loader
Foto

Ярмук жанги

Ярмук жанги — Византия (Рум) ва мусулмонлар ўртасида Шом фатҳи учун бўлган муҳим жанглардан бири. Жанг 636 йил августда бўлган.

Жангдан олдинги воқеалар

634 йили мусулмонлар Дамашқ ҳамда Шомнинг жанубидаги кўп шаҳарларни фатҳ этадилар. Византия императори Ираклий Шомни қайтариб олиш учун 240 мингдан ошиқ қўшин тўплайди. Мусулмонлар уларга қарши 40 000 аскар билан чиқишади.

Икки томон Ярмук деган жойда бир-бирига қарама-қарши жойлашди. Ўн учинчи ҳижрий сананинг Сафар, Робиъул аввал ва Робиъус сони ойларини ўша ерда ўтказдилар.

Амирлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ёрдам сўрадилар. У киши Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни ўз лашкарининг ярмини олиб, Ироқдан Шомга ўтишга амр қилди. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу етиб келди ва ҳаммани бир қўмондонлик остида бирлаштиришни таклиф қилди. Кўпчилик унинг ўзини амир қилиб сайладилар.

Ярмукдаги жангнинг ўзи тўлиқ уч кун давом этган (жанг бўлмаган кунларни ҳисобга олмаганда).

Араб қўшинларининг марказини Абу Убайда розияллоҳу анҳу, ўнг қанотни Муоз ибн Жабал розиллоҳу анҳу, чап қанотни эса, Наффас ибн Усома Кинаний бошқаради. Пиёда аскарларга Ҳошим ибн Утба бошчилик қилади. Асосий қисмлар яна ҳам қичик қабилалардан иборат қисмларига бўлинган эди. Ҳар бири ўз байроғига эга эди. Марказда мингдан ошиқ пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг баҳодир саҳобалардан иборат қўшин, пиёда қисм ва аздийлар турарди. Ўнг қанотда яманлик қабилалар, чап қанотда эса шимолий Арабистон қабилалардан ташкил топган қўшин турарди.  Мусулмон қўшинларининг энг муҳим зарба берувчи отлиқларнинг қисмлари тўртга бўлинган ва бу қўшинга машҳур саркарда Ҳолид ибн Волид розияллоҳу анҳунинг ўзлари қўмондонлик қиларди. Арабларнинг мол-мулклари, оилалари билан қароргоҳи баланд тепаликда жойлашган эди.

Биринчи кун, икки тарафнинг отлиқларининг ҳужумларидан сўнг, византияликларнинг чап қаноти мусулмонларнинг ўнг қанотига ҳужум қилади, иккита ҳужум ҳам даф қилинади, бироқ учунчи ҳужумдан сўнг яманликлар орқаларидаги ўз қароргоҳлари тарафига қараб чекина бошлайди. Байроқлар атрофида баъзи қаршиликларгина ўз жойида қолади. Византияликлар қароргоҳга бостириб кела бошлайди. Қароргоҳдаги мусулмонларнинг оилалари, аёллари чекинаётган мусулмон эрларини чодир ўқлари ва маломатлар билан кутиб олишади. Шунда улар ўзларига келишиб, мудофаага ўтишади. Ёрдамга етиб келган мусулмонларнинг отлиқ қўшинлари византияликларни ўзларининг аввалги жойларига улоқтириб ташлашига муваффақ бўлишади. Византияликларнинг мусулмонларнинг чап қанотига қилган ҳамласи ҳам фойда бермайди. Византияликлар амалга ошираётган ҳужумларга қарши саҳро чанги кўтарилади, қуёш эса душман кўзларини қамаштиради (Бу Аллоҳ таолонинг мусулмонларга бераётган мадади эди). Аскарлар чангдан сақланиши учун оғиз ва бурунларини боғлаб олишди. Ҳолид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қарши ҳамласи чоғида византияликларнинг ўнг қанотини бошқараётган қўмондони Ибн Канатир ўлдирилади.

Бир тан ва бир жон бўлиб жангга чиққан мусулмонлар лашкаридан фарқли равишда византиялик аскарлар ичидаги қўмондонларнинг ўртасида рақиблик ва адоват олови ёнаётган эди (бу ҳам Аллоҳ таолонинг мусулмонларга инъоми эди). Араб манбаларида айтилишича, Григорий Ибн Канатирга (ёки акси) мусулмонларга қарши ҳужум қилишга буйруқ берганида, у мен ҳам сенга ўхшаш қўмондонман, сенинг буйруғингга бўйин сунмайман деб буйруқни бажармаган.

Арабларнинг тарих китобларида ҳамда тарихчи Феофаннинг “Тарих”ида ҳам зикр қилинган бир воқеа бор, унга кўра, Феодор Трифориус Сакалларий (империя хазиначиси, қўмондонларнинг биттаси) араблар тарафидан берган зарбадан мағлуб бўлганида Ваан қўшинлари қўзғолон кўтариб ўзининг қўмондонларини император, деб эълон қилишади. Душманнинг ўртасида чиққан низодан унумли фойдаланган мусулмонлар Ваан қўшинларига ҳужум қилиб, уларни тор-мор қилишади.



Иккинчи кун ярмида византияликларнинг отлиқ камончилари ҳужум қилаётан мусулмонларни ўққа тутадилар. Оқибатда мусулмонларнинг бу тарафга қилаётган ҳужумлари тўхтаб, қўшин чекинади. Мусулмонлар қўшинларининг сафини қайта такшил қилиб, яна ҳужумга ўтишади. Бу сафар ҳужум муваффақият билан тугайди, бой берилган жойлар қайта қўлга киритилади, византияликлар эса чекинишни бошлайди.



Учинчи кун ниҳоясида мусулмонларнинг отлиқ қисмлари византияликларнинг ўнг қанотини ёриб ўтишга муваффоқ бўлишади ва уларнинг орқасидаги Руккад водийси кечув жойига чиқишади.  Буни кўрган ва бир неча кундан бери жангларда толиққан византияликлар шомга яқин вақтда чанг тўзон ичра саросимада қочишни бошлайди.

Қочаётган душан орқасидан таъқибни бошлаган мусулмонларнинг отлиқ қўшинлари ғалабани янада мустаҳкамлаб, византияликларни тум-тарақай қилиб ташлайди.

Византияликларнинг қўшинларига қўмондонлик қилган Ваан ва Феодор Ярмукда ҳалок бўлди. Рум аскарлари беҳисоб талофот бердилар.

Ислом аскарларидан ҳам уч мингга яқин киши ўлдирилди. Ўлганлар ичида машҳур қаҳрамонлардан Икрима ибни Абу Жаҳл ва ўғли Амр Салма ибни Хишом, Амр ибни Саъд, Жунд ибни Амр, Туайл ибни Амр, Саид ибни Хорис, ибни Қайс, Тулайб ибни Амр ва Хишом ибни Ос каби баҳодирлар бор эдилар. Ушбу жангда энг шижоатли урушиб қаҳрамонлик кўрсатган киши Ҳолид ибни Валид билан Икрима ибни Абу Жаҳл бўлдилар. Ушбу жангда «Ғассон» амири ҳам асир тушиб, сўнг Исломни қабул қилади. Мазкур жангда мусулмон аёллари кам жуда қаттиқ жонбозлик кўрсатиб юборгандилар. Улар ёлғиз ҳамширалик вазифасини адо этибгина қолмай, балки қўлларига қурол олиб жанг майдонида византияликларга қарши урушда фаол иштирок этдилар.

Мусулмонларнинг бу тарихий ғалабаси «Ярмук жанги» номи ила машҳур бўлиб қолди. Ярмук жанги тугаши билан музаффар фотиҳларга уларнинг маҳбуб халифалари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вафотлари ҳақидаги хабар келди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ бу ҳақда:

“...Аслида хабар жангдан олдин келган эди. Унда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг амирликдан бўшатилганлиги ва Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг амир бўлганлиги ҳақида ҳам гап бор эди. Лекин ҳал қилувчи жангдан олдин мусулмонларга машъум хабарни билдирмаслик учун Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ҳам, Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳам уни ошкор қилмаган эдилар”, дегандилар.

Ярмукдаги мусулмонларнинг византияликларнинг устидан қозонган ғалабалари натижасида бутун Фаластин мусулмонлар қўлига ўтади. Қуддуси шариф қамал қилинади. Иложи қолмаган Софроний муқаддас шаҳарни халифа Умар розияллоҳу анҳунинг ўзларига шахсан топширишга мажбур бўлади. Бу ҳақда бошқа мақоламизда баён қилганмиз.

Абу Муслим тайёрлади