loader
Foto

Эрдўған Асадга қаттиқ зарба берди

Суриянинг шимолида “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” ва бошқа жангари гуруҳлар Ҳалаб шаҳри йўналишида тезкор ҳужумларни давом эттирмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, жангчилар Асад қўшинлари назоратида бўлган 32 та аҳоли пункти ва стратегик баландликларни эгаллашган. Жанглар Ҳалабдан 2–3 километр узоқликда кетмоқда. Бу 2022 йилдан бери Суриядаги энг йирик ҳужумлардан бири бўлиб, Башар Асад ва унинг иттифоқчилари бундай зарбага тайёр эмаслиги маълум бўлди.



M5 йўли ва унинг стратегик аҳамияти



Мухолифат стратегик аҳамиятга эга бўлган M5 автомагистралининг муҳим қисмини эгаллади. Бу йўл Ҳалаб саноат марказини Хама билан боғлайди. M5 йўлининг йўқотилиши ҳукумат қўшинларининг логистика имкониятларига катта зарба берди. Бу йўл Суриянинг шимоли ва жануби ўртасидаги транспорт алоқасини таъминлайди. Назоратни йўқотиш, ҳукумат қўшинлари учун техника ва ресурсларни ташишни қийинлаштириб, операцияларни амалга оширишда мураккаблик туғдирди.



Ҳужумнинг ташкилотчилари



Суриялик кузатувчиларнинг таъкидлашича, ушбу ҳужумда Туркия қўллаб-қувватлаган гуруҳлар, шунингдек, "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" жангчилари иштирок этган. Улар магистраль атрофидаги 20 га яқин аҳоли пунктларини эгаллаб, ҳужумни бронетехника ва артиллерия ёрдамида амалга оширишган.



Ҳукумат қўшинларининг жавоби



Сурия армияси Россиянинг ҳарбий-ҳаво кучлари ёрдамида жавоб чораларини кўрмоқда. Жангчи позицияларига ҳаво ҳужумлари амалга оширилиб, қўшимча қўшинлар олиб келинмоқда. Бироқ M5 йўлини қайта назоратга олиш жуда мураккаб вазифа бўлиб, жангчилар томонидан кучли қаршилик кўрсатилмоқда.



Ҳолатнинг ёмонлашиши



Экспертлар, M5 йўлининг мухолифат қўлига ўтиши бошқа гуруҳларни ҳужумга илҳомлантириши ва минтақадаги вазиятни янада кескинлаштириши мумкинлигини таъкидлашмоқда. M5 йўли Суриядаги 13 йиллик урушнинг ҳал қилувчи нуқтаси бўлиб қолмоқда. Йўл Дамашқни Ҳалаб билан боғлайди ва унинг назорати давлат учун жуда муҳим аҳамиятга эга.



2016 йилда Асад армияси Россия ёрдамида Ҳалаб шаҳрини қайта назоратга олган эди. 2020 йилда Россия ва Туркия ўртасидаги келишувга кўра, M4 ва M5 йўллари хавфсизлиги қўшма патруллар ёрдамида таъминланиши керак эди. Бироқ келишувнинг тўлиқ бажарилмагани Россия ва Туркия ўртасида қарама-қаршиликларни кучайтирди.



Асаднинг иттифоқчилари ва уларнинг қийинчиликлари



Асаднинг асосий иттифоқчиларидан бири бўлган Эран қўллаб-қувватлайдиган шиъа гуруҳлари ҳам оғир аҳволга тушиб қолган. "Ҳизбуллоҳ" Ливанда ва Сурияда Исроил ҳаво ҳужумларидан катта зарар кўрди. АҚШ авиацияси ҳам Хомс вилоятидаги эронпараст гуруҳлари базаларига ҳужум қилиб, кўплаб жангчиларни йўқ қилди.



Тинч аҳоли эвакуацияси



Сўнгги уч ойда Асад режимига қарши авиация ҳужумлари туфайли 70 мингга яқин тинч аҳоли Туркия чегарасига қочган. Жанглардан бир неча кун ўтгач, Туркия туркпараст кучлари, жумладан "Эркин Сурия армияси" билан бирга Ҳалаб томон ер усти ҳужумларини бошлади.

Туркиялик расмийлар ушбу ҳодисалар бўйича биринчи марта изоҳ берди. Туркия мудофаа вазирлиги матбуот котиби Зеки Оқтуркнинг таъкидлашича, Анқара вазиятни диққат билан кузатмоқда.

Туркия махсус хизматлари манбаларига кўра, ҳужумлар Россия авиация ҳужумлари ва Асад қўшинларининг Идлибга қилинган ҳужумларига жавоб сифатида уюштирилган.

Россия, ҳукумат кучлари ва милиция отрядлари вазиятни чалғитишга уриниб, ҳужумларни мухолифат операцияларини тўхтатиш мақсадида амалга оширганини даъво қилмоқда. Бироқ тинч аҳоли орасидаги қурбонлар статистикаси бу даъволарни рад этади.

Туркия манбаларига кўра, Анқара бир неча бор мухолифат контрҳужум режаларини тўхтатган. Аммо Идлибга қилинган қонли ҳужумлар Сурияликларнинг сабрини синаб бўлган.



"Идлибдаги баъзи гуруҳлар режим кучлари ва милиция отрядларини фронт чизиғидан сиғдириб чиқариш бўйича операция ўтказиш ниятини билдирдилар. Операциянинг асосий мақсади тинч аҳолига қилинган ҳужумларни тўхтатиш ва режим кучлари ҳамда милиция отрядларини минтақадан чиқаришдир. Бу контекстда Туркия бир неча бор мухолифат гуруҳлари операцияларига тўсқинлик қилди, минтақадаги кескинликни янада кучайтирмаслик мақсадида, айниқса Исроил агрессияси шароитида", — дейилади хавфсизлик хизматлари манбалари баёнотида.

Манбаларга кўра, Сурия мухолифатининг операцияси аввал чекланган кўламда бўлган, бироқ ҳукумат кучлари чекингани сари кенгайган.

"Бу ҳужумлардан сўнг Сурия мухолиф кучлари Ҳалаб йўналишида чекланган операция бошлади. Дастлаб чекланган операция сифатида режалаштирилган ҳаракат режим кучлари эгаллаган позициялардан чекингани сари кенгайди. Ҳалаб йўналишида бошланган операциянинг асосий мақсади — 2019 йилда Идлибда белгиланган деэскалация ҳудуди чегараларини тиклашдир. Ҳозирги операция 2019 йилда Туркия, Эрон ва Россия ўртасида келишилган чегараларнинг шарқий қисмида давом этмоқда", — дейилади баёнотда.

Шунингдек, баёнотда таъкидланишича, 2019—2020 йилларда Туркия, Эрон ва Россия ўртасида келишилган деэскалация ҳудуди чегаралари режим кучлари ва унинг тарафдорлари томонидан ўтказилган операциялар натижасида мухолифат зарарига ўзгартирилган. Асад қўшинларининг Идлибни тўлиқ эгаллашга бўлган уринишлари Туркиянинг тўғридан-тўғри аралашуви туфайли тўхтатилган эди.

Абу Муслим

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР