loader
Foto

Бундай футболнинг кераги йўқ!

Энг йирик араб мамлакати бўлган Мисрда ҳам мутаасиблар (фанатлар) ҳаракати пайдо бўлиб, тўкилган қон ва қурбонлар бўйича рекорд ҳам ўрнатиши камдек, улар бугун ҳеч тугамаётган зўровонлик ва қирғинларни келтириб чиқарувчи ўчоққа айланди.



«Ва жиннилик бошланди»



Россия диний идораси Осиё қисмининг вакили Расул Тадиряков ўзи гувоҳ бўлган Қоҳирадаги футболга бўлган ишқибозлик ҳақида сўзлаб бераётиб таассуб кўламининг кенглигидан ҳайратда қолганини яшира олмаганди.

“Футбол майдонидаги ўйин бошландиямки, йигирма миллион киши яшайдиган бу улкан шаҳар ҳувиллаб қолади. Тахминан кечки соат тўққиз эди, бошқа кунлар бу пайтда шаҳар дошқозондек қайнаётган бўларди.

Сўнгги йилларда Мисрда футболнинг аҳамияти шу қадар ортиб кетдики, мамлакат терма командаси ўйнайдиган кунги оломонни кўриб, бугун ҳайит намозмикан, дейишингиз мумкин. Ҳайит куниям, футбол куниям кўчада одам қолмайди. Фарқи шуки, Ийд кунлари ҳамма масжидга бориб, аввал фарз ибодатни, сўнг байрам кунги вожиб ибодатни адо этади, маъруза тинглайди, яъни халқ диний бурчларини бажаришга киришади. Футбол матчи трансляция қилинаётганда эса, мусулмонлар ана шу баъзилар «шайтон» деб атайдиган қутининг олдига тиқилиб олиб, бақир-чақир қилиб футбол кўришади. Ўша куни ўқишдан қайтаётиб, дўконга кирдим. Кирдиму, эшик олдида туриб қолдим – менга ҳеч ким эътибор ҳам бермади. Сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам бурчакдаги телевизорга тикилиб турар, ўйинга қизиқиб, нақ экраннинг ичига кириб кетай дейишарди. Анча урингач, ушбу муассасанинг ходимларидан бирини бир амаллаб ўзимга қаратдим. Ҳуши ўзига келгач, у аввало «Сен Миср томонмисан ё Жазоирми?» деб сўради. Мен эса на у ва на бу томонга дедим, сўнг унинг ўзидан: «Футболдан бошқа ташвиш йўқми сизларда?», - дедим. Сотувчи эса дарҳол «Худога шукр, йўқ» деди. Шунда мен ундан: «Ироқ-чи, Фаластин-чи?» деб сўрадим, бироқ у саволимни эшитмади ҳам – шу пайт у севган ўйинчи майдонда мудофаа чизиғини босиб ўтиб, рақиб (!) дарвозаси томон югуриб қолди ва… эҳ… афсус…, рақибнинг (!) омади келди.

Буларнинг ҳаммаси “Араб баҳори” деб аталаётган нарсалардан анча олдин юз берган эди. Сўнгги пайтларда юз бераётган бундай воқеаларни мусулмонларнинг таназзули деб аташ мумкин. Ўйин тугагандан кейинги аҳволни кўрсангиз эди, сўзларимга ана шундагина ишонардингиз. Мисрликлар кўчаларда Жазоир байроқларини ёқиб юборар, йиртар, парчаларни эса эшакларнинг бошларига кийдириб қўйиб, хумордан чиқишар эди. Кўпчилиги асли жазоирлик бўлган француз талабаларга дўконларда хизмат кўрсатилмас, таксиларга олинмас, баъзиларига эса ақлдан озган фанатлар томонидан тажовуз ҳам қилинар эди. Яқинда ораларида уруш бўлган қўшни мамлакатнинг ҳар бир фуқароси беистисно тарзда ҳарбий хизматга чақирилиб турсаю, мусулмонлар футболизм касалига чалиниб, ўзининг янги, сохта “дин”лари учун бир-бирларини ғажиб ташлашга тайёр турсалар, буни нима деса бўлади?!.



Фақат шунинг ўзи бўлса майлийди…



Энг ёмони, бундай фанатлар асосан жоҳил, илмсиз йигитлар бўлиб, олимларга эргашмаса, мушук боласидек кўзи очилмай юраверади. Ундан ҳам ёмони, Миср олимлари (баъзиларидан ташқари, албатта) муаммони кўрмаганликка олиб, мусулмонлар орасида авж олиб бораётган бу касалликни даволашга уринишмаяпти.

Бир устозим аччиқланиб шундай деган эди: «Ал-Азҳар раҳбарияти қаёққа қарашяпти ўзи? Улар учун бугунги кундаги энг муҳим, долзарб масала ниқоб масаласими ёки  ўқув дастури  матнларнинг қай тарзда тузулишини кузатиш холосми?»

Яна бир россиялик блоггер Андрей Благосколонов ҳам Тунисда, шом вақтида футбол фанатизмига гувоҳ бўлганини айтади:

 “Мен ўз меҳмонхонам олдида тинч сайр қилиб юрган эдим. Шовқин-сурон бошланиб кетди. Аввалига йўлда автоуловларнинг қандайдир тиқилинчи юзага келди. Халқнинг ғазабга келаётгани шундан бўлса керак, деб ўйладим. Кейин маълум бўлишича, кичик бир локал чемпионатда маҳаллий команда ғолиб бўлган экан. Жиннилик бошланди: шаҳарнинг деярли барча аҳолиси бир зумда кўчаларга чиқиб, ғалабани нишонлай кетди. Араблар байроқларни кўтариб олиб, кўчаларни машиналарга тўлдириб, қўшиқ айтишар ва кўчалардаги ҳаракатларни тўса бошлашди. Кейин полиция уларни ҳайдашга мажбур бўлди. Бироқ тўдага янги-янги машиналар келиб қўшилар эди. Гўёки ҳеч ким четда қолмаган эди. Саёҳларнинг биттаси ҳам қолмади, улар меҳмонхоналардан чиқишга журъат қила олишмади. Бу орада кўчадаги одамлар янада кўпайиб борар эди... Хуллас, ҳамма ғалабани нишонлаётган эди”.



Шайхлар рекорд қўйишмоқда



Футболга қизиқиш бой хонадонларни ҳам четлаб ўтмади. Араб шайхлари номдор футбол клубларини сотиб олишга тушишди ёки клубларда ўз улушларига эга бўла бошлашди. Улар «Арсенал», «Милан», «Сарагосу», «Портсмут», «Манчестер» ва ҳакозоларга пул тикиб қўйишган. Ғарб олигархлари каби улар ҳам номи чиққан ўйинчи ва мураббийларни ўз командаларига жалб қилишмоқда. 2022 йили Қатар ўзида жаҳон чемпионатини ўтказмоқчи. Режаларга кўра, бу тадбир учун 200 миллиард доллар ҳам сарф қилмоқчи экан.  Бу рақамлар ўнлаб бой бўлмаган мусулмон мамлакатларининг йиллик бюджетига тенг бўлиб, сарф қилинижак пуллар абсолют рекорд ҳамдир.

Футболни яхши кўриш тақиқланмаган, фақат мутаасиблик қилиш ман қилинган. Ислом нутқаи назарига кўра, спорт билан қизиқиш гуноҳ эмас. Спорт мусобақаларини томоша қилиши ҳам тақиқ қилинмаган, фақат фарзлардан чалғимаслик шарт ва яна таассубга берилиб кетмаслик лозим. Инсон тарафидан содир этилган ҳар қандай амални унинг ниятига қараб баҳолаш керак.



Футболизм фақат арабларга теккан касал эмас



Ушбу маълумотлар муаллифининг бир таниши қуйидаги кузатувларини ҳам баён қилган. Туркияда бўлган вақтларида у доимий равишда намозларини катта масжидларда адо қилиб юрган экан. 2002 йил Жаҳон чемпионати бўлаётган кунларда эса, Туркия терма жамоаси яхши натижалар кўрсатишга мувоффақ бўлди. Унинг сўзига кўра, ўшанда жамоат намозларида зўрға бир икки саф намозхон йиғилар экан.



Футбол ва қон



Футболга бўлган жиннилик 2012 йили 1 феврал куни Порт-Саидда фожиа билан тугади. Жуда кўп қурбонлар пичоқланди. “Бу футбол эмас, бу урушдир”, деди “Ал-Аҳли” ярим ҳужумчиси Муҳаммад Абу Тариқа. – Одамлар шу ерда, кўз ўнгимизда ҳалок бўлишмоқда! Бу ерда даҳшатли воқеалар содир бўлмоқда. Бу кунни мен ҳеч қачон унутмайман!”

Бироқ, қон тўкилиши тўхтагани йўқ. Маҳкама қарори ўқиб эшиттирилгач бир неча кун давом этган норозилик чиқишлари давом этиб турди. Ўттизга яқин одам ҳалок бўлди, 170 дан ортиғи турли хил тан жароҳатини олишди. Футбол фанатлари билан бўлиб ўтган тўқнашувлар ўша куни давлат тўнтаришига айланиб кетишига оз қолди. Миср парламенти аъзоси Ассам Ариананинг сўзига кўра, Порт Саиддаги воқеалар олдиндан пухта режалаштирилган тадбирдир. “Бу эски режимнинг қилиқларидир”, деди у.



Инқилоб авангарди ёки ҳарбийлар қўлидаги ўйинчоқ?



Миср ва Туркиядаги футбол фанатларининг ҳаракатлари жиддий сиёсий кучга айланмаганида ҳеч нарса бўлмас эди. Улар Таҳрир ва Тақсим майдонида мухолифат ҳаракатининг суягини-асосини ташкил қилди. Анархиячилар, неформал ва тули хил ўсмирларнинг жиноий гуруҳлари баланпарвоз шиорлар билан қотилликлар, вайронагарчилик ва зўровонликларни уюштирдилар. Улар ҳанузгача ўз зулмларини давом этиришмоқда.

Агар Ғарбда футбол фанатлари сиёсий мафкура сифатида миллатчиликни танлашаётган бўлса, мусулмон оламида эса бунинг акси, булар ҳаммага таниш бўлган инқилоб руҳидаги либерализмни танлашяпти. Бироқ бу билан моҳият ўзгаргани йўқ. Айнан ўша оломонни  ғарб матбуоти исломийчиларни ҳукуматдан ағдариб ташлаган “инқилобий ёшлар” дея мадҳ этиб келмоқда. Қонуний сайланган Миср президенти Муҳаммад Мурсийни ағдариб ташлашда етакчи куч бўлган Миллий нажот фронти аллақачон футбол безорилари ҳамда уларга яқин криминал доираларга суяниб келадилар. Улар бир неча марта буларни “Мусулмон биродаларга” қарши ташлашган эди. Жуда катта тўполонлар содир этилди. Харбийлар эса охир оқибат футбол фанатларини ўз сафларига қўшиб, уларни қонуний сайланган ҳукуматга қарши намойишларга жалб қила олди. Оқибат нима бўлгани барчага маълум.

Сўнгги кунларда Россияда кузатилаётган ҳаддан ошиқ хунук миллатчилик ҳаракатининг ўзаги ҳам футбол фанатлари асосида ташкил қилинган жамоалар экани айтилади. Футболга муҳаббат баҳонасида ташкил қилинган фан клубларнинг спортга ҳеч қандай алоқалари қолмаяпти, балки булар манфур сиёсий мақсадларни кўзлаган кучларнинг қўлларида қўғирчоққа айланиб бўлди. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда футбол оддий ўйинликдан, сиёсий найрангларга айланиб бормоқда. Европадаги черков мутасаддилари якшанба кунги футбол ўйинларидан шикоят қилишарди. Чунки ҳафтада бир марта чековга бориш ҳам шу футболни деб йўққа чиққан эди. Бу муаммо уларнинг орасида анча олдинроқ кўзга ташланган бўлиб, бугун эса айнан ушбу муаммо билан мусулмон ўлкалари юзма – юз бўлиб турибди. Агар биз ҳолатни тўғри тушуниб, “футболизм” номли янги “дин”нинг хатарларидан ёш авлодни огоҳлантирмасак, бу муаммо яшин тезлигида уларнинг зеҳнларини заҳарлаши табиий! Натижада келажак авлоднинг истиқболини хатарга қўйган бўламиз. Спорт миллатни дунёга танитишда энг яхши воситадир. Бунга барча иттифоқ қилади, лекин фанатизм миллатлар орасида низога сабаб бўлади. Низолардан эса ғаразли сиёсатчилар доимо ўз манфаатлари йўлида фойдаланишади. Алалоқибат оддий ишқибозликдан, сиёсий қўғирчоқлик домига тушиб қолинади. Бундан огоҳ бўлишимиз зарур.

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади