loader
Foto

Исломий журналистика кодекси

Ислом аҳкомларига мувофиқ тарқатиладиган ахборотларга нисбатан ўрнатилган ахлоқий қоидалар

Ислом аҳкомларига мувофиқ тарқатиладиган ахборотларга нисбатан ўрнатилган ахлоқий қоидалар тўғрисидаги 4/5-инф (COMIAC) - сонли Резолюция

Ахборот тарқатиш ва маданият масалалари бўйича Доимий қўмитанинг (COMIAC) 1996 йил 27 - 28 мартда Дакарда (Сенегал Республикаси) ўтказилган V йиғилиши аъзо давлатлар ўртасида ахборот тарқатиш соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича Ахборот тарқатиш вазирлари I Исломий анжуманининг 1/1-ICIM - сонли резолюциясига, ҳамда шу анжуман мобайнида Ислом аҳкомларига мувофиқ тарқатиладиган ахборотларга нисбатан ўрнатилган ахлоқий қоидаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги 5/1-ICIM - сонли резолюциясига мувофиқ;

аъзо давлатлар Бош котибиятини Ташқи ишлар вазирларининг I анжумани қарорларини татбиқ этиш учун зарур бўлган барча чора-тадбирларни амалга оширишга чақирган Ташқи ишлар вазирларининг 1990 йил 31 июл - 5 августда Қоҳирада (Миср Араб Республикаси) ўтказилган Ташқи ишлар вазирларининг XIX Исломий анжуманининг 51/19-Р - сонли резолюциясига мувофиқ;

Ислом аҳкомларига мувофиқ тарқатиладиган ахборотларга нисбатан ўрнатилган ахлоқий қоидалар лойиҳасини маъқуллаган Ахборот тарқатиш вазирлари II Исломий анжуманининг 2/2-ICIM - сонли резолюциясини, ва Ислом аҳкомларига мувофиқ тарқатиладиган ахборотларга нисбатан ўрнатилган ахлоқий қоидалар тўғрисидаги III Исломий анжуманининг 1/3-ICIM - сонли резолюциясини эътиборга олиб, ҳамда Бош котибнинг II ва III Исломий анжуманлар фаолияти, хусусан Ахборот тарқатиш ва маданият масалалари бўйича Доимий қўмитаси тасдиқлаш учун аҳлоқий қоидалар лойиҳасининг киритиш тўғрисидаги ҳисоботини инобатга олиб;

ўз касбий мажбуриятларини амалга ошираётган журналист ва ахборот тарқатиш хизматлари учун қўлланма ва маълумотнома ҳисобланадиган Ислом аҳкомларига мувофиқ тарқатиладиган ахборотларга нисбатан ўрнатилган ахлоқий қоидалари (мазкур резолюцияга ICIM/WG–FC/1–90/FINAL - сонли ҳужжат билан илова қилинган) қабул қилинди.

Ислом аҳкомларига мувофиқ тарқатиладиган ахборотларга нисбатан ўрнатилган ахлоқий қоидалар



Кириш

Ислом Қуръон, Суннат ва Ислом меросидан олинган қаътий ахборот тарқатиш услубига эга. Ислом таълимоти, шариат ва мусулмонлар ҳаётида маънавиятни мустаҳкамлаш, Аллоҳ ва унинг Расулига (с.а.в.) итоатни кучайтириш, муаян кишилар ва гуруҳлар  тақвосини таъминлаш, куч-қувват ва ривожланишга эришиш учун Ислом давлатларида ахборот тарқатишни режалаштириш, амалга ошириш ва ахборотларга баҳо беришда Исломга таяниши лозим. Зеро Ислом диний эътиқод ва дунёвий хаётни алоҳида ажратмайди. Ислом ўзида сиёсий, ижтимоий ва маънавий тамойилларни қамраб олган, ҳамда ўзига хос Исломий маданий бирлик ташкил этувчи алоҳида яшаш тарзини акс эттирувчи қадриятлар тизимидир. Ислом аҳкомларига мувофиқ тарқатиладиган ахборотлар, бошқа маданий ва ижтимоий институтлар каби, мазкур Исломий маданий бирликка замон ўзгаришларини акс эттирувчи янги куч ва тушунчалар тақдим этади. Ислом давлатларида ахборот тарқатиш фаолияти қуйидагиларга асосланади:

Ислом давлатларида ахборот тарқатиш фаолияти асослари

Биринчидан, ахборот ўз мазмуни бўйича муаян киши ёки гуруҳ манфаатларига хизмат қиладиган яхши сўз бўлиши лозим.

Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир... (“Иброҳим” сураси 24-25 - оятлар).

Иккинчидан, ахборот мусулмонларнинг илм олиш ҳуқуқларидан бири бўлиб, у ташқи назоратдан ҳоли тарзда замонавий миллий ахборот воситалари билан таъминланиши лозим.

Учинчидан, эркинлик олий қадрият бўлиб, у ягона илоҳга ибодатга чақирувчи Ислом ақидаси билан тасдиқланган. Зеро Ислом инсонларга Аллоҳга муҳаббат ва ибодат қилиш тўлиқ эркинлигини тақдим этади, ҳамда Аллоҳдан ўзгага хар қандай хизматни, чунончи хар қандай шаклдаги эксплуататорликни, босқинчиликни ва босиб олишни рад этади.

Тўртинчидан, меҳнат қилиш, ишлаб чиқариш, ижод қилиш Аллоҳга ибодат шакллари ҳисобланади:

У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир (“Мулк” сураси 15 - оят).

Бешинчидан, Ислом давлатларида ахборот тарқариш соҳасининг мутахассиси тизимнинг энг муҳим унсурлардан бири ҳисобланади. Бунда амин  Ислом Пайғамбари (с.а.в.) энг юксак ўрнакдир.

Батаҳқиқ, сизлар учун - Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун - Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди (“Аҳзоб” сураси 21 - оят).

“... Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар... (“Оли Имрон” сураси 159 - оят).

Олтинчидан, ахборот тарқатишдан мақсад халқаро майдонда ягона, мустаҳкам ва дўстона инсоний жамият қуриш йўлида табиий сифатлар, тушуниш ва ҳамкорлик асосида муносабатларни чуқурлаштиришдан иборат.

Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик (“Ҳужурот” сураси 13 - оят).

Ҳамда эркинлик асосида халқлар ўртасида тинчлик, қонунийлик ва адолатни тарғиб қилиш. Зеро Исломнинг бош мақсади тинчликдир.

Ислом аҳкомларига мувофиқ тарқатиладиган ахборотларга нисбатан ўрнатилган ахлоқий қоидалар тамойиллари

Юқорида белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб, Ислом давлатларидаги оммавий ахборот воситалари қуйидаги тамойилларга риоя этиши лозим:

1. Ислом даъвати

Даъват Ислом таълимотининг уч устуни: иймон, шариат ва маънавиятга асосланган бўлиши лозим. Бунда алоҳида эътибор иймоннинг жамият негизини ташкил этувчи шахслар ривожини таъминлашдаги ўрнига, шариатнинг ҳар қандай замон ва маконда ҳаётнинг барча жабҳаларига мисол сифатида қўллаш мумкинлигига, ҳамда маънавиятнинг Расул (с.а.в.) ҳаёт тарзи мисолида инсон фаолиятининг барча жиҳатини тўғрилашдаги аҳаммиятига қаратилиши лозим.

2. Ўзлик ва замонавийлик

Бизни Исломий томирлар, манбалар, қадриятлар ва мерос билан боғлаб турган ўзликка содиқлик; инсон цивилизациясига “очиқ” эшик тутиш, ҳамда ёпиқлик ва изоляциядан воз кечиш учун замонавий ҳаётнинг ҳақиқатларига изчил эътибор; барча миллатлар ўртасида яхши ниятли аълоқаларни мустаҳкамлаш; Ислом Уммати барча халқларни ҳамкорликка, ҳамда Ислом қадриятлари моҳиятига мувофиқ энг олий мавжудот ҳисобланган инсон эркинлиги ва ҳурматини эъзозлашга чақиришини таъкидлаш.

3. Ҳаққонийлик ва холислик

Ҳаққонийлик ва холисликка содиқлик; янги ахборотларнинг омма эътиборига хавола қилишдан олдин ҳақиқатга мувофиқлигини ва уларнинг манбаларини текшириш; ғаразли ва шубҳали маълумотлар ва ёлғон мишмишлар тарқалишига монеълик қилиш.

4. Сўзлашув тили

Диний бағрикенглик ва босиқлик анъаналарига мувофиқ суҳбатларни олийжаноб ёндашув асосида беғараз маслаҳат ва ишончли далиллар воситасида қуриш. Нолойиқ сўз ва иборалар, ирқчилик, маҳаллийчилик ва шу каби фикрларни тарғиб қилувчи фикрларга йўл қўймаслик. Заҳарханда, тухмат, хақоратомуз лақаблар, шахсий таъналар, қоралаш, койиш ва ҳақоратлардан йироқда бўлиш лозим.

5. Исломий якдиллик

Исломий якдиллик, Ислом давлатлари орасида ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик, ҳамда Ислом Умматида биродарлик ҳиссини мустаҳкамлаш, шунингдек Умматнинг замон чақириқларига ягона шаклда жавоб бериши йўлида пайдо бўлган ижобий жиҳатларни инобатга олган ҳолда ахборот тарқариш фаолияти ички ва ташқи йўналишларда амалга оширилиши лозим.

6. Илмга интилиш

Исломнинг саводсизликка қаршилигини тасдиқлаш ва Ислом дунёсида саводсизликни йўқотишда оммавий ахборот воситалар фаоллигини ошириш; Исломнинг илм олишга алоҳида эътибор биришини, халқни илм олиш ва унинг тарқатишга чақиришини, Ислом ҳар замон ва маконда илм ва ибрат қидиришга даъват қилишини таъкидлаш; замонавий воситалар ва ахборот тизимлари асосида илмий изланишлар натижаларидан фойдаланиш.

7. Афсона ва хомҳаёллар билан курашиш

Ислом таълимотига зид бўлган афсона ва хомҳаёллар билан курашиш, оптимизмни ёйиш, ҳаётга очилиш, ҳамда тушкунлик, умидсизлик ва таслим бўлиш ҳиссларига қарши чиқиш.

8. Меҳнатга рағбат

Меҳнатни қадрлашга чақириш, сохта ишончдан, негативизм ва боқимандаликдан воз кечиш, меҳнатни Ислом жамиятининг айрилмас қисми, ривожланиш воситаси сифатида қабул қилиш.

9. Ижод

Ислом Умматининг адабиёт, фан ва бошқа илмлардаги салоҳиятли ижодкор ўғлонларини рағбатлантириш, қобилиятли кишиларни излаб топиш ва уларни ва уларнинг интелектуал ҳаётни бойитишдаги ҳиссасини қўллаб-қувватлаш.

10. Араб тили

Араб давлатларида ахборот тарқатишда адабий араб тилини фаол қўллаш билан Қуръон тили, Китоб ва Суннатнинг муҳим унсури ҳисобланган араб тилига алоҳида эътибор бериш лозим. Бошқа тилларда сўзлашувчиларни араб тилини ўрганишга рағбатлантириш, ва бу хусусда оммавий ахборот воситалари ўрнини ошириш.

11. Оилага ҳурмат

Ижтимоий тизимнинг асосий бирлиги ҳисобланган оилани мустаҳкамлашга қаратилган фаолият олиб бориш. Исломда уларнинг ўрнига мувофиқ алоҳида эътибор фарзандарга, аёлларга ва ёшларга қаратилиши лозим.

12. Ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ёритиш

Ҳар томонлама ривожланиш дастурлари, ҳамда уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий унсурлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши лозим. Улар доимий эътиборда бўлиши, оддий фуқаролар улар ҳақида маълумотга эга бўлиши лозим. Бу ўз навбатида дастурларни амалга оширишда ҳар бир фуқаро ҳиссаси қўшилишини таъминлайди. Жамият эътибори у юзлашаётган асосий масала ва умумий муаммоларга, ҳамда уларни Ислом ахкомларига мувофиқ бартараф этишда ижтимоий маъсулият ва ўзаро ҳамкорлик руҳида иштирок этиш воситаларига қаратилиши лозим.

13. Ислом ва мусулмонлар қиёфаси

Бутун дунёга Ислом ва мусулмонларнинг асл қиёфасини кўрсатиш. Ислом уммати учун долзарб бўлган масалаларга эътибор қаратиш, унинг ғам-ташвишларига ҳамдардликка чақириш. Ислом озчиликлари муаммоларини, уларнинг ҳаётини ёритиш. Ислом цивилизациясини, унинг умуминсоний цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини тарғиб қилиш, ҳамда Умматнинг ҳуқуқ, эркинлик, қадр-қиммат, тенглик ва адолат каби Ислом тамойилар негизида башариятга маънавий ва юксак қадриятлар таклиф қилишдаги чексиз салоҳитини кенг оммага билдириш.

14. Ёлғон интеллектуал майлларга муносабат

Мусулмон жамоатларини Исломий ўзликка қарши қаратилган ички ва ташқи ёлғон “интелектуал” майллардан ҳимоя қилиш бўйича фаолият олиб бориш; Ислом қиёфаси ёки мусулмонлар бирдамлиги ва жипслигини сусайтиришга қаратилган ҳар қандай майлларга қаршилик кўрсатиш, фуқаролар хушёрлигини оширишга кўмаклашиш, ҳамда уларнинг салбий жараёнларга мойиллигини барҳам топтириш; бошқалар фикрини ўзгартириш ва уларга таъсир ўтказишда илмий услублардан фойдаланиш.

15. Реклама назорати

Рекламанинг замонавий ҳаёт ва иқтисодда маҳсулот ва савдо белгиларини тарғиб қилишдаги ўрнига қарамасдан рекламанинг салбий жиҳатларига эътибор бериш лозим. Рекламанинг Ислом маънавияти ва қадриятларига зид бўлмаслигини таъминлаш лозим. Реклама ҳам бошқа ахборотлар жавоб бериши талаб қилинадиган қоида ва меъёрларга мувофиқ бўлиши лозим.

16. Малака ошириш

Соҳада эришилган ютуқларни ўзлаштириш мақсадида турли ҳил ахборот тарқатиш соҳаларида доимий изланиш ва малакани ошириш, ҳамда ўз зиммасига Ислом ахкомларига мувофиқ ахборотларни тарқатиш маъсулиятини қабул қила оладиган ёш мутахассисларни тарбиялаш.

Юқоридаги қоидалар Ислом Конференцияси Ташкилоти (ИКТ) доирасида қабул қилинган.

Матн ўзбек тилига рус тилидан таржима қилинди.

Рус тилидаги мант манбаси: http://info-islam.ru/news_ofocialno/?ID=221&forprint

Абу Муслим таржимаси