loader
Foto

Ўзингизни сизга тегишли бўлмаган нарса билан юклашни тўхтатинг!

Аммо бизнинг кўп энергиямиз, эътиборимиз ва вақтимизни бўшатадиган ва стресссиз самарали ҳаёт кечиришга ёрдам берадиган битта тамойил мавжуд. Ушбу тамойил 1400 йил муқаддам Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан эслатиб ўтилган. Унда шундай дейилган:

«Инсоннинг ўзига тегишли бўлмаган нарсаларни тарк этиши, унинг исломи чиройли эканлигидан далолатдир» (Термизий).



Оддий, лекин кучли тамойил



Аллоҳнинг Расули мусулмонларга нафақат ўз эътиқодини, балки турмуш тарзини ҳам яхшилашга имкон берадиган хислатни таърифлаган.

Бу ҳақида ўйлаб кўринг: агар бизга тааллуқли бўлмаган нарсани четда қолдирсак, қанча энергия, эътибор ва вақтга эга бўламиз? Воқеалар ривожининг иккита сценарийсини кўриб чиқамиз:



1-сценарий



Facebook даги лентангизни айлантириб, сизни қизиқтирадиган, лекин аслида сизга тааллуқли бўлмаган ва сизнинг ҳаётингизга таъсир этмайдиган киши ҳақида ёки мавзуда баҳсга дуч келасиз. Бир неча соат давомида сиз мунозараларга қўшилиб, одамларнинг "аҳмоқона шарҳларига" муносабат билдиришингиз ва фикрингизни ифодалашишингиз мумкин.



Ёки бу сизга тегишли эмас деб қарор қилишингиз мумкин, шунчаки варақланг ва янада самарали ишлаш учун вақтингизни тежанг.



2-сценарий



Сиз телевизорни ёқасиз ва туну-кун давом этадиган янгиликлар циклини бир неча соат давомида томоша қиласиз. Бутун дунёдаги фалокатлар, урушлар, вайронгарчиликлар саҳналарини томоша қиласиз. Сиз телевизорни ёқасиз, лекин кўрган лавҳаларингиз сизни ранжитди, ҳис-туйғуларингиз жунбушга келади (ёки, яна ҳам ёмони, таъсирчанликни йўқотасиз ва, эҳтимол, дунёда рўй бераётган ҳамма нарсага мутлақо бепарво бўласиз).



Буни фақат сизга тааллуқли бўлган ва сизнинг ҳаётингизга таъсир этадиган янгиликларга эътибор қаратиладиган «медиа парҳези» билан таққосланг. Бундай ёндашувга кўра, қанча бўш вақт пайдо бўлади ва бу ҳаётнинг муҳимроқ муаммолари ҳақида мулоҳаза юритиш имкониятини беради?



Танлайдиган бўлинг



Шундай қилиб, фақат сизни шахсан қизиқтирадиган нарсалар фикрингизни эгаллаши учун сизни бу ҳаётда нимани қизиқтираётгани ва нима қизиқтирмаслигини аниқлаш керак. Бу сизнинг ҳаётдаги мақсадингиз, ундаги вазифаларингиз ва дунёқарашингиз ҳақида ўйлашингиз керак деган маънони англатади. Аммо бу жуда қийин ва бунга вақт талаб этилади, шу сабабли биз учун ҳақиқатда муҳимлиги ёки аҳамияти йўқлиги ҳақида ўйламасдан, ўзимизга тегишли бўлмаган нарсаларга бутунлай берилиб кетамиз. Аммо, афсуски, бунинг учун анча қиммат тўлашга тўғри келади: вақт, энергия ва куч сарфланади.



Сизнинг бир ҳафталик вазифаларингиз



Агар эътиборингизни фақат сизга дахлдор бўлган нарсаларга қаратадиган бўлсангиз, ҳаётингиз қанчалар ўзгарган бўларди? Бир ҳафта давомида эксперимент ўтказишга уриниб кўринг. Бунинг учун қуйидаги ишларни бажариш керак:



Янгиликлар томоша қилишни кунига 30 дақиқа билан чегараланг (жумладан, ТВ ва Интернет).

    Чексиз ленталарни варақлаб ўтириш васваса қилмаслиги учун ўз смартонингиздан ижтимоий тармоқлар учун барча иловаларни ўчириб ташланг.

    Ҳар сафар, кимдир сизнинг қизиқишингизни уйғотадиган мавзуни кўтарганда, «бу мен учун аҳамиятлими?» деб ўзингиздан сўранг. Мен бундан хавотирланишим керакми? Агар мен буни эътиборсиз қолдирсам ва у билан шуғулланмасам, нима бўлади? Агар сизнинг жавобингиз «ҳеч нарса» бўлса - мавзуни янада мазмунли ва унумли нарсага ўзгартиринг.

    Фикрларингиз, ғояларингиз ва сиз улар устида ишлайдиган лойиҳалар ёзиб бориладиган журнал тутинг. Бўш вақтингиз сиз кераксиз бўлган нарсаларга сарфланмай қўйгач, бу сизнинг унумдорлигингизга қандай таъсир этиши ҳақида ўйлаб кўриш учун қанча вақт пайдо бўлишига ҳайрон қоласиз.

Манба: Productive Muslim

Абу Муслим таржимаси