loader
Foto

Масжидул Зирор

Бу Маданада мунофиқлар тарафидан қурилган масжид эди. Мусулмонларга зарар келтириш учун қурилган бўлгани учун бу масжид Қуръони каримда Масжидул Зирор (зиён) дея номланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам фитна ўчоғи мавжуд бўлмаслиги учун уни бузишга амр қилганлар.

Модомики, мадиналик мунофиқлар Исломга қарши ўз фаолиятини очиқ юрита олмаганидан уларни ҳимоя қиладиган қандайдир марказга муҳтож эдилар. Ўша марказ орқали улар ўзларининг фитна-фасодларини бемалол қилишлари мумкин эди. Византиядан қочиб келган роҳиб Абу Омир масжид номи билан шундай бир марказни қуриш ғоясини беради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уни фосиқ дегандилар.

Шундан сўнг, 9 ҳижрий санада (630 йил), мунофиқлар Қубо масжиди яқинида ўша масжидни қурадилар. Шундан сўнг, улар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, қиш кунларида заифҳол ва бемор кишилар намоз ўқиб турсинлар, деб қурганликларини айтдилар. Аммо, Аллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни унда намоз ўқишдан Ўзи асради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сафарга жўнаб турибман, агар қайтиб келсак, иншоаллоҳ», дедилар.

Аммо, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукдан қайтаётганларида, Мадинага яқин қолганида қуйидаги оятлар нозил бўлди:

 “Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир. Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир. Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва Унинг розилиги асосида қурган кимса яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб у билан бирга жаҳаннам ўтига қулаган кимса яхшими? Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас. Барпо қилган бинолари қалбларида шак-шубҳа ҳолида бардавом қоладир. Магар қалблар қиймаланиб кетсагина шак-шубҳа қолмас. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 107-110).



Мунофиқлар эса, ўз масжидларини очиш учун пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтишларини кутдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага қайтиб, бу масжид ҳақидаги барча нарсалар аён бўлгач уни бузиш учун саҳобаларни юборди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқларига мувоффиқ масжид ёқиб юборилди. Шу тарзда мунофиқларнинг Исломга қарши бир марказ қуришга бўлган ҳаракати олди олинди. Мусулмонларнинг масжидни бузиш бўйича биринчи ва ягона ҳодисаси эди.

Бу ҳақда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ: “Бундай масжидул зирорлар ҳозирги кунимизда жуда ҳам кўпайган. Улар турли исломий ташкилотлар, муассасалар, марказлар, масжид ёки мадрасалар ва бошқа номлар ила барпо қилинмоқда. Уларни барпо қилувчиларнинг кўплари тақво асосида, Аллоҳнинг розилиги учун эмас, балки ўзидаги нуқсонларни ёпиш, одамларга яхши кўриниш ва керак бўлган чоғида улар орқали Ислом ва мусулмонларга зарар етказиш учун қилаётганлари маълум...”, деганлар.



Бу воқеалар мусулмонларнинг бирлигига хавф солиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатларнинг олди олиниши лозимлигини кўрсатади.

Абу Муслим