loader
Foto

Худонинг шак-шубҳасиз мавжудлиги

Инсонга озиқ-овқат керак ва бизнинг дунёмиз турли хил озиқ-овқатларга тўла, ҳаёт учун сув каби муҳим элемент сайёранинг тўртдан уч қисмини эгаллайди. Одам ер юзида исталган жойда ўзига бошпана қуриши мумкин, бу мақсад учун Ерда жуда кўп материаллар мавжуд.

Булар ер юзида яшашга имкон берадиган сон-саноқсиз тафсилотларнинг фақат бир нечтасидир. Мухтасар қилиб айтганда, инсон ҳар бир деталь унинг мавжудлигини сақлаш ва қўллаб-қувватлаш учун яратилган сайёрада яшайди. Албатта, Ер одамлар учун яратилган сайёрадир. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди:

«Аллоҳ сизларга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?» (Луқмон, 20).

Инсон дунёни унга ўргатишган ёки инонтирилган тарзда қабул қилади. Шунинг учун у баъзан "майда тафсилотларни" эътиборсиз қолдиришга мойил. Аммо, агар у атрофимиздаги дунё ҳақида, бизнинг мавжудлигимизга имкон берадиган шароитлар ҳақида жиддий ўйлаб кўрса, у муқаррар равишда одатий фикрлаш доирасидан ташқарига чиқади ва савол беришни бошлайди:

Eр атмосфераси сайёрамизни қандай ҳимоя қилади?

Бизнинг танамиздаги миллиардлаб майда ҳужайраларнинг ҳар бири ўз функциясини қандай билади ва бажаради?

Eрдаги ажойиб экологик мувозанат қандай сақланиб туради?

 Ушбу саволларга жавоб топишни истаган киши тўғри йўлда бораётган ҳисобланади. У атрофида бўлаётган нарсаларни эътиборсиз қолдирмайди ва "табиат сирлари" ни билмасликни баҳона қилмайди. Шундай қилиб, одам аста-секин сайёрамизда бўлиб турган тартибни аниқ кўради.

Ерда бенуқсон тартиб қандай қилиб пайдо бўлди?

Ким бу тартибни таъминлайди?

Турли хил тирик мавжудотлар қандай пайдо бўлган?

Фикрлаш ва тадқиқ қилиш асносида, инсон Оламдаги ҳамма нарса - тартиб, ҳар бир тирик мавжудот, структура - режанинг бир қисми, яратилишнинг натижаси эканлиги ҳақида тушунчага келади. Ҳар қандай деталь яъни, ҳашаротлар қанотининг бенуқсон тузилиши, дарахтга ўзининг тожига тонна сувни кўтаришга имкон берадиган тизим, сайёраларнинг жойлашиши, атмосферадаги газ таркиби -  буларнинг ҳаммаси мукаммалликка мисоллардир.

Кенг дунёдаги ҳар бир кичик нарсада одам Яратганга ишора топади. Ҳар бир нарсанинг эгаси Худо, У яратган ижодларининг мукаммаллиги орқали Ўзи ҳақида хабар беради. Қушнинг парвози, ураётган юрагимиз, бола туғилиши, қуёш, осмоннинг мавжудлиги...  буларнинг ҳаммаси Аллоҳ Таолонинг қудрати ҳақида гапиради. Биз инсонлар буни албатта англашимиз керак.

Ақл-ҳуши жойида бўлган одам, мавжуд ҳар бир нарса – тирикми у ёки тирик эмасми – Худо ва Унинг улуғворлиги ҳақида гапираётганини кўрмаслиги мумкин эмас. Ушбу аниқ ва равшан ҳақиқатни инкор этиб, инсон ўзига энг катта зарар келтиради. Худо бизга муҳтож эмас. Инсон Унга муҳтождир.

Аллоҳ ердаги ва кўкдаги ҳар бир нарсанинг эгасидир. Биз у ҳақида Қуръондан билиб оламиз:

«Аллоҳ Ундан ўзга илоҳ йўқ зотдир. У тирик ва қайюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, холос. Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган. Уларни муҳофаза қилиш Уни чарчатмас. Ва У Олий ва Азим зотдир» (Бақара, 255).

Абу Муслим таржимаси