик. Режалаштирган буюк мақсадларига ва муҳим натижаларга эриша олиши учун, истаганини қўлга кирита олиши учун унга ҳокимият қуришда ёрдам берадиган асбоб ва воситаларни бердик".
Қутайба эса Абу Авона орқали, у киши Симак орқали Ҳабиб ибн Ҳаммод раҳимаҳуллоҳнинг шундай деганларини ривоят қилган:
"Мен бир куни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ёнларида эдим. Бир одам у зотдан Зулқарнайннинг қандай қилиб Шарқу Ғарбни қўлга киритгани ҳақида сўради. Али эса унга:
"Булутлар унинг амри остига берилди. Сабаблар унинг учун кўпайтирилди. Ойдинлик у учун ёйилди. Истасанг, сенга яна кўпроғини айтиб бераман!" деб жавоб бердилар.
Шунда савол сўраган одам жим бўлди. Али ҳам жим бўлдилар".
Абу Исҳоқ ас-Сабиий эса Амр ибн Абдуллоҳ ал-Вадиий орқали Муовиянинг шундай деганларини ривоят қилган:
"Ер юзига тўрт киши ҳоким бўлди. Улар: Довуд алайҳиссаломнинг ўғли Сулаймон алайҳиссалом, Зулқарнайн, Ҳулвон (Ҳилван) халқидан чиққан бир одам ва яна бир бошқа одам." Кейин Муовия ҳазратларидан:
"Ҳизр алайҳиссалом ҳам ер юзига ҳоким бўл-ганлардан эмасми?” деб сўрашди. У зот:
"Йўқ!" деб жавоб бердилар.
Зулқарнайн қачон ва қанча муддат ҳукм сурган?
Зубайр ибн Баккор Иброҳим ибн ал-Мунзир орқали, у киши Муҳаммад ибн ад-Даҳҳок орқали, у отаси Даҳҳок орқали Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳнинг шундай деганларини ривоят қилади:
"Менга етиб келган хабарга қараганда, ер юзининг барча қисмига тўрт одам соҳиб бўлган. Буларнинг иккиси мўъмин ва иккиси кофир эди. Мўмин бўлганлари Сулаймон алайҳиссалом билан Зулқарнайн эди. Кофир бўлганлари эса Намруд билан Буҳтуннаср эди".
Саид ибн Башир ҳам худди шу гапни айтганлар.
Исҳоқ ибн Бишр эса Саид ибн Абу Аруба орқали, у киши Қатода орқали Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳнинг шундай деганларини ривоят қилган:
"Зулқарнайн Намруддан кейин ҳукм сурган ҳукмдордир. У мусулмон ва солиҳ бир одам эди. Шарққа ва Ғарбга борди. Аллоҳ унинг ажалига сабр берди ва унга ёрдам қилди. Ниҳоят, у мамлакатларни ўз ҳукми остига олди. Кўп молу дунё эгаси бўлди. Шаҳарларни фатҳ этди, одамларни ўлдирди. Шаҳарларда ва қалъаларда айланди. Йўлида давом этди. Ниҳоят, Шарққа ва Ғарбга юришлар қилди.
Исҳоқ дейди: "Муқотилнинг маълум қилишича, Зулқарнайн шаҳарларни фатҳ қилар ва хазиналарни тўплар эди. Динига ва ўзига эргашган одамларга зарар бермасди, аммо эргашмаганларни ўлдирарди".
Зулқарнайнга “йўл” (сабаб) берилишининг маъноси
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ, Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ, Иқрима раҳимаҳуллоҳ, Убайд ибн Яъло раҳимаҳуллоҳ, Суддий раҳимаҳуллоҳ, Қатода раҳимаҳуллоҳ ҳамда Даҳҳок раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг:
"Унга барча нарса учун бир сабаб (чиқиш йўли) бердик" (Каҳф сураси, 84-оят) оятида келган "сабаб (йўл)" сўзини "илм" дея талқин қилганлар.
Қатода раҳимаҳуллоҳ ва Матар ал-Варроқ раҳимаҳуллоҳ фикрича, юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ер юзининг ишоратларини, бекатларини, тўхташ жойларини, изларини ва асарини унга ўргатгани ва кўрсатганини айтмоқда.
Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Аслам раҳимаҳуллоҳ ҳам бу билан боғлиқ ҳолда шундай деганлар: "Аллоҳ таоло Зулқарнайнга халқларнинг тилларини ўргатдик, демоқда. Чунки Зулқарнайн қайси жамоат билан жанг қилса, албатта уларнинг тилида хитоб қилар эди”.
Саҳиҳ фикрга кўра, Зулқарнайн ўз мақсадига эришиш учун зарур барча имкониятларга соҳиб бўлган эди. У ҳар бир шаҳар ва ўлкадан бошқа шаҳар ва ўлкалар аҳолисига етадиган, ўзига ҳам кифоя қиладиган миқдорда ашёлар ва озиқ-овқатлар оларди.
Аҳли Китобдан баъзилар маълум қилишича, Зулқарнайн 1600 йил давомида ер юзида айланиб юрган ва ер юзи халқини ягона ва шериксиз Аллоҳга имон келтиришлари учун даъват қилган. Аммо бу муддат борасида ихтилофлар бор. Аллоҳ тўғрисини яхшироқ билади.
Зулқарнайннинг Қуёш ботадиган жойга юриш қилгани
Аллоҳ таоло Каҳф сурасининг 85-86-оятларида шундай дейди:
"У (Зулқарнайн) яна бир йўлга чиқди. Ниҳоят қуёш чиқадиган тарафларга етгач...".
Зулқарнайн шундай бир жойга етдики, ҳеч бир одам у ердан узоққа бора олмасди. У ерга борганида Атлантика океани қирғоғида тўхтади.(Тафсирларда нақл қилинишига кўра, Зулқарнайн Ғарбда Атлантика океанига ёки Қора денгизга қадар етиб борди. У ерда қуёшнинг денгиз уфқида ботишини томоша қилди. Қуёш туманлар билан қопланган денгиз уфқида гўёки балчиқли бир сув кўзасига ботаётгандек кўринди. Қуръон бу ерда географик ва космографик маълумот бермаяпти, балки томоша қилувчининг уфқда кўрганини тасвирлаяпти.) У ерда "Ҳалидад” дейиладиган ороллар бор эдики, улар узунлик (меридиан) ўлчамларининг энг бошидадир. Бу ер астрономия олимларининг икки фикридан биринчисига тўғри келади. Аввалроқ маълум қилинган иккинчи фикрга кўра, Зулқарнайн бу денгиз соҳилида тўхтади. У "Унинг қора бир балчиққа ботаётганини кўрди" (Каҳф сураси, 86-оят), яъни ўзининг фикрича, қуёш денгизга ботаётганини кўрди. Чунки қирғоқда турган кишига ботаётган қуёш худди денгизга чўкаётгандек туюлади. Чиқаётган қуёш ҳам денгиздан ёки унинг қирғоғидан чиқаётгандек кўринади. Шунинг учун оятда "ботаётганини кўрди” ифодаси келтирилган.
Акси бўлганида эди, "Бир қараганида - қуёш қора балчиқли бир сувга ботаётган эди" дейилган бўларди. Аммо бундай бир ифода ишлатилмаган.
Каъб ал-Ахбор айтишларича, Каҳф сурасининг 86-оятида келтирилган "ҳамия” калимаси "қора балчиқ” демакдир.
Бошқа бир ривоятга кўра эса "иссиқ сув" маъносида ишлатилади. Бунинг сабаби шуки, сув қуёш ботаётган вақтда қуёшнинг иссиқлиги ва нурлари яқинлашганлиги учун исиган бўлиши мумкин, чунки бу вазиятда қуёшнинг нурлари тўсиқсиз равишда сувга тушади.
Имом Аҳмад ибн Ханбал бизга Язид ибн Ҳорун орқали, у киши Аввом ибн Ҳавшаб орқали, у ҳам Абдуллоҳ ибн Амрнинг озод қилган бир қули орқали Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг шундай деганларини ривоят қилган: "Қуёш ботаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб турдилар ва: "Аллоҳнинг қизғин (яъни "ҳамия”) оташига ботди. Агар Аллоҳнинг амри билан бу қуёш тўсилмаса эди, ер юзидаги барча нарсани ёқиб юборар эди!" дедилар".
Бу ҳадисда бир ғариблик бор. Чунки иснодида исми номаълум мубҳам (тушунарсиз) бир одам келтирилган. Шу борис ҳадиснинг марфуъ эканлиги баҳслидир. Мазкур ҳадис мавқуф ҳолда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг сўзлари бўлиши мумкин. Чунки Ярмуқ жанги куни Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ўтмишдагиларнинг икки сандиқ китобини қўлга киритган эдилар. Кейинчалик бу китоблардан бир қанча нақл қилганлар.
Баъзи қиссачиларнинг даъволарига кўра, Зулқарнайн қуёш ботадиган жойдан бошқа жойларга кетган ва қўшинлари билан узоқ масофали қоронғуликлар ичига кирган. Лекин буни айтган одамлар хато гапирганлар. Фойдадан узоқ қолганлар ақлга ва нақлга зид нарсаларни айтганлар.
Зулқарнайн ҳаёт булоғини излагани
Ибн Асокир бизга Вақий орқали, у киши отаси орқали, у Мўътамир ибн Сулаймон орқали, у Абу Жаъфар орқали, у эса отаси Зайнулобидин раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилишича, Зулқарнайннинг фаришталардан Ранақил исмли дўсти бор эди. Бир куни Зулқарнайн ундан: "Ер юзида "ҳаёт булоғи" дейиладиган булоқ борми ёки йўқми?" деб сўради. У ҳам Зулқарнайнга фалон жойда "ҳаёт булоғи" дейиладиган булоқ борлигини тушунтирди. Шунда Зулқарнайн у булоқни излаб йўлга чиқди. Бу сафарда Ҳизр алайҳиссалом Зулқарнайннинг ёнида борар эдилар. Кейин Ҳизр алайҳиссалом қоронғуликлар юртидаги бир водийда у булоқни топдилар ва сувидан ичдилар. Лекин Зулқарнайн у жойни топа олмади.(Ибн Асокир, Тарихи Дамашқ, XVII, 347-347.)
Яна Ибн Асокир маълум қилишича, Зулқарнайн у ердаги бир кўшкда фаришталардан бири билан кўришдилар. Фаришта унга бир тош берди. Зулқарнайн қўшини ёнига қайтганида олимлар ундан ўша тошни сўраб олиб, тарозининг бир палласига қўйдилар. Бошқа палласига эса шу катталикдаги мингта тошни қўйишгандагина тарози мувозанатга келди. Сўнгра Ҳизр алайҳиссалом тошни Зулқарнайндан олдилар ва тарози палласига қўйдилар. Бошқа палласига эса худди шу катталикдаги бир тошни қўйдилар ва унинг устига бир сиқим тупроқ қўшиб қуйдилар. Шунда, тупроқ қўшилган тош фаришта берган тошдан оғир келди ва Ҳизр алайҳис-салом: "Одам боласи ҳам мана шундай. Бир ҳовуч тупроқ устига тушмагунича қорни тўймайди!" дедилар.
Шу гапни айтганлари учун олимлар, у зотга ҳурмат юзасидан сажда қилган эдилар.(Ибн Асокир, Тарихи Дамашқ, XVII, 349-350.) Тўғрисини Аллоҳ билади.
Зулқарнайннинг ҳакам этиб тайинлангани
Алл оҳ таоло Зулқарнайнни у ҳудудлардаги халққа ҳакам сифатида тайинлаганини шундай баён қилмоқда:
"Биз дедикки: Эй Зулқарнайн! Уларни ё жазолайсан ёки яхшилик йўлини тутасан!" Зулқарнайн уларга деди: "Ким ҳақсизлик қилса уни жазолаймиз. Кейин у Раббисининг ҳузурига қайтарилади. Раббиси ҳам унга мисли кўрилмаган бир азоб беради".(Ал-Каҳф, 18/86-87.)
Яъни, ҳақсизлик қилган киши ҳам дунё азобига, ҳам охират азобига дучор бўлади. Аввал дунё азобига учратилиши Каҳф сурасининг 87-оятида маълум қилинмоқда. Чунки дунё азоби кофирни куфрдан ва ёмонликлардан кўпроқ огоҳлантирувчидир.(Тафсирчиларнинг фикрларига кўра, Зулқарнайн соҳилда учратган қавм инкорчи бир жамоат эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уни бу қавмни жазолаш ёки тарбиялаш ва шу йўл билан яхшилик йўлига киритиш орасида эркин Қўйди.)
"Лекин имон келтириб яхши амал бажарган кишига энг гўзал ажр бор. Унга осон буйруғимизни берамиз. Имон."(Ал-Каҳф, 18/88.)
Аллоҳ таоло бу ерда энг муҳим бўлган охират савобини биринчи ўринда сўзламоқда. Оятнинг араб-ча матнида келган "иҳсан" калимаси гўзал нарсаларни охират савобига боғлаш маъносида қўлланмоқда. "Иҳсан"дан мақсад, адолат, илм ва имондир.
Зулқарнайннинг Ғарбдан Шарққа қараб йўл олгани
Кейин Аллоҳ таоло шундай дейди: "У яна бир йўлга чиқди".(Ал-Каҳф, 18/89.) Яъни, Зулқарнайн Ғарбдан Шарққа қайтиш учун янгидан йўлга чиқди.
Айтишларига кўра, Зулқарнайн Ғарбдан Шарққа қайтишида ўн икки йиллик йўл юрган.(Зулқарнайн Ғарбда ишларини битирганидан кейин Шарққа қараб йўлга тушди. Натижада, (эҳтимол) Африканинг ёки Осиёнинг шарқий қирғоқларига, Ҳинд океанига ёхуд Каспий денгизига етиб борди. Оятларнинг мазмунидан тушунишимизча, бу ерларда маданий ҳаёт шаклланмаган эди. Зулқарнайн учратган инсонлар маданиятдан узоқ бўлганликлари туфайли қуёшнинг иссиғидан ва ёмғирдан сақлайдиган кийимлар тикиб кийишни ҳам билмас эдилар. Бошпана бўладиган уйлари ҳам йўқ эди. Ерларида қуёшдан сақлай оладиган бирор ўсимлик ҳам йўқ эди.)
Зулқарнайн Шарқ томонга етиб борганида қуёш тафтидан сақланишга уринаётган бир халқни учратгани
Аллоҳ таоло Каҳф сурасининг 90-оятида марҳамат қилади: "Ниҳоят қуёш чиқадиган тарафларга етгач, унинг (қуёшнинг) бир қавм устидан чиқаётганини кўрди. Бу қавмга қуёшдан сақланиш учун кийим кийишни ва ўзларига бошпана қуришни ўргатмаган эдик".
Яъни, у қавмнинг қуёш ҳароратидан ҳимоя қиладиган уйлари ва бошпаналари йўқ эди.
Олимлардан кўпчилиги айтишадики, у қавм қуёш беҳад қиздириб юборганида ер остидаги қабрни эслатадиган ертўлаларга яширинар эди.
Зулқарнайн бажарган ҳар бир иш Аллоҳ таолога маълум бўлганлиги
Аллоҳ таоло Каҳф сурасининг 91-оятида бу борада шундай дейди: “Зулқарнайннинг куч-қудрати шунақа эди. Унинг ёнидаги ҳар қандай нарсасидан, илми ва қудратидан биз хабардор эдик".
Яъни, "биз Зулқарнайнни ер юзининг Ғарб мамлакатларидан Шарқ мамлакатлари тарафга қайтиши асносида нималар қилганини билар эдик, уни асраб ҳимоя қилар эдик".
Убайд ибн Умайр, унинг ўғли Абдуллоҳ ва бошқа салаф олимларидан ривоят қилинишича, Зулқарнайн пиёда юриб ҳажга борган. Иброҳим алайҳиссалом бу хабарни эшитиб, уни қарши олишга чиққанлар. Учрашганларида Зулқарнайнни дуо қилганлар ва унга баъзи тавсияларни берганлар.
Айтилишича, миниши учун бир от келтиришга-нида Зулқарнайн: "Иброҳим Халил алайҳиссалом бор жойда мен от минмайман!" дейди.
Аллоҳ таоло бир булутни унинг амрига беради. Иброҳим алайҳиссалом унга бу мужда (хушхабар) ни айтганлар. У қаерга боришни истаса, булут уни ўша ерга олиб борар эди.
Зулқарнайн Яъжуж билан Маъжужга учрагани
Аллоҳ таоло Каҳф сурасининг 92-93-оятларида бундай дейди:
"У (Зулқарнайн) яна бир йўлга чиқди. Ниҳоят, икки тоғ оралиғидаги бир жойга етганида, у ерда ҳеч бир гап тушунмайдиган бир қавмга дуч келди". Яъни, "Зулқарнайн билими оз бир қавм билан учрашди".( Зулқарнайн учинчи марта қўшини билан сафарга чиқди. Бу сафарнинг қайси макон-манзилга қилинганилиги Қуръонда аниқ баён этилмагани боис, тафсирчилар у Шимол тарафга бўлган, дея тахмин қилишади.)
Айтилишича, у миллат Яъжуж билан Маъжужнинг амакиваччалари бўлган турклардир. Турклар Зулқарнайнга (Яъжуж билан Маъжужни назарда тутиб] бу икки қабила ўзларига ҳақсизлик қилганини, ерларида бузғунчилик билан шуғулланганини ва йўлларини тўсганини айтиб бердилар. Кейин эса Зулқарнайндан Яъжуж-Маъжуж ва ўзлари орасида девор қуриб беришини сўраб, кўп миқдорда хирож (мол-дунё) тўплаб келдилар.(Ал-Каҳф, 18/94.) Зулқарнайн эса Аллоҳ ўзига берган кўп молу дунёсига қаноат қилиб, улар олиб келган хирожни олишдан воз кечди ва: "Раббим менга берган имкониятлар мен учун хайрлидир!" деди.(Ал-Каҳф, 18/95.)
Кейин Зулқарнайн турклардан девор қуриш учун ишчи кучи ва асбоб-анжом йиғиб келишлари-ни истади. Икки тоғ орасида ўрнатиладиган бу девор икки тарафни ажратиб турадиган тўсиқ бўлиши керак эди. Бунинг орқасида чуқур ва кенг денгизлар, қояси учини кўриб бўлмайдиган даражада баланд тоғлар бор эди.
Ниҳоят, Зулқарнайн деворни барпо қилиб бўлди. Қурилиш ашёси сифатида темир ва эритилган мисдан фойдаланди. Қўрғошин ишлатгани ҳам ай-тилган. Лекин тўғри фикр биринчисидир. Ғишт ўрнига темир, лой ўрнига эритилган мис ишлатган. Шу сабабли Аллоҳ таоло айтяпти:
"Шундан кейин Яъжуж ва Маъжуж бу девордан оша олмадилар ҳам, уни теша олмадилар ҳам."(Ал-Каҳф, 18/97.) Яъни, "у девордан нарвон ва бошқа нарсалар билан ошиб ўта олмадилар".
"... теша олмадилар ҳам."(Ал-Каҳф, 18/97.) Яъни, "у деворни(Эҳтимолки, Яъжуж ва Мажуж билан боғлиқ юқорида айтилган воқеа тарихнинг жуда эски даврларида содир бўлган. Зулқарнайн қурган девор эса тарихий изланишлар эриша олмаган ҳар қандай бир даврда ер куррасининг алмашинуви натижасида харобага айланиб, тупроқ остида қолган бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, "Раббим белгилаган вақт келганида, У бу тўсиқ деворни ер билан битта қилади” мазмунидаги Каҳф сурасининг 98-ояти шунга ишорат қилмоқда.) қазадиган, тешадиган нарсалар ва бошқа асбоблар ишлатиб ҳам тешиб ўта олмадилар". Шундай қилиб Зулқарнайн мойиллик билдирганларга яхши муомала қилган ва муаммо чиқарганларга эса шиддатли муомала қилган.
"Зулқарнайн деди: Бу Раббимнинг сизга лутфидир."(Ал-Каҳф, 18/98.)
Яъни, Аллоҳ таоло ўзининг борлиги туфайли уларга қўшни миллатлар зулм ва ҳақсизлик қилишларини тўсиб қўйдики, бу унинг қулларига бир раҳмати эди.
"Шу билан бирга, Раббим белгилаган вақт келгунича..."(Ал-Каҳф, 18/98.)
Яъни, Яъжуж билан Маъжуж охирзамонда ер юзига чиқишларини Аллоҳ тақдир қиладиган вақт келгунича "У бу деворни ер билан битта қилади."(Ал-Каҳф, 18/98.) Яъни, Раббим у деворни ер билан битта қилади ва шундай бўлиши муқаррар. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло эслатмоқда:
"Чунки Раббимнинг сўзи ҳақиқатдир."(Ал-Каҳф, 18/98.)
Аллоҳ таоло мавзу билан боғлиқ равишда бошқа бир ояти каримада шундай дейди:
"Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжужнинг олдидаги тўсиқ очилгач, улар ҳар тепаликдан оқиб келиб ҳужум қиладилар. Ва ҳақиқий ваъда қилинган қиёмат куни яқинлашганида..."(Ал-Анбиё, 21/96-97.)
Яъжуж билан Маъжужнинг чиқишига доир ҳадисларни "Тафсирул-Қуръонил азим" номли тафсир китобимизда нақл қилдик. Аллоҳнинг изни би-лан ушбу китобимиз охирига етиб борсак, уларни "Фитан ва Малоҳим бўлими"да ҳам нақл қиламиз. Буларнинг барчаси Аллоҳ таоло куч ва қувват бериши, чиройли шаклда муваффақ қилиши, ёрдами ва ҳидояти билан бўлади, иншааллоҳ...
Абу Довуд ат-Таёлисий Саврий раҳимаҳуллоҳнинг шундай деганларини ривоят қилган:
"Бизга етиб келганига қараганда, "мусофаҳа” (яъни қўл бериб, қучоқлашиб кўришиш каби аёлларга ва эркакларга хос амаллар)ни бошлаб берган энг биринчи киши Зулқарнайндир”.
Ривоят қилишларича, Каъб ал-Ахбор раҳимаҳуллоҳ Муовияга шундай деганлар:
"Зулқарнайн ўлим тўшагида ётганида онасига: "Мен ўлганимдан кейин бир таом тайёрланг. Шаҳардаги барча аёлларни бу таомга таклиф қилиб, таомни олдиларига қўйинг. Мен учун йиғлаган аёллардан бошқа ҳаммаси ўша таомдан есинлар. Фақат йиғлаганлар емасинлар!" дейди.
Онаси таом тайёрлаб, шаҳардаги барча аёлларни чақиради. Ўғлининг васиятига кўра, таомни аёлларнинг олдига қўяр экан: "Йиғлаганлар емасин, қолганлар олинглар!" деди. Кўрдики, ҳеч бир аёл таомга қўл узатмади.
"Субҳаналлоҳ! Ҳаммангиз ўғлим Зулқарнайн учун йиғладингизми?" деб сўрайди. Улар эса:
"Ҳа! Аллоҳ ҳаққи, орамизда Зулқарнайн учун йиғламаган йўқ!" дейишади.
Бу Зулқарнайннинг онаси учун бир тасалли бўлган эди."
Исҳоқ ибн Бишр бизга Абдуллоҳ ибн Зиёд орқали Аҳли Китобнинг баъзиларидан Зулқарнайннинг васиятини, онасига қилган узун насиҳатини нақл қилганлар. Бу васиятда турли ҳикматлар ва фойдали нарсалар бор.
Ибн Асокир айтади: "Менга турли йўллар билан етиб келган бир ривоятга кўра, Зулқарнайн 36 йил яшаган. Умрининг 32 йил бўлгани ҳам айтилган. Зулқарнайн Довуд алайҳиссаломдан 740 йил кейин дунёга келган. Одам алайҳиссаломдан эса 5181 йил ўтиб туғилган. Ҳукмдорлиги 16 йил давом этган."
Бу айтилган маълумотлар биринчи Искандарга эмас, иккинчи Искандарга тўғри келяпти. Иккаласини бир-биридан ажратиб тушуниш керак. Иккови битта шахс бўлганини айтганлардан бири Имом Абдулмалик Ибн Ҳишом эди. Унинг бу фикрини Ҳафиз Абул-Қосим ас-Суҳайлий шиддат билан рад ва инкор этиб, иккиси бошқа-бошқа шахсиятлар бўлганлигини таъкидлаган. Эски давр ҳукмдорларидан баъзилари, биринчисига ўхшаш учун "Искандар" исмини олган бўлишлари мумкин. Аллоҳ тўғрисини яхшироқ билади.
Ибн Касирнинг
"Қиссасул Анбиё" китобидан
Али Асқар Қосимов таржимаси