loader
Foto

Бир муслима ҳимояси…

 Бир куни Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўстлари билан бирга Бани Қайнуқоъ яҳудийлари ҳузурига бордилар ва уларни тўплаб, хитоб қилдилар:

 — Эй қайнуқоликлар! Аллоҳдан қўрқинг! Қурайшнинг бошига келганига ўхшаш бир интиқом сизларнинг ҳам бошингизга келиши мумкин. Менинг Аллоҳ юборган Пайғамбар эканимни биласиз, буни китобингизда ўқиб турибсиз. Бунинг устига, Аллоҳ таоло сизлардан менга ишонишингиз тўғрисида аҳд ҳам олган. Шундай экан, Ислом динини қабул этинг ва ўзларингизни қутқаринг!

Ичларидан бири сўз олди. Хўрозланган бир ифода ила:

 — Эй Муҳаммад, сен бизни ўзингнинг қавминг деб ўйлаяпсан. Ҳарбдан, урушдан бехабар қавмга дуч келиб, отни қамчилаб қолай, дейишинг сени алдаб қўйган бўлмасин. Ўзингга келиб олишингни тавсия этаман. Бордию сен билан жанг қилиш мажбуриятида қолсак, бизнинг қандай урушқоқ эканимизни пушаймонлик ичра кўрасан. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортларига қайтдилар. Яҳудийлар бундай журъатли, жасоратли сўзларни нимага таяниб сўзлаяптилар? Кимга ишоняптилар. Ҳолбуки, ҳарбни тушунадиган, яхши урушадиган миллат эмас улар. Қолаверса, китобларидан олган билимлари Жаноби Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни охирига етказажакларидан, вазифани мукаммал шаклда ато этажакларидан дарак бериб турибди. Бу ишлари билиб туриб, ўзларини ўлимга ва оловга ташлаш билан баробардир.

 Жанобимиз Мадинага қайтиб келганларида Жаброили амин ҳам у Зотга таблиғ этиш учун Аллоҳ таолонинг ушбу фармонини келтирган эди: «(Эй Муҳаммад,) куфр йўлини тутган кимсаларга айтинг: «Шак-шубҳасиз, (бу дунёда) мағлуб бўласиз ва (охиратда) жаҳаннамда тўпланажаксиз. Нақадар ёмон жой у! (Эй яҳудийлар,) сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта, бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир» ( Оли Имрон 12 -13) .

Бу оят Қайнуқоъ яҳудийларига таблиғ этилди. Аммо бир қулоқларидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетди гўё. Энди бора-бора сурлашишган, ипни узадиган ҳолга келишган эди.



Ўша кунлари Қайнуқоъ яҳудийларидан бир заргарнинг дўконига бир мусулмон хотин кирди. Буюртма бермоқчи эди. Заргар унга жой кўрсатди, ишга киришди.

Шу пайт бошқа бир яҳудий сездирмасдан дўконга кириб, хотиннинг қўйлаги этагини елкасига игнатугма ила қадаб қўйди. Ўзи бир чеккада турди. Салдан кейин заргар ишни битиргач, хотин тақинчоқларини олиб, энди ўрнидан турмоқчи бўлганида, дўконни қаҳқаҳа овозлари тутиб кетди. Хотин саросимада кулаётганларга боқди ва ўзи мазах қилинаётганини сезди. Номус кучидан бақириб, яҳудийларни сўка бошлади.

Хотиннинг фарёди бозорда юрган бир мусулмоннинг қулоғига етиб, у чопиб дўконга келди. Аҳволни тушуниб, яҳудийларга ташланди. Бирини ўлдирди. Ҳаммалари йигитнинг устига ёпирилиб, уни ҳам ўлдиришди.

Энди ғишт қолипидан кўчган эди.

Мусулмонлар зудлик билан бир лашкар ташкил этиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида келиб, қайнуқоликларни ҳар тарафдан қамал қилиб олишди. Бирор кимсани ичкари киритишмади, бирор кимсани ташқари чиқаришмади. Қамал ўн беш кун давом этди. Ниҳоят, Қайнуқоъ яҳудийлари таслим бўлишдан бошқа чора қолмаганини англашди.

Ўзини мусулмон қилиб кўрсатадиган машҳур мунофиқ ибн Убай ибн Салул шошиб келиб, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни   излаб топди.

 — Ё  Муҳаммад, менинг дўстларимга икром ва эҳсон қил, деди.

Жанобимиз унинг бу таклифини жавобсиз қолдирдилар. У сўзларини такрорлади, яна жавоб ололмади. Энди қўлини Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлаклари ичига суқди. Суқаркан, учинчи дафъа сўради.

Расули акрам шундай асабийлашдиларки, атрофдагилар ҳам буни яққол сезишди.

— Надоматлар бўлсин сенга, мени холи қўй,  дедилар.

Аммо у мунофиқ кетадиган кайфиятда эмасди. Яҳудийларнинг ўзига қилган яхшиликларини айтар, уларга ҳам яхшилик ва эҳсон қилинишини истар, агар яҳудийларга ёмонлик кўрсатилса, бошларига бир бало сотиб олишларини тинмай жаврар эди.

Ниҳоят, Расулуллоҳ истамайгина у ердан кетдилар. Аммо уларни Мадинадан чиқариб юборишни буюрдилар. Бу орада яна ояти карима тушди.

Унда бундай дейиларди: «Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас. Бас, сиз дилларида мараз бўлган кимсалар: «Бизга бирон бало етишидан қўрқамиз», деган ҳолларида улар (кофирлар) томонга шошаётганларини кўрасиз. Шояд, Аллоҳ мусулмонларга ғалаба берса ёки Ўз ҳузуридан (бу мунофиқ кимсаларни шарманда қиладиган) бирон ишни келтириб, улар ичларида яширган нарсаларига надомат қилувчиларга айланиб қолсалар». (Моида. 51-52)

Бу оятлар тушган пайтда Қайнуқоъ яҳудийлари афвини тилаб, улар номидан илтимос билан келмоқчи бўлиб турган Убода ибн Сомит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларини топиб, узр-маъзур тилади, нима қилмоқчи бўлганини, энди ўша ниятидан воз кечганини айтди.

Орада яҳудийлардан бир неча киши Убода ҳузурига келиб:

 — Сен бизнинг иттифоқчимиз эдинг, бизга бугун ёрдам бермасанг, қачон ёрдаминг тегади?, дейишди.

 Убода уларга янги тушган оятларни ўқиб берди.

Сўнгра энди бу иттифоқнинг давом этмаслигини, агар улар билан дўст бўлса, Аллоҳнинг ва Расулининг дўстлигини йўқотиб қўйишини тушунтирди. Охирида бундай деди:

 — Менга Аллоҳнинг ва Расулининг дўстлиги керак.

Бу дўстликни ҳеч бир нарсага алишмайман. Бу йўлда ҳамма нарсадан айрилишимни билсам ҳам, натижа ўзгармайди!

Ундан энди фойда чиқмаслигини англаган яҳудийлар бу гал Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулни ўртага қўймоқчи бўлишди. Тушган оятлар билан у унча ҳисоблашиб ўтирмасди. Убода шу дамгача яҳудийларга иттифоқдош бўлиб келгани туфайли, бир кун эмас бир кун бошига бало тушиши мумкинлигидан қўрқувда кечалари уйқуси қочиб чиқса, Ибн Убай яҳудийларни қандай қутқариш дардига мубтало бўлиб, фикри-зикри шу билан банд эди. Қалби аввалдан улар билан бир ва доимо бир бўлиб қолажак, ҳеч қачон мусулмонларга нисбатан севги қалбидан ўрин олмаяжак.

У яна келди. Яна Расулуллоҳни роҳатсиз этароқ, яҳудийларни Мадинада қолдириш чораларини ахтарабошлади.

Жанобимиз ўтирган уйнинг эшигида Увайм ибн Саидага дуч келди.

 — Йўл бўлсин, эй Ибн Салул?, деб сўради Увайм ундан.

— Муҳаммадда гапим бор эди.

 — Бу гал у Зотни безовта қилишингга рухсат бермайман, эй Ибн Салул! Вақт борида ғазабимни қўзғотмасдан бу ердан кет.

Унинг жаҳли чиқди. Ибн Убайдек бир одамга бундай муомала қилишга кимнинг ҳадди сиғади? Ғазабли нигоҳ ташлади: «Йўлимдан қоч!» демоқчи бўлди. Уваймни йўлдан қочиришга шу қарашимнинг ўзи кифоя деган ишончда олға босди. Аммо Увайм уни қаттиқ итариб юборди. Ибн Убай юзи билан деворга урилди. Қон чиқиб, соқолига сиза бошлади. Унинг бу ҳолини яҳудийлар ҳам кўришди ва энди иш битганини англаб етишди. Ибн Убай бу ҳолга туширилдими, ортиқ Мадинада орқа қилса бўладиган одам қолмаганини тушунишди.

Ибн Убай ўзини сал-пал ўнглаб олди-да, кин ва нафрат тўла овозда:

 — Мендай бир одамга-я? Балолар бўлсин сизларга! дея бу ердан кетди.

Набийи Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратлари Қайнуқоъ яҳудийларига Мадинадан уч кун ичида чиқиб кетишни амр қилдилар. Зинҳор ҳазили йўқ эди бу амрнинг. Яҳудийлар қисқа вақт ичида ҳозирлик кўришди. Ўзлари чиқарган фитна ва фасод туфайли пушаймон бўла-бўла шаҳарни ташлаб чиқиб кетишди. Орқаларида уларнинг ҳайдалишидан рози бўлмаган бир қисм мунофиқлар ҳамда икки яҳудий қабиласи Бани Назир ва Бани Қурайза қолди.

Аҳмад Лутфий Қозончи, "Саодат асри қиссалари" китобидан