loader
Foto

Инсониятнинг бўйнидаги моддий тавқи лаънати

Cadillac, Chevrolet, Buick (Бьюик), Dodge (Додж). Янги машиналар, ҳеч бир муболағасиз, Американи тўлдириб ташлади. Маълум бир вақтдан сўнг шундай ҳолат кузатилдики, автомобиллар сотуви кескин пасайиб кетди. Бозор тўйинганди.

Тўғриси ҳам-да, агар эски машина бинойидек юриб турган бўлса, янгисининг нима кераги бор? Бекорга пул сарфлашдан кимга наф? Сотув билан боғлиқ муаммоларга дуч келгач, зўр истеъдодли маркетологлар янги, айёрона ечим топдилар: улар эски автомобиль эгаларига тўла қимматга эга эмаслик, ижобий хислатлари етарли эмаслик туйғусини сингдира бошладилар.

Автомобиль ишлаб чиқарувчилар ҳар йили янги ва янги моделлар чиқара бошладилар. Уларнинг муваффақиятлари бошқа тармоқлар тадбиркорлари: кийим-кечак, оёқ кийими, косметика ишлаб чиқарувчиларни илҳомлантирди ва руҳ жаннатга қараб елиб кетди, тўғрироғи жаҳаннамга...

Кўпинча сўнгги модага хос кийинган калтафаҳм ёшлар бундай ҳашаматга қодир бўлмаган болага қандай назар-писанд қилмаслик билан муносабатда бўлишини кўриш мумкин. Эътибор беринг, кийим-кечаклар ишлаб чиқарувчилар йилда 2 марта янги коллекция чиқаради. Экспертлар, дизайнерлар бизга «бу мавсумда яшил ранг урф бўлади» деб чексиз равишда такрорлайди. Бу нима учун қилинади? Аслида бу сотувни оширишнинг айёрона усулидир. Худди шундай, лекин қизил рангли кийимни ўтган йили сотиб олган одамлар ўзини ноқулай ҳис қила бошлайди.

Трансмиллий корпорациялар мунтазам равишда янги девайслар, кийим-кечак ва ҳ.к. чиқарган ҳолда соддадил истеъмолчи онгини манипуляция қилади. Улар рекламага йилига $500 млрд сарфлайдилар. Бу пуллар инсониятни бахтсиз қилиш учун етарли. Бу жуда улкан миқдордаги пулдир! Ер шарида очлик муаммосини ҳал қилишга эса йилига атиги $50 млрд сарфлаш зарур.

Асосий бало шундаки, биз доимо жуда яхши нарсаларни ташлаб юборишимиз керак, чунки улар модадан чиқиб қолган. Инсоният фожиаси – ўзини оқламаган орзулардир. Янги автомобиль харид қилгач, одам жуда кам фурсат хурсанд бўлади. Агар эртаси куни унинг дўстлари уникидан яхшироқ машина сотиб олса, бу қувонч фақат бир кунга татийди. Кўпчилигимиз тобора янги ва урф бўлган нарсаларга интиламиз, шу тариқа бахтсиз бўлиб бораётганимизни ҳис қилмаймиз. Каламуш пойгаси ҳаётни дўзахга, мутлақ бемаъниликка айлантирди.

Муаллиф: Николай Мартынов

Абу Муслим таржимаси