loader
Foto

Ислом лойиҳасининг «қайта юкланиши» рўй берадими?

Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо бўлган 57 мамлакатнинг ярмидан камроғи ўз вакилларини юборди. Саудия Арабистони ва Покистон каби давлатлар унда иштирок этишдан бош тортдилар. Бунинг расмий сабаблари ҳозирча номаълум, аммо бусиз ҳам маълумки, саудияликлар АҚШ ва Исроилга таяниб, мустақил қарорлар қабул қила олмайдилар, Покистон эса Хитойнинг энг яқин иттифоқчиси бўлган ҳолда ХХР маъмурияти томонидан мусулмон уйғурларга зулм қилинишини муҳокама қиладиган саммитда қатнашмади.

Саммитнинг очилишида сўзга чиққан Туркия Президенти Ражаб Эрдўғаннинг баёноти ҳақиқатан ҳам дастурий деб баҳоланиши мумкин: "Дунё бўйлаб 1,7 миллиард мусулмоннинг тақдири энди БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзоси қўлида эмас".

Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзоси - бу дунёнинг урушдан кейинги, шартли равишда "Ялта" деб номланган тузилишининг "меъморлари" бўлган давлатлар (1945 йил март ойида Ялтада бўлиб ўтган урушдан кейинги дунё тузилиши бўйича халқаро конференция номи билан). Айнан улар етмиш йил давомида халқаро «ётоқхона»нинг қоидаларини белгилаб берган. Бироқ, бу тизим ўз яратувчилари томонидан йўқ қилинди: XXI асрнинг дастлабки ўн йилларида дунё халқаро шартномалар қандай бузилганига гувоҳ бўлди ва кучлилар қонуни қонун кучини алмаштирди. Мусулмон мамлакатлари буни тўлиқ бошдан кечирдилар.

Марксизм классиклари таълим берганидек, Гитлерга қарши коалициянинг собиқ иттифоқчилари ўртасида энди катта қарама-қаршиликлар авж олди. Дунё оммавий ахборот воситалари АҚШнинг Хитой ва Европага, Европа мамлакатларининг Россияга ва бошқаларга ўзаро даъволари ҳақида хабарлар билан тўлиб тошган. Шу муносабат билан, Исломий лойиҳани "қайта тиклаш" ҳақида эълон қилиш вақти жуда мос танланди.

Эслатиб ўтиш жоизки, барча мусулмон давлатларининг яхлит позициясини ривожлантириш ва уларни бирлаштириш зарурлиги ҳақидаги баёнотларни Эрдўғаннинг "руҳий отаси" - марҳум Нажмиддин Эрбакан ва ўша Маҳатҳир Муҳамад айтган эди. 90-йилларда бу ғоялар амалга оширилмади, шу жумладан жамоавий Ғарбнинг уларга нисбатан қаршилиги туфайли. Аммо ҳозирда исломий лойиҳанинг асосий рақиблари кўплаб ички ва ташқи сиёсат муаммоларига қўлларини боғлаб туришганлиги сабабли, уларни амалга ошириш имкониятлари бир неча баравар юқори.

Ўшандан бери Туркия бир неча марта сиёсий нуфузини оширди ва иқтисодий мавқеини мустаҳкамлади, худди шу мусулмон мамлакатлари орасида ривожланиш етакчисига айланди. Буларнинг барчаси Эрдўғанга жасорат бахш этади ва у энг оғриқли фикрларни таъкидлайди: "Улар Туркияни овозини ўчиришга ҳаракат қилмоқдалар, биз Фаластин, Ғазо, Роҳинжа, Либия, Сомали ва Сурияга эътибор қаратишни талаб қиламиз".

Саммит мезбони, Малайзия Бош вазири Маҳатҳир Муҳамад бунда уни қўллаб-қувватлади: “Биз узоқ вақтдан бери мусулмон дунёсидаги вазият ҳақида гапиряпмиз. Гарчи дард-алам ва азоб-уқубатларимизга сабаб бўлган ҳамма нарсани тўлиқ таҳлил қила олмасак-да, биз нотинч вазиятни қолдирган ғайримусулмонларнинг тараққиёти ва ривожланишидан орқада қола олмаслигимизга аниқлик билан рози бўламиз ". - деди у.

Маҳатҳир, шунингдек, "мусулмон дунёси уммати бошига тушган барча бахтсизликлар" сабабини бартараф этиш учун мусулмон дунёси иложи борича тезроқ технологик жиҳатдан ривожланиши кераклигини таъкидлади.

Шуни таъкидлаш керакки, бу Ғарбда эътиборсиз қолмади. Оммавий ахборот воситалари Эрдўғанга қарши "нео-усмоний" сиёсий лойиҳасини амалга ошириш ва Исроил билан рақобатда ғалаба қозониш ниятида, шунингдек, Яқин Шарқда "суперқаҳрамон" бўлишни ният қилганликда айблашди. Аммо саммитнинг асосий иштирокчилари  таркиби, шу жумладан Индонезия, Эрон ва Қатар, гап ҳали ҳам турли мамлакатлар интеграциялашган лойиҳа ҳақида боришини англатади.

Буни амалга ошириш мумкинми ёки яна, ўтган асрнинг 90-йилларида бўлгани каби, буни айтган сиёсатчилар яна эсдан чиқариладими? Бу савол очиқлигича қолмоқда, чунки ҳозирги мураккаб сиёсий вазиятда ҳам мусулмон мамлакатлари ҳали ҳам кўп сиёсий ва иқтисодий заифликларга эга.

Ҳозирча эса, амалда мусулмон мамлакатлар ўртасида ҳақиқий якдиллик йўқлигини кўрсатиб берган саммит ўз ишини давом эттирмоқда.

Абу Муслим таржимаси