Бу йилда Усмон ибн Муҳаммад, Мадина шарафли кишиларидан бир гуруҳни Язид ҳузурига юборди. Улар Язид билан учрашиб, ундан совға олишлари, унга байъат қилишлари ва унинг муҳаббатини қозонишлари керак эди. Бу гуруҳ ўн кишидан иборат эди. Муҳожир ва ансор фарзандларидан Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг укаси Мунзир ибн Зубайр ва Абдуллоҳ ибн Ҳанзала ҳам улар орасида эди.
Язид уларга жуда катта икром ва эҳтиром кўрсатди. Мунзир ибн Зубайрга 100 000 дирҳам ҳадя қилди. Абдуллоҳ ибн Ҳанзалага эса 20 000 ёки 10 000 дирҳам берди. Ҳар бир кишининг мартабасига қараб совғалар тақдим қилди ва уларни яна Мадинага юборди.
Бироқ, бу кетганлар Язиднинг аҳволини, унинг ҳолатини тобеинлар йўлига мос келмайди деб топдилар. Мадинага қайтганларида:
— Язид каби фосиқ, осий ва динсиз одам йўқдир. Чунки у тун ва кундузи фасод ва фужур билан машғулдир, — дедилар. Давомли намоз ўқимайди. Унинг имомликка ҳаққи йўқдир. Биз унга байъат қилишдан чарчадик, зерикиб кетдик, — деб эълон қилдилар.
Абдуллоҳ ибн Ҳанзалани раҳбар қилиб сайладилар. Усмон ва Марвон ибн Ҳакамни ҳамда Мадинада бўлган барча Умавийлар авлодидан бўлганларни қўлга олиб, боғлаб, қамоққа ташладилар. Ҳазрат Али ибн ал-Ҳусайннинг ҳузурига бордилар. Уни халифа қилиш ва унга байъат беришни хоҳладилар.
Бироқ, у рози бўлмади. Чунки у отаси Ҳусайннинг бошидан ўтганларини Кербалада кўрган эди. Умматнинг вафосизлигини билади. Дунёга бўлган иштиёқи сўнган эди. У тун ва кундузини ибодат билан ўтказарди.
У қаттиқ босим остида қолганида, ниҳоят, Мадинадан чиқиб, Янбуъга йўл олди. У ерда фақат ибодат билан машғул бўлди.
Бу хабар Язидга етказилди. Ҳаддан ташқари ғазабланган Язид Нуъмон ибн Башир ал-Ансорийни чақириб:
— Бор, Мадинага бор. Ўша халққа насиҳат қил. Мен у ерга аскар жўнатишни хоҳламайман. Эркак ва қиз болаларни етим қолдиришни истамайман, — деди.
Ҳазрат Ҳусайннинг ўғли Али (разияллоҳу анҳу)га мактуб ёзиб:
— Сен бу ишда менга яхшилик қилдинг. Иншоаллоҳ, мен ҳам сенинг бу яхшилигингга мукофот бераман, — деди.
Нуъмон ҳам Мадинага келди. Язиднинг жавобини етказди. Кўп насиҳат ва ўгит берди. Аммо Мадина аҳли унга ҳеч аҳамият бермади, Нуъмонни қабул қилмади.
Нуъмон қайта орқага қайтиб, бўлган воқеаларни Язидга хабар берди. Шунда Язид Муслим ибн Уқбани чақириб:
— Ўн минг аскар ол. Мадинага бор. Имкон борича уларга яхши муомала қил ва мулойимлик билан иш тут. Ҳусайннинг ўғли Ҳазрат Алига қўлингдан келганча яхшилик қил, яхши муомала қил, иззат ва икром кўрсат, — деди.
У пайтда Муслим ибн Уқба касалланган эди. Шунда Язид унга шундай деди:
— Агар бу касаллигинг кучайиб, вазифангни бажара олмайдиган даражага борса, Ҳошин ибн Нумайрни ўрнингга валий қилиб тайинла, — деди.
Язид ўша куни Убайдуллоҳ ибн Зиёдга ҳам мактуб ёзиб:
— Кўп аскар билан Маккага бор, Абдуллоҳ ибн Зубайр билан жанг қил, — деб буюрди.
Убайдуллоҳ эса ўзига ўзи:
— Икки гуноҳ менинг зиммамга бўлмаслиги керак. Биринчиси, Ҳусайн — Аллоҳнинг Расулининг набирасидир, уни ўлдирдим, аммо бунинг миннатдорчилиги эътироф этилмади. Иккинчиси, энди аскар билан бирга Аллоҳнинг уйига бориб, Аллоҳ таолонинг уйида жанг қилайми? Бу йўқ нарса, — деди.
Язидга мактуб ёзиб:
— Мен жуда оғир касалман. Бундай ҳолда бора олмайман. Агар соғайсам, бориб амалга оширарман, — деди.
Муслим ўз аскарини олиб Мадинага келди. Уч кун Мадина дарвозасида дам олди. Кейин одам юбориб, Мадина ичида халққа насиҳат ва ўгит бермоқчи эканини маълум қилди. Аммо Мадина аҳли бунга рози бўлмади.
Мадина аҳли ҳандак қазиб қўйган эди. Улар ўз мудафаа жойларини аниқлаб, эҳтиёт бўлиб кузатиб турган эдилар. Муслим ҳам аскарларини сафга тизди. Ўнг ва чап қанотларга аскарлар жойлаштирди. Бироқ ўзи касал бўлгани учун чодирида ўтирди.
Абдуллоҳ ибн Ҳанзала эса Аббос ўғли Фазлни илгариги қўшинбоши этиб тайинлади. Чунки у Абдулмутталиб фарзандларидан бўлган, ўша куни ундан кўра ботирроқ одам йўқ эди. Абдуллоҳ ибн Ҳанзала барча аскарларининг отлиларига ортиқча мукофот бериб, ўзи ҳам улар билан бирга отлиқларга қўшилди.
У Шом аскарларига ҳужум қилди. Шом аскарларини парчалаб, ортга суриб юборди. Улар ниҳоят Муслимнинг чодиригача ортга чекинди. У ерда Муслимни топа олмади.
Муслимнинг бир қули Шом аскарларининг кийимини кийган эди. Фазл олдинга бориб, уни бир қилич билан урди. Қули иккига бўлинди. У текбир айтди ва:
— Мен Муслимни ўлдирдим! — деб бақирди.
Бу бақириш Шом аскари орасида тартибсизлик ва ғавғо келтириб чиқарди. Шунда Муслим жони-жаҳди билан бақириб:
— Мен мана бу ердаман! Сени ўлдиришим керак! — деди.
Чодирдан чиқиб, отига минди. Найзасини қўлига олди ва Шом аскарларига қараб:
— Мен билан бирга жанг қиласизларми? Агар мен билан бирга жанг қилмасангиз, мана мен сизларнинг олдингиздаман, жанг қиламан! Сизлар ҳам мен билан бирга келинг! — деди.
Шунда Фазлнинг Муслимни ўлдирмагани аён бўлди. Муслимга қарши уруш бошланди. Муслим Фазлни бир найза билан урди ва уни отидан йиқитди. Шундан кейин Авф ўғли Абдураҳмоннинг ўғли Язид олдинга чиқди. Муслим унга ҳам бир найза урди ва уни ҳам ерга йиқитди.
Шом аскарлари куч олиб, ҳужумга ўтди. Улар кўплаб Мадина аскарларини ўлдиришди. Шу тариқа Мадина аҳли мағлубиятга учради.
Абдуллоҳ ибн Ҳанзала ўзини пайёдалар (пиёда аскарлар) билан ташлаб чиқди. У пайёдалар билан сафга тизилди.
Муслим уни кўриб, афсус билан ён босиб, ўз аскарларига:
— Сизлар ҳам пиёда бўлинг! — деди.
Шом аскарлари ҳам пиёда бўлдилар. Ҳошин ибн Нумайр Ҳумс аскарлари билан бирга пиёда тушди. Камончилар олдинга ўтиб, Мадина аскарларига ўқ ёғдирдилар. Абдуллоҳ ибн Ҳанзаланинг уч ўғли бор эди. Уларнинг уччасини ҳам ўқ билан отиб ўлдирдилар.
Абдуллоҳ:
— "Ўғилларим ўлгандан кейин, бу ҳаёт менга ҳеч фойда бермайди!" — деб олдинга отилди. Шом аскарлари уни ўраб олдилар. Қаршилик қилганларнинг барчасини ўлдирдилар. Кейин Мадинага кирдилар. Шаҳарни талон-торож қилдилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари ва уларнинг ўғиллари уч кун у ерда қолдилар. Кейин тоғларга чекиндилар. Тўртинчи куни Муслим Масжидга келди:
— "Яғмани ва қатлни ман этаман. Чиқинг, эй Мадина аҳли! Байъат қилинг! Байъатга келмаганнинг қони ҳалолдир, у жазоланади, моли эса яғма қилинади!" — деди.
Ортдан бир гуруҳ келди ва байъат қилди. Муслим Ҳазрат Али ибн Ҳусайнга одам юбориб:
— "Амирул мўминйн сенга салом йўллайди. Сен яхши иш тутдинг ва бу фитнадан ўзингни сақлаб қолдинг. Мен сенинг бу яхшилигингга мукофот бермоқчиман, нима хоҳлайсан?" — деди.
Бу уруш бўлган куни Аббос ўғли Абдуллоҳнинг ўғли Али туғилган эди. Кейин у Аббосий халифаларининг аждоди бўлди.
«Тарихи Табарий» китобидан
Абу Муслим таржимаси