loader
Foto

Саратон касаллигига қарши энг зўр восита - Иймон саломатлиги!

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти берган маълумотларга кўра, 2012 йилнинг ўзида 14 миллион одам саратон касаллигига чалинган ва 8,2 миллион бемор ушбу касалликдан вафот этган. Ҳисоб-китобларга кўра, келгуси 20 йил ичида бу касаллик билан оғриганлар сони яна 70%га ўсиши мумкин.

Онкологик касалликларнинг бундай тезликда тарқалишига бир қатор омиллар, хусусан, нотўғри овқатланиш, жисмоний нофаоллик, тамаки чекиш, спиртли ичимликлар ичиш ва сурункали стресс кабилар сабаб бўлади. Лекин саратон касаллиги жисмоний оғриқдан ташқари инсоннинг руҳий ҳолати ва ўз навбатида қалб фаровонлигини ҳам хавф остига қўяди.

Бемор одам касаллигини илк бор эшитганда бошидан кечирадиган психологик стресс ундаги касалликни яна ўн баробарга зўриқтириб юборади. Кўп ҳолатларда ташхис қўйилгандан кейинги стресс инсоннинг чекиш, спиртли ичимлик ичиш, жисмоний фаолликка бўлган қизиқишнинг пасайиши каби ёмон одатларнинг келиб чиқишига ва сурункали сиқилишга олиб келади. Бу эса касалликни яна-да ривожлантириб юборади.

Шифокорлар одатда қўллайдиган психологик таъсир воситалари – ёга билан шуғулланишга рағбат, медитация, тафаккурни машқ қилиш, диққатни жамлаш кабилардан иборат. Буларнинг ҳаммаси онкологик ташхис ёки оғриқлар сабаб юзага келадиган давомли стресснинг оқибатларини камайтириш мақсадида ишлатилади.

Теҳрондаги Шоҳид Беҳешти Тиббиёт Университети қошидаги Онкологик Тадқиқотлар Маркази тадқиқотчилари саратон касаллигида генларнинг экспрессияси (генетик ахборот оқими) муҳим рол ўйнаши ҳақида фаразни илгари сурдилар.

Уларнинг илмий фарази Ислом дини олими Жафар Ал-Содиқнинг фикридан келиб чиққан – “Худо одамларнинг ишларига фақат унинг сабаблари орқали аралашади. Шу сабабдан у ҳар бир натижага бир сабаб, ҳар бир сабабга бир ифода, ҳар бир ифодага бир илм ва ҳар бир илмни олиш учун бир йўл жорий қилиб қўйди.”

Ўз фаразларини илмий тадқиқ қилиб кўриш мақсадида, тадқиқотчилар кўкрак саратони билан оғриган беморларда амалиёт ўтказилди. Амалиёт Исломий таъсирдан иборат бўлиб, амалиётдан олдинги ва кейинги ҳолатлар мукаммал ўрганиб чиқилди. Бунинг учун қон намуналари олинди ва DRD1-5 допамин ген ресептори экспрессиясининг Исломий таъсирдан олдинги ва кейинги ҳолати кузатилди.

Исломий таъсир нимадан иборат эди? Беморларга бундай таъсир ўтказиш беморларни кундалик намозларни ўз вақтида адо этишга, машаққатли кунларда сабрли бўлишга, Аллоҳ таолога суянишга рағбатлантириб туришдан иборат бўлди. Шунингдек, меҳрибон ва ҳалим бўлишга, кунлик зикрларга (Аллоҳни эслаш) кўпроқ вақт ажратишга, Исломдаги ўлим ва қадар тушунчаларини тафаккур қилишга руҳлантирилди.

Тадқиқот қатнашчилари ҳар бири 120 дақиқадан давом этган жами ўнта амалиётдан ўтдилар ва ҳар сафар уйда бажариш учун вазифалар берилди. Натижаларни қиёслаш мақсадида, ҳудди шундай касаллиги бор лекин амалиётда қатнашмаган ва буткул соғлом беморларнинг қон намуналари олинди.

Тадқиқот якунида эса кутилмаган натижалар қўлга киритилди. Натижаларга кўра, кучли Исломий таъсирдан сўнг кўкрак саратони билан касалланган беморларда допамин ген ресептори (DRD2-4) экспрессияси кескин пасайган ва соғлом одамларнинг ген экспрессияси даражаси билан деярли тенг ҳолатга келганлиги аниқланди.

Ген эскпрессияси нима?

Тошкент Фармацевтика Институти, Обидов, Жўраева ва Маликова муаллифлиги остида чоп этилган Биологик Кимё ўқув қўлланмаси берган маълумотга кўра, Генетик ахборотнинг оқими генлар экспрессияси деб аталади: у биринчи навбатда генлар транскрипцияси – РНК ҳосил бўлишига олиб келади. Шунингдек, YourGenome.org ахборотига кўра, ген экспрессияси жуда ҳам изчил бошқарувдаги жараён ҳисобланади ва ишлаб чиқарилаётган протеинларнинг миқдорини назорат қилиб туради. Генларнинг муттасил экспрессияси ҳужайрага талабчан бўлади ва шунинг учун у мураккаб ҳужайравий жараёнлар орқали тартибга солиб турилиши лозим.

Америка Медицина Миллий Кутубхонасига кўра, агар ген экспрессияси тартибга солиб турилмаса ва мутация ёки мураккаб ген тартиби жараёнларида ўзгаришлар сабаб юқори даражадаги эскпрессия содир бўлса, бу ҳолат саратон касаллиги келиб чиқишига сабаб бўлади.

Саратонга олиб борадиган ана шундай тартибга солинмаган ген эскпрессиясининг ёрқин намунаси допамин ген ресептори билан юз берадиган ҳолатдир.

Америка Миллий Биотехнологик Ахборотлар Марказининг маълумотларига кўра, DRD деб ҳам аталадиган допамин ресептори аслида протеин ҳисобланади ва допамин гени билан кодланган бўлади. Бешта таркибий қисмларга бўлинади (DRD-1, DRD -2, DRD -3, DRD -4, DRD -5) ва айнан саратон билан оғриган беморларда DRD -2 ва DRD -4 генларининг юқори экспрессияси кузатилади.

DRD -2 ва DRD -4 генларининг юқори экспрессияси саратонга олиб борувчи бир сабаб бўлса, саратон беморларининг касаллиги зўрайишига олиб келувчи иккинчи омил, юқорида таъкидланганидек, стрессдир. Айниқса бундай беморлар стрессга мойил бўладилар. Бунга фақат саратон ҳақидаги ташхис сабабчи эмас, балки касалликнинг оқибатлари – жисмоний ўзгаришлар, тана кўриниши, шифокор ҳузурига узлуксиз ташрифлар ва молиявий юк важ бўлиши мумкин. Стресс даражасини пасайтириш нафақат саратон беморлари учун балки ҳамма учун ҳам жуда муҳим, чунки бунинг салбий оқибатлари ўта аянчлидир.

Стресс энг биринчи таъсир қиладиган нарса бу инсоннинг иммун тизимидир – иммун тизими эса инсон танасининг ички ва ташқи ҳужумларга қарши асосий қуролидир. Юқоридаги тадқиқот натижасида гувоҳ бўлганингиздек, инсоннинг Исломий эътиқоди, давомли равишда Аллоҳни ёдда тутиш, унинг зикрида давомли бўлиш, силаи раҳм қилиш, солиҳ амалларни қилиб қалбда сокинликни ҳис қилиш инсондаги саратон касаллигига сабаб бўладиган генларнинг экспрессиясини паст даражада ушлаб туришга ёрдам беради. Бу эса эътиқоди кучли, иймони саломат бўлган инсоннинг саратон касаллигига чалиниш эҳтимолини бир мунча пасайтиради. Бундан ташқари, динда собит бўлган, Аллоҳ таолонинг қадарини қалбан ҳис қилиб уни ҳаётига тадбиқ қила олган мусулмонларда стресс анча кам бўлади ва бу ҳам ўз навбатида Исломнинг инсон соғлиғи учун нақадар фойдали эканлигини яна бир бор исботлайди.

Илм-фан ва технологиялар ривожланиб боргани сари, Аллоҳ таолонинг инсоният учун қолдирган охирги ҳақ дини – Ислом ва бу ҳақ динда собит бўлиш инсоният учун жисмоний, маънавий, руҳий ва ҳаттоки молиявий наф келтириши, гарчи Ислом бунга мухтож бўлмасада, такрор ва такрор илмий асослаб келинмоқда.

Мадиҳа Садаф илмий мақоласи асосида

Тошкенбой тайёрлади