Тирик қолишингиз учун танангизда ҳар лаҳзада саноқсиз мувозанат таъминланиши керак. Инсон кундалик ҳаётини давом эттирар экан, бу мувозанатларнинг ҳеч бирини ҳис қилмайди. Масалан, ҳозирда қон босимингиз бир неча турли тизимлар томонидан мослаштирилмоқда. Буёғидан, буйрак усти безлари ишлаб чиқарадиган "альдостерон" номли гормоннинг вазифаси ҳам қон босимингиз тушиб кетишининг олдини олиш ва танангиздаги натрий мувозанатини тартибга солишдир.
Танамизда 1 граммнинг 10 миллиондан бири каби жуда кам миқдорда альдостерон гормони мавжуд. Ўтказилган тадқиқотларга кўра, 1 тонна буйрак усти безидан фақат 10 мг альдостерон ажралиб чиқиши аниқланган. (26) Бу эса жуда муҳим ҳақиқатни очиб беради: 1 грамм альдостерон гормонини олиш учун 10 миллион одамнинг буйрак усти безларида ишлаб чиқарилган альдостерон йиғилиши керак. Инсон танаси шундай нозик мувозанат билан яратилганки, бу қадар кам миқдорда мавжуд бўлган гормоннинг камайиши ўлимга олиб келиши мумкин.
Юқорида таъкидланганидек, альдостерон гормонининг икки вазифаси бор:
1. Натрий (Na+) миқдорини ошириш,
2. Қон босимини кўтариш.
Бу икки зарурат бир-бири билан жуда узвий боғлиқдир ва альдостерон гормони бу икки эҳтиёжни бир вақтнинг ўзида қондириш учун яратилган мукаммал ечимдир. Агар қондаги натрий миқдори бирор сабабга кўра ошиб кетса, ортиб кетган натрий ўзи билан қон таркибидаги сув миқдорини ҳам кўпайтиради. Чунки сув молекулалари натрий кўп бўлган муҳитга қараб ҳаракатланишга мойил бўлади.
Айнан шу ерда альдостерон гормонининг беназир яратилиши намоён бўлади. Чунки альдостерон гормони бир томондан натрий миқдорини ошириб, бошқа томондан натрийнинг сувни тортиш хусусиятидан фойдаланади. Қондаги натрий миқдори камайганида, альдостерон гормони буйрак найчаларидаги ҳужайраларни фаоллаштиради. Бу ҳужайралар сийдикдаги натрий ионларини ушлаб қолади ва уларни ўз ичига олади. Натрий ионлари аввал найчалардаги ҳужайраларнинг ичига ўтади, кейин эса қон оқимига қайтарилади.
Албатта, натрий ионларини ортидан сув молекулалари ҳам эргашади. Шу тариқа, ҳам натрий миқдори оширилиб, ион мувозанати таъминланади, ҳам қон таркибидаги сув миқдори оширилиб, қон босими нормал даражага келтирилади.
Буйрак найчаларидаги ҳужайралар натрий ионини қайта олганда, бир вақтнинг ўзида калий ионини (K+) сийдикка чиқаради. Чунки қонда натрий ва калий ионлари ўта аниқ нисбатда бўлиши керак. Бу минералларнинг мувозанати ҳужайра ичи ва ташқарисидаги суюқликларнинг кислоталик-шўрлик даражасини таъминлаш, нерв ва мушак тўқималарининг ишлаши учун ўта муҳимдир.
Альдостерон гормони буйрак усти безининг ташқи қатламида ишлаб чиқарилади. Бу қатламдаги ҳужайралар буйракнинг чуқур қисмларида жойлашган ҳужайраларни ҳеч қачон кўрмаган ва уларни таниши мумкин эмас. Шундай экан, бу ҳужайралар қандай қилиб натрийни ютиб, калийни чиқаришлари учун зарур бўлган гормонни ишлаб чиқаришни билишади?
Қандай қилиб буйрак усти бези инсон танасида электролит мувозанати таъминланиши кераклигини, қон босими тушмаслиги лозимлигини "била олади"?
Инсонларнинг кўпчилиги ўзлари ҳам бундай ион мувозанати мавжудлигини билмайдилар. Аммо қандай қилиб ҳужайралар бу мувозанатни сақлаш учун ҳаракат қилишади?
Бу ҳужайралар нима учун бундай вазифани ўз зиммасига олган?
Жавоб ҳар доимгидек жуда очиқ-ойдин: Инсон танасидаги ҳар бир ҳужайра махсус вазифа учун яратилган, махсус хусусиятлар билан таъминланган ва ўз вазифасини бажариши керак бўлган жойга махсус равишда жойлаштирилган.
Қисқаси, инсон яратилган ва унинг танасидаги ҳар бир жиҳат ана шу яратилишнинг далилидир.
"У осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган, ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир." (Фурқон сураси, 2-оят)
Абу Муслим таржимаси